«Мажнун бўлиб элни севамен…»

 Чўлпонона попурриsurat1

***
Мен йўқсил на бўлуб уни суйибмен?!
Унинг-чун ёнибмен, ёниб-куйибмен.
Бошимни зўр ишга бериб қўйибмен,
Мен суйиб…мен суйиб кимни суйибмен?
Мен суйган «суюкли» шунчалар гўзал,
Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!

***
Сўлқиллаб келасан, ўзбегим,
Маърифат отига отланиб,
Бир мири топган боладай –
Оғзингни иржайтиб…. суюниб!
Дунёда ҳамма халқ қизиққан –
Гавҳардек бебаҳо от эдинг.
Ҳуррият бўлганда сен келдинг,
Минайин семирган отга деб,
Оғзингга «маллалар» бир тепди,
«Маърифат ҳаромдур сартга», деб…

***
Нега жимсен, нега жавоб бермайсен,
Нега кўзинг қизаринди, ёшланди?
Нега юзинг сўлган каби юмшарди?
Нега сенда бир талваса бошланди?

***
Муҳаббат осмонида гўзал Чўлпон эдим, дўстлар,
Қуёшнинг нурига тоқат қилолмай ерга ботдим-ку.

***
Кел, қучоқлай, кел қўлингни, бармоғингни бир кўрай,
Кел, кўзингга кўз солай, кел, кўрай, сўнгра ўлай…

Келма, келма, эй пари, сен, танларинг нурдир сенинг,
Танларинг нур, юзларинг нур, тенгларинг ҳурдир сенинг…

Келма-келма… мен фақир… бечора… йўқсил бир киши.
Мен каби йўқсил кишининг ёғдуларда не иши?..

***
Ўйланган ўйларга кўнгил юпанмас,
Кўнгилнинг истаги ўй билан қонмас,
Айтарлар бу тунда ёруғ шам ёнмас,
Чақмаса гугуртни асл ўғиллар….

***
Зулм олдида ҳар бир нарса,
Эҳтимолки, бўйнин эгар.
Агар зулм авжга келса,
Кўк боши-да ерга тегар.

Ҳайвонларға, инсонларға
Золим эга бўлмай қолмас.
Фақат эркин виждонларға
Эга бўлмак мумкин эрмас!.

***
Эй, гўзал Фарғона қонли кўйлагингдан айланай,
Тарқалиб кетган қора, ваҳший сочингга боғланай…

Кенг чўзиқ яйловларинг ёвларга очмиш кўксини,
Бир қора парда босибдир тупроғингнинг устини.

Кўзларинг сўлган, ўлик руҳинг билан боқдинг менга,
Қутулишнинг юлдузу асло кўринмасми сенга?

***
Кулган бошқалардир, йиғлаган менман,
Ўйнаган бошқалар, инграган менман.
Эрк эртакларини эшиткан бошқа,
Қуллик қўшиғини тинглаган менман.

***
Кет, кўзимни алдағувчи хоин нур,
Кет, оловли чизиғимдан нари юр.

Кет, заҳарли қизғалдоқни ирғитма.
Кўнглимдаги сўнг умидни йўқ этма.

Кет, илоҳий виждонимни булғама.
Бутлар билан тегарамни чулғама.

***
Илк эввел гўзими ишқ ила очдим. ,
Ишқинг мейданина қаними сачдим.
Ишқсиз ўлкалерден у энди қочдим…

***
Қучоғингда қалтираймен, титраймен
Ортиқ сендан безди кўнглим оппоқ ой.
Йўлни очсанг, энди бундан кетамен,
Кўклам яқин келган дейлар – бир қарай!

Қучоғингда жуда совуқ, оппоқ ой,
Кўклам келсин, бир севинай, бир ўйнай.

***
Милтираган хира чироқсен, йўқсил,
Ел қаттиқроқ келиб урса ўчарсен.
Ёр алдаган севгучининг руҳидай
Бир лип этиб йўқликларга кўчарсен.

***
Эй! Сен мени ҳақир кўрган, тубан деган афанди!
Эй! Устимда бир умрга хўжа бўлмоқ истаган,
Эй! Бўйнимға кишан солиб, ҳалокатка судраган,
Кўзларингни заҳарлатиб ўйнатмағил, бас энди!

***
Хаёл, хаёл… Ёлғиз хаёл гўзалдир,
Ҳақиқатнинг кўзларидан қўрқамен.

***
Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир.
Халқ исёндир, халқ оловдир, халқ ўчдир…

***
Эй, тоғлари кўкларга салом берган зўр ўлка,
Нега сенинг бошингда қуюқ булут кўланка?
…Кел, мен сенга қисқагина достон ўқий,
Қулоғингга ўтганлардан эртак тўқий.
Кел, кўзингнинг ёшларини сўриб олай,
Кел, ярали танларингни кўриб олай, тўйиб олай…
Эй, ҳар турли қулликларни сиғдирмаган ҳур ўлка,
Нега сенинг бўғизингни бўғиб турар кўланка?

***
Кўнглимда йиғлаган малаклар кимлар?
Шарқнинг оналари, жувонларими?
Қаршимда инграган бу жонлар кимлар?
Қуллар ўлкасининг инсонларими?

***
Гўзал Туркистон, сенга не бўлди?
Саҳар вақтида гулларинг сўлди.
Чаманлар барбод, қушлар ҳам фарёд,
Ҳаммаси маҳзун. Бўлмасми дил шод?

***
Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир.
Халқ исёндир, халқ оловдир, халқ ўчдир…

Бутун кучни халқ ичидан олайлик,
Қучоқ очиб халқ ичига борайлик!

***
Бинафша, нимага бир озроқ очилмай,
Бир эркин кулмасдан узилдинг?
Бинафша, нимага ҳидларинг сочилмай,
Ерларга эгилдинг, чўзилдинг?

***
Кўнгил, сен мунчалар нега
Кишанлар бирла дўстлашдинг?
На фарёдинг, на додинг бор,
Нечун сен мунча сустлашдинг?..

Тириксен, ўлмагансен,
Сен-да одам, сен-да инсонсен;
Кишан кийма,
Бўйин эгма,
Ки, сен ҳам ҳур туғилғонсен!

***
Кўклам ойим йўлға чиққан, кўклам ойим қўзғалған;
Кўк кўйлакнинг битишига унча кўп ҳам қолмаған!

Кўклам билан юртимизга ҳам бир кўкариш келсайди;
Кўнгиллар ҳам ҳаволардек кўклам ҳиди берсайди,
Ҳидларга ҳам ҳаволардек кўклам руҳи кирсайди!..

***
Ёлғиз менми кўклам чоғи йиғлаган?
Ёлғиз менми ҳар умидда алданган?
Ёлғиз менми кўкрагимни тиғлаган?
Ёлғиз менми севинч билан бўлмаган?

Ай кўкламнинг кўз тортгучи келини,
Нима учун йиғлатасан бир мени?..

***
Кишан, гавдамдаги излар букун ҳам биткани йўқдир!
Темир бармоқларингнинг доғи буткул кеткани йўқдир!

На мудҳиш, на совуқ манхус, на қизғанмас қучоғинг бор!
Башар тарихининг ҳар саҳфасида қонли доғинг бор!

***
Узоқ… оғир йўлға чиққан йўлчимен,
Бу йўлларда қилоғузим юлдуздир.
Мен юртимнинг пок истакли кучимен,
У юлдузнинг тугалиши кундуздир.

***
Энди ҳар нафасда яна куямен,
Фақат мажнун бўлиб элни севамен,
Унга ҳурмат билан бўйин эгамен,
Бошимни у учун дорга қўямен!..

***
Муҳит гирдобида бир сомон парча,
Бир похол чўпидек оқиб борамен.
Ҳар амал, ҳар ишни “ҳақ” деб борамен,
Вазминим қолмади бир узуқ қилча…

***
Боқчаларда сўлди гуллар, сўлди гуллар, сезмадим,
Қип-қизариб, ботди кунлар, ботди кунлар, сезмадим.
Қайда қолди қонли кунлар, қонли кунлар, сезмадим.
Сочларинг боғлаб олиб, боғлаб олибдир сезгини!

***
Тилинган тилларга қон югургуси,
Бўшалган инларга жонлар киргуси,
Тиканли боқчалар чечак кўргуси,
Ҳақ йўли, албатта, бир ўтилгуси,
Жандалар танимга теккан кунларда!..

***
Сиз дейсизким, мен кўкларни ўйлаймен,
Ер бетига сира назар солмаймен!
Янглишасиз, мен кўкларга беркинган
Ер қизидан хаёлимни олмаймен…

***
Сочилган сочингдай сочилса сиринг,
Анор юзларингни кимга тутасан?
Ўзинг-ку: «Уларда вафо йўқ!» дединг,
Нимага уларни тағин кутасан?

***
Мен дутор бирлан туғишғон кўҳна бир девонаман,
Ул туғишқоним билан бир ўтда доим ёнаман.

Дилларида ғам тўла бечораларга ёрман,
Вақти хуш, ғам кўрмаганлардан тамом безорман.

***
Шоирлик менда бир соями деймен,
Ҳар бир тушунчамни ёза олмагач,
Рассомдек хаёлни чиза олмагач,
Ҳақир борлиғимга кўп афсус еймен…

Хаёлим юксакдан тушиб кетадир,
Шоирлик чанг бўлиб, учиб кетадир…

***
Ёлғиз бир ўчиб, бир сўниш бордир.
Бир ўчиб, сўниб… яна ёниш бор.
Яна баҳорлар,
Яна лолалар,
Яна сиз, эй… эркин тилаклар!..

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin

Телеграмдаги каналимиз: @/Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 937

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *