Фахриёр. “Аёлғу” китобидан шеърлар & Аҳмад Аъзам. Шеър – номаълумликка таниш ишора

ШЕЪР – НОМАЪЛУМЛИККА ТАНИШ ИШОРА

«Аёлғу» – ғаройиб сўз: тарихнинг оҳанги келади, қанақадир чўл, қанақадир тарих, эски бир чолғуми, билмайсан, ишқилиб, нимасидир таниш, илғайман деганингда илинмайдиган бир қизиқ маъно, нимадир таниш-нотаниш.
Таниш-нотаниш нарсанинг ўзи шеьр дегани. Ҳамма томони, ҳамма маьноси таниш-тушунарли бўлган равон, музайян сўз – аслида шеьр эмас, шунчаки уқтириш, ёки сен яхши биладиган маьно билан сени яна бир карра чиройли таништириш. Шу, холос. Бу ҳам балки керакдир, ўзинг яхши биладиган, ҳар куни суҳбатлашадиган одаминг билан бугун бўлиб, ёдда қолмайдиган, шунинг учун эртага яна қайтариладиган ҳамишаги суҳбат.
Шеьр – номаьлумликка таниш ишора берадиган, номаълумликни ўқиганнинг кўнглида давом эттириб, фақат унинг ўзигагина мужда нарсаларни очишга туртки, мухлиснинг кўнглидаги унинг ўзи учун янги фикр. Шу маьнода бир шеьрдаги муҳаббат – бу минг муҳаббат, минг одам ўқиса, шунча муҳаббат туйғуси. Лекин маъно таниш бўлса-да, яна тўлиғича айтилса, бу атиги бир шеьр, холос.Faxriyor Ayolg'u
«Ечилмаган кроссворд каби катаклари бўм-бўш қафаснинг. Бўм-бўш қафас қафаслар ичра чиройлиси, энг гўзали, энг…» – энг… нима? Шеьрда шу «энг» ҳам бор, ҳам йўқ. Ҳис қилганга бор – унинг кўнглида ўзи уйғонади, бошқа ҳис қилганларнинг кўнглида бошқача уйғонади уйғониш – шахсий: «Умуман, рўй бермас воқеа, Рўй бергучи менман, умуман, Мени излаб юрар моҳият…», муҳаббатга ўхшаган. Ҳамма севади, лекин ҳамма бир аёлни эмас, ҳамманинг кўнглида шахсий минбари бор, яхши шеьр шу минбарга таклиф қилади.
«Ҳаёт, сен шаробсан, майсан бир сузим…» – бир сузим туйғу таьсир қилса, ҳар кимда унинг ўз тасаввурини уйғотса – шу шеьр  «мени излаб юрган моҳият» бўлади. Мана, бир мисол:  «Кўнгил куйиб бўлди, инчунун, ўзгачадир мазмуни дарднинг…» Бунга бошқа шеьрдаги сатрлар боғланади: «Энг…, энг…» имконият чегарасидир, уни фақат шоирлар бузар».
Яна «аёлғу»га қайтсак, «излаб тополмаганим аёлғу олиб чалолмаганим чанқовуз чолиб чанқовузнинг бўғзидан куйлар қаталаб чиқар…»
Шу ерга келганда нимадири ойдинлашади. Балки бу ростдан ҳам чолғудир – юрак чолғуси, ҳарқалай, нимадир куй бор: излаётган ҳамма нарсани: муҳаббатни, эьтиқодни, умуман, ўйга таянч бўлган бир Туйғуни излаётган кўнгилни тушуниб эмас, англаб бошлайсан. Фахриёрнинг шеьрларини ўз кўнглингда давом эттирасан, тўғрироғи, ўша аёлғу тахайюлингда бир сузим-бир сузимдан туйғу – таассурот уйғота бошлайди: «ой юзинг доғларига қараб йиғладим учаётган руҳимнинг темир қанотларига тевралар армон кўзёшларимдан қанотлари ивиб кетган мутаассиб юрак шакарлари тўкилиб кетган янтоқнинг устида жавраб ўлтирар ва яширар қанотларини ичига эьтиқод каби азонда азон йўқ хазон бор муаззин хазон»… Яъни ўша қадим чолғу чалина бошлайди; бу куйнинг тиними йўқ, узилмайди, нафас ростламайди, гоҳ теран, гоҳ юзалаб, гоҳо сўзга қоқилиб, қоқилганда инграб, гоҳ кўтарилиб бир сингроқда кетади, шунинг учун ҳам унда сатрнинг бошламаси, сўзнинг тиниши, одатий тўхтамлардаги катта ҳарфлари ҳам йўқ, худди нотекис ўзанда оқаётган битта тошқиндек қуйилиб келаверади…
Мен Фахриёрни кўпдан бери танирдим, шеьрларини ўқиганман, ўзи билан кўп гаплашганман, лекин «Аёлғу», барибир, менга нотаниш бўлиб чиқди янги шоир сифатида. Яна янгиликка кириб бораётган шоир сифатида унинг изланиш йўлидаги ўзгача суриниш-тойишларини ҳам сезгандек бўлдим. Менга айрим шеьрлари, баъзан сўз танлашда ошиқишлари шундай туюлди. Лекин у, барибир, шеьрнинг шундай сакта жойларида ҳам ўзидан узоқлашмайди, сўз ясашларида ҳам навқиронлик бор – топганининг у ёғида яна нималар борлигини билишга ошиқади ва, табиийки, айниқса, кўнгил гўзаллигидан шошган одам буни гўзал айтмайди, шуниси билан ҳам самимий. Яна шеьр балки шудир…
Ҳарқалай, Фахриёрнинг шеьрлари кўнгил ҳуши учун роҳат қилиб ўқийдиган эмас, арғумоқнинг дағал ёли тортилган камонча билан чалинадиган созга менгзайди, балки аёлғуси шудир; кўнгилни безовта қилади, тирнайди, титади, фикрни туртади: тарих ҳақида, эътиқод ҳақида, муҳаббат ҳақида, табиат ҳақида, умуман, Уйғоқлик ҳақида одамнинг ўзи билан ўзи баҳс қилишига туртки беради. Фахриёрнинг янги шоирлиги ҳам балки шудир.
Шеърни тушунтириш қийин, бир одамнинг изоҳи – бу битта тушунча, минг одам минг хил ўйлайди ўқиганда: «Умуман рўй бермас воқеа, Рўй бергучи менман, умуман. Қофиялар қилади таьқиб, Бўғмоқ учун шайланар бўғин. Пойлаб юрар қайдадир тақиқ, Кўтаргизар ғоялар туғин. Мен улардан қочайин қайга? Қай жанубга кетайин учиб? Бирор кимса кутмаган жойда Тўсатдан рўй бермоқлик учун?» Шеьр шу – тўсатдан бир одамнинг дилига келадиган, бошқа одамнинг дилида тўсатдан рўй берадиган! Битта мен шундай тушундим. Сиз-чи? Бунга жавобни тўпламдаги шеьрлардан таассуротингиз билан ўзингиз топасиз кўнглингизда.
Албатта, тўпламга сўзбоши ёзганда «энг…» деган мақтов айтгингиз келади. Лекин «Аёлғу»га шу мақтов шарт эмас, менингча, чунки ундаги шеьрларни ўқиб-мақташ ўқиганларнинг ўз иши бўлиб қолади. Сиз ҳам бир ўқиб кўринг. Мен ўқиганда шу хаёлларга бордим, сиз ўқиганда ўзингиздаги бошқа – теранроқ хаёлларга борсангиз керак.

Аҳмад АЪЗАМ

***
Ҳаёт, сен шаробсан, майсан бир сузим,
Йигирма тўрт йилки тўймадим, аё.
Юрар май ичинда ҳасратлар юзиб,
Соқиё, айш қаён, уқубат қаён?

Гоҳо тўйиб кетар севгимдан аёл,
Кўз ёшлар тўйдирар – ичгум бир ўзим.
Мен сендан, барибир, тўймасман, ҳаёт,
Кўзинг оч, кўзим оч. Очкўзим – кўзим.

Тахир бир шаробсан, о ширин ҳаёт,
Сабрим косасига сени қуярман,
Ичарман кўз ёшни ичганим каби

Тотинг унутмагай ёдим умрбод
Сени қуяр жомим, нимкосам – сабр.
Мен унга аёлнинг исмин ўярман.

1987

ҲУРЛИК

Ечилмаган кроссворд каби
катаклари бўм-бўш қафаснинг.
Бўм-бўш қафас қафаслар ичра
чиройлиси, энг гўзали, энг…

1984

***
Сени сендан изладим,
йўқсан.
Эгалари кўчиб кетган уй каби
бўм-бўш турибсан.

Фақат ташландиқ уйда
эсдан чиқиб қолган мушук мисоли
кўксингни ичдан
тирнар бир нима…

1990

ХОТИРА МАШҚИ

Сен шеърни қўй, шоирларни қўй,
Кўз ёш – малол, муҳаббат – маҳол.
Сен қасд эмас, қасосингни суй,
Сен яхшилаб нафратни ёд ол.

1988

***
Умуман, рўй бермас воқеа,
Рўй бергучи менман, умуман.
Мени излаб юрар моҳият.
Қолип излаб юрар бегумон.

Қофиялар қилади таъқиб,
Бўғмоқ учун шайланар бўғин.
Пойлаб турар қайдадир тақиқ,
Кўтаргизар ғоялар туғин.

Мен улардан қочайин қайга?
Қай жанубга кетайин учиб?
Бирор кимса кутмаган жойда
Тўсатдан рўй бермоқлик учун?

1989

***
Вақт бизни кўнгилчан қишдан айирди,
ҳаммаёқ қор эди, юмшоқ ва гуртук.
Момиқ поёндозда юрган шоҳ каби
биз қорни тепкилаб бемалол юрдик.

Бу ёғи баҳордир, баҳор бешафқат,
ҳатто йўлакларда қизғалдоқ унар.
Энди яшаб бўлмас гулларни топтаб,
бош билан юрмоқни қилмасак ҳунар.

1987

***
Баҳор ҳеч нарсани эсдан чиқармас.
Ҳар сафар гул қўяр
ҳар бир қабр пойига.

1988

КУЗГИ ШЕЪР

Турналар қўшиғи – энг маъюс қўшиқ.
Ундан-да мунглироқ куйлаши мумкин
фақат шоирлар.

Хазонлар шитири – энг сўнгги товуш.
Навбат – шоирларга!

«Энг…, энг…» имконият чегарасидир,
уни фақат шоирлар бузар.

1985

КУЗДА

Сариқлик – тош ранги,
ялмоғиз тошнинг.

Оғирлаша бошлар япроқлар –
тош рангига ишқибоз улар,
тошларнинг ёнига тушгиси келар.

Ўғлининг, шаҳарга кетаман, деган
хархашасин тинглаётган онадай
безиллаб турибди дарахт.

Ваҳоланки, ҳар қандайин тош,
ҳатто кўнгил учун ҳам
япроқлар ўрнида осилиб
турмас ҳеч қачон.

1983

ШАККОК ТОШ

Сиртига сув юқтирмаган тош,
Сен шаккоксан
Гапнинг рости-да.
Неча йилки, қуруқ ётибсан
Оқаётган кўзёш остида.

1986

***
Шаънингиздан ўзга бир шаън йўқ –
Куйланмаган, мақталмаган шаън.
Лол этасиз бир сиз ҳаммани
Гулдайин пок шаънингиз билан.

Қўшиқ, ҳатто, шеър бўлса ҳамки,
Айтиб бўлмас, йўқ, шаънингизга.
Оқ кўйлакка теккан доғ каби
Ярашмайди мақтовлар сизга.

1986

***
Қайда яшамасин одамзод, асли
Сангижумон, Румо ё Тошканд.
Аслида биттадир юракнинг касби:
Юрак эркка ихтисослашган.

1989

ЮЛДУЗ

Юлдуз хиёнатни билмас, бокира,
эртага келаман, деб алдамас у.
Юлдуз таманнони билмайди сира.

Келаман, дедими, келар, ишқилиб,
унга тайинламоқ шартмас қайтадан,
фақат у келади келмоғин билиб.

Кўзларни куйдириб юрмас кўчада,
ҳаёли жувондай боқар жимгина
олис осмонидан сокит кечада.

Бахтиёр аёлдай жилмаяди у.

1985Faxriyor 1

ШЕЪРИЯТ

Топпон хоним, шўргинанг қурсин,
Юрак шаклин ўзгарта бошлар.
Бурчакланиб борар энди у,
Энди у ғишт шаклида яшар.

1991

* * *
Оқартирмоқ учун бошини
Яшамайди атай бирор зот.
Тўкмоқ учун сочини асло
кечирмайди олтмиш йил ҳаёт.

Оқартирса кўнглини атай
мумкиндир у оқартирмоғи.
Тўкса фақат гуноҳларини
Ярашгайдир тўкиб турмоғи.

1981

АЁЛҒУ
беш жуфт тахайюл сабоғи ва тўрт танаффусдан иборат

ой
юзинг доғларига қараб йиғладим

учаётган руҳимнинг
темир қанотларига
тевралар армон
кўз ёшларимдан
қанотлари ивиб қолган мутаассиб юрак
шакарлари тўкилиб кетган
янтоқнинг устида жавраб ўлтирар
ва яширар қанотларини
ичига
эътиқод каби

азонда азон йўқ
хазон бор
муаззин хазон

япроқлар қапишиб қилур ибодат
улар яссавийнинг шогирдларидир
ерга кирмоқ истар
бир йилда пайғамбар ёшини яшаб
бўлган япроқлар
тупроқ бўлмоқ истар
тупроқ тангри осмондан тушган
тупроқ устоз
тупроқ ватан
тупроқ қўйинди
мен эсам
ой
юзинг доғларига қараб йиғладим

***
ой
юзинг доғларига қараб йиғладим

кўзгу йўқ
бешик йўқ
сандиқ бор
ва тоғларни ютиб кетган
тупроқ бор фақат
сандиқ ясриб кетаётган
муҳаммаднинг
қароқчилар талаган
хуржунидай бўм-бўш
дарвоқе
хуржунда ярим тилик ой
бор эди
лекин хуржун сандиқ эмас

икки йўл бор мен учун
ё кетурман тоғларга
узлатгир бўлиб
қуръон ғорига кўнгилли маҳбус
ё жайҳунга оқурман
журжон эса йўқ
ватан эса йўқ

ватан ҳам гоҳида ташлаб кетади
жалолиддин мангубердининг
туёқларидан
ўт чақнаган оти
ёлларига осилиб

учинчи йўл
мен қоламан
тупроқ қолар
ва томонлар қолар ҳувиллаб
туркуларда куйланган хунний томонлар
қонга ботиб кетган жануб учун
кўк кийган машриқ
шимол бети қора    қарғиш теккан ранг
мағриб эса оқ
ватан кўчиб кетган қайғули тараф

бу йўлда қирғин бор
узгун бор
она буғи йўқ

унда бешикка беланган
мен қайдаман
унда йўл қайдадир
биринчи
иккинчи
танмаҳрам йўллар
ё шоҳмашраб ҳарамида
ётганмикин
ипакларга бурканиб

т а н а ф ф у с

шафқат деб аталган қаҳр бор бунда
кўзёш деб аталган тақир бор бунда
юрак деб аталган сағир бор бунда
йўқдан фақат муҳаббат йўқдир

тиллолар туш кўрар кокилингни зар
пешонам тирнайди  тақдири азал
хунёгар оҳида тирилар ғазал
қайлардасан гулим бокирам

булбулнинг тилини қамишга бойлаб
кўксимга ботириб жоним авайлаб
фақат бир сатрни ёзаман ойлаб
гулим менинг тушларимга кир

тахайюл шароби ойдайин заъфар
дилимнинг ҳижрати қайғуга сафар
алам бор гуноҳ йўқ на ҳожат ғаффор
йўқ гуноҳга бунча маъфират

қаро тун катида уммедим фалаж
ўйларим ўйилар кўздай на илож
на мен осийдурман на мансур халлож
ўзим қолиб сенга сиғиндим

* * *
ой
юзинг доғларига қараб йиғладим
само бор
самоъ йўқ
зикр йўқ
такбир бор
аллоҳ акбар
аллоҳ акбар
ҳаққа учаётган хабарлар қўналғаси
ой
юрагимнинг мунгроқларини
ингроқларини
қабул қилар ва ҳаққа йўллар
ўзимга такрор
ваҳий қилиб қайтармоқ учун
мен ваҳийни тушимда эмас
фариштанинг қушлар тилида
юракка солган
жазавасидан ҳаммас
мусиқорнинг чумдугидан олмоқ истайман
у куй бўлсин
сангижумонлик собир бахшининг
дўмбирасидан
бир замонлар яралган куй
таралган куй
мен бу куйни тирилтирмоқ истайман
вақтнинг чексиз даштларида адашиб кетган
қўшиқларни мен шеър қилмоқ истайман
саҳройи оҳанглар билан
токим ундан анқиб турсин
ҳақиқатнинг ёвшан ислари

* * *
бир жангари арвоҳ кезинар
туркистон узра
қанотлари шомий шамширдан
нигоҳлари қаҳратон
музчил
қасослар исидан бўғриққан ҳавони
унинг чирқиллаши
арқон қилиб эшади
найнинг мунгидай
бўйнига сиртмоқ тополмаётган
миллат учун

топталган ватанда
таланган ватанда ягона эрк
бу
сиртмоқ ҳалқасидан
кўринаётган
музчил осмон
қаҳратон осмон
у сиртмоқ эмас
арвоҳнинг кўзи
кўзлардан тўкилар кадар маломат
мен излайман суякларимни
самарқандни тимирскилаб чиқдим
йўқ
қизалоқ ребека*нинг елкасидаги
қопга қўлларимни тиқиб
пайпаслайман
бегона суяклар
тарсо суяклар
менинг суякларим қани ой
ё бирор ватандошим
сардорларининг
суякларин орқалаб
жангга кетган ҳиндулар каби
савашмоқдами

менинг суякларим қани ой
нечун қобирғамни ўғирлаб олдинг
шайх нажмиддин кубронинг
итимисан ё
ёвқур ва учқур
нечун учиб кетдинг фалакка
суякларимни олиб
наҳотки
ҳилол
менинг қобирғамдан тўраган

султон бўлолмадим жаҳонгир бўлиб
арвоҳнинг кўзлари имлайди мени
ой бўлиб чақирар ўзга бир дунё

 т а н а ф ф у с

сенинг тушларингдан паноҳ истадим
узун илон бўлди соғинч бистарим
орзулар қўрғошин армон музтариб
гулим нечун бегона бўлдинг
девона бўлдим

сочинг дарёсида чўмилар ақраб
менинг эса менинг қўлларим қақрар
кўзингда адашган йўлларим қақрар
кўзларимни паймона қилдинг
гирёна бўлдим

боқиб боқмаганим замоналарга
бошимни уриб минг остоналарга
мен сени топгандим афсоналардан
нечун қайта афсона бўлдинг
ҳайрона бўлдим

* * *
расул ўргимчак
меҳмон ўргимчак
кўйлак тўқиб берибди менга
мендан уялган орзуларимнинг
ипак арқоқларидан
йиллар учиб чиқмоқлиги учун
унинг енги йўқ
ва ёқаси йўқ
мен ушлаб ҳайратланмакка
ва ҳаттоки ҳарифим билан
дўст тутинмоққа
ёқа йўқ
инчунун
донишманд бойқуш йўқ
макон тутмоққа
ёқамнинг вайрона чолдеворларин
узлат йўлинда
бухорий каби

қулоқ бойқуш
камбағал бойқуш

ёқамни сўрайман
ёқам йўқ менинг
ўргимчак тушунмас туркий каломга
ўзича англайди ишораларни
имони ўзича англаган бўлар
гўё мен мукофотсирагандайин
қизил илонни
чамбар қилиб
бўйнимга тақар
на чора
илон сиртмоқ эмас
таассуф
лекин у махлуқ
қайдан ҳам билсин
менинг бўйнимга
хўжа аҳмад яссавийнинг
вайрона даҳмаси
кўпроқ ярашишини
негаки
вайрона ёқага
сиғаверар ҳар кимнинг боши
вайрона ҳеч қачон сўраб ўтирмас
менинг мазҳабимни
сенинг динингни

* * *
тушларимни қабартирар ой
тушларимнинг қадоқлари
юрагимга ботмоқда
мен қандоқ куйлайин
қонлар силқиётган юрагим  билан
мен қандоқ куйлайин
юрагимга ой каби
ботиб кетган қадоқларни
оттирмай туриб
қадоқлар отмайди
тонг каби
қадоқлар отиши керак бўлган осмон
ташлаб юборилган қудуққа
қудуқ эса
кўмиб ташланган

қўлимга белкурак ва чўкич олиб
мен қудуқни ковлайман қайта
ва осмоннинг суякларини
териб оладирман битталаб
сенинг кўзларингга кўммоқлик учун
сен қайлардасан
ситамкаш руҳимнинг эгнида
идраб кетган
энгилин
бирор марта ямаб бермаган
муҳаббат
мен сени қайлардан излайин
юрагимнинг қадоқларига
малҳам қилиб
босмоқлик учун
қадоқларни оттирмай туриб
кўммоқ учун шаҳид осмон суякларини
мен сени қайлардан излайин

нафратим
ё ўзинг муҳаббатмисан

 т а н а ф ф у с

суйгилим суй гулим суйги лим
юракларим кўзимдан тошар
мени енгиб бормоқда ўлим
сени эса қийнайди яшаш

куймоқ бўлди менинг насибам
бахтиёрлик сенинг қисматинг
бахтми зомин бўлди масиҳам
бахтимизга бахт мусибати

Сени излаб тентар хаёлим
икки жаҳон оворасиман
сенчи ётсан бахтнинг аёли

юракларим кўзимдан тошар
қисмат бўлди кўзлар қароси
қошлар аро айрилиқ яшар

* * *
оҳанглар тиладим фалакдан
муножот учун
наҳанглар тиладим уммондан
истиғфор учун
ибодат учун
ижобати учун уммедларимнинг
отим зуннун бўлди фахриёр қолиб

наҳанг йўқ
уммон йўқ
оҳанг йўқ
саҳро бор
ва унда мен борман
йўқолган бешикка беланган мен
бешик нун

сулаймонбалиқнинг узук кўзидай
митти оғзига
сиғмоқлик учун
дарёлари қуриётган
осмонлари чириётган
саҳрода туриб
эгамдан мўъжиза сўраётган мен
кетгим келар
менинг бу ердан
карвонларга эргашиб

карвон эса кетиб бўлган
кечикдим
мингани улов йўқ
тутгани ялов
шамол қамғоқ мисол бешикни
бир юмалатиб
айлантириб қўяр қайиққа
қайиқ нун
қўлларимга қамчи ўрнига
юган ўрнига
узун эшкак тутиб олганман
кимсасиз саҳрода барханлар оша
кетиб бўлган карвон ортидан
қайиққа ўтириб эргашаман жим
сузаётган қайиқ оҳиста
қумга чўкиб борар
лекин мен қўрқмайман
қайтанга
эшкакни қаттиқроқ эша бошлайман

балиқ излаб бораётган мен
холиқ излаб бораётган мен

барханлар қайиқни чайқайди тинсиз
чўкиб бораётган қайиқни

елкамдаги сўфийларнинг чакмонидан
тикиб олган сафархалтамда
карвонлар йўлидан
топиб олганим
бознаб кетган
яримта шак бор
муҳаммаднинг хуржунидан тушиб қолган
яримта ой шу эмасмикин
ва унда
кимнингдир тишлар изи бор
тишларингиз бутми
ҳазрат бастомий

агарки тўкилиб кетган бўлса
хафа бўлмайсиз
мен уларнинг
тушларимга киришига
изн бермайман
бознаб кетган шакни оғзимга
олишим билан
юрагимга ботмаган
сўроқларни қуса бошлайман
наҳотки
балиқ бўлса саҳро дегани
наҳотки
қайиқ деганимиз
биз   га таққослаб юрган нимарса
наҳангнинг оғзи бўлса
наҳотки
балиқ бўлса саҳро дегани
сув қани унда
унда уммон қани
эҳтимол уммон
балиқнинг остида қолиб кетгандир
ё балким
курк бўлган наҳанг
уммонни тагига босиб ётгандир
набий очиб чиқмоқлик учун
лекин ҳозирча
пайғамбарлик курсилари банд

* * *
бир кеча туш
шернинг тирноғини бўйнига
тумор қилиб таққан
шоҳнинг хотини
тумсо маликага
инчи иқлимдан
зангори олмалар келтириб берди
олмани еди у русумга кўра
сумалакдай эрий бошлади
тош сийналари
юраклари орзиқиб кетди
дийдасига ёш келди унинг
ёшларини тушга ичирди
чанқоғини босиб олди
олис йўлдан ҳаллослаб келган
туш
малика кўнглига мунаввар ғамлар
бахтиёрлик қутқусин солди

ой куни етиб
чақирдилар момочи ойни
маликанинг кўзи ёриди
ой кўрсаки малика
шаҳзода ўрнига бўри туғибди
кўмкўк бўривачча
зангор валиаҳд
иснод юм юм йиғлатган
маликанинг ёстиғини
қуритдилар чиқариб
офтобрўяга

жабборга жон керак бўриваччамас
қаҳҳорга қон керак орзулар эмас

сандиқларни тобут қилдилар
шаҳзода оқмаган сандиқлар

орзуларин
чумчуқ замон териб кетган шоҳ
қафасдан учирди толе қушини
тахтга ворис излаб учиб кетди қуш
вилоятларга

етим бўриваччани
ой олди ўз қарамоғига
кўршапалаклар
эмиб кетган сийнасини тутди унинг оғзига
сут келмади
юлдузларни териб келди
емади бўривачча

ой нима қилса экан
шоҳ учирган толе қушини
тутиб едирсами ё
улиётган бўриваччага
тутиб берай деса кўршапалакни
тутинган  боласи

ой бўрини ютиб юборди

ой
юзинг доғларига қараб йиғладим

        т а н а ф ф у сюрак бағрим хундир мани
кечиб кечиб бий кечани
тушлар келар қон ичгани
гала гала

кўзларимга йўллар тўлар
рўмол силккан қўллар тўлар
қонаб ётган гуллар тўлар
ҳамон ҳамон

ойлар кечар бадр йўқдир
қийр тунлар қадр йўқдир
юзларимда сабр йўқдир
сомон сомон

энди бундан жўнар бўлдим
пешонамга кўнар бўлдим
муҳаббатдан тинар бўлдим
ёмон ёмон

сенга қирмас тоғ тиладим
ужмоҳлардан боғ тиладим
ой юзидан доғ тиладим
омон омон
омон омон

* * *
ойлар чўкар фалакдан жимир жимир жимирлаб
тоғлар чўкар фалакка ғимир ғимир ғимирлаб
тошлар қилар калака қиқир қиқир қиқирлаб
менинг эса бўғзимда
улув бордир бир улим
ҳей тулугим ҳей тулум
ҳей тулугим ҳей тулум

тушларимнинг зулфунин бузиб кетди фалаклар
увларимнинг мавжида сузиб кетди фалаклар
армон қолиб умидни узиб кетди фалаклар
менинг эса бўғзимда
улув қолди бир улим
ҳей тулугим ҳей тулум
ҳей тулугим ҳей тулум

кўктангрининг боғида гуллар унар нопармон
энди мен бу гулларни излаб қайдан топарман
синган умидларимнинг дарвозасин ёпарман
гулни излаб борадир
улувларим ул улим
ҳей тулугим ҳей тулум
ҳей тулугим ҳей тулум

осмон чўкиб борадир қароланар қароғим
кўктангрининг боғида унган гулнинг япроғин
ғайси шамол учирди тарихлардан сўроғим
тарихларнинг бўйнида
қолиб кетгайми қўлим
ҳей тулугим ҳей тулум
ҳей тулугим ҳей тулум

гул япроғи остида қолган ер сув қайдасан
битта туркни минг кўйга солган ер сув қайдасан
кўпиклардан ибтидо олган ер сув қайдасан
саҳроларда адашди
ер сувга борар йўлим
ҳей тулугим ҳей тулум
ҳей тулугим ҳей тулум

қобирғалар қабарар суякларим қадоқдир
қабоқларим ўқ тугаб бўшаб қолган садоқдир
куйиб куйиб кул бўлган нафратларим адоқдир
чучмомалар кўк кийган
намозшомгул гул гулим
ҳей тулугим ҳей тулум
ҳей тулугим ҳей тулум

тулук бордир остида чўкаётган осмоннинг
зулук бордир остида чўкаётган осмоннинг
қуллуқ бордир остида чўкаётган осмоннинг
кўктангрининг қошига
етолмай қолган йўлим
ҳей тулугим ҳей тулум
ҳей тулугим ҳей тулум

* * *
ой
юзинг доғларига қараб йиғладим

бу йиғи
вужудимга сиғмаган сиғим

йиғимни йиғаман
сиғим сиқталар
йиғимни йиғлайман
оғриқ нуқталар
тош эмас
соғинчга дўнар

бу соғинч нафратдир
қўллардаги кишани билан
кулаётган қулга нисбатан

бу соғинч нафратдир
эртакдан чиқиб
юртни сотаётган қулга нисбатан

нафратни куйлашга бир соз ахтариб
телбарайман туркистон ичра

арвоҳ узра
мен ичра

созлар шевасида муҳаббат мадҳи
кишанлар жаранги бахтни куйлайди

мен эсам
нафратни куйга соламан
излаб тополмаганим
аёлғу олиб
чалолмаганим
чанқовуз чолиб
чанқовузнинг бўғзидан
куйлар қаталаб чиқар
биюв биюв биюв биюв
биюв биюв биюв биюв
кўк бўрилар жўр бўлар
аёлғунинг сасига
куйларнинг енг ичида
ханжар ёвга қасида
ойга қараб увлаган
ой боласи бўрининг
кўзига ойбалиқлар
сиртмоқ бўлиб кўринар
сиртмоқ эса ой бўлар
бўриларнинг онаси

ой
юзинг доғларига қараб йиғладим

* * *
ой
арши аълонинг
фаромуш фаришталар
ёпмай кетган туйнуги

* * *
ой
юзинг доғларига қараб йиғладим

кутаётган фарзандинг менми
эрта бир кун туғилсам
отимни не қўюрсан
машраб дебми
ё хоразмшоҳдай
о т с и з бўлурманми мен

* * *
деҳқоннинг хотини
ҳомиладор ой
ўроқ туғади
сукунат эса
кўзи ёриётган ой қичқириғи

* * *
ой
тирноқ
аёл
зорлик

* * *
қарсак шоҳнинг мулозими
саройда яшар

* * *
ой пўстлари арчилиб
занглаб қолган зангори олма

* * *
тун кимнинг бахтики бунчалар қаро

* * *
эрк
дунёдаги энг жафокаш сўз

* * *
бўри
мен

* * *
ой
болта

* * *
юрак мени кечирар бошдан

* * *
мен
ой нурида турган руҳимнинг
ерга тушган кўланкасиман

* * *
тонг ўрнига қайғулар отар
кимни

* * *
келажакни яшаб бўлдим мен

* * *
руҳим сочларингнинг фариштасидир
сени қарғамадим

* * *
сен мақолнинг югурдагисан

* * *
нега эри хиёнат қилган
бу аёл
узук ҳалқасидан нари томонга
ўтиб кетмайди
ва у томондан
бармоғини тиқиб қўймайди
қайтиб ўша мараз эрини
кўрмаслик учун

чунки унинг болалари бор
узук ҳалқасига
сиғмайдиган болалари

нега у узукдан бунчалар қўрқар
бўғзидан бармоғин тундада олмас

ахир бўғзи бўлган билан
унинг тили йўқ
барибир
айтолмас эрига
севмаслигини

* * *
ойузук

* * *
нарсалар
масалан узук
ўзининг моҳиятини
сўраб ўтирмайди биздан ҳеч қачон

* * *
сочимни сўзларнинг чангига белаб

* * *
менинг тўртта хотиним бордир
тўртовининг оти ҳам қибла

* * *
менга дўст керакмас душмандан бошқа
муҳаббат керакмас нафратдан бошқа

* * *
ажин туша бошлар кўзгу юзига

Тошкент – Сангижумон – Тошкент

1990 – 1991

* * *
Сочинг зулматига қўлим тушмади,
кўзинг қаросига йўлим тушмади,
қошинг ханжаридан зулм тушмади,
оқ гулим,
қизил гулим,
вайрона бўлди дилим.

Оҳ чекдим, оҳларим фалакка етди,
Қўл чўздим, қўлларим малакка етди,
Мен юлдуз истадим, қайларга кетди?
Оқ гулим,
қизил гулим,
ҳайрона бўлди дилим.

Кун ботди, ой ботди, юлдуз ботмади,
Тонг отди, севгимиз тонги отмади,
Ойдинда на Ой, на Зуҳро ётмади,
оқ гулим,
қизил гулим,
девона бўлди дилим.

«Кўзим гирдобида селлар айланур»,
Бўғзимда сўз куяр, қалам найланур,
Гул дедим, исмингга жоним бойланур,
оқ гулим,
қизил гулим,
мастона бўлди дилим.

Яна не бўлмоқни истадинг, дилим,
Ой десам, юлдуз деб қистадинг, дилим,
Нелар қилдинг мендай музтаринг, дилим,
оқ гулим,
қизил гулим,
паймона бўлди дилим.

1999

ТУНГИ ТИЛАКЛАР

Фалакнинг кўзлари менсирар – хунхор,
Мен қаён гизланай, ғам дашти ҳамвор,
Бир кунда паймонам тўлади минг бор,
Бир аёл сипқорар уни кечалар,
Ичганлари нур бўлсин унинг!

Қайтадан оёққа тураман минбаъд,
Бозорга солади бозургон қисмат,
Набийларга талош бўлган мен — уммат,
Бир аёл кунимга ярар нечалар,
Қайғулари кўр бўлсин унинг!

Аёлни йиғлатиб, мени кулдириб,
Қобирғам синдирса момогулдирак,
Кўксимда қарсиллаб очилса юрак,
Унга тортиқ этсам мисли чечаклар,
Кўзёшлари дур бўлсин унинг!

1991

* * *
Келдигим, келмагинг бунчалар қийин?
Кулдигим, кулмагинг бунчалар қийин?
Билдигим, билмагинг бунчалар қийин?
Куйдим, аллаёр-аллаёр,
суйдим, аллаёр-аллаёр!

Бу кўнгил эмранди, азобим – билгич,
висолинг фалаждир, ҳижронинг – келгич,
табассум кўрмаган шикаста кулгич.
Суйдим, аллаёр-аллаёр,
куйдим, аллаёр-аллаёр!

Бахтнинг дарвозаси занглаб ётади,
юрак очилмоғин ангниб ётади,
ортига ой ботар, юлдуз ботади.
Суйдим, аллаёр-аллаёр,
куйдим, аллаёр-аллаёр!

Не найсон эдингки, абр келмади,
қошинг қаросидан қадр келмади,
на жаҳру на зикру садр келмади.
Суйдим, аллаёр-аллаёр,
куйдим, аллаёр-аллаёр!

Кўнгил ойнасига кўз ёш тўкилди,
фалакдан ой билан қуёш тўкилди,
умид косасидан бардош тўкилди.
Суйдим, аллаёр-аллаёр,
куйдим, аллаёр-аллаёр!

Дилдан юлиб олдим ҳар битта байтни,
кулиндим, тилиндим, алёрлар айтдим,
шояд тунларимга суйдигим қайтса.
Суйдим, аллаёр-аллаёр,
куйдим, аллаёр-аллаёр!

1999

* * *
Юрагимнинг қадоқларин кўзларимга суртдим мен,
дил дардларим тупроқ бўлди, тўлмас кўзим косаси.
Муҳаббатнинг алдоқларин кўзларимга суртдим мен,
сенсираган соғинчларни алдаб юрдим асосан.

Сунбул-сунбул соч бўйидан хотиралар маст бўлса,
мен орзулар куюгини димоғимда туярман.
Келганларинг ёлғон сенинг, кетганларинг рост бўлса,
бу дунёнинг ёлғон қолиб, ростларига куярман.

Суюнтирар сени, қийнар мени ҳижрон висоли,
кузги япроқлар мисоли умид тўзиб борадир,
муҳаббатжўй ҳисларимда ғамларнинг истилоси.

Ғарибим ишқ, менинг каби сенинг ҳам кўнглинг ярим,
не ёзибдир азал тақдир, манглайимиз ародир.
Кўзларимиз қаро бўлди, қаро бўлди сўзларим…

1990

***

Дарахтлар жанубдан келмоқда қайтиб,
қуёш қайтиб келар тонгласи шарқдан.
Шамол бўлиб қайтар хотирлар — дайди,
майса бўлиб қайтар ҳар битта марқад.

Баҳорга қайтади кўнгил ҳам, дард ҳам,
булоқлар кўзида тинади осмон.
Умид оғриқларга босади малҳам,
боғларга гул бўлиб қайтар Ёсуман.

Адирларга чиқар қизғалдоқ бўлиб
мен севган аёлнинг жонталаш ёди,
Гулиқаҳқаҳ қайтар, берсин йўлини.

Ҳар неки, баҳорга қайтади, моҳим,
гул қайтар, сой қайтар. Ой қайтмас, дод-эй!
Фалакка қадалар юлдуз нигоҳим.

1999

ФахриёрФахриёр (Фахриддин Низомов) 1963 йили Самарқанд (ҳозирги Навоий) вилояти Хатирчи туманидаги Сангижумон қишлоғида туғилган. Самарқанд давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини тугатган (1988). «Дарднинг шакли» (1987), «Аёлғу» (2000), «Геометрик баҳор» (2004) шеърий тўпламлари, «Янгиланиш анъаналари» (1988) публицистик мақолалар тўплами нашр этилган. Унинг таржимасида Т. Уинтер (Абдулҳаким Мурод)нинг «21-асрда ислом: постмодерн дунёда қиблани топиш» (2001) диний-фалсафий китоби нашр этилган.

Бизни ижтимоий тармоқларда қуйидаги манзилларда кузатиб боришингиз мумкин:

https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin

Телеграмдаги каналимиз: @/Behzod_Fazliddin

 

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 1 160

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *