Бир балодан қутулдик

#Йўл_йўлакай

ДУО КЕРАК ЭМАСМИ?

Талабалик йиллари эди. Бир биродаримиз билан бемор кўргани бордик. Қайтишда анча кеч тушиб қолганди, такси тўхтатдик. Мўлжалдан камроқ айтдик, шекилли, ҳайдовчи: “Ҳеч бўлмаса, машинани ҳурмат қилинглар, укалар!” – деди ҳазил аралаш. Қоронғида эътибор бермабмиз; қимматбаҳо русумдаги янги автоулов. Шошаётгандик. “Сизга фақат пул муҳимми? Дуо керакмасми?” – дебман беихтиёр. Ҳайдовчи ҳам ўзимиздан экан. Бир кулдию: “Агар дуо қиладиган йигитлардан бўлсангиз, ўтиринглар унда. Дуо керак-да!” – дея чеҳраси ёришди. Йўл бўйи яхши гаплардан айтиб, суҳбатлашиб кетдик.
Кўпинча йўлда юрсам шу воқеани, “Дуо керак-да!” дея кулиб турган нотаниш ҳайдовчини эслайман. Ҳозир дуони ҳам пулга чақадиганлар кўп…

БИР БАЛОДАН ҚУТУЛДИК

(Ҳамроҳимнинг ҳикояси)

“Бу ҳам бир синов бўлса керак, вақт тиғиз, иш кўп. Ҳамроҳларимиз билан аср намозига зўрға улгурдик. Дуодан сўнг, ташқари чиқаётсак, бир шеригимиз эшитилар-эшитилмас “Бир балодан қутулдик”, деди. Биз – ёнидагилар унинг бу гапидан ҳайрон бўлиб бир-биримизга маъноли қарадик. Биродаримиз жуда ажойиб инсон, кўз тегмасин, тақводор. Бир лаҳзалик сукутдан сўнг орамизда сал қизиққонроқ укамиз ҳазил аралаш деди: “Ие, қори ака, нималар деяпсиз?” Бояги акамиз бизни гумонга қўйганидан хижолат бўлгандай гапига изоҳ берди: “Намозни ўтказиб юбориш балосидан қутулдик”.
Ҳаммамиз хотиржам бўлиб, йўлда давом этдик”.

ҚАНЧАЛАР НОШУКРМИЗ

Телефонда танишим билан гаплашдим. Оёғи шикастланиб, уйда ётган экан. “Юриб турганингизга минг-минг шукр қилинг, ҳеч қачон ётиб қолманг”, – деди қатъий оҳангда. “Иншааллоҳ, гуноҳлардан покланяпсиз”, – дея таскин берган бўлдим. Онаси ҳам шундай дебди. “Қанчалар ношукрмиз”, – хўрсиндим бус-бутун оёқларимга боқиб.


Автоҳалокатга учраб, неча кундан бери шифохонада ётган ҳамкасбимиздан ҳол-аҳвол сўраганимизда, биродаримиз шундай деди: “Ҳар куни, ҳар лаҳза ажал билан ёнма-ён юрамиз. Соғ-саломат юрганимизнинг ўзи катта давлат”.
Яна ўша гап: “Қанчалар ношукрмиз…”

Беҳзод

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.