Табиат қаҳридан асрагин, Холиқ!

ДУО

Шаксиз, одил эрур Ҳокими мутлақ –
Табиат қонунин нуқсони борми!..
Бебошдай туюлган шамоллар ҳам ҳақ,
Раҳмат ё ҳикматдир ёмғири, қори.

Илоҳий адолат ҳар нега ёрдир,
Розиман, заррача эътирозим йўқ.
Бандаман, ожиз бир ўтинчим бордир:
Табиат қаҳридан асрагин, Холиқ!

Талотўпга тўла жумлаи олам,
Қай ерда зилзила, қай жойда тошқин…
Ўз юртимда тинчу омон бўлсам ҳам,
Кўнгилда оғир ўй, хаёлим шошқин.

Ҳануз Ер курраси бўлмади обод,
Ҳар ённи қуршамиш – ташвишлар тўп-тўп.
Шундоқ ҳам ҳақиру зордир одамзод,
Юпун кўп, уйидан чакки ўтар кўп…

Осмон қўшиқ айтсин – куй бўлиб оқсин,
Эриблар кетсин-ей заминнинг бағри.
Баракотли ёғсин, беозор ёғсин,
Селга айланмасин томчилар қаҳри.

Гарчи шукримиз кам, аҳволимиз танг,
Гарчанд шу ҳолда ҳам димоғлар чоғдир,
Кулфат бўлмайдиган қорлар бер, берсанг,
Малол келмайдиган ёмғирлар ёғдир…

2016

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.