Чўлпон. Адабий-танқидий мақолалар

Адабиёт надир?

Адабиёт ҳар бир миллатнинг ҳисли кўнгул тарихининг энг қоронғу хоналарида маишат (тирикчилик)нинг кетишига қараб ҳар хил тусда ва рангда етишган, файзли тил бирла тақдир этула олмайдирғон бир гулдир. Ушбу яшадигимиз муҳит доирасинда анинг тўлқуни одамнинг ҳар хил маишатига қараб ўзгарадир.7f1909495ef590046fdc4f001d246606
Ҳар синф, халқнинг ўзига махсус оҳанги, ўзига таъсир қиладурғон зори бўлур. Мана шул муҳит бўшлигинда бўлган қатъий тўлқуннинг бир-бирига бирлашмагидан ҳар одамга ҳар хил шодлиқ ва ё кўб аччиқ таъсир этмагиндан одамнинг кўнглида ўзи билмасдан ўрнашуб қолғон ва ҳар вақт, умрининг охирига қадар сақланатурғон қайғуланмак ва ё кўкрак кериб қўб дам олурдай оҳ урмаклар – ҳамаси кўнгилда ҳар хил рангда, ҳар хил кайфиятда тўлуб ётқон адабиёт хосасиндан саналур. Киши баъзи вақтда шодликдан кулур ва баъзи вақтда кўз ёшин тўкуб йиғлар, оҳ тортар. Одамнинг мундоғ ҳар хил кайфиятга кируб турмоғи ўз ихтиёри ила бўлмай, балки маишати йўлида ҳар вақт учраб турадурғон фалокатнинг анга баъзи вақтда зулм кўрсатмоғи ва баъзи вақтда бир яхшилик кўрсатуб суюндирмоғидин келуб – яхши кўрганда суюниб, ёмонлиқ кўрганда йиғлаб – шундоғ бўлуб икки турли ўзгаруб турар, баъзи вақтда фалак бир одамни қайғуга солар, ул ўзи тушуниб, ўйлаб туруб, оҳ тортуб йиғлар. Бу ҳасратларни ўз ичига сиғдиролмас. Бировга айтса, «Вой бечора» деюрмукин, деб ўз қайғусини бировга айтмакка тилар. Тўп тўғри айтганда у қадар таъсир қилмас. Адабиёт ила айтганда, албатта таъсир қилар. Менинг бир ошнамнинг ўлдиги хабари келар. Мен ҳеч хафаланмайман. Бир вақтда мактуб келар, мактубда аларнинг кўрган кунлари адабиёт ила бундай ёзилур:
Гуллар била пок қайғули маҳзун боқурди
Кўз ёшларимиз тўхтамай тун-кун оқурди.
Мана шуни ўқуб, албатта, бир таъсир ила аларнинг қайғусига қўшулурмиз. Бир бола ухламаса, алла айтарлар. Бола тез ухлаб кетар. Чунки ул андин бир лаззат ҳис қулур. Эски боболарининг бир маъшуқа учун Қошғар тарафларига яёв борганини ва йўлда ўғрилар тарафидан ўлтурулгани ғоят яхши оҳанг билан айтилур. Ул вақтда бола таъсириндан ухлаб кетар. Шунга ўхшаш ўзининг шавкат ва ғайрати ила замонасида бутун дунёни ҳавор ва даҳшатга солғон жаҳонгирларнинг ўтказган кунларин ва даврларин тарихларда кўрса ва эшитса ҳар киши юрагида бир ботирлиқ ва бир фидокорлик ҳис этар ва қаҳрамонона умидларда бўлинур.
Мана шундай қаҳрамонона умид, қаҳрамонона ҳис ва қаҳрамонона ғайрат –барчалари тарихий адабиётнинг натижасидан бошқа нарса эмасдир. Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса – миллат яшар. Адабиёти ўлмағон ва адабиётининг тараққийсига чалишмаган ва адиблар етишдирмағон миллат охири бир кун ҳиссиётдан, ўйдан, фикрдан маҳрум қолуб, секин-секин инқироз бўлур. Муни инкор қилиб бўлмас. Инкор қилғон миллат ўзини инқирозда эканун билдирур.
Биздан бошқа миллатларга кўз солсак, кўрамизки, аларнинг олти ёшдан олтмиш яшар қариларина қадар адабиётдан бир лаззат олуб охир умрига қадар адабиёт ўқуб эшитмакни вазифаи миллиясидан ҳисоб қилур. Мана шунинг учундирки, Оврўпонинг ҳар шаҳар ва қишлоқларида ҳар кун, ҳар ҳафта адабиёт кечалари қилинур, адабиёт ўқилур, нутқ сўйлануб халқ кўб кируб таъсирланурлар. Мана тотор қардошларимиз йилда бир дафъа бўлса ҳам шаҳар ва қишлоқларида «Адабиёт кечалари» қилуб халқға руҳ беруб кўб олқишлар, офаринлар олдигини газеталардан ўқуб турмакдамиз. Бизлар эсак адабиётдан лаззат олмак бир тарафда турсун, ҳатто боболаримиз ва болхоса «Ислом маданияти» замонинда катта рўл ўйнағон ва аларнинг маишатларин кўрсатган таърих умумийларни ўқуб англамоқдин ҳам кўб йироқ турамиз.
Бизни уламо ва эшонларимиз тўн киймакдан, авомларимиз чойхоналарга чиқуб чой ичмакдан ва зиёлиларимиз эса Оврупо кийумликларидан ва қийматлик папирўсларидан лаззат олурларки, «Адабиёт нима?» десанг, жавобида юқорида айтилганча «яъни, масалан»дан бошқа жавоблари йўқдир. Мана шунинг учундирки, кундан-кунга руҳимиз тушуб, келадирғон истиқболимизга умидсиз қараб, бошқа миллатлар каби шод ва умидли яшамаймиз ва бизда шодлик ва руҳ бўлмагани учун бир ишни қиламиз деб энди ўйлаганимизда ўй йўқ – фикрлар чочилуб, ақлларимиз паришон бўлуб кетар.
Адабиёт чин маъноси ила ўлган, сўнган қаралган, ўчган, ярадор кўнгилга руҳ бермак учун, фақат вужудимизга эмас, қонларимизга қадар сингишган қора балчиқларни тозалайдирғон, ўткур юрак кирларини ювадурғон тоза маърифат суви, хиралашган ойналаримизни ёруғ ва равшан қиладирғон, чанг ва тупроғлар тўлган кўзларимизни артуб тозалайдирғон булоқ суви бўлғонликдан бизга ғоят керакдир.
Энди, эй, қардошлар! Адабиёт ўқуйлик. Адиблар етишдирайлук, «адабиёт кечалари» ясайлук. Руҳ, ҳис, туйғу, фикр, онг ва ўй олайлук, билайлук. Агарда «баёз» ва бемаъни бир-икки дона китоблар ила қолсак, маҳву инқирозий бўлурмиз. Юрагимиз кундан-кун тошдан ҳам қаттиғ бўлур. Юракни эритайлук, руҳ берайлук, инқироз бўлмайлук. Меним бу ожизона фикрима қўшилатурғонлар бўлса адабиётнинг фойдаси тўғрусинда «Оина» ва «Садо»ларимизга тарихий ва адабий мақола ва шеърлар ёзсунлар, китоблар тартиб берсунлар. Ҳозирда бизга бирдан-бир лозим бўлғон нарса – адабиёт, адабиёт, адабиёт…

1914
______________________
Адабиёт надир? – «Садои Туркистон» газетасининг 1914 йил 4 июнь сонида босилган.
Ҳавор – асоратга солмоқ, эзмоқ.
Болхоса – хусусан.
Баёз – асримиз бошларида юртимизда кенг тарқалган шеърий мажмуалар назарда тутиляпти. Баёз – бирор шоир томонидан таркиб берилган шеърий тўпламларнинг бир тури. Масалан, «Баёзи Ҳазиний», «Баёзи Камий»…
«Оина ва садоларимизга» – 1913–1917 йиллар орасида Самарқандда жадидларнинг маънавий отаси Маҳмудхўжа Беҳбудий муҳаррирлигида чиқиб турган «Ойна» журнали ва «Садои Туркистон» ҳамда «Садои Фарғона» газеталари назарда тутилмоқда.

Шўролар ҳукумати ва саное нафиса

Саное нафиса деган сўзни онглағувчилар бизнинг орамизда ҳам кўпайиб қолди. Илгари оддий бир томоша (театр)ни ҳам тушунмаган, драм билан кулгуни ажрата олмағон халқ ҳозир саное нафисанинг худди ўзига ҳам тушуниб келадир. Ишнинг ўзи ҳам шундоғ бўлмоғи керак эди; чунки меҳнаткаш, қўли қабарғонлар ҳокимияти бўлғон шўролар тартибининг юзага чиқишига бугун 3 йил бўладир.
3 йилдирки, эзилганлар эзганлар устида, маҳкумлар ҳокимлар тепасида ҳукумат сўралар.
3 йилдирки, ишчи ва деҳқонлар ер юзининг хийла зўр бир бўлимида ўз эгаликларини қуруб, ўзини бўғмоқ учун келган ёвлар билан дам олмасдан ёқалашалар.
Қонлар тўкула, жонлар кета, ўлимлар қайнайдир.
Бу ҳолда гўё ҳеч бир оғиз ёйиб кулишлик мумкин эмас кабидир.
Гўё ҳар нарса ёлғиз мотам, ёлғиз қон, ёлғиз аччиғ ва ғазабдан иборатдир.
Бу ҳолларни биз тарихда ўқуғон бўлсак, ўйлар эдикким, ул даврда қаҳру ғазабдан бошқа нарса бўлмагандир. Ўюн-кулги деган нарсани кишилар унутқонлардир, деб…
Локин бу ўзгариш, бу 3 йилдан бери бўлиб келаётқон талаш, кураш бир тарафда бўлиб ётадир. Қонлар тўкилиб, жонлар бериладир.
Бироқ иккинчи тарафда кулалар, ўйнайлар, шодланалар. Кўнгил очалар, ҳам шундай бир ўйин-кулгиким, тарих мунинг сингарисини сира кўргани йўқ.
Неча минг йиллардан бери бўлуб келган эски дунёни оғдармоқ, янги дунё тузиб, они тамом бошқа бир рангга бўямоқ иши тобширилғон ўзгаришчилар турмушнинг ҳар бир жузъида, ҳар бир бўлагида ҳаракат қилалар. Турмушнинг ҳар ёғин, ҳар тарафини ўзгарталар.
Шул ўзгаришлар ичига ўйин-кулги ҳам кируб қоладир.
Илгари ҳам ўйнаб кулганлар. Бироқ бу кундагидан бошқачароқ бир йўлда. Саное нафиса эски замонда бойлар, подшоҳлар салтанати замонида ҳам бор эди. Бор эдигина эмас, жуда юксалган, авжига чиққон эди.
Яқин замонлардағина туғилғон саное нафисани буржуазия хаёлчилари жуда нозиклашдирганлар, хаёлийлашдирганлар эди.
Бутун умрини ишламай бекор ўтказатурғон бойлар, бойбаччалар, тўра болалари, хон, хонзодалар бекорчиликдан зерикмас учун саное нафисага берилалар; чолғу чалалар, ўйинға тушалар, севги шеърлари тўқийлар, ўқийлар эди. Буларнинг устига, катта шаҳарларда бир эмас, 5—6 бизнинг «Колезей»дай театрлари бўлар, шуларда пул билан, олтун билан санъатни сотуб олуб (яхшироқ тушунингиз: санъатни сотиб олуб!) завқланурлар эди.
Қисқаси саное нафиса эски дунёда бир қисм халқнинг завқи, айш ва ишрати учун ишлайтурғон бир нарса эди.
Унга юрагида, кўнглида бир севги, бир интилув сезиб, берилган қанча паст синф, тубан қисм, эл болалари ўша бой ва бойбаччаларни завқландириш йўлида вақтсиз жон бердилар. Қурбон бўлдилар, жинни бўлғон чолғичилар, варам (сил касали)нинг аччиғ панжасига тушган мумассил артист ва мумассила артисткалар саноғсиздир.
Энди бу ёқға, янги дунёға, меҳнаткаш ва эзилганлар оламига кўз солсак, ўша саное нафиса, ингичка ҳунарни тағин кўрамиз. Бироқ мунда кўбгина бошқалиқ бор.
Театр-томошалар бор, локин улар илгаригидай биргина бой болалари, бойлар ва тўразодаларнинг кайфи, лаззати учун эмас, бутун эл, бутун халқ, ҳамма ишдан бўшағоч кўнгил очмоқчи бўлғонлар учундир.
Саҳна бу дунёда юқори синфларнинг тумтароқли турмушларини кўрсатмайди эмас, кўрсатади, бироқ шул турмушнинг аччиғ ва жирқантиратурғон ҳидини томошачиларға ҳидлатмак учун кўрсатади. Чолғининг қиллари яна боёғидай чертилиб турур, бироқ бойлар кайфи учун ўйнағониға йиғлаб эмас, чарчағон халқнинг кўнглини очқони учун севиниб, эзилган халққа эзилув даврларини эслатмак учун йиғлаб чертилур. Шеър ҳам, ашула, қўшиқлар ҳам ёзилурлар. Бироқ бойларни, уларнинг хаёлий саройларини мақтаб эмас, очиқ, тортинувсиз равишда кўнглидагини айтмак, элнинг ўз турмушини ўзига ингичка қилиб кўрсатмоқ учун ёзилур.
Меҳнаткашлар саное нафисаси кенгдир, мунда буржуазия тақлидчилиги йўқдир; унда ўзидан чиқарув, ўзидан сочув бордир. Унинг йўли кенгдир.
Саное нафиса бу дунё ва шаҳар учунгина эмас, мана шу ер, шўролар идорасининг энг улуғ хосиятидир. Саное нафиса ўзини туғдирувда кўб рўл ўйнайтурғон қишлоқ ва қишлоқ меҳнатчилари учун кўб ишлагусидир. Бироқ бу кунгача тегишинча бўла олмағон экан, бунга 3 йиллиқ турмушнинг талашув, курашув ва ғавғолар ичида ўтуви сабабчидир.
Ҳозир бир Туркистонда, Туркистоннинг Тошканд шаҳридаги ишларни кўз олдига келтирганда ҳам, Шўроларнинг саное нафисага қандай зўр аҳамият билан карағонлиқларини кўрмак мумкиндир. Тузуккина бир труппаси бўлмағон эски Тошканд букун яхши бир яхшиғина икки труппага моликдир. Расмий бир тотор труппа украинали, ёҳудий, озарбайжонлилар ҳам бирар юварак, бирар тўн бўлиндиралар. Мундан сўнг тағинда яхшилантирмоқ учун ҳозиргача баъзи жойларда театр ишларининг бошиға чиқиб кўб ишларга қаршилиқ ва зарар қилиб турғон эски дунё «йўғонлари» билан кураш борадир; шуларнинг натижаси Туркистонда саное нафисани ҳам энг юқори даражага кўтаргусидир. Шўролар ҳукумати, ишчилар эгалиги — саное нафисанинг энг суюкли, муҳтарам бобосидир. Ул бобонинг тарбияси саное нафисани осмонларға чиқарғусидир, бироқ жабр йўли билан эмас, ишқ берилув ва севги йўли биландир.
Шўролар саное нафиса ила Шарқни қул эмас, ҳур қилғусидир.
Шарқ саное нафисаси келгусида Ғарбники билан бир бўлғон ҳолда ўзининг ишчи болаларининг кўнгилларини очуб, руҳларини юксалтирғусидир.

1920
________________
Шўролар ҳукумати ва санои нафиса. – Мақола «Иштирокиюн» газетасининг 1920 йил 7 ноябрь сонида эълон қилинган.
Санои нафиса – нафис санъатлар, санъат.
«Қолизей» – Тошкентда инқилобдан илгари қурилгаи рус театри биноси, кейинроқ Свердлов номли концерт зали.

Марҳум Тавфиқ Фикрат

Усмонли адабиётини оз-моз ўқуганлар, унинг билан бир даража ошно бўлганлардан қайси бириси бу исмни билмайди, қайси бириси муни танимайди.
Усмонлиларнинг «адабиёти жадида» (янги адабиёт)чиларининг пир ва устози бўлган Тавфиқ Фикратбек бутун янги насл туркларнинг юракларина гўзал, нафис ва латиф шеър букетлари қадамишдир. Унинг кенг хаёли равон (тез) ва енгил ифодаси кимни, қайси бир шеър ва адабиёт муҳибини тасҳир этмас? Хусусан унинг «Рубоби шикаста» си (синиқ дутор), ундаги баланд ва латиф йўллар нақадар жозибали ва завқли нарсалардир!
Тавфиқ Фикрат «Рубоби шикаста»си ила қанча танилган бўлса, унинг ила қанча нафосат суювчиларни ўзига мафтун этган бўлса, «Тарихи қадим»и, у даҳшатли фарёди ила одамларнинг қалбинда буюк-буюк ўзгаришлар вужудга келтирмишдир. «Тарихи қадим» «Рубоби шикаста»дай эмасдир: «Рубоби шикаста» дунё кўрмишдир, матбаъда темирлар орасинда қисилмиш, қоғоз бетларинда неча минг нусха босилмишдир. Локин, «Тарихи қадим» махфийдир, қўлдан қўлга кўчирилуб, ёзилуб юргизиладурган нарсадир. У тарихнинг жиноятлари каби сирлидир, ҳар кимга «мана мен!» деб кўруна бермас. Уни босдириш мумкин бўлмади. У олий фикрлар бечора Шарқнинг кўҳна, чирик миясига сиғмади; забун, эзилган шарқлининг кенг қалбинда жой топа олмади; бир вақтлар. Умар Ҳайёмнинг энг аччиғ ва даҳшатли фикрларига майдон берган Шарқ муҳити, асорат ва қуллик остинда шу қадар эзилмишдирки, буни, бу қийматли асарни ўзига сиғдира олмади… Эҳтимол, энди Шарқнинг четлар султонидан қутулуб ҳақиқий инқилобга яқинлашуб келаётган вақтларида буюк шоирнинг улуғ фиклари дунё юзи(ни) кўрса…
Тавфиқ Фикратбек ўзининг бу буюк руҳи ила, у:
Дин шаҳид истар, осмон курбон,
Яна қон, ҳар тарафда қон, қон, қон!
(«Тарихи қадим»)
деган, қонга, зулмга, жиноятга қарши кўпурган жони ила – бу жиноят уяси бўлган «эски дунё»да зўрға-зўрға тоқат қилуб чидаб турди. Охирда, у неча милиўн гуноҳсиз жонларни ютуб, кўб мамлакатларни вайрон қилуб келган «маданият уруши» (Оврупо муҳорабаси)дан сўнг чидай олмади; одамлар у ваҳший «ҳайвон»лар ичиндан чиқди. Истанбулнинг бир чекасида, бир жаъра гўшада 1–2 йил ёлғиз бошига дарвешлардай умр ўтказди. Охирда Оврупо «ўлум машинаси»нинг энг тезлаган ваҳшат оташининг энг қизиғон бир вақтида кетди тинч, роҳат дунёга кетди.
Бу «ваҳшатобод»ни тарк этди.
Энди унинг қабри бутун усмонли ёшларнинг зиёратгоҳидир. Дунёнинг ваҳшатига ўч, лекин ўзи каби дарвешлардан бири, файласуф дўқтур Ризо Тавфиқ унинг қабрини зиёратига боруб қабри устинда айтадир: (босилмаган асарлардан).
ФИКРАТНИНГ ҚАБРИНДА
Дейдиларки, эссиз қолан тирбангда
Ваҳший гуллар очмиш, кўрмая келдим;
У боғ жаннатинг ҳокина банда,
Ҳасрат-ла юзимни сурмая келдим!
Дейдиларки, сенга амал боғлаян
Қабрингда диз чўкуб бир дам оғлаён
Бир мурод ўлурмиш, банда бир замон
Оғлаюб мурода эрмая келдим!
Шу ҳижрон йилининг сўнг баҳоринда
Чолалар титраган чаманзоринда
Кун буғмазди банда мозорингда,
Мотам чечаклари дермая келдим!
Сени онгдим бутун ғам чеканлар-ла
Ишқ ҳақ ўғринда ёш дўканлар-ла
Сориғинча вайрон шу деганлар-ла
Тошингга бир чаланг урмая келдим!
Ёдинг ўлум каби бир сир мубҳам
Нашъа шу долли бу ҳис исм.
Руҳимда на фусун айладинг илҳом
Бу кун сенга кўнгул вермая келдим!
Шундай қилиб, улуғ бир шоир дунёдан кетди. Уни билганлар йиғлаб қолдилар, билмаганлар – яна илгаридай.
Дунёнинг ваҳшатлари бўлса яна ҳамон давом этмакда, мазлумлар инқилобигина ниҳоят бермаса бошқа мажот кўрилмайдир.
Роҳат, масъуд ёт қабрингда эй улуғ пир!..

1920
________________
Марҳум Тавфиқ Фикрат. – «Иштирокиюн» газетасининг 1920 йил 10 январь сонида босилган.
Тавфиқ Фикрат (1867–1915) – турк шоири, журналист. Асарлари 1894 йилдан чоп этила бошлаган. Ўша вақтда адабий марказ вазифасини ўтаган «Сарвати фунун» («Билимлар хазинаси») журнали унинг муҳаррирлигида чиқиб турган. 1908 йил инқилоби Тавфиқ Фикратнинг идеалига мос келмаган, журналистикадан йироқлашган.
«Рубоби шикаста» – шоирнинг 1899 йилда нашр қилинган шеърий тўплами.
«Тарихи қадим» – шоирнинг фалсафий-ижтимоий қарашларини ифодаловчи достони.
Тасҳир – сеҳрламоқ, бўйсундирмоқ.
«Маданият уруши» – биз Биринчи жаҳон уруши деб атайдиган уруш Туркистонда чиққан газеталарда «Европа муҳорабаси» деб юритилган. Чўлпон «маданият уруши» дея урушни қўзғаган «маданиятлилар»га аччиқ киноя қилади.
«Ўлим машинасининг энг тезлаган» вақти – Биринчи жаҳон уруши авж палласига кирган вақт, образли ифода. Тавфиқ Фикрат уруш айни қизиган 1915 йилда вафот этган.

Улуғ ҳиндий

«Шу нарсани юрагим дук-дук уриб туруб ёздим» десам ё ишонасиз, ё ишонмайсиз.
Лекин, юрагим «шамол теккан япроқдай қалтирайдир…» Бир хил завқ –«нашъа» билан қалтирағон юрагим, бутун танимни силкитадир ва қўлим ҳам шу орада енгилгина чайқалиб турадур. «Бу нимадан келди?» десангиз, англатай:
Шу сўзларнинг энг юқорисида «Улуғ ҳиндий» деб қўюбмен-ку, ана ўша улуғ зот, яъни Робиндранат Тагўр деган киши, ёшроқ вақтларида бутун дунёнинг энг баланд тоғларидан бўлган Ҳимолаянинг ҳайбатли ёнбағирларида отаси билан бирга саёҳат қилиб юрган экан. Ўша вақтларда ҳам ниппа-ниназин (яъни балодек) шоир бўлғон бу буюк зот ҳеч нарса ёза олмабдир. Шундай улуғ Ҳимолаянинг кўклар билан ўпишган чўққиларида, тун қоронғисидан ҳам қалин ўрмонлар қўйнида, шундай катта шоир бир оғиз нарса дея олмаса, биргина шеър парчаси ёза олмаса-я? Муни қаранг! Ўз тирикчилигига оид китобида ўзи шундай деб ёзғондан кейин танғирқаб – ҳайрат ёқасини ушлаб қолдим…
Русчага таржума қилиниб, босилғон асарларининг кўпини ўқуб ўтганимдан кейин, шу улуғ ва қийматбаҳо одамни ўз элимга танитмоқчи бўлдим. Шу ният билан қўлимға неча маротаба қалам олғон бўлсам, ҳаммасида ҳам қалтироқ босди, тўхтадим… Фақат, менингча, у қалтироқ босишларнинг ва у юрак қалтирашларининг «сирри» ҳам шу орада билинди, шундайким:
– Ҳинд доҳийсининг Ҳимолая тоғларида ҳеч нарса ёза олмаслиғи у тоғнинг жуда ҳайбатли, азамат ва улуғ бўлуб ақлни шошириб қўйишлиғидан бўлса, менинг у азим зот тўғрисида ҳеч нарса ёза олмай қалтироқланишим ҳам у одамнинг Ҳимолая тоғлари қадар ҳайбатли ва улуғ бўлишидан келган экан!
Эски адабиёт билан янги адабиётнинг ўртасида қолғон шарқли ёш чинакам чучмал бир вазиятдадир. Эски адабиёт бир ширин, янгиси яна ширин, ғарбники тағин – яна ширин. Қайси биттасига кўпроқ берилсин? Бири биридан ширин ахир!
Бизнинг ўзбеклар учун ҳали ҳозирға у хил чучмаллик йўқ. Нимага десангиз, ўзбеклар эскидан – ҳеч сабабсиз – аразлағон, хафа; янгига – эндигина суқулиб кирмоқда. У адабиёт майдонида янгиликка нисбатан: ёш бола гўдак, чақалоқ, эскиликка нисбатан: етим, кимсасиз; беспризорный, ўзбошли! Журъат қилиб: «йўлсиз» деб юборайин деймену, қўрқамен; негаким бошлаб… ўзим йўлсиз!
Ўзимнинг йўлсизлиғимдан бир оз сўзлаб ўтайин: Навоий, Лутфий, Бойқаро, Машраб, Умархон, Фазлий, Фурқат, Муқимийларни ўқиймен: бир хил, бир хил, бир хил!
Кўнгил бошқа нарса – янгилик қидирадир: Боту, Ғайратий, Олтой, Ойбек, Жулқинбойларни ўқиймен, қувонтирадир холос! Улар менинг учун ёнғон чироқлар бўлса ҳам, менинг эртам учун! Авлоний, Тавалло, Сиддиқий, Ҳакимзодаларни ўқумаймен, ўқумаймен, мени шу ҳолға солғон ўшалар!..
Нечун очилдп кўзим. Қайда кетди уйқуларим?..»
Тўқайдан тортиб Қави Нажмигача – татар адабиётини, Ҳодийдан тортиб Жаводга қадар Озарбойжон адабиётини (Ҳусайн Жовидни ажратиб олиб қолдим!), Номиқ Камолдан Али Сайфи (А. Сайфи) га довур усмонли адабиётини ўқуймен: ё – ортиқ янгилик, ғарблиқ, ё ортиқча шарқлилик! Фақат усмонличадан Ризо Тавфиқнинг баъзи бир янги шакл билан эски руҳда айтган суфийларча шеърларини ўқуймен; шуларга дурустгина қонамен; ундан кейин Яҳё Камолнинг «Саъдобод» руҳида баъзи нарсалари. Фақат – улар шу қадар озки… Ана шу вазиятда экан, ҳалиги улуғ зот менга йўлуқди. Шундан кейин чинакам қондим!
Қўлим қалтираса ҳам, юрагим ўйнаса ҳам, қудратим етмаса ҳам ўша «Шарқ ва Ғарб ўртасидаги олтун кўпрук»ни элимга танитмоқчи бўлдим. Мундан ортиқ бир нарса демак, чинакам, қўлимдан келмайдир. Менинг қўлимдан келгани: у муборак одамнинг баъзи бир нарсаларини наср билан русча орқали таржума қилиб бериш бўлди. Шу ҳам – катта гап.
Қўйида унинг «Ўроқ ой» деган асаридан учта шеърнинг таржумаси босилди. У шеърлар тўғрисида фақат шунигина айта оламанким, улар ёш бола, яъни гўдак аҳволи руҳиясини кўрсатишда бир-бирлари билан пойга қўйишадирлар. Шуларни ўқудим, қайтиб-қайтиб ўқудим, ундан кейин Ҳожи Ражабнинг Шукур ва Ҳабиб деган кичкина-кичкина болалари билан гаплашдим ва бирга-бирга… ўюн қилишдим! Шунда билдимким, ўшаларнинг ҳар бири: бир Тагўр, бир улуғ Ҳиндий!

1925
________________
Мақола «Маориф ва ўқитғувчи» журналининг 1925 йил 7–8 қўшма сонида чоп этилган.
Рабиндранат Тагўр – (Рабиндранатҳ Тҳакур – 1861–1941) – машҳур ҳинд адиби. Қатор шеърий ва насрий китоблар, романлар муаллифи. 1913 йилда «Бахшида қўшиқлар» шеърий китоби учун Нобель мукофотига сазовор бўлган.
Ҳимолая тоғи – Ҳиндистон, Хитой, Непал ва Покистон давлатлари ҳудудида жойлашган ер юзидаги энг баланд тоғ тизмалари. Ҳимолая – санскритча «қорлар макони» демакдир.
Умархон – Қўқон хони (1811–1822) Нодирабегимнинг эри, Амирий тахаллуси билан ғазаллар битган, девон тартиб берган. Унинг хонлик даврида Қўқон адабий муҳитида жонланиш сезилади.
Фазлий – Фазлий Намангоний (18 аср охири, 19 аср бошлари), шоир, адабиётшунос. Умархон даврида Қўқон сарой шоирларига бошчилик қилган. Бир гуруҳ муаллифлар иштирокида 1821 йил «Мажмуаи шоирон» тазкирасини тузган. Ўзбек ва тожик тилларида ёзган ғазал, туюқ, мухаммаслари баёз ва мажмуаларда сақланиб қолган.

Тагўр ва тагўршунослик

Тагўрни қандай танийлар

Ҳиндистон ва балки бутун дунёнинг бу кунги улуғ адиб ва шоири бўлғон Рабиндранат Тагўрни маданий оламнинг ҳаммаси танийдир. Маданий оламга нисбатан анча кетда бўлғон бугунги турк-тотор шўро жумҳуриятлари халқлари ҳам уни анчадан бери танийдирлар.
Мундан роса 12 йил бурун (1913 йилда) чиққан «Шўро» мажмуаси дунёда энг ўткур адибга берилатурғон Нўбил мукофотининг ҳиндистонли Тагўр деган кишига берилганини ёзиб чиқади. Мундан 6–7 йил бурун Қозон шаҳрида Шарқнинг улуғ шоирлари тўғрисида бир рисола чиқди, ўша рисолачада – агар янглишмасам – Умар Хайём билан бирга Тагўрдан ҳам гапирилган ва унинг баъзи бир парчалари таржима қилинғон эди. Бокуда чиқатурғон «Маориф ва маданият» мажмуасининг мундан 2 йил бурунги нусхаларида дўқтур Саъдитдин томонидан Тагўрнинг баъзи бир нарсалари сочма йўли билан таржума қилинди ва ўзи тўғрисида бироз маълумот берилди.
Бизнинг ўзбек ўқиғучилари эса мундан бир йилча бурун «Инқилоб» мажмуасининг бир сонида маоли Тагўрдан олинғон «Чироғлар» деган шеърни ўқудилар. Ундан кейин мана бу мажмуанинг ўтган сонида каминани Тагўр тўғрисидаги мулоҳазаси билан бирга унинг болаларга атаб ёзғон шеърларининг сочма таржимасини кўрдилар. Лекин бизнинг ўзбек ўқиғучилари Тагўрнинг кимлигини, зотини ва аслини ҳали била олғонлари йўқ; газета ва мажмуаларнинг ўз сўзи билан айтсак, ўзбек тилида Тагўрнинг «таржумаи ҳоли» чиққани йўқ. Бу сафарги мусоҳабамиз ўша камчиликни тўлдирмоқ ниятида ёзиладир.
Тагўрнинг «таржумаи ҳоли»ни топиш кўп қийин бир иш бўлди. Нимага десангиз, унинг ҳамма асарлари дегундай англизча орқали таржума қилиниб неча маротабадан босилиб турғон ўрус тилида тузук қуруқ бир «таржумаи ҳоли» йўқ.
Ўрусча китобларнинг бозори ҳам жуда қизиқ: бир Тагўрнинг бир асари неча мутаржим томонидан неча хил таржума қилиниб, ҳар ном билан босдирилиб чиқариларди. Чунончи, унинг кичкина адабий ҳикоялари энг аввал ўша ҳикоялардан биттасининг номи билан – «Бахтли кеча» бўлиб чиқди, ундан кейин ҳикоялардан битта-яримтаси туширилиб ўрнига битта-яримта янгиси қўшулди-да, «Янги ҳикоялар» исми билан чиқди, энг охирида яна ўша ҳикояларнинг ўзлари ораларидан биттасиниг бўлакча номи билан – «Ташна тошлар» бўлуб чиқди… Унинг баъзи бир пьесалари ҳам ўрусча китоблар бозорига неча хил кийим кийиб чиқдилар.
Тагўрнинг асарлари устида бўлғон бу ҳангама унинг ўз тўғрисида ёзилғон мулоҳазалар устида ҳам бўлуб келадилар. Чунончи: Францияда Тагўр билан Гандҳини (Ҳинд миллатчиларининг бошлиғи эди, вафот этди) севган бир адиб бор, исми Роман Роллан! Бу киши Тагўр билан Гандҳини парастиш қилар даражада яхши кўрадир. Унинг «Маҳатма Ганди» деган китоби Гандҳи билан бирга Тагўрни ҳам осмонларга кутариб ёзилғон нарсадир. Ана шу одам Тагўрнинг франсузча босдирилғон асарлари учун узунгина бир муқаддима ёзиб берганким, у ҳам бошдан-оёқ мақташ билан тўладир. Ана ўша муқаддимани Тагўрнинг ўрусча ноширлари «афандининг қуши»дай қиладилар. Яъни: биттаси у муқаддимани бутун ҳолида босдирадир, бошқа биттаси унинг бош томонидан бирмунча жойини олиб қўйуб яширадир, яна битта чиқиб ундан ҳам кўпроқ тушуриб қолдирадир-да, бир «чимдим» қилиб босдирадир ва ҳоказо!..
Бу тўғрида яна битта асл (оригинални) мисол келтирай: 92-нчи йилда Московда босилғон қимматбаҳо ва жуда яхши бир китоб бор, исми: «Ҳиндистон истиқлол учун кураш йўлида». У китоб мақолалар мажмуасидай бир нарса булуб Палўвич, Гўрку-Крашин ва Вельтман каби шарқиёт олимлари оралашқонлар. Ўшанда Вельтманнинг «Тагўр ва Ҳиндистон» деган 26 саҳифалик катта бир мақоласи бор. Худди ўша мақоланинг ўзи бош-оёғи бироз қирқилгани ҳолда мундан бир ярим-икки ойлар бурун «Ўттуз кун» (30 дней) деган ойлик бир мажмуада ҳам ўртоғимиз Вельтманнинг имзоси билан «Ҳинд тасвирлари» (Индийские силуэти) сарлавҳаси остида босилиб чиқди. Агар янглишмасам, ўша мазмун ва ўша мавҳум мундан бир йилча бурун «Янги Шарқ» (Новый Восток) мамжуасида ҳам яна ўша имзо билан ўтуб эди.
Узун сўзнинг қисқаси шуким, Тагўрнинг асарлари ва ўзи устида бўлғон шунча ҳангамалар орасида унинг «Таржумаи ҳоли»ни топиш жуда мушкул бўлди. Ҳатто Тагўрнинг ўзи ҳам ўз ҳаётига оид ёзғон «Хотиралар»ида бир адабий ҳикоя бошлағондай силлиқ ва текис бир шеър бошлаб кетадир-да, бизга лозим булғон «таржумаи ҳол» қолаверадир. У «Хотиралар»ни бошдан-оёқ ўқусак, Тагўрнинг болалигидан тортиб сўнгги вақтиғача ўтказган ҳамма саргузаштини биламиз, лекин қайси йил туғулғонини яна билмай қоламиз.
Тагўрнинг «Таржумаи ҳоли»ини тузук-куруқ топиб ёзғон киши ўрусларнинг тил-адабиёт олимларидан Грузинскийдир. Унинг 1918 нчи йилда босилғон асари бор. Тагўрнииг 3–4 асаридан териб олинғоч шеърлар ўша Грузинский томонидан ўрусчага тизма (назм) билан таржума қилиниб босдирилғонлар. Таржума текис англарлик, равон, лекин оҳанги ва қофия-вазн зътибори билан, албатта, аслига тўғри келмайдир; буни мутаржимнинг ўзи ҳам айтиб ўтадир.
Ана ўша асарни, сўнгра Тагўрга оид ўрусчада босилғон бошқа баъзи бир асарларни дастак қилиб туриб бу сафар мен мажмуа ўқиғувчиларига Тагўрнинг «таржимаи ҳол»ини тақдим қилмоқчи бўлдим.

Тагўр кимдир?

1913 нчи йилгача на Оврўпо ва на Русия, дарҳақиқат, Тагўр тўғрисида ҳеч нарса билмайдир, уни тақир ганимайдир. Ҳиндистонни ҳокима ва у ерга «маданият киргизувчи» бўлғон англизлар унинг тўғрисида ҳаммадан кўб ва ҳаммадан бурун, ҳаттоки Ҳиндистон билан баб-баробар билишлари лозим эди. Ҳоланки англизларча «Муҳит ул маориф» (энциклопедия)нинг 1911 нчи йилги босмахонасида ҳам Тагўр тўғрисида ҳеч нарса йўқ. Ўша «зўр» асарнинг «т» бобини бошдан-оёқ қараб чиқинг, Ҳиндистоннинг тил ва адабиёти тўғрисида ёзилғон жуда кўб мақолаларни ўқуб чиқинг яна Тагўр тўғрисида ҳеч нарса топа олмайсиз. Ҳолбуки, Тагўрнинг шеър майдонида ишлай бошлоғонига ўша вақтда 30 йил бўлғон ва у ўз ватанида улуғ шуҳратга эга эди.
Оврупо уни биринчи маротаба 1913 нчи йилда танийдир. У йилда унинг «Гитанжоли» деган муножотлар мажмуасининг англизча таржумаси босилиб чиқадир. У таржимани Яитс номли бир англизнинг ёрдами билан шоирнинг ўзи қилғон. Асарга ҳалиги англиз бир муқаддима ёзиб, шоирни асарини осмонларга кўтарадир ва ҳинд шоири тўғрисида кўпгина маълумот берадир.
Англизча таржумаи ҳол мажмуаларидан биттасининг 1915 нчи йилда берган маълумотиға қарағонда, «Рабиндранат Тагўр» Калкутта дорилфунунининг адабиёт дўқтиридир. 1861 нчи йилнинг 6 майида магариш (аллома) Дибиндранат Тагўрнинг сулбидан дунёға келган Дорканат Тагўр деган шаҳзоданинг набирасидир. 1885 нчи йилда (24 ёшида) уйланган. Бир ўғли ва икки қиз бор. Бангала вилоятида Болпур шаҳрининг яқинида Шанти Некитон деган жойда турадир.
Болалик ва ёшлиги Калкуттада ўтган. 1901 нчи йилда «Шанти некитон»да бир мактаб таъсис қилди, у мактаб ҳозирга қадар унинг ҳаётида катта бир иш бўлуб келадир. 1912 нчи йилда Англияни зиёрат қилди ва «Гитонжоли» китобчаси англиз тилида босилиб чиқди. 1913 нчи йилда Нўбилнинг адабиёт мукофотини олди. Бангала тилида 30 қадар тизма (шеърли) асарлар, 28 та сочма асарлар (ҳикоя, мақола, нутқ ва драмалар) бостириб чиқарди. («Тагўр» – англизча айтилишидир. Асл бангалча ҳиндчаси «к» билан «Такўр»дир. Ч.)
1913 нчи йилда ҳам англизча таржумаи ҳол мажмуаси мундан ортиқ маълумот бермайдир.
Тагўр қадим наслли бир брахман оиласига мансубдир. У оила Калкуттада «Тагўр» номли кўчада 150 йилдан кўпроқ бир замондан бери истиқомат қиладир. Тагўрлар оиласи қадим замонлардан бери Оврупо билан муносабат қилиб, унинг урфонини ўрганиб келган, Рабиндранатнинг катта бобоси Дорканат Англия ва Франсияга бориб, ўша вақтнинг қироллари (Виктория ва Луи Филипплар) билан кўришган. Ўз отаси «аллома» маъносида бўлғон «магариш» лақаби билан лақабланган. Ўзининг таржумаи ҳолини ёзғон ва у асар англизчага таржума қилиниб босдирилғон. Унинг бир биродари шуҳратли рассом бўлиб, ҳунарлари Англиянинг расм кўргазмаларита чиқадир. Яна бир биродари Суриндрама Гун 1875 йилда Калкуттада ҳинд мусиқаси тўғрисида англизча бир китоб босдиртқон.
Тагўрнинг энг катта ва Шарқ руҳи билан Ғарб асосини бирлаштирган асари «Шанти некитон»да очқон мактабидир. У мактаб 1901 нчи йилдан бери давом қиладир ва ўзи ўрмонлар орасида, отасининг ёлғиз қолиб ўйлашни севган жойида очилғондир. Дарахтлар орасига томи майса кўкатлардан ёпилғон олачиқлар (капалар) тикилган, улар – шогирдларнинг ётоқхоналаридир; муаллимларнинг уйлари ҳам ўшанда, шогирдларнинг адади 200 га етадир. Мактаб тамоман ҳинд тарзидадир, ўқитғучи ва ўқиғувчилар – кийим, яшаш, урф-одат ва англаш жиҳатидан асл ҳиндилардир. Дарслар очиқ ҳавода бўладир. У мактабга Англия ҳукумати моддий ёрдам бермакчи бўлғонда Тагўр рад қилғон ва мунинг сабабини шоирнинг ўзи бир зиёратчига тинч бир жилмайиш билан жилмайиб туруб, мана мундай кўрсатган: «Улар менинг болаларимни искамия (курси) ларда ўлтуришқа мажбур қилар эдилар, менинг фикримча улар дарахтлар остида ва бўйралар устида ўлтуруб ўқусалар яна, яхшироқдир». Мактабда шу миллий хусусиятлардан бошқа бу кунги Ғарб мактабларининг меҳнат ва мухторият асоси ҳам татбиқ қилинадир. Чунончи уй ишларининг ҳаммасини – то кир ювишгача болаларнинг ўзлари қиладилар, рўзғор, хўжалик ишларини болалар орасидан сайланғон қўмита бажарадир, мактаб мудирини ҳам муаллимлар ўз ораларидан сайлайлар. Тартиб ва интизомни катталар суди билан кичиклар суди амалга қўядир ва иккаласи ҳам сайланиб қўйиладир.
Тагўрга «ўлим»нинг зарбаси ҳам жуда қаттиғ бўлғон. Шунинг учун унинг асарларида «ўлим» тўғрисиға кўб учратиладир. 1885 нчи йилда биродарининг хотини ўладир; 1902 нчи йилда хотини, ўғли ва қизи ўладир; 1905 йилда кичик ўғли ва отаси ўладир. 1918 да яиа бир қизи ўладир.
Тагўрнинг шеърлари ҳаммаси дегундай куйли, куйлари – халқ куйи. Унинг ҳар бир шеъри ўз куйи билан халқ орасида ўқуладир, у ўз шеърларига куйлар ҳам топадир, нўта ҳам ёзадир. Бу улуғ киши тўғрисида узунроқ ёзишни бирорта жиддий асари ўзбекча чиқар вақтқа қолдириб, бу сафар унинг бир ашуласини тизма йўли билан таржума қилиб берамиз (адабиёт бўлумида).

1925
________________
Тагўр ва тагўршунослик. «Маориф ва ўқитғувчи» журналининг 1925 йил 11–12 қўшма сонида эълон қилингаи.
Гандҳи – Маҳандас Карамчанд (1869 –1948) – Ҳиндистонда миллий озодлик курашининг раҳнамоларидан бири, таниқли мутафаккир. Ҳинд халқи уни «Маҳатма» (буюк қалб) деб атаган.
«Яитс» – инглиз исмининг араб алифбосидаги ёзилишини шартли равишда қолдирилди. Чўлпон назарда тутган кишининг номини топишга муваффақ бўлолмадик.
«Қадим наслли браҳма оиласи» – Ҳиндистондаги табақаланишга кўра браҳманлар олий табақа кишилари саналган бўлиб, улар катта имтиёзларга эга бўлганлар.

Изоҳ: Мақолалар матни www.ziyouz.uz сайтидан олинди ва манба билан қиёсланиб, тақдим этилмоқда.

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 475

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *