Билимдан бошқаси беҳуда!

Эски дафтардан
Ҳадемай 1 август!
Бу куннинг қадрини йиллаб ўқишга кириш учун ҳаракат қилган, баъзан туни билан мижжа қоқмай китоб варақлаган, бор имкониятини талабалик шоҳсупасига чиқиш учун сарфлаётган ёшлардан сўранг. Кимлардир аллақачон ҳужжатларини ўзи қизиққан соҳа бўйича таълим бериладиган олий ўқув юртига топшириб, кўнгилни хотиржам қилган ҳолда тест синовларига тайёргарлик кўряпти. Яна бировлар «Бу йил нима қилсам экан?» деган ўйда. Ота-оналарнинг ҳаяжонини айтмайсизми! Қандай қилиб бўлса ҳам дилбандини талаба қилиш илинжида. Хуллас, ғалвир сувдан кўтариладиган палла.Синов палласи яқин бўлгани учун абитуриентларга баъзи муҳим маълумот ва эътибор бериш керак бўлган жиҳатларни яна бир бор эслатиб ўтамиз.
Энг яхши «шпаргалка» – билим
Ҳа, талаба бўлиш иштиёқида юрганлар сон мингта. Кимлардир билимига, кимлардир кимларгадир ишоняпти. Ҳамма ҳам, қандай қилиб бўлмасин, ўқишга кириб олиш истагида. Уларни, албатта, “шпаргалка” аталмиш “нажот фариштаси” бефарқ қолдирмаётган бўлса керак. “99 фоиз кафолат”(баъзан 100 фоиз!), “Бундан арзонини ҳеч ким таклиф қилмайди!!!”, “Энг яхшисини танланг” каби чорловлар шундоқ ҳам боши қотиб турган, билими паст абитуриентни шошириб қўйиши тайин. Баъзиларнинг “тайёри турганда, ўзимни қийнаб нима қиламан” қабилидаги нотўғри фикрлари эртага ўзларига зиён бўлишини ўйлашга хоҳиши ҳам йўқ. Бундай пайтда абитуриент чўкаётган кишидек ҳар “хас”га ёпишади. Ваҳоланки, шпаргалка (“X-вариант” ҳам дейишади) имтиҳон арафасида турган абитуриентни чалғитади, холос.
Хуллас, “ов мавсуми” бошланган. Баъзи “ишбилармонлар” эса “тайёр ўлжа”ларни чув тушириш пайида. Уларга ишониб анча-мунча пулидан айрилган, энг ачинарлиси, талабалик насиб этмаган “жабрдийда”лар қанча экан… Эҳтимол, омади кулиб шпаргалка орқали ўқишга кирганлар топилар. Лекин ҳаётий мисоллар шпаргалкалар шунчаки қўшимча даромад топиш мақсадида юрганларнинг найранги эканлигини исботлаб турибди. “Ўтган йили фалон сўмга шпаргалка сотиб олган эдим, тест пайтида бирортаси ҳам тушмади. Шпаргалкадан фойдалангунча китоб ўқисам бўлар экан”, – дейди олий ўқув юртига учинчи бор ҳужжат топширган абитуриент…
Шпаргалка тест синовининг адолатли тарзда ўтказилишига халақит беради. Ўз кучига ишонган, билимли абитуриент фурсатни бой бермай ўқиш билан овора. Ҳарҳолда, ўзига ишонч бор, “Х-вариант”га эҳтиёжи ҳам йўқ. Бор умидини қўлидаги шпаргалкага қаратганлар эртага афсусланиб қолмаслигига кафолат йўқ. Шундай экан, яна бир бор огоҳлантириб қўйишни бурчимиз деб билдик: Бундай пайтда билимдан бошқаси беҳуда, ҳурматли абитуриент!..
Тартибни буза кўрманг!
Негадир, қайта-қайта таъкидланса-да, “уддабурон” абитуриентлар ўз билганидан қолмаяпти. Абитуриент тест синовига микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар олиб кирган бўлса, тест жараёни давомида тест материалларини бошқа абитуриентга узатса, абитуриентларга ёрдам берса ва шу каби салбий ҳолларда у тест синовларини ўтказиш тартибини бузган ҳисобланади ва далолатнома тузилиб, тест жараёнидан четлаштирилади.
Тўғри жавоб йўқ, деб ўйласангиз…
Яқин 20 йилдан бери репетиторлик қилиб келаётган, булунғурлик ўқитувчи Ойдин Алимқулованинг мана бу маслаҳатлари, ўйлаймизки, абитуриентларни бефарқ қолдирмайди:
– Тест синовида қийин, ечими йўқ ёки тўғри жавоб берилмаган савол учраса, абитуриент, аввало, ҳаяжонини босиб олиши, ўзини эркин ҳис қилиши, ташқи таъсирларга эътибор бермаслиги керак. Баъзан кучли ҳаяжон тўғри саволни нотўғри тушунишга ёки акс ҳолатга олиб келиши мумкин. Шунинг учун ҳам ўқувчи ҳеч қачон тушкунликка тушмаслиги, тўғри жавобга яқин бўлган вариантни танлаши керак. Яхшилаб эътибор берилса, тўғри жавобга яқин вариантнинг ўзи кишини «чақиради». Қолганлари эса сал «бегона»га ўхшаб туради.
Синов арафасида…
Тест синови арафасида китобларни қайтадан ўқиш ёки қоидаларни такрорлайвериш тўғри эмас. Абитуриент кўпроқ тоза ҳавода бўлиши, тўйиб ухлаши, имтиҳон қандай бўларкин, каби ўйлар билан сиқилмаслиги керак. Имтиҳон олдидан такрорлаш акс натижага олиб келишини кўпчилик билади-ю, негадир, бунинг тескарисини қилади.
Яна бир муҳим гап. Абитуриент ҳеч кимнинг, айниқса, яқинларининг кўнглини оғритмаслиги керак. Бировни хафа қилиб имтиҳонга кирган одамнинг омади кулишига ишониш қийин.
Катта синов остонасида турган қалби пок, нияти тоза ёшларга эса муваффақият тилаймиз. Эзгу ниятларингиз ҳаққи, юзингиз ёруғ бўлсин.
Беҳзод
P.S. «Эски дафтар»даги бу қайдлар анча олдин қоғозга тушганди. Олий ўқув юрти остонасига эзгу ният билан қадам қўяётган ука-сингилларимизга асқотиб қолар, деган мақсадда эълон қиляпман.
 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *