“Айрим буюк шахсларни камчилик ҳурмат қилади, ваҳоланки…”

Донишманд Гёте бобо мана бу фикрлари орадан салкам икки аср ўтиб ҳам «кун тартибида» туришини ҳис қилган бўлса керак:

«Агар мен табиатшунослик соҳасида тадқиқотлар қилмаганимда эди, одамларнинг бу қадар майдакашликларини, улуғ мақсадларга бу қадар бефарқликларини ҳеч қачон билмаган бўлардим. Энди зеҳн солсам, илм кўпчилик учун бор-йўғи тирикчилик манбаи экан, борди-ю, шундан қоринлари тўядиган бўлса, ўз хатоларини ҳам илоҳийлаштиришдан тоймайдилар.
Бадиий адабиётда ҳам аҳвол яхши эмас. Бу жабҳада ҳам буюк мақсадлар, ҳақиқат учун чинакам қайғуриш, тиришқоқлик, буларни кенг ёйишга интилиш кам кўзга ташланади. Бири иккинчисини суяб, етаклайди, бу ҳам ўз навбатида унисини суяб, етаклайди, чинакам буюк нарсалар уларнинг ғашига тегади, улар ўзлари олдинга чиқиб олиш учун жон-жон деб буюк нарсаларни йўқ қилиб ташлаган бўлишар эди. Деярли бутун омма шунақа, айрим буюк шахсларни камчилик ҳурмат қилади, ваҳоланки, даҳолар ўзининг юксак истеъдоди, кенг қамровли билими билан миллати назарида кўкларга кўтарилиши мумкин эди, афсуски, феъл-атворининг сустлиги миллатни унинг фойдали таъсиридан, ўзини эса халқнинг ҳурмат-эътиборидан жудо қилди.
Бизга Лессингдек одам зарур. Унинг бор улуғлиги характерида, ирода кучида! Ақлли, билимли кишилар кўп. Аммо бундай характер эгалари кам! Оқил, доно кишилар тўлиб ётибди. Бироқ улар шу даражада паст кетишадики, калтабин омманинг мақтовларига эришиш учун уятни ҳам, виждонни ҳам унутиб қўйишади, бундайлар учун муқаддас нарсанинг ўзи йўқ…»

Йоҳанн Петер Эккерманнинг «Гёте билан гурунглар»идан. 

Жаҳон адабиёти. 2013 йил 1-сон.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.