Глобаллашув: Тиллар тараққиёти ва таназзули

Статистик маълумотлар ва фаразлар

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўтган асрда расман 2976 тилни қайд этган бўлса-да, ҳар хил ҳисоб-китобларга кўра, дунёда 7 мингга яқин тил борлиги эътироф этилади. 2005 йили тузилган ЮНЕСКО рўйхати 6912 тилни қамраб олади. Тилларнинг 32,8 фоизи Осиё ва 30,3 фоизи Африка қитъасига тўғри келади.
Уларнинг айримларида бир миллиард, бир неча ўн ёки юз миллионлаб киши гаплашса, баъзисида бир неча минг, юз, ҳатто, саноқли киши мулоқот қилади. Масалан, Конгода аҳоли 500 тилда, Индонезияда 250 тилда, Судан аҳолиси 117 тилда гаплашади. Хитой тилида айни пайтда бир миллиарддан ортиқ киши гаплашса, чукот ва веле тилида бор-йўғи бир неча юз минг киши мулоқот қилади. Янги Гвинеяда деярли ҳар бир қишлоқ ўз тилига эга. 2002 йили Россияда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш натижасига кўра, Доғистондаги багулал тилида 40, чамала тилида 12, кайтагц тилида 5 киши мулоқот қилиши аниқланган.

Тил моддий, маънавий меросни сақлаш ва бойитишнинг энг кучли воситаси ҳисобланади. ЮНЕСКО тахминларига кўра, мавжуд 7 мингга яқин тилнинг ярми жорий асрда ўзининг охирги соҳибларидан ажралиши мумкин. Ҳар ойда дунё миқёсида иккитадан тил ўлаётганлиги даҳшатли ҳодиса!

Ўлим ёқасида турган 2,5 минг тилдан 15 таси Марказий Осиё халқларига тўғри келади. Жумладан, Марказий Осиё араблари тили, Бухоро-Самарқанд яҳудийлари тили, Марказий Осиё лўлилари (парё) тили Ўзбекистон ҳудудидаги ўлаётган тиллардир. Бу тиллардан 2 таси Қозоғистон ва Қирғизистонда (дунган тили, ойрот тили), 1 таси Туркманистонда (трухман тили), 9 таси Тожикистондадир (вохон тили, ишкомиш тили, санглич тили, рошорв тили, шуғон тили, бартанг тили, рушон тили, язғулоб тили, яғноб тили).
Тилларни сақлаб қолиш инсоният олдидаги ўткир муаммолардан. Шунинг учун 1999 йил 17 ноябрда ЮНЕСКО томонидан эълон қилинган Халқаро она тили куни – 21 февраль ҳар йили лисоний, маданий тараққиёт ва кўп тиллиликни таъминлашга кўмак бериш мақсадида нишонлаб келинади. Ўз навбатида, БМТ Бош Ассамблеяси 2008 йилни “Халқаро тиллар йили” (International Year of Languages) деб эълон қилганди. Languages-of-the-world
Тилга давлат тили мақомининг берилиши уни турли муаммоларга дуч келиш хавфидан маълум даражада (!) халос қилади. Масалан, Исландия мамлакати тили бўлган исланд тили, Россия Федерациясидаги Удмуртия, Чукотка Республикалари давлат тили бўлган удмурт ва чукот тиллари ҳам йўқолиш хавфига юз тутаётганлиги фикримизнинг далилидир. Албатта, юксак мақом тил ва унинг соҳиблари учун жуда улкан ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, тарихий, ҳуқуқий аҳамиятга эга. У миллий яхлитликни ва бардавомликни таъминловчи асосий восита ҳисобланади. Бироқ тилнинг ўзигина унинг яшаб қолиши учун етарли кафолат бера олмайди.

Тиллар ўлимининг сабаб ва омиллари

Тил нега ўлади? Чунки одамлар ундан фойдаланмай қўйишади, кенг қўлланишдаги ва “обрўли” тилларга устуворлик берилиши натижасида болалар бу тилда таълим олмайди.
Тиллар ҳам одамларга ўхшайди, ёнма-ён яшашади, бир-бирига таъсир қилади, ўзгаради – ривожланади. Аммо тараққиёт туфайли дунёнинг ягона ахборот маконига айланиб бориши тиллар тақдирида ҳам катта роль ўйнайди. Масалан, ўтган минг йилликда дунё тилларининг 500 таси ўлик воситага айланган бўлса, охирги юз йилликда 1000 та тил тарих қаърига сингиб кетди.
Дастлаб болаларнинг таълими тўхтаган тил хавфга рўпара бўлади. Агар тилнинг энг ёш сўзлашувчиси 60 ёшдан катта бўлса, бундай тилнинг яшаб қолиш имконияти йўқолади.
Тилларнинг тараққиёти ва таназзулида қуйидаги ҳолатлар алоҳида ажралиб туради:
1) тилларнинг ўлик тилга айланиши (этрусск тили, шумер тили, санскрит тили, қадимги хоразмий тили, сўғд тили);
2) тилларнинг бошқа тилга айланиши (грек тили, яҳудий тили, арман тиллари);
3) тилларнинг бўлиниб кетиши (герман тиллари);
4) тилларнинг қўшилиб кетиши натижасида янги тилларнинг вужудга келиши (ўзбек, туркман тиллари);
5) тилларнинг “тирилиши” (иврит тили).

Дунё яҳудийларининг саъй-ҳаракатлари билан “ўлган” иврит тили қайта жонлантирилди – мулоқот воситаси тусини олди. Бунда жонкуяр мутахассислар ва фидойи тил соҳиблари катта роль ўйнадилар. Тил яшаб қолиши учун унинг сўзлашувчилари сони 100 мингдан кам бўлмаслиги ёки мутахассислар жон куйдиришлари зарур бўлади.

Ҳар бир даврда тиллар тараққиёти ёки ўлимига турли омиллар сабаб бўлган. Улардан асосийларини тавсифлашга ҳаракат қиламиз.
ХХ асргача колониализм натижасида босиб олинган халқларнинг тиллари истеъмолдан чиқиб, мустамлакачиларнинг тили уларни “ютиб юборган” ҳолатлар кўп бўлган. Масалан, мустамлакачилик оқибатида Австралия аборигенлари ўзларининг 30 дан ортиқ тилидан маҳрум бўлган.
Римликлар истилоси натижасида лотин тили ўнлаб тилларни сиқиб чиқарди. Испанлар келгунга қадар Инклар империясининг кенгайиши ҳамда испан миссионерларининг нечуа тилидан фойдаланиши оқибатида Анд водийларидаги ўнлаб тиллар истеъмолдан чиқди. Португалия истилоси боис, Бразилиядаги мавжуд тилларнинг тўртдан уч қисми йўқолиб кетди. Мексикадаги йўқолган тилларнинг сони номаълум, аммо колонизациянинг биринчи ўн йиллиги 90 фоиз туб аҳолининг бошига етганлигини тарих манбалари тасдиқлайди.
Мустамлакачи давлатнинг қонунлари ҳам тилларнинг зўрлик билан истеъмолдан чиқиб кетишига сабаб бўлганига тарих шоҳид. ХIХ асрда Шимолий Америка халқлари 176 тилда гаплашишар, қитъада лисоний ранг-баранглик мавжуд эди. 1887 йилда АҚШ Конгресси томонидан мактабларда ҳинду тилининг ҳар қандай қўлланишини тақиқлайдиган қонун қабул қилинди. Натижада бу тиллар бирин-кетин ўлик тилга айлана борди. Ва, ниҳоят, 1990 йилда “яшил чироқ” ёниб, қолган-қутган тилларни ўрганишга, ривожлантиришга йўл берилди. Аммо жуда кеч бўлган эди. Бу икки қонун оралиғи (қарийб бир аср)да ҳиндуларнинг 60 та тили аллақачон ўлиб бўлган, 60–120 таси эса “жон бераётган” эди.
Бироқ тескари ҳолатлар ҳам содир бўлади. Масалан, Никарагуада 1980-йиллардаги инқилоб даврида маҳаллий тилларда сўзлашувчилар сони кескин ошди. Чунки ҳукумат барча этник гуруҳларнинг лисоний ҳуқуқлари таъминланиши ҳақида қонун чиқарди. Ҳатто бу ҳудуддаги ҳеч ким ҳисоблашмайдиган мискит тили расмий тил мақомини олди. Рама тилида сўзлашувчилар сони анча кўпайди.
ХХ асрда урбанизация (шаҳарлашув)нинг жадаллашиши тилларнинг йўқолиб кетишига сабаб бўлган етакчи ва энг қаттол омилдир. Шаҳарлашув тилларнинг ўлимига икки томондан сабаб бўлди. Бир томондан, кичик халқлар шаҳарга интилиши натижасида ўз тилларини унута борган бўлса, иккинчи томондан, катта-катта шаҳарлардаги тиллар ўз аҳамиятини йўқотган. Масалан, бугунги Москва шаҳрининг туб аҳолиси ва уларнинг тиллари ҳам йўқ бўлиб кетган. Ваҳоланки, бу ҳудудда мурома (паҳлавон Илья Муромец мансуб қабила аъзолари шу тилда гаплашган), мешёра, меря тилларида сўзлашувчи қабилалар яшаган. Ёки Узоқ Шарқдаги айн халқини олайлик. Улар Курил оролига ном берган элат ҳисобланади. Айн қабиласининг қолдиқлари Приморье, Сахалин, Курил, Камчатка оролларида яшашади. Ҳозир улар бор-йўғи 135 киши. Айн тили ҳали фанда ўрганилмаган.  Бир вақтлар Япония ҳукумати “қаерда айн халқи яшаса, бу ҳудуд Японияга тегишли” деган мазмунни берувчи қонун қабул қилган.
Янги даврдаги ялпи глобаллашув “катта” тилларнинг ривожланишига сабаб бўлиб, “кичик” тилларнинг янги офатига айланди. Айрим мисоллар келтирамиз. Шимолий Россиядаги саам қабиласининг охирги вакили 1980 йилда вафот этди. Бироқ уни тиклаш учун фидойи метис авлодлар миллий парламент тузишди. Ўқитиш ишлари йўлга қўйилди, фольклор ансамбллари ташкил этилди. Москва яқинидаги твер кареллари тили ҳам ўлик тилга айланмоқда. 1989 йилда Ўрол тил оиласига кирувчи камасин тилига мансуб охирги аёл вафот этди. Энасой оиласига кирувчи юка(гир) тилида 2002 йилда 131 киши гаплашган бўлса, ҳозирги кунда улардан 1 нафари қолган.
Бугунги мордва халқининг тиллари эрзя ва мокша тилларидир. Лекин катта халқ ўз она тилида гаплашишни истамайди. Ўзларига ҳам, болаларига ҳам она тили керак эмас. Чунки она тиллари кун кечириш, молиявий-иқтисодий юксалиш учун фойда бермайди. ХХI аср охирида ушбу мордва тилларида саноқли киши гаплашадиган бўлиб қолиши башорат қилинмоқда. Улар ҳам фақат касб нуқтаи назаридан мулоқот қиладиган санъаткор ёки олимлар бўлиши мумкин.
Европадаги Исландия давлатининг тили бўлган исланд тилининг ўлик тилга айланаётганлиги барча миллатпарварларни ҳушёр торттириши табиий. Мутахассислар фикрича, Исландияда Интернет тили инглиз тили бўлганлиги учун исланд тилининг қўлланиш доираси тобора торайиб бормоқда.

ЮНЕСКО тилларнинг яшовчанлик даражасини 9 та мезон билан баҳолайди. Сўзлашувчилар сони, аждодлардан авлодларга тилни қолдириш, жамият ичида тилга муносабат шулар жумласига киради. Жамият ичида тилга муносабат турлари сифатида тилнинг ёзув билан таъминланганлиги, таълим тили, давлат тили ва Интернет тили эканлигини кўрсатиш мумкин.

Энг хавфдан холи тиллар қаторини инглиз, хитой, испан, немис, япон, француз, араб тиллари эгаллаган. Уларнинг хавфсизлиги гаплашувчилари сони, мамлакатларининг қудрати, миллатининг тилсеварлиги ва оммавийлашганлик даражаси каби қатор омиллар билан белгиланади. Бу борада етакчиликни ҳали кўп вақт инглиз тили сақлаб турса керак. Инглиз тилида сўзлашувчилар сони хитой тилига нисбатан кам бўлса-да (450 миллион киши), унинг ишқибозлари кун сайин ошмоқда. АҚШ ва Англия иқтисодда етакчилик қилар экан, бу тилнинг мавқеи сақланиб қолаверади. Бундай ҳол иккинчи жаҳон уруши олдидан немис тили мисолида кўринган эди ва дунё миқёсида бу тилнинг расмий таълими урушдан кейин ҳам узоқ вақт сақланиб қолди. Бу жараён сусая бошлаши билан Германия бу тилнинг дунё бўйича ўқитилишини, ўрганилишини рағбатлантиришга киришди.
Хитой тили сўзлашувчилар сони бўйича жаҳонда биринчи ўринда туради, аммо уларнинг бари хитойлардир. Таъкидлаш керакки, хитойликлар ҳам ўз тилларини дунёга таълим йўли билан ёйиш бўйича жидду жаҳд кўрсатмоқдалар.
Айрим маълумотларга кўра, испан, француз ва немис тиллари қўлланиш даражаси бўйича тенглик сақламоқда. Япон тилининг ҳам ўрни алоҳида. Аммо кишилар ундан муҳим алоқа воситаси сифатида эмас, балки шунчаки бу тил “ёққанлиги” сабабли, экзотика учун ўрганмоқдалар. Рус тили эса ҳануз илгариги мавқеини тиклай олмаяпти.

Интернет – она тилимизнинг бардавомлик омили

Глобаллашув асрида тилларнинг яшаб қолиши кўпроқ ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида, Интернет тизимида қўлланиш имкониятлари даражасига боғлиқ. Қайси тил Интернет тили эмас экан, бу тил рўпарасида ўлим хавфи тураверади.

«Интернет тили» тушунчасига тўхталар эканмиз, ўзбек тили Интернет тили эмасми, деган саволни қўйиш керак. Чунки ўзбек тилида Интернет саҳифаларида маълумотлар берилиб, ёзишмалар амалга оширилмоқда, тилимизда иш олиб борадиган сайт ва порталлар, ижтимоий тармоқлар кундан-кунга кўпаяётганлиги рост. Кўринадики, гўё тилимиз Интернет ва ахборот-коммуникация соҳаларида фаол қўлланаётгандек, тилимиз эса Интернет тилига айлангандек. Аслида ҳам шундайми?

Интернет компютер технологияларига таянади. Компютер лингвистикасида “компютернинг тилни таниши” деган тушунча бор. Агар компютер тилни “танир” экан, тилнинг компютер тили, Интернет тили эканлиги ҳақида сўз юритиш тўғри бўлади.
Компютер тилни таниши учун у бу тилни билиши зарур. Компютернинг матндаги хатоларни тузатиши, матнни таржима қилиши, аннотациялаши, тилни ўргатиши, транслитерация қилиши, тил ифодаларини таснифлаши, тартиблаши, бирор тилда гапириши, ёзиши унинг тилни таниши асосида амалга оширилади. Умуман олганда, сунъий интеллектнинг муайян тил асосида иш кўриши, сунъий интеллектнинг тўла маънодаги мулоқот воситасига айланиши унинг тилни таниши асосида содир бўлади.
Мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ ўзбек тилининг қўлланиш доираси амалда ниҳоятда кенгайгани, уни илмий асосда ривожлантиришга қаратилган тадқиқотлар, тилимизнинг ўзига хос хусусиятларига бағишланган илмий, оммабоп китоблар, ўқув қўлланмалари ва янги-янги луғатларнинг нашр этилаётгани жамиятимиз тафаккурини юксалтиришга ҳисса қўшмоқда. Бироқ минглаб йиллар давомида ривожланган инсон тафаккури учун бугунги кунда тилнинг бирламчи манба бўлиши, яъни ахборот олиш ва бериши ҳаётий заруриятга айланди. Ахборотни топиш, сақлаш, қайта ишлаш ва бошқаларга етказишнинг қулай усулларига бўлган эҳтиёж кун сайин ошиб бормоқда. Бу эса ХХ асрнинг буюк кашфиёти бўлган компютер технологиялари соҳаси учун катта вазифаларни вужудга келтирди ва тилларнинг тараққиёти ҳамда яшаб қолиши учун ҳал қилувчи омилга айланиб қолди.
Тилнинг Интернет, компютер технологиялари тилига айланиши математик лингвистика, унинг давоми бўлган компютер лингвистикасининг шаклланганлиги ва ривожланиш даражаси билан боғлиқ.
Маълумки, математик лингвистика – математиканинг табиий тиллар билан баъзи жиҳатдан ўхшаш бўлган мавҳум структураларини ўрганувчи бир бўлими, у табиий тилларни тадқиқ этишда математик усуллардан фойдаланади.
Математик лингвистиканинг асосий мақсади табиий тилларнинг математик моделларини қуриш ҳамда лингвистик муаммоларни компютер ёрдамида ҳал қилишдан иборат. Шу нуқтаи назардан, соддароқ қилиб айтганда, математик лингвистика табиий тилларнинг математик моделларини (бундай формаллашган тил метатил деб аталади) ишлаб чиқиш, хусусан, сунъий тилларни яратишга оид алгоритмларни тузиш билан шуғулланувчи фандир.
Математик лингвистика ва классик (мумтоз) тилшунослик орасидаги фарқ кўпроқ қуйидаги икки нуқтада кўринади:
1) Мумтоз тилшуносликда тил инсон билан биргаликда кўриб чиқилади. Яъни, мумтоз тилшунослик инсонга йўналтирилган бўлади ва унинг фаол иштирокида қабул қилинади. Математик лингвистика эса инсонни тавсифдан истисно қилади ва у кўпроқ компютерга мослаштирилади;
2) Мумтоз тилшунослик асосан тавсифий (дескриптив) характерга эга ҳисобланади. Математик лингвистика эса масалани миқдорий тавсифлар ва аниқ мезонлар асосида ҳал қилади. Демак, мумтоз тилшунослик кўпроқ тавсифий баёнга асосланса, математик лингвистика миқдорий (квантитатив) тавсифга асосланади.
Математик лингвистика тадқиқ этаётган масалалар доирасида энди нафақат математик-лингвистик моделларни яратиш, балки мавжуд моделларни қандай қилиб компютерга татбиқ этиш масаласи кўрила бошлади. Шу тариқа “математик лингвистика” атамаси ўрнига “компютер лингвис¬тикаси” атамаси истеъмолга кириб келди.

Компютер лингвистикаси — бу сунъий интеллектнинг муҳим йўналишларидан бири бўлиб, у ўз олдига табиий тилларни электрон кўринишда ифодалашга мўлжалланган математик моделлардан фойдаланиш масаласини қўяди.

Компютер лингвистикасининг асосий мақсади – табиий тилнинг математик моделини яратиш, қайта ишлаш, лингвистик муаммоларни ҳал этишга оид компютер дастурларини ишлаб чиқишдан иборат. Компютер лингвистикасининг вазифалари қуйидагилар:
1. Табиий тилларни қайта ишлаш:
1.1. Машина таржимаси.
1.2. Табиий тилни фарқлаш ва генерация қилиш.
1.3. Нутқ қисмларини автоматик жой-жойига қўйиш.
1.4. Формал тил ва грамматикалар яратиш.
1.5. Компютерли диалог системаси.
2. Матндан ахборотни ажратиб олиш:
2.1. Ахборотни қидириш.
2.2. Ахборотни ажратиш.
2.3. Ахборотни қабул қилиш.
2.4. Ахборотни рефератлаш.
2.5. Ахборотни категориялаш.
3. Корпусга йўналтирилган ва асосланган амаллар (Норов А. Компютер лингвистикаси асослари. Қарши: Насаф, 2017 й.).
Бу вазифаларни уддалайдиган тизим сунъий интеллектдир. Сунъий интеллект икки маънода тушунилади. Бир маъносида инсон ақлий ҳаракатлари моделини ўзида намоён этувчи интеллектуал машиналарни англатса, иккинчи маъноси билан уларни яратиш қонуниятларини ўрганувчи фанни ифодалайди.
Сунъий интеллектга фан сифатида кўплаб таърифлар берилди. Уларни умумлаштириб айтиш мумкинки, сунъий интеллект – компютер ёрдамида интеллектуал масалаларни ечиш методлари билан шуғулланувчи илмий фанлар мажмуасидан иборат яхлит фан. Сунъий интеллект методлари асосида аниқ бир предмет соҳасига тегишли мураккаб масалаларни ечишга мўлжалланган дастурий ёки техник системалар интеллектуал системалар, деб юритилади.  Муайян предмет соҳасидаги масалаларни амалий ечишга мўлжалланган интеллектуал системалар эксперт системалардир.
Дунё миқёсида сунъий интеллектлар яратиш асосида табиий тилларни математик моделлаштириш ётади. Математик моделлаштириш натижалари сунъий интеллектнинг фаолият дастурини яратишга асос бўлиб хизмат қилади. Бу эса ўзбек тили мисолида ҳали очилмаган қўриқдир.

Сир-синоатлар ҳали очилмаган

Тиллар ўлар экан, тил билан бирга тил соҳиблари руҳияти, борлиқни идрок этиш механизми, миф ва афсоналари, асотирлари ҳам йўқолади. Инсоният эса тилларни тадқиқ этишга киришганига унча кўп бўлгани йўқ. Дунё тилларининг муайян қисми илмий ўрганилган, холос. Йўқолган ва йўқолаётган тилларнинг аксарияти эса тадқиқ қилинмаган. Яратганнинг тилдай улуғ неъмати сир-синоатлари ҳали очилмади. Жуда кўп тиллар бу сирларни ўзи билан олиб кетмоқда.

Тиллар борлиқни турлича акс эттиради. Айрим кичик ва ўлаётган тиллар борлиқни тўлиқроқ, ёрқинроқ ифодалаши, уларда борлиқни акс эттиришнинг яхши ишланган мукаммал моделлари мавжуд бўлиши, бу инсониятнинг умумий тилини моделлаштириш имконини бериши мумкин. Инсоният ҳали бундай моделларни аниқлаб улгургани йўқ.

Бугун олимлар мукаммал тил моделларини излаш, уларни сунъий интеллект учун танлаш, чекланган, махсус фойдаланиш учун қулай терминологик подсистемаларни берадиган тилларни аниқлаш борасида бош қотирмоқдалар. Йўқолиб кетаётган ҳар хил қурилишли тилларни сақлаб қолиш, илмий ўрганиш компаративистика, сунъий интеллект, психолингвистика, типология ва бошқа кўплаб назарий, амалий соҳалар учун қимматли маълумотлар бериши мумкин. Шу боис, тилшуносликнинг ўлик тилларни, уларнинг қолдиқларини тадқиқ қилиш билан шуғулланувчи янги бир соҳаси – реликтиолингвистикага кучли эҳтиёж пайдо бўлмоқда.
Юқорида айтилганидек, тиллар хавфсизлиги алифбо-имло, кўп сонли сўзлашувчиларга эгалик, давлат тили мақоми ва ахборот-коммуникация технологиялари, Интернет тили эканлиги омиллари билан таъминланади. Албатта, бизнинг она (ўзбек) тилимизнинг ҳам ўз алифбо ва имлосига, давлат тили мақомига эгалиги, 30 миллиондан ортиқ сўзлашувчиси борлиги кишини хушнуд қилади. Бироқ аччиқ бўлса-да, таъкидлаш керакки, унинг ахборот-коммуникация технологиялари, Интернет тили даражасига кўтарилмаётганлиги бу борада на назарий, на амалий ишлар олиб борилмаётганлиги унинг ҳам мазкур хавфдан буткул холи эмаслигини кўрсатади.

Бахтиёр МЕНГЛИЕВ,
филология фанлари доктори, профессор

“Маърифат” газетаси, 2017 йил 14 октябрь

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *