Гулбаҳор Ортиқхўжаева. Шеърлар & Муҳайё Йўлдошева. “Ўзингизни авайланг” китоби ҳақида

*  *  *
Қандай жим юраман кузги боғларда,
Бу кузга қўшилиб йиғлайман қандай?
Йўлимда учраган тоза дилларга
Юрагимни тўкиб соляпман атай.

Тўкиляпман олтин фаслга ўхшаб,
Тўкиляпти бахтли, бахтсиз кунларим.
Остонамга келиб, эшигим қоқиб
Куз шовқин солади, ярим тун, ярим…

Деразамни аста чертар бир дарахт,
Ўзига ярашмас жулдур кўйлаги.
Жонга тегмадими изму фармоним,
Кел, кузга қўшилиб йиғла, юрагим.

Мен ҳам бахтли бўлай одамга ўхшаб,
Етай табиатни англаш бахтига.
Каловланиб турдим, ўйлаб ўтирдим,
Лекин қойил қолдим кузнинг шаҳдига.

Тарновларни чертиб қўшиқ куйлади,
Югурди шамолни етаклаб олиб.
У тонггача тунни сўроқлаб чиқди
Менинг хаёлларим бир четда қолиб.

Бу куз бунча ишчан, қишлоққа борсам
Ёлғиз ғўзапоя йиғиб юрибди.
Хўрсиниб, томорқа томонга қараб
Ёмғир тинишини кутиб турибди.

Қилиб чала қолган ҳамма ишларни,
Яна кузги буғдой экибди жиндай.
Қандай жим юрайин кузги боғларда,
Бу кузга қўшилиб яшайин қандай?

*   *   *
Бугун дунё гўзал, кўнгил мунаввар,
Менга нима бўлди экан, алҳазар?!
Бугун тилим ширин, сўзларим шакар,
Мен кеча бошқача одам эдим-ку!

Агар битта кузга шунча ўзгарсам,
Бу бедорлик нима, беморлигим кам.
Кўзимга қараса, йиғлайди онам:
«Ахир мен бошқача одам эдим-ку!..»

Ёмон экан йиллар йиғилиб келса,
Ёнингга жонингга тиғ илиб келса,
Ёнингга юрагинг ҳайқириб келса:
«Мен кеча бошқача одам эдим-ку!»

Жонимга озорлар озор етказар,
Соғинсам, ёнингга дийдор етказар,
Машрабни дийдорга бир дор етказар,
Ахир мен бошқача одам эдим-ку!

Бошқача, бошқача, кунлар бошқача,
Ҳатто юзи қора тунлар бошқача,
Нега дилни эзган унлар бошқача?
Мен кеча бошқача одам эдим-ку!

ЮРАГИМНИ…

Юрагимни офтоб қилиб бўлсайди,
Меҳрини барчага улашар эдим.
Юрагимни китоб қилиб бўлсайди,
Мен миллат танламай, тиллашар эдим.

Юрагимни осмон қилиб бўлсайди,
У тинмай йиғларди, тўйиб йиғларди.
Юрагимни достон қилиб бўлсайди
Минг достонга сиғмас эди-да дарди.

Юрагимни дарахт қилиб бўлсайди,
У фақат яшарди баҳор фаслида.
Юрагимни пойтахт қилиб бўлсайди,
У пойтахт бўларди ИШҚқа аслида.

Юрагимни ҳилол қилиб бўлсайди,
Тўлин ойнинг сира доғи бўлмасди.
Юрагимни шамол қилиб бўлсайди,
Тинчгина эсишга сира кўнмасди!

Юрагимни агар қуш қилиб бўлса,
У писанд этмасди ҳеч бир қафасни.
Озод қушдек кўкка учиб кетарди
Истамасди менга ўхшаб яшашни.

ХИЁБОНДА КЎРДИМ БИР СУВРАТ…

Кўз олдимдан кетмай бир суврат
Хиёбонга қайтиб келаман.
Ҳали ёзилмаган шеъримни
Юрагимга айтиб, келаман.

Тўлқинлардек кўтариб туғён
Туйғуларим қилади исён.
Мени мафтун қилган шу суврат,
Оромим йўқ тўрт кундан буён.

Денгиз нима, кўрмаганман-у,
Уммон бўлиб ўртанар дилим.
Шунча кундан буён қийналар
Не гаплигин айтолмай тилим.

Сол устида уч-тўртта одам
Ҳаёт билан видолашмоқда.
Тақдир – ҳақдир, қуш бўлиб учиб
Имкон йўқдир қочиб кетмоққа.

Нелар ҳақда ўйлайди инсон
Ўлим билан юзлашган маҳал.
Балки, улар бунга ишонмас,
Шу ўй дилни ўртайди ҳар гал.

Яшагиси келар ҳамма ҳам,
Орзу қилар абадиятни.
Ҳамма ҳам ҳис қила билмайди
Тирикликдек нодир неъматни.

Бу бир суврат – бор ёки йўқ гап,
Рассом уни чизган атайлаб.
Аммо ҳаёт ҳақиқатини
Бир лаҳзага қўйгандир жойлаб.

Билолмадим у дам мўйқалам
Не ҳисларни дилида туйган.
Шу лаҳзага моҳир мусаввир
Тирикликни муҳрлаб қўйган.

Бундай эмас уруш даҳшати,
Бўлмайди-ку бундан ортиқ жанг.
Бу қандай гап, ўз ўлимингни
Ўзинг излаб, қидириб борсанг…

“Қойил!” дейсан ҳушингга келиб,
Мусаввирга келар ҳавасинг.
Озодликка чиққинг келади,
Синдирасан кўнгил қафасинг.

Билолмайсан, нимагадир у
Хаёлингни ишғол этади.
Сўнг… сувратга тикилиб туриб
Рассом бўлгинг келиб кетади.

Хиёбондан чиқиб боряпман,
Юрагимда тутяпман мотам.
Кўз олдимдан кетмайди яна
Сол устида уч-тўртта одам…

ЭГАСИГА ЕТМАГАН СЎЗ

Журъат топгунича безовта кўнгил
Минг хил ҳадик билан ўйга ботади.
Мен-ку яшаяпман ҳамма қатори,
Сиз томонда қандай тонглар отади?

Ёмғир ёғяптими сиз томонда ҳам,
Сизнинг кўнглингиз ҳам йиғлаяптими?
Муштдек юрагингиз безовта бўлиб
Шунча кенг дунёга сиғмаяптими?

Балки, менга ўхшаб сабрли бўлиб
Хаёл денгизига чўкиб кетгансиз,
Балки, мендан аввал ҳеч қандай жангсиз
Кўнгил дунёсини ишғол этгансиз.

Мендан сўрасангиз… йўқ, йўқ, сўраманг!
Зерикиб кетганман ўзимдан ўзим.
Юрагимда занглаб қолган шекилли
Эгасига етиб бормаган сўзим.

Сабрга суяниб, кўнгил дардида
Яшайверар экан нажотсиз одам.
Сизни билмадим, мен кутиб юрибман
Қуёш чиқиб қолар биз томонда ҳам…

*  *  *

Бир япроқ узилса, дарахт кесилса,
Бу фоний дунёга фожеа эмас.
Ҳамма ўз ташвиши, дарди деб яшар,
Ҳеч ким бир дарахтнинг ғамини емас.

Бир ҳақиқат бордир ёлғон дунёда,
Ҳеч ҳуснин йўқотмас битта чирой бор,
Бир япроқ дардини чекмоқлик учун
Агарда кимнингдир қалбида жой бор.

Ўша жой оғриса, бўлса безовта,
Негадир оғриниб қараса кузга,
Нафрат билан боқса, ҳайрон термулса
Болта тутган совуқ қўлгаю юзга…

Сезиб қолсанг, фақат ўзинг учунмас,
Юрагинг ўзга бир ҳисни деб урса.
Тинч яшай олмайсан, безовта қалбинг
Бир япроқ дардида пўккиллаб турса…

Кўнглинг кенглигида ёққан ёмғирлар
Қара, қандай нафис, қандай беғубор,
Гард юқтирмай асра шу пок ҳисларни,
Унда Яратганнинг марҳамати бор.

У ПАЙТЛАР…

У пайтлар ҳар нарса чиройли эди,
Кераги бор эди ҳамма нарсанинг.
Ҳатто деразадан мунғайиб боққан
Гулларнинг, гулбаргдай ҳарир парданинг…

У пайтлар дунёим эди ранг-баранг,
Камалакранг ҳислар сўрарди ҳолим.
Наҳотки мен сени унутоламан,
Наҳотки сенга ҳам келди малолим…

У пайтлар қадаминг саси мен учун
Ёмғир шивиридек ардоқли эди,
Тушунгинг келмайди, тушунгин, ахир,
Ҳаммаси… ҳаммаси… мароқли эди…

У пайтлар меники эди соғинчинг,
Меҳринг ҳам юракни аллалар эди.
Болаликдек беғам эди у кунлар,
У пайтлар кўкламдек паллалар эди.

Ёмғир ёғишини майсадек кутдим,
Томоғи қақраган гул эди ҳижрон.
Бир-бирин тушуниб, бир кун юраклар
Кўришмоғи учун бўлмади имкон.

Ёмғирлар оралаб кетяпти хаёл,
Ишқдан зада юрак дардин айтмайди.
Ўрик гулларидек тўкилди қадринг,
Гулдек баҳоринг ҳам энди қайтмайди.

ҒУРУР

Чўққидаги харсанг тошга ўхшайман,
Ҳеч кимса бузолмас ҳаловатимни.
Шу бахтимни кўз-кўз қилиб яшайман,
Кўрсатиб дунёга садоқатимни.

Мен қору ёмғирни писанд қилмайман,
Довуллар, селларга боқаман мағрур.
Ёлғизлик боради қаддимни эгиб,
Ичимни кемириб борар бу ғурур.

Лекин бошим баланд, кайфиятим чоғ,
Кўз ёши қилмайман осмонга ўхшаб.
Ахир мен дунёга қайта келмайман,
Майли, бу дунёда кўрай бир яшаб.

Ёнимдан шамоллар увиллаб ўтар,
Оч бўрига ўхшар тақдирнинг оҳи.
Бир меҳр яшайди бедор қалбимда,
Унинг айби нима, нима гуноҳи?!

Минг йил ўтса ҳамки, тўкилиб битмас,
Минг йил ўтса ҳамки, нурамас бу ҳис.
Қаддимни эголмас дунёнинг ғами,
Бу сирни биласиз, Сиз, биргина Сиз…

Муҳаббат яшайди менинг қалбимда,
Меҳр ардоғимда, вафо дилимда,
Шунча йил ўтибди, унут бўлмайди,
Исмингиз тушмайди сира тилимдан.

Мен мағрур бўлишни сиздан ўргандим,
Ғамга тик боқишни ўргандим сиздан.
Ҳеч нарса сўраманг, ҳеч нарса кутманг,
Ўзининг кимлигин унутган қиздан.

*  *  *
Нега учраштирдинг, билмадим,
Кўзларини кўрмоқ учунми?
Ё йўлида саргардон бўлиб,
Ҳижронида ўлмоқ учунми?

Нега учраштирдинг, билмадим,
Синовингни сезмоқ учунми?
Орзу қилиб, армонларида
Юрагимни эзмоқ учунми?

Нега учраштирдинг, билмадим,
Шукр, сенга исён қилмадим.
Мен бахтга зор бўлганим билан
Бахтни назаримга илмадим.

Нега учраштирдинг, билмадим…
Билмаслигим қанчалар яхши.
Армонида хаёлим сарсон,
Ҳижронида юрагим бахши.

Нега учраштирдинг, нимага
Исён қилмас исёнкор руҳим.
Бу талотўп дунёинг ичра
Кичкинами менинг андуҳим?

Нега учраштирдинг, билмадим,
Бу ҳаётдан безмоқ учунми?
Бандасининг ишқидан тониб,
Бир Ўзингни севмоқ учунми?

*  *  *
Меники бу хаёл, сеники эмас,
Сеники у ҳаёт, меники эмас.
Бунча белгиси кўп бегоналикнинг
Кимга кераги бор девоналикнинг.

Орзу нима? Кўкда учиб юрган қуш.
Учишга қанот йўқ, қўлинг етмайди.
Ўзинг ўргатдинг-ку орзу қилишни,
Ахир… бунақаси кетмайди!

Ўзинг менга ҳаёт тутқаза туриб,
Ўзинг тутқазяпсан яна заҳарни.
Тушунгин, унутгим келяпти ахир
Сеники-меники… деган гапларни.

ҲИЖРОН ҚЎШИҒИ

Қуёш ҳар кун сўзлашар,
Ой ўн беш тун сирлашар,
Бир-бирини соғиниб
Кун билан тун учрашар,
Бу дунёнинг бир ками
Бизлар учун дийдорми,
Сизни кўрар кун борми?!
Сизни кўрар кун борми?!

Чуғурлашиб тинмайди,
Қалдирғочлар қайтдилар.
Қатор-қатор турналар
Бахт қўшиғин айтдилар.
Маҳзун ҳижрон қўшиғин
Тинглашга кўнгил зорми,
Сизни кўрар кун борми?!
Сизни кўрар кун борми?!

Ариқларни тўлдириб
Сувлар шарқираб оқар,
Кўклам тоғу тошнинг ҳам
Чаккасига гул тақар.
Бу йилги келган баҳор,
Ўзи чиндан баҳорми?
Сизни кўрар кун борми?!
Сизни кўрар кун борми?!

Озод қушдек ораста
Юракка сиғмайди дард,
Ўз ҳолига ачиниб,
Ўксиниб йиғлайди дард.
Бу саволнинг жавобин
Шу бугун билишим шарт!
Сизни кўрар кун борми?!
Сизни кўрар кун борми?!

Исму жисмим пайваста,
Гул тўшадим йўлларга,
Бу дунёда бахт борми
Биздек сарсон дилларга.
Худойим бахт берармиш
Дуо тутган қўлларга.
Бу армонлар бекорми,
Сизни кўрар кун борми?!

ТУТҚУН ҚУШ

Хиёбонда кезар бир телба,
Хаёлидан кетмас тутқун қуш.
Уни озод қилгиси келар,
Йўқдай бундан муҳимроқ бир иш.

Қушча эса, кўзи интизор,
Умид билан боқади унга.
Ишонади, шу одам уни
Етказади бир ёруғ кунга.

Телба бир кун қуш эгасига
Не гап айтсанг, кўнаман, дейди.
Агар қушни қўйиб юборсанг,
Масхарабоз бўламан, дейди.

Соҳиб уни туртиб ўтади,
Шундай дейди бир кун виждонсиз:
“На пулинг бор, на ақлу ҳушинг,
Сен қушдан ҳам баттар имконсиз!”

Қушча эса телба ҳолига
Ачинмайди, қилади ҳавас.
Неча йилки, оломон ичра
Ҳеч ким уни тушунган эмас!

Кўрди қанча томошаларни,
Томошага ўч бу одамлар.
Тор қафасдан қочгиси келар,
Токи, адо қилмасдан ғамлар.

Тутқунликда яшаганларга
Дунё қамоқхонага ўхшар.
Соҳибига маҳзун боқади:
“Бу ўйинлар, айт, қачон тўхтар!”

Нажот тилаб қарар тўрт ёнга,
У имконсиз, тутқун бир қушча.
Озод, масрур ўтган ҳаёти
Унут бўла бошлаган туш-да…

Бундан қандай қутулиш мумкин,
Кеча-кундуз хаёл суради…
Шунданми, у томошага ўч
Одамларни ёмон кўради.

Ҳою ҳавас бандаларига
“Қуш тили”да сўзлайди достон,
Қучоғини кенг очганича
Бир кун қарши оларми осмон?

Халоскори томошагоҳга
Келар ҳар кун, кетади ҳар кун…
Ва ҳар куни имкон излайди
Қушга ёрдам бермоқлик учун.

Умид билан боқади қушча,
Қанотлари учмоқликка шай.
У пайт пойлаб, ёнига келиб,
Қафас қулфин бузади атай.

Эгасини доғда қолдириб,
Учиб кетар қуш бир нафасда.
Халоскори унга ҳавас-ла
Термулганча, қолади пастда.

Ҳар ким орзу билан яшайди,
Тан бергиси келмас тақдирга.
Телба орзу қилар, орзуси –
Учиб кетса қуш билан бирга!

*  *  *
Кимнидир соғиниб кутганмисиз, ё
Юрак ўртанганда эслаганмисиз?
Йўл тўла одамлар, улар ичидан
Кимнидир… кимнидир излаганмисиз?

Манжнундай тўлғониб, Машрабдай ёниб,
Ким учундир куйиб, бўзлаганмисиз?
Янги ой чиққанда кўкка термулиб
Дил тўла дардингиз сўзлаганмисиз?

Юрак сел бўлганми ҳижрон дардидан,
Ёмғирга қўшилиб йиғлаганмисиз?
Дардингизни у ҳам тушунмаганда,
Шунча кенг дунёга сиғмаганмисиз?

Айрилиқда, аро йўлларда қолиб,
Бахтли бўлганмисиз дийдор кулганда.
Озод турналардек узоқ-узоққа
Учгингиз келганми баҳор келганда?

Ёз ўтиб, куз келса, хазонрез боғда
Кезганмисиз бахтли кунларни эслаб.
Кейин кўришмоққа ошиққанмисиз
Узун-узун бедор тунларни эслаб.

Сой бўйига бориб, оқар сувларга
Кўрган тушингизни ҳеч айтганмисиз?
Гоҳида ёнма-ён йўллар учрашмай,
Диллар учрашганда шод қайтганмисиз?

Бу қандай синов, деб ўйлаганмисиз,
Бахтнинг дийдорига тўймаганмисиз?
Гоҳида аразчи болага ўхшаб
Беркинмачоқ ўйин ўйнаганмисиз?

Бу олам ичра бир олам экансиз,
Аламлар ўтида куйган бўлсангиз.
Демак, қалби тоза одам экансиз,
Кимнидир чин дилдан суйган бўлсангиз.

*  *  *
Ҳеч ким мени эсламаган дам,
Ҳамма мени унутган маҳал.
Юрагимни йўқлаб келасан,
Сен ёдимга тушасан ҳар гал.

Яхшиямки, сен борсан, дунё
Бир камлигин унуттиргани.
Ён-атрофга қарайман шу он
Сендан ўзга бир одам қани?

Сен кетган кун нафақат хаёл,
Қалбим кетди сенга эргашиб.
OLYMPUS DIGITAL CAMERAЁдимдасан, ёнимда бўлмоқ
Бахти бир кун этарми насиб.

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА 1982 йилда Тошкент вилояти Чиноз туманида туғилган. 2004 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Миллий университети қошидаги Олий адабиёт курсини тамомлаган. “Сунбула”, “Ўзингизни авайланг”, “Йўл” номли шеърий тўпламлар муаллифи. Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги ихтисослаштирилган “Адолат” нашриёти муҳаррири.

“ЯШАСАМ ЯШАДИМ СЕНГА ИШОНИБ…”

Гулбаҳор Ортиқхўжаеванинг “Ўзингизни авайланг” китоби ҳақида

Мана, ўн йилдан ошиқроқ вақтдан буён кўп асрлик тарихга ва шаклланган қатъий анъаналарга эга ўзбек шеъриятида тинимсиз эврилишлар, сифат ўзгаришлари кузатилмоқда. Бу табиий жараён, зотан, барчани бирдай ўзига жалб эта оладиган ҳаётий муаммо ҳам, ҳаммада ёппасига ижобий муносабат пайдо қила биладиган бадиий асарнинг ҳам бўлиши деярли мумкин эмас. Эдвард Ховардсхолм айтганидек, санъатнинг оғирлик маркази ташқаридан ичкарига кўчиб ўтиб, санъаткорнинг вазифаси мавжуд воқеликни тасвирлаш, муҳрлаб қўйиш эмас, балки ўз бадиий оламидан келиб чиққан ҳолда бу мавжудлик билан муносабатга киришиб субъектив реаллик яратиш [Ховардсхолм Э. Модернизм. В книге «Называть вещи своими именами». –М.: 1986. С. 460] бўлиб қолди. Гулбаҳор Ортиқхўжаеванинг 2013 йили “Адолат” нашриётида чоп этилган “Ўзингизни авайланг” номли шеърий тўплами ҳам айни шу миссия туфайли пайдо бўлган. Унинг шеърлари муҳаббат, ҳижрон, соғинч каби абадий мавзуларда битилган бўлса-да, бутунлай ўзгача усулда ифодаланган:
Изимдан эргашиб, этагим тутиб:
“Кетма!..” деб йиғлайди бир олис орзу.
“Кетяпман” номли мазкур шеърда Гулбаҳор бадиий қаҳрамонни биз кўниккан, одатий амплуадан ташқарида кўрсатади. Аслида бадиий қаҳрамон орзуга эргашиши, унинг ортидан қолмаслиги керак. Лекин Гулбаҳор талқинида орзу ўз соҳибининг изидан қолмайди. Орадан йиллар ўтган бўлса-да, “олис орзу” соҳиби уни рўёбга чиқаришидан умидини узмайди. Эгаси кутишдан, умид қилишдан чарчаб, барчасига қўл силтаб кетмоқчи, орзудан воз кечмоқчи бўлганда эса, “Кетма!” деб йиғлайди. Шу боис қаҳрамон орзусидан воз кечолмайди, ўзи ноумид бўлгани ҳолда орзуни ноумид қилмайди.
Яхши асар – китобхон шуурида портлайдиган бир бўлак сиқиқ воқеликдир [Ховардсхолм Э. Модернизм. || «Жаҳон адабиёти», 2001. 1-сон, 197-бет]. Гулбаҳор Ортиқхўжаева шеърлари ҳам ихчам, сиқиқ, шу билан бирга, кўлами жуда кенг, оҳанги ширалидир. Айнан шу ширалилик уларнинг ўқишли бўлишини таъминлайди. У “Кўзларимдан тўкилди бир-бир Оғирлигин сезиб турган юк”, дея кўнглидан кўз ёшлари орқали чиқиб кетган ҳижрон, алам, соғинч каби аччиқ туйғуларни, “Бу дунёнинг дардидан қочиб Бағрингизда ўлгани келдим” дея ўзининг мантиқдан холи тутуми, маҳбубга телбаларча интилишини, “Овозингиз ширин, сўзингиз аччиқ” деб эса шунча ҳарорат, туйғу, фидойиликларга қарамай, маҳбубнинг унга бефарқлигини ифодалайди. Чиндан ҳам муҳаббат буюк куч, улкан туйғу, уни бошқариб бўлмайди, унга бўйсуниш лозим. Шоира ҳам маҳбубнинг аччиқ сўзлари, беписанд муносабатига эътибор қиладиган ҳолатда эмас, унга сўзнинг мазмунидан кўра улар янграётган овоз муҳимроқ, қадрлироқ, ширинроқ. Унга маҳбубнинг, ҳеч бўлмаса, овозидан баҳра олиш, лаззатланиш кифоя. Шу боис ҳам у дейди:
Мен сени унутмайман,
Истасанг, мени унут!
Яъни шоирага У эмас, у ҳақдаги ўзининг хаёллари муҳим. Маҳбуб қизни истаса эсласин, истамаса унутсин, Гулбаҳорга ҳатто нима деб ўйлаши ҳам муҳим эмас. Буларнинг барчаси маҳбуб ҳақидаги хаёллар олдида аҳамиятсиз, қиз шу хаёллар билан ҳижрон қийноғию соғинч аламларига бемалол дош бериб яшай олади.
Ҳозир ҳаммадан ҳам бахтли эдим мен,
Мана, ҳаммадан ҳам бахтсизман ҳозир.
Одам ақлли, ақлли бўлгани боис кучли. У тирикчилигини ўзи мўлжаллаган йўлга қўяди. Бу унинг ўзига ишончини орттиради. Фан ва техниканинг ривожи туфайли эса имкониятлари янада кенгайди. Лекин ҳамма нарсани ҳал қилиш қудратига ҳамон эга эмас, ҳамон ўткинчи, онийдир. Инсон бахтию бахтсизлигини бошқара олмайди, бахтли эканлигидаёқ ўзини бахтсиз сеза бошлаши, тақдир ҳукми ила бахтли бўлганидай яна тақдир ҳукмига кўра бахтсизга айланиши айни ҳақиқат. Акси бўлганида дунёда армонсиз инсон бўлмасди, барча ўзи истагандай ва истаганича яшарди. Аммо барча инсоний ҳолат, вазият, ҳодисалар ўткинчи, улар пайдо қилган туйғулар муқим ва муҳимдир. Гулбаҳор шундай ўткинчи ҳолатлар уйғотган туйғуларни туйилганидан ҳам мукаммалроқ қилиб етказа билади:
Кўнглим ивиб, селоб бўлгани сари…
Руҳий ҳолатни бундай тасвирлаш учун фақат ўзбек бўлиш керак. Чунки ўзбек қизларига йигит учун кўз ёш тўкиш номус саналади. Қиз қанчалар кучли суймасин, дили нечоғлик хуррам ёки вайрон бўлмасин, уни бирор касга билдирмаслиги лозим. Гулбаҳор ўзбек қизи, шу боис маҳбубга аталган ёшлар кўзидан эмас, дилидан оқади. Шу боис унинг кўзлари қуруқ, юзлари сокин, аммо кўнгли ивиган, ҳатто селоб бўлиб тошай деб қолган.
Бошқа маънавий соҳаларга нисбатан адабиётда одамнинг ўзи, унинг ички олами биринчи ўринга қўйилади. Асардаги барча нарса: рамзлар, воқеалар тасвири, сўзлар, мусиқийлик фақат одам руҳиятини очишга қаратилиши керак. Айтиш керакки, Гулбаҳор буни уддалай олган:
Қорли кўча…
Юрагимга кирар изғирин.
Атроф оппоқ, кўзни қувнатувчи, кўзни қамаштирувчи қор. Табиатнинг энг гўзал, бегидир, покиза дами, аммо бундан кўнгил қувонч туймайди. Балки шоира қорли кўчадаги ёлғизоёқ йўл сингари ёлғиздир, балки юрак муҳаббатсиз ҳувиллаб, музлаб ётгандир, балки муносабатлар ҳозиргина тугаб, юракдаги тафт ўрнини совуқ бўшлиқ эгаллагандир. Нима бўлганда ҳам қорли кўчада ҳукм сураётган изғирин юракка етиб борди, балки изғирин юракдан қорли кўчага кўчгандир. Энди у ҳар нарсага қодир ишқ эгаси эмас, энди у ҳамма қатори, ҳатто умумдан имконсизроқ, ночорроқ одамдир. Муҳаббатдан айрилган одамнинг қўлидан фақат кутиш – висолними, яхшиликними, мужданими, интиҳоними кутишгина келади. У фақат интизор яшашга қодир:
Имконлари чекланган одам
Кутиш … фақат кутишга ярар.
Инсон хоҳиш-истаклари чексизлиги билан имкониятлари чегараланганлиги ўртасидаги номувофиқлик умидсизликни келтириб чиқаради. Гулбаҳор буни чуқур туйғуларни чуқур кечирган шахс сифатида теран англайди, гўзал англата билади. Шу билан бирга ўзбекона дунёқарашга айланиб улгурган исломий ўгит: “Ноумид – шайтон” эканлигини ҳам ёддан чиқармайди:
Бахтли бўлар эмишман, онамнинг кўнгли тўқдир.
Қиз бола фитратига оналик инстинкти жойлашган ҳолда дунёга келади, оналикка туғма мойил бўлади. Шу боис қизалоқлар қўғирчоқ ўйнайди, “боласини” ухлатади, чўмилтиради, овқатлантиради. Она бўлгач эса фарзанднинг хотиржамлиги, бахти, соғ-саломатлиги бош аъмолга айланади. Жигарбанди ҳаммадан гўзал, ҳаммадан ақлли, ҳаммадан бахтли бўлишга ҳақли, деб ҳисоблайди. Фарзанд ўзи қандай ҳисобламасин, ўзини қанчалар ношуд, бахтга нолойиқ, ҳатто бахтли бўла олмайман, деб ўйламасин, яшашидан мақсад боласининг бахти бўлган онанинг кўнгли буни тан олмайди, охирги дамгача ёруғликдан умид қилади. Фарзанд эгасига айтилмай, изҳор қилинмай дилда қолиб кетган сўзларни ўйлаб, пинҳон изтироб чекиб юриши мумкин. Аммо онанинг кўнгли тўқ – у ҳали бундан минг карра яхши, минг карра ёруғ кунлар келишини билади.
Юрагимда занглаб қолган шекилли
Эгасига етиб бормаган сўзим.
Гулбаҳор сўзларни қандай қўллашни билади. У шеър матнини шундай тартибда тузадики, оммавий истеъмолда бўлган сўзлар фақат унгагина хос туйғуларни унгагина хос бўлган шакл ва мазмунда ифодалайди. Айтишга қулай фурсат кутадиган, аммо ҳар сафар айтолмай қоладиган сўз юки оғир, шунчалар оғирки, шоира қалбида темир кўтариб юргандай ҳис қилади. Қулай фурсат эса кела қолмайди, сўзлар ўз вақтини кута-кута занглай бошлайди. Изтиробли кўз ёшлар, юракдаги изғиринлар, қувонч ёшлари дилдаги сўзларни емира бошлайди. Худди очиқ ҳавода ётган, иншоот қуришга мўлжалланган темир сингари. Яна бир оздан сўнг икки дил орасида робита қуришга мўлжалланган бу сўзлар эгасига умуман айтилмайди, яроқсиз ҳолга келиб қолади. Сўзлар емирилгач, қалбни ортиқ ҳеч нарса изтиробга солмайди. Шоира кўнгли равшан тортиб, енгиллашади:
Мендан аввал қилди табассум
Кўзларимдан оққан ёшгача.
Гулбаҳор шаблонлардан қочади – айни шу хусусият унинг шеърларига жозиба бахш этади. Кўзларидан оқаётган ёшларни қувонч ёшлари деб аташи мумкин эди, бунда ҳеч нарса йўқотмасди ҳам. Аммо у кўз ёшларини табассум қилдиришни афзал билди. Қалб енгиллашгач, олам гўзаллигини яна ҳис эта бошлади, яна қувона, тўла маънода яшай бошлади. Эътибор қилсангиз, хурсанд одамнинг кўзларигача кулади. Ўзи кулмаса ҳам кўзлари порлаб туради. Гулбаҳор ҳам қиз қувончини ошкор билдиришни эп кўрмади. Балки, узоқ вақт маҳзун юриб, қандай қувонишни ҳам унутиб қўйгандир. Кўзлар эса кўнгил ойнаси. Ичкин жараёнларнинг барчаси кўзда намоён бўлади. Қалбда пайдо бўлган қувонч кўзларни порлатди, сўзлар чўкиндисидан қалбни батамом тозалаётган ёшлар ҳам чарақлаган ҳолда тушаётир. Айтишади-ку: “алам ёшлари аччиқ, қувонч ёшлари ширин бўлади”. Кўз ёшларига берилган биргина урғу туфайли Гулбаҳор чиройли руҳий ҳолат, фавқулодда бадиий натижа, кутилмаган шеърга эга бўлган. Ҳамда қуйидаги иқрори билан бу натижани янада мустаҳкамлаб қўйган:
Биз бирга бўлган кунлар
Менинг кўнглим ҳур эди.
Киши қачон ҳур бўлади? Қачонки жамият ўрнатган маънавий, ҳуқуқий мажбуриятлардан озод бўлса ёки бу мажбуриятлар унинг ички ҳолатига уйғун келса. Бу ердаги эрк ишқ туфайли эди. Ишқ сабабчисининг қизгина билан бирга эканлиги уни ҳар нарсага қодир, умумқонунлар эмас, ўзи яратган қоидалар асосида яшовчи журъатли шахсга айлантиради. Шунингдек, жамият қонунлари билан, умуман, ўзини ўраб турган олам билан иши йўқ беғам-беташвиш, эрка муҳибага эвириши ҳам мумкин. Ишқда ҳамма нарса ошиқнинг муносабатига кўра талқин этилади, яхши ё ёмонга ажратилади. У жилмайган кез бутун олам чароғон, у норози бўлган пайт эса зимистон бўлишини Гулбаҳор гўзал шеърга ўгира олган. “Куйиб… кетдим…” оҳиста, шикаста овозда шивирлайди шоира. Ўқувчига кўп нуқталар ёрдамида эшиттирилган овоз куйиб кетиш қизнинг тақдири, ёзиғи эканлиги, энг асосийси, у буни мардона қабул қилганлигини билдиради. Шоира ҳолатида чинакам ҳайронлик мавжуд: мен ҳозиргина ишқдан масрур эдим, бахтдан бошим айланиб, оламни унутган, писанд этмаётган эдим. Нечук бирдан шундай аҳволга тушдим, боиси не:Gulbahor. O'zingizni avaylang. Muqova
Мен фақат кўнгилнинг йўлидан юриб,
Сабрим тутган сувни тўйиб сипқордим.
Нима бўлганини тушунмай туриб
Сени соғинишни бошлаб юбордим.
Ҳар бир киши умрида туйиб қолишга интиладиган, оламни бошқаришга лойиқ куч санайдиган туйғу Гулбаҳорнинг тизимга кела бошлаган, сабр этагини маҳкам тутганидан бир қадар хотиржам тортган кўнглини алғов-далғов қилиб юборди: у жараённи тушунмай ҳайрон. Нима бўлди ўзи, ҳозир мен билан, меники бўлиб турган инсон қани, унинг ёниқ, мангу туйғулари қани, нега мен уни соғинаяпман, нега соғинишим керак ўзи? Балки шоира кўнгилнинг йўриғидан юриш ўнғай кечмаслигини билиб, сабрдан қониб ичгандир ва орзуга фақат кўнгил орқалигина бориш мумкинлиги туфайли унга эргашаётгандир. Истаган дамда синиб, ҳалокатга учратиши мумкин бўлган орзу Гулбаҳорни эркин, бахтиёр муҳибага эмас, айрилиқдан азоб чекаётган, руҳи парвозга ярамайдиган бечора ҳолига солди “Айрилиқ — қаноти қайрилиқ бир қуш”. Ишқ ҳам инсонни ҳар нарсага қодир, муҳтожликдан холи инсонга айлантирмаслигига амин бўлган қиз “Сен ҳақингда билган ҳамма гапимни Шеърга солиб, айтиб бердим Худога”. Шу сатрларда шоирлик моҳияти очилади – шеър инсоннинг Яратганга қаратилган нутқи, унгагина аталган гаплари. Шеърдаги оҳангдорлик, сўзлар уйғунлиги, бўғинлар яратган ритм сабаби ҳам унинг Яратганга қаратилган бўлишга мос шаклга келтиришдир. Демак, ҳар бир инсон, ўзи буни билмаса ё тан олмаса ҳам, кўнглида шоир.
“Ўзингизни авайланг” бошдан-оёқ бир бутун туйғулар олами гўё. Унинг муқаддимасида ёзилганидек: “Соғинч. Ҳижрон. Бахт. Армон. Айрилиқ… ва яна СОҒИНЧ ҳақида бу китоб. Орзу ва умидлар ҳақида, чексиз-чегарасиз МЕҲРУ МУҲАББАТ ҳақида бу китоб. Бу китоб туйғулари тирик одамлар ҳақида! Бу талотўп дунёда ўткинчи ташвишлардан ортиб, ўзини-да унутиб, кимнидир соғинган юраклар ҳақида бу китоб.” Гулбаҳор шеъриятида ўқ чизиқни соғинч туйғуси ташкил қилади, дейиш мумкин. Воқеалар соғинч сабаб бошланади, у билан давом этади, соғиниш ила якун топади.
Бугун тугамаса, эрта бўлмаса,
Менинг йиғлаганим ҳеч ким билмаса,
Йўқолиб қолмаса энг яхши куним,
Бизни яна соғинч излаб келмаса…
Шоира шунчалар кўп соғинадики, бу туйғу уни яхши таниб, суяниб, меҳр қўйиб қолган. Агар шоира бир муддат соғинмай турса, соғинчнинг ўзи уни соғиниб, излаб келади. Нега менга мурожаат қилмаяпсан, деб тинч қўймайди. Шу боис Гулбаҳор “Умримнинг исмини соғинч деб қўйдим”, зотан, “Танамдаги жонни симириб, Томиримда гуллайди соғинч” дейди. Бу туйғу шунчалар ўзлашиб, қадрдонлашиб кетганки, уни туғдирган сабаб – муҳаббатдан кўра ҳам аҳамиятлироқ бўлиб қолган. Муҳаббат туйиб эмас, соғиниб яшаш бахтдай туюла бошлаган:
Балки бахтдир соғиниб яшаш…
Гулбаҳор ўз шеърларида муҳаббатга бошқача тарзда ёндашган. Муҳаббатнинг ўзини эмас, у туғдирган туйғуларни биринчи ўринга қўяди; суйгулисидан кўра ўзининг унга нисбатан туяётган кечинмаларини аҳамиятли билади. Муҳаббати ё суйгулиси билан эмас, уларга бўлган ҳислари билан яшайди, буни ҳаёт тарзига айлантиради:
Ҳижрон ҳаёт харитасининг
Соғинчларга аталган қисми.
Шеърият яратилган жонли вужуд ва шу боис уни қайта ишлашга эҳтиёж йўқдир. Шоир қўлламоқчи бўлган сўзларга хос қонуниятларни интуитив тарзда билади. Шеърий нутқ кимга мурожаат қилинаётганига боғлиқ тарзда ўзгаради. Бу табиий, негаки, шоир ёрига ҳам, денгизга ҳам, балиққа ҳам, Яратувчисига ҳам бир хил муносабатда бўла олмайди. Шеърий нутқ тўла англаниши ва қабул қилиниши учун шоир тасвирланаётган объектни яққол тасаввур қилиши, у билан ораларидаги муштаракликни кўра олиши ҳамда алоқа ўрнатишга имкон берувчи воситани илғай билиши керак. Гулбаҳор буни тўла уддалаган.
Бугун бахт улашдим киприкларимга,
Тўйгунимча йиғлаб, севиндим бугун.
дея уни эслаб йиғлаганидан мамнун шоира бир дамдан сўнг бироз афсус чекади – ахир сен ҳақингда ўйлашдан ҳам аҳамиятлироқ иш қилишим мумкин эди-ку, нега кўзларингга боқиб, нигоҳларингдан баҳра олмадим:
Кўзимнинг қоп-қора тугмачаларин
Нигоҳингга қадаб кўрмадим бир бор.
Мазкур сатрлар шоирадаги ички потенциал, сўзни жуда ўринли қўллай билиш иқтидори қанчалар юксаклигини кўрсатади. Қизларнинг кўзлари кўп бора оҳуникига нисбат берилган, аммо жонсиз ашёга бу қадар жонли ўхшатиш биринчи бор Гулбаҳорда учради. Кўзлар қоп-қора, юмалоқ, демак, қорачиқлар тугмачаларга ўхшайди. Суюклиси кўзига қараш, унинг нигоҳини кўзлари ила тутиш – тугмани кийимга қадашга ўхшатилади. Шоира кўзларини ундан узмоқчи эмас, шу боис тугмадай қадаб қўймоқчи, то ришталар эскириб, тугма узилиб кетмагунча. Афсуски, бунинг иложи йўқ, имкон туғилганда андиша йўл бермади, истак андишани енгиб чиққанда эса имконият қолмади.
Бу каби кўзга ташланмайдиган, яширилган шеърий маҳорат бадиият учун жуда муҳим. Ўқувчида шеър ўз-ўзидан туғилгандай, ҳеч қандай тасвирий восита (оҳангдош сўзлар, ҳар мисрадаги тенг ҳижолар, урғулар тартиби каби) қўлланмагандай таассурот уйғонса, бадиий таъсир ортади. Бундай мукаммал шеърларда шакл ва мазмун бирдай гўзал, бой, улар бир-бирини тўлдириб келади. Шакл бетакрор мазмун ортида қолгандай кўринади, лекин айнан шакл мазмун жозибасини таъминлайди.
Гулбаҳор учун қисматнинг икки неъмати қолган барчасидан устун туради – шоирлик ва ишқ. Шоирлик унинг учун юракдаги дард маҳсули “Ҳадемай бир этак мева беради Юрагимда гуллаб ётган беморлик” бўлса-да, у бундан мамнун – чунки айнан шеърият уни бошқалардан ўзгача, ишққа шунчалар яқин этаётир: “Яхшиям қаламни берган Худойим, Эгилган қаддимга бўлади тиргак”. Демак, шеър қисмат, ёзмаса туролмасликдан ҳам илгари шоирнинг тиргаги, суянчи, уни тик тутиб турган, шахс қилиб турган қуввати экан.
Воқелик ва унинг идрок этилиши ҳамиша баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келган. Зотан, уни ҳар ким ўзидан келиб чиққан ҳолда қабул этади ва тушунтиради. Ҳақиқатнинг мутлақ эмаслиги, умуман, бу дунёда ҳеч нарса мутлақ ва абадий эмаслиги сабаби одамларнинг турличалигидадир. Шу каби Гулбаҳорнинг ҳам ғалати нигоҳи, кутилмаган идрок тарзи мавжуд. У оламни ҳеч кимникига ўхшамаган тарзда кўради, англайди. Симёғоч кўлкасини “Симёғочнинг қоп-қора қўли”, чанг йўлни “Ҳайрон лаби қуриётган йўл”, йиғини “… ивиб кетган кўзимни”, беҳуда ўйларни “Хаёлимнинг оёғи оғрир”, сукутни “Нафсинг юрар оғзи мойланиб” тарзида тавсифлайди.
Гулбаҳорнинг шеърларидан ахборот, ичкинлик, туйғу ифодасини эмас, ишора, унинг «парда ортидаги тасвири»ни излаш мақсадга мувофиқдир. У туйғусини ифодалашдан ҳам кўра унга ишора қилишни хуш кўради ва шу тарзда шоира шеърлари икки томон: ўқувчи ва ижодкорнинг биргаликдаги ижодига айланади, шеърлар замиридаги маънони изоҳлашга уриниш орқали бадиий заковатларини оширишади. Шоира тасвирларни жўнлаштириш, соддалаштиришга уринмайди. Уларни ўқиш, уқиш кишидан бироз машаққат талаб қиладиган юмуш бўлишини истайди. Ва бу истагида шоира ҳақ – шу ҳолдагина шеър ўзининг бутун гўзаллиги, жилоси билан тўла намоён бўлади. Қўлингизда мазкур тўпламдаги барча ижод намуналари шу фикрнинг жўшқин исботларидир. Биз Гулбаҳордан ҳақли равишда яна ажойиб шеърлар, теша тегмаган ўхшатишлар кутиб қоламиз, ахир шоира ўзи таъкидлаганидек: “Сездим, кутиш юракдаги ибодат”.

Муҳайё ЙЎЛДОШЕВА,
филология фанлари номзоди

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграм: @Behzod_Fazliddin
YouTube: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 315

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *