Бу баҳор, бу баҳор қайтиб келмайди!

bahorСЎРОҚ

Дилни дилга йўлламай,
Йўлни йўлга уламай.
Ҳеч йўқса, бир гулламай,
Сўлиб кетаверайми?

Танда бор чўғим – шу, деб,
Бандалик чоғим – шу, деб,
Менинг бор-йўғим – шу, деб,
Нолиб кетаверайми?

Кўкламлар нафасида,
Гуллаш арафасида
Тошларнинг орасида
Қолиб кетаверайми?

Қандай кунга кўндим-ай,
Ич-ичимдан синдим-ай.
Ёнингизда индамай
Ўлиб кетаверайми?

Нега жимсиз?!

2004

ЙИГИРМА БИРИНЧИ БАҲОР

Дарахтлар қайтадан уйғониб бўлди,
Бу йилдан қушларнинг умиди катта.
Бугун манов ниҳол тўрт ёшга тўлди,
Гуллаш ярашади унга албатта.

Кўкариш пайида турибди хаслар,
Куртаклар ҳаётга бўй чўзаётир.
Тошлар бағрида ҳам баҳорий ҳислар,
Барчаси мўъжиза, мўъжиза ахир…

Қара, шундоққина ёнингда баҳор,
Осмон гуллаб бўлди, гуллади Замин.
Ҳозир юрагингда қорга нима бор,
Сен қачон гуллайсан, Беҳзод Фазлиддин?!

2004

***

Бундан буёғига бодомлар бедор,
Бундан буёғига бутоқлар бежо.
Балоғат бўйлаган боғларда баҳор,
Бунчалар беқиёс, бунчалар барно!

Кела қол, новдалар қўймасин гуллаб,
Яшнамоқ фаслини ўзинг бошлаб бер.
Қадаминг тафтидан ёнсин ловуллаб,
Интизор йўлларга нигоҳ ташлаб бер.

Бежиз лаб очишга ошиқма бир дам,
Ҳали фурсат бордир хайру хўшларга;
Гулларга сабоқ бер вафо илмидан,
Муҳаббат қўшиғин ўргат қушларга.

Бўйларинг атрига ғунчалар хумор,
Нафасингни сезиб тонглар жилмайди.
Оний табассуминг каби бетакрор –
Бу баҳор, бу баҳор қайтиб келмайди!

Кўзларим қаърига кўмилар олам,
Дилни даста-даста ашъор қилган – Сен.
Сен каби яшнашни билмайди кўклам,
Кел энди, баҳорни баҳор қилган – Сен.

2010

НАШИДА

Ўшанда ҳам навбаҳор эди –
Борлиқ зангор, дунё навқирон.
Куртакларга гапим бор эди,
Юрак тилга кирганда бийрон.

Яна ўрик шохлари сархуш,
Гулоб тутар нимпушти, оппоқ.
Кеча эди эгнида кумуш,
Бугун зумрад тўн киймиш чорбоғ.

Бутоқлардан мўралар умид,
Камол ваъда этар ғунчалар.
Нимагадир бўлгандай шоҳид,
Шаббода бир соҳир куй чалар.

Сочларини сувга таратиб
Ўлтирибди мажнунтол шайдо.
Ўз-ўзидан чирой яратиб
Борган сари табиат зебо.

Кўкда рангин ҳислар жамулжам,
Жилвасидан қамашади кўз.
Пучмоқдаги сўнгги қорни ҳам
Эритади ҳадемай Наврўз!

2010 йил 14 март

***

Баҳор, юр, онамни борайлик йўқлаб,
Ишон, яхши кўриб қоласан уни.
Хушбўйлар сочилган қишлоқни алқа,
Кўзингни ачитмас аёз тутуни.

Йўллар қадамингга муштоқ, мунтазир,
Жилғаларни бунча соғинтирмасанг!
Кўклам, кўкламлигинг нимага арзир,
Кўнгилга илиқлик олиб кирмасанг?

Уйғониш – саодат, тириклик – неъмат,
Ариқлар бошини ялпизга ўра.
Келаси йилгача дийдор ғанимат,
Музтарин момодан бир бор ҳол сўра.

Ёмғирлар ёғиб бер, чанқоғи қонсин,
Томоғи қақраган далалар бўлса.
Варраклар учириб кўзи қувонсин,
Бола бўлолмаган болалар бўлса.

Ўтиб қўй навқирон нигоҳларидан,
Кўнглини чўктирма ўктам оғамнинг.
Барака тўкилсин бармоқларидан,
Қўлини сиқиб қўй деҳқон тоғамнинг.

Қалдирғоч кечикса, уйқуси қочган
Синглимни паришон айлама, Баҳор.
Сен ҳам ҳар меҳмонга бағрини очган
Онажон элимни алдама, Баҳор!

2009 йил 14 март

***

Тўрт девор ораси ҳаёт эканми!
Ёриб чиққинг келар ногоҳ куч топиб,
Ғурбат эшикларин мангуга ёпиб,
Димоғинг чоғ этар Тириклик таъми.

Сен билган дунёга ўхшамас дунё,
Ложувард самода тенгсиз тароват,
Кўклам бўлиб кезар боқий назокат.
Бу кун бор умрингга татийди гўё.

Шу қадар яқиндир висолнинг йўли,
Ҳақиқат рангига уйғундир тушлар,
Лолалар кўзингни ёндира бошлар,
Баҳорнинг оташин нигоҳи бўлиб.

Баҳор бу – юракка қайтиш дегани.

2011 йил 8 март

***

Уйғониш нақадар гўзалдир,
Тириклик лаззати беназир.
Созингнинг умрини узайтир,
Йўлингга ёғдулар мунтазир.

Қучоғин тўлдирмиш боғларга,
Бағритош эмасдир, бағритош.
Бир қара мўйсафид тоғларга,
То ҳануз боладай кўнгли ёш.

Cўқмоқлар абадий саволдир,
Қоялар – буюклик ошиғи.
Саболар ҳаётбахш наводир,
Жилғалар – муҳаббат қўшиғи.

Булутлар бўйнида арғимчоқ,
Турналар алқаган айём бу.
Қўлингдан келади яшамоқ,
Севгидай бебаҳо инъом бу.

Хаёлни қўй, оғир хаёлни,
Ярашмас бемаврид ўртансанг.
О, юрак, билмайсан заволни,
Баҳорга ўхшашни ўргансанг.

2010 йил 17 – 23 март

КЎКТЎЙ

Қалдирғоч ўланлар айтиб қош қоқди,
Кўк тугун кўтариб келмоқда совчи.
Қаҳратон бағрига марварид тақди
Бинафша кўзидан тўкилган томчи.

Куртаклар кўп кутмай гуллаб қўйдилар,
Тошларнинг кўнглини топди майсалар.
Ҳадемай мушк сепар йўлга жийдалар,
Заминга қадалур заррин найзалар.

Тоғларнинг кўксидан сув оқар сизиб,
Адирлар эгнида алвон нимчаси.
Зангори либосда юрибди кезиб
Уйғонган ўлканинг қироличаси

Қаердан шунча кўрк, шунча малоҳат!
Тонг – шабнам қуйилган кумуш пиёла.
Сурмали кўзларда шаффоф балоғат,
Не учун бу қадар қизарар лола?!

Жилғалар бўйига ёйилганда сеп,
Энтиккан хасни-да суяр экансан.
Дугонаси Бахтни олиб келар деб,
Баҳорга ишониб қўяр экансан.

2009 йил, март

***

Ёлғиз гуллаганнинг аҳволи қурсин,
Биров завқ туймаса, дил боғламаса.
Борлиқни тутмаса муҳаббат иси,
Шўх еллар хизматга бел боғламаса…

Менга бу кўкламнинг йўқдир кераги,
Ўзимдан бошқага келтирмаса бахт.
Нечун гупирмайди тоғлар юраги,
Муғанний майсалар нимага карахт?

Ҳали ҳам боғингиз узра баҳорми,
Биз томон муҳаббат йўллаётганлар?
Ёнингизга қаранг, бирор зот борми,
Ростдан бахтлимисиз, гуллаётганлар?!

2010

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 1 356

Один комментарий на “Бу баҳор, бу баҳор қайтиб келмайди!

  1. @Romantik@
    23.05.2014 at 14:54

    Беҳзод ака, ишларингизга омад. Шеърларингизга гап йўқ, чин юракдан чиққан!!!

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *