Фикрсиз олим – мевасиз дарахт

Адабиётшунос олим, филология фанлари доктори Баҳодир КАРИМ билан суҳбат

– Баҳодир ака, сизнинг бир қатор илмий ишларингиз, хусусан, қодирийшунослик бўйича чоп этилган тадқиқотларингизни катта қизиқиш билан ўқиганман. Абулла Қодирий ва унинг асарлари халқимиз учун, шубҳасиз, улкан маънавий сарчашма, баҳоси йўқ миллий бойлик. “Мукаммал бадиий матн мунаққиднинг бахти”, деб ёзгансиз бир ўринда. Очиғи, жуда билгим келади: адабиётшунос олим сифатида адиб асарларини, дейлик, “Ўткан кунлар”ни қайта-қайта ўқишга тутинганингизда қандай ҳислар кўнгилдан ўтади?

– Тўғриси, ёзганларимни ўқиб, мен билан суҳбатлашишга қарор қилганингиздан мамнун бўлдим. Чунки бугун энг қийин ишлардан бири – бу чинакам мутолаа бўлиб қолди. Нега китоб ўқиш, мутолаага алоҳида тўхталяпман. Гап шундаки, замон тараққий этгани сари, ёзиш, ўқиш, маълумотлар топиш, илмий манбалар излаш ва бошқа ўқиш-ўрганишга доир машаққатлар осонлашгани сари одам табиатида қизиқ бир ялқовлик, ғалати бир лоқайдлик куртак ёзиб, гуллаш палласига кираётгандек таассурот қолдирмоқда. Китоблар мазмуни, ундаги қарашлар бугунги кун ёшларининнг мияси, тафаккуридан кўра қўлидаги ҳалиги қурмағур, шапалоқдек матоҳ – қўл телефонлари ичига жойланмоқда. Бу “жойланиш” матоҳ эгаларини анча хотиржам қилиб, фикрлашдан тўхтаб қолишига сабаб бўлаётгандек… Ҳолбуки,  ҳар қандай техникавий кашфиёт-янгиликлар, миттитехнологиялар инсоннинг саодатига хизмат қилиш керак.
Абдулла Қодирий асарларини оддий ўқувчи сифатида ўқишим билан адабиётшунос сифатида ўқишим орасида катта фарқ йўқ. Адиб асарларининг ҳам ўқувчиси, ҳам тадқиқотчисиман. Ўқишдан меҳр уйғонади; меҳрдан ҳайрат, завқ-шавқ, фикр-мулоҳаза туғилади. Олим учун шундай босқичлар илҳом манбаси саналади. Тўғриси, юрагим эзгулик, шодлик, ҳайрат, завқ-шавқ ва бошқа гўзал ҳис-туйғулар билан ошно тутинишини истаса, кўп ҳолларда Қодирий асарларини қўлга оламан. Шу мажбуриятсиз, ихтиёрий ўқиш асносида юракни жиз эттирадиган, эҳтимол бошқаларга ҳам қизиқ туюладиган ва энг муҳими, ҳозиргача қодирийшунослар эътибор қаратмаган нуқталарга рўбарў келаман. Шунда китоб саҳифаларида белгилар, чизиқлар, ишоралар, қисқа қайдлар пайдо бўлади; кўчирмага муносиб ўринлар мўлжалга олинади.
Хотирам адаштирмаса, файласуфларда бир фикр бор, бир марта шўнғилган дарё сувига ғаввос ҳеч қачон қайта шўнғий олмайди, деган мазмунда. Гарчанд шўнғиш макони айни бўлса ҳам, дарё суви янгиланиб, одам мутлақо бошқа бир оқим-иқлимга бош уради. Хусусан, агар домла муболаға санъатига ружу қўйибди, “ол-а ошириб юбордингиз” деб биздан кулмасангиз, тўғриси шу – “Ўткан кунлар”ни ҳар гал ўқиётганимда дарёга такрор шўнғиётган ғаввос ҳолига тушаман. Баъзи қаҳрамонларга ҳавасланиб, бир хилларига ачиниб, айниқса, охирги ўлим эпизодини юрак ҳовучлаб ўқийман. Аввалги ўқишларда эътибордан четда қолган сўз, жумла ва эпизодик воқеалар импульсидан фикрлаш ва қиёслаш майдони ҳосил бўлади. Ҳар қайта ўқиётганимда Қодирий асарларидан янги назарий фикрларга куч берадиган тушунчалар булоғи борга ўхшаб туюлаверади. Демак, бу ҳол асарнинг тириклигидан, абадиятга дахлдорлигидан, сиз билан мулоқотга яроқли эканидан далолат беради.

– Ҳар қандай илмий иш охир-оқибат ижтимоий ҳаётнинг муайян қатламларига таъсир кўрсатади. Умумкайфиятни, хулосани беради, қадим-қадимдан олимнинг холис фикри жамоатчиликни йўналтирган. Шу маънода, бугун адабиётшунослик адабий жараён ҳақидаги ҳаққоний, холис, дадил тадқиқотлар билан жамоатчилик фикрини тўғри ўзанга бошлаяпти, деб баралла айта оласизми? Қандай муаммолар кўнглингизни кемиради, илмий иш ёқлаш ниятида юрган ёшларга қандай талаблар билан ёндашасиз?  

– Агар диссертация номини олган, омилар наздида маҳобатли кўринган илмий иш инсонга, жамиятга, маданиятга, маънавиятга ёрдам бермас экан, бундай бекорчи ва бемаъни ишдан ўз вақтида воз кечиб, қаро ерни шудгорлаб, саримсоқпиёз уруғини сепиб, ундан мўл ҳосил олган яхшироқдир. Bahodir KarimНазаримда, ҳар қандай чинакам олимнинг жамиятда, ақалли ўзининг тор бир мутахассислик соҳасида ўз ўрни бўлиши лозим. Бу хослик, индивидуал қиёфа бутун мамлакатнинг маънавий муҳитига ўз таъсирини кўрсатмаган тақдирда ҳам, илмий жамоатчиликка, олим яшаётган маънавий муҳитга ўз таъсирни кўрсатади. Энди тасаввур қилинг, ҳар бир олим бепоёндек кўринган ернинг бир кафтдек жойини покласа, шу заминни гуллатса, тозаласа, ер юзи чинакам олимлар хизмати эвазига боғу бўстонга айланади. Олимнинг жамиятдаги мавқеини мен шундай тасаввур қиламан. Зиёли зиё тарқатиб, одамлар қалбининг зулматли нуқталарини илм нури билан ёритиши лозим. Бунинг номини олимнинг жамиятга таъсири дейилса, ажаб эмас. Бироқ, ачинарли томони шундаки, жуда кўп олимларнинг сўзлари амалларига мувофиқ келмайди. Дейлик, ўзи маданиятдан гапиради, аммо маданий тарафдан  тубанлиги амалида кўринади; олим покликдан маъруза ўқийди – девор айланиб, ўзи боши билан ифлослик ботқоғига шўнғийди. Ҳақиқий олимнинг фикрлари бошқалар учун маёқ бўлиши лозим. Бугунги адабиётшунослик, адабий танқиддан айнан адабий жараёнга, жамоатчилик фикрини ўнглаши ва уларга таъсир кўрсатишидан кўпчилик қониқмайди. Қониқмаслик, танқид қилиш, инкор этиш жуда осон ишга ўхшайди. Баҳайбат футбол майдонида томошабин ўлароқ ўйинчиларга, ҳатто дарвозабону ҳакамларга ақл ўргатиш, дарвозанинг қаерда эканию тўпни кимга ошириш кераклигидан бетиним бақириб, чақириб ғаройиб маслаҳатлар, кўрсатмалар бериш жуда осон. Одам шу йўл билан юрагини бўшатади… Аммо шу томошабин майдонга тушсин, вазиятни ўз вужуди ва руҳида бир синаб кўрсин… Қиёсдан мақсад – адабиёт илми билан машғул одамлар ҳолининг осон эмаслигини айтмоқчиман.
Илмий ишлар оқимини ҳар бир соҳанинг истеъдодли ёшлари янги ўзанга солиб юборади. Менинг шогирдлар билан ишлашимда эркинлик тамойили етакчилик қилади. Уста чилангар ёки бақувват кўмирчидан “олим” ясаш ўзини оқламайди. Мен шогирд танлашимдан кўра шогирдлар мени танлагани маъқул бўлса керак, деб ҳисоблайман. Шогирд билан устоз орасида самимий, эркин, илмий мулоқот ва баҳсларни хуш кўраман. Шогирд устозининг белбоғига осилган носқовоқ бўлмасин; у инсон, айниқса, алоҳида тафаккурга ва ҳатто устозидан айрича қарашларга эга ўктам юракли бир шахс бўлсин! Шу маънода – таъбир маъзур кўрилсин – шогирдлар масаласида шафқатсиз бир иборани ора-орада такрорлаб қўяман: “Бўйнига ип солиб судралган кучук овга ярамайди”, деган. Бу кўчма маънодаги гап, одамни ерга уриш эмас.

– Кейинги пайтларда адабий доираларда таҳлил, талқин услублари анча жонланиб қолди. Структурал, герменевтик, онтологик, синергетик таҳлил намуналари пайдо бўлди. Бу изланиш ва янгиланишлар ўз йўлига, бироқ, ғалати парадокс: машҳур бадиий ва адабий-танқидий асарлар дунё юзини кўрганда бундай таҳлиллар ҳали йўқ эди. Бироқ матнга муносабат, асарга баҳо бериш, бадииятни шунга мувофиқ баҳолаш ҳамиша бўлган… “Абдулла Қодирий ва герменевтик тафаккур” (Тошкент., “Akademnashr”, 2014) номли китобингизни ўқиш асносида, сизнинг маълумотларингизга таяниб, Шарқ герменевтикаси, тушуниш, изоҳлаш илмининг тарихига қизиқиб қолдим. Қизиқ, нега илмий истеъмолда тўғридан-тўғри ўзимизга, кўҳна Шарқ олимларига, уларнинг талқин йўсинларига мурожаат қилмаймиз? Бутун илмий тадқиқотлардаги герменевтика истилоҳи ёнида, албатта, Ф.Шлейермахер, В.Дилтей, В.Ҳегел, И.Кант, М.Хайдеггер, Х.Г.Гадамер, Г.Датт каби олимларнинг номи зикр этилади. Ваҳоланки, ўрта аср мусулмон Шарқи фалсафаси мутафаккирлари – Абу Наср Форобий, Ибн Сино, Ибн Рушд, Ибн Арабий, Рабғузий, Абу Хомид Ғаззолий, Замахшарий, Мотуридий, Абу Лайс Самарқандий, Муҳаммад Хоразмий, Азизиддин Насафий, Муҳаммад ибн Жарих Табарий, Яхё ибн Салом, Абу Бакр Нисобурий, Фаридиддин Аттор, Жалолиддин Румий, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Алишер Навоий, Хожа Аҳрор Валий, Фахруддин Али Сафий, Бедил, Паҳлавон Маҳмуд, Бобур асарларида матн ва унинг шарҳига оид масалалар ёритилган. Демак, тафсир, таъвил, табдил, ҳошия илми, ишорат илми каби герменевтиканинг муқобили бизда мавжуд. Қачонгача биз ўз илмий меросимизни қўйиб, бошқалардан иқтибос келтирамиз? Умуман, илмий тадқиқотларни қатор-қатор иқтибослардан халос этиш учун нималар қилиниши керак?

– Жуда узун савол, бунинг ичида менга ёрдам берадиган жавобнинг бир қисми ҳам бор. Барибир оддий хабарчи, “далалардан дараклар”ни ёзғувчи газетчи, олимлардан интервью олиш жараёнида бошини тасдиғона қимирлатиб, уларни тинимсиз гапиртириб, сўнгра мулоқот эфирга узатилганида ўша олим гапларини ўзиники қилиб сўзлайдиган бебурд, уятсиз, сурбет “микрофонбардор”лардан мутлақо фарқ  қилишингиз кўриниб турибди.

– Раҳмат, Баҳодир ака. Ундайлар ҳамма соҳада бўлса керак. Айтайлик, илмда ҳам плагиатор, ундан ҳам даҳшатлиси ғоя ўғриси кам эмаслигини мендан кўра яхшироқ биласиз-ку! Майли, булар ҳозирча бизнинг баҳс мавзумиз эмас…

– Бир нарсани чалғитмайлик. Тасаввуримча, аввал бадиий асар, адабий матн майдонга келади. Уни талқин қилиш, тушуниш, тушунтириш жараёни эса вақт ўтиши билан тизимли бир тарихга айланади. Ҳеч бир ижодкор ўз асарларини кейинчалик олимлар қайси усул-методлар асосида талқин қилишларини олдиндан тасаввур қила билмайди. Санъатнинг табиати шундай. Ҳатто ўз асарларини ўзи талқин қилаётганда ёзувчи адашиб қолиши ҳам мумкин. “Мен фалон ғояни назарда тутганман”, деган гапи ҳамма вақт ҳам талқинчига, эҳтимол йўл кўрсатмаслиги мумкин. Бу ўринда муҳими бадиий асарнинг поэтик кучи турли талқинлар учун манба бўла олишидадир. Аввал бадиий асар дунёга келади ва ундан кейин бир қанча усуллар, яъни ҳар олим ўз дунёқараши мезонлари билан уни текширишлар бошланади. Дейлик, адиб ўз замонида вульгар социологик ёндашувлардан безиган эди. Аммо у романларини уммонортидаги Х.Мурфи исмли бир олим структурал анализ қилишини асло хаёлига келтирмаган, албатта. Бундан кейин ҳам орадан йиллар, асрлар ўтиб, бундай абадиятга тегишли асарларга янги методларни татбиқ этиш жараёни давом этаверади.
Қатор исмларни санаб ўтирмасдан, мен ўн йиллардан бери айтиб юрадиган бир гапни такрорлайман: биз илмий ишларда тинимсиз хориждан, айниқса, Оврупа ва Амриқо олимларидан кўчирмалар оламиз, биздан дунё олимлари қачон кўчирмалар олади? Ҳар ҳолда, масала шу тарзда қўйилса, иккаламиз ҳам битта кеманинг йўловчилари экани маълум бўлади. Баҳсга ўрин қолмайди. Яна қўшимча бир гап бор: илм одобига кўра масаланинг тарихи, генезисига бир сидра назар солинади. Шунда исмбозлик, иқтибоспарастлик, баъзида диссертант лойдан ўтгунича маҳаллий олимлар “ҳурмати”ни жойига қўйишга мажбур бўлади. Гоҳо бундай вазиятларда тадқиқотнинг мазмуни саёзлашади, шу орада фикр ҳам йўқолади. Сизни қийнаган бу дард мени ҳам ўртаган ва бугун ҳам шу масалани кўп ўйлайман. Ҳатто шундай вазиятлар бўлдики, диссертация ҳимоя қилаётган бечора, бенаво ўз исм фамилиясини айтишда ҳам, Френкус Моралсуснинг айтишига қараганда мен “Фалончи Писмадончиев эканман” деган ачинарли ҳолгача етди. Ҳолбуки, биз ўтмиш билан мақтанадиган ва мақтанишга лойиқ миллатмиз. Герменевтика билан илми тафсир, шарҳ масалалари қиёсий ўрганилади. Зарурат бўлса, Шарқона тафаккурдан ўзимиз учун методлар ясаб оламиз. Китобдаги бундай ўринлар шундай қизғин, қизиқ, фикрга туртки берадиган ва ҳатто сизнинг юрагингизни куйдирган экан, бунда бир ҳикмат бор…
Фикрсиз олим – мевасиз дарахт. Бировларнинг фикрларидан ясаган чайласини Миср эҳромларига таққослаб, ўзини ўзи тарғиб ва ташвиқ қилиб юрган шарлотанлар ҳам бор илм бозорида. Аслида, фикр баёнида билим ва шижоат муҳим. Олим шунда жуда кўп иллатлардан қутулади. Гоҳида тўғри гапни айтгани учун ўзига “дўстлар” ҳам орттириб олади. Илмнинг нони қаттиқ, қаттиқ нон сариёғни ўзига сингдира олмайди. Обжўш билан келишади. Образли қилиб айтганда, қотган нон ва обжўшни ўзига моддий қисмат-неъмат билган одам маънавий оламда фавқулодда кашфиётлар қилади. Чунки бундай далиёна табиатли фидойи ва истеъдодли одам манфаат, шуҳрат ва мукофот кутмасдан кўнгли измида ижод қилади.

– Юқорида зикр этилган китобингизда, ўтган аср бошларини назарда тутиб,  роман жанрини махсус тадқиқ этишнинг илмий-назарий концепцияси ҳали шаклланмаган эди, дея фикр билдиргансиз. Атай қизиқиб ўқидим, кейинги ўринларда ҳам роман жанрининг алоҳида хусусиятлари борасида дангал гап айтишдан ўзингизни тиясиз, бунга кенг филологик билим лозим дея чет эл ва ўзбек олимларининг фикрларини баён этиш билан чегаралангансиз. Кейинги пайтларда ихчам, шаклу шамойили ноанъанавий романлар, хусусан, ўзбек адабиётида ҳам кўпайди. Бу кетишда яқинда носирлар бир саҳифагина бадиий матн аввалига роман дея жанр белгисини қўйиб, чоп эттирса, ажаб эмас… Тахминан 1000 (минг!) га яқин романлар яратилган муаззам адабиётимизни тадқиқ этаётган катта бир олим сифатида роман жанрининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида сизнинг фикрингиз қандай? Умуман, ўзбек адабиётшунослигида роман жанри табиатини аниқловчи фундаментал тадқиқот борми? Қайси олимнинг бу борадаги фикрлари асос сифатида илмий истеъмолда қўлланилмоқда?

– Ҳамма саволларга жавоб беришим қийин. Ўз вақтида ўзбек адабиётшунослари “Ўткан кунлар”ни тадқиқ этишга тайёр эмас эдилар, мазмунда фикр баён этганман. Одам фикр қуввати ожиз ўринларда баъзан, шу сиз айтгандек, айланиб ўтишга ҳам мажбур бўлади; қозоннинг қопқоғи очиқлигича қолади… Қолаверса, биринчи ўзбек романи майдонга келгандан кейин адабиётшунослик тараққий этди. Гарчанд ўзбек олимлари роман назарияси бўйича махсус назарий фундаментал асарлар ёзмаган бўлса ҳам, ўзбек романи талқинига дунё олимлари, хусусан, рус олимларининг қарашларини татбиқ этиган ҳолда иш кўрди. Роман назариясига тегишли рус олими М.М.Бахтин китоблари дунё олимлари эътиборини тортди. Роман – мураккаб жанр. Таърифига кўра роман назарий этибордан охирги тўхтамга келинмаган синкретик, имкониятлари ниҳоятда улкан бир жанр. Роман таъриф ва тавсифлар қолипига сиғмайдиган ҳамиша навқирон жанр. Энг мукаммал ва энг охирги назарий таърифни ёзиш бу жанрни ўлдириш билан баробардир. Негадир биз чегараларни яхши кўрамиз. Жанрлар чегараси кўп ҳолларда нисбий бўлиши мумкин. Бироқ бу дегани ҳамма тасдиқлаб турган Зуҳро юлдузини Ой деб иддао этиш ёки ушбу тинч замонда Қуёшнинг Ғарбдан чиқишини жон-жаҳди билан исботлашга уриниш ўзини оқламайдиган ҳаракатлар сирасига киради. Шунга монанд дунё адабиётида ҳам, ўзбек адабиётида ҳам тўрт қатор шеърини, кичкина бир сочмани, ҳикояга тенг воқеани, қисса ҳажмли адабий матнни “роман” атагувчилар бор. Ҳатто беҳаё фикрдан иборат бир гапни “роман” деб айтилган ҳолатларни ҳам ўқиганман. Бундай вазиятлар роман ёзиш қўлидан келмагандан кейин турли йўсинларда адабий жамоатчилик фикрини ўзига тортишнинг олифта уринишидек таассурот қолдиради менда. Энди бу масалада ҳам одамда эстетик дид бўлиши лозим. Узр, қўпол бир ўхшатиш: кампир минг бўянмасин, у ҳеч қачон қиз бўла олмайди. Ёки қўлингизга картошкани тутқазишса, олма ўрнида истеъмол қила олишингиз мумкин эмас-ку! Баъзан ўқувчилар картошка билан олманинг фарқини ўзлари жуда яхши билиб тургани ҳолида савол беришади. Ҳолбуки, уларнинг илк таассуротлари алдамайди. Юрагида уйғонган шу безовта ҳис-туйғуларни адабиётчилардан тасдиқлатиб олмоқчи бўладилар. Нима демоқчиман: мен ўқувчини – энг холис баҳоловчини шижоатга чорламоқчиман.

– Адабиёт ва ижтимоий тараққиёт… Вульгар социологизмнинг адабий муттаҳамлигини бисёр тадқиқ этган олимсиз. Мана, замонлар ўтди, ёзувчи олдига расман ҳеч қандай ижтимоий талаб қўйилмаган, маънавий-ахлоқий бурчлари билан яйраб-яшнаб қалам тебратаётган дориломон кунларда яшаяпмиз. Аммо тағин бояги масала кун тартибидан тушгани йўқ – адабиёт ва ижтимоий ҳаёт… Табиийки, ҳар бир олимнинг, адибнинг ўз фикри бор. Айтинг-чи, Сиз адабиётнинг ижтимоий ҳаётга, тараққиёт суратига таъсири масаласига қандай мезонлар билан ёндашасиз?

– Ижод – жуда мураккаб психологик ҳодиса. Бунда истеъдод, илҳом, таъсир, акс таъсир, тушга кирган мавзу, ижод эркинлиги, юрак талаби, мажбурият, мукофот илинжи, замонасозлик ва шунга ўхшаш ўнлаб омиллар устида бош қотириш керак бўлади. Ижодкор одамнинг табиати ҳам қизиқ. Баъзида ёш болага ўхшайди, тақиқланган майдонларда варрак учиришни ёқтиради. Тайёр шарт-шароитда ўзлигини намоён қилиши маҳали эса олдинга бир қадам босиб, ортга икки қадам ташлайди. Шахсан мен ижодкорнинг руҳий-ижтимоий мавқеини ҳар нарсадан юксак қўяман. Бошқаларни қойил қолдириб, ўз поэтик тафаккури аурасига олиб кирадиган юксак маданиятли, истеъдодли адиб ҳам инсоннинг индивидуал-психологик ҳолатларни, ҳам барча замонлар учун бирдек долзарб кўринган жамиятдаги ижтимоий-сиёсий ҳодисаларни маҳорат билан тасвирлай олиши керак. Шу маънода “Ўткан кунлар” романи покиза икки қалб эгасининг ишқ-муҳаббат достони, маҳобат марсияси. Шу билан бирга унда бугун ҳам ўз қийматига эга ижтимой-тарихий воқелик маҳорат билан, рамзлар тили билан баён қилингандир. Ҳақиқатан ҳам, адиб ўзи айтмоқчи, романдан ўқувчи “турмушни, тарихни, сиёсатни, одобни, тилни” ўрганиб олади. Абдулла Қодирий жамият ҳаётидан узилмаган, узлатга чекинмаган; ижодий вазиятларга кўра ёлғизланиши, ўз адабий мамлакатида саросар кезинган маҳаллари бўлган, албатта. Аммо ҳақиқий ижодкорни ижтимоий ҳаётдан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Зеро, ижодкорнинг фуқаролик миссияси жамият ичида кечади.
Гарчанд бадиий ижод фардиятчилик эканини яхши билсам-да, шахсан мен адабиётнинг ижтимоий ҳаётга, одамлар маънавиятига кучли таъсир ўтказишини юрак-юракдан ҳис этаман. Нимани қачон ўқишда ҳам гап кўп. Ўқиган билан ўқимаган орасида осмон билан ерча фарқ бор. Покиза, гўзал адабиёт тафаккурга чорлайди; одамни ўзига назар ташлашга мажбур этади; дунёнинг бир бекат эканини эслатиб туради; ҳаётга муҳаббат уйғотиши билан параллел равишда ҳар қандай жонзот бошига келадиган ўлим ҳодисасига табиий бир муносабатни шакллантиради; қулаётган одамни жарликдан ҳаётга қайтаради…

– Домла, “Талқинлар талқин қилинади” деган фикрингиз бор. Шу маънода, “Ўткан кунлар” романининг илк жумлаларини кўпчилик олимлар турлича талқин қилганлар. Айнан сизнинг талқинингизда, “… теваракдан шом азони эшитиладир” жумласига алоҳида эътибор қаратилади ва шайтонни қувиш, умуман, гуноҳлардан фориғланиш истаги дея изоҳланади. Мулоҳазали ўқувчи айни жумлаларни ўқиётганда беихтиёр титроққа тушса, ажаб эмас. Зотан, истибдод зулми қулоч ёзаётган, жаҳолат чуқур илдиз ота бошлаган ташвишли кунларда хайрли ният билан бошланган асар фожеъий якун топади. Роман бошламасини бу тахлит талқин қилишингиз сабабларини батафсил билишни истар эдик…

– Бу саволингизга китобга таяниб жавоб бераман. Романнинг биринчи жумласи муҳим, эътиборли, жозибали, серқатлам мазмунли, кўпмаъноли:  “1264-нчи ҳижрия, далв ойининг 17-нчиси, қишки кунларнинг бири, қуёш ботқан, теваракдан шом азони эшитиладир…”
Романнинг бу бошланмасига ҳар ким ўзича маъно беради. Буни ўзига хос “бисмиллоҳ”, дея изоҳлайди бир ёзувчи. Бундаги қиш кунига, қуёш ботишига, шом кирганига диққат қилади яна бир қаламкаш. Униси ҳам, буниси ҳам тўғридир, эҳтимол. Аммо биз ўша жумладаги азонга эътибор бердик, унга туғилиш, сержозиба қаҳрамонлар таваллуди маҳалида айтилган илоҳий калималар, дея маъно бердик. Шайтонларни қувлаш маросими, дея тушундик. Чунки Яратгувчининг номи зикр этилган жойдан жин-шайтон қочади. Агар дунёни икки эшик ораси, яъни гўдак туғилганда қулоққа айтиладиган азон ва ўлим маҳали ўқиладиган жаноза намози орасидаги ҳаёт сифатида қаралса, бунда азонни – биринчи эшик остонаси, деб тушуниш мумкин бўлади. Эҳтимол, уни энди туғилаётган роман жанри учун янграган илоҳий садо ўлароқ қабул этиш ҳам мумкиндир. Зотан, ҳаёт, бу ниҳоятда қисқа: азон ва намоз оралиғи; ҳатто “ўнгдан чапга боққанча бўлмас” (Махтумқули). Оралиқ масофа чексизликка нисбатан бир сония, бир сонияга нисбатан чексиздир. Бу оралиқда инсон умри, Отабек, Зайнаб, Юсуфбек ҳожи, Ўзбек ойим ва бошқа ўнлаб қаҳрамонлар умрининг суврати, моҳияти  мужассам. Зотан, бу оралиқда бахт ва бахтсизлик, висол ва айрилиқ, ғам-ташвиш ва сурур ёнма-ёндир. “Ўткан кунлар”нинг илк саҳифасидан азон овози эшитилса, охирги бетларида Кумушнинг ўлим тўшагида ётган ҳолатининг, азонсиз намоз-жанозага “Тошканднинг ҳар бир маҳалласидан деярлик кишилар” қатнашгани айтилади. Шунингдек, роман “Хотима”сида Отабекнинг жангда, ўрис билан бўлган тўқнашувда қаҳрамонлик кўрсатиб, ўлгани ҳақида хабар берилади. Отабек шаҳидлар силкига тизилади.
Менинг тушунтиришим, талқиним охирги ҳақиқат эмас, унда нисбийлик, хаёлланиш, ўзимизча ўзига хосликка интилиш ва адибнинг образли тафаккурини англашга интилиш бор…

Беҳзод ҚОБУЛОВ суҳбатлашди.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 455

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *