Шомирза Турдимов. Эргаш Жуманбулбул ўғли

Эргаш Жуманбул ўғли

Эргаш Жуманбул ўғли

Ўзбек бахши шоирлари дейилганда, рўйхатлар Эргаш шоир, Фозил шоир, Пўлкан шоир, Ислом шоир номлари билан бошланади. Бу саноқда Эргаш Жуманбулбул ўғли алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистон қаҳрамони, шоир Абдулла Орипов таърифи билан айтилса, “Ўзбек адабиётининг Навоийси – Алишер Навоий, ўзбек фольклорининг Навоийси – Эргаш Жуманбулбул ўғли”.
Эргаш шоир 1868 йил ҳозирги Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманига қарашли Қўрғон қишлоғида, бахши-шоир Жуманбулбул хонадонида тўнғич фарзанд бўлиб дунёга келди. Эргаш шоир “Таржимаи ҳол” достонида ўзи ҳақида шундай маълумот ёзган: “… мен, ёзувчи,  Зарафшон вилоятининг Нурота жарибининг Жўш даҳасининг Қўрғон қишлоғидан Мулла Эргаш, олтмиш бир яшар, Жуманбулбул ўғли, Жуманбулбул Мулла Холмурод ўғли, Мулла Холмурод Мулла Тошнинг ўғли, Мулла Тош Уста Лафаснинг ўғли, Уста Лафас Ёдгорнинг ўғли, ўзим ўзбек…” Шоир достонда ота-боболарининг чечан бахши бўлиб ўтганлигини фахр билан таъриф-тавсиф этган. Шоирлик авлоддан-авлодга суяк суриб келаётганлигини айтган.
Эргаш шоир туғилган олти уйлик Қўрғон қишлоғида икки касб вакиллари истиқомат қилишган. Бирлари бахши-шоир бўлишса, бошқалари темирчи усталар эди. Шоирнинг тўртламчи отаси Уста Лафас эканлиги бежиз эмас. Қолаверса, Қўрғоннинг усталари шоир, шоирлари уста эди. Қадим-қадимдан бу икки касб эл орасида ҳурмат-эътиборда бўлиб келган. Шажарада саналган оталарнинг мулла сифати эса бу авлодларнинг аксарияти хат-саводли, зиёли инсонлар эканлигидан далолат беради. Қўрғон бахшиларининг достонларни “сулув” услубда ижро этишларида уларнинг мумтоз адабиётдан бохабар бўлганликлари ҳам ўз таъсирини ўтказган. Эргаш шоир ана шундай адабий муҳитда ўсди, улғайди, камол топди. Ҳоди Зарифнинг “Эргаш ёзма адабиётдан ҳам баҳраманд бўлгани учун, Навоийдек улуғ шоирларнинг санъатларидан озиқланганидан шерикларига нисбатан яна сўзга бойроқ эди”, деган фикри унинг салафлари, ота-боболарига ҳам тегишлидир.
ХIX асрнинг иккинчи ярмида олти уйлик Қўрғонда йигирмадан ортиқ бахши-шоир яшаб ижод қилар, Эргаш шоирнинг отаси Жуманбулбул, амакилари Жассоқ ва Ёрлақаб уларнинг пешқадам вакиллари эди. Халқ орасида “Қўрғоннинг қудуғидан сув ичган киши шоир бўлмай қолмайди”, деб айтилган сўз беҳикмат эмас. Эндиликда олимлар аниқлаган Қўрғон достончилари Ёдгор бахшидан бошлаб элликдан ошади. Аслида Қўрғон достончилик мактабининг тарихи, анъаналари Эргаш шоир санаган беш авлод билан чекланмайди. Шоирнинг бешламчи отаси Ёдгорга  устоз бўлган Жолмон бахши ҳам Қўрғон қишлоғига асос солган тўрт ака-ука бобокалонлар – Ўр уста, Эр уста, Сори усталарнинг кенжаси – Қўйчи Сорининг авлоди саналади. Маълум бўлмоқдаки, усталик ва бахшилик узоқ боболардан мерос келиб, бу анъаналар илдизи Аму ва Сир ёқаларида истиқомат қилган сак-массагет уруғ қабилаларининг эпик оламига уланиб кетади. Жуманбулбулнинг момоси Тилла кампир айтган “Ойсулув” достонининг Ҳеродот ёзиб қолдирган массагетлар маликаси Тўмарис афсонасига уйғунлиги тасодиф эмас, аслида бу хил достонлар бирламчи манбалар ҳисобланади. Достончиликда эпик билим, эпик қолип ва анъана ўтам муҳим омиллардир. Улар шунчаки пайдо бўлиб қолмаган. Неча-неча асрлар давомида қатрама-қатра бино бўлган ва ибтидоси Одам атога англатилган муқаддас СЎЗга боғланади.
“Ойсулув” достонининг қора сўз мазмунини Эргаш шоирдан Ҳоди Зариф ёзиб олган. Эргаш шоир уни отаси Жуманбулбулдан эшитган. “Отам айтар эди: “Тилла кампирнинг бир достони бор, уни мен ҳам билмайман, Жоссоқ ҳам билмайди, бошқа шоирларнинг ҳам айтганини эшитмадик. Тилла кампир ёш вақтида қўшиқ қилиб айтар экан, қариган сўнг, эртак қилиб айтар эди. Мен кўпда қулоқ солмас эдим, эртак-да деб кета берар эдим”. Бир кун “Тилла кампирнинг эртагини айтиб беринг”, – дедим отамга. Шунда шоир кулиб: “Мен момонгдай айтолмайман-да, билганимни айтсам, айтиб берайин”, – деб ёнбошлаб ётиб нақл қилиб эди”. “Ойсулув” достони воқеалари Ҳеродот ҳикоя қилган “Тўмарис” афсонасига жуда яқин. Фақат достон соф фольклорий талқинлар олган. Достонда Турон маликаси Ойсулув ва унинг ўғли Кунботирнинг Эрон шоҳи Доро ва унинг лашкарбошиси Паҳлавон Қайсарга қарши кураши куйланган. Паҳлавон Қайсар ҳийла билан Кунботирни асир олиб зиндонга ташлайди. Паҳлавоннинг қизи Офтобой ёрдам бериб оти Кунботирни зидондан халос этади. Кунботир Турон ва Эрон қўшинининг шиддатли жанги устидан чиқиб, Ойсулув қўшини сафида жангга киради. Турон лашкари ғолиб келади. Доро ва паҳлавон Қайсар ҳалок бўлиб, Ойсулув ўғли Кунботирга Офтобойни олиб беради ва ҳаммалари мурод-мақсадига эришади.
“Ойсулув” достонини Жуманбулбулнинг бошқа бахшилардан эшитмаганлигининг бош сабабларидан бири бу асарни чечан аёлларнинг фақат аёллар даврасида айтиб келганлиги бўлиши керак. Чунки, бизда аёллар бахшилик қилиб катта давраларда достон куйлаши ислом дини одатларига кўра урфдан чиққан эди. Султон кампир, Тилла кампир каби чечан аёллар ўзлари билган достон, қўшиқларини аёллар ва болаларнинг тор  йиғинларидагина куйлашган. Фикримизни Эргаш шоирнинг навераси Абдуғани ота айтган ушбу хотира ҳам исбот этади. “Онам – Зарбиби саводхон аёл эди. Достон, матал (эртак), қўшиқларни кўп биларди. Қўшни аёллар уйимизга тўпланиб онам уларга достон, матал айтганини кўп кўрганман. Бирор-бир эркак келса, жим бўларди, ҳатто мен келсам ҳам айтмай қоларди. Бўлмаса, ўша вақтлар етти-саккиз ёшдаман. Нимагадир айтмас эди. Шунда ўзимни ухлаганга солиб эшитиб ётардим. Онам бир гал “Ўртоқ”, деган достонни айтган. Бу достоннинг қўшиқлариям кўп эди. Бир подшонинг икки ўғли бўлиб, каттаси уйланиб, кичиги етти ёшлик вақти ота-онаси ўлади. Шунда янгаси болани хафа қилади, у уйидан аразлаб чиқиб кетади. Акаси уни узоқ излаб, охири топади. Менинг эсимда:
Келинг, Ўртоқ, ўйнайлик,
Дарёларни бўйлайлик.
Балиқларга роз айтиб,
Бир Худо, деб йиғлайлик, –
деб айтилган қўшиқ қолган. Бу хил қўшиқлари кўп эди. Кичкина шаҳзоданинг оти Ўртоқ бўлади, шунга достонни “Ўртоқ” дейишган. Бошқа бировдан бу достонни эшитмадим”. Зарбиби онадек шоира аёллар Қўрғон достончилик мактабининг бешигини тебратган. Биз улардан саноқли – Тилла кампир, Султон кампир каби атоқли намоёндаларнигина биламиз. Тилла кампирнинг аччиқ қисмати акс этган қуйидаги:
Куйдирги мени куйдирди,
Кўзимнинг ёшин қуйдирди,
Қаддимни ёйдай ийдирди,
Элу-халқимни жийдирди,
Кўкдан кийим кийдирди, –
мазмунли тўртлик ва Жуманбулбулнинг ўғли Эргаш шоирга сўзлаб берган “Ойсулув” достонигина ёдгор қолди. Айтишларича, Тилла кампир эридан, бир неча болаларидан эрта айрилган, устига устак куйдирги яра чиқиб кўп азоб берган. Шунда ана шу қўшиқни айтиб юпанган экан.
Султон кампирнинг қозоқ оқини билан савол-жавоби ҳам эл орасида афсонага айланган. Қўрғон бахшилари, хусусан Жуманбулбулнинг шуҳратини эшитиб қозоқ оқинларидан бири Қўрғонга келибди. Баъзи манъбалар оқиннинг исмини Мойлихўжа деб айтади. ХIХ асрнинг ўрталари, айнан Жуманбулбулга замондош яшаган икки Мойлихўжа номи қозоқ фольклоршунослигида маълум. Уларнинг бири Келес атрофида, бошқаси Қизил Ўрда тарафда ўтган. Бизнинг назаримизда, Жуманбулбул билан дўст тутинган оқин Қизил Ўрдалик Мойлихўжа бўлиши мумкин. Жўғрофий нисбатдан олинса, Нурота ва Қизил Ўрда ораси анча яқин ва бу ҳудудлар ўртасида маданий-иқтисодий алоқалар доимо бўлган.
Куннинг иссиғида оқин Қўрғонга яқин келган. Қараса, бир кекса аёл қудуқдан сув тортиб, новни тўлдираётибди. Аёл – Султон кампир экан.
Оқин саломлашиб, отини новдаги сувга қўйиб, бу элнинг одами қандай экан билайчи, деб аёлдан сўрабди:
Сендан савол сўрайман турган зайип,
Ўси турган товларинг неча жасар?
Султон кампир:
Худойимнинг ишин кўр,
Фалакнинг гардишин кўр,
Мен билмайман ёшини,
Оғзин очиб тишин кўр, –
деб жавоб қилибди. Оқин: “Бу элнинг номи чиқмаган аёли шундай чечан бўлса, элга достон Жуманбулбули қандай бўлди экан…”, деб изига қайтиб кетган экан. Кейинчалик оқин Жуманбулбул билан дўст тутиниб, боришли-келишли бўлган, дейишади.
Султон кампирнинг оқинга берган жавобида, оқиннинг бу жавоб қувватини англаб изига қайтишида улкан ҳикмат бор. Илк ибтидо, ёлғиз Биру Борнинг чеварлиги билан бунёд бўлган оламнинг сиру синоатларини ҳеч бир ақл эгаси англаб ета билмайди. Бу хаёл оти ета олмайдиган гардишсиз фалакни қамраб оламан, дегандай беҳуда гап. Чорва илмининг билимдони бўлган халқ вакили ҳар қандай молнинг тишини кўриб ёшини айтиши мумкин, лекин тоғнинг тишини топа олмайди. Аслида, тан олдирувчи кучдан тан олувчи қувват босим туради. У танийди, танитади.
Зар қадрини заргар, сўз қадрини доно билади. Султон кампир, Тилла кампирлардан халқ орасида мерос қолган қўшиқлар уларнинг нақадар улуғ сўз усталари бўлганлигини намоён этади. Эргаш шоирнинг Ҳоди Зарифга айтган ушбу сўзлари фикримизни тасдиқлайди. “– Ўғлим! Ёшликда билмабмиз, беш-олти оғиз қўшиқни ўрганиб олиб, шунга кўнглимиз ўсиб, ҳеч ерда болаларга гап бермай: “Мен Жуманбулбулнинг ўғли бўламан, қўшиқни ҳам ўзим топиб бераман, гап десанг, хирмони билан уйиб бераман”, – деб кета берибмиз, бу замонга келиб, керак қилувини билмабмиз. Ёшлигимизда элда юрган шоирларнинг қадрига етмабмиз. Отамиз бечора, у ҳам шу гапни айтар эди: “Ёшлик қилдик, Тилла кампирдан гап – қўшиқ ўрганмадик. Биримиз – Жассоқ, шоирларнинг устоди; биримиз – Булбул, Булбул билан қўшиқ айтишганда, ўртадагилар бизникини қилади маъқул, Тилла кампирнинг ҳам топгани шул, – деб ўта бердик. Сўнг билсак, биз той эканмиз, у – тулпор, биз жилға эканмиз, у – булоқ, биз дарёмиз деганда, у – денгиз экан”. Эргаш шоир, Жуманбулбулларнинг бу иқрорида тан олиш, танитиш қудрати турибди. Қўрғон достончиларининг эпик репертуари ана шундай танилган, тан олган, танитган эру аёл сўз уммонларининг мавжларидир.
Жуманбулбул ўғли Эргаш мулла боболарининг изидан борсин, кичик ўғиллари ўзининг йўлини давом эттириб, бахши бўлади, деган орзуда, Эргашни мактабга қўйди, Бухоро мадрасасида ўқитди.
Эргаш шоир Бухоро мадрасасида таълим олган даврда бир катта мударрисга отаси бахши эканлигини айтган экан. Мударрис бахшилик санъатига нисбатан беписанд гап қилибди. Иттифоқо, Жуманбулбул ўғлини кўришга келибди. Шунда Эргаш шоир кичик давра уюштириб, мударрисни ҳам таклиф этибди, таом тановул қилингандан сўнг Жуманбулбулдан достон куйлаб беришни сўрашибди. Эргаш шоир отасидан “Кунтуғмиш”ни айтиб беришни илтимос қилибди. Достоннинг Кунтуғмиш болаларидан айрилиб, кўкка муножот қилган ўрни келганида мударрис йиғлаб даврадан бош олиб чиқиб кетибди. Мударрис бир йилча аввал ёш ўғлидан жудо бўлган экан… Орадан бир неча кун ўтиб муддаррис, аввал айтган гапи учун Эргаш шоирдан узр сўраган экан.
Жуманбулбулнинг бевақт вафоти Эргаш шоирга мадрасани якунлаш  имконини бермади. Шундай бўлса-да, Эргаш шоирдаги фавқулодда ноёб хотира, шоирлик таланти нафақат билимларни, балки бахши боболарнинг меросини ҳам ўзлаштириб олишига, ривожлантиришига  имкон берди. Шоир ижодини яқиндан ўрганиб, уни ўзига устоз деб билган Ҳоди Зариф шундай ёзган: “Эргашдаги ҳофиза қувватининг кучлилиги кишини ҳайратга солади. У ўзбек тилидаги бирор шеърий асарни иштиёқ билан бир-икки марта ўқиб чиқса, бошдан-оёқ эсда сақлаб қолар эди. Эргаш достон “қори”си эмас эди. У устозларга катта ҳурмат билан қараган ҳолда ўрганган достонларини қайта-қайта ишлар, ижодий қобилиятини ишга солиб, достонларнинг бадиий қимматини ошириш учун тиришар эди”.
Шоирни шундай иқтидор билан сийлаган фалак “унинг танглайига берди-ю, манлайига бермади”. Эргаш Жуманбулбул ўғли ўзининг бу аччиқ қисмати ҳақида шундай айтган: “Менинг бошимга тушган савдонинг адади, поёни йўқ. Мен бир катта ҳовлидан бир ўзим қолган. Икки ини, икки сингил, тўртта-бешта қиздан, тўртта-бешта ўғилдан, хотиндан, боладан айрилиб, бир ҳовлида бир ўзим қолиб, айрилиқ ўтига чидай олмай, ҳув, деб элдан чиқиб, дашту биёбонларда, чўлларда, танимаган элларда сарсон-саргардон бўлиб улоқиб, ҳижрон-айрилиқнинг ўтига тутаб, алам, ситам, қайғу, мотамлар билан кунларни, ойларни, йилларни ўткариб, ўзимга бирор мунгдош, ҳамдам, ҳамроз топмай, ғам лойига ийланиб, айрилиқ ўтига ўртанганни тополмай, ўзимдай соп бўлганни кўролмай, жаҳон айвонини излаб, мендай бежигар бормикан, деб элма-эл, юрма-юрт, шаҳарма-шаҳар, қўрғонма-қўрғон, овулма-овул довдираб юрган.
Эй ўртоқлар, жон биродарлар! Ҳар кишининг қанча ситам-алами бўлса, тилдан чиқади. Ҳар қандай вақтда оҳ тортиб, бир байт, бир мисра ё бир мухаммас билан айтиб, ўз ҳолини билдирса, бир яхши кўрган одами билан мунглашгандай, бироз озайгандай бўлиб, чидолмай айтади”. Шул сабаб ҳам эл “Бузуқ (трагик)”достон деб сифатлаган “Кунтуғмиш” Эргаш шоир ижросида мумтоз мақомда, ўта юксак бадиий даражада  куйланган.
Куйган кўнгилнинг хили куй-қўшиқ гулханини ёқади, тафти бошқа кўнгилларга ҳарорат беради, ҳар киши бу қўшиқ, куйда ўз тақдирининг лавҳаларини топади. Ҳарорат кўнгилларда ёлқинланиб дарду-ғам арийди, руҳ тозариб, юксак мақомларда озод парвоз этади.
Эргаш шоир “Таржимаи ҳол” достонида ўз кечмишини қўшиққа солган. Достоннинг “Кунларим” бўлими анъанавий:
Пайдо бўлдим икки гавҳардонадан,
Тарбиятлар топиб манзил хонадан,
Аввалам таваллуд топдим энадан,
Одамнинг жисмига кирган кунларим.
тўртлиги билан бошланиб, ҳар бир ёшга алоҳида тавсиф берилган.
… Ўн саккиз ёшимда отамиз ўлди,
Биздай “нодон” энди етим бўп қолди,
Меросхўрлар энди ўртага олди,
Ҳар бириман вағирлашган кунларим.
Эргаш шоирнинг оғир кунлари ота вафотидан сўнг бошланди. Ука, сингиллари ёш, фотиҳа қилинган қаллиғи отасининг уйида қолган. Қолаверса, меросхўрларга борини талатган шоир ҳолини шундай баён этган:
“Оғайнилар” айтди: “Рўзғор қилолмас,
Балки яхшилик кунлар кўролмас,
Балки эл ичида энди юролмас”,
Элатга маломат бўлган кунларим.
“Ўлмаган қул олтин аёқдан сув ичар”. Шоирнинг қайнотаси Ўтамурод хатиб Жўш даҳасининг хатиби эди. Хатиб Жўшга қараган уч минг уйли халқдан хирмонга юриб кафсан олар эди. Олти қизи бор эди, қариганда икки хотини икки ўғил туғди. Шоирнинг никоҳ тўйи бўлганида ўғиллари бир яшар эди. Ўтамурод хатиб хотинларининг маслаҳати билан Эргаш шоирни ёнига олди, кафсан йиғувчи қилди. Орада амирлик амлакдори Қўзибекка Эргаш шоирнинг хат-саводи хуш келиб хатибдан тилади. Уч йил Қўзибек қўлида мирзалик қилди.
Баковул дарғаси – бари урлади,
Урлуғи тобора-бора зўрлади,
Қўзибек барисин ангиб, топиб оп,
Бариси айбдор бўлиб терлади.

Менга ҳам иш берди, орқасин кўрди,
Урлиқ топмай охир ўзи тан берди…

Охири ихтиёрни берди қўлима,
Ишонди, ҳар не деб айтсам, тилима,
Неча марта кўриб, айб тополмай,
Мени қўя берди ўзим йўлима…

Ҳалоллик, тўғри сўзлик, киши ҳаққига хиёнат қилмаслик Эргаш шоир табиатига қон билан ўтган эди. Қўзибек бошқа даҳага амлакдор этиб тайинланди. У ўзи билан шоирни ҳам олиб кетмоқчи бўлди. Шоир рўзғоридан ортиб, бора олмаслигини айтиб узр сўради:
Энди бунда биз бўп қолган рўзғордор,
Бу ватандан чиқмоғимиз кўп душвор”.
Чақирса ҳам боролмадик биз энди,
Биз – бечора, сипоҳилик на даркор?!

Шоирнинг бахти оиласида, ўз тенгини топганида эди:

Йигитлик мавсуми очилган гулдай,
Одамзоднинг умри ўтади селдай,
Ёмон бўлса ҳар кишининг рўзғори,
Бир куни бўлади, ёронлар, йилдай.

Қобил бўлса эр йигитнинг хотини,
Хотин чиқаради эрнинг отини,
Хотин қобил бўлса, эрга мувофиқ,
Битиб, ода қип бўлмас сифатини…

Аёлим, ёронлар, кўп мулла эди.
Эси-ақли бутун, кўп доно эди,
Ҳеч ишдан кам эмас эди, ҳунардан,
Кўп хушсурат, таърифсиз барно эди…

Қўрғон муҳитида хат-саводли аёллар кўп бўлганлиги алоҳида диққатга лойиқ. Эргаш шоирнинг турмуш ўртоғи Зийнатой, қизи Зарбибилар фикримизни тасдиқлайди. “Тулпор биядан – алп онадан”, бола тарбиясида, унинг дунёқарашининг шаклланишида онанинг ўрни беқиёс. Тилла кампир, Султон кампир, Зийнатой, Зарбиби каби аёллар оиладаги маънавий муҳитни яратганлар. Умуман олганда, оила, ота-боболар тарихини болалар онгига сингдиришда буви, амма-холаларнинг ўрни беқиёс. Эргаш ота ва Қўрғон бахшилари ҳақида сўраб, суриштиришлар давомида Зиёд момо, Мукаррам хола, Кенжа хола, Камолат амма, Турдой амма, Бибишой момоларнинг хотиралари, гап-сўзлари бебаҳо манбалар эди. Афсуски, хазинанинг мавжларинигина илғаб қолдик, холос.
Жуманбулбул васият қилганидек Эргаш шоир инилари Абдухалил ва Абдужалилни бахши этиб тарбиялади.
Иккови ҳам ҳа деб дўмбира чертган,
Ҳар ким кеп эшитса, уни эритган,
Бир йигитлар эди қобил, суҳбатли,
Бир хил бахшилардан эмас жиритган(1)…

…Чечанликда сўзга сувдайин оққан,
Айтган сўзи ҳамма одамга ёққан,
Ўтириши айтган сўзи адабли,
Сўзга либос бериб, гавҳарлар таққан…

Аввал Абдужалил вафот этди. 1898 йил юртга чигиртка офати келди. Хатирчи бегининг талаби билан Тоғайбек чигирткага қарши ҳашар уюштирди. Бек элни овутиш учун бахшиларни йиғди. Абдухалил шу ҳашарда қўшиқ айтиб, халқнинг олқишларини олди-ю, бехосдан дардга чалиниб чин дунёга кетди. Абдухалил жудолиги Эргаш шоир қалбини ларзага солди. Унинг сингиллари тилидан келтирган марсияси бу ҳолатнинг далил, исботидир:
Сувдан чиққан суйругим,
Юртдан ўзган жуйругим,
Юзга кирар деювчи эдим,
Йигирма бўлди буйруғинг.
… Олғир қушнинг шунқори,
Югурукларнинг тулпори,
Эр йигитнинг сардори,
Тенгқурларин тождори.
Шунқор акам, вой-вой,
Раҳбар акам, вой-вой…
Қувонч ҳам, ғам ҳам эгиз келади экан. Тез орада шоирнинг оиласи тутдай тўкилди. Унинг бир юпанчи сўз, қўшиқ бўлди. Элма-эл кезди, юртдан-юртга ошди. Сўзловчиларнинг маълумотига кўра, шоир бир кетганида Афғонистондан ўтиб Мозондаронга бориб изига қайтган экан. “Шунча юрдим, Темир қозиқ (Қутб юлдузи) ҳеч тепамга келмади”, деб айтганини эслашади одамлар. Шу биргина армон замирида шоирнинг кўнгил олами иқлимларининг қанча турланиб, тусланганлигини англаш мумкин. Юлдуз тўла осмонга тикилиб, Темир қозиқни мўлжал олиб кезган кўнгил сайри нималарни истаган, қайси бир манзил-маконларда қўним топган, кимлар билан тиллашиб, сирлашган. Гўрўғли бўлиб Ғиркўк билан Боғи Эрам, Кўхиқофу Торкистонларга неча бор бориб келган, Кунтуғмиш бўлиб қаландарлик кўчаларида девонаҳол кезган…
Тақдир шоирнинг яқинларини олиб жабр этди, эвазига кўнгил мулкиниг қопқаларини очиб, барча дилларни англаш, англатиш калитини берди. Шоир суҳбатларининг қўри, қуввати ушбу мулкка эгалигида эди. Бу қувват Эргаш шоирга қайси ерда бўлмасин, қайси даврага кирмасин синиқ кўнгилларга рўшнолик олиб киришига, ғам лойига ийланган тақдирлардан шодлик уруғини топиб, ёруғ муродга ундовчи йўриқчи бўлишига куч берди. Инсон номини улуғ тутишига таянч бўлди.
Мана турган Жўш элда,
Егани семиз гўш элда,
Ғамдан изласанг топмайсан,
Димоғи доим хуш элда,
деб, доимо ёруғликни топишга ундади. “Мен шоирман, шундай айтсам ярашар”, дея  куйлаган бахши, шоирлик мақомини улуғ тутди, унга муносиб яшади. Шу қувват сабаб Эргаш шоир тузган давранинг сеҳри, оҳанрабоси бор эди. Шоирнинг невараси Абдуғани ота хотирлайди: “Эргаш ота шундай одам эдики, у одамнинг суҳбатидан эсини билган одам кетмасди. Шу ерда бир достонни бошласа, тўрт киши бўлсак, бир одам иш учун “тўрс” этиб келган бўлса, у ҳам иши эсидан чиқиб ўтириб қоларди, бешов бўлайдик. Аста-аста, эшитма-эшит бешов олти, борки, ўн-ўн беш бўлиб, одам уйга сиғмай қоларди.
У одамнинг яна бир хислати, гапирганда бирор воқеа “бундай бўлган экан, ундай бўлган экан”, деб гапни эшитма гап қилмасди. Эргаш ота худди кўргандай, ўзи бирга аралашиб юргандай “шуйтиб юборди, уйтиб юборди”, деб ўзи бирга бўлгандай қилиб айтарди. Сиз ҳам эргашиб шу гапнинг ичига кириб кетаберардингиз”.
“Эргаш отам катта табиб ҳам эди. Ҳар бир қишлоқда у киши қўнадиган, дилтортар хонадонлар бўлган. Одамлар у кишининг келишини кутиб ўтиришарди. Бир кун Эргаш ота Қоратош қишлоғига шундай хонадонлардан бирига борса, уйда хонадоннинг аёли “дод”, деб ётган эмиш.
–     Қани, болам, нега ётибсан? – дебди.
–     Э мулла бобо, менинг ётганимга бир ойдан ошди.
–     Бир ойдан бери нима, деб ётибсан?
–     Мен Тепаликдаги Бастамнинг уйига бордим. Хотини олача тўқиб бер, деганди. Бозор куни эди, Бастам бозорга бориб янги чиққан ҳандалакдан иккитасини олиб келган экан. Шундан хотини бир тиликни ўрмакнинг бошига олиб келди. Шуни едиму бирдан оғриқ туриб, тепамга чиқиб кетди. Бир бошим оғридики, на ерда тураман, на осмонга чиқа оламан, шу ётишим, ётиш.
–     Э болам, бунинг масаласи осон, сен тур, чой-овқатингни қилавер.
Шу гапни айтиб ўзи ҳаётга (2) тушиб кетди. Ҳаётдан бир баргга ўхшаш ўтнинг анчасини териб келиб: “Мана шуни бошингнинг сўлқиллаб оғриётган жойига торт”, деди.
У киши айтгандай бошимга ўтни тортиб ухлабман. Бу кунисига уйғонибман. Пичоқ кесгандай, шу бошим қўйиб кетгани, қўйиб кетди. Бечора мулла бобом, уйғонгунимча бошимда ўтириб чиқибди”. Эл орасида Эргаш шоирдан шифо топган одамларнинг ҳикояларини кўп эшитамиз.
“Эргаш отам кўклам келганда, ўтлар гуллар арафалари тоққа гиёҳ тергани чиқарди. “Дори бўладиган ўт оқшомлари ўзидан олов чиқаради”, дер эдилар. Ўтларни териб ўзи билан олиб кетарди. Шаҳардаги табибларга олиб бориб берадими, ишқилиб шундай қиларди”, – деб хотирлайди Абдуғани ота.
Эргаш шоир болажон одам эди. Болаларни йиғиб уларга мос ҳикоялар айтарди. Абдусаъми Турдимурод ўғли шундай хотирлайди: “Биз унча-мунча гапни эплаштиролмаймиз. Гапир деса, гапимизни тополмай қоламиз. У одамга манави эшикни кўрсатиб, шуни таърифланг, десангиз, не бир гапларни келтириб, бир дафтар қўшиқ қилиб берарди. Алланинг ўзини эллик банд қилиб айтганман, деб айтгувчи эди:
Бешигин қилдим арчадан,
Кўрпангни қилдим парчадан,
Алла, болам, аллаё.
Бизларда эс қайда шунисини биламан. Яна ҳар бир ўсимликни жумбоқ (топишмоқ) қиларди.
Жуммоқ қуйдим, жубини топ,
Жумалоқ бийнинг уйини топ.
Тоғи қуйдим, тоғин топ,
Тарлон бийнинг уйини топ.

Достори катта муллолар,
Шамол турса облолар
Мулла акамнинг отини топ.

Боласин қорнида ётир онаси,
Тарбият қилса бўлар бо боласи.

Энди биринчиси нўхат, кейин ловия, оқ жўхори, сўнггиси тарвузнинг тухуми. Яна кунжутни, маккажўхорини ҳам жумбоқ қилганди. Кўринган нарсани шеър қилиб кетаберар эди-да. ”
Пичот қишлоғида истиқомат қилган Болхон момо хотирасидан: “Мулла акам уйимизга кўп келар эди. Чолимизга тобинлигиям бор эди. Кўринишли одам эди. Бир гапирар эди, гапирса оғзига тикилиб ўтираверайдик. Эшитганимдан эсимда қолгани шулар:
Тову тошга дўланган,
У нимади, Каримтоз?
Еру кўкка эланган,
У нимади, Каримтоз?
Чор тарафга йўл солган,
У нимади ,Каримтоз?

Тову тошга дўланган,
Туман экан бўлмаса.
Еру кўкка эланган,
Ёмғир экан бўлмаса.
Чор тарафга йўл солган,
Қумурсқа экан бўлмаса.

Мана бу жумбоқни ҳам айтгич эди:

Эргаш шоир ва Пулкан шоир

Эргаш шоир ва Пўлкан шоир

Найим-найим нар пўшлар,
Деварагин сарпўшлар.
Ҳаводаги юлдузнинг,
Барин бирдай сер ташлар.
Топинглар-чи, дегич эди. Кейин ўзи жавобини айтарди:
Найим-найим норда кўрдим,
Шоҳи зумратларда кўрдим.
Сенинг қуйган жумбоғингни,
Бухорда отларда кўрдим.
Бухорода отларга ёпиладиган зул*нинг сочоқлари мунчоқли бўлган. Шуни жумбоқ қилган-да.
Ўзи чевар одам эди. Битта нос кадини тонг отгунча кашталаб чиқар эди. Бўлмай ётмас эди. Носкади ўзи муштаккина, бир кашталарди, ҳавасингиз келарди”.
Эргаш шоирнинг суврат чизиши ҳақида ҳам кўплар гувоҳлик беради. У кишига аёллар кашталарнинг тархини чиздириб олишар экан. Ўтган асрнинг бошларида Нурота худудидаги кўплаб сўзаналар, келинлар сепига қўйилган кашталарнинг тархини Эргаш шоир чизган дейишади.
Абдуғани ота хотирлайди: “Эргаш ота расм соларди. Носкадиларга кашта чизарди. 1936 йил бўлса керак, Ялғаш Хўжабеков қишлоқ шўросига раис эди. Шу киши айтибди. “Муллака бир носкади чизиб беринг, бир дафтарга шеър қилиб ёзиб беринг, мендан зиёфати”.
Эргаш ота бир кичкина кадини олиб, ичини тозалаб, мой солиб қизартириб, устини ҳашшамлаб; дутор, товус, каптар, каклик, бедана, қарчиғай, лочин – бутун қушларнинг расмини солибди. Бизникига келди.
–     Улум, бир дафтар обкел, мен шеър айтаман, ёзасан, – деди. Бир дафтарни тўлдириб шеър айтди, дафтар тўлди, олиб кетдилар.
Кичкина носкадим бор,
Бир кило нос кетади.
Агар қисарлаб чекса,
Зўрға ҳафтага етади.
деган жойлари эсимда. У дафтар йўқ бўлиб кетди. Тўрт кун кулишиб ўқишган, кейин йўқолган. Эргаш отага булар сувдай гап эди”.
Эл орасида Эргаш шоир номи билан боғлиқ шу хил ҳазил-мутойиба гаплар ҳам кўп юради. Қўштамғали қишлоғидан Абдурауф Шукуров айтди: “Бир сигиримиз бор эди. Сузонғич чиқди. Эргаш отага айтган эдим, “Э, буни боплаймиз, деди”. Меҳмондорчиликдан кейин бир тумор ёзиб берди. “Икки шохининг орасига осиб қўйинглар юввош бўб қолади”, деди. Осиб қўйдик, тинчиди-қолди. Кейин бу сигир йўқ бўлиб кетди. Орадан анча вақт ўтди. Бошқа сигир олдик, буям сузонғич чиқди. Эргаш ота йўқ, Саъдулла махсим (Ўтамурод хатибнинг ўғли)га айтиб эдим, сузонғич сигирни боғлашни билмайман, Эргаш язнамнинг тумори бўлса олиб келинглар, қараб ёзиб берай, деди. Тумор эскириб, михда осилиб туриб эди, олиб бордим. Саъдулла махсим титилиб-титилиб кетган туморни амаллаб ўқиди. Туморга:
Дингилла, жоним, дингилла,
Дингилласанг ҳам дингилла,
Дингилламасанг ҳам дингилла.
Эгангни тиндир, дингилла,
Хурмангни синдир, дингилла…
деб кўп шеър ёзилган экан. У одамнинг бир хислати бўлса керак, бўлмаса шу шеърга ҳам сигир тинч қоладими?”
Айни воқеага ўхшаш ҳолатни Қоракса қишлоғида яшовчи Пирим Юсуфов ҳам ҳикоя қилди. “Эргаш ота Қораксада муаллимлик қилган вақтида Мулла Қарши деган мулла ҳам бўлган. Шунда бир момонинг сигири ҳеч соғдирмас экан. Момо мулла Қаршидан туморлар олган экан, шундаям соғдирмабди. Бир куни Эргаш отага тумор ёзиб беринг, деб келибди. Эргаш ота бир қоғозни тўлдириб, буклаб-буклаб берибди. “Тумор қилиб сигирнинг шохига осиб қўйинг”, дебди. Шунда кампирнинг сигири тирп этмай соғдираверибди. Кампир мулла Қаршини кўриб, “Сенам мулламан, деб юрибсанми, уч марта тумор бердинг, наф қилмади, мулла Эргаш ёзган эди, индамай соғдиряпти”, дебди. Мулла Қарши “Қани, бу нимани ёзган экан”, деб сигирни ушлатиб, туморни ўқиб кўришса, шеър эмиш:
Қури , кеп,
Эгангни теп,
Ишингни тиндир,
Хурмангни синдир…
Шундай, деб бир варақ тўлган экан”.
Биз қишлоқда Эргаш отанинг шу хил ҳангомалари борасида суҳбат қурганимизда. Абдусаъми бобонинг кенжа ўғли Баҳодир айтди: “Эргаш ота аслида бу хил дуоларни билган, ўқиганиям рост. Фақат шўронинг одамларидан бири бўлмаса бошқаси, қасдлашиб, буни ўқийди, дуо ёзибсан, деб айбдор қилади, – деб атайлаб шеър ёзган”.
Эргаш шоирнинг нафаси ўткир табиб бўлганлигига у кишининг илон чаққан кишини ўқиб, ўлимдан олиб қолганли далил бўлади.
Бибишой Қарши қизи хотирлайди: “Катта қайнотамиз сариқдан келган, гўштдор, каллалари чорадай катта, чиройли одам эди. Кўзлари тикка, оқи кўпроқ эди.
Бир маротаба тирома сари Гумга бориб қолди. Шунда момомизни илон чақиб олди. Кеч пешинлар ҳаётда таҳорат олаётган вақти учасидан (4) чақибди. Мулла отам меҳмонхонада ўтириб эди. Суяр ака келиб қолди. “Бобоқулнинг энасини илон чақиб олибди , – деб. У киши бориб: “Бачағорди бойлаб келдим, ёшамол экан, юракка чопмайди, кучим етмади, энди пасда туради. Бечора анча қийналадиган бўлди-да”, – деб келди. Кўрганлар айтди: “Учадан чақибди, учадан, оёққа туширамиз”, – деб ўқиди. Ўқигани сари шиш сурилиб, сурилиб тўпиққа келди. “Шу ердан бойланглар, уёғига ҳайдасак жон қўшилиб чиқиб кетади, энди, ўзи ёрилиб, заҳар сариқ сув бўлиб, оқиб, аста-аста битиб кетади. Бориб чаққан жойини қаранглар, илон чиқиб ётган бўлиши керак”, – дебди. Бориб қарашса, катта кўлвар илон ўлиб ётган экан.
У одамлар кимнинг бўлса кўнглини қайтармайдиган, бир авлиё одам экан-да”.
Эргаш шоир ҳар қадамида ўзгаларга яхшилик қилиб, сувга солиб кетувчилар хилидан эди. Ўзи куйлаган “Равшан” достонида айтилганидек:
Қўлингдан келгунча чиқар яхши от,
Яхшилик қил, болам, ёмонликни от.
Насиҳатим ёд қилиб ол, ёлғизим,
Ёлғиз юрса чанг чиқармас яхши от.
Ўйи, сўзи, амали яхшиликка йўғрилган инсон ҳамиша кўпнинг ардоғида бўлади. Ички бир меҳр нури уни кўпнинг кўнглига боғлайди. Йўлини равон этади.
Сори Юсуф ўғли шундай дейди: “У вақти боламиз, ҳовлимизнинг ўртасида катта ҳовуз бор эди. Шу ҳовуздан обдастада сув олиб, пастгинасида “ҳовуз-ҳовуз” қилиб ўйнаймиз. Бир вақти оқ сақолли бир катта одам: “Зумрад борми?”, – деб келиб қолди. У киши мулла Эргаш бобо экан. Зумрад бизнинг энамизнинг оти экан. Биз билмаймиз-да, “Катта эна”, деб юраберганмиз-да.
Ҳовузнинг бўйида тўшанчи тўшалиб турайди. Тўшанчига ўтиб ўтириб, “Зумрадни айтиб кел”, – деди. Бизлар онг бўлиб қараб турибмиз.
Энамизга ҳовлидаги қизлардан бири: “Бир одам келди”, деган бўлса керак, девордан қарабди. Бир вақти келиб қолди. “Зумрад, борсанми”, деб сўрашиб қолди. Катта энамиз янгаси бўлар экан. “Ойғиз қайда, борми?” – деб сўради. Ойғиз момо ҳам янгаси экан. “Ойғиз, Ойғиз”, – деб бақирди ўзи. Ойғиз момонинг уйи манадай жойда эди. Ойғиз момо ҳам “Ҳов мулла кеб қолибди”, – деб етиб келди. “Зулайҳо борми?”, – деди. Зулайҳо Дўсмурод аканинг онаси экан, у ҳам янгаси бўлар экан. Зулайҳо момо ҳам келди. Уч кампир йиғилди. Чой дамлаб келаяпти, иссиқ нонлар келди. Эргаш бобо катта энамизга: “Сариқ мой олиб кел”, – деди. Кейин иссиқ ноннинг ўртасин ёриб, мойни солиб, “Воҳ-воҳ-воҳ”, деб еди. Зиёфат, суҳбат бошланди.
–    Мен шу кетганча кетдим, шундай оралаб, Афғонистондан ўтдим, Ҳиндистон тарафга, Жангали Мозондоронга бордим, – деганди. Дунёда ёввойи жондорнинг бари шунда бўлар экан, ёввойи одам ҳам шунда бор экан. Борсам Жангали Мозондороннинг ичидан йўл ўтар экан, устида маймунлар ўйнаб юрибди, кўрдим, – дегич эди…
Бизлар болада кетдик ўйнаб, бориб Эргаш бобонинг эшагини томоша қилдик. Эшаги – оқ эшак, устида қизил от эгар, от узангиси бор, от югани бор. Битта катта холи хуржун солувлик. Хуржунининг ичи китобга тўла. Хуржуннинг устига пар ёстиқ қўйилган. Мулла Эргаш бобони аввалги кўрганимиз шул.
Мулла Эргаш бобо ўли-тириги маълум бўлмай яна бир марта кетди. Иккинчи кетиши Тожикистон тарафга, дарёлар чиқадиган қорли товларга кетган экан. У ёққа ҳам ўзидан-ўзи кетиб қолган. Одамлардан қўлма-қўл бўлиб кетаверган. У киши қаерга борса, одамлар олдига уймалашиб қолар эди. Ўзи қўшиқ айтмасди. Раҳматулладай (қиссахон-бахши Раҳматулла Юсуф ўғли) оғзаки гапирар эди. Шунинг қайтишида бир одамни ул қилиб, шунинг уйида тўхтайди. У вақти Самарқанд марказ бўлган. Шунда у ўғли Эргаш бобони Ҳоди Зариф билан таништирган (Иса Эрназар ўғли бўлган. Тўра Мирзаев. Ҳоди Зариф суҳбатлари. Тошкент, 2013. – Б. 313).
Шунда Эргаш бобо қишлоққа Ҳоди Зариф, яна тўрт-бешта одам билан бирга келганди (Бу воқеа 1927 йилнинг ёз ойида бўлганлигини Ҳоди Зариф хотираси ҳам тасдиқ этади: Тўра Мирзаев. Ҳоди Зариф суҳбатлари. Тошкент, 2013. – Б. 260-261). Ҳаммалари товдан турли гиёҳларни териб қайтиб кетишди. Кейин Эргаш бобога ҳукумат қоғоз берар экан, “Қишлоқда болаларни ўқит” деб. Қишлоққа келиб, бир йилма, болаларни ўқитди. Эрталабдан ҳаммамиз йиғилиб борамиз, шунда “Кайкавус, Рустам Зол, деб бир достонга соб кетар эди, бир маталга. Тушда, “Озодсиз”, дерди. Кейин яна бошлар эди, то кечгача. Мен достонга кўп қизиқмас эдим. Маталга эътибор қилардим. Шу Жангали Мозондоронга, Қорли товга борганларини гапирар эди. Мулла Эргаш бободан эшитганларимни болаларгаям айтиб бериб ўтираман. Эргаш бобонинг нимаси қолди, шу гаплари қолди”.
Эргаш шоирнинг мактаб очиб болаларни ўқитган санасини Ҳоди Зариф 1924-1925 деб кўрсатган. 1925 йилнинг кузида Ўзбекларни ўрганиш комитетининг ташаббуси билан шоир Самарқанд шаҳрига келтирилади. 1926 йили шоир Муҳаммадқул Жонмурод ўғли Пўлкан ва Жассоқ шоирнинг ўғли Жолғош бахшиларни ҳам қўмитага олиб келган. Шу йилнинг ёз ойида Самарқанд вилояти Булунғур туманининг Қирқшоди қишлоғида Пўлкан шоир билан бирга достонларни ёзиб қолдиришга киришади.
Тақдир риштаси Эргаш шоир ва Ҳоди Зарифни бирлаштиргани, бир-бирига боғлагани ўзбек халқининг бахти бўлди. Натижада Қўрғон достончилик мактаби, унинг шоирлари, репертуари билан танишиш имкони туғилди.
Ҳоди Зариф айтар экан: “Мен ҳаётимда икки фавқулодда нодир хотира эгаларини кўрдим. Бири – Эргаш шоир, иккинчиси – Евгений Дмитриевич Поливанов. Улар бир кўрган, ўқиган нарсаларини ёд олиб, бехато айтиб бера олишар эди”.
Бугунги кунда биз Эргаш шоир фаолияти, ҳаёт йўли билан танишиб бахши шоир шахси, сиймосини таниймиз. Бахшилик санъатининг сир-синоатларини тушуниб етамиз. Барча санъатнинг чинакам вакиллари руҳан эгиз, бир иқлим кишилари бўлишларини англаймиз.
Эргаш шоир “Гўрўғли”(туғилиши ва болалиги), “Холдорхон”, “Хушкелди”, “Авазхон”, “Ҳасанхон”, “Далли”, “Равшан”, “Хиромон”, “Қундуз ва Юлдуз”, “Нурали”, “Алпомиш”, “Юсуф–Аҳмад”, “Алибек билан Болибек”, “Кунтуғмиш”, “Якка Аҳмад”, “Вомиқ–Узро”, “Қумри”, “Ошиқ Ғариб”, “Қизжибек”, “Тулумбий”, “Маҳтумқули” каби 20 дан ортиқ достонларни, жуда кўп термаларни айтган. Бу асарларнинг ярмига яқини ёзиб олинди. Шундай бўлса-да, у куйлаб, ёзма ҳолда мерос қолдирган намуналар Эргаш Жуманбулбул ўғлининг “Ўзбек фольклорининг Навоийси” (Абдулла Орипов баҳоси) эканлигини тасдиқлаб турибди.
Эргаш шоир мерос қолдирган халқ достонлари, терма, айтимларни ҳар жиҳатдан тадқиқ этиш мумкин. Устод Ҳоди Зарифнинг шоир ижодида нисбатан кам ўрганилган “Холдорхон” достони ҳақидаги қуйидаги: “Холдорхон” достонининг сюжет қурилиши “Гўрўғли” туркумига кирган бошқа намуналардан ажралиб туради. Бунда Гўрўғлининг Қиримга бориши тасвири орқали бахшиларнинг асосий диққати ҳаёт ва ўлим, ўткинчи дунёда яхши ном қолдириш, азал ва тақдир, абадият ва армон ҳақидаги фалсафий қарашлари ифодаланган”, деб айган фикри шоир асарларига теранроқ қарашга ундайди. Аслида халқнинг борлиқ, ҳаёт, азал ва абад, инсонийлик моҳияти ҳақидаги барча хулосалари унинг фольклорида, Эргаш шоир каби Сўз санъаткорлари меросида бадиий ифодасини топган.
Таниган танилади. Танилганнинг изи ўчмайди.
Эргаш шоир кўнглини баён этиб куйлаган “Кунтуғмиш” достонида келган ушбу байтларнинг маъно кўламлари бир ўзанга сиғмайди, денгизлар, уммонларга уланади:
Э, ёр, алам кўрган, қайдин келасан, айғил,
Кўп ранжу ситам кўрган, қайдин келасан, айғил.
Ким эрдинг гули сўлган, шум паймонаси тўлган,
Ёки боласи ўлган, қайдин келасан, айғил.
Диёридан айрилган, қанотидан қайрилган,
Ё ёридан айрилган, қайдин келасан, айғил.
Ёки:
Қаладан қалампир юклар қалачи,
Дурдонадан анбар тоғнинг оғочи,
Аналҳақ деб Мансур сенга осилди,
Ассалом алайкум, дорнинг оғочи.
Достонда Холбека тилидан, болаларини танимай дорга буюрган Кунтуғмишга қарата куйланган ушбу муножот:
Мен сени шоҳзода дедим, мард дедим,
Сен қандай сийнам қўйган дард эдинг,
Чиқсин кўзинг, танимадинг болангни,
Не тилингман буни дорга торт, дединг.
Аввал-охир мени мунча куйдирдинг,
Ғам билан кўзингнинг ёшин қуйдирдинг,
Чиқсин кўзинг, танимадинг болангни,
Подшо бўлиб, ўз болангни сўйдирдинг.
Армон билан билмаганим билдирдинг,
Зор йиғлатиб, кўзим ёшга тўлдирдинг,
Не тилингман буни дорга торт, дединг,
Подшо бўлиб, ўз болангни ўлдирдинг.
Юра бермай юрар йўлдан тойрилдим,
Чиқсин кўзинг, танимадинг болангни,
Армон билан мен боламдан айрилдим,
Мен сени шоҳзода дедим, мард дедим,
Сен қандай сийнам қўйган дард эдинг.
Онаизорнинг оҳу нидоси шу қадар таъсирли, зорли ифода этилганки, қўшиқ эпик шеър анъаналари мезонидан тошиб Эргаш шоирнинг индивидуал маҳорати юксаклиги, инсон қалби, кечинмаларини ифодалашда беназир заргар эканлигини кўрсатади. Бу қўшиқ ХХ аср ўзбек шеъриятининг энг мумтоз намуналари қаторига қўйилса, барча ўлчамларда муносиб ўринга эга бўла олади. Шундай бадиий юксак, юракка яқин ўринларни Эргаш шоир куйлаган барча достонлардан кўплаб топамиз. Бахшининг ўзи:
“Катта шоирларнинг йўли достоним,
Байтларини мен ўзимдан бойладим”,
деб таъкидлаганидек, бахши-шоир анъаналар изидан бориб инсон руҳининг юксак парвозларини сўз ва соз билан уйғунлаштириб чинакам санъат намуналарини ярата билган.
Эргаш Жуманбулбул ўғли “достон “қориси” эмас”, эпик билим алломаси, ҳакими экакнлигига гувоҳ ўтади. Унинг достон, достончилик, сўз ва соз ҳақида йўл-йўлакай айтиб ўтган фикрлари ҳам буни исбот этади. Эргаш шоир бадиий Сўзни муқаддас билади. “Ҳар нарсадан сухан қиммат, ёронлар, Яхши сўзни қилинг ҳурмат, ёронлар”, деб, таъкидлаган бахши  шоирликни, достончиликни юксак мақомда сақлаш, бадиийлик мезонларига амал қилиш шарт эканлигини уқиб, ўзгаларга ҳам уқтиради:
…Чала сўзни кўрсам зардам қайнайди,
Чечаннинг оғзида қисса ўйнайди.
Шоир чала сўзни қўшиқ қилган ҳолатларни кўриб куйиниб, шундай дейди:
Байти ҳам йўқ, сухан ҳам йўқ, йўл ҳам йўқ,
Сандиратиб отин достон қўйибди…
Яхши сўзни ёмон қилиб юрибди,
Доно сўзни сомон қилиб юрибди,
Иззатли, ҳурматли улуғ эрларни,
Хўр қип, юзин туман қилиб юрибди.
Шодлик ерга олиб келиб хўрликни,
Сўзнинг барин сарсон қилиб юрибди.
Эл ичинда калта-калта матални
Ямаштириб достон қилиб юрибди.
Бошласа ортини йиғиб ололмай,
Жамлай олмай вайрон қилиб юрибди.
Бахшилик санъатида мезон саналмиш бу талаблар Қўрғон шоирларининг асрий анъаналари, бадиий-эстетик талабларидан келиб чиқиб айтилмоқда, бу фикрлар “ўтган катта шоирлар”нинг бадиий савияси нақадар баланд бўлганлигидан далолат беради. Ушбу мезонлар улгу бўлиб “Алпомиш”, “Гўрўғли” каби достонлар Алпомишу Гўрўғли каби алплар Эргаш шоирдек “чечанликда сўзга сувдай оққан” бахши шоирларнинг таланти, меҳнати билан мумтоз шаклга келган. Бахшининг шахси бутун, кўнгли дарё бўлса, у ҳеч қачон “Шодлик ерга хўрликни” олиб келмайди. “Иззатли, ҳурматли улуғ эрларни  хўр қилиб, юзин туман қилмайди”, достону эртаклар якунида айтилгандек, ҳар юмушни эзгу мурод-мақсадига етказади. Эргаш шоир шундай ижодкор эди, унинг “Кунтуғмиш” достонини:
Яхши етсин муродга,
Ёмон қолсин уятга,
Ёмон фақир не қипти,
У ҳам етсин муродга,
деб якунлаши бахшининг чинакам ҳикмат оламига ошно бўлганлигига далилдир. Устоз Тўра Мирзаев “Ҳоди зариф суҳбатлари” китобида устоднинг Эргаш шоир ҳақидаги қуйидаги сўзларини келтирган: “Эргаш шоирдан ёзиб олинган ёки ўзи ёзиб берган асарларидаги ҳар бир сўз, ҳар бир рамз ва изоҳга алоҳида эътибор бериш зарур. Бу заковатли инсон бадиий сўзни жуда юксак даражада қадрлаган. Айтаётган сўзини ҳеч маҳал елга бермаган, шамолга учириб юбормаган. Шунинг учун ҳам у сўз ва соз, сухан ҳақидаги қарашларига доир махсус термалар яратиш билан бирга уларни ўрни-ўрни билан достонларнинг қат-қатига ҳам сингдириб юборган. Агар унинг асарларида қўлланган сўз ва соз ҳақидаги атамалар, лексик бирликлар бир жойга жамланса, достончилик санъатига доир кичик бир луғатчанинг юзага келиши шубҳасиздир”.
Эргаш шоир шундай ҳаким инсон, бахши шоирликда чинакам санъаткор эди.
Абдуғани ота хотирлайди: “Эргаш отам Тошкентга бориб қайтганларидан кейин биз дўмбира олиб беринг, деб юрдик. Чулондан битта дўмбира қилдириб кеб берди. Уни биз чертмоқ қаёқда. Амакимиз – Бекпўлат ака чертиб юрди. Бекпўлат ака анчагина бахши эди. Айниқса, бор бахшиларни эриклаб, ҳаммасини худди ўзидай овозини қилиб, элни кулдириб юрарди.
Эргаш ота кейинги келганларида бир-икки кун уйда ётқизиб, қўшиқ айтиб беринг, деган гапларни қилиб қолдик. Эргаш отам достончи бўлиш:
Узоқдан келаётибман,
Ғамнинг лойига ботибман,
Эй ёронлар, биродарлар,
Мен ёримни йўқотибман…
“Равшан”нинг шу байтларини яхши билиб айтишдан бошланади. Сен буниям айтолмадинг. Лекин бу бахши-шоирлик осмонда учиб юради. Уруғимизнинг бировининг бошига қачондир қўнади. Қачон бўлсаям қўнади. Ерга кириб кетмайди, дедилар”. Қўрғон бахшилари солган из, Эргаш шоирлар ўтган йўл йўқ бўлиб кетмайди. Бу улкан қувват санъат ва адабиётнинг янги шаклларига кириб авлодлар қонида уйғониши аниқ. Бахши-шоирликнинг илҳом қуши муносиб номзодни топиб қўнади.
Эргаш шоир 1937 йил невараси Абдуғани Турдимурод ўғлининг хонадонида вафот этди. Шоирдан ёзиб олинган достон, термалар у ҳаётлик давридан бошлаб бу кунгача узлуксиз равишда чоп этиб келинмоқда. Алоҳида нашрлардан ташқари “Эргаш Жуманбулбул ўғли” икки жилд, “Булбул тароналари” беш жилд, “Песня булбуля” уч жилд (рус тилида) китоблари минглаб нусхаларда китобхонлар қўлига етган. Эндиликда бу асарлар янгидан нашрга ҳозирланиб чоп этилаверади…  Шоир айтгандай:
Ўлган куни оти ўчар,
Сўзим қолса мендан нойиб.
Эшитганлар дуо қилса,
Мўмин бўлса қўлин ёйиб,
Менинг сўзим бир бўлакдир,
Бошқа сўзга кетар ҳайиб.
Одамдан яхши от қолса,
Арвоҳи юрмас сарғайиб.
Шоирдан эзгу сўз қолади. Эзгу сўз ҳамиша элда ардоқ топади, эл сўз эгасини ҳам улуғлаб, азиз билади.

Изоҳлар:
1. Жиритган – бездирувчи
2. Ҳаёт –  бу ерда боғ, турли дарахтлар, токлар экинлар экилган жой маъносида.
3. Зул (жул) – от ёпиғи, ёпиқ (фольк.).
4. Уча – елка, елканинг орқа томони (шевада)

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin

Телеграмдаги каналимиз: @/Behzod_Fazliddin
YouTubeда: Behzod Fazliddin

 

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 1 113

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *