Ҳар қадам масъулияти

Ҳар бир хатти-ҳаракатимиз, амалимиз кимлигимизни кўрсатиб туради. Демак, ўзимизни, лаҳзаларимизни сарҳисоб қилишга ўрганиб боришимиз шарт. Энг муҳими, биз ва амалларимиз ўртасида муқаддас Ватан, унинг тақдири турган бўлиши мумкинлигини ҳис қилишимиз керак.
Отабек икки йил хорижда ўқиб келди. Дунё кўргани гап-сўзлари, юриш-туришидан билиниб турибди. Ўзи ҳам гап орасида айтиб ўтди, юрт соғинчи уни улғайтирибди. Сафар таассуротларидан ҳам кўра мени кўпроқ унинг мана бу сўзлари таъсирлантирди:
– Биз ўқийдиган курсда 15дан ортиқ миллатга мансуб ёшлар йиғилганди. Улар орасида инглиз, араб, ҳинд, турк, немис, поляк, чех, швед, хитой, япон, французлар, Жануби-шарқий Осиёдан келганлар, покистонликлар, африкаликлар бор эди. Айниқса, Шимолий Африка мамлакатларидан келган тенгдошларим тоза-озода, бир сўзли, ростгўйлиги билан эътиборимни тортди. Исо деган ўртоғим ҳам Шимолий Африкадан. Тўғриси, унга яқин бир кишимдай ишонардим. У бировни алдашни хаёлига ҳам келтирмайдиганлардан эди.
Бир куни Исо компьютер сотиб олгани борибди. Ажнабийлигини билган сотувчилар уни алдаб қиммат нархда сотишибди. Буни сезиб қолгандан кейин дили оғриди. Бу каби ҳолларни у тасаввурига сиғдира олмасди. Қачон африкаликлар ҳақида гап кетса, кўз олдимда камтар ва ростгўй Исо гавдаланади.
Англаб етдимки, мусофир юртдаги ҳар бир қадамимиз ортида Ватанимиз шаъни турар экан. Биз эса уни ё кўкка кўтарарканмиз ёки… Имкон қадар хорижликларда Ўзбекистон ҳақида яхши таассурот қолдиришга ҳаракат қилдим. Йўқ, ўзимни ҳаддан ташқари қолипга ўраб олмадим. Ватандошларимиз қай даражада самимий, одамий ва меҳмондўст эканини кўрсатишга уриндим. Юрсам ҳам, турсам ҳам бир фикр хаёлимни банд этар эди: «Бу ердагилар менинг қиёфамда Ўзбекистонни кўради».
Ватанга хизматнинг катта-кичиги бўлмайди. Хорижда юриб ҳам юртга хизмат қилиш учун эса инсон ўта масъулиятли бўлиши лозим. Биз, одатда, улкан ишларни амалга ошириш учун «каттароқ» одам бўлиш керак, деб ўйлаймиз. Бирор амалдор, раҳбар шахс бўлсаккина, ватанга кўпроқ нафимиз тегади, деб тушунамиз. Ваҳоланки, ҳар бир эзгу амалимиз катталашиб бориб, буюк бир АМАЛга айланиши мумкин.
Соҳибқирон Амир Темур ҳар бир аскарига ёнида бир ғишт олиб юришни тайинлар экан. Битта аскар қўлидаги ғишт бир қарашда ҳеч нарсага арзимайдигандай туюлади. Лекин бутун лашкар олиб юрган ғиштларни бир ерга жамласа, улкан иншоот бунёд бўлиши мумкин. (Соҳибқирон ўз умри давомида буни амалда намоён этган.) Демак, бизнинг назаримиздаги арзимас ишларимиз ҳам бунёдкор юртдошларимизнинг гўзал амаллари билан қўшилиб Ватанимизнинг бир бурчини обод қилиши муқаррар.
Юнусали Эгамов – география фани ўқитувчиси. Қишлоқ мактабларидан бирида дарс беради. Унинг назарида, ҳар бир дарс ёшлар қалбида ватанпарварлик туйғусини юксалтириш учун азиз бир имкон. Нега энди уни кўкка совуриш керак? Шу боис ҳар бир дарсига янгича ёндашишга, истиқлол фарзандларига муносиб таълим беришга бор куч ва имкониятини сарфлайди. «Ҳар қайси дарсимнинг мавзудан ташқари яна бир мавзуси – ватанпарварлик. Болаларимизни юртни севишга, истиқлол неъматларини қадрлашга ўргатиб, юраги уйғоқ бўлишга даъват этмас эканмиз, таълим-тарбияда кутилган натижага эриша олмаймиз».
Домланинг шогирдлари орасидан юрт учун умрини бахшида этадиган миллатпарвар инсонлар чиқишига ишонса бўлади. Ҳар бир лаҳзамиз олтин. Келажак эгаларининг таълим-тарбияси учун берилган соатлар эса ундан-да қимматлироқдир. Бу олтинларни кўчага сочиб юборишни Юнусали домла тасаввурига ҳам сиғдира олмаса керак.
Телевидение орқали бунёдкор ватандошларимиз ҳақида кўрсатув берилаяпти. «Уялиб қолмайдиган даражада яшаяпмиз-да», – деди қаҳрамонлардан бири. Негадир бу гап менга жуда таъсир қилди. Инсон уялиб қолмайдиган даражада яшаши учун нима қилиши керак? Аввало, ўзининг, юрти ва яқинларининг олдида уялиб қолмайдиган бўлиб яшаш бахти, қанийди, ҳаммамизга насиб этса…
Ҳар бир хатти-ҳаракатга масъуллик, фаолиятнинг қайсидир қиррасида бўлса ҳам Ватанга хизмат қилаётганлиги мумкинлигига ишонч инсонни юксалтиради. Атоқли адибимиз айтганидек, юртни обод қиламан деган киши ўзи обод бўлади. Ўзингизни обод қилишдан тўхтаманг.

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

«Ҳуррият», 2010 йил 14 сентябр.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin

Телеграмдаги каналимиз: @/Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 472

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *