Даврнинг донгдор овози

Ғафур Ғулом поэтик меросини кўздан кечирар эканмиз, инсон табиатининг турфа товланишлари, замон тизгинидаги руҳий олам эврилишларининг аллома шоиргагина хос бадиий ифодасини кўрамиз. Шоир лирик қаҳрамони гоҳ оташин тарғиботчи, гоҳ ўз-ўзини тафтиш қилиб, бутун дунёни сўроққа тутаётган муросасиз инсон, бир содда ва жайдари, бирда кўпни кўрган донишманд шахс… қиёфасида бўй кўрсатади. Аммо уларнинг барини муштарак жиҳат – давр оҳангига жўровозлик бирлаштириб туради. Негаки, Ғафур Ғулом шеърияти бус-бутунича – бор фазилату нуқсонлари билан даврнинг бадиий тилга кўчган овозидир.
Ғафур Ғулом 20-йилларнинг иккинчи ярмида адабиёт майдонига турмушнинг аччиқ-чучугини тотишга улгурган, ҳаёт ҳақида ўз қарашларига эга мустақил фикр эгаси сифатида кириб келган эди.

G'afur G'ulom va Nozim Hikmat1

Ғафур Ғулом ва Нозим Ҳикмат

Шоир матбуотда босилган дастлабки шеъри орқали ўз ҳаётий ва ижодий дастуридан огоҳ этгандай бўлади. “Гўзаллик нимада…” деб номланган ушбу шеърда муаллиф гўзаллик тушунчасини замон кўзойнаги ёрдамида англаш ва англатишга уриниб, уни ижтимоий ҳаёт бағридан қидиради; шеърда “халқ манфаати йўлидаги меҳнат ҳамиша гўзалдир, санъат – фақат халқ учун” мазмунидаги фикр устуворлик қилади. Маълумки, ўша йиллари ҳукмронлик қилган тузум шиори худди шу фикрга уйқаш бўлиб, демак, ёш шоир илк ижоди биланоқ мавжуд мафкура йўриғига мослашаётган эди. Йўқ, шоир “гўзаллик кўзларда”, “соз каби сўзларда” эканини ҳам мутлақ инкор этмаган бўлиши керак, албатта. Бироқ аввалбошданоқ у чинакам шоир, биринчи навбатда, ўз даврининг чолғучиси эканини тушуниб етган, тўғрироғи, муҳитнинг ўзи уни шу хулосага тайёрлаган эди. Кейинги асарларининг гувоҳлик беришича, у Чўлпон бир умр талпинган “ойдан-да, кундан-да гўзал” идеални ўз давридан топа олди.
Бу ўринда бошқа жиҳатга диққатни жалб этмоқчимиз. Эътибор берайлик, шеърда лирик қаҳрамон – шоир эстетиканинг асосий категорияларидан бири гўзаллик ҳақида фикр билдираётир. Маълум қолиплар доирасида бўлса-да, мулоҳаза юритиб, гўзалликнинг асл моҳиятини англашга уринмоқда:
Гўзаллик – ишлайиш,
манглайни терлатиш,
гўзалдир унган иш,
Мақтанса ярашар!
Аён бўлмоқдаки, шоир ижодининг илк босқичларидаёқ фалсафий мулоҳазакорликка мойиллигини намоён этиб, ўз “гўзаллик” фалсафаси ҳақида тасаввур уйғотган эди.
Ғафур Ғулом шеърий меросини давр ва мавзу нуқтаи назаридан шартли равишда қуйидагича таснифлаш мумкин:
– декламация, тарғибот-ташвиқот руҳидаги дастлабки ижод намуналари;
– хийла пишиқ ва такомиллашган “маяковскийча” шеърлар;
– уруш даврида яратилган шеърий асарлар;
– урушдан кейинги, янги ҳаёт ва меҳнат таъриф-тавсиф этилган шеърлар;
– болаларга бағишланган шеърлар.
Шоирнинг илк ижод намуналари – шиорсифат шеърларининг бадиий савияси ҳаминқадар эди, албатта. Бу асарларида Ҳамзанинг инқилобий, кўпроқ омма учун мўлжалланган манзумалари таъсири сезилади. Кейинроқ Маяковский этагидан маҳкам тутган шоир асосий эътиборини мазмунга мувофиқ янги шаклга қаратди. Ўз эътирофича, совет давлатининг биринчи рақамли шоиридан “сиёсий ўткирликни, унинг ритмидаги мардона ораторлик кучини, интонациясини, истиораларнинг дадиллигини, муболағаларнинг тўлалигини” ўрганиб, ўзлаштирди. Партия миллионлаб кишилар тушунадиган оммавий шеърият яратишни талаб этиб турган паллада шоирнинг маяковскийча шеърий наъралари кўп жиҳатдан ўзини оқлади.
Ғафур Ғулом ижодининг барқ уриб гуллаб-яшнаши уруш даврига тўғри келди. Уруш йилларида шоир ижодининг лейтмотивини фашист босқинчиларига қарши курашаётган халқ руҳини кўтариш, ғалабага бўлган ишончини мустаҳкамлашга йўналтирди. “Кузатиш”, “Мен яҳудий”, “Сен етим эмассан”, “Соғиниш”, “Бизнинг кўчада ҳам байрам бўлажак” каби шеърлари, ўткир бадиий-публицистик асарлари билан халқни ғалабага руҳлантирди. Булар – Ғафур Ғуломнинг уруш даври ижодидаги ташқи хусусиятлар. Энг асосийси, айнан шу даврда шоир лирик қаҳрамони асл “мен” билан топишди. Аниқроқ айтганда, замона зайлига кўниб энг соф туйғуларини жиловлаб турган шоир – лирик “мен” ҳимоя ниқобларини ечиб ташлади. Эндиги шеърларда тузумнинг “порлоқ” ғояларини жўшиб-тошиб куйлаётган жарчи-лаббайчи ўрнини бедор дунё тақдиридан изтиробга тўлиб баҳс юритаётган, жабрдийда эллар тимсолида бутун башариятга ёруғ қисмат соғиниб ўртанаётган дардчил Инсон эгаллади. Лирасини қуролга, шеърларини солдатга айлантирган шоир кўпинча маддоҳлик йўлидан бораётгандек туюлса-да, энг замонасоз шеърини ҳам ўз халқи, жамики инсониятга чексиз муҳаббати билан нурлантириб юборди.
Ҳар ишда бир ҳикмат бор, дегани бежиз эмас. Миллионларнинг ёстиғини қуритган уруш, аслида, фоний дунё орзулари йўлида қирпичоқ бўлаётган одамзотнинг тафаккур кўзларини каттароқ очиб қўйди. Оёқ-қўли чандиб ташланган шеърият ҳам шу баҳона асл мақсади томон юзлангандек бўлди. Эътибор берилса, уруш йиллари ўзбек шеъриятида фақат Ғафур Ғулом эмас, унга сафдош шоирлар ижодида ҳам юксак инсонпарварлик руҳи билан йўғрилган сара асарлар яратилди, лирик қаҳрамон руҳий олами бойиб, асл ўзанига қайта борди. Шу тариқа кечагина трактор тириллаши эшитилиб турадиган шеъриятда мураккаб дунё зиддиятлари, замон эврилишлари, муқаддас қадриятлар хусусида баҳс этаётган, умр моҳияти ҳақида мулоҳаза юритаётган – фикрлаётган Инсон образи бўй кўрсата бошлади. Бунда Ғафур Ғуломнинг юқорида зикр этилган лирик дурдоналари алоҳида ўрин тутди. Айниқса, шоир ижодидаги халқчиллик яратган образларидагина эмас, дардига мос, мақбул тушган халқона ифода усулида ҳам аниқ намоён бўлди. Янги ўзбек адабиётида халқ руҳига шу қадар яқин келган ижодкорни топиш қийин бўлса керак. Энг муҳими, шоир ўз халқи тақдирини дунё тақдири билан баҳамжиҳатликда кўради. Бу шеърлар ҳамон эскирмай, дилларни ҳаяжонга солиб келаётганининг бош сабаби ҳам уларда юксак инсоний дард тараннуми, шу билан бирга, ҳаёт фалсафасининг ўзига хос бадиий чизгилари акс этганидир.
Бир қарашда жангга кетган ўғлини соғиниш асносида юрак розини айтаётган ота – лирик қаҳрамоннинг мана бу сўзлари шунчаки соғинч битиклари эмас, албатта:
Узилган бир киприк абад йўқолмас,
Шунчалар мустаҳкам хонаи хуршид.
Бугун сабза бўлди қишдаги нафас,
Ҳозир қонда кезар эртаги умид.
(“Соғиниш”.)
Юқоридаги сатрлар ота қиёфасидаги донишманд инсоннинг умр мазмуни, ҳаёт бардавомлиги ҳақидаги оҳорли мулоҳазаларидир.
Шоирнинг урушдан кейин ёзилган шеърларида ҳам бир муддат ана шу тиниқ ҳассос руҳ сақланиб турди, ҳатто “Вақт” шеъри мисолида янада тетиклашди. Лекин урушдан кейинги, янги ҳаёт ва меҳнат таъриф-тавсиф этилган шеърларида биз юқорида айтиб ўтган лирик қаҳрамон “йўқолиб” қолгандек таассурот уйғотади. Энди унинг ўрнини янги ҳаётга мослашган, кундалик ташвишларга ўралашиб бораётган бошқа “қаҳрамон” эгаллайди. Эсингизда бўлса, бу “янги қаҳрамон”нинг деярли эгизагини шоирнинг 30-йиллардаги ижод намуналарида ҳам учратган эдик.
Албатта, фалсафийлик – Ғафур Ғулом лирикасининг ўзак қисми. Шарқ мумтоз адабиётидан озиқланиб суяги қотган шоир Саъдий, Ҳофиз, Навоий, Хайём, Бедил ижодини пухта ўзлаштирган, буюк мутафаккирларнинг теран фалсафий мулоҳазаларини ўз шеърлари умумий руҳига сингдириб юборган эди. Аммо айнан интеллектуаллик тушунчасини Ғафур Ғулом шеъриятига нисбатан шартли равишда татбиқ қилиш мумкин. Яъники, шоир шеърларида интеллектуаллик синкретик ҳолда учрайди.
Аслида, ҳар қандай муҳим фалсафий фикр қатида маълум даражада интеллект туради. Образли қилиб айтганда, шоир анвойи фалсафий фикрлар гулдастасини интеллект гулқоғозига ўраб тақдим этади. Интеллектуаллик – жаҳон халқлари тарихи ва маданиятини чуқур билиш, замонавий фаннинг барча асосий йўналишларидан хабардор бўлиш, воқеа ҳодисалардан умумлашма хулосалар чиқариш дегани ҳамдир. Бу жиҳатлар Ғафур Ғулом лирикасида ўзига хос йўсинда намоён бўлади. Мақсуд Шайхзода таъбири билан айтганда, Ғафур Ғулом “жаҳонни қалби билан ҳис этиб, тарих томиридаги қоннинг тепишини (набзини) бехато сезиб туради”.
Публицистик руҳ лирик кечинма билан қоришиб кетган “Турксиб йўлларида” шеърида ҳам шоир фалсафий-интеллектуал оламининг манзаралари кўзга ташланади. Шеърнинг дастлабки сатридаёқ шоир ўқувчини муҳим бир хулосага тайёрлаётганини сезиш қийин эмас: “Бу йўллар кўп қадим йўллардир…” Шеърхон сатрлар силсиласи аро мозий сари, инсоният тарихининг шоир наздидаги қоп-қора саҳифаларига бўйлайди. Унда “жаҳоннинг фотиҳи Искандар”дан тортиб “қотил Чингиз”, Темур каби жаҳонгирлар наъраси, кишанлар қўшиғига маст ўлароқ кетиб бораётган қуллар ва туллар, очлигу зорликдан лаби гезарган маҳкумлар фарёди қулоққа чалингандек бўлади. Шеър шу руҳда – бут ва тасбеҳ юклаган карвонлар, “ҳар тонгда бир донг деб бонг урган довуллар” – бутун инсоният тарихига доир энг муҳим эпизодларни келтириш билан давом этади. Йўқ, шоир тарихга шунчаки экскурс қилмоқчи эмас; уста шоир маҳорат билан тарихий картиналар галереясини ўқувчи кўз олдида гавдалантиради, мантиқ йўлаклари орқали мозийнинг шоҳкўчаларига олиб чиқиб, тарихни ҳам жиловлашга қодир “гигант замонаси”ни олқишлайди:
Биз
шу йўллар тизгинин қўлга олароқ…
Ер куррасин бошин танғидик
Ва тарихнинг томирларига қуйдик
эриган темир.
Шеър янгича ифода услуби билан ҳам аҳамиятлидир. Ўз ўрнида замонасозлик руҳидаги бу асар муаллифнинг давр мафкураси таъсиридаги янглиш қараши маҳсули эканини қайд этиб ўтиш жоиз.
Шоир шеърларида, асосан, муқояса ёки қарши қўйиш ва умумлаштиришдан фойдаланади. Аксарият ҳолда кеча ва бугунни қарши қўйиб, ўтмишни қора бўёқларда кўрсатиш йўли билан ўз замонасини улуғлайди. Тарих ва яшаётган замонини ўзаро қиёслаб, умумлашма хулосалар чиқариш Ғафур Ғулом шеърларининг асосий белгиларидандир. Буни шоирнинг ўзи шундай эътироф этганди:
Ёзажак шеъримга бўлсин деб асос,
Кечмишни ҳозирга айладим қиёс.
У тарих фожиаларини ёдга олганда қаҳр-ғазабини аямай сочади, давр зиддиятлари, кескин курашларга муносабат билдирганида жанговар ҳолатга киради, оддий халқ ҳаёти ҳақида меҳр-муҳаббат, самимият билан қалам тебратади. Шу жиҳатдан шоир услуби бўйича тадқиқот қилган Салоҳиддин Мамажоновнинг ушбу фикрларини келтириш ўринли: “Кўтаринкилик, эҳтирослилик, қаҳрамонона руҳ, ҳаётбахш патетика, контрастлилик ва оптимизм, нотиқлик, жанговар публицистик ва чуқур фалсафий йўналиш, воқеликни идрок этиш ва баҳолашда кенг кўламлилик Ғафур Ғулом услубига хосдир” .
Шоир шеърларида шаклга уйғун равишда мазмун ҳам товланиб, тусланиб туради. Буқаламун замон нағмаларидан нусха олиб шоирнинг сўзи – ўзи кўп бор турланишга мажбур бўлди. Буларнинг бари давр ҳаёти, ўзгаришларнинг халқ руҳиятидаги акси эди, аслида.
Маълумки, Ғафур Ғулом интеллектуал салоҳияти юксак, ўзбек миллий ва дунё халқлари адабиётини анча яхши билган закий файласуф шоир эди. Бу шоирнинг шоҳ шеърий асари – “Вақт” шеърида ҳам яққол кўзга ташланади. 1945 йили ёзилган ушбу шеър кўпгина адабиётшунослар томонидан таҳлил этилган. Бу ўринда бизни шеър таҳлилидан ҳам кўра кўпроқ бошқа жиҳат – шеъриятимизда Вақтга муносабат масаласи, ушбу тушунчани бадиий-фалсафий идрок этишнинг кўринишлари қизиқтиради.
Шеърда бир лаҳза мазмунини бир бутун баҳорга жамлаган шоир шундай ёзади:
Бир оннинг баҳосин ўлчамоқ учун,
Олтиндан тарозу, олмосдан тош оз.
Нурлар қадами-ла чопган секунднинг
Барини тутолмас ай(ю)ҳаннос овоз.
«Фурсатдир қилгучи азиз, мукаррам», дейди шоир яна бир ўринда ва «азиз асримизнинг азиз онлари»ни қадрлашга, «умр дафтарини шоҳ сатрлар ла безаш»га чорлайди. «Асрлар тақдири лаҳзаларда ҳал», дея ғолиб замонасига гўзал шеърий ҳайкал қўяди. Шоир Вақтга муносиб бадиий-фалсафий чизги берар экан, вақтни катта нигоҳ билан турли ракурсларда кўради; яхлит қиёфасидан тортиб, энг майда заррасигача моддийлаштиради. Ўқувчи тасаввурида Вақтнинг бадиий-фалсафий формуласини яратгандек бўлади.
Шеърнинг ёзилиш тарихи ва сабаби ўз йўлига, аммо катта файласуф шоиримиз ушбу асарида инсон, унинг иродаси қудратини юқори пардаларда очиб беради. Бир пайтлари кўндаланг қўйган “Гўзаллик нимада…” деган саволига “Вақт” орқали мукаммал жавоб бергандек бўлади. Шеърдаги кўтаринки руҳ шоирнинг фалсафий фикрлари билан уйғунлашиб кетади.
Ушбу шеър ёзилишидан роппа-роса 20 йил кейин Асқад Мухтор Вақтнинг поэтик сувратини чизиб кўрди. Унинг худди шу номдаги шеърида фурсат ва инсон муносабати, зиддияти тажассум топади:
«Вақт» – ўз-ўзича ҳеч нарса эмас,
«Давр» десак – исмли, жисмли.
Вақт қаритади-чуритади, холос,
Давр – инсон каби, дардли, ҳуснли .
Вақтни ўз-ўзига қўйиб берилса борми, шоир айтмоқчи, шафқатсиз кечади, ҳаялламайди: «Ўзи тиклолмайди ўз қоматини, Ўзи келажакни тайёрламайди». Шундай экан, Вақтга шакл ва мазмун беришга, уни зийнатлантиришга, лаҳзаларни мангуликка муҳрлашга интилиш керак. Бу – инсоннинг ўз қўлида. Ана шундагина у баралла айта олади:
Шунчаки қаритиб ўтиб кетмади,
Йўқ, давримиз улуғ,
меҳру қаҳрли.
Келажакни туғиш тўлғоғи – оғир,
Аммо она бўлиш –
фахрли!
Шу тариқа, Ғафур Ғулом инсон қудратини Вақт билан ўлчаса, Асқад Мухтор Вақтни инсон измига топширади: Вақт инсонсиз ҳеч нарса! Аслида, Ғафур Ғулом ҳам Вақтни инсондан айри тушунмайди, аксинча, инсонни Вақтнинг ижодкори деб билади. Лекин Ғафур Ғулом шеърида инсон Вақтнинг ичида ҳаракат қилади. Ғафур Ғуломда инсон ва унинг ижодкорлик қудрати шеър тагқатламига сингдириб юборилган.
Ғафур Ғулом, аввало, бадиҳагўй шоир, ҳозиржавоб ижодкор эди. Шоирнинг аксарият шеърлари – ғоя маҳсули. Йўқ, бу қуруқ мафкура либосига ўранган шалдироқ ғоялар эмас, лирик мен руҳиятида обдан пишиб етилган хулоса-ҳукмлардир. Тақдир шу тариқа ўзбек халқининг улкан истеъдодини сароб ғоялар салтанатида синади, тоблади гўё.
Бугунгача шоир ижодининг салмоқли қисми ўз умрини яшаб бўлди. Бироқ, давр синовларидан омон ўтган энг яхши шеърлари мисолида айтадиган бўлсак, шоир янги ўзбек шеърияти тараққиётида сезиларли из қолдирди. Фалсафий руҳдаги донишвор шеърлари билан ўзбек фалсафий-интеллектуал лирикаси тараққиётига муносиб улуш қўшди.
Шоир ижодидаги алвон йилларнинг қизил доғлари нуқси урган асарларидан ҳам жавҳар сатрлар керагича топилади. Шундай экан, Ғафур Ғуломнинг санъаткорлик маҳоратини, миллий маданиятимиз ривожига қўшган ҳиссасини холис ўрганишимиз лозим.

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

“Ўзбек тили ва адабиёти” журнали, 2013 йил 3-сон. 

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin

Телеграмдаги каналимиз: @/Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 735

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *