Ҳаёт – бурчдир. Гёте ҳикматлари

goetheИнсон бўлиш – курашчи бўлмоқдир.

* * *
Натижа – ишга берилган баҳо.

* * *
Энг кулгили хоҳиш – барчага ёқиш истаги.

* * *
Ишонтириш – ҳар қандай илмнинг ибтидоси эмас, балки интиҳосидир.

* * *
Жанжаллашаётган икки кишининг қайси бири ақллироқ бўлса, ўша айбдор.

* * *
Ҳеч нарса йўқотмайдиган одам бўлиш – ўта даҳшатлидир.

* * *
Донишмандлик – фақат ҳақиқатда.

* * *
Ҳаёт, гарчи у лаҳза бўлса ҳам, бурчдир.

* * *
Бекор ўтган умр, бу – барвақт ўлим топиш демакдир.

* * *
Тажрибалар – бизнинг абадий ҳаёт муаллимимиз.

* * *
Излаган одам адашиши мумкин.

* * *
Кимки кўп нарсага эришмоқчи бўлса, ўз олдига катта талаблар қўйиши лозим.

* * *
Бегона юрт Ватан бўла олмайди.

* * *
Мукаммал санъат асари, бу – инсон руҳий оламининг инъикосидир, у шу маънода табиат фарзанди ҳисобланади.

* * *
Агар тутуриқсиз нарса дид билан тасвирланган бўлса, у ҳам завқ уйғотади, ҳам нафрат.

* * *
Нимаики ўзига жалб этмас экан, у жонсиздир.

* * *
Ғазаб учун далилнинг кераги йўқ. У фақат сабаб ахтаради.

* * *
Ақлли кишилар – бебаҳо қомус.

* * *
Фаол жоҳилликдан даҳшатлироқ нарса йўқ.

* * *
Ким сабрли бўлса – ўша ҳақдир.

* * *
Инсон дунёни қанчалик билса, ўзлигини ҳам шунчалик англайди.

* * *
Инсон тушуниб бўлмайдиган нарсаларни ҳам тушуниши мумкинлигига
инонмоғи лозим: акс ҳолда, у булар ҳақида фикр юритмай қўйган бўлур эди.

* * *
Турли-туман тарбиявий ҳикоятлар ва ҳикматли сўзларни тўплаш тенгсиз давлатдир.

* * *
Ҳар куни ақалли битта қўшиқ эшитиш, яхши расм кўриш ва иложи бўлса, истаган бир ҳикматли сўзни ўқиб олиш даркор.

* * *
Киши узлатда яшай олмайди, унга жамоат керак.

* * *
Фақат одамлар орасидагина киши ўз ўзини англашга қодир.

* * *
Кишининг танҳо қолиши, айниқса, у якка ўзи ишласа, беҳад ёмон; агар у бирон бир нарсага эришмоқчи бўлса, унга ҳамдардлик ва маънавий ёрдам керак.

* * *
Айнан бошқаларнинг хайрихоҳлигидан баҳра топган ҳолдагина ҳаёт нашъали бўлади.

* * *
Ҳамиша қаҳрамон бўлиш мумкин эмасдир, лекин ҳамиша инсон бўлиб қолиш мумкин.

* * *
Ўзи ҳақида ҳукм чиқаришни ўрганмаган одам бошқалар ҳақида ҳукм чиқаролмайди.

* * *
Яқин кишиларимизга ўзларига муносиб муомала қилиб, биз уларни баттар бузамиз. Агар биз уларга ўзларидан кўра яхшироқ одамлар, дея ёндашсак, уларни биз янада яхшироқ бўлишга мажбур этамиз.

* * *
Барча камчиликларидан қатъи назар, одамлар ҳар нарсадан ҳам кўпроқ меҳрга сазовордирлар.

* * *
Гўзаллик – ҳар ерда орзу қилинган меҳмон.

* * *
Бенаф яшашдан бевақт ўлим афзал.

* * *
Кимки курашса гар эрк ва ҳаёт деб,
Ўшанга лойиқдир эрк ҳам, ҳаёт ҳам.

* * *
Айниқса, вақтни бой бериш билимдон одамга қимматга тушади.

* * *
Ҳадеб ўйлайверган одам ҳамиша ҳам тўғри қарорга келавермайди.

* * *
Зўр қувончга фақат катта меҳнат билан эришиш мумкин.

* * *
Ҳатто қабр ёқасида ҳам умид яшайди.

* * *
Инсон ўз бурчини бажарар экан, ўзи мажбуран қилаётган ишига ҳам муҳаббат билан қарайди.

* * *
Қўлидан келадиган ишга эмас, ўзи тушунмайдиган ишга қўл урган киши бахтсиздир.

* * *
Ҳеч қандай ишга дабдаба билан киришмаслик керак: тантанаворлик иш тугаганда ярашади.

* * *
Юксак мақсадлар юзага чиқмай қолган тақдирда ҳам – биз учун амалга ошган паст мақсадлардан кўра қимматлироқдир.

* * *
Мақсадга яқинлашган сайин машаққат ортиб боради. Лекин ҳар бир киши юлдузларга ўхшаб сокинлик билан, шошмасдан, бироқ белгиланган мақсад сари узлуксиз интилган ҳолда, ўз йўлларини босиб ўтиши керак.

* * *

Ҳали ёш эканмиз, хато ҳам фойдадан холи эмас, фақат уни то қаригунча судраб юрмасак бўлгани.

* * *

Нарсаларга қизиқишинг йўқолса, хотирангдан ҳам айриласан.

* * *
Бизга таълим бераётганлар ҳақли равишда бизнинг ўқитувчиларимиз деб аталадилар, аммо бизни ўқитаётганларнинг ҳаммаси ҳам бу номга лойиқ эмас.

* * *
Хурсанд одамга бутун олам қувноқ кўринади.

* * *
Барча ўғрилар ичида энг ёмони аҳмоқ: у бир пайтнинг ўзида ҳам вақтимизни, ҳам кайфиятимизни ўғирлайди.

* * *
Ўзини ақлли кўрсатишга уринган аҳмоқдан ҳам хатарлироқ кимса йўқ.

* * *
Ўртамиёна одамлар учун даҳолар ҳам мангу яшамайди ку, дейишнинг ўзи катта тасалли.

* * *
Одамлар ўзлари нимага ноқобил бўлсалар, ўшани ёмонлашга одатланганлар.

* * *
Кимки ўзга тилларни билмаса, ўз тилини ҳам яхши тушунмайди.

* * *
Ишонч билан гапир, ана шунда сўз ҳам, тингловчиларни маҳлиё этиш ҳам ўз ўзидан кела қолади.

* * *
Мухолифинг билан баҳслаша туриб, ўз ожизлигингни англай бошладингми, баҳсни тўхтат, акс ҳолда, қанча кўп гапирганинг сайин баттар бемаъни аҳволга тушаверасан.

* * *
Энг яхши санъат асарларини вақти-вақти билан такрор синчиклаб кўриб турмоқ зарур; уларда кўз илғамас теранлик яширинган бўлади.

* * *
Ўртамиёна китобларни керагидан ортиқ ўқиб, беҳуда вақт сарфлайдилар. Аслида ҳайратланган нарсангнигина ўқишинг лозим.

* * *
Ҳаётга инон, ахир у ҳар қандай китобдан ҳам яхшироқ таълим беради-ку!

* * *
Меҳнатсиз чинакам буюклик бўлиши мумкин эмас.

* * *
Фақат тажрибагина бизни ҳаёт неъматларини қадрлашга ўргатади.

* * *
Буюк одамдан биз аввало ҳақиқатга муҳаббатни талаб қиламиз.

* * *
Давлатингдан айрилсанг– кўп нарса йўқотасан,
Номусингдан айрилсанг– кўп нарса йўқотасан,
Мардлигингдан айрилсанг– ҳамма нарсангни йўқотасан.

* * *
Ўз номукаммаллигингни англашинг камолотга етаклайди.

* * *
Кимки дунёда ўз дўстлари борлигини билмас экан, дунё ҳам уни билиши шарт эмас.

* * *
Чинакам маслакдошлар узоқ вақт аччиқлашиб юролмайдилар; улар ахир бир кун ярашиб оладилар.

* * *
Ота дунёдан кўз юмганда, болаларига ота ўрнини боса оладиган аёл чинакам онадир.

* * *
Ошиқлар висолига ҳамиша вақт етмайди.

* * *
Аждодлар ҳурматини чин қалбдан бажо келтирувчи киши бахтлидир.

* * *
Ўзингни ўз қобилиятингдан устун қўйишинг ҳам, ўзингни камситишинг ҳам ярамайди.

* * *
Кўрнамаклик – ожизлик аломати.
Буюк зотлар ҳеч вақт кўрнамак бўлмайдилар.

* * *
Ҳар қандай киши ҳам ўзи тушунадиган нарсага қулоқ солади.

* * *
Қўрқоқ хавф ўтганидан кейингина дўқ-пўписа қилади.

* * *
Камчилиги, айниқса руҳий камчилиги бор кишилар доимо ўзлари ҳақида юқори фикрда бўладилар. Гўё сахий табиат кимни бошида ақлдан қисган бўлса, ўша камчиликни тўлдириш учун манманликни қўшимча чора сифатида юборгандек.

* * *
Ўлимдан қўрқиш ҳам, қўрқмаслик ҳам мумкин, у – муқаррар нарса.

* * *
Наҳот муҳаббат билан ақл ўртасида бирон бир умумийлик бўлса!

* * *
Зиддият ва хушомад бор жойда суҳбат қовушмайди.

* * *
Ишқибозлик – қусур ёки фазилатнинг юқори даражадаги кўринишидир.

* * *
Бизнинг майл-ҳавасларимизни Қақнус қушга ўхшатиш мумкин. Бири ёниб битса, шу заҳоти кул ичидан яна янгиси чиқиб келаверади.

* * *
Ихтиёрий боғлиқлик энг гўзал ҳолатдир, уни муҳаббатсиз қандай тасаввур қилиш мумкин?!

* * *
Санъат қийин ва эзгу ишлар билан шуғулланади.

* * *
Манзилга яқинлашганинг сайин қийинчиликлар янада орта боради.

* * *
Энг ингичка соч толасининг ҳам сояси бор.

* * *
Агар инсон табиатан олижаноб бўлмаганида, у ер юзидаги энг улуғ мавжудот бўла олмас эди.

* * *
Айрим даҳоларнинг баъзи бир тентакликлари ҳам борки, уларга қўл силташ лозим бўлади.

* * *
Кимки ўз умри интиҳосини ибтидоси билан боғлай олса, у энг бахтиёр инсондир.

Олмон тилидан Мирзаали АКБАРОВ таржимаси.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

 

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 1 721

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *