Ҳали қўшиқларим кўп эди кузга…

(Тармоқдаги қайдлардан)

1 (1)Хабар беришларича, бугун (2014 йил 26 октябр) Тошкентда ёғаётган ёмғир қорга айланибди. Ишонасизми, неча кундан буён айни шу ҳолат – бирдан қорга айланган ёмғир ҳақида ўйлайман. Ҳиндистонга ўхшаган жойларда бу ҳол мўъжизанинг ўзи! Бу ердаги ҳамроҳларимнинг кўпчилиги иссиқ, жазирама ўлкаларнинг умрида қор кўрмаган вакиллари. “Сизларда тўрт фасл ҳам бўлади-а?” – дея қайта-қайта сўрайди, қизиқади, ҳаяжонга тушади. Мана, бугун ҳам индонезиялик танишим шу ҳақда гап очди. Африкаликларни-ку қўяверинг!
Икки кундан буён Ҳайдарободда ёмғир. Энди-энди куз келганга ўхшаяпти. Лекин бу ерларга ёмғир жуда ярашар экан! Ҳатто баъзан жуда эзиб-эзиб ёғса ҳам. Бундай ҳоллар руҳимда доим ажиб кайфият уйғотади: шитир-шитир ёмғирқўшиқ наволарига уйғун гоҳ маъс тортаман, гоҳ шаррос ёмғир завқи билан ич-ичимдан шодланаман…
Тармоқда кўпчилик “Янгиларидан қўйинг” дейишни канда қилмаяпти. Мана бу бадиҳа янги бўлмаса-да, ҳали эълон қилинмаган. Бадиий савиясидан унча қониқмаганим боис “бисот”имда ётганди. Лекин айни кайфиятимга мос экан. Таъбир жоиз бўлса, эксклюзив. Кайфият учун. Баъзи сакталиклари бўлса, унча эътибор берманг.
Ким билсин, эрта-индин яна осмон чеҳрасини очиб, офтоб заминга заррин нурлар экишда давом этар. Не бўлганда ҳам, барчаси яхшиликка бўлсин. Орзулари қордан оқ халқимиз боши узра фақат раҳмат-барокот томчилари ёғсин. Биринчи қор (гарчи биринчи бўлмаса ҳам, барибир, биринчи-да) кўнглингиздаги жами ғуборларни ювиб кетсин. Дуода бўлинг.

Кўкдан элчиларни қабул қилди-да,
Оҳиста оқ чойшаб ёпинди борлиқ.
Ҳар лаҳза ажойиб эртак бўлди-да,
Бўғотлар бўйнида самовий ёрлиқ.

Бу ёғи не бўлар – елка қисар ер,
Дарахтлар гунг, гўё тушган асирга.
Битиб улгурмовди мен бошлаган шеър,
Энди нима дейман янги фаслга?!

Керагидан зиёд боқдим-у ортга,
Ҳануз юрагимдан кетмас титроқлар.
Кечаги умримни солмоқда ёдга
Бандида дийдираб турган япроқлар.

Қорга ўхшаб кетар қурмағур ҳаёт,
Бир кун эриб, бирда айланур музга.
Аёз деразамга гул солган заҳот,
Ҳали қўшиқларим кўп эди кузга…

Беҳзод

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 623

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *