Ҳаким Сатторий. Тургенев турткиси

Эссе

Фикр тошни ёрар.
Ҳикматли сўз.
Публицистика поэзия эмас, бироқ у поэзиядан баланд бўла олади.
И.С.Тургенев.

Бир замонлар мафкура полигони сифатида адабиёт буғдойзорга айлантирилгани рост. Агар хўжайиннинг ноғорасига ўйнасанг ва унинг қўшиғини куйласанг, бу ризқ-рўз хирмонидан истаганча баҳраманд бўлишинг мумкин. Гўё чаман-гулзорга мўлжалланган майдонга дон экилган ва бу ҳудуд бор-йўғи тирикчилик манбаига айлантирилган эди.
“Адабиёт инсоншуносликдир” деган эди улуғ ёзувчилардан бири Максим Горький. Аслида, унинг замонида инсоншунослик адабиёт бўлиб бўй кўрсатди ва олиймақом ҳужжатларда белгилаб қўйилган янги, тарихда ҳали кўрилмаган инсонни, унинг уюшган жамоаси – халқни яратишга бел боғланди. Мазкур тафаккурга кўра, инсон улар истагандек фикрлаши, яшаши ва …ўлиши лозим эди. Мана моҳият! Ана шундай шароитда буюртма адабиёт вужудга келди. Унинг тамойиллари адабиётчилар эмас (афсуски!), сиёсатчилар томонидан белгилаб берилди. Бу тамойилнинг амал қилиш қоидаларининг сони, ҳатто қўтондаги қўйдек аниқ эди: бешта! Жумладан: бош қаҳрамон, албатта, коммунист бўлади; асарда эскилик (яъни, шўро тартибларигача эришилган жами қадриятлар)га қарши янгилик (моҳияти материалистик қараш бўлган ғоя) ўртасидаги кураш кўрсатилади ва бу муҳорабада янгилик эскилик устидан ғалабага эришади ва ҳокозо.
Бундай адабиёт яшаб кета олмади, аввало, тузумнинг ўзи патарат топди. Дарахт қулагач, мева чикора? Кейин у адабиётни орзу ҳам қилишмади. Табиий, халқ бадиий даҳоси гувлаб турар, қолаверса, замон қаҳрамонларини кашф этиш кун тартибидаги доимий орзу эди. Қалам тутганлар, ўзларини шу улкан хазинанинг вориси деб билганлар йўллар излай бошлади. Баногоҳ дунё саҳнида бу чўққининг боқий даҳолари ўз буюклиги билан муҳокамаларни лол қилиб турарди. Уларнинг жозибаси кўпчиликни мафтун этди ва уларга эргашиб, ижод қила бошлашди. Жонли ҳаёт воқеалари рамзий тимсолларга ўралиб, аллегорияларнинг мубҳам оламида фақат ўзбекча исмларгина чайқалиб, қаламга олинган мавзуларни ҳис қилиш, идрок этиш ва, ниҳоят, тушуниш (қабул қилиш) учун жиддий, ҳатто академик илм керак бўладиган битиклар пайдо бўлди. Ўша айёмларда “Шеърингизни тушунтириб беринг” деган заифгина иҳрашлар эшитилиб қолгани ҳам бор гап. Адабиёт илми одамлари бу изланишларни сюрреализм, суперреализм, модернизм, постмодернизм ва яна бошқа бурама сўзлар билан атаб, уларни баҳолашга киришиб кетдилар. Бу уринишлар, умуман, ижобий баҳоланди, адабиётимиз жаҳон билан бўйлашаяпти, тарзида жар солинди. Балки шундайдир, аммо бир далил ҳақиқатки, на “Гений” (Теодор Драйзер), на “Анна Каренина”, ҳатто “Ўткан кунлар” (Абдулла Қодирий) даражасидаги асарлар яратилди, ҳатто уларнинг руҳи ҳис ҳам этилмади. Бу ҳолни ҳам оқлаш мумкин эди: буюк кашфиётлар, айниқса, бадиий кашфиётлар юз йиллар давомида яратилади. Бу хулосани тан олиб, бошқа бир ҳақиқатни ҳам эътироф этиш керак бўлади: тақлид ҳеч қачон аслият бўла олмайди. Кейинги йиллардаги уринишларнинг бари тақлид эди ва дастлаб экспримент тариқасида (гўё лаборатория шароитида) эришилган натижаларни такрорлаш, шу усулда нодир асарлар яратиш амри маҳол. Яна, бошқа ижтимоий муҳит (тарих, маданият, менталитет) ва ўқувчилар оммаси шароитида ўзгача ахлоқ эгаси бўлган одамлар қалб гўзалликларини акс эттиришга яраган радикал усул билан консервативликка таянган миллий тафаккурни “ёриб” кириш мумкин эмас эди. Агар адабиётнинг ижтимоий илдизлари заиф бўлса, чуқур кетмаган бўлса, шу куннинг нафаси, ҳарорати сезилиб турмаса, у хаёлий ёки аллегорик эртак мисоли санъат бўлиб қолаверади. Адабиётнинг, жонли сўзнинг кучи эса ижтимоий ҳаётга таъсир этишида. Жамият кўзлаган манзилларни тафаккур, жумладан, бадиий тафаккур ўн қадам, юз қадам одиндан ёритиб тургандагина бу хазинанинг қадри ва обрўси баланд бўлганини ҳозиргача кечган одамзот тарихи тажрибаси тасдиқлаб турибди. Демак, адабиётнинг жони – замонавийликда.
Халқ тақдиридаги буюк ўзгаришлар барча соҳани қайтадан тафтиш қилиб чиқишни талаб этади. Янги йўл излаш эса тўхтамайди. Тақлид бекорга пайдо бўлмайди. Негаки, ана шу изланишлар жараёнида тайёр намуналар ўзига чорлаб туради. Бундай пайтда кечмиш тарихдаги зиддиятлар, баъзи кўнгил хираликлар, олди-бердидаги чалкашликлар сингари майда тирикчилик гиналари хаёлга ҳам келмайди. Негаки, асил, нодир қадриятлар майда иззатталабликларнигина эмас, тарих тўфонларию ғуборларини ҳам писанд қилмай ўзига чорлаб тураверади. Қолаверса, кундани ёриш керак, катта муҳрали болта эса қўшнида бор. Ички араз бўлса ҳам уйни иситиш мажбурияти қўшнига мурожаат қилишга мажбур қилади-да. Бунинг нимаси ёмон. Қолаверса, ўз олдига буюк мақсадлар қўйган, дунёга чиқишга дадил интилаётган миллат учун умуминсоният маънавий хазинасига мурожаат қилиш фарзи айндир. Оламшумул қадриятлар эса тил, миллат танламайди.
Ўз қобиғида ўралиб қолиш маҳдудликка (чекланишга) олиб келар экан. Гаплар маҳаллий, фикрлаш тарзи бир хил: олайлик “фақат ёруғ нарсалар” ҳақида, яъни мақтов руҳида. Бундай шароитда одамлар майдалашиб (бачканалашиб) кетар экан. Энг катта дард эса жимжимадор кошона қуриш ёки қимматбаҳо хориж машинасини харид қилиш ташвиши; энг жиддий муҳокама эса маъракада қанча одамни таклиф қилиш ёки қозонга қанча гурунч бостириш мунозараси қабилида. Шу даражага тушган қавм “охур”дан бош кўтара олмаслиги, бурнидан нарини кўролмаслиги тайин.
Ери туташ бўлмаса-да, тақдирида кўп умумийликлар бўлган рус халқи билан кўп соҳаларда алоқалар азалдан давом этиб келган. Ким кимга “ошириб қўйган”, кечаги кунларда нима бўлган – булар бутунлай бошқа масала. Қолаверса, Адабиётдек умуминсоний қадрият учун бундай чегаралар писанд эмас. Маълумки, тил – маънавият қуроли, тафаккурнинг воқеъ бўлиш воситаси. Неча юз йиллар давомида барча олиму фузало учун бағрикенг майдон бўлиб келган рус тилида барча соҳаларда жуда улкан маданий бойлик яратилди. Турли миллат ва эътиқодга эга бўлган тафаккур аҳлини рус тили бағрикенглик билан ўз қучоғида жам қила олди. Муаллифлар қайси миллат ёки эътиқодга эга бўлмасинлар, улар рус тилида иншо этади-ижод қиладими, демак, у рус олими ёки ёзувчиси, деб қаралди. Таъбир жоиз бўлса, рус тили бу миллатни буюк қаҳрамонликлардан, оламшумул кашфиётлардану беқиёс тараққиётдан, инсоният тарихида турли даражада из қолдирган даҳолардан ҳам кўп эъзозлади, булардан ҳам кўп обрў ва эътибор келтирди. Агар гап рус адабиёти ҳақида кетар экан, таниқли шоир ёки ёзувчилар қаторида дунёнинг ўнлаб миллати вакилларини кўриш мумкин. Рус ҳалқи уларни ифтихор билан “Бизники!” дейди. Мана бағрикенглик, буюклик!
***
Ана шундай миллий ифтихорлар сафида Иван Сергеевич Тургеневнинг алоҳида ўрни бор. Агар бу буюк сўз санъаткорининг ҳаётини яхлит кўз олдимизга келтирсак, унинг фаолияти худди саккиз қиррали юлдуз каби ўз даврининг маданий муҳитини туташтириб турганига гувоҳ бўламиз. У Россияда ижтимоий тафаккур ўз тараққиётида шаклланиш даврини бошидан кечириб, тўлишаётган ва катта тезланиш олишга ростланаётган даврда яшаб ижод қилди.Тургенев 1
Россия тарихида мислсиз из қолдирган Пётр I нинг ислоҳотларидан сўнг мамлакатда буюк кўтарилиш юзага келди. Ана шу пўртананинг акс садоси ўлароқ тафаккур майдонида Ломоносов пайдо бўлди. “Адабиётимиз Ломоносовдан бошланади, – деб ёзади Белинский, – у адабиётимизниyг отаси ва мураббийси, адабиётимизнинг буюк Пётри эди”. Ўз пайтида ватанпарварлик ва миллатсеварлик туйғуларининг ифодаси сифатида Ломоносов шундай деган экан: “Одатда, испан тилида руҳонийлар билан, инглиз тилида дўстлар билан, француз тилида аёллар билан, немис тилида душманлар билан сўзлашиш лозим, дейишади. Рус тилида эса ҳамма билан баравар мулоқот қилиш мумкин, чунки бу тилда испан тилининг малоҳати, инглиз тилининг нафосати, француз тилининг назокати, немис тилининг шиддати мужассамлашган”.
Миллат камолотининг калитларидан бири сифатида шу ҳол эътироф этиладики, ҳукмдорларнинг ҳаммаси санъатга, айниқса, адабиётга яқин бўлган. Кейинчалик ҳам халқ эътироф этган ёзувчи-шоирлар императорнинг доимий эътиборида бўлганини, уларнинг гапига қулоқ тутганини, маслаҳатларини тинглаганини, ҳатто ҳузурларига борганини кўп учратамиз. Жумладан, шоир Державин саройга яқин бўлган. Уни “даврининг чинакам акс садоси бўлган гениал рус шоири”, деб аташади. Яна бир бошқа шоир – Жуковский ҳақида “унинг пайдо бўлиши Россияни тонг қолдирди. У ватанимиз Колумби эди” деганлар. Ниҳоят Пушкин, Гоголь.Тургенев бу улуғ зотлар билан бақамти учрашган, ҳатто улар ёзувчи таржимаи ҳолида маълум чизгилар қолдиришган.
Унинг даври улуғ Пушкин ва буюк Лев Толстой даврининг оралиғида кечди, у тақдирнинг инояти билан ана шу ибтидо ва интиҳо(рамзий маънода; катта гирдоб ичидаги ўрамага ўхшаш)ни боғлаб турувчи кўприк аъмолига эришди. Тургенев қолдирган мероснинг кўлами ўз даврида ҳам, бугунги кун тарозисига қўйганда ҳам улкан салмоқ касб этади. Тургенев адабиётни халқ ҳаёти қобиқлари билан тўйинтирган (аслида, Россия ҳаётининг ички, пардозланмаган жайдари муҳитини адабиётга олиб кирган), Гоголдан бошланган халқчилликни маромига етказган буюк ёзувчи. Иккинчи муҳим қирра эса, тўла ҳуқуқ билан айтиш мумкинки, унинг Европа бўйлаб бетизгин кезишлари туфайли рус адабиёти дунёга чиқди – Тургеневни ўз вақтидаёқ миллий маданиятнинг кўҳна қитъадаги элчиси сифатида тан олишган.
***
Адабиётни тирикчилик, деб билиб, халтасининг ғамида юрганларни ўйлаганда, қолаверса, янги йўл излаб, теваракка олазарак боқиб турилган бир шароитда тайёр намуна сифатида кўплаб ёрқин шахслар қисмати кўз олдимизда намоён бўлади. Шундай изтиробли паллада уларнинг бири ўтган йўлни қиёсан инкишоф этиш анча-бунча фикрларнинг восил бўлишига олиб келиш эҳтимоли кучли. Жумладан, ўз даврида фақат ўзи учун эмас, балки халқи, адабиёти учун янги йўл ахтариб, тинимсиз чарх урган, саъй-ҳаракатлари давомида инсон кечириши мумкин бўлган турли ҳолатлар: яккаланиб қолиш, мусофирлик, ўзаро тушунмовчиликлар туфайли аразлашлар, таҳқиқ ҳамда тазйиқлар, шу тариқатда ва, албатта, севги-муҳаббат можароларини кечирган, руҳий изтиробларини асарларида ҳам чуқур дард, ҳам самимийлик билан ифодалаган, оқибатда инсоний туйғуларнинг сўз орқали гўзал куйчиларидан бирига айланган Иван Тургеневнинг ҳаёт ва ижод йўли нақадар жозибали. Шубҳасиз, унинг таржимаи ҳолида янги босқичга кўтарилиш азми-шижоатида бўлган халқининг кайфияти, руҳонияти қуюқ акс этган.
Инсонга – унга секин яқинлашамиз. Бунда биринчи кўзга ташланадигани унинг гавдаси бўлади. Тургенев саҳро баҳодирларига ўхшаган йирик одам бўлган. Уни ардоқлаб “Спасск Гарпагони” деб аташган. Лев Толстойнинг ўғли Сергейнинг хотираларида дарж этилганки: “Мен Тургеневнинг бўйи баланд эканини эшитгандим, кўрганимда эса кутганимдан ҳам зиёда бўлиб чиқди. У менга мулойим нигоҳлари билан боқиб турган, қизил юзли, яхши таралган қалин оқ, ҳатто сарғиш сочли паҳлавондек туюлди. Отам гарчи бўйи ўртадан юқори бўлса-да, унинг олдида кичкина бўлиб қолди. Муомалаларидан сезилардики, Иван Сергеевичнинг ёши улуғ, отам унга босиқлик, қизиқиш ва ҳурмат билан, Тургенев эса жўшқинлигига қарамай бир оз эҳтиёт бўлиб муомала қилишарди”.
Бу манзара Тургенев 50 ёшга тўлганда намоён бўлган, бунгача икки муҳтарам зот ўртасида кўплаб сир-савдолар кечганди.
Тургеневнинг саҳро баҳодирларига ўхшаши беҳуда эмас эди. У насл-насаби ва келиб чиқишига кўра туркий қавмларнинг вакили эди. (У ўзининг томирлари билан фахрланиб юрган; Бадендаги вилласини сотишга тўғри келганда пинагини бузмай, “Мен учун уй-жой ҳеч нарса эмас, чунки томиримда кўчманчилар қони оқади, уларга ўтов ҳам бошпана” деган экан. Гончаров эса уни кўриб, “Дарё бўйлаб кезади чечен” сингари мисраларни тўқиган).
1440 йилда Олтин Ўрдадан ўрта даражали амалдорлардан бири мирзо Арслон Турғун (мурза Лев Турген) улуғ князь Василий Васильевич ҳузурига келиб, рус фақирлигини қабул қилганини билдиради ва ўзига қўнимжой сўрайди. Марҳаматли князь унга Иван деган русча исм ва Калуга губерниясидан ер беради. Шундан сўнг Тургеневлар Русь тартибларини қабул қилишади ва ўрта тоифали дворянлар қаторидан ўрин эгаллашади. Тургеневлар сулоласининг кўплаб вакиллари Россия тарихида ўз мақеига эга бўлишади. Айниқса, уларнинг кўпчилиги “давлат полки” – ҳарбий кучларнинг олий табақасида нуфузли мавқеда бўлади. Яков эса Пётр I саройида масхарабоз ҳамда боярларнинг соқолини оладиган (бу юмуш ўшанда давлат аҳамиятига эга бўлган) сартарош ҳам бўлган, бошқа бир қариндошлари – бобокалони Роман Семенович Нарва юришида қатнашган, Полтава жангида ярадор бўлиб, подшонинг назарига тушган экан.
Иван Сергеевичга эса бошқа тақдир насиб этди. Бу борада унинг она томон авлоди (гарчи улар давлат бошқаруви ёки ҳарбий соҳада жиддий ютуққа эришмаган ва рус йилномаларида бу сулола номи қайд этилмаган бўлса-да) муҳим ўрин эгаллади. Қолаверса, ёзувчи Тургеневнинг таржимаи ҳолида онаси Варвара Петровна Лутовинованинг ўрни бўлакча.
Орлов губерниясининг чўлолди унумдор ерларида Чаплигин ўрмони, унда Спасск боғи ёйилиб ётар, унинг бағрида дворянлар авлодидан бўлган Лутовиновлар умргузаронлик қилишарди. Уч ўғил ва беш қизнинг отаси Иван Андреевич Лутовиновнинг кенжаси Пётр Екатерина Ивановна Лавровага уйланади ва ягона фарзанди туғилишидан икки ой олдин вафот этади.
Ўғилларнинг қолган иккаласи ёлғиз ўтишади, бироқ иккинчи ўғил Иван Иванович яхши маълумот олади, Пажлар корпусида машҳур файласуф А. Н. Радишчев билан бирга хизмат қилади. У француз, лотин тилларини ўрганган, анча маърифатли бўлиши билан бирга ота мулкида катта боғ ва уй-жой яратади. Ота вафотидан сўнг туғилган қиз (ёзувчимизнинг бўлажак онаси) кейинчалик ана шу мулкка ягона қонуний меросхўр деб топилади (буни ўша замон судлари қонун йўли билан барҳақ қилишади, ҳолбуки, мулкка даъвогарлар кўп бўлган) ва кутилмаганда катта бойликка эга бўлади. Етим қолиб, турмуш зарбаларига учраган (онаси бошқа эрга теккан, Варвара у муҳитда доимий хўрлаш ва камситиш шароитида яшаган) қиз анча пишиқ-пухта, қолаверса, шафқатсиз бўлиб тарбияланган эди. У бир муддат Ватан уруши ярадорларига кўнгилли бўлиб ёрдам ҳам кўрсатади. Катта мулкка эга бўлгач эса уни қаттиққўллик билан бошқаради. Ҳатто бошқарувда император аёллардек тутумни йўлга қўяди (хизматидаги амалдорларини “министрлар” деб атар экан). Ҳамма нарса кўнгилдагидек, фақат Варваранинг ёши ўтиб бораётган, у бўлажак шаҳзоданинг оқ отда келишини интизорлик билан кутиб тонгларни оттираётган эди.
1815 йил Орёлга отлиқлар полки кўчирилган эди. Тезда ҳарбий мақсадларда от сотиб олиш учун сафарбар этилган ремонтёрлар сафида Спасскка йигирма икки ёшли навқирон, хушруй поручик Сергей Николаевич Тургенев келиб қолади. Бу жойларнинг танҳо бекаси Варвара Петровна тақдир унга мўъжизани дуч қилганини сезиб, гарчи ўзидан олти ёш кичик бўлса-да, поручик атрофида парвона бўлади, бу омадни қўлдан чиқармасликка тиришади. Бутун санъатини ишга солиб, муомала қилади, мулкини кўрсатиб, меҳмоннинг кўнглини овлайди ва яна келишига ваъдасини олиб, жўнатади. Бу пайтда Тургеневларнинг моддий аҳволи яхши эмас, воқеадан хабар топган отаси “Лутовиновага уйлан, уйлан, бўлмаса, рўзғоримиз тўзиб, гадойнинг ҳолига тушамиз” деб астойдил қистайди. Шундай қилиб, 1816 йил 14 январь куни тўй маросимлари бўлиб ўтади. Бу никоҳдан уч ўғил фарзанд туғилади. Биз учун қадрдон ўртанча ўғил Иван 1818 йил 28 октябрь, душанба куни кундуз соат 12 да дунё юзини кўрган экан. Бу ҳақда Варвара Петровна уй дафтарига аниқ-тиниқ ёзиб қўйган эди.
Варвара Петровна ва Сергей Николаевичнинг никоҳини икки тиниқ чашманинг қўшилишига қиёслаш мумкин. Зеро, асил насллар тоза палакларда туп ёзади. Бу ҳолни минг йиллик ҳаётий тажрибалар исботлаган. Бизнинг турмуш тарзимизда ҳам мазкур ақидага қатъий амал қилинади. “Таги паст”, “зоти бузуқ” деб лаънатланганларнинг зурриёди барибир “Қазисан-қартасан, бир кун наслингга тортасан” деганларидек, қачондир, қандайдир ҳунар кўрсатганлигига кўп гувоҳ бўлганмиз. Инсон қавмини тенглаштириб, ягона миллат яратишга уринишлар бўлган шўро тартиблари даврида хира тортган бундай қадриятлар энди яна турмушимиздан мустаҳкам ўрин эгалламоқда, бўлажак қудалар бир-бирининг насл-насабини суриштириши оддий таомилдаги ҳол бўлиб қолди. Ўшанда, бундан юз йил олдин Спасскдаги черковда никоҳ маросимига гувоҳ бўлганларда ҳам шундай туйғу бўлгани шубҳасиз: Тургеневлар ҳам, Лутовинлар ҳам ўз насл-насаби жиҳатидан эътироф этилган оилалар эди. Бу тантаналарнинг бошқаларга ўхшамаган яна бир жиҳати бор эди: амалда бўлган тартибларга зид равишда тўй куёвникида эмас, келиннинг мулкида бўлаётганди. Мазкур вазиятни келинойимнинг ҳаддан ташқари иштиёқи баландлиги ва куёвхонтўранинг моддий имкониятлари пастлиги билан изоҳлаш мумкин. Кейинчалик ҳам табиатан шаддод, биринчиликка мойил Варвара Петровна мавқеини қўлдан бермайди, ичкуёв унга қулоқ тутишга мажбур, мулкда эса унинг хоҳиши қонун.
Каттагина ер-мулкка, икки юз нафарга яқин жон боши (крепостной деҳқонлар)га эга бўлган бу оиланинг ички тартиблари ХIХ аср рус ҳаётининг узвий қисми эди. Аср бошларида Наполеон қўмондонлигидаги француз армиясининг бостириб келиши гўё уйқудаги рус айиғини уйғотиб юборган (миллий зиёлилар бу қонли урушни Россия тараққиётини юз йилларга тезлаштирган зарб, деб баҳолашади), мамлакатда беқиёс, олдин кўрилмаган кўтарилишни юзага келтирганди. Айниқса, мавжуд тартиблар – зулм ва шафқатсизликка қарши (бундай муносабат аҳолининг кескин табақаланишига олиб боради: жорий этилган тартиблардан манфаатдор гуруҳ беқиёс имтиёзларга эга бўладилар ва бойиб кетадилар; қарши тараф эса қашшоқликка маҳкум этиладилар) оддий халқ манфаатларини кўзлаб (жамиятда муросаю мадора муҳити ҳукмронлик қилса, имтиёзлар бекор бўлади ва нисбатан тенглик ҳукм суради; бу ҳол аҳолининг барча табақаси, жумладан, қашшоқ халқ манфаатларига ҳам мос келади) бой табақалардан чиққан йигитларнинг 1825 йил 14 декабрдаги исёни бутун дунёни ларзага келтирган, ер юзидаги афкор омма бу кўтарилиш туфайли рус халқига муносабатини ўзгартириб, айрича синовчанлик билан қараётган эди. Европада ярим ёввойилар, варварлар сингари тавқилаънат билан яшаётган рус жамияти муҳитида эркин ижтимоий фикрнинг туғилиши, амалда томир отиб, ҳаракат сифатида майдонга чиқиши кибор Европа ва ундан узоқлардаги ҳашаматли саройлар тинчини бузган, уларни азим Россия билан ҳисоблашишга мажбур қилганди. Декабристлар қўзғолонидан кейин мамлакатда шафқатсиз сиёсат кучайганлиги, исённи қонга ботирган император Николай I бир-биридан аёвсиз кўплаб декретлар қабул қилгани ҳам бор гап. Бундан деҳқонларнинг аҳволи баттар ёмонлашган, улар бутунлай “қалъаларга тамбаланган”(крепостной) эди. Инчунун, Варвара Петровна ҳам ўз йўриғида иш тутар, унинг қўл остидагиларга муносабати аёвсиз, шафқатсиз эди.
***
Шундай воқеа рўй берганди. Варвара Петровна чеккадаги ерларидан хабар олишга жўнайди ва аравага зарур нарсалар қаторида сув қўшилган вино ҳам жойлашни амр этади. Хизматкорлар бошқа ташвишлар билан бўлиб, бу юмушни унутиб қўядилар. Йўлга тушишдан олдин бундан хабар топган Варвара Петровна жуда дарғазаб бўлади. Юмуш топширилган казак бола Павлуша қочиб, уйга яширинади. Ғазаби жунбушга келган бойвучча “Ярамасни судраб чиқинглар!” деб бақиради. Бу гап қулоғига етган Павлуша кутиб турган жазодан қўрқиб, осиғлик турган милтиқни олади-да, ўзини отади. Ўқ овозини зшитган хонимга қандайдир овчи қушларга ўқ бўшатди, деб айтадилар ва алдаб-сулдаб жўнатадилар. Сафардан қайтгач эса Павлуша касалланиб ўлганини маълум қилишади. Бунга Варвара Петровна пинагини ҳам бузмайди. Кейинчалик ов қилиб юрган чоқларда ҳордиқ пайтлари Николай тоға шуларни сўзлаб берганда Иван Сергеевич Павлушанинг тақдиридан таъсирланиб, онаси наҳотки унинг ўлимида ғайритабиий бир ҳол юз бергани билан қизиқмаганидан чуқур афсусланган эди. Ўшанда онасига битта нонхўрнинг камайгани маъқул келгандир, ўғил эса бутунлай бошқа руҳда тарбия топган, унда оддий одамларга нисбатан чексиз ҳурмат ҳислари кучли эди ва катта ҳаёт майдонига чиққач, умрининг бош мақсадаларидан бири крепостной тартибларига қарши курашиш бўлди ва Россияда бу шафқатсизликнинг бекор қилинишида жуда катта кўшиш кўрсатди.
И. С. Тургенев шахсиятидаги юксаклик унинг болалик чоғларидан нишон берганлигини тасдиқловчи кўплаб далиллар ёзиб қолдирилган. Унинг гўдаклигиданоқ ширинтойлиги, кулгили қилиқлари ҳаммага ёқса-да, тўғрисўзлиги, қолаверса, бетгачопарлиги Варвара Петровнани ноқулай ҳолатларга тушириб қўйган чоқлари кўп бўлган. Бир сафар уларникига теварак-атрофда эътиборли княгинялардан бири меҳмонга келди. Унинг ёши ўтиб қолган, кўриниши ҳаддан ташқари оҳанжама, пардоз-андозга зўр берганди. Унга чуқур ҳурмат кўрсатилди, болаларга таништирилди. Коля ва Серёжа мўминқобиллик билан бош эгишди, хонимнинг қўлини кўзларига суртишди. Ваня эса меҳмонга узоқ тикилиб қолди, ранги ўчди ва бирдан томдан тараша тушгандек ҳаммага эшитарли қилиб, шундай деди: “Сиз маймунга ўхшайсиз!” Онаси бўлганича бўлди.
Ёки оиланинг яқин дўстларидан масалчи шоир Иван Иванович Дмитриев ташриф буюради. Обрўли меҳмоннинг ҳурмати учун 3-4 ёшларда бўлган Ваничкани таклиф қилиб, масаллардан ёддан ўқиб беришини сўрашади. Болакай уйнинг ўртасига туриб олиб, баланд товушда шеърни ўқийди. Бундан кекса шоир жуда таъсирланади. Бола эса ёлтоқланиб меҳмонга яқинлашади, унга тикилиб, “Сизнинг масалларингиз яхши, аммо Иван Андреевич Криловники жуда яхши”, дейди.
Бола бундай тўғриликка туғма равишда мойилга ўхшарди, унинг бошқача бўла олмаслиги маълумдек эди. Ҳа, шундай ҳам бўлиб қолди. Ёзувчи Иван Сергеевич Тургенев жаҳон адабиёти тарихида ҳақиқатни гапирган (ёзган), уни ҳимоя қилган, у учун курашган буюк қаламкашлар рўйхатида мангу қолди. Зотан, ҳар қандай шароитда адолат тарафида бўлиш, бор гапни қўрқмай айта олиш ҳам нодир хислат ҳисобланар экан. Ҳамма ҳам тўғри гапни борича сўзлай олмайди, бу хислат одамнинг тарбиясига боғлиқми ёки табиий фазилатми – бир нарса дейиш қийин. Ахир нозандек салобатли одамлар арзимаган манфаат учун ғирт ёлғон гапириб турганини ёки чин гапни айтиш лозим бўлганда тил чайнаб қолганини кўп кўрганмиз. Ҳарҳолда, “Гар қилич бошимга ҳам келса дегаймен ростин” – бу инсонни безайдиган маънавий юксаклик!
У тўрт ёшга қадам қўйганда оила биринчи марта ўз транспортлари – от қўшилган фургонларида хориж сафарига чиқадилар. Бунгача отаси полковник унвонида ҳарбий хизматдан бўшаган, Орёлдаги уй-жойларидан бутунлай Спасск-Лутовиновога кўчиб ўтишган эди. Сафарда кейинчалик Лев Толстойнинг қайнотаси – Софья Андреевнанинг отаси Андрей Евстафьевич Берс ҳам шифокор сифатида бирга эди. Йўл Берлин, Дрезден, Карлсбад, Цюрих, Берн орқали Париж сингари Европанинг машҳур тарихий шаҳарлари бўйлаб ўтади. Агар Берндаги ҳайвонот боғида рўй берган ҳаяжонли воқеани ҳисобга олмаганда (таъсирчан ва қизиқувчан Ваня айиқлар ўраси қирғоғига яқин бориб, қулаб кетишига бир бахя қолганда отаси эпчиллик билан кийимидан тутиб олганди) сафар кўнгилли ўтади, мурғак гўдакларнинг шаффоф онгида санъатнинг сеҳру жодулари, шаҳарлар кўрки, табиат гўзалликлари, йўл хотиралари ўчмас бўлиб муҳрланади. Оқ қоғозга ёзилган биринчи ҳарф ўчмас бўлганидек, киши шахсининг шаклланишида дастлабки хотираларнинг ўрни бўлакча. Баъзи оилалаларда гўдакни “Эси йўқ, нимани билади, кўрганини бир зумда унутади” деб ўйлашади. Ҳолбуки, ҳаётий далиллар ўзи раққоса бўлган, гўдагини караватда ётқизиб қўйиб, ойна қаршисида яланғоч рақсга тушган онанинг фарзанди улғайгач, урён аёлларга ўч маньяк бўлиб етишганини тасдиқлайди. Ёки кимгадир бир мусиқа жуда ёқимли, кўнглига яқин бўлиб туюлаверади, ҳатто тайёргарликсиз пианинода уни ижро ҳам этади. Маълум бўладики, у ҳомила пайти онаси аксар шу мусиқани ижро этар экан. Бизда эса мешкопнинг идишини нина санчиб тешиб кетаверган бола ҳақидаги ривоят кенг тарқалган. Демак, боланинг тарбияси билан ҳали у орзу бўлиб турган пайтдан бошлаб шуғулланиш тақозо қилинар экан. Бу масаланинг бир томони. Олимларнинг хулосалари бўйича эса иқтидорнинг юзага чиқиши учун табиий ген плюс соғлом турмуш тарзидан иборат муҳит бўлиши лозим экан. Одам табиатан иқтидорли (ген) бўлиши мумкин, бироқ у етарли таъминланмаган шароитга тушса, генлардаги нодир хислатлар юзага чиқмай қолади. Ёки табиатан ўзида (генида) бўлмаган одамни қанча парваришлаб, жаннатий шароит яратиб берганда ҳам ундан бирор ёруғлик чиқмаслиги мумкин. Шундай нуқтаи назар билан ёндашганда, Иван Сергеевич Тургеневга ҳавас қилса бўларди. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас, одам ўзини тўлалигича намойиш қилиши учун жуда кўп омиллар зарурки, буни ҳар бир маърифатли одам тасдиқлай олади. Ҳаммаси учун муҳими – асоснинг мавжудлиги эди, бу борада ёзувчининг омади келганди.
Умуман, уларнинг оиласи ўзига тўқ бўлиши билан бирга (кўпроқ она томоннинг ютуғи, ҳиссаси) маърифатга ошно, жамоатчиликка танилган машҳур кишиларга яқин (ота тарафнинг мавқеи тан олинганди) эди. Ана шу икки омилнинг қўшилиши ва бола (Ваня)даги табиий иқтидор Россия тарихида маълум бир йирик шахснинг камолга етишини таъминлаган, деб айтиш мумкин. Демак, оила муҳити ҳавас қилгудек эди.  Масалан, дастлабки рус романларидан бири “Юрий Милославский”нинг муаллифи М. Н. Загоскин отасининг дўсти бўлган, уларникига тез-тез келиб турган. Роман билан эса немис муаллими Краузенинг пансионатида танишади. Рус халқининг польяк-литва босқинчиларига қарши 1612 йилги курашини акс эттирган асар халқона ширали тили билан ўқувчини жалб қилган бўлса, Минин, Пожарский сингари халқ йўлбошчиларининг қаҳрамонлиги васфи билан ёшларда ватанпарварлик туйғуларини чуғлантирган эди. Ўша йилларда француз, инглиз, немис маданияти исканжасида бўлган рус зиёлилари ана шундай қаҳрамонномалар таъсирида миллий ғурурлари уйғона бошлаган, улар миллий ўзлигини топиш борасида бирлашаётган эди.
Ўқиш йилларида ҳам Тургенев кўплаб таниқли зотлардан сабоқ олиш бахтига муяссар бўлган. Москва давлат университетининг илоҳиёт факультетида таҳсил олиб юрган чоқлари учинчи курсда тарих фанидан Н. В. Гоголнинг маърузаларини тинглаган. Шуниси борки, домлаликда ўз услубига эга бўлган Гоголнинг сабоқлари унга бошқа томондан таъсир этган. Имтиҳонда домла ва талаба бир-бирини тушунмаган, жуда кўп китоб ўқиган Тургенев ўрта асрлардаги жазо турлари ҳақидаги саволга шунчалик мисоллар келтирганки, уларни на Гоголь, на ассистентлик қилаётган ректор Шульгин билар эди. Бу ёғи қизиқ: баҳо “қониқарсиз” бўлган ва Тургенев ўқув юртини тарк этган. Шунақаси ҳам бўлиб туради.
Кейинчалик Тургенев катта ёзувчи сифатида танилган пайтида бу икки йирик шахс қайта учрашади, талабалик йиллари эсланганми-йўқми, билмадим, аммо Гоголь  “Биз анча олдин учрашишимиз керак эди”, деб таассуф билдирган экан. Маълумки, Николай Васильевич Гоголь рус бадиий тафаккурида ўчмас ва ёрқин из қолдирган, ўз вақтида тан олинган машҳур шахс. Беҳудага 1836 йил 19 апрелда Алесандринский театрида “Ревизор”нинг премьерасига  подшоҳ Николай 1 қатнашмаган.
Худди шундай, Берлин университети фалсафа факультетида ўқиб юрган чоқларида “ХIХ аср Аристотели” деб шуҳрат қозонган Ҳумболдтнинг маърузаларини тинглайди, меҳмондорчиликларда суҳбатларидан баҳраманд бўлади. Россияда “Ҳақиқий ҳаёт ҳақида оғиз очиш мумкин эмас, бироқ истаганча фалсафа сўқса бўлади” тарзида ақида қарор топган шароитда йирик олимлар, гуманистлар билан суҳбатлар ёш йигит дунёқарашида кенг қамров ва теранликни тарбиялади.
Бўлажак ёзувчининг шахсияти шаклланиши, адабий иқлимни ҳис қилишида Виссарион Белинский билан учрашуви ва кейинги муносабатлари катта роль ўйнайди. Маълумки, Белинский рус бадиий тафаккури тарихида катта мавқега эришган ва ҳамон алоҳида ҳурмат билан эсланадиган зот. Гарчи “биронта ҳам хорижий тилни билмаган бўлса-да” (рақиблари уни шундай деб ёзғиришарди) рус маърифати ва халқ ҳаёти билан тўйинган олим ўзидан ёрқин из қолдирди. Бағрикенглик ва фидойилик билан қалам тутган кўплаб ижодкорларга тўғри йўл кўрсатди, улар ижодини беғараз таҳлил ва тарғиб қилиб, бутун бир авлоднинг маънавий устозига айланди. Тадқиқотчилар “Агар Белинский бўлмаганда Пушкинни кашф қилиб бўлмасди” деб очиқ эътироф этишади. Унинг Гоголга ёзган машҳур хати эса фан тарихида компасни қандай тўғрилаб олишнинг бир намунаси бўлиб қолган.
Тургенев Белинский билан юзма-юз кўришганда 25 ёшда эди. Бунгача у машҳур шоир Жуковский билан учрашган, “Современник” журналида юртдоши, йирик олим Тимофей Грановскийнинг ёрдами билан учта шеъри эълон қилинган, поэмалар ёзган, немис классик фалсафаси руҳидаги донишмандлар билан баҳслашган, Фауст (Гётенинг машҳур қаҳрамони)нинг бирданига олийжаноб шахсга айланиб қолишидаги сунъий талқинни танқид қилиб, тилга тушган, Берлин университетини тугатган эди. Белинский унинг “Параша” поэмасига юқори баҳо беради. Парашанинг Фауст, Онегин, Печориндан фарқ қилиб, тақдир ўзига инъом этган туҳфалардан маст бўлиб, ўзини турли куйларга урадиган романтик қаҳрамон эмас, балки эзилган, хўрланган кишилар(Россияда бундайлар тиқилиб кетган эди)нинг тимсоли эканлигини таъкидлаб, шоир унинг ғам-ғуссаларини жуда таъсирли ифодалаб, жамоатчиликда қуйи табақа вакилларига эътибор ва меҳр-шафқат уйғота олганини мақтайди. Тургеневнинг ўзи сезиб-сезмай қилган хизмати – адабиётни оддий халқ ҳаётига яқинлаштирганини улуғ мутафаккир ва инсонпарвар табриклайди. “Умуман, у Русни тушунади, – дейди Белинский Тургенев ҳақида. – Унинг барча мулоҳазаларида ҳақиқат ва ҳаққоният кўриниб турибди. У ҳар қандай мавҳумликнинг душмани. Шунинг учун унга қуллуқ қиламан”. Тургенев эса “Менга фақат куч-қувватга тўлиб тошган ташаббускор зотлар таъсир қила олган. Белинский шу тоифага мансубдир” дея ўз маслакдошига муносабатини билдирган экан. Кейинчалик “Белинский ҳақида хотиралар”ни ёзди, унда замондошини бадиий тафаккур тадрижида марказий шахс, йўлбошчи, ўз даврининг биринчи кишиларидан, деб улуғлади.
Ўзларига миллат, ватан тақдирига дахлдорлик туйғусини юқтириб олган бу икки зиёлининг инсоний муносабатлари самарали давом этди. Белинский учун барча масалаларда Тургенев тенги топилмас суҳбатдош эди. Берлиндан яқинда қайтган собиқ талаба Оллоҳнинг мажудлиги ва мангулик масалаларида кечалари уйқуси қочиб юрган олимнинг кўплаб саволларига машҳур файласуф Фейербах таълимотидан келиб чиқиб, жўяли жавоблар қайтарар, салмоқли хулосалар янги талқинларга уфқ очар, суҳбатлар эса қизигандан қизирди. “Белинскийнинг хотини эрига ва менга ялиниб, бир оз тин олишимизни сўрар ёки врачнинг қоғозини эслатиб қўярди. – деб эслайди Тургенев. – Белинский эса бир оз зарда билан менга “Биз ҳали Худонинг мавжудлиги ҳақида бир тўхтамга келмадик. Сиз овқатланишни хоҳлайсизми?” деб қўярди”.
Албатта, бу суҳбатларнингг бош мавзуси абадийлик фонида Россиянинг кейинги тақдири бўлгани шубҳасиз. Ҳа, буюк келажак буюк тафаккур туфайли туғилади. Олдин хаёл – кейин амал. Моддий (табиий) бойликлари мўл-кўл мамлакатлар эмас, тафаккури юксалган мамлакатлар инсониятни бошқарган. Ўша дамларда Россиянинг келажаги ҳақида икки хил қараш мавжуд эди. Ғарбчилар тараққиёт андозасини Европадан ва ундан наридан олиш кераклигини ўқтиришса, славянпарастлар ватанлари келажагини қадимий славян маданияти унсурларида, деб билишар, ҳатто Пётр Iни миллий тартибларга заха етказганликда айблашарди. Давраларда бу икки оқим тарафдорлари муросасиз курашар, ҳар ким ўз фикрида ҳақ эди. Бу борада Белинский ва Тургенев ҳамфикр чиқиб қолишади. “Белинский Буюк Пётр кўрсатган йўлдан бошқа нажот йўқлигига қатъий ишонарди, – деб қайд этган Тургенев, – у Ғарб тажрибасини фақат қулларча, кўр-кўрона эмас, хусусиятларни, тарихни, ҳатто иқлимни ҳисобга олиб қўллаш тарафдори эди. Ҳа, у Россияни севарди; шунингдек, у оташин эҳтирос билан маърифат ва эркинликни севарди: ўзи учун энг олий қадрият бўлган ана шу икки нарсани ягона воқеликда кўришни хоҳлариди – мана унинг ҳаётининг мазмуни нимадан иборат эди, мана у бутун умри давомида нимага интилган эди”. Кейинчалик ҳам уларнинг дўстлиги самарали давом этди, мутафаккир танқидчи Тургенев ижодини муттасил кузатиб, ўз баҳосини бериб борди. Тургенев таржимаи ҳолида ёрқин из қолдирган буюк шахслар кўп бўлган. Шулардан бири В. Г. Белинский эди.
***
Тургеневни юзаки таниганлар уни овчи-ёзувчи деб билишади. Бу бежиз эмас. Аввало, ов, шоҳона ов (царская охота) рус киборлари жамиятида алоҳида урфга айланганини таъкидлаш керак. Фақат Тургенев ёки Н. Некрасов сингари адиблар эмас, ҳар қандай рус кишиси овга чиқишни, она табиат билан учрашишни хумор қилганлар, ов, овчилик улар ҳаётини (ҳатто нурсиз ҳаётини) безаб турган машғулот бўлган. Тургеневнинг турмуш тарзида эса бу ҳол ҳар жиҳатдан унинг қиёфасини белгилашда муҳим чизги бўлиб қолди. У шу заминнинг фарзанди сифатида табиат гўзаллигини, унинг сир-синоатларини ва она табиат фалсафаси (донишмандлиги)ни ов воситасида кашф этди, ов туфайли оддий одамлар ҳаётига жуда яқинлашди, ер юзида қушлар, ҳайвонлар ва одамзот вобасталигида тирикликнинг моҳиятини теранроқ ҳис этди. Ов унинг учун ўзига хос дорулфунун, ҳатто ундан ҳам юксакроқ мавқе касб этди. Буюк ёзувчининг арсенали (хазинаси)да ана шундай ёмби ҳам бор эди. Унинг асарларидаги латофат, тиниқ ва равон ифода, қаҳрамонларининг қалб гўзалликлари ов кўмагида табиатдан олинган тоза унсурлар, шунинг учун ҳам улар бетакрор ва фақат Тургеневга хос.
Табиатга ошуфталик ҳали унинг гўдаклик пайтиданоқ руҳига сингиган эди. Маълумки, Тургеневнинг она томонидан бобоси Пётрнинг акаси Иван Лутовинов яхшигина маълумот олган, бир неча тилларни билган, бой шахсий кутубхона ташкил қилган. Уйланмай ўтган бу одам ҳарбий хизматни ҳам эрта тарк этиб, бутун кучи, меҳрини боғбонликка бағишлаган, қишлоғида улкан боғ барпо қилганди. Қаровсиз қир бағрида кўкка бўй чўзиб турган арғувон, болут (эман), заранг, шумтол сингари улкан дарахтлар пойида майин шивирлаб турадиган арча, қарағай, қора қарағай сингари нина барглилардан иборат фусункор боғ бутун ҳудуднинг кўрки эди. Иван Иванович уларнинг кўчатини қадимий боғ майдонидан кўчириб келтирган, қарийб икки тонна келадиган ниҳолларни бир неча от қўшилган аравалар пишнаб, аранг тортиб келгани деҳқонларнинг ваҳимали суҳбатларига мавзу бўлганди. Уларнинг боғбони бор ғайратини, санъатини сарфлаб, шундай парваришлаган эдики, боғ чинакам мўъжизага ўхшар, ҳар қандай лоқайд одамни ҳам бепарво қолдирмасди. Ёзувчининг болалиги ана шу яшил дўстлар бағрида кечди, йиллар ўтиб, дарахтлар яна ҳам улғайган, уларнинг шохи осмон билан бўйлашиб, киши қалбига ўзгача сурур ва юксаклик бахш этарди. Арғувонларнинг қораси узоқ-узоқлардан ҳам кўзга ташланиб турарди. Бир йил баҳорда улкан арчалардан бири бўрондан қулаб тушди ва унинг тарвақайлаган шохлари болалар учун севимли арғимчоққа айланди. Яна боғ ва дарахтлар, улар қуршовида кезиб юрувчи алвасти-жинлар билан боғлиқ ваҳимали ҳикоялар болалар ўй-фикрини мавҳум ёқларга олиб кетар, мурғак хаёлларида олийжаноблик, мардлик, ёвузлик суратларини жонлантириб, тасаввурларини кенгайтирар, ёмонликка нафрат, эзгуликка муҳаббат ҳисларини тарбияларди. Одам ҳаёти давомида кўплаб яхши-ёмон хотираларга эга бўлади, иссиқ-совуқни кечиради, аммо болалик эсдаликлари тошга ўйилгандек ўчмас бўлиб қолади. Тургеневнинг табиатга яқинлиги, асарларида бу сирли оламни эҳтирос ва эҳтиром билан тасвирлаши ҳам болалик хотиралари билан боғлиқ бўлса, ажаб эмас.
Улғайгач, елкасида ов халтаси, қўлида ўқланган милтиқ, ёнида сергак този ит билан номаълум пучмоқлар сари иштиёқ билан йўл олар экан, бу муҳитда ўзини асло бегона ҳисобламас, адашиб кетишдан, йўл топа олмай қолишдан заррача чўчимас – ўзини ҳеч ҳам бегона ҳисобламас, аксинча, бир қадрдоникига меҳмондорчиликка бораётгандек, болалиги билан хилватда учрашишга кетаётгандек бардам кайфият билан йўлга чиқарди. Гарчи бу кезинишлар унга чексиз завқ берса-да, ўқ бўшатиб, навбатдаги ўлжасини садоқатли тозисидан қабул қилиб, халтасига жойлаганда ўзгача ҳузур ҳис этса-да, бу машғулотлар оддий халқ оламига сафар, улар турмуш тарзи, ўй-хаёллари, феъл-атвори билан танишиш эди. Бундай юзма-юз келишлардан оддий рус кишисининг қалбини яна ҳам теранроқ англар, уларнинг тўпорилиги, соддалиги, самимияти дворянда қизғин меҳр уйғотардики, бу ҳисни бошқачароқ бир шароитда туйиш мумкин бўлмасди. Тургенев овга чиққанда кўпинча ўзи билан мулкларида хизмат қилиб юрган, ўзига ёққан очиқ кўнгил, меҳрибон кишиларни бирга олиб кетарди. Уларни гапга солиб, ҳикояларини қизиқиш билан тинглар, жониворларнинг товушларини адашмай ажрата олишлари, ўсимликларнинг ҳолатига қараб, об-ҳавонинг келишини бехато айтиб беришлари, турли ирим-сиримлар билан овнинг бароридан башорат қилишлари сингари халқона қилиқларидан ўзгача донишмандлик сезар, буларнинг барчаси оддий одамларга меҳрини, ҳурматини алангалатарди. Бир сафар ўзи билан Афанасийни олиб кетди. Тарқалиб ов қилишди, тушлик яқинлашгач эса ҳамроҳини излаб топди. Егуликлар унинг халтасида эди.
– Энди қоринларни алдаб олсак бўлади, – деди Тургенев очиқ иштаҳа билан.
– Ҳамма нарсани еб-ичиб қўйдим. Кулчалар ҳам, вино ҳам йўқ, – бепарво жавоб берди Афанасий.
– Э, қизиқ. Сен қандай бунга журъат қилдинг?
– Шундай бўлиб қолди, – пинагини бузмай давом этди содиқ хизматкор. – Шишанинг оғзини очдим, қуйдим, ичдим, кулчаларни едим. Қарасам, тугаб қолибди.
Крепостной тартиблар тегирмон тошидек айланиб турган замонда ушбу муомалага чидаш мумкинми? Тургенев учун эса бундай ҳолатлар кайфиятни туширишга ҳам арзимайдиган майда гаплар эди. “Овда бундай ҳоллар учраб туради. Афанасий менинг қиёфамда имтиёзли барин (хўжайин)ни эмас, овчини, ўзига ўхшаган одамни кўрган. Мана, нима учун мен овни яхши кўраман: унда эркинлик борлиги учун уни севаман”. Эркинлик – гуманист Тургенев бир умр излаган ва интилган бойлик эди.  Инсон ўзида Яратган томонидан ато этилган жами қобилиятларни юзага чиқариши учун у эркин бўлмоғи лозим – азалдан буюк мутафаккирлар интилган ва қарор топтирмоқчи бўлган улкан ҳаракатларнинг содда ифодаси шу. Эркинликда одам ўзини ўзи топади ва зуваласида йўғрилган эзгуликларни юзага чиқаради.
Катта ҳаётий мактаб ҳисобланган ов Тургенев ижодининг ўқ илдизи, илгарига ҳаракатлантирадиган олдинги ғилдирагига айланди. Кейинчалик “Овчининг мактублари” дея номланган ва муттасил тўлдириб борилган тўпламдаги ҳар бир битик ёзувчи сифатида унинг ижодий манифести бўлиб қолди. Кейинчалик уларнинг мағзи романларга асос бўлди, тадқиқотларга мавзу берди, ижодий шамойилининг тамал тоши мақомини касб этди. Юксалиш  пиллапояларини забт этиб, баланд рутбаларга эришганда ҳам у дастлаб “Овчининг мактублари” муаллифи сифатида тилга олинди, эътироф этилди, эъзозланди.
Муаллиф ўз кечинмаларини қоғозга туширар экан, гарчи уни ҳамма севиб ўқишини, машҳур бўлиб кетишини истаса-да, асарининг тақдирини аниқ башорат қила олмайди. Бу борада аксарият тескари ҳолатлар ҳам воқе бўлади, яъни ўқ мўлжалга тегмайди. Баъзан эса кутилмаган жойдан (балки бу Яратганнинг иноятидир) муваффақият жамол кўрсатади. “Овчининг мактублари”, аниқроғи, унинг биринчи очерки “Хорь ва Калинич” билан шундай ҳолат юз берди. “Хорь ва Калинич” янгиланган “Современник” журналининг 1847 йилги январь сонида чоп  этилган. Унга одатдаги, ҳатто ундан ҳам қуйироқ савиядаги нарса деб қарашган, майда ҳарфларда, хўжалик, агрономия ва бошқа иккинчи даражали мақолалар ичида кўзга ташланмайдиган жойда эълон қилинган. Унча-бунча одам бир қарашда илғаб олиши қийин бўлган бу битикни ўқувчилар нафақат пайқадилар, балки унга журналнинг биринчи рақамли маҳсулоти сифатида қарадилар, у ҳамманинг тилига тушди,  кутилмаганда юқори муваффақият қозонди. Бунинг сири нимада эди?

P.S. Жузъий қисқартишлар билан берилди.
Давоми бор.

Hakim SattoriyҲаким Сатторий 1953 йили Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги Тошқўрғон қишлоғида туғилган. “Ўзлик суратлари” (1999), “Ёлғиз дарахт” (1999), “Истиғфор” (2004), “Имзоли хатлар” (2007), “Маҳак тоши” (2008), “Вақт манзаралари” (2009), “Умид манзили” (2016) каби қатор китоблари чоп этилган. Тарихий мавзудаги “Амир Темур севган юрт” (1999), “Ҳазрат Соҳибқирон” (2005), “Олтин силсила” (2006), “Соҳибқирон абадияти” (2011) асарлари муаллифи.

 

Бизни ижтимоий тармоқларда қуйидаги манзилларда кузатиб боришингиз мумкин:

https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin

Телеграмдаги каналимиз: @/Behzod_Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 514

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *