Эътиқодингиз қандай?

«Эски оғриқлар» туркумидан

Ўзини англашга уринган кишининг ҳаёти ҳамма замонда оғир кечган. Айниқса, у мудом ташқи таъсирлар қуршовида бўлса. Аслида-ку, инсон учун энг катта муаммо, энг кучли “тўсиқ” унинг “ўз”идир. Демак, аввало, ўзини енга олгангина бу йўлда собитқадам бўлиши мумкин. Шу маънода ҳам ҳаётни кураш майдонига менгзаш ўринли. Назаримда, бу “жанг”да энг қудратли, энг самарали қурол Эътиқоддир.
Очиғи, кўпдан буён Инсон ва Эътиқод масаласи билан қизиқаман, буюк эътиқод эгаларининг ҳаёт ва ижод тарзи, бу борадаги фикрларини ташналик билан ҳазм қилишга уринаман, ўзимча нималарнидир ўйлайман, хулосалар қилган бўламан. Йўқ, ҳозир бу ҳақда батафсил гапириш мавриди эмас.
…Атоқли адиблар, сўз санъаткорлари, ўз навбатида, ёшлар ижодини ўқиб-кузатиб, Эътиқод ижодкор шахс учун ҳам ўта муҳим, таъбир жоиз бўлса, ҳаёт-мамот масаласи, деган хулосада янада қатъийлашдим. Кўпчилигимиз эътиқодни тор маънода, асосан, диний истилоҳ сифатида тушунадиганга ўхшаймиз. Шубҳасиз, эътиқодни диндан айро тасаввур қилиб бўлмайди; асос-пойдевори дин унинг. Аммо эътиқодни кенгроқ маънода ҳам тушуниш керак эмасми? Ижодкорнинг ҳаётий эътиқоди диний эътиқодига “тескари”роқ, ҳатто хилоф бўлса-чи? Шунисидан асрасин-у, бу энди янада чуқурроқ ўйлаб кўриладиган масала.
Реал қараганда, эътиқод мустаҳкамлиги йўлида бўлишдек заҳмату машаққатга тўла ҳаёт кечиришга унча-мунча кишининг юраги дов бермайди ва ўз-ўзидан яшашнинг енгилроқ йўлларини қидиради. Ўзингиз яхшироқ ўйлаб кўринг, эътиқодингиз бундай яша деб ўргатади, жамият мана бундай яша дея кўрсатма беради. Яна бошқа тўда ўз “қонун-қоида”ларига мосламоқчи бўлади… Бунақада эътиқоди мўрт одам ўз-ўзини бир бало қилиб қўяди. Салгина шамолга эсанкираб қоладиган навниҳолларни-ку, айтмай қўя қолайлик. Қандай йўл тутган маъқул? Қандай яшаш керак ахир?..
Бировлар “Худо дилингда бўлса, кифоя” дейди ва шу билан айбу гуноҳларини хаспўшламоқчи бўлади. Яна кимлардир “Аслинг каби кўрин…”ни тилдан қўймайди-ю, ўзи кўринганидек бўлмайди. Очиғи, ҳар гал шундай қалтисроқ мавзуда сўз юритишга уринар эканман, кўп ўйланаман: ёзсамми, ёзмасамми… Гўё кимдир “Ўзинг-чи? Аввал ўзингга боқ” деб тургандек бўлаверади. Яна ўйлайман-у, ҳеч бўлмаса, фикрларим қай даражада тўғри ёки мақбул эмаслигини билиш учун ҳам ёзишга чоғланаман.
Аслида, юқоридаги саволларга муқаддас манбаларда, улуғлар китобларида тўла ва аниқ жавоблар бор. Бироқ ёшлар – тенгдошлар, ука-сингилларимиз улардан қай даражада хабардор? Ўзимизни минг овутишга уринмайлик, аҳвол яхши эмас. Биргина интернетдаги ёзишмалардан ҳам ёш авлоднинг Эътиқодга муносабати ҳақида тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Ёш ижодкорлар-чи? Шоирликни “алкаш”ликдан ёки “шоу”дан деярли фарқламай қўйганларга нима дея оласиз? Ёзувчиликни интим муносабатлар тасвирига ружу қўйилган маиший “ҳикоя”лар ёзиб тарқатиш касби деб тушунганларга-чи? Дарров оғзингизга уриб, ўзиникини маъқуллайди, “Бу – мен танлаган йўл” дейди. Ҳақрост, ҳар кимнинг ўз йўли бор. Аммо бу йўл тўғрими-йўқми – ҳамма гап шунда. Бундайлар катта авлод орасида ҳам кам эмас.
Лекин дилга таскин берувчи сабаблар ҳамиша топилади. Саноқли бўлса-да, баъзи ёш ижодкорларнинг кўра-била туриб шу “бахтиқаро” йўлни – улуғ эътиқодлилар тутумини танлашга мойиллик билдираётгани, бутун эътиқод соҳиби бўлишга уринаётгани кўнгилни тоғдек кўтаради. Ҳеч бўлмаса, ҳаракат қилинаяпти-ку, дея умидланасиз. Аммо улар ёлғиз, жуда ёлғиз…
Назаримда, ёш шоир ўз битиклари воситасида қайта ва қайта Яратганга мурожаат қилса, ёзувларини Биру Борга илтижою дуоларга кўмиб юборса, буни айбга йўймаслик керак. Демак, у ҳозирча шундан таскин қидираётир; бутун оламлар Яратувчисининг қудратига шеър тилида иймон келтирмоқда, мўъжизалар мўъжизасидан ҳайрат туймоқда… Бундан ўзгача завқ туйган Сўз заҳматкашлари ижод ҳам муножотнинг бир кўриниши эканига яна бир бор амин бўлиб, ёш дўстига маслаҳатомуз фикрлар айтади, тўғри йўлдан кетаётганини эътироф этади, ўрни келганда, йўл-йўриқ кўрсатади, ғашланган калтабинлар эса “Эринмай санаб чиқдим, шеърларингизда “Худо” кўп экан, яхши эмас”, дейди…
Гапларим унча қовушмаяпти-а? Буни ўзим ҳам сезиб турибман. Бироқ бугун узуқ-юлуқроқ бўлса- да, шуларни ҳавола этгим келди. Негаки, ҳамма-ҳаммаси Эътиқодга бориб тақалаётганини кўриб-билиб турибман. Энг тўғри йўл эътиқоди бутун инсонлар йўли, нажот комил Эътиқодда эканини борган сари теранроқ англаётгандекман. Аммо…
Барибир, жуда кўп гапларим ичимда қолиб кетди. Эҳтимол, шуниси маъқулдир…

2013 йил  21 август

Беҳзод

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin

Телеграмдаги каналимиз: @/Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 806

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *