Fuzuliy ash’ori bilan ijro etiladigan qo‘shiqlar matnlari

Сулаймон ўғли Муҳаммад Фузулий (1498–1556) Ироқнинг Карбало шаҳрида туғилган. Шоир сифатида Бағдодда шакллангани боис тахаллусига баъзан «Бағдодий» нисбаси ҳам қўшилиб келади. Фузулий деярли барча асарини она тили – туркий тилнинг озар лаҳжасида ёзган. Бизгача бир девони, «Лайлову Мажнун» достони ва бир неча мунозаралари етиб келган.
1556 йилда вабо касалидан вафот этган.Fuzuliy

ҒАМЗАСИН…
Р. Турсунов мусиқаси

Ғамзасин севдинг, кўнгул, жонинг керакмасму санго?
Тийға урдинг, жисми урёнинг керакмасму санго?

Оташин оҳим-ла айларсан манга таклифи боғ,
Боғбон, гулбарги хандонинг керакмасму санго?!

Эй камон абрў, рақиба берма ғамзангдин насиб,
Ўқ отарсан тоша, пайконинг керакмасму санго?

Ёндуруб жоним, жаҳонсўз этма барқи оҳими,
Осмон, хуршиди рахшонинг керакмасму санго?

Тут алимким, ашк селобина йўқдир эътибор,
Эй Фузулий, чашми гирёнинг керакмасму санго?

1.Ғамза – ишва, ноз; кўз қисиш. 2.Тийға – тиғга. 3.Урён – яланғоч. 4.Хандон – кулувчи, кулиб турган. 5.Абрў – қош; шаклан камонга ташбеҳ қилинади. 6.Пайкон – камон ўқи. 7.Жаҳонсўз – жаҳонни куйдирувчи. 8.Барқ – чақмоқ, яшин. 9.Хуршиди рахшон – порлоқ қуёш. 10.Ал – қўл. 11.Ашк – кўз ёши. 12.Чашми гирён – айн. йиғловчи кўз.

САВТИ СУВОРА
Хоразм мумтоз йўлларидан

Ҳар китобаким лаби лаълинг ҳадисин ёзалар,
Риштаи жон бирла ишқ аҳли они шерозалар.

Бу на сирдир, сирри ишқинг демадан бир кимсая,
Шаҳра душмиш ман сани севдим деян овозалар.

Шайхлар майхонадан юз дўндирурлар масжида,
Бетариқатларни кўрким, дўғри йўлдан озалар.

Чоклар кўксимда, сонмаким, очубдир тиғи ишқ
Кўнглиминг шаҳрина меҳринг кирмака дарвозалар.

Эй Фузулий, ёр агар жавр этса, андин инжима,
Ёр жаври ошиқа ҳар дам муҳаббат тозалар.

1.Лаъл – қизил рангли қимматбаҳо тош; мажозан маъшуқа лаби 2.Ҳадис – сўз. 3.Риштаи жон – жон ипи. 4.Шероза – китоб варақларини муқовалашда уларни яхлит тутувчи ипак тасма. 5.Демадан – демай туриб. 6.Кимсая – кимсага. 7.Шайх – айн. қария; дин пешвоси. 8.Дўндирмоқ – бур(дир)моқ, ўгиртирмоқ, айлантирмоқ. 9.Бетариқат – тариқатсиз, бирон тариқат йўлини тутмаган. 10.Сонмоқ – санамоқ, ҳисобламоқ. 11.Инжимоқ – ранжимоқ, хафа бўлмоқ.

МЎҒУЛЧАИ ҚАШҚАРЧАИ ДУГОҲ
«Дугоҳ» мақомидан

Кўрдим ул хуршид ҳуснин, ихтиёрим қолмади,
Соядек бир ерда турмоққа қарорим қолмади.

Бир кун ўлмас талъатин кўрмак муяссар, оҳким,
Заррача ул гул ёнинда эътиборим қолмади.

Пок қилди хотиримдин заъф(и) даҳр6 ойинасин,
Ўйла маҳв ўлдимки, бир зарра ғуборим қолмади.

Ғам куни ҳамдамларим ғарқ ўлдилар кўз ёшима,
Силмака кўз ёшими бир ғамгусорим қолмади.

Рўзгорим хуш кечурди, оҳким, даврон ўтуб,
Ўлди аҳволим хароб, ул рўзгорим қолмади.

Роҳи ишқ ичра манга анжоқ фано мақсуд эди,
Шукрким, мақсуда етдим, интизорим қолмади.

Эй Фузулий, эл қаму ағёрим ўлди ёр учун,
Сўзи дилдан ғайри бир дилсўз ёрим қолмади.

1.Хуршид – қуёш. 2.Талъат – қиёфа. 3.Эътибор – бу ерда қадр–қиммат маъ–
носида. 4.Хотир – ўй, хаёл; кўнгил. 5.Заъф – кучсизлик, ожизлик. 6.Даҳр –
дунё. 7.Ойина – кўзгу; кўриниш. 8.Ўйла – ўшандай, ўшанча, шунча(лик).
9.Маҳв ўлмоқ – йўқолмоқ. 10.Силмоқ – артмоқ, сидирмоқ. 11.Ғамгусор –
кўнгилни кўтарувчи, ғамхўр. 12.Рўзгор – турмуш. 13.Хуш кечурди – яхши
ўтарди. 14.Роҳи ишқ – ишқ йўли. 15.Анжоқ (онжоқ) – ўшандай, ўша (шу)
даражадаги. 16.Фано – тасаввуфда олий босқич – руҳан Ҳаққа қўшилиб, ундан алоҳида (махлуқ сифатида) мавжуд бўлишнинг йўқолиши. 17.Интизор – интизорлик, муштоқлик.
18.Қаму – ҳамма. Эл қаму – бутун халқ. 19.Ағёр – рақиблар. 20.Сўзи дил – бу
ерда сўз ўйини: сўз – 1)сўз, жумла; 2)куйиш, куйик. Сўзи  дил – дилдаги сўз
ёки дилнинг куйиши. 21.Ғайри – бошқа. 22.Дилсўз – дилни куйдирувчи.

АҚЛ ЁР ЎЛСАЙДИ…
К.Жабборов мусиқаси

Ақл ёр ўлсайди, тарки ишқи ёр этмазмидим?
Ихтиёр ўлсайди, роҳат ихтиёр этмазмидим?

Лаҳза-лаҳза суратин кўрсайдим ул ширин лабинг,
Сан киби, эй Бесутун, ман ҳам қарор этмазмидим?

Ул гули хандонни кўрмак мумкин ўлсайди манго,
Сандек, эй булбул, гулистона гузор этмазмидим?

Дардими оламда пинҳон тутмағим ночордир,
Ўғрасайдим, бир табиба ошкор этмазмидим?

Эй Фузулий, доғи ҳижрони-ла ёнган кўнглими
Лолалар очсайди, сайри лолазор этмазмидим?

1.Биринчи мисра мазмуни: ақлим бўлса эди, ёр ишқидан воз кечмасмидим?! 2.Бесутун (Беҳустун) – Фарҳод қазиган тоғнинг номи. У Эроннинг Кирмоншоҳ шаҳри яқинида жойлашган. Ишқ йўлидаги машаққатлар рамзи. 3.Гузор этмоқ – ўтмоқ, бормоқ. 4.Тутдиғим – тутишим, сақлашим. 5.Ўғрамоқ – 1) хоҳламоқ; 2) муносиб кўрмоқ.

БАЁТ I
Фарғона – Тошкент мақом йўлларидан

Шифойи васл қадрин ҳажр ила бемор ўландан сўр,
Зулоли завқ шавқин ташнаи дийдор ўландан сўр.

Лабинг сиррин келуб гуфтора6 мандан ўзгадан сўрма,
Бу пинҳон нуктани бир воқифи асрор ўландан сўр.

Кўзи ёшлуларинг ҳолин на билсун мардуми ғофил,
Кавокиб сайрини шаб то саҳар бедор ўландан сўр.

Хабарсиз ўлма фаттон кўзларинг жаврин чеканлардан,
Хабарсиз мастлар бедодини ҳушёр ўландан сўр.

Ғамингдан шамъдек ёндим, сабодан сўрма аҳволим,
Бу аҳволи шаби ҳижрон маним-ла ёр ўландан сўр.

Хароби жоми ишқам, наргиси мастинг билур ҳолим,
Харобот аҳлининг аҳволини хуммор ўландан сўр.

Муҳаббат лаззатидан бехабардир зоҳиди ғофил,
Фузулий, ишқ завқин завқи ишқи вор ўландан сўр.

1.Ҳажр – айрилиқ. 2.Ўландан – бўлгандан. 3.Сўр – сўра. 4.Зулол – тиниқ ва муздай сув. 5.Шавқ – тўлиқиш. 6.Гуфтор – сўзлаш. 7.Нукта – нозик маъноли сўз ёки ибора. Бу сўз «нуқта» сўзига ҳам ҳамоҳанг. Мумтоз адабиётимизда маъшуқа лаби(оғзи) ва белининг кичкиналиги гўзаллик белгиси саналган. Шу боис бел қилга, оғиз эса нуқтага ўхшатилади, баъзан ўта муболаға  билан «бор-йўқлигини билиб бўлмайди», дейилади. 8.Воқифи асрор – сирлардан огоҳ. 9.Мардуми ғофил – ғофил одамлар, бехабар нодонлар.10.Кавокиб (бирлиги кавкаб) – юлдузлар. 11.Шаб – тун; қоронғулик. 12.Фаттон – фитначи. 13.Бедод – қийноқ, азоб, жабр. 14.Сабо – тонгги шабада. 15.Шаби ҳижрон – айрилиқ туни. 16.Хароби жоми ишқам – ишқ қадаҳининг харобиман. 17.Наргис – гул тури. Унинг гуллари шаклан маъшуқа кўзига ташбеҳ қилинади. 18.Харобот аҳли – майхонадагилар; мажозан ошиқлар, муҳаббат аҳли. 19.Хум(м)ор – кучли иштиёқ, хоҳиш, қўмсаш. 20.Зоҳид – зуҳд (тоат–ибодат)билан машғул, художўй. 21.Вор – бор, мавжуд.

ДИЛХИРОЖ (СИЙНАХИРОЖ)
Халқ куйи

Ҳосилим барқи ҳаводисдан маломат доғидир,
Маснадим кўйи маломатда фано тупроғидир,
Зор кўнглим танда зиндони бало дутсоғидир,
Раҳм қил, давлатли султоним, мурувват чоғидир.

Давр жавриндан тану жонимда роҳат қолмади,
Сурати ҳолимда осори фароғат қолмади,
Меҳнату ғам чекмага минбаъд тоқат қолмади,
Раҳм қил, давлатли султоним, мурувват чоғидир.

Кўр Фузулийнинг руҳи зардинда ашки олини,
Пардаи идбора дутмиш сурати иқболини,
Дардмандингдир, иноятлар эдуб сўр ҳолини,
Раҳм қил, давлатли султоним, мурувват чоғидир.

1.Дилхирож – хирож – солиқ, тўлов. «Дилхирож» – айнан «дилнинг тўлови ёки дил (кўнгил) билан тўланадиган бож». Бу сўз аслида «дил харош» (яъни кўнгилни тирновчи ёки дилнинг тирналиши) бўлган, қабилидаги тахминлар ҳам бор. 2.Барқи ҳаводис – айн.  ҳодисалар чақмоғи; умуман, ҳаёт маъносида қабул қилиш мумкин. 3.Маснад – 1)суянчиқ; 2)тахт; 3)мартаба, даража. 4.Кўйи маломат – айн.  маломат, таъналар кўчаси; умуман, бу дунё маъносида тушуниш мумкин. 5.Зиндони бало – айн. бало зиндони; тана, вужуд. 6.Дутсоғ – тутқун, асир. 7.Осор – асарлар, излар, белги–нишоналар. 8.Фароғат – хордиқ, дам, хотиржамлик. 9.Минбаъд – асло. 10.Руҳ – юз. 11.Зард – сариқ. 12.Ашки ол – айн.   қизил (қонли) кўз ёши. 13.Пардаи идбора – бахтсизлик, омадсизлик пардаси. 14.Дутмиш – тутибди, қоплабди маъноларида. 15.Сурати иқбол – бахт, толеънинг кўриниши (қиёфаси). 17.Иноятлар эдуб – иноят, лутфу марҳаматлар қилиб.

Изоҳ: Айрим шеърларнинг қўшиқда ижро этилмаган қисми тушириб қолдирилди.

Манба: “Сарахбор” тўплами. 2010 йил, “Наманган” нашриёти. Тузувчилар: Азизбек Ҳакимов, Дилором Эргашева

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграм: @Behzod_Fazliddin
YouTube: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 1 570

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *