Эркин Воҳидов. Ёшлик, навқиронлик ва етуклик шеърлари

Шоир «Танланган асарлар»идан шеърлар

Erkin Vohidov 1ТОНГ ЛАВҲАСИ

Уфқларга қўйиб гулдаста,
Тоғ ортидан кўтарди-да бош,
Пастга боқди чўққидан аста
Олтин қалам тутган бир наққош.

Ҳар нуқтага сайқал бериб у,
Водий узра чизди зар лавҳа.
Сўнг қуёш деб имзо чекди-ю,
Тонготар деб қўйди сарлавҳа.

1956

КАМТАРЛИК ҲАҚИДА

Гарчи шунча мағрур турса ҳам,
Пиёлага эгилар чойнак.
Шундай экан, манманлик нечун,
Кибру ҳаво нимага керак?

Камтарин бўл, ҳатто бир қадам
Ўтма ғурур остонасидан.
Пиёлани инсон шунинг-чун
Ўпар доим пешонасидан.

1956

* * *

Дўстларимни ҳайрон қолдирар
Баъзан ишкий шеърлар ёзганим.
Ҳазилкашлар қўймасдан сўрар:
– Куйлаганинг қайси нозанин?

Йўқ дей десам, кулги бўламан,
Алдамоқни ҳеч кўрмайман эп.
Не ҳам дердим, ҳазил қиламан,
Шоир ҳали изланишда, деб…

1957

* * *

Қаро қошинг,
қалам қошинг,
Қийиқ қайрилма қошинг, қиз.
Қилур қатлимга қасд қайраб —
Қилич қотил қарошинг, қиз.

Қафасда қалб қушин қийнаб,
Қанот қоқмоққа қўймайсан.
Қараб қўйгил қиё,
Қалбимни киздирсин қуёшинг, қиз.

1957

СЕВГИ

Ўн саккизга кирмаган ким бор,
Боғингдан гул термаган ким бор.
Сен ҳакингда ёзиб тўрт сатр,
Сирдошига аста кўрсатиб,
Қўшни кизга бёрмаган ким бор.

Дастлаб ҳар ким калам олган он
Ёниб сени куйлар бегумон.
Маскан куриб ҳар бир кўнгилдан,
Ошиқларни қолдириб тилдан,
Шоирларни қилурсан бийрон.

Тушдим чоғи мен ҳам домингга,
Эзгу ҳислар бахш этдинг менга,
Ҳаётимга зар лавҳа бўлдинг,
Илк шеъримга сарлавҳа бўлдинг,
Хаёлларим улфатдир сенга.

Юрагимда ҳис этдим канот,
Тилсим каби очилур ҳаёт,
Висолдаги дамларим ширин,
Ҳижрондаги ғамларим ширин,
Кулиб бокар менга коинот…

Ўн саккизга кирмаган ким бор,
Боғингдан гул термаган ким бор…

1959

* * *
То тирикдирки табиат,
То қуёш сочгайки нур,
Уч эгиз бордир тушунча,
Уч бу сўз ёндош бўлур:
Моҳиру меҳру маҳорат,
Олиму илму амал,
Ошиқу ишқу машақкат,
Шоиру шеъру шуур.

1961

ШЕЪР ҲАҚИДА ШЕЪР
(Ҳазил)

Шеърим, мана, битдинг ниҳоят,
Туним уйғоқ ўтди қошингда.
Битдинг дедим, севинма фақат,
Қанча иш бор ҳали бошингда.

Ҳали сени йўниб, тарашлаб
Юз марталаб ўчирмоғим бор.
Қайта-қайта ғижимлаб ташлаб,
Такрор-такрор кўчирмоғим бор.

Ахир бир кун мавсуминг етиб,
Кирганида ғўза шонага,
Аста сенинг қўлингдан тутиб
Етаклайман газетхонага.

Илҳом дилга боғлаган қанот,
Шахдам-шахдам ташлаймиз одим,
Бизга айлаб «ширин» илтифот,
Қарши олар адабий ходим.

Сени аста ёнимдан олиб,
Ҳаяжон-ла тутаман унга.
Шеърми? – дея у қовоқ солиб
Кўзойнагин қўяр бурунга.

Ўқиб чиқар, тортмага ташлар,
Ўз ишини эттирар давом.
Энди, шеърим, шу кундан бошлаб,
Сен меники эмассан тамом.

Ҳеч ким сени шеър демас энди,
Ҳеч ким демас қўшиқ ё ғазал.
Сен куй, илҳом, шавқ эмас энди,
Бунда сенинг номинг «материал».

Уринмагин энди беҳуда,
Учмоқ учун боғлама қанот.
Ором олиб ширин уйкуда
Муҳаррирнинг тортмасида ёт.

Ёз ҳақида битилган бўлсанг,
Шошма, ҳали қиш келгунча тур.
Бахтинг кулиб, йил ўтгач, аранг
Ярминг чиқса, шунга ҳам шукур.

Ҳали сени, шеърим, неча бор
Ғурбатларга етаклар тақдир.
Бунда қанча… мухлисларинг бор,
Ҳали сени қилурлар таҳрир.

Ўзгаради қанча каломинг,
Ўзгаради қанчалар лавҳанг.
Ёзилганда «Тонг» бўлса номинг,
«Оқшом» бўлар балки сарлавҳанг.

Сўнг оламга ёйгали қанот,
Элни ўзга қилгали «шайдо»
Қуёш янглиғ бир куни – ҳайҳот! –
Газетада бўлурсан пайдо.

Ўз номимдан танийман аранг,
Лол тураман сенинг қошингда.
Навбат билан танқидчи аканг
Ёнғоқ чақар энди бошингда.

Таҳлил айлаб терсу ўнгингдан,
Иккимизни қилади беҳол.
Хўп дўппослаб, танқид сўнгида
Ижодимга тилайди камол.

1961

ЁШЛИК

Ёшлик! Сени куйламаган ким,
Эртакларинг сўйламаган ким,
Қариганда ўйламаган ким,
Ўйлаб яна куйламаган ким?
Битмоқ бўлдим мен ҳам сенга байт,
Ёш юракнинг ҳаққи борми, айт?

Ёшлик, асли менинг ўзимсан,
Кенг оламга боққан кўзимсан.
Ёзган шеърим, айтган сўзимсан,
Кечам, эртам, ушбу рўзимсан.
Битмоқ бўлдим сен учун ашъор,
Аммо ўзни куйламоқ душвор.

Ёшлик – гулу гулғунча экан,
Бу гул олам тургунча экан,
Ёшлик – беҳад тушунча экан,
Поёни йўқ гардунча экан.
Битмоқ бўлдим мен унга достон,
Ўйларимга топмадим поён.

Ёшлик, дилдан шавқ кетгани йўқ,
Юрак сени тарк этгани йўқ,
Юрак сени тарк этгани йўқ,
Демак, қадрингга етгани йўқ.
Ёшлик, сени куйлаб билурман,
Аммо бугун ёшлик қилурман.

Ёшлик – ишқу ошиқлик майли,
Ўзи Мажнун, ҳам ўзи Лайли,
Субҳи олам унинг туфайли.
Майли, унга битмасам, майли,
На бир ғазал, на бир мусаддас,
Унинг ўзи шеърдан муқаддас.

1961

ШОИР УМРИ
(Пародия)

«Мана, мен Лермонтов ёшига етдим,
Бир шоир умрини яшадим чиндан.
Шеърият кўкида тик парвоз этдим,
Парвозим баланддир учқур лочиндан».
Сайёр

«Мана, мен Лермонтов ёшига етдим,
Бир шоир умрини яшадим чиндан».
Қанча қоғозларнинг бошига етдим
Ва лекин Лермонтов чиқмади мендан.

Дўстларим, ортиқча камтарлик нега,
Келажак ўн йилни кўрдим олдиндан.
Вақт келар, етарман Пушкин ёшига,
Ўшанда… Пушкин ҳам чиқмайди мендан.

1961

СУРАТ

Қаердадир кўрганман уни,
Бир дакиқа бўлганман улфат,
Эслолмайман, аммо, қай куни,
Қай дақиқа, қай дам, қай ҳолат?

Кўзларида ажиб муаммо,
Тилсиз сурат боқар менга жим.
Э, у ўша…
Топилди гўё
Унут бўлган бир бўлак умрим.

Кўз олдимдан ўтади бир-бир –
Аллақандай туманли, хира –
Хаёлимнинг қай бурчидадир
Йўқолмоқчи бўлган хотира.

У кунларни тиклар хаёлим,
Ёдга келар барча, барчаси…
Одамлар,
Сиз менинг ҳаётим,
Ҳар бирингиз умрим парчаси.

1961

* * *

Ой фонусин кўтарди осмон,
Юлдузчалар бўлди парвона.
Сайр этайлик, кел, бирга, жонон,
Кўнглим сени истар ягона.

Қўлларимдан тут ўзинг, дилбар,
Ойдин йўлга етакла мени.
Ошиқ бўлиб, ишон, шунчалар
Севмагандим ҳеч қачон сени.

Ажаб, ортиқ сармастман букун,
Кўкрагимга сиққудай олам.
Бу кун лим-лим тўлмиш лолагун
Ишқ майига кўнгил пиёлам.

Кел, юлдузлар тўшалган йўлдан
Етакласин бизни муҳаббат.
Ғамларингни чиқар кўнгилдан,
Шод кунларни эслайлик фақат.

Сайр этайлик, кел, бирга, эркам,
Рози кетсин биздан умрбод —
Шодлик учун яралган олам,
Севмоқ учун берилган ҳаёт.

1961

КИМНИ ЭТМАС БУ КЎНГИЛ ШАЙДО

Дунё экан…
Ишқ деган савдо
Борми фақат менинг бошимда?!
Кимни этмас бу кўнгил шайдо,
Ким шеър ёзмас менинг ёшимда?!

Севги илк бор тушдию қалбга
Ҳаётимнинг бўлди мазмуни.
У қўлимга тутқазиб қалам,
Кўзларимдан олди уйқуни.

Олди бутун фикру хаёлим,
Кетди дилдан ором, ҳаловат.
Севги бутун боримни олиб,
Шеър завқини қолдирди фақат.

Борлиқ олам кўзимга минг-минг
Гўзалликка тўлиб кўринди.
Гуллар менга ошиқ булбулнинг
Шеър дафтари бўлиб кўринди…

Айб этмангиз,
Дўстлар, бу савдо
Борми фақат менинг бошимда?
Кимни этмас бу кўнгил шайдо,
Ким шеър ёзмас менинг ёшимда?!

1961

ЮРАК ВА АҚЛ

Икки куч бор –
Юрак ва ақл
Икки ёнга тортувчи мени,
Улар бундоқ бўлса ноаҳил,
Қайбирининг тутай измини?

Мени бир ён бошласа ақлим,
Бошқа ёнга етаклар юрак.
Билолмайман, қайбири ҳақли,
Қайбирига ишонмоқ керак?

Ақл менинг ҳар қадамимни
Солмоқ бўлар тарозу тошга,
Ҳар дақиқа тергайди мени,
Ўхшама деб кўча бебошга.

Юрак эса унга сўз бермас,
Бу дунёда фақат ўйна дер.
Билмас,
Сира билгиси келмас
Қонун надир, қоида надир.

Ёр кўйига чорласа бири,
Юр деб ҳар кеч айласа хитоб,
Бири уйга етаклаб кириб,
Қўлларимга тутқизар китоб.

Ақл айтар:
Севдинг, ўша қиз,
Айт-чи, сенга қилурми вафо?
Юрак фақат сев дер, севгисиз —
Яшамоқдан борми ҳеч маъно?!

Ақл менга қилар насиҳат:
«Ёш жонингни ўртама бекор».
Юрак бўлса ён дейди фақат,
Ҳаёт бизга берилар бир бор.

Ақл дейди:
Шеърингдан не наф,
Машқларингдан лаззат олар ким?
Йўк, дер менга, ўлтирма ўйлаб,
Шеър ёз дейди нодон юрагим…

Ақл чексиз фазога ҳоким,
Ақл ҳоким олам юзига.
Борлиқ унга бўйсунар,
Лекин
Юрак кирмас унинг сўзига.

Шундан бир ён бошласа ақлим,
Бошқа ёнга етаклар юрак.
Билолмайман, қайбири ҳақли,
Қайбирига ишонмоқ керак.

Айбли эмас бунда иродам,
Маъзур тутинг, дўстлар, сиз мени.
Ақл қанча ҳақли бўлса ҳам,
Тутар бўлдим юрак измини.

У бахш этган оташда ёндим,
Ўзи бўлди менга раҳнамо.
Унга,
Фақат унга ишондим,
Юрак мени алдамас асло!

1962

ГЎЗАЛЛИК

Мулки борлиқ ичра бир маҳал
Кўрксизгина олам яралган.
Бермоқ учун дунёга сайқал
Олам аро одам яралган.

Шундан бери инсон тинмайин
Шу ер узра тер тўкар ҳамон.
Ерни гўзал қилгани сайин
Гўзал бўлар ўзи ҳам инсон.

1962

АСАБЛАР

Асаблар,
Асаблар,
Асаблар…
Сабабсиз сочилган ғазаблар,
Гуноҳсиз чекилган азоблар.
Кўз ёшлар…
Барига сабаблар
Асаблар, асаблар, асаблар.

Асаблар кимларни қулатмас,
Асаблар уйқуни йўлатмас,
Қалбни ҳеч шодликка тўлатмас,
Одамзод темирмас, пўлатмас!
Асаблар кимларни қулатмас!..

Асабга сўз берманг, одамлар,
Ғазабга йўл берманг, одамлар,
Умр-ку шунчалар қисқадир,
Шуни ҳам килмаймиз биз қадр.
Асабга сўз берманг, одамлар,
Азобга йўл берманг, одамлар!

1962

ФУЗУЛИЙ ҲАЙКАЛИ ҚОШИДА

Еллар, бир дақиқа тўхтанг эсишдан,
Сернаво булбуллар, сайраманг бир оз.
Карбало даштида яёв кезишдан
Чарчаб тин олмоқда Фузулий устоз.
Денгиз, тўлқинларинг урма қирғоққа,
Шоир ўйларига бермагил халал.
Устоз юрагида шеър туғилмоқда,
Дунёга келмоқда бир мунис ғазал:
«Сабо, ағёрдан пинҳон ғамим
дилдора изҳор эт,
Хабарсиз ёрими ҳоли ҳар обимдан
хабардор эт,
Кўнгил, ғам тунларин танҳо
кечурма, иста бир ҳамдам,
Ажал хобиндин афғонлар чекиб
Мажнунни бедор эт».
Япроқлар тебранар шеър мақомига,
Чечаклар жимгина эгиб турар бош.
Мармар сарҳовузнинг кумуш жомига
Шоир кўзларидан оқиб тушар ёш.
Боку боғларига чўкмоқда оқшом,
Денгиз мавж уради товланиб зарҳал.
Шоир юрагидан тошганда илҳом,
Ёш билан қуюлиб келади ғазал:
«Паришон ҳолинг ўлдим, сўрмадинг
ҳоли паришоним.
Ғамингдан дарда туштим,
қилмадинг тадбири дармоним,
На дерсан, рўзигорим бўйлами кечсун,
гўзал жоним.
Гўзим, жоним, афандим, севдигим,
давлатли султоним».
Ошиқлар ухлайди саҳарга томон
Фузулий девонин бошига қўйиб.
Мажнун севгисидан ўқилса достон,
Булбуллар тинглайди бутоққа қўниб.
Халқим жондин севар дилбар куйларни,
Халқим шеъриятга шайдодир азал.
Нечун банд этмасин фикру ўйларни,
Нечун маҳв этмасин қалбларни ғазал?! —
«Муқаввас қошларингким, ўсма
бирла ранг тутмишлар,
Қиличлардирки қонлар тўкмак ила
занг тутмишлар.
Саҳар булбуллар афғони дагил
беҳуда гулшанда,
Фузулий нолаи дилсўзина оҳанг
тутмишлар».
Ғазал ҳам бўлурми мунча дилрабо,
Бунчалар серишва, бунчалар серноз!..
Менинг шоирлигим ёлғондир,
аммо
Фузулий шеърига ошиқлигим рост.
Мажнундек беором бўлиб қолганим
Сарсари югурган тўлқинлар айтсин,
Кечалар уйқусиз шеър ёд олганим
Тонгги уфқдаги ёлқинлар айтсин.
«Шифои васл қадрин ҳажр ила бемор
ўландан сўр,
Зулоли шавқ-завқин ташнаи дийдор
ўландан сўр.
Кўзи ёшлуларинг ҳолин на билсун
мардуми ғофил,
Кавокиб сайрини шаб то саҳар бедор
ўландан сўр».
Еллар, бир дақиқа тўхтанг эсишдан,
Сернаво булбуллар, сайраманг бир оз.
Карбало даштида яёв кезишдан
Чарчаб тин олмоқда Фузулий
устоз.
Денгиз, тўлқинларинг урма қирғоққа,
Шоир ўйларига бермагил халал.
Устоз юрагида шеър туғилмоқда,
Дунёга келмоқда янги бир ғазал.

1962

ХОТИРА

Дўстим,
Хотирангдан қилма шикоят,
Ёддан чикармоқ хам яхши одатдир.
Ёддан чиқармоқ ҳам бир саодатдир,
Унутмаслик дарди оғир ниҳоят.

Вақтида унутсанг,
Ором топар жон,
Қалб кўтариб юрмас ортиқ жафони.
Мана мен,
Йилларки, бир бевафони
Эсдан чиқаролмай куяман ҳамон.

1963

ТЎРТЛИК
Толиб Йўлдошга

Шеърнинг сози – тўрт сатр,
Тўрт ажойиб – зўр сатр.
Шоир одам ўзини
Тўрт сатрда кўрсатур.

1963

ЎЧИРҒИЧ

Шеъриятнинг тимсоли – қалам,
У ҳақда-ку, шеърлар беҳисоб.
Эй шоирлар, битганда китоб,
Эслаб қўйинг ўчирғични ҳам.

Усиз бўлмас шеърингиз равон,
Усиз қилмас сатрлар ханда.
Сиз қаламга шеър атаганда,
Ўчирғичга бағишланг достон.

1963

КИПРИКЛАРИМ

Киприкларим икки саф бўлиб,
Бир-биридан яшайди йироқ.
Бедорлигим тўсиб васл йўлин,
Киприкларим чекади фироқ.

Мен тун бўйи тошдан гул ўйиб,
Кўзим юмсам тонгда бемажол,
Мени аста ухлатиб кўйиб,
Киприкларим айлармиш висол.

1964

БИР ТОМЧИ ЁШ

Чўққидан бир кичик тош юмаласа,
Тоғни қулатгудек сурон қилади.
Кўзингдан бир томчи ёш юмаласа,
Тоғдай юрагимни вайрон қилади.

Агар кўксим узра қуласа бирдан,
Тутмоққа қодирман тоғлар тошини.
Ҳайҳот, кўтаролмам киприкларингдан
Узилган бир қатра қайғу ёшини…

1964

БОШ ТЕБРАТАР СОАТ КАФГИРИ…

Бош тебратар соат кафгири,
Дер: қадримни билмас одамлар.
Секундларим гавҳар ҳар бири,
Нега парво қилмас одамлар?!
Бош тебратар соат кафгири,
Шошил, одам, ўтмоқдадир он.
Ҳар нарсанинг бўлар охири,
Бош тебратиб қолма сўнг, инсон!

1964

КУЙ АВЖИДА УЗИЛМАСИН ТОР

Куй авжида узилмасин тор,
Шеър ярмида синмасин қалам.
Яшаб бўлмай умрини зинҳор
Бу дунёдан кетмасин одам.

Қўлдан тушиб синмасин қадаҳ,
Лаб текканда тўкилмасин май.
Тўхтамасин уриб турган қалб,
Бошлаб қўйган қўшиғи битмай.

1964

ДЎСТ БИЛАН ОБОД УЙИНГ

Дўст билан обод уйинг,
Гар бўлса у вайрона ҳам,
Дўст қадам қўймас эса,
Вайронадир кошона ҳам.

Интизор ҳар уй диловар
Дилкушолар базмига,
Гар оёқ қўйса қабоҳат
Йиғлагай остона ҳам.

Яхши дўстлар даврасида
Очилурсан ҳар замон,
Кўркни шода ичра топгай
Марварид дурдона ҳам.

Сўрма мендан, ким дилоро,
Дўстми ё жонона деб,
Дўст менинг кўнглимдадир,
Жонимдадир жонона ҳам.

Қочма ростгўй дўстларнинг
Коҳишу озоридан,
Қадди рост шамнинг тилидан
Ўртанур парвона ҳам.

Дўст қидир, дўст топ жаҳонда,
Дўст юз минг бўлса оз,
Кўп эрур бисёр душман
Бўлса у бир дона ҳам.

Ким сенга ҳамроз эмасдир,
Боғараз деб ўйлама,
Гоҳи душманлик қилурлар
Қўл сиқиб дўстона ҳам.

Дўсти содиқ йўқ экан деб
Ўртаниб куйма ва лек,
Меҳр уйин кенг очсанг, Эркин,
Дўст бўлур бегона ҳам.

1967

ЎЗБЕГИМ
Қасида

Тарихингдир минг асрлар
Ичра пинҳон, ўзбегим,
Сенга тенгдош Помиру
Оқсоч Тиёншон, ўзбегим.

Сўйласин Афросиёбу
Сўйласин Урхун хати,
Кўҳна тарих шодасида
Битта маржон, ўзбегим.

Ал Беруний, Ал Хоразмий,
Ал Фороб авлодидан,
Асли насли балки Ўзлуқ,
Балки Тархон, ўзбегим.

Ўтдилар шўрлик бошингдан
Ўйнатиб шамширларин
Неча қоон, неча султон,
Неча минг хон, ўзбегим.

Тоғларинг тегрангда гўё
Бўғма аждар бўлди-ю,
Икки дарё – икки чашминг,
Чашми гирён, ўзбегим.

Қайсари Рум найзасидан
Бағрида доғ узра доғ,
Чингизу Боту тиғига
Кўкси қалқон, ўзбегим.

Ёғди тўрт ёндин асрлар
Бошингга тийри камон,
Умри курбон, мулки торож,
Юрти вайрон, ўзбегим.

Давр зулмига ва лекин
Бир умр бош эгмадинг,
Сен – Муқанна, сарбадор – сен,
Эрксевар кон, ўзбегим.

Сен на зардушт, сен на буддий,
Сенга на оташ, санам,
Одамийлик дини бирла
Тоза имон, ўзбегим.

Маърифатнинг шуъласига
Талпиниб зулмат аро,
Кўзларингдан оқди тунлар
Кавкабистон, ўзбегим.

Тузди-ю Мирзо Улуғбек
Кўрагоний жадвалин,
Сирли осмон тоқига илк –
Қўйди нарвон ўзбегим.

Мир Алишер наърасига
Акс садо берди жаҳон,
Шеърият мулкида бўлди
Шоҳу султон ўзбегим.

Илму шеърда шоҳу султон,
Лек тақдирига кул,
Ўз элида чекди ғурбат,
Зору нолон ўзбегим.

Мирза Бобур — сен, фиғонинг
Солди олам узра ўт,
Шоҳ Машраб қони сенда
Урди туғён, ўзбегим.

Шеъриятнинг гулшанида
Сўлди маҳзун Нодира,
Сийм танни ювди кўз ёш,
Кўмди армон, ўзбегим.

Йиғлади фурқатда Фурқат
Ҳам муқимликда Муқийм,
Нолишингдан Ҳинду Афғон
Қилди афғон, ўзбегим.

Тарихинг битмакка, халқим,
Мингта Фирдавсий керак,
Чунки бир бор чеккан оҳинг
Мингта достон, ўзбегим.

Ортда қолди кўҳна тарих,
Ортда қолди дард, ситам,
Кетди ваҳминг, битди заҳминг,
Топди дармон, ўзбегим.

Бўлди осмонинг чароғон
Толе хуршиди билан,
Бўлди асрий тийра шоминг
Шуълаафшон, ўзбегим.

Мен Ватанни боғ деб айтсам,
Сенсан унда битта гул.
Мен Ватанни кўз деб айтсам,
Битта мужгон ўзбегим.

Фахр этарман, она халқим,
Кўкрагимни тоғ қилиб,
Кўкрагида тоғ кўтарган
Танти деҳқон ўзбегим.

Ўзбегим деб кенг жаҳонга
Не учун мадҳ этмайин!
Ўзлигим билмоққа даврим
Берди имкон, ўзбегим.

Мен буюк юрт ўғлидурман,
Мен башар фарзандиман,
Лекин аввал сенга бўлсам
Содиқ ўғлон, ўзбегим.

Менга Пушкин бир жаҳону
Менга Байрон бир жаҳон,
Лек Навоийдек бобом бор,
Кўксим осмон, ўзбегим.

Қайга бормай, бошда дўппим,
Ғоз юрарман гердайиб (фахр этиб),
Олам узра номи кетган
Ўзбекистон, ўзбегим.

Бу қасидам сенга, халқим,
Оқ суту туз ҳурмати,
Эркин ўғлингман, қабул эт,
Ўзбегим, жон ўзбегим.

1968

* * *

Эй, мен билган,
Билмаган дунё!
Заррадан то Коинот қадар,
Ҳам аён, ҳам тилсимот қадар
Фикрат бовар қилмаган дунё!
Мен ҳам сендан
Бир кисм бўлиб,
Ҳис, идрок, жон ва жисм бўлиб
Яралибман, яшамоқдаман.
Оқар экан тириклик – дарё
Ҳаёт билан гоҳ тўлқин аро,
Хаёл билан гоҳ қирғокдаман.
Куйламоқнинг шавқи ҳам – яшаш,
Ўйламоқнинг завқи ҳам – яшаш,
Қай бири чин ҳаёт – билмасман,
Элга очдим қучоқларимни,
Елга сочдим хуш чоқларимни,
Лекин тунги қийноқларимни
Ҳеч кимсага ҳадя қилмасман.

1976

ОНА ТИЛИМ ЎЛМАЙДИ

Нотиқ деди:
«Тақдир шул,
Бу жаҳоний ирода.
Тиллар йўқолур буткул,
Бир тил қолур дунёда».

«Эй воиз, пастга тушгин,
Бу гап чиқди қаердан!»
Навоий билан Пушкин
Туриб келди қабрдан.

Ким дарғазаб,
Ким ҳайрон,
Чиқиб келдилар қатор:
Данте, Шиллер ва Байрон,
Фирдавсий, Балзак, Тагор.

«Ваъзингни қўй, биродар,
Сен айтганинг бўлмайди».
Барча деди баробар:
«Она тилим ўлмайди».

– Ҳей, бу қандай ақида! –
Қўлида табаррук жом,
Гўзал форсий ҳақида
Рубоий айтди Хайём.

Эҳтиросли, оташдил
Беранже сўрди нолон:
– Наҳотки фаранги тил
Йўқолгуси бир замон!

Неруда, Лорка турди
Сервантеснинг ёнига:
– Ким қасд этиб тиғ урди
Она тилим жонига!

Фузулий ёнди:
– Озар
Тили гулдек сўлмайди.
Барча деди баробар:
«Она тилим ўлмайди».

Камалакдек ранго-ранг
Бўлсин деб санъат, тиллар,
Асрларча қилдик жанг,
Армон қилдик минг йиллар.

Беқадр бўлса наҳот
Тиллардаги тароват!
Йўқолди бу кун, ҳайҳот,
Қабрларда ҳаловат!

«Фауст» ёнди гуриллаб,
«Хамса» ўтга туташди.
Бир садо жаҳон бўйлаб
Таралди, тоғлар ошди.

Бу садо янграр ҳамон,
Сира адо бўлмайди.
Олам айтар:
Ҳеч қачон
Она тилим ўлмайди!

1976

Abdulla Oripov va Erkin VohidovЁШ ШОИРЛАРГА

«Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди…»
Ҳамид Ғулом

Катта шоирларга қилмангиз ҳавас,
Сизга ҳавас қилсин катта шоирлар.
Чунки шеър бахтига устозлар эмас,
Муяссар бўлади кўпроқ шогирдлар.

Ҳали ёшсиз,
Ҳали шеърингиз ғўра,
Элнинг назаридан ҳали йироқсиз,
Лекин юртга машҳур шоирдан кўра,
Билингки, юз чандон сиз шоирроқсиз.

Шеър сизга ҳавасдир,
Ҳали эмас иш.
Сиз, шеърга сидқидил кўнгил берганлар.
Ов чоғи ўзини қилмай намойиш,
Панада бўлади доим мерганлар.

Танҳолик – шоирга дил эҳтиёжи,
Хаёлга ошнолик – буюк бахтингиз.
Қўнгач бошингизга шуҳрат гултожи,
Ташбеҳ изламоққа қолмас вақтингиз.

У пайт кўп бўлади ҳамдаму жўра,
Обрў, мартабада юксак бўласиз.
Сиз унда дафтару қаламдан кўра,
Мажлисларга кўпроқ керак бўласиз.

Қаерга бормангиз, ана шоир, деб
Эл кузатар ҳар бир қадамингизни,
Сиз инсон қалбини ўрганмоқ қолиб,
Ўргана бошлайди одамлар сизни.

Бир кун омадингиз келса, не ажаб,
(Омад дегани ҳам бор-ку дунёда)
Донишманд одамлар айтар:
Бу не гап,
Наҳот шундай одам юрса пиёда!

Амалдор бўласиз,
Курсингиз баланд,
Хизматингиз қилар машина ҳар кун.
Тонгда олиб кетиб мағзингиз билан,
Пўчоғингиз ташлаб кетар кечқурун.

Бир марта тушгансиз элнинг кўзига,
Энди кўздан нари кетмайсиз бир дам.
Фахрий аъзо қилар сизни ўзига
Каламуштутарлар жамияти ҳам.

Беором қушлардек сиз учиб-қўниб,
Ҳайъатдан ҳайъатга парвоз этасиз.
Тунлар шеър қаламин оҳиста йўниб,
Эртанги мажлисга доклад битасиз.

Сизда ҳар нарса бор,
Йўқ сизда йўғи,
Етгансиз, ҳар қалай, тилагингизга.
Лекин ёзилмаган шеърларнинг чўғи
Кул бўлиб тўкилар юрагингизга.

Бир кун тонгда
Оппоқ сочингиз тараб,
Дилингиз шогирдлик вақтин қўмсайди.
Айтасиз ҳаваскор ўсмирга қараб:
«Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди…»

Катта шоирларга сиз қилманг ҳавас,
Сизга ҳавас қилсин катта шоирлар.
Чунки шеър бахтига устозлар эмас,
Муяссар бўлади кўпроқ шогирдлар.

1977

АРМОН

Кеча керак бўлдинг,
Болалик чоғим!
Сенга қўл узатдим,
Йўқ,
Етолмадим.
Ошкора ғирромлик қилди
Ўртоғим,
Мен: бор, ўйнамайман,
Деб кетолмадим…

1977

ИНСОН
Қасида

Собиту сайёрада
Инсон ўзинг, инсон ўзинг.
Мулки олам ичра бир
Хоқон ўзинг, султон ўзинг.

Собит ўз маъвосида,
Сайёр фазо дунёсида,
Коинот саҳросида
Карвон ўзинг, сарбон ўзинг.

Шамс – дил тафтингдадур,
Сайёралар кафтингдадур,
Кенг жаҳон забтингдадур,
Боғбон ўзинг, посбон ўзинг.

Бу ёруғ дунё надур?
Кошонадур, вайронадур,
Сенга меҳмонхонадур,
Меҳмон ўзинг, мезбон ўзинг.

Бунда оқ бирла қаро,
Зулмат, зиё, шоҳу гадо,
Жанг қилурлар доимо,
Ул ён ўзинг, бул ён ўзинг.

Сен бало, ҳам мубтало,
Хайр ила кин, росту риё,
Фитнагар оламаро
Фаттон ўзинг, қурбон ўзинг.

Гоҳ адолат боғида,
Пири адоват гоҳида,
Ўз дилинг даргоҳида
Шайтон ўзинг, ғилмон ўзинг.

Хормисан ё гулмисан,
Тождормисан ё қулмисан,
Чуғзмисан, булбулмисан,
Нодон ўзинг, хушхон ўзинг.

Бу ҳаёт ўрмон экан,
Жон борки, қасди жон экан,
Бунда қатл осон экан,
Сиртлон ўзинг, жайрон ўзинг.

Бу ҳаёт уммон экан,
Уммон абад гардон экан,
Қатрадек сарсон экан,
Сарсон ўзинг, гардон ўзинг.

Машъали фикрат – сенинг,
Ҳам чангали ваҳшат сенинг,
Ғайрату ғафлат сенинг,
Жавлон ўзинг, урён ўзинг.

Қилдингу ойда хиром,
Ҳам ерда қон тўкдинг ҳаром,
Ушбу ҳолингдан мудом
Хандон ўзинг, гирён ўзинг.

Миндинг илм нарвонига,
Чиқдинг фунун осмонига,
Бу жаҳон айвонига
Аркон ўзинг, вайрон ўзинг.

Заррани ижод этиб,
Даҳшат бало бунёд этиб,
Оқибатни ёд этиб
Ҳайрон ўзинг, ҳайрон ўзинг.

Боғи арз обод эрур
Сендин агар имдод эрур,
Йўқса у барбод эрур,
Тўфон ўзинг, тўғон ўзинг.

Сен ҳилол, юлдуз, салиб,
Таврот, Забурдин юксалиб,
Боймисан ёки ғариб,
Комрон ўзинг, яксон ўзинг.

Ким фаранги, ким ҳабаш,
Ирқ, қон талаш, имон талаш,
Шулми инсондек яшаш,
Армон ўзинг, афғон ўзинг.

Мамлакатга мамлакат,
Миллатга миллат бўлса қасд,
Қилғувчи сўнг оқибат
Армон ўзинг, афғон ўзинг.

Онаизоринг – замин,
Танҳо йўғу боринг – замин,
Хаста беморинг – замин,
Ўғлон ўзинг, дармон ўзинг,

Бағрида ётқучи – сен,
Неъматларин тотқучи сен,
Тиғ бўлиб ботқучи – сен,
Пайкон ўзинг, қалқон ўзинг.

Марсга тўп отқувчи – сен,
Зуҳрони уйғотқучи – сен,
Уйқуда қотқучи – сен,
Уйғон ўзинг, уйғон ўзинг.

Келдинг оламга, демак,
Етмас уни сўрмак, емак,
Ерни этмоғинг керак
Бўстон ўзинг, ризвон ўзинг.

Сўзга ҳам поён бўлур,
Ёзсам яна девон бўлур.
Рустами достон бўлур,
Достон ўзинг, девон ўзинг.

Бўлмасин субҳинг қаро,
Бор бўл мудом борлиқ аро,
Ўзни этгил доимо
Инсон ўзинг, инсон ўзинг.

Эй, сен Эркин, сен букун
Ёздинг дилингдан бир тугун,
Сен киму не даҳри дун,
Бийрон ўзинг, нодон ўзинг.

1973

ҚЎЛЛАР

Қасида

Танингда камтарин аъзо
Бу қўллардир, бу қўллардир,
Мудом меҳнат учун пайдо
Бу қўллардир, бу қўллардир.

Жаҳонда токи бунёдсен
Ки, номи одамизодсен,
Юракдек тинмаган асло
Бу қўллардир, бу қўллардир.

Ҳаёт деб ердан узсанг ҳам,
Нажот деб кўкка чўзсанг ҳам,
Тириксан то сенга ошно
Бу қўллардир, бу қўллардир.

Замин бунёди бу қўллар,
Унинг барбоди бу қўллар.
Саодат ҳам буюк савдо
Бу қўллардир, бу қўллардир.

Ғазал бахш этган оламга,
Ажал келтирган одамга
Бу тиғдир, бу гули раъно,
Бу қўллардир, бу қўллардир.

Севар ёрга гул узган ҳам,
Очиқ кафтини чўзган ҳам
Тилаб хайру закот танҳо,
Бу қўллардир, бу қўллардир.

Жаҳон даъвосини этган,
Жаҳондин лек очиқ кетган
Скандар илки бедаъво
Бу қўллардир, бу қўллардир.

Кулол айлантирар чархин,
Қаро лой санъат ўлгай чин,
Бужур, лек санъати зебо
Бу қўллардир, бу қўллардир.

Тутибдур игна жонона,
Бўлибдур шеър сўзона,
Ўзи олтин, иши тилло
Бу қўллардир, бу қўллардир.

Ажаб, нозик бу бармоқлар
Териб мисқол қилур тоғлар,
Жаҳонда энг буюк кимё
Бу қўллардир, бу қўллардир.

Диёрим бир сахий соқий,
Орол унга майи боқий,
Сиру мавжли Амударё
Бу қўллардир, бу қўллардир.

Қўйиб нуқта қасидамга,
Боқарман тонгги оламга,
Қуёшдан шуълаларму ё
Бу қўллардир, бу қўллардир.

Салом, офтоб, салом, дунё,
Салом, шеърим, сени танҳо
Юракмас айлаган иншо,
Бу қўллардир, бу қўллардир.

1975

БИР ҚАДАМ

Иккимизнинг ўртамизда
Йўл, дилоро, бир қадам.
Шунчалар мушкулми қўймоқ
Сенга, зебо, бир қадам.

Кўзларимнинг нури бўлди.
Йўлга пойандоз, кел,
Сен қасам ичдингми ё, деб –
Қўймам асло бир қадам.

Мен сени Зуҳрою Ой деб
Илтижо қилдим, ва лек
Сен йироқсан, гарчи менга
Ою Зуҳро бир қадам.

Парда ичра офтобим,
Ёнида мен нурга зор,
Ташнаман, қирғокдадурман —
Бунда дарё бир қадам.

Не иложким, севги расми
Шул экан тақдир азал,
Ҳеч писанд эрмас масофа,
Мушкул аммо бир қадам.

Интизорлик телба қилди,
Телбаликка йўқ илож,
Жонидан кечган кишига
Икки дунё бир қадам.

Бас, шикоят қилма, Эркин,
Журъат айлаб йўлга чиқ,
Сенга бир одим Самарқанд,
Сўнг Бухоро бир қадам.

1976

ФУРСАТИНГ

Фурсатинг етмайди доим,
Ҳеч қачон етган эмас.
Меҳнатинг битмайди доим,
Ҳеч қачон битган эмас.

Чун замондек бепоёндир
Кўксинг ичра орзу,
Фурсату орзуни қувлаб
Ҳеч киши етган эмас.

Интилар борлиқни инсон
Баркамол этмоқ учун,
Не ажаб, инсонни борлиқ
Баркамол этган эмас.

Менда на борлиқ хаёли,
Менда на йўқлиққа ғам,
Манглайимга чунки шеърдан
Ўзга зар битган эмас.

Вақт келар, меҳнат битар,
Бўлғуси вақт ҳам бемалол,
Чунки у дунёга ҳеч ким
Иш олиб кетган эмас.

1976

ЯХШИДИР АЧЧИҚ ХАҚИҚАТ

Яхшидир аччиқ хақиқат,
Лек ширин ёлғон ёмон,
Ул ширин ёлғонга мендек
Алданиб қолғон ёмон.

Умримиз алдоқ жаҳонда
Алданиб ўтгай, ва лек
Сўнгги қийналғон ёмондир,
Сўнгги қийналғон ёмон.

Айтгали аччиқ азобинг
Бўлса дилдош яхшидир,
Сўз демай ўтли аламни
Жонингга солғон ёмон.

Жонга солғон ҳам на создир,
Элга сўйлаб мен каби
Шоири девонаи ишқ
Номини олғон ёмон.

Гар қилич келса бошингга,
Қўрқма, Эркин, ростни айт,
Яхшидир аччиқ ҳақиқат,
Лек ширин ёлғон ёмон.

1988

ВАТАН ИСТАГИ

Бу ватанда бир Ватан
Қурмоқни истайдир кўнгил,
Ўзни озод қуш каби
Кўрмоқни истайдир кўнгил.

Бу Ватан тимсоли бўлса
Тонг қуёши шуълавор,
Шуълалар қўйнида чарх –
Урмоқни истайдир кўнгил.

Ул Ватанга байроқ – инсоф,
Туғи сарҳад муҳри – меҳр,
Сарҳад узра соқчидек
Турмоқни истайдир кўнгил.

Ким бу тупроқ қадрин истар
Айламоқ тупроққа тенг,
Кўзига тупроқ билан
Урмоқни истайдир кўнгил.

Ул Ватан елканларини
Маърифат уммонида
Қиблаи имон сари
Бурмоқни истайдир кўнгил.

Бас, етар ёлғон саодат,
Ёлғон эрк, ёлғон ватан,
Ҳуррият завқини чин
Сурмоқни истайдир кўнгил.

Қутлуғ истиқлол кунида,
Эй Ватан, бағрингда шод
Эркин ўғлонинг бўлиб
Юрмоқни истайдир кўнгил.

1990

Erkin VohidovКЕЧИР, Ё РАБ!

Менга тош отди бир жоҳил,
Кечир, ё Раб, кечирдим мен,
У қулдир, бандаи ғофил,
Кечир, ё Раб, кечирдим мен.

Жаҳонда фитналар бордир,
Адолат гоҳи ночордир,
Адолат қил, ўзинг одил,
Кечир, ё Раб, кечирдим мен.

Ёмон бўлдим, ёмон бўлдим,
Хато ўққа нишон бўлдим,
Хато қилган эмас қотил,
Кечир, ё Раб, кечирдим мен.

Гуноҳидан ўт ул жоннинг,
Сўзига кирди шайтоннинг,
Кўнгил алданмоққа мойил,
Кечир, ё Раб, кечирдим мен.

Тутарман ул синиқ одам
Синиқ имонига мотам,
Дилига эътиқод жо қил,
Кечир, ё Раб, кечирдим мен.

У ҳам, мен ҳам қиёматда
Турармиз лол хижолатда,
Бўлиб даргоҳингга дохил,
Кечир, ё Раб, кечирдим мен.

Кечир, янглишмаган ким бор,
Менинг ҳам кўп гуноҳим бор,
Одамзод асли нокомил,
Кечир, ё Раб, кечир, ё Раб!

1991

БИЗЛАР АРРА ТОРТМОҚДАМИЗ

Бизлар арра тортмоқдамиз,
Аррамизнинг тиши йўқ.
Нега арранг тиши йўқ, деб
Сўрайдиган киши йўқ.

Чунки бизлар анойимас,
Пишиб кетган кўзимиз.
Арра тушган ўша шохда
Ўлтирибмиз ўзимиз.

1991

Миртемир, Ибройим Юсупов, Эркин Воҳидов, Абдулла ОриповТУРКИСТОН БИР, ВАТАН БИР

Қадим она бу тупроқ
Туркистон бир, ватан бир.
Бизга жондан азизроқ
Туркистон бир, ватан бир.

Ал-Беруний ёди бор,
Яссавий фарёди бор,
Кошғарий ижоди бор,
Туркистон бир, ватан бир.

Тангритоғ – шамойили,
Жайҳун, Талас ва Или –
Боболарим манзили –
Туркистон бир, ватан бир.

Фаробий чолғусида,
Навоий орзусида,
Шоҳ Бобур қайғусида
Туркистон бир, ватан бир.

Темур бобом туғида,
Шермуҳаммад руҳида,
Истиқлол шукуҳида
Туркистон бир, ватан бир.

Тожик – юксак Помирим,
Туркман – туташ томирим,
Қирғиз, қозоқ – бовурим –
Туркистон бир, ватан бир.

Мустафо Чўқай жони,
Чўлпоннинг шаҳид қони,
Қодирийнинг армони –
Туркистон бир, ватан бир.

Ёвлар пора қилган тан,
Хомталаш бўлган ватан.
Оҳ, бўлурми қайтадан
Туркистон бир, ватан бир.

Она ерга қулоқ тут,
Нидолар бўлмас унут.
Руҳлар айтар: она юрт
Туркистон бир, ватан бир.

1992

ВАТАН ҚАДРИ

Чашма қошида тиниқ сув
Қадрини билмас киши,
Сайр этиб гулшанда гулни
Кўзига илмас киши.

Ваҳ, бу не ғафлатки инсон –
Кўксида тутмиш ватан,
Ким ватан ичра ватаннинг
Шукрини қилмас киши.

Юрт недир, юрт доғи недир,
Юртдан айрилган билар,
Англагувчи юрт фироқин
Юртда топилмас киши.

Эй, ватандошим, эшит
Бобуру Фурқат ноласин,
Бесабаб андуҳ тиғида
Бағрини тилмас киши,

Билма, фарзандим, ватан ҳажрини,
Лек қадрини бил —
Ким ватан қадрини билмас,
Англа, комилмас киши.

1992

* * *

Ватан, то танда жоним бор,
Сенингдирман, сенингдирман,
Таним ҳок ўлса ҳам сен ёр,
Сенингдирман, сенингдирман.

Жаҳон кенгдир, фалак кенгдир,
Юрак кенгдир, чу сен борсан,
Сенингсиз икки дунё тор,
Сенингдирман, сенингдирман.

Менга бегона элларда насиб гар
Ўлса юз роҳат
Чекай бағрингда минг озор,
Сенингдирман, сенингдирман.

Агар шодликларинг оздир,
Менингдирсан, менингдирсан,
Магарким ғамларим бисёр,
Сенингдирман, сенингдирман

Бугун бор, эрта йўқ жисмим,
Валек руҳим учун мангу
Сенинг мангулигинг даркор,
Сенингдирман, сенингдирман.

Сенинг ишқинг билан ёндим,
Кетар жонимда бу оташ,
Сенингдирман, яна такрор,
Сенингдирман, сенингдирман.

1992

ТАЙЁРАДА

Парвоз чоғи тайёранинг дилбар келини
Кўк тоқини бизга тахти Сулаймон қилди.
Лекин эълон ўқиганда ўзбек тилини
Давлат тили бўлганига пушаймон қилди.

1998

ЎЗБЕК НАВОИЙНИ ЎҚИМАЙ ҚЎЙСА…

Ўзбек Навоийни ўқимай қўйса,
Олтин бошнинг калла бўлгани шудир.
Бедил қолиб Демьян Беднийни суйса,
Қора сочнинг малла бўлгани шудир.

Ўзбек Навоийни ўқимай қўйса,
Дод демоққа палла бўлгани шудир.
Маърифатдан айру ўйнаса, кулса,
Аза чоғи ялла бўлгани шудир.

Ўзбек Навоийни ўқимай қўйса,
Алдангани, алла бўлгани шудир.
Юлғич азиз бўлиб, билгич хор бўлса,
Пайтаванинг салла бўлгани шудир.

Эл комил бўлмаса юрт эмас улуғ,
Беқадр маҳалла бўлгани шудир.
Қалб тўла нур халқнинг ризқи ҳам тўлуғ,
Омбор тўла ғалла бўлгани шудир.

Ўзбек ўзлигини англаса бекам,
Унинг «Баракалла» бўлгани шудир.
Оламга Навоий наслиман деган
Овози баралла бўлгани шудир.

1971–2000

Erkin Vohidov 2БИР НИҲОЛ

Юртдошим, боғингга бир ниҳол қада,
Бу ниҳол номини Яхшилик ата.
Ниҳолинг ёнига бир гул экиб қўй,
У гулнинг исмини Гўзаллик деб қўй.

Гулу ниҳолингга бахш этиб ҳаёт,
Сув бер ва бу сувга Меҳр деб қўй от.
Сендан фарзандингга боғ қолсин, эй дўст,
Боғинг Ватан деган ном олсин, эй дўст.

2000

Биз ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin

https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://telegram.me/Behzod_Fazliddin
https://twitter.com/BehzodFazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 2 639

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *