Йўлдош Солижонов. Ҳақиқат излаган адиб

“Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий кўзи очилибдики, қулоғи меҳнаткаш халқ кўксида бўлган, халқнинг дардига малҳам қидириб ҳар ёнга бош урган кимса, эски ўзбек зиёлиларининг ҳалол қисмига мансуб киши эди. Ҳамза Ҳакимзода асарларининг халққа бу қадар яқин ва суюмли бўлишига асосий сабаб унинг замон билан ҳамнафас ва халқ дилининг таржимони бўлганлигидир”.
Абдулла Қаҳҳор

Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг ҳаёт йўли ва ижодий мероси кекса авлодга бирмунча таниш. Улар Ҳамзани халқни саводли қилиш учун жонини жабборга бериб янгича усулда мактаблар очган, дарсликлар яратган муаллим, октябрь тўнтаришини хайрихоҳлик билан қаршилаган шахс, инқилобни куйлаган шоир, сермаҳсул драматург, жадидчилик ҳаракатининг атоқли вакили сифатида биладилар. Аммо ҳозирги  авлод унинг ижодини юзаки билади, шахси тўғрисида эса бир-бирига зид маълумотлар қуршовида кўнгли алағда. Чунки ўтган юз йилликдан кўпроқ вақт мобайнида Ҳамза фаолияти ва ижодий мероси турли мезонлар билан ўлчаб келинди, ҳар хил фикрлар айтилди. ХХ асрнинг 10-йилларидан 30-йилларигача Ҳамза ҳаётда ҳам, ижодда ҳам, маърифатпарварлик соҳасида ҳам, жадидчилик ҳаракатида ҳам ниҳоятда фаол бўлди, элга танилди. Вафотидан кейин эса ўн йиллар давомида шахс сифатида ҳам, ижодкор қиёфасида ҳам унутилди. Ҳеч ким уни эсламай қўйди. 40-йиллардан бошлаб  бирданига янги ўзбек адабиётида биринчи “инқилоб куйчиси”, социалистик реализм методининг асосчиси деб тан олинди ва кўкларга кўтарилди. 90-йилларга келиб, Ҳамза “Яша, Шўро!” деб инқилобни куйлагани, “Бой ила хизматчи” драмасида революционер Ғофир образини яратгани учун айбдор деб топилди ва унинг номини адабиёт тарихидан ўчириб ташлашга чақириқлар янгради.
Ана шу маълумотлардан бохабар бўлган шу куннинг ўқувчиси ХХ аср бошларидан то 30-йилларигача ўзбек адабиёти ривожи ва янгиланишида муҳим ўрин тутган Ҳамза Ҳакимзода ҳақидаги ҳақиқатни билолмай андармон. Хўш, Ҳамза ким ва қандай ижодкор? У ўз даври адабиётига нима берди? Уни  “инқилобий” (аслида илмга, озодликка чақириқ) руҳдаги  5-10 та шеъри учун четга суриб қўйиш адолатданми? Инқилобни мадҳ этиб Авлоний, Айний, Фитрат, Қодирий, Чўлпон каби замондошлари ҳам шеърлар ёзган-ку! Уларга мумкин-у, биргина Ҳамза тафтишга лойиқми? Фақат угина Шўро ҳукуматига хизмат қилдими? Ахир юқорида номи келтирилган ижодкорлар ҳам янги ҳукумат идораларида ишладилар-ку! Боз устига, Шўро ҳукуматининг алдамчи сиёсати моҳиятини англаб олишга барча ҳам бирдай тайёр бўлмаган. Мабодо, тушуниб етганда ҳам унга қарши очиқ муносабат билдира олмасди. Фитрат, Қодирий, Чўлпонларнинг 20-йиллар бошидаги дастлабки чиқишлари учун қандай жазо олганлигини эслаб кўрайлик. Бу ҳол Авлоний, Ҳамза, Сўфизода кабиларнинг қаттиққўл ҳукумат билан муроса қилиб ишлашига мажбур қилган бўлиши мумкин. Мақоламиз шу ҳақда.
Маълумки, ҳар қандай кўзи очиқ, юраги пок ижодкор ўз атрофида рўй бераётган воқеаларнинг моҳиятини англаб етмаслиги, халқ ёмғирдан қутилиб, қорга тутилганлигини кўрмаслиги, янги мустамлакачи ҳукуматнинг ҳақиқий қиёфасини асарларида турли образлар, имо-ишоралар орқали ифодалаб, ўз муносабатини билдирмаслиги мумкин эмас. Ҳар бир ижодкорнинг сурати ҳамда сийратини англаш ва аниқлаш учун унинг ижодий меросига мурожаат қилиш зарур. Зеро, ҳақиқий санъаткор яратган асарлар муаллифнинг кимлиги ва қандайлигини росмана кўрсатувчи кўзгу ҳисобланади. Мен ҳам мулоҳазаларимни исботлаш учун ҳамзашуносликка оид илмий манбалар билан бир қаторда кўпроқ унинг шеърлари, драмалари, публицистик мақолалари, мактубларига мурожаат қилдим ва улардан Ҳамза ким ва қандай одам эди? У инқилобни онгли равишда куйладими ёки алдандими? Шўро ҳукуматига астойдил хизмат қилишига асосий сабаб нима? Таниқли жамоат арбоби ва ижодкорнинг шахсий ҳаёти қандай кечди? Унга ҳамма шароит яратиб берилганмиди? Ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланганми? У янгича тузум моҳиятини тўғри англаб етолмадими? Ўзи хизмат қилаётган Шўро ҳукуматига муносабати қандай эди? деган саволларга жавоб изладим. Улардан чиқарган хулосаларимни Сиз билан баҳам кўришни истадим.
***
Hamza 1Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий 1889 йил 6 март куни Фарғона вилоятига қарашли Аввал қишлоғида туғилиб, 1929 йил 18 мартда Шоҳимардонда ҳалок бўлди. Ёшлиги табибчилик билан шуғулланувчи отасининг хон саройига таклиф қилиниши муносабати билан Қўқон шаҳрида ўтди. Бу шаҳарда яшаётган рус болалари билан дўстлашди, тилини ўрганди. Улар орасидан бир рус қизини севиб, унга уйланди. Гарчи қизни отасининг ёрдами билан ислом динига ўтказиб, шариат қоидаларига кўра никоҳ ўқитиб уйланган бўлса-да, дин пешволарининг қаҳр-ғазабига учради. Охири ўзини оқлаш учун ҳаж сафарига отланиб, Маккаю Мадинани зиёрат қилиб келди (1912). Аммо шунда ҳам уни тинч қўймадилар. Жамиятда, ҳаётда юз бераётган янгиликларни куйлагани, замондошларини илм-маърифатга чорлаб, янгича усулда мактаблар очгани, газета ва журналлар нашр қилиб, халқни ўз ҳақ-хуқуқини англашга, ўзини миллат сифатида таниб, тили, тарихи, динини асрашга, эрк ва озодликка, саводли бўлишга даъват этгани учун тағин қаршиликка учради (1913-1918). Бироқ, бу қаршиликларга қарамай, қаерда, қандай вазиятда бўлмасин, илм-маърифат нури билан халқининг кўзини очишга ҳаракат қилаверди. Болалар учун Тошкент, Қўқон, Марғилон, Наманган, Фарғона, Хива, Хўжайли шаҳарларида янгича усулда мактаблар, интернатлар очди, катталарни саводли қилиш ниятида ўқув машғулотлари ташкил этди. Бу борада Ҳамза ХХ аср бошларидаёқ Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Мунаввар қори, Ибрат, Сўфизодалар қаторида таниқли маърифатпарвар ва истеъдодли ижодкор сифатида тилга тушган эди. У жадидчилик ҳаракати ва адабиётининг том маънодаги улкан вакили бўлиб етишди.
Шоир  бор-йўғи қирқ йил яшади. Аммо шу қисқа умрининг ярмидан кўпини халқига, миллатига, ўз шахсига, шаънига, оиласига, ижодига қилинган турли бўҳтону иғволарга қарши ҳақиқатни тиклаш учун курашга сарфлади. Академик С.Мамажонов қайд этганидек, Ҳамза бутун умри давомида “зўр бериб ҳақиқат йўлини қидириб” ўтди. Олимнинг ёзишича, Ҳамзанинг “бутун шеърияти, бадиий ижоди юксак идеал билан – озодлик ғояси билан суғорилган эди”.  Чиндан ҳам адабиётга “Ҳақиқат кимда?” (1908 йилда яратган романи назарда тутиляпти –Й.С.) деган савол билан кириб келган ижодкор то ўлгунича шу саволига жавоб излади, аммо унга жавоб тополмай ярим йўлда ҳалок бўлди.

***
Ҳамза Ҳакимзоданинг умри китобида энг омадли давр ҳам, омадсиз йиллар ҳам ўтган асрнинг 20-йиллари бўлди, десак, хато бўлмас. Инқилобнинг дастлабки йилларида шоир ижод ва ижтимоий ҳаётда ниҳоятда фаоллик кўрсатди. ХХ асрнинг дастлабки йилларидан юртининг озод, халқининг маърифатли бўлишини астойдил истаб, амалий фаолиятга киришган Ҳамза дастлаб февраль, кўп ўтмай рўй берган октябрь инқилобларини шоду хуррамлик ва катта орзу-умидлар билан қарши олганлиги рост. Айниқса, Шўроларнинг халққа ер, тинчлик, миллатларга ўз тақдирини ўзи ҳал этиши ҳуқуқини бериши тўғрисидаги қип-қизил шиорлари унинг айни кўнглидаги орзуси эди. Шунинг учун Ҳамза ҳам ҳаммаслаклари Авлоний, Фитрат, Қодирий, Чўлпонлар сингари ана шундай “халқпарвар, илмпарвар, адолатли” ҳукуматга астойдил хизмат қилишга киришди. Ўз ташаббуси билан кўплаб мактаблар, курслар очди, ҳукумат топшириғига кўра махсус ташкил этилган 2-агитпоездда бутун республика бўйлаб инқилоб берган “озодлик”ни тарғиб қилди. Ҳамзанинг ижтимоий фаоллигини кўрган ҳукумат уни янада рағбатлантириш, ўз “одами” қилиб олиш ниятида мамлакатда биринчи бўлиб унга “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” деган фахрли унвон берди, бир умрлик пенсия тайинлади (Ўзбекистон Марказий ижроия қўмитасининг 1926 йил 27 февралдаги қарори). Бундан руҳланган шоир янада астойдилроқ ишга киришди, ўзини энг хавфли жабҳаларда иш олиб боришга масъул деб билди. Ҳукуматнинг ишончини оқлаш мақсадида у Шоҳимардонга келди. “Менинг ҳимоячим Шўро ҳукумати” деб билган Ҳамза ўзини ўтга-чўққа урди, эҳтиёткорликни унутди. Бунинг учун тегишли жазосини олди, фитна қурбони бўлди.

***
Албатта, унинг барча ишлари ҳам осонликча битавермаган. Гарчи ҳукумат топшириғи билан юрган бўлса-да, анча-мунча чеклаш ва тазйиқларга учради, оч-наҳор, уй-жойсиз, ойликсиз ишлашга мажбур бўлди. Унинг 1920-29-йиллар оралиғида турли ҳукумат ташкилотларига, расмий раҳбарлар ва дўстларига ёзган мактубларида драмтруппа аъзолари учун маблағ ажратилмаётгани, улар оч-наҳор ишлашга мажбур бўлаётгани, Хўжайлида ташкил қилган мактаб-интернат ўқувчиларига яратилган шароитнинг нобоплиги, уларга озиқ-овқат, кийим-кечаклар етишмаётганлиги, ўзи ҳам вақтида ойлик-маоши ва пенсиясини ололмаётганлиги, бунинг устига, улар ой сайин камайиб кетаётганлиги туфайли оила аъзоларини боқиш, кийинтириш, шахсий турар-жойи бўлмаганлигидан ижара ҳақини вақтида тўлай олмаётганлиги аён бўлади. Мактубларнинг аксарияти республика ижроия қўмитаси, касаба шўросининг хўжалик шўъбасига, Бухоро, Фарғона округлари фирқа қўмиталарига, Й.Охунбобоев, Ўлмасбоев сингари раҳбарларга йўлланган. Булар орасида, айниқса, Ўлмасбоев номига юборган хатида (1928 йил 5 феврал) “уйимда бир сиқим ун, бир қабза ўтин, эйнимда на оилам, на болам учун бир тўн йўқ. Изиллашиб пул сўрасак, бизга тескари қарайдилар. Мана шундай воқеалар ўн йиллардан бери минг қабат бўлиб” кетганини ёзадики, беихтиёр унинг аҳволига ачиниб кетасиз. Ҳамзанинг турмуши шу даражада оғирлашиб кетадики, қўқонлик биродари Қори Юсуф Ҳомидийга ёзган хатида “Ёзувчи бўлмай ва дунёга келмай ҳам ўлай” дея афсусланади (5,104).
Фарғона округи фирқа қўмитасига ёзган аризасида эса (1927 йил 5 сентябр) “ҳозирда кўрган кунларимни итлар кўрмасдир. Кеча халқ шоири исмини олиб, то бу кун ўз пулимга бир жой эгаси бўла олмай кўчада қолишлигим Ўзбекистоннинг обрўсига таъсир этмаслигини тушуниб, унинг учун мен тоқат қила олмайман” (5,165) деб ёзади. Шу йили 2 сентябрда “Қизил Ўзбекистон жумҳуриятининг V ҳайъат анжумани шўъбасига” йўллаган аризасида Шўро ҳайъатидан “синиқ гавдаларимизни кўтариш, қаршимиздаги ички ва ташқи қора кучлар олдида юзимизни ёруғ” қиласиз деб ўтиниб сўрайди ва сўнгида қуйидаги тўртликни илова қилади:
Бизда йўғ гарчи кутганингиз,
Бигизни(нг) ишини тийр (ўқ) қилмас.
Биз элни дедик, фақир бўлдук,
Эл бизни деса, ҳақир қилмас (5, 161-162).
Фақат мактубларидагина эмас, балки публицистик мақолалари, бадиий асарларида ҳам Ҳамза Ҳакимзода Шўро сиёсатига муносабатини билдириб ўтади. Аввало, шуни таъкидлаш жоизки, ижодкор дастлаб асарларига сарлавҳалар танлашда ҳукуматга муносабатини билдиришга интилгандек туйилади. Жумладан, “Лошмон фожиаси”, “Фарғона фожиаси” деб аталган драматик трилогия ва тетралогиялари сарлавҳаларида ана шундай ишорани сезиш мумкин. Масалан, Лошмон жой маъносини эмас, балки “лош – ўлик тана, мурда, жонсиз тана, жасад парчаси” маъноларини англатиб, қизил аскарлар қонхўрлиги туфайли юрт қабристонга айлангани, парчаланиб кетаётгани, Фарғона оғир фожиани бошидан кечираётганига ишора қилади. Шу асарининг “Истибдод қурбонлари” номли 3-бўлимида начальник тилидан очиқчасига “буларни шундай қора меҳнатлар била эзуб битирмоқ керак. Чунки агар булардан ғофил қолинса, албатта, замони келур, бир кун бизга кутулмаган иккинчи бало бўлуб чиқувлари шубҳасиздир. Шунинг учун мана шундай фурсатлардан истифодасиз бўлмай, зиёлик фирқаларидан тортуб, секин-секин йўқ эта бориш керак” (3,107) деган фикрни илгари суриш билан Шўро ҳукуматининг мустамлакачилик сиёсатини фош қилади. Ёки “Жаҳон сармоясининг энг охирги кунлари” номли асарида Шарқ оқ либосда кекса донишманд қиёфасида, Ғарб эса мутафаккирона нигоҳ билан қарайдиган қаҳрли қиёфада кўринади. Ғарб тимсолида асосан мустамлакачи ҳукумат намоён бўлади. У ўзининг ниятини қуйидагича ифодалайди: “Сезасизми? Асрлардан бери сизларни эзмоқ, қуллуқ захмати билан дунёда битирмоқ, сиздаги бойлиқ билан ўз салтанат ва шавкатларимизни барқарор қилмоқ учун қандай чоралар кўрамиз?” (4,202). Тарих Шарқнинг буюклигини тан олган ҳолда Ғарбни “Шарқ бобонгдан афв истирхом этурсан” деб унинг ҳузурига бошлаб келади. Буларнинг барчаси Ҳамза Ҳакимзода янги тузумнинг асл мақсадини тўғри тушуниб етганлигини исботлаб турибди.

***
Халқ ўртасидаги обрўси, нотиқлиги, киришимлилиги, дадиллиги, оммани орқасидан эргаштира олиш қобилиятидан ўз вақтида унумли фойдаланиб, сувини сиқиб олган ҳукумат Ҳамза Ҳакимзодани вафотидан кейин бутунлай унутди. Чунки мафкура соҳасида ундан-да муҳимроқ тадбирлар амалга оширилишини кутиб турарди: энг аввало, адабиёт ва санъатни “тозалаш”, уни партиянинг дастёрига айлантириш зарур эди. Бунинг учун ўз сиёсатига қарши чиқаётган “эски” ёзувчиларни йўқотиш, янгиларини ўз измига солиш керак эди. Бу тадбир жуда тез ва шафқатсизлик билан амалга оширилди. Аммо ҳукумат разм солиб қараса, барча адиблар янги социалистик тузумнинг “душмани” сифатида йўқ қилинибди. Иш шундай давом этаверса, халқнинг социализмга нисбатан “муҳаббати”ни оширадиган адабиёт вакили қолмайди. Шундай бир жонсиз фигурани топиш, уни идеал даражага кўтариш лозимки, токи ҳамма ижодкорлар у “асос солган йўл”дан борсинлар. Бунинг учун оз бўлса ҳам Шўро ҳукуматига сидқидилдан хизмат қилган бирон бир ижодкорни топиб, “қизил ранг”га бўяш шарт эди. Фитрат, Қодирий, Чўлпонлар отиб ташланган, уларнинг номини қайта тилга олиб бўлмасди. Беҳбудийни амир ўлдирган деган тамға ёпиштирилди, унинг номидан фойдаланса бўлади, лекин у мухторият учун тинимсиз курашган, чет элдан ёрдам сўрашни ният қилган. Боз устига, публицистик мақолалари ҳам миллатпарварлик, исёнкорлик руҳида ёзилган. Хўш, кимни байроқ қилиб кўтарсак бўлади, деган саволга жавоб излай бошлади комфирқа мафкурачилари. Шошма, Шоҳимардон шайхлари томонидан “тошбўрон” қилиб ўлдирилган Ҳамза-чи? Жуда муносиб номзод бўлади-да! Унинг ўлдирилишидан кўзланган мақсадга эришилди: минглаб диндорлар қамоққа олинди, қолганлари таъқиб остида писиб юрибди. Ҳамза номи ҳар қанча қизил рангга бўялса арзийди, деган хулосага келинди. Шундан сўнг…
Бошланди! 1939 йилдан Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий бошида қуёш чарақлади. Шоир таваллудининг 50 йиллигини нишонлашга қарор қилинди. Шу муносабат билан шоирга “инқилоб куйчиси” деган ниҳоятда замонавий ёрлиқ ёпиштирилди. Унинг шахси ва ижодий мероси сохталаштирилиб, қизилга бўялди. Ваҳоланки, унинг инқилобий мавзудаги шеърлари бармоқ билан санарли эди. Шунга қарамай, аслида эркка (“Яша, Турон!”, “Берма эркингни қўлдан”, “Ҳой, ишчилар”, “Биз ишчимиз”), маърифатга (“Ишчилар, уйғон!”, “Уйғон!”), ўзликни англашга (“Яшангиз, ишчи-деҳқонлар”, “Уён, Ватан”) чақириқ руҳида ёзилган шеърлари ҳамда асосий қисмлари йўқолиб кетган “Бой ила хизматчи” драмаси коммунистик мафкура малайлари томонидан қайта ишланди ва манфаатдорлик нуқтаи назаридан талқин қилинди. Натижада сўнгги ярим аср мобайнида Ҳамза Ҳакимзода адабиётимиз учун “инқилоб куйчиси” бўлиб хизмат қилди. Бу хизмати шу даражада юқори поғонага кўтарилдики, унга ҳеч ким етолмади. Гўё ХХ асрнинг 40-йилларига қадар Ҳамза Ҳакимзодадан бошқа биронта ижодкор Шўролар ҳукумати моҳиятини тўғри тушунмаган, ёлғиз угина инқилобнинг илк кунларидан “Яша, Шўро!” деб ҳайқирган, танҳо Ҳамзагина драмаларида инқилобий ғояни илгари суриб, унинг учун курашган кишилар образини яратган, биргина у янги – социалистик реализм методидаги ўзбек адабиётига асос солган. Ҳатто давр тақозосига кўра қатағончи Сталин ўлимидан сўнг озгина об-ҳаво ўзгариб, Беҳбудий, Фитрат, Қодирий, Чўлпон кабилар оқланган 60-йилларда ҳам ўрнини бўшатмади, билъакс, уларга соя солиб тураверди.
90-йилларга келиб, ҳақиқат рўёбга чиқа бошлади. Тарихга муносабат янгиланди. Шўролар томонидан таҳқирланган аждодларимизнинг ҳақиқий қиёфасини аниқлаш, муносиб ўрнини белгилаш учун ҳаракат бошланди. Айни чоғда қизил рангга бўялган Ҳамза, ўз вақтида партия ва ҳукуматни шарафлаб шеърлар ёзган Ғафур Ғулом, Уйғун, шундай оғир йилларда халқнинг бахт ва шодлигини куйлаган Ҳамид Олимжон сингари ижодкорлар “айбдор” сифатида тафтиш қилина бошлади. Айниқса, Ҳамза Ҳакимзоданинг ижтимоий фаолияти ҳамда инқилобий шеърларини рўкач қилиб олган айрим адабиётшунослар адибни ўз замондошлари сафидан сиқиб чиқаришга, дарсликлардан олиб ташлашга, номини тарихимиздан бутунлай ўчиришга уриндилар. Улар “Яша, Шўро!”, “Ҳой-ҳой отамиз” сингари 10-12 дона шеърларини, “Бой ила хизматчи” драмасида инқилобчи Ғофир образини яратгани учун Ҳамза ижоди ўрганишга арзимайди, деб айюҳаннос солдилар.
Гарчи бундай қарашларга қарши И.Султон, С.Мамажонов, Л.Қаюмов, О.Шарафиддинов, А.Ҳайитметов сингари атоқли олимлар Ҳамза ижоди ва фаолиятини етарли далиллар асосида ижобий баҳолаб берган бўлсалар-да, уни тафтиш этиш ҳануз давом этаётгани ташвишлидир. Чунки кейинги пайтларда яна унинг номини сафдошлари сафидан ўчиришга, ижодини ўрганишни таълим дастуридан чиқариб ташлашга уринишлар бошланди ва бу борада баъзи натижаларга ҳам эришилди. Ваҳоланки, муҳтарам Президентимизнинг тарихга муносабатда холислик принципини амалда қўллаш зарурлиги ҳақидаги кўрсатмалари Ҳамза Ҳакимзода ижодини холисона баҳолашга ҳам тааллуқлидир. Хўш, Ҳамза ижоди чиндан ҳам ўрганишга лойиқ эмасми? Бунинг учун унинг ижодий меросига бир қур назар ташлаш кифоядир.

***
Дастлаб шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ҳамза Ҳакимзода ҳам замондошлари Беҳбудий, Авлоний, Фитрат, Қодирий, Мунаввар қорилар каби ХХ аср бошларида жадидчилик ҳаракатининг олдинги сафларида фаол иштирок этган, жаҳолатга қарши маърифат байроғини баланд кўтарган, Туркистон мустақиллиги учун астойдил курашган, ўз халқининг эркин яшашини орзу қилган миллатпарвар зиёли эди. У халқини маърифатли қилиш йўлида ҳам амалий, ҳам ижодий фаолият кўрсатди.
Ҳамза Ҳакимзода ўзбек адабиётининг барча жанрларида сермаҳсул ижод қилган санъаткордир. 10-11 ёшидан шеър ёза бошлаган Ҳамза 25 ёшида “Девони Ниҳоний” китобини нашр эттирди. Девонга унинг ўтган 15 йил ичида ёзган 177та шеъри киритилган. Улардан 150таси ғазал, қолгани турли жанрларга оид лирик асарлардир. Илк девонидаёқ Ҳамза зуллисонайн ижодкор сифатида намоён бўлди. Девондаги 165та шеър ўзбек, 10таси тожик тилида, 2та шеър эса ширу шакар шаклида ўзбекча-русча сўзлар аралаштириб ёзилган. Шакл ва мазмундаги бундай янгиликлар, шубҳасиз, шоирнинг чиндан ҳам ХХ аср ўзбек адабиёти тараққиётига катта ҳисса қўшганлигини кўрсатади. Айни чоғда у ўзбек халқ оғзаки ижоди, бой мумтоз адабиётимизнинг барҳаёт илдизларидан баҳраманд бўлиб, анъаналарга қатъий амал қилган ҳолда замонга мос янгиликлар ҳам кашф этди.
Йирик санъаткор Ҳамза Ҳакимзоданинг ўзбек адабиёти ва маданияти  ривожига қўшган ҳиссаси, ўрни ва ролини ихчам тарзда қуйидагича баҳолаш мумкин:
– Ҳамза Ҳакимзоданинг адабий мероси ХХ аср ўзбек адабиётининг ривожланиши ва бойишида муҳим аҳамият касб этади. У ҳақли равишда янги типдаги ўзбек адабиётининг асосчиларидан бири бўлиб қолади;
– Ҳамза Ҳакимзода жадидчилик ҳаракатининг фаол вакилларидан бири бўлиб, халқини маърифатли қилиш йўлида ҳам ижодий, ҳам амалий, ҳам ижтимоий фаолият кўрсатди. Янгича усулда мактаблар очиш билан бирга замондошлари Беҳбудий, Авлоний, Мунавварқори сингари “Ўқиш китоби”, “Қироат китоби”, ”Енгил адабиёт” деб номланган дарсликлар яратди ва ўз ҳисобидан нашр эттирди;
– Ҳамза Ҳакимзода новатор шоир сифатида Фитрат, Чўлпонлар қаторида ўзбек шеъриятининг шаклан ва мазмунан янгиланишига чиндан ҳам катта ҳисса қўшди. Шоирнинг 7 бўлимдан иборат “Миллий ашулалар учун миллий шеърлар” номли мажмуаси ҳамда аруз вазни қолипларини ёриб чиқишга интилгани, кўплаб шеърлари бармоқ, ҳатто эркин (“Ер ислоҳоти”, “Мажлисдан кейинги кузатишда”, “Қутлуғ бўлсин”) вазнларда, сарбаст усулида ёзилганлиги, ўзбек реалистик насрини бошлаб бергани унинг новаторлигини кўрсатувчи ғоят муҳим далиллардир;
– роман атамасини биринчи бўлиб истеъмолга олиб кирган ҳам, шу номдаги асарни биринчи бўлиб ёзган ҳам (гарчи жанр талабларига тўла жавоб бера олмаса-да) Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийдир. Унинг 1926 йилда ўз қўли билан ёзган таржимаи ҳолида кўрсатишича, 1908 йилда Наманганда яшаб-ишлаб юрганида “бир “Ҳақиқат кимда” исмли ҳавосиз опералик роман ёзған эдим, ўғирлатдим, букунки, топилмайдир”. Шу далилнинг ўзи уни яна бир бор юксаклик босқичига кўтара олади;
– ўзбек драматургиясининг дунёга келиши, жанрларининг кўпайиши ва ривожланишида Ҳамза Ҳакимзоданинг роли, шак-шубҳасиз, беқиёсдир. Гарчи драманинг илк намунаси Беҳбудий томонидан ёзилган бўлса ҳам бу адабий турнинг барча жанрларида етук асарлар яратиш унинг зиммасига тушди. Яна шуниси ҳам муҳимки, у ўзбек адабиётида биринчи бўлиб драматик трилогия (“Лошмон фожиаси”,1916-19), драматик тетралогия (“Фарғона фожиаси”, 1918-20), шеърий драмалар (“Сайлов олдидан”, “Эл қузғунлари”)ни адабиётимиз хазинасига олиб кирди. Бу фактлар ўзбек драматургиясининг том маънодаги асосчиси Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий бўлганлигини яна бир бор тасдиқлайди.
– миллатнинг кўзини очиш, ўзлигини англатишнинг энг самарали йўли –халққа бор ҳақиқатни очиқ айтиш деб билган маърифатпарвар шоир ўз ташаббуси билан газета ва журналлар чиқариб, уларда аччиқ гапларни очиқ ёзди. Шу боисдан у муҳаррирлик қилган “Кенгаш”, “Ҳуррият” сингари мутбуот нашрлари дадиллиги, ошкора танқидий руҳи учун 3-6 ой ичидаёқ ёпиб қўйилган;
– шоирнинг “Шундоқ қолурму?”, “Яша, Шўро!” шеърлари кўп йиллар мобайнида унинг инқилоб куйчиси сифатида улуғланишига муҳим далил бўлиб келди. Гарчи биринчи шеъри 1917 йил феврал инқилобидан кейин унинг истибдодига қарши ёзилган деган фикрлар айтилса ҳам, 1919 йилда нашр этилган “Атир гул” мажмуасига киритилиши шоирнинг ғоявий нияти сал бошқачароқ бўлганини кўрсатади. Унинг феврал инқилобидан кейин босилган “Сафсар гул” тўпламига киритилмагани сабаби, назаримизда, бу шеър ҳукумат томонидан йўқ қилинган Туркистон мухторияти муносабати билан ёзилганлигидир. Чунки унда “Қафасдан бўшалган қуш” – Туркистон яна қафасга “қайтиб ўзини солмас”лиги, мустақиллик учун кураш давом эттирилишига ишора қилинаётгандек туйилади. “Яша, Шўро!” шеъри эса аслида “Яша, Турон!” бўлганлиги адабиётшунослар И.Султон, С.Мамажонов, А.Ҳайитметов томонидан аниқ далиллар билан исботлаб берилди. Боз устига, ҳар қандай хушёр ўқувчи шеърнинг биринчи ва иккинчи сатрлари қофиясига эътибор берса, унинг “Яша, Шўро” эмас, айнан “Яша, Турон” бўлганлигига ишонч ҳосил қилади (Турон-замон).
– ҳамзашунос олим Л.Қаюмовнинг ёзишича, “У умрининг охирида ҳазин эди”. Бу ҳазинлик сабаблари Ҳамзанинг айрим мактубларида ҳам англашилади. Шоир ўзининг номаълум шахсга йўллаган мактубларидан бирида (исмини махфий тутиши ва “сен” деб мурожаат қилишига қараганда у яқин дўсти бўлса керак – Й.С.) “олдимда бўладурғон ҳужумларни кўзда тутиб”, “иғвогарлар уюшиб ҳамон маҳкамаларда изғишиб юришгани”дан “Нима қиламан, ҳамма томоним қоронғу” дея ҳадиксирайди (5,100). Шунинг оқибати бўлса керак, 1927 йил 18 сентябрда ёзилган тўртликларидан бирида:
Бул жаҳон баҳрида хилқатдин хабар олгил, кўнгул,
Шоири маҳзун табиатдин хабар олгил, кўнгул.
Хум самовий телбалик илҳомина чўмғон хаёл,
Завқиға теккан ҳақиқатдин хабар олғил, кўнгул.
деб ёзган эди. Ҳатто бу тўртликнинг остига “Ҳар муюлишдан хўмрайиб чиққан кишига кўндаланг, Бу Ҳакимзода ўтар дунёдан Ниҳон эдарак” деган қўшимча байт ҳам киритиб қўяди (2,517).
– Ҳамза Ҳакимзода айрим манбалар ҳамда унга бағишланган фильмларда кўрсатилганидек, даврининг йирик маърифатпарвари Мунавварқори Абдурашидхонов билан мутлақо тескари муносабатда бўлмаган. Аксинча, мактубларида Мунавварқорига “ҳазрат, устоз” дея чуқур ҳурмат билан мурожаат қилади, ундан маслаҳат сўрайди, дардини айтади.

***
Кейинги йилларда Ҳамза Ҳакимзода ҳалокатининг тафсилотлари тўғрисида ҳам янги маълумотлар топилди ва эълон қилинди. Мустақиллик шарофати билан 70 йил мобайнида сир тутилган суд материалларини ўрганиш оқибатида унинг шайхлар томонидан тошбўрон қилинмагани аниқланди. Фарғоналик ҳуқуқшунос М.Шералиев “анча йиллардан буён Шоҳимардонда яшаб, у ердаги кексалар билан суҳбатлашувлар, айрим архив ҳужжатлари билан танишиш жараёнида Ҳамза Ҳакимзода ҳалокатининг сабабларини очишга, бу сирли ўлим юзасидаги пардани кўтаришга” муваффақ бўлди. Унинг ёзишича, “Ҳамзани икки киши – Болта ўғри билан Ёдгор ўғри ўлдирган. Қотилликка маиший асосда келиб чиққан тўқнашув сабаб бўлган.” Бундан Шўро ҳукумати усталик билан фойдаланиб, динни тақиқлаш, руҳоний уламоларни йўқ қилиш, халқни қўрқитиб олиш мақсадида фойдаланган.
Қатағонга асос ҳам етарли эди. Маълум бўлишича, Ҳамза Ҳакимзода ўлдирилишидан бир неча ой муқаддам Шоҳимардондаги бир гуруҳ уламолардан ўша пайтдаги Ўзбекистон республикаси Марказий Ижроия қўмитасининг раиси Йўлдош Охунбобоев номига ариза тушган, унда шоирнинг Шоҳимардонда амалга ошираётган ишлари ва хулқи қишлоқ аҳли орасида норозилик туғдираётганини айтишиб, уни эҳтиёт қилиш учун бу ердан чақириб олиш лозимлигини илтимос қилган эдилар. Айнан шу мактуб Шўро ҳукумати учун Ҳамзага қарши уюштирилган суиқасдга далил бўлиб хизмат қилди. Тез орада қатағон машинаси ишга солинди ва 60 киши қамоққа олинди. Суд ҳукмига кўра “Ҳамзани тошбўрон қилиб ўлдирган шайх”лардан 5 киши отувга, қолганлари турли муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Ҳақиқий қотиллар эса бир четда қолаверди.

***
Юқорида баён қилинган мулоҳазалар оташнафас шоир, сермаҳсул ёзувчи, моҳир драматург, ўткир публицист, фаол жамоат арбоби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг ҳимояга муҳтож эмаслигини, унинг асосан ижтимоий фаолиятини биринчи ўринга қўйиб, ижодини назарга олмаётган айрим мутахассисларнинг даъволари асоссиз эканлигини, Ҳамза ўз ижоди билан мангу барҳаёт қолишини, жисман тупроқда ётса ҳам шоир ва драматург, маърифатли жадид сифатида ўз асарлари билан айни кунларда ҳам биз билан яшашга ҳақли эканлигини исботлайди. Умрининг охирларида ўша масъул шахс Ўлмасбоевга йўллаган мактубида “Эндиликда фирқага таяниб туриб, кучимиз ғасб (зўрлаш, мажбурлаш), мартабамиз таҳқир этилса, албатта, муни матбуот бир кун бўлмаса, бир кун текширар” деб умид қилганди. Бу умидини рўёбга чиқариш бугун шаклланаётган адабиётшунослар авлодининг вазифасидир. келаётир.ррррр Чунки ҳақиқий ижодкорга жисмоний ўлим йўқ. Зеро, “аслида Ватан равнақи учун курашган, кейин ўзи бехабар ҳолда Шўро адабиётининг яловбардорига айланган Ҳамза Ҳакимзода” ҳам ўз замондошлари қаторида абадий яшашга, адабиёт ва маданиятимиз тарихида барҳаёт қолишга, унинг ижоди ёш авлод томонидан ўрганилишга ҳақлидир.
Ўйлаб кўрайлик: Шўро даврида атай қизил рангга бўялиб, кўтар-кўтар қилинган Ҳамза Ҳакимзодани оқлаш, унинг ўзига яраша ўрнини белгилаб бериш ўрнига бугунги мустақил юрт фарзандлари ҳам қоралаб турсак, инсофдан эмас. Шу пайтгача унинг руҳи безовта бўлгани етар, энди уни тинч қўяйлик, борича ўрганайлик, ҳақига дуо қилайлик. Ахир, оламдан ўтганларни ҳадеб кавлайвериш миллий урф-одатимизга тўғри келмайди-ку! Шундай эмасми?

Фойдаланилган адабиётлар:
1. Б.Қосимов, Ш.Юсупов, У.Долимов ва б. Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти. Дарслик. Т., “Маънавият” нашриёти, 2004.
2. С.Мамажонов. Барҳаёт Ҳамза. Т., “Фан” нашриёти, 1991.
3. О.Шарафиддинов. Ижодни англаш бахти. Т., “Шарқ” НМАК, 2004.
4. Л.Қаюмов. Биз билмаган Ҳамза.  “ЎзАС”, 29.Х11.1999.
5. М.Шералиев. Шоҳимардон ҳақида ўйлар. “Фарғона” нашриёти, 1993.
6. Абдул Қодир. “Яша, Турон!”. “ЎзАС”, 2.07.2004.
7. Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий. Тўла асарлар тўплами. 5 томлик. Т., “Фан” нашриёти, 1988-1989 йиллар.
8. Й.Солижонов. Зулматдан нур қидирганлар. Т., А.Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2007.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 607

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *