Чоршамъ. Абадият қўшиғи: Рауф Парфи ҳақида хотиралар

Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфи ижоди қанчалик сеҳрга бой бўлса, ҳаёти ҳам шунчалик сир-синоатга тўла эди. Шоир Чоршамъ (Рўзиев) устози Рауф Парфи ҳақидаги хотираларидан иборат “Абадият қўшиғи” номли тўплам нашр эттирди. Қуйида ушбу китобдан парча берилмоқда.
Чоршамъ ака Рауф Парфи ҳақида замондошларининг хотира-мақола ва суҳбатларини ҳам сайтимиз учун тақдим этди. Уларни ҳам яқин кунларда сайтимизда ўқишингиз мумкин.

Rauf Parfi Xotira kitob***
Рауф Парфи ҳаётлик пайтларида “тарихимни сиз ўрганишингиз керак” деб менга кўп бора айтар эдилар. Вафотларидан кейин бу ният васиятдай бўлиб қолди. Ўзлари ёзиб қолдирган маълумотлар, Шўралисой ва Водилда олиб борилган суриштирувлардан сўнг қуйидагилар маълум бўлди.
Рауф Парфининг ота авлодлари Фарғонанинг сўлим Водил қишлоғидан. Бу қишлоқ аҳли асосан туркий минг қавмига мансуб бўлиб, бир неча аср аввал Самарқанд ва Бухоро томонлардан кўчиб келганлар. Қўқон хони қишлоқни уларга тортиқ қилган. Шунга асосан шоир туркий минг қавмига мансуб деб айтиш мумкин.
Рауф Парфининг оталари – Парпи Муҳаммад Амин 1884 йил (айрим манбаларда 1894 йил) таваллуд топганлар. Бундай дейишимизга шоирнинг отаси вафот этганда ёзган “Дадам 71 йиллик умр билан ўзининг ҳаётини тамом қилди” деган сўзлари асос бўлади. У киши ўқимишли, зукко, ҳазилкаш, шоиртабиат инсон бўлган. Диний таълимдан ташқари Фарғонада (рус-тузем мактаби бўлса керак) ҳам таҳсил олган. Рус тилини ўрганиб тилмочлик қилган. Асосий касби эса боғбон бўлган. Бу касб отасидан ўтган бўлса керак. Халқ орасида “Муҳаммад Амин Норқучоқ тоғда арчаларга қарар эди” деган гап юради. Водилдаги кўп боғлар Парпи тоға меҳнати туфайли гуллаб-яшнаган. У кишининг бир машҳур гапи бўлган:

Гул очилганда гул Парпи бўламан,
Хазон сочилганда кал Парпи бўламан.

Шунга қиёсан Рауф Парфига шоирлик ота қонидан ўтган кўринади.
Оналари – Сакина Исабек қизи (1913–1995) асли қўқонлик бўлган деган гаплар эшитганман. Оталарини халқ “Исабойвачча” деб атаганига қараганда бой оиладан чиққан кўринадилар. Умрлари давомида пилла боқиш ва тикувчилик билан машғул бўлганлар. Азалдан Қўқон ва Водил ўртасида қариндош-уруғчилик ришталари мустаҳкам боғлангани боис тақдир бу икки инсонни юзлаштирган.
Ўтган асрнинг 20-йиллари охирларида Парпи Муҳаммад Амин ва Сакина Исабек қизи Водилда турмуш қурадилар. Уларнинг хонадонлари қишлоқнинг қоқ марказида – ҳозирги “Чинор таги” боғининг кунчиқар томонида жойлашган. Уйда пастқамгина хоналар, мойжувоз ва турли-туман мевали дарахтлар бўлган. Бир воқеа сабаб янги оила Тошкент томонларга келиб қолган.
Ўша пайтда Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги “Шарқ юлдузи” колхозига Водиллик машҳур раҳбар Ҳамроқул Турсунқулов раис этиб тайинланади. У водийдан кўплаб оилаларни кўчиртириб келади. Улар орасида Рауф Парфининг ота-оналари ҳам бор эди.
Янги жой – Шўралисой қишлоғидаги ҳаёт ёш оила учун анчайин оғир кечган. Ҳатто улар Водилга қайтиб кетмоқчи ҳам бўлишган. Аммо Ҳамроқул Турсунқулов болалик дўсти, моҳир боғбон Парпи Муҳаммад Амин доимо ёнида бўлишини истаган. Ҳатто ҳовлисида сақлаётган қафасдаги бўрига қарашни ҳам унга ишониб топширган. Водилга одам юбортириб дўсти ҳовлисини соттириб юборган ва пулни Парпи тоғага берган. Шу тариқа оила Шўралисойда яшаб қолган.
Тақдир оилага янги синовлар йўллайди. Туғилаётган фарзандлар бирин-кетин ўла бошлайди. Бу орада уруш бошланиб Парпи тоға урушга кетади. Аммо майиб бўлиб қайтиб келади. Шундан кейин туғилган фарзандга ўлиб қолмасин деган ниятда Турсунали деб исм қўядилар. Халқимизда сақланиб келаётган удумга кўра кўп ҳолларда бундай болалар яшаб кетади. Бу гал ҳам шундай бўлади. Ота-онанинг қувончи оламга сиғмайди. Худодан тилаб олган фарзандни кўз қорачиғидай асраб парвариш қила бошлайдилар. Турсуналидан кейин Насиба исмли қиз ҳам туғилади. Аммо у уч ёшга етгач оламдан ўтади. Ота-она бутун меҳрларини ёлғиз фарзандга қаратадилар.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Рауф Парфининг туғилган йиллари хусусида чалкашликлар бор. Биласиз, у пайтлар қишлоқларда туғилганлик ҳақида гувоҳнома олиш яхши йўлга қўйилмаган бўлган. Кўп кишилар кейинчалик мучалига қараб ёки бирор йирик воқеага нисбатан (масалан, “уруш бошланган йили туғилганди”) туғилган йилини аниқлаб ёзганлар. Рауф Парфининг туғилиш саналари 1939, 1940, 1943 йиллар деб кўрсатилади. “Энг узун ёзилган таржимаи ҳолим” шеърининг илк қўлёзмасида шоир “Таваллудим 40” деб ёзган. Тенгдош дўстлари 39-йил туғилганликларини айтишади. Аммо шоирнинг ўзи манбаларда 1943 йил деб ёзган. Бунга маълум асослар бўлган. Шулардан бири 1950 йил шоирнинг Каганович номли тўлиқсиз ўрта мактабнинг биринчи синфига ўқишга борганидир. Ҳар қалай фарзандлари яхши таълим олишини хоҳлаган ота-она у 10 ёшга етгандан кейингина ўқишга беришмаган бўлса керак. Шунга асосан биз ҳам шоир 1943 йил туғилган деган фикрдамиз.
1950 ота-она ўғлига хатна тўйи ҳам қилишади. Кейин Сулаймон пиримга бағишланган кокилини кестириш учун Ўш шаҳрига олиб боришади. Отаси ўғлини мактабдан ташқари таълим олдириш учун қадрдон дўсти, шоир Абдураҳмон Водилий, қримлик фозил кишилар Абдулло оға ва Риза Новрасли тарбиясига топширади. Улар Турсуналига шеър, рус тили ва мусиқа бобида сабоқ берадилар.
Турсуналининг бошида Шоҳимардон пиримга бағишланган иккинчи кокили ҳам бўлган. Бирор истаги амалга ошмайдиган бўлса, қўлига қайчини олиб “Кокилимни кесиб ташлайман” деб ота-онасини қўрқитган (Рауф ака менга “болалигимда жуда эрка бўлганман, катта танаффус пайтида келиб онамни эмиб кетардим” деб кулиб-кулиб айтиб бергандилар). 1952 йил ота-онаси унинг кокилини кестириш учун Шоҳимардонга олиб боришади. Бу орада Водилдан Шўралисойга аммаси Хосиятбиби қизлари Зебинисо ва Тўлинхон билан келишади. Жуда оқила бўлган бу аёл ўзи ижод қилмаса-да, жуда кўп эртак, достонларни ёд билган. Уларни гоҳо сўз, гоҳо шеър билан, гоҳо эса хиргойи қилиб айтган. Турсунали уларни жон қулоғи билан тинглаган ва юрагига жо қилган.
Мактаб кутубхонаси ҳам анча бой бўлиб, унда ўзбек, қозоқ ва рус тилидаги китоблар сақланган. Турсунали ана шу китоблар таъсирида улғайган. 1953 йил 5 март куни Сталиннинг вафот этиши мамлакат учун улкан фожеа бўлган. Шу куни Турсунали қўлига қалам олиб биринчи шеърини ёзган. Кейинчалик шоир бу воқеани шундай эслайди: “Бу шеър тўлиғича ёдимда қолмаган. Ўша пайтлар “дунё” деган сўзни ёқтириб қолган эдим. Тусмолдан айтсам, шеърда шундай сўзлар бор эди:
Иосиф Сталин кетди дунёдан,
Дунёсидан кетди дунё.
Сталин ҳақида минглаб шеърлар ўқигандим, у ҳақда ёзиш осон эди.”
Шу йили колхоз идораси олдидаги очиқ майдонда катта анжуман бўлади. Тошкентдан келган санъаткорлар ва Шўралисой ҳаваскорлар тўгараги иштирокчилари катта концерт қўйишади. Концерт охирида Турсунали Парпиевга навбат берилади. У саҳнага чиқиб баланд овозда устози Абдураҳмон Водилийнинг “Ҳорманглар” номли шеърини ўқийди. Ҳамма қарсак чалиб уни олқишлайди. Турсунали эса бақириб шеър ўқиганидан уялиб, йиғлаб бир чеккада ўтириб қолади. Шунда концерт дастурини олиб бораётган Жўра Қодир исмли киши болани даст кўтариб яна саҳна ўртасига олиб келиб қўяди. Саросимага тушиб қолган бола енги билан кўз ёшини артиб, Сталин вафотига бағишлаб ёзган биринчи шеърини ҳаяжон ичида ўқийди. Ҳамма жим қолади. Ҳеч ким чапак чалмайди. Орага оғир сукунат чўкади. Бу ҳолни англаган,  биринчи қаторда ўтирган Ҳамроқул Турсунқулов “Концерт тамом,  ўртоқлар, яхши дам олинглар, ўртоқлар” деб ўрнидан туриб энгашиб чиқиб кетади.
1954 йил айрим сабабларга кўра оила Янгийўл шаҳри, Пушкин кўчасидаги кичикроқ бир ҳовлига кўчиб ўтади. Бир хонани Турсунали кўтариб келган китоб-дафтарлар эгаллайди. Отаси оғир касалликка чалинади. Икки оёғи ишламай шол бўлиб қолади. Ўнг қўли бармоқлари ҳам ёпилмайди. Уч-тўрт ой шундай ётгач, у кишини Тошкентдаги қайсидир касалхонага, кейин эса Гулистон шаҳрига олиб кетадилар. Шу ерда Парпи Муҳаммад Амин 1955 йил 3 декабр куни вафот этади. Турсунали бир неча қариндошлари билан бориб, отасини юк машинасида олиб келади. Расм-русмларни ўтказиб, майитни Бўзсув бўйидаги қабристонга дафн этадилар.
Бу орада она-бола Янгийўлдаги уйни ижарага бериб, Шўралисойга қайтиб келадилар. Турсунали ўқишини давом эттириш баробарида тинмай шеърлар ёза бошлайди ва уларни “Ленин учқуни”, “Ёш ленинчи” газеталарига юбораверади. Шеърлари чоп этилмаса-да, таҳририятдан тез-тез хатлар олиб туради. У Ризо Новрасли раҳбарлик қилаётган мусиқа тўгарагига ҳам фаол иштирок этади.
1957 йил Шўралисойдаги Молотов номли мактабнинг 8-синфига ўқишга боради. Шу йили “Ленин учқуни” газетасида Ю. Ҳамдам имзоси билан ёш шоир Турсунали Парпиев ҳақида мақола эълон қилинади. Шоирнинг матбуотдаги фаолияти бошланади.
Шу йили шоир ижоди учун жуда зарур бўлган яна бир муҳим воқеа рўй беради. Холаси Хайриниса ая саъйи-ҳаракатлари билан ёш шоир Ҳамроқул Турсунқулов бутун умр фарзандлари учун йиққан жуда бой кутубхонадан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Бу ерда ўзбек тилидаги адабиётлардан ташқари Москва ва Ленинградда чоп этилган рус ва жаҳон адабиётининг нодир асарлари йиғилганди. Биргина “Библиотека поэта” сериясидаги китобларнинг ўзи 200 жилддан зиёд эди. Шоир бу пайтда русча адабиётларни бемалол ўқир, тушунмаган сўзларни устозлардан сўраб билиб олар ёки луғатлардан излаб топарди. Устози Абдураҳмон Водилий уни тобора шеъриятга, араб тили ва адабиётини ўрганишга ҳаваслантиради.
Ота вафотидан кейин оилада иқтисодий аҳвол анча оғирлашади. Она ва бола Янгийўл шаҳридаги ҳовлиларига кўчиб ўтишади. Бу ҳовлида, дарвозадан кирганда чап томонда иккита ва ўнг томонда иккита хона бор эди. Ижарада яшаётган доктор Исмоилов уларга чап томондаги иккита хонани бўшатиб беради. Турсунали шаҳардаги Алишер Навоий номли мактабга ўқишга қатнай бошлайди. Бир муддат кундузи, кейин эса кечки, ишчи ёшлар синфида ўқийди. Кундузи иқтисодни яхшилаш мақсадида 2-босмахонада ишлайди. Бу ерда у кассали ҳарф териш, ленотипда ишлаш, муқовачилик касб-ҳунарларини эгаллайди. Шаҳардаги бош кутубхонага аъзо бўлади.
1959 йил “Янгийўл” газетасида ишлайдиган Ҳасан Али ака ёш шоирни Тошкентга  олиб боради. Бир даста шеърларини қўлтиқлаб олган шоирни у Низомий номидаги педагогика институтининг охирги курсида ўқиётган ва анча таниқли бўлган шоир Хайриддин Салоҳга таништиради. Ўзи юмушлари билан кетади. Хайриддин Салоҳ ёш шоирни бир ҳовлига олиб боради. Бу ерда у Анвар Исроил, Анвар Юсуфий каби шоирлар билан танишади. Юсуф Шомансур, Миразиз Аъзам, Раззоқ Абдурашид каби шоирлар билан дўстлашади. 1960 йил ёш шоир Тошкент Давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий Университетининг) филология факултетига ўқишга киради. Шу билан пойтахтдаги ҳаёти бошланади. Шеърлари тагига даставвал “Т. Парпиев”, “М. Парпиев”, “Турсун Парпий”, “Чақмоқ” каби номларни қўяди. 1964 йилдан бошлаб эса “Рауф Парфи” тахаллусини танлайди.
Тошкентда кечган қирқ беш йиллик ҳаёти давомида шоир кенг ижодий ва ижтимоий фаолият олиб борди.
Абдураҳмон Водилийдан сўнг Асқад Мухтор ва Шукруллони устоз деб билади. Болтиқ бўйи, Озарбайжон, Туркия давлатларида ижодий сафарларда бўлади. “Ўзбекистон халқ шоири” деган юксак унвонга эришади.

ИЛК УЧРАШУВ

1970-йилларнинг охири эди. Ўшанда мен ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультети кечки бўлимида таҳсил олардим. Кундуз кунлари эса Қорақамиш даҳасидаги уй-жойларга коммунал хизмат кўрсатиш идорасида ишлар ва 26-сонли ишчилар ётоқхонасида истиқомат қилардим. Ётоқхонада яхшигина адабий муҳит бор эди. Унда Нусрат Жумаев (Нусрат Карим), Муҳаммад Ҳайдар, Рустам Ғаниев сингари кўплаб шоирлар яшашар, Йўлдош Эшбек, Шукур Қурбон каби шоирлар эса тез-тез меҳмон бўлиб туришарди.
Ётоқхонада “Бугун Рауф Парфи Турсун Алининг квартирасига келармиш” деган хабар тарқалди. Ҳамма қатори мен ҳам беҳад шодландим. Ахир машҳур шоир билан кўришиш ва суҳбатидан баҳраманд  бўлиш имкони туғилган эди-да. Тўғри, бунгача ҳам у кишини Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидаги учрашув ва мушоираларда, университетдаги анжуманларда кўргандим. Аммо яқин бориб сўрашишга журъат қайда дейсиз! Энди эса…
Кечқурун Йўлдош Эшбек, курсдош дўстларим Баҳодир Мурод Али, Ҳакимжон Ўроқов, Эшқўзи Исмоилов билан бирга  шоир Турсун Алининг Чуқурсой яқинидаги ижара уйига бордик. Рауф Парфи мен ўйлагандан кўра  анча содда ва ҳазилкаш инсон эканлар. Тезда суҳбатга киришиб кетдик. Ҳар биримиз ўзимизни таништиргач менга қараб: “Сиз жуда керакли инсон экансиз”, –дедилар.
Мен бу сўзлардан беҳад шодландим. Кеча давомида шоирлар шеърларимиздан, Баҳодир Мурод Али эса янги ёзган ҳикояларидан бирини (адашмасам “Оқтўш”ни) ўқиб бердилар. Рауф ака шеър ва ҳикоянинг ютуқ ва камчиликларини айтиб, биз учун жуда зарур маслаҳатларни бердилар. У кишининг қуйидаги сўзлари ёдимда қолганди: “Кўпроқ миллат, тил,  юрт ҳақида ёзиш керак. Тарихни чуқурроқ ўрганиш, билиш зарур. Бусиз адабиётни яратиб бўлмайди!”

ЧИЛАНГАРЛИК САБАБ

Орадан сал ўтиб шоир Рауф Субҳон :
– Рауф Парфи сочларини олишга боргандим. Сизни сўрадилар. Уйларида кран ишламаётган экан, – деб қолди.
Рауф Парфи билан яна учрашиш имкони туғилганди. Шунда “керакли одам экансиз” деб айтган сўзлари маъносини ҳам тушундим. Назаримда, биринчи учрашувда хизмат борлигини айтишга ийманган бўлсалар керак. Ахир мен чилангар бўлиб ишлардим-да.
Асбоб-анжомларни олиб Рауф Субҳон билан бирга устоз шоирнинг Тошкент трактор заводи яқинидаги уйларига етиб бордик. Бизни Рауф ака илиқ чеҳра билан кутиб олдилар ва баралла:
– Дилором, мана уста келди! –дедилар.
Ичкаридан Рауф аканинг рафиқалари шоира Дилором Исҳоқова чиқиб, биз билан сўрашгач:
– Ҳой, Чоршамъ сизмисиз? Қани, бу ёққа юринг! Хўш, мана бу кран ишламайди, унитазнинг суви тўхтамайди, ванна таги ҳам доимо ҳўл. Бизни қутқаринг!
Мен тезда ишга киришиб кетдим. Хайрлашаётганимизда Рауф ака:
– Чоршамъ, фавқулодда ҳолат юз берса сизни чақирамиз. Келиб бизни халос этасиз, – дедилар.
– Албатта, Рауф ака, – дедим яна учрашишга умид қилиб.
Шу воқеалар сабаб мен шоир ва шоира хонадонларига анча яқинлашиб қолдим. Уларникига борадиган шоиру ёзувчилар, ҳофизу рассомлар билан таниша бошладим. Адабий суҳбатлар, баҳсу-мунозаралардан баҳраманд бўлдим. Рауф Парфи туфайли том маънода ҳаётимда янги давр бошланди. Адабиёт, Миллат, Ватан, Тил, Тарих ҳақида олган билимларим чилпарчин бўлди. Ҳақиқат оламига кираётган соқов, гунг одамдек тасаввур этдим ўзимни. Ёзаётган шеърларим ҳам ўта бўш, ғализ бўлиб туюлди. Ирсий кўникмалар, феълимдаги қусурлар қаршилигига қарамай Рауф Парфини устоз тутиш, у кишининг насиҳат ва маслаҳатларига амал қилишни дилимга тугдим. Чунки руҳимдан келаётган овоз шунга даъват этар эди.

“ОҚ ЙЎЛ ” ЁЗИШЛАРИ

1984 йил бошида “Ёшлик” журналига бир талай шеърларимни олиб боргандим. Бош муҳаррир Эркин Воҳидовга шеърларим маъқул келиб, икки саҳифа қилиб беришларини ва бирор шоир ёки адабиётшунос олимдан “оқ йўл” ёздириб келишимни маслаҳат бердилар. Мен бу хабардан ўзимда йўқ даражада қувондим. Чунки шу пайтгача шеърларим ҳар қаерда чиқиб юрар, лекин бунчалик кенг жой берилмаган эди. Қолаверса,ўша пайтда “оқ йўл” билан шеър чиқиши бу – шоирнинг тан олинишидан ва устоз уни шогирдликка қабул қилганидан дарак берарди.
Рауф ака олдиларига югурдим. Бу хабардан у киши ҳам шод бўлиб, албатта ёзиб беришларини айтдилар. Аммо …ёзиб тугатишлари қийин бўлди.
Журналнинг 7-сони ёпилишига, яъни босмахонага топширишга мўжалланган вақтга оз қолаётганди. Устозга бу ҳақда айтсам  “ёзаяпман, улгурамиз” дердилар. Орадан анча вақт ўтиб, ниҳоят:
– Сизга оқ йўл ёздим. Фақат баъзи жойларини яна бир ўйлаб кўришим керак, эртага кўрсатаман, – дедилар.
Яна қувончим ичимга сиғмай, “Ёшлик” журналидагиларга бу хабарни етказдим. Эртаси кун борсам Рауф ака :
– Ёзган  “оқ йўл”им йўқолиб қолибди. Билмадим, ким олган. Кабинетимдаги столнинг устида турганди. Жуда хижолатдаман. Яна вақт чўзиладиган бўляпти. Балки бошқа бирор кишидан зудлик билан ёздириб оларсиз? – дедилар.
Мен нима дейишимни билмай қолдим. Бошқа бировдан ёздириб олиш хаёлимга ҳам келмаганди. Журнал ходимларига нима дейман? Ана шуни ўйлаб эзила бошладим. Ишхонамда – Ўзбекистон радиосининг бешинчи қаватидаги фойеда хомуш ўтирганимни кўрган ҳамкасб дўстим Ғулом Фатҳиддин:
– Ҳа,Чоршамъ дўстим? Нега кайфиятингиз йўқ, – деб сўради.
Мен бўлган воқеани айтиб бердим. Ғулом мийиғида кулиб:
– Ҳеч ҳам хафа бўлманг. Буни қадимдан “ҳийлаи шаърий” дейдилар. Устоз ўз шогирдини турли йўллар билан синаб кўради. Менимча, Рауф ака сизни синаяптилар. “Қани,  бошқа бировнинг олдига югуриб борадими ёки менга бўлган садоқатини сақлайдими” деган хаёлда шундай йўл тутяптилар, – деди.
– Оқ йўл йўқолибди-ку?!
– Йўқ, менимча, йўқолмаган бўлиши керак. Йўқолган тақдирда ҳам Рауф ака кеча ёзган сўзларини бугуноқ эсдан чиқарадиларми? Керак бўлса, кечагидан ҳам яхши қилиб ёзадилар. Бардам бўлинг!
Мен бир неча кун Рауф аканикига боришга ийманиб юрдим. Кейин эса ҳаммаси Ғуломжон айтгандек бўлиб чиқди. “Оқ йўл” топилди. Рауф ака уни менга бердилар. Ўша пайтдаги ҳолатимни тасвирлаш қийин. Ҳар бир шогирдда ҳам шу ҳол рўй берса керак. Гўё бутун тақдиринг шу бир қоғозда битилгандек туюлади. Бу “оқ йўл” шеърларим билан бирга “Ёшлик” журналининг 7-сонида чоп этилди. Рауф аканинг шеърият ҳақидаги кўплаб фикрлари борлиги учун уни шу ерда келтиряпман.
Чоршамънинг ўз тимсоллари, ўз аслияти ва, муҳими, ўз Сўзи бор. Шеърият унинг тақдирига айланса, бу Сўз ўзлигини намоён қилади. Бу сўз қандай намоён бўлади? Албатта, олдиндан башорат қилиш оғир. Унинг самимияти, юракдаги гапларини борича, яширмасдан ифода қилиши Чоршамъ ҳақида ичкин умидлар уйғотади. Шеърхоннинг унга ишонгиси келади. Шу ишончни Чоршамъ умр бўйи зиммасида олиб юриши зарур. Зеро, бу ишонч замирида Ватан ва Халқ, Ватанпарварлик ва Ватандошлик туйғуси ётади. Бундай юксак сўзларни ҳозир қийналиб ёзмоқдаман; ватанпарварлик, менимча, икки хил кўринишдадир; қоровул ватанпарварлик ва Чин ватанпарварлик. Биринчиси бор нарсаларни аяшда кўринса, иккинчиси ўзликни аямасликда кўринади…
Бугунги ўзбек шеъриятининг ҳаракатида бир қатор узгун ёшларнинг ҳам ҳиссалари бор. Чоршамъ мана шундай шоирлардандир. У ўн йилдан буён шеър ёзади. Бу тийрак, сарин шеърлар ўқувчини ўзича тўлқинлантиради, ҳаяжонлантиради.
Чоршамъ сўзнинг ҳали ҳеч ким айтмаган маъноларини кашф этишга интилмоқда. Дафъатан, хотирангизга айрим сатрлар, парчалар санчилиб қолади:

Мен сени кун бўйи соғиндим жуда,
Соғиндим, тоқатим толиқди тамом.
Ёки:
Армонлар кўзимда сўнади энди
Энди мен кулгумни йиғлай бошлайман.
Оламнинг манзаралар талошини мусаввир каби чизаркан, табиат ва Инсон тийнатининг абадий боғлиқлигини унутмайди. Яхши шеър ҳамиша ҳам таҳлилга бўйсунавермайди. Унга узоқ вақт ўқиш-уқиш билан эришиш лозим. Чунки у сизнинг шеър ҳақидаги тушунчангиз чегарасини бузган бўлади.
Чоршамънинг бир туркум шеърлари ингичка нафосати, ўйчан тахайюли билан ром этади. Сўзнинг таърихини билади, таъмини туяди ёш санъаткор. Бир туркум шеърлари эса ҳали заҳматталаб манзумалардир. Маълумки, илҳом билан ёзилган шеъргина ўқувчи руҳиятига кириб боради, маънавий бойликка айланади…
Мен шеъриятнинг оддий бир ишчиси сифатида Чоршамъга ўзига нисбатан аёвсиз бўлишини тилардим .

Рауф Парфи,
1984 йил.”

(Давоми бор.)

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 518

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *