Чўлпон ва янги ўзбек шеърияти

(Айрим қайдлар)

…Чўлпоннинг ўз даври адабий муҳитига таъсири шу даражада эдики, ҳатто шоирни аёвсиз танқид қилиш мақсадида қўлига қалам олганлар ҳам бунга кўз юмиб ўта олмай, истаб-истамай оғзидан бол томгандай ёзди: “Бу кунги ўзбек адабий тили, шубҳасиз, Чўлпон тилидир. Бутун адабий ёшлиқ унинг тилини бирор ўрнак танийдир. Унга тақлид қиладир. Чўлпон бунинг билан тақдир этиларлик махтанарликдир”. 20-йилларда Чўлпон ижодини асосан синфийлик нуқтаи назаридан “текширган” танқидчи Олим Шарафиддинов эътирофи ва холис баҳоси эди бу.

Шўро шоирлари Маяковский таъсирида жаҳду жадал билан “янги шеър” яратишга киришган эди. Бу, аввало, бадиий форма – шаклда ўзига хос янгилик қилишга туртки бўлди. Аммо, афсуски, у тизмаларнинг аксарияти замонасозлик, лаббайбозликдан бошқа нарса бўлмай, ўша даврнинг энг яхши шеърлари ҳам бу иллатлардан холи эмас эди. Ижтимоий-сиёсий воқеаларнинг шиддатли оқими, даврнинг янги ритмини оташин шеърларига жо этган Маяковский тажрибалари шу тариқа суиистеъмол қилинди.

Сал аввалроқ миллий истиқлол ва маърифатли миллат орзусидаги Чўлпон ҳам “янги адабиёт” яратиш ишқи билан майдонга чиққан эди; у том маънода “янги шеър” яратибгина қолмай, юз йиллардан бери давом этиб келаётган анъанавий ўзбек шеъриятини янги ўзанга буриб юборди. Чўлпон ўз ижодида ижтимоийликка асосий кучини сафарбар этган бўлса-да, шеърнинг бош мезони бадиийлик эканини унутмади. Унинг асарлари, ғоялари Ойбек, Усмон Носир, кейинчалик Рауф Парфи каби шоирлар авлодини тарбиялади, маълум маънода ўзбек шеъриятининг кейинги йўналишларини белгилаб берди…

Миллат эрки йўлида шаҳид кетган шоирнинг жарангдор овози, оташин сўзлари, ижтимоий-сиёсий ҳаёт кайфияти билан қоришиб кетган лирикаси унинг сафдошлари ва издошлари учун маёқ бўлди. Овози бевақт ўчирилганига қарамай, Чўлпоннинг ижодий умри Ойбек, Усмон Носир, Рауф Парфи каби муносиб издошларида давом этди.

Чўлпон “Адабиёт яшаса – миллат яшар”, дея адабиёт ва жамият муносабатига аниқ, муфассал баҳо бериб, шундай хулосага келади: “Адабиёти ўлмағон ва адабиётининг тараққийсига чалишмаган ва адиблар етишдирмағон миллат охири бир кун ҳиссиётдан, ўйдан, фикрдан маҳрум қолуб, секин-секин инқироз бўлур. Муни инкор қилиб бўлмас. Инкор қилғон миллат ўзини инқирозда эканун билдирур”. Демак, миллат тараққиёти Адабиёт равнақи билан вобаста, нажот – Адабиётда. Бу концепция Чўлпоннинг ҳаётий ва ижодий эътиқодига айланди.

Чўлпон – Ойбек – Усмон Носир – Рауф Парфи. XX аср ўзбек шеъриятида мана шу квартет бир-бирини тўлдирди, руҳий яқинлик касб этди; бу эса адабиётимиз тараққиётида муҳим босқич бўлди. Бу “мен”лар бир-бирига шундай яқин, шу билан бирга, бетакрор эдики, адабиётимизнинг ўтган асри ютуқларини уларсиз тасаввур қилиш мумкин эмас.

Ҳуррият, эрк, озодлик ушбу забардаст ижодкорлар шеъриятида ҳам асосий мотивлардан. Табиат лирикасини ўткир ижтимоий фикр билан уйғунлаштириш маҳорати тўртала ижодкорга ҳам хос хусусият. Юрак (Чўлпонда кўпинча Кўнгил), Япроқ, Булоқ, Қуёш, Ой, Соз… каби образлар силсиласи мазкур шоирлар ижодининг ўзига хос (параллел) жиҳатларидандир.

Шу тахлит Чўлпондаги “соз” шогирдлари ижодида сўзда ҳам, оҳангда ҳам давом этди…

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.