Дамободлик Дуйшэн

Ўқитувчи-сайёҳ Юнусали Эгамовнинг тоғларга уюштирган саёҳатлари ҳақида эшитганмисиз? Наманганлик бу фидойи устозни вилоятдаги таълим ходимлари яхши танийди. У ҳақда гап кетганда, «Ҳар йили ўқувчилари билан тоққа саёҳатга чиқадиган домлами?» деб сўрашади.
Бизнинг маълумот: Юнусали Эгамов – Чуст туманидаги 31-мактабнинг география ўқитувчиси, Халқ таълими аълочиси, 2003 йили «Энг яхши тўгарак раҳбари» республика танлови ғолиби бўлган, Халқ таълими вазирлиги, вилоят, туман ҳокимликларининг фахрий ёрлиқлари билан мукофотланган, сайёҳ, сураткаш, қисқаси, кўп нарса қўлидан келадиган одам. Келинг, қолган гапларни унинг ўзидан, шогирду ҳамкасбларидан эшитамиз.

Тоғлар – тарбия маскани

– Табиатдаги мўъжизалардан тоғларга меҳрим бўлакча. «Тоғлардан фақат тоғлар гўзал». Висоцкийнинг шеърларида ана шундай сатр бор. Тоғларнинг улуғворлигига ҳавасим келади. Нуҳ алайҳиссалом сув тўфонидан кейин илк қадамини тоққа қўйганлиги ҳақида ўқиган эдим. Ҳар йили ўқувчилар билан тоғ саёҳатида бўламиз. Сайёҳлик ҳам таълим-тарбиянинг ажралмас бир қисми. Айниқса, тоғ сайёҳлиги ўзгача маънога эга.
Тоғлар – улкан билим манбаи, энг улуғ ва покиза тарбия масканидир. Атрофни, юртни қанчалик кўп ўргансанг, саёҳат қилсанг, она Ватанга меҳринг, табиатга муҳаббатинг, ҳурматинг ортади. Шу тоғ саёҳатининг ўзида ҳам ёш авлодга таълим-тарбия берса бўлади. Саёҳатда ана шунга алоҳида эътибор қаратаман.
Бизга маълуми: Юнусали Эгамов бошлиқ ёш сайёҳлардан ташкил топган жамоа ҳар йили Чотқол, Қурама тоғи этакларига биринчи даражали мураккабликдаги кўпкунлик тоғ саёҳатига чиқадилар. Ўқувчилар тоғ саёҳатлари ҳақида кичик рисолалар тайёрлашади. Саёҳат давомида ҳар бир сайёҳ-ўқувчи кўрган-кечирганларини кундалигига ёзиб боради. Хулосалар чиқаради. Улар экспедициядан кейин кичик илмий ишлар билан шуғулланадилар. Илмий ишлар эса реферат, кундалик, ҳисобот ва альбомлар тайёрлаш тарзида бўлади.OLYMPUS DIGITAL CAMERA


– Японияда саёҳатга чиқмаган ўқувчини ўқувчи ҳисоблашмас экан. Бунга ота-оналар ҳам алоҳида эътибор беришаркан. Саёҳат инсонга катта билим беради, ўқувчиларни фикрлашга, ўз фикрини эркин баён қила олишга ўргатади. Энг муҳими, ўқувчи назарий билимларини амалда намоён этади: тепаликларнинг баландликларини ўлчайди, топографик асбоблар билан ишлашни ўрганади… Қисқаси, географик таълим саёҳат орқали мустаҳкамланади. Тоғ саёҳати спорт, ҳордиқ чиқариш, билим олишнинг энг оммавий ва қизиқарли турларидандир. Шундай экан, жойларда болалар туризмини ривожлантириш масаласига кўпроқ эътибор қаратиш керак, деб ўйлайман, – дейди қаҳрамонимиз.

Ҳаёт тасодифларга тўла

– Саёҳат бир қараганда ўйнаб-кулиш, дам олишга ўхшаса-да, у меҳнат машаққатдан иборат, – дейди ёш сайёҳ, мактабдаги илмий жамият аъзоси Жамшид Бектоев. – Сафарда меҳрибон ота-онамиздан узоқда бўлиб, ўзимиз учун ўзимиз ҳаракат қилишимиз керак. Домла эса бизнинг синовлардан қандай ўтишимизни кузатиб боради.
Саёҳатларимизнинг бирида шундай воқеа рўй берган эди. Тоғ тепасига чиққанимизда осмонни булут қоплаб, ёмғир остида қолдик. Арчазор ўрмонлар пастда қолган, бирорта пана жой йўқ. Қуюқ туман ичида боряпмиз… Ҳамма ёғимиз ҳўл, оёқларимиз лойга ботган. Жуда қийналдик. Ҳамроҳларимга қарайман. Ҳеч ким хафа эмас, аксинча, ҳамманинг кайфияти яхши. Кечга яқин кўл бўйига тушиб бориб, гулхан ёқдик. Дам олдик. Кийимларни қуритиб, иссиқ чой ичдик. Табиатнинг бундай «инжиқлик»лари, албатта, иродамизни ҳам синайди.
Саёҳатчи гигиена ва хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиши керак. Энг асосийси, у биринчи тиббий ёрдамни уддалаши лозим.
– Адашмасам, 1993 йили эди, – деб эслайди домла. – Ғовасой водийсида ўқувчилардан бирининг қўлини заҳарли илон чақиб олди. Тезда чора кўрдик. Ўша жой сўриб ташланди. Унга суюқликлар берилди. Халқ табобатида айтилганидек, бақатўн қўйиб боғланди. Ҳа, саёҳат тиббий тарбия ҳам бериб, ўқувчиларда дўстлик, биродарлик туйғуларини мустаҳкамлайди.OLYMPUS DIGITAL CAMERA
Бизга маълуми: Сайёҳлар жамоаси республика миқёсидаги мусобақаларда қатнашганда саёҳат давомида ўрганганлари қўл келди. Ўзаро ҳамжиҳатлик ёш саёҳлар танловида жамоанинг фахрли ўринларни эгаллашига замин яратди. Мана, бир неча йилдирки, домланинг шогирдлари вилоятда олдинги ўринларни қўлдан бермай келмоқда. 2009 йили жамоа Республика ёш саёҳатчилар ва ўлкашунослар маркази ҳамда Ўзбекистон экстремал ва тоғ туризми федерацияси ҳамкорлигида ўтказилган «Май ойи алпиниадаси»да умумий натижаларга кўра фахрли 1-ўринни эгаллади. Алпиниадада ёш алпинистлардан иборат жамоа Катта ва Кичик Чимён чўққиларини забт этиш билан бирга, турли спорт, сайёҳлик мусобақа ва танловларида ўз маҳоратларини намойиш этдилар.

Мактабдаги илмий жамият

– 1986 йили «Ёш ўлкашунослар ва сайёҳлар» тўгарагини ташкил этган эдик. 1993 йили тўгарак илмий жамиятга айлантирилди. Ушбу илмий жамиятимизнинг Низоми, аъзолари учун кўкрак нишони мавжуд. Маънавият ва маърифат, туризм, ўлкашунослик, экология, миллий қадриятлар ва урф-одатлар каби бўлимлари бор.
Мактабимизда ҳар йили 27 сентябр – Халқаро туризм куни муносабати билан турли тадбирлар ўтказиш анъанага айланган. Илмий жамиятимиз аъзолари томонидан бир ой давомида мусобақа ва беллашувлар, семинарлар ташкил этилади. Ниятимиз эса аниқ – ўқувчиларнинг дарсдан кейинги бўш вақтини мазмунли ўтказиш. Ўқувчиларимиз фан олимпиадаларида ҳам фаол иштирок этишади.
Ёшларга энг кўп уқтирадиган гапим: «Мактабда ўзингиздан яхши из қолдиринг». Рост-да, шунча йил ўқиса-ю, изи қолмаса… Илмий жамият эса яхши ном қолдирмоқчи бўлаётган барча ўқувчиларга ёрдам беради.
Ҳали кўрасиз, ўқувчиларимнинг фарзандлари, неваралари келиб, ўз ота-оналари, бобо-бувиларининг ўқувчилик даври ҳақида бизнинг жамиятдан билиб олишади.

Музейимизга келинг

– Мактабда ёш табиатсевар ўғил-қизлар ҳаракати самараси ўлароқ ўлкашунослик музейи ташкил этдик. 1992 йили очилган музей кенгайиб, бойиб бормоқда. Турли археологик топилмалар, ўсимликлар илмий жамият аъзолари ва мактаб ўқувчилари билан бирга йиғилди. Музейни бойитиш мақсадида ўқувчи-ёшлар билан бутун қишлоқни айланиб, уйма-уй юрдик. Кўпгина тарихий буюмларни топдик.
Бир куни ишларимизни ўрганиб чиққан бошқа вилоятлик ҳамкасбим «Ўқувчиларни 8–10 кунлаб саёҳатга олиб чиқар экансиз. Ота-оналарда қандай ишонч ҳосил қилдирдингиз?» деб сўраб қолди. Тўғриси, бу савол менга жуда қаттиқ таъсир қилди. Эҳе, уларнинг ишончини қозониш учун қанча ишлар қилганмиз…
Мен ўқувчига ишончли, содиқ дўст бўлсам, дейман. Бола нимагаки қизиқса, бизнинг илмий жамиятимиздан топса… Хоҳ шеър ёзсин, хоҳ расм чизсин ё спортга қизиқсин – барчаси учун илмий жамиятимизда ўрин бор.

Саксон ёшда ҳам югураман!

– Осон ишни ёмон кўраман. Чунки унинг қизиғи йўқ. Кўпчилик, ҳатто фарзандларим ҳам: «Бунча ўзингизни қийнамасангиз?» деб айтади. Бундай гапларга парво қилмайман. Меҳнат қилган одам кам бўлмайди. Аслини олганда, ўқитувчиликнинг ўзи масъулиятли, машаққатли касб. Демакки, у мен ёқтирмаган осон ишлардан эмас. Ҳамиша қандайдир фойдали иш билан банд бўлгим келади. Кейин афсусланиб қолишни истамайман.sayyoh domla
Тўғриси, ўз ишларимдан қониқмайман. Ўқишга ҳам еттинчи уринишда кирганман. Аламига имтиёзли диплом билан битирдим.
Насиб қилса, амалга оширадиган ишларим кўп. Бунинг учун жисмонан бақувват бўлиш ҳам керак. Ҳар куни югуришни одатга айлантирганман. Спорт билан мунтазам шуғулланаман. Худо умр берса, саксон ёшда ҳам югураман.
Бизнинг изоҳ: Юнусали домлани ҳамиша қандайдир иш билан банд ҳолда кўрасиз. Кўп дарсларини табиат қўйнида ўтади. Қишлоқ стадиони ҳам домла ва ёш табиатшунослар хизмати билан яна ям-яшил, обод жойга айланаяпти.
– Чингиз Айтматовнинг “Биринчи муаллим”идаги Дуйшэн юрагимдан жой олган. Ҳар қадамда, ҳар ишда унга ўхшагим келади. Дуйшэннинг фидойилигини жуда қадрлайман, мен ҳам у сингари бўлолсам…
Менга “Нега шаҳарга бориб лицей ёки олий ўқув юртларида дарс бермайсиз?” деб кўп айтишади. Йўқ, аввало, кўз очиб кўрганим мана шу қишлоқ фарзандларига боримни бериб олай. Кейин бир гап бўлар. Дамободдан ҳам Дуйшэн сингари фидойи инсонлар чиқишини хоҳлайман.
– Юнусали ака, ҳақиқатан ҳам, фидойи ўқитувчи, – дейди унинг ҳамкасби Салавот Маҳмудов. – Ҳаттоки, оладиган маошини ҳам кўпинча ўқувчилари учун сарфлайди. Қўлига пул тушса бўлди – саёҳат учун керакли анжомлар ё ўзи ташкил этган илмий жамиятга жиҳозлар олади. Сайёҳлик, унинг аҳамияти ҳақида ўндан ортиқ қўлланмалари бор. «Моддий маблағим кўп бўлганда, Кусто командасидан-да қолишмайдиган ишларни амалга оширардим. Тоғ саргузаштлари ҳақида кўп қисмли фильмлар яратардим», деб айтади домланинг ўзи. Фикримча, бу иш унинг қўлидан келади.
Дарвоқе, домла ўзи айтгандай тоғ саргузаштлари ҳақидаги фильмнинг бошланғич қисмини яратди. Яна бир хушхабар. Вилоят ХТБ томонидан Чуст туманидаги гўзал, баҳаво Ғовасой водийсида Юнусали домла ва шогирдарига сайёҳлик маркази учун бино ажратиб берилди. Энди ишлар янада самарали бўлишига имкон етарли.

Хулосамиз: Замон талабларига мос география ўқув хонаси, геграфия майдончаси, ўлкашунослик музейи, илмий кутубхона, геграфия-ўлкашунослик зали – бари домланинг тинимсиз меҳнати самарасидир. Фидойи муаллимнинг орзулари кўп. Илмий жамиятнинг газетасини нашр қилиш, радиожурнал ташкил этиш, олий ўқув юртлари билан мунтазам алоқа ўрнатиш, чет эллик сайёҳлар билан тажрибалар алмашиш, Ўзбекистондаги барча тоғларга саёҳат қилиш нияти бор. Ўйлаймизки, булар орзулигича қолиб кетмайди.

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Мақола «Маърифат» ( 2004 йил 16 октябр) ҳамда «Ҳуррият» (2010 йил 10 ноябр) газеталарида чоп этилган.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin

Телеграмдаги каналимиз: @/Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 875

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *