Замонавий Германия матбуоти: ҳуқуқий меъёрлар, нашрлар турлари

deuetsche presseГермания журналистика борасида ҳам ўзига хос тажриба ва имкониятларга эга. Мамлакатда оммавий ахборот воситалари том маънода «тўртинчи ҳокимият» (vierte Gewalt)га айланган. Германияда ҳам ОАВ эркинлигини кафолатловчи асосий ҳужжат – Конституция (расмий номи Германия Федератив Республикасининг Асосий Қонуни – Grundgesetz fuer die Bundesrepublik Deutschland) ҳисобланади. Асосий Қонуннинг 5-моддаси бевосита фикрлаш, ахборот ва матбуот эркинлигига тааллуқли бўлиб, унинг 1-бандида шундай дейилади: «Ҳар ким ўз фикрини оғзаки, ёзма равишда ва тасвир воситасида эркин ифодалаш ҳамда тарқатиш, шунингдек, очиқ манбалардан ахборотни монеликсиз олиш ҳуқуқига эгадир. Матбуот эркинлиги ҳамда ахборотларни радио ва кино воситасида узатиш эркинлиги кафолатланади. Цензура йўқ».
Мамлакат аҳолисида оммавий ахборот воситаларини танлаш учун катта имконият бор: бир-бири билан рақобатлашаётган ОАВ орасидан ўзи хоҳлаганини танлаши мумкин. 2002 йили кундалик матбуот нашрларининг умумий адади бир кунда 23,2 млн.га яқинни ташкил этди. 1998 йили 39 млн. телевизор ва 34 млн.га яқин радиоприёмник рўйхатга олинган.
Радиоэшиттиришлар ҳақида эса шуни айтиш ўринлики, ҳар бир тингловчи 230 дан ортиқ радиодастурларни эшитиши мумкин. Деярли ҳар бир уйда бир ёки бир нечта телевизор ва радиоприёмник бўлиб, бу Германия фуқаролари оммавий ахборот воситаларидан самарали фойдаланишини кўрсатади. Кунига улар 3,5 соатдан кўпроқ вақтни радио тинглашга, 3 соатини телевизор кўришга, 36 дақиқасини газета-журналлар ўқишга сарфлайди.
ГФР оммавий ахборот воситалари фаолиятида амал қиладиган ҳуқуқий меъёрлар қуйидагилар ҳисобланади:
– Асосий Қонун (Grundgesetz) – Конституция;
– Федерал конституциявий суд қарорлари;
– Халқаро ҳуқуқий меъёрлар;
– Федерал ер (Bundesland)ларнинг матбуот ва телерадиодастурлар тўғрисидаги қонунлари;
– Электрон ОАВга тааллуқли федерал ерлараро давлат шартномалари.
Германия оммавий ахборот воситаларида сўз эркинлиги ва фикрлар плюрализмини таъминлаш учун қонунчилик алоҳида аҳамият касб этади. Ҳар бир федерал ердаги қонунчилик матбуот эркинлигини таъминлашда ўз мавқеига эга: ноширликка қўйиладиган талаблардан тортиб то жавобгарлик, плагиатдан ҳимояланиш, судда гувоҳлик беришдан бош тортиш ҳуқуқигача тартибга солиб туради. Венадаги Халқаро матбуот институтининг матбуот эркинлиги бўйича қабул қилинган қоида ва талаблар Германияда ҳам журналистика амалиётида ўз ифодасини топган.
Мамлакат матбуоти ҳақида тўхталадиган бўлсак, ушбу мамлакатда газета ва журналлар сони жуда кўп. Газеталар адади (ҳар минг кишига газета сони) бўйича Германия дунёда Япония, Буюк Британия ва Швейцариядан кейин 4-ўринда туради. ГФР аҳолисининг 78 % и ҳар куни ўртача 30 дақиқасини газета ўқишга бағишлайди.
Замонавий Германия Федератив Республикаси матбуоти учун қуйидаги хусусиятлар хосдир:
1)хусусий мулк;
2) кўп номдаги газеталар;
3) аксарият кундалик газеталарнинг маҳаллийлиги;
4) ҳудудий газеталарнинг кучли мавқеи;
5) минтақавий газеталар сонининг камлиги;
6) журналлар турининг кўплиги;
7) партия нашрлари кучсиз ривожланаётганлиги;
8) нашрларнинг реклама-эълонларга боғлиқлиги;
Бугунги кун Германия газеталари уч хил: минтақавий, ҳудудий ва маҳаллий турларда тасниф қилиниши мумкин. Энг йирик матбуот нашрлари: “Sueddeutsche Zeitung”, “Frankfurter Allgemeine Zeitung”, ”Die Welt”, “Frankfurter Rundschau”, “Handelsblatt” газеталари, “Spiegel”, “Stern”, “Foсus” журналлари. Энг катта ададда чоп этиладиган “Bild” газетасининг кундалик тиражи 4,5 млн.
Мамлакатда чоп этиладиган “якшанба газеталари”: “Bild am Sonntag”, “Welt am Sonntag”, “Sonntag Aktuell”, “ Frankfurter Allgemeine Sonntagszeitung”. Бундан ташқари, ТВ дастурлари бериладиган журналлар, иллюстрацияли ва аёллар журналлари ҳам кўп нусхада чоп этилади.
ARD телевидениеси маълумотларига назар ташласак, 2004 йил ҳисобига кўра, ҳар бир немис ўртача ҳисобда кунига радио тинглашга 206 дақиқа, телевизор кўришга 185 дақиқа, кундалик газеталарга 30 дақиқа, китоб мутолаасига 18 дақиқа, интернетга 13 дақиқа ва журналларга 10 дақиқа вақт ажратган.
Ушбу мамлакатда ҳам матбуот нашрларига энг кам вақт сарфлайдиган авлод ўсмирлар ва ёшлар ҳисобланади. Қуйида Германия умумий аҳолиси ва ёшлар (14—19 ёшдагилар)нинг ОАВдан фойдаланишига доир рақамларни келтирамиз (2004):
TV 96 % (gesamt) — ТВ 96 % (жами)
TV 97 % (Jugend) —ТВ 97 % (ёшлар)
Tageszeitung 77 % (gesamt) — кундалик газета 77 % (жами)
Tageszeitung 51 % (Jugend) — кундалик газета 51 % (ёшлар)
Computer 35% (gesamt) — компьютер 35% (жами)
Computer 60% (Jugend ) — компьютер 60 % (ёшлар)
Кўриниб турибдики, ёшлар матбуот нашрларидан кўра кўпроқ компьютер ёки телевизор билан вақт ўтказадилар. Шунинг учун Германияда ҳам ёшларнинг «виртуаллашиб» кетаётганлигидан хавотир кучаймоқда. Газета-журналлар таҳририятлари ёшларни ҳам жалб этиш учун ҳаракат қилмоқда.
Умуман, ГФРда аҳолида ижтимоий фикрни шакллантириш учун матбуот нашрлари ҳам беқиёс аҳамият касб этади.

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

“Маърифат” газетаси, 2007 йил 30 июн.

P.S. 2009 йил сентябр ойи бошларида Германияга журналистик малака ошириш учун сафар қилиш насиб этди. Хусусан, Ҳамбург ва Берлин шаҳарларида немисларнинг дунёга машҳур оммавий ахборот воситалари – телевидение, радио ва газета-журналлари, ахборот агентлиги таҳририятида бўлиб, хорижлик ҳамкасблар билан фикр алмашдик.

2009,-sentabr

Бизни ижтимоий тармоқларда қуйидаги манзилларда кузатиб боришингиз мумкин:

https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin

Телеграмдаги каналимиз: @/Behzod_Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 683

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *