Ҳарбий либосдаги маънавият: Муҳаммад Юсуф

Ижодкор лейтенант Азиз Норқулов “Ватанпарвар” газетасида “Ҳарбий либосдаги маънавият” туркумида мақолалар эълон қилиб боряпти. Уларда эл ардоғидаги таниқли инсонлар қаторида халқимиз суйган шоиру ёзувчиларнинг ҳарбий хизматдаги ҳаёти, Ватан ҳимояси йўлидаги ишлари мароқ билан ҳикоя қилинади. Севимли ижодкорингизнинг армияда кечган ҳаёти, хизмат таассуротлари Сиз учун ҳам қизиқ бўлса, ажаб эмас. Сайтимизда шу туркумдаги мақолаларни доимий бериб бориш ниятидамиз.
Қуйида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг ҳарбий хизматдаги ҳаёти ҳақида унинг яқинлари хотирлайди.

Сайт муаллифи.

Фикрлаш тарзига тўғри келмайдиган нимаики бўлса инкор қилиш одамзотнинг фитратида бор. Баъзилар сал бошқачароқ бўлиши мумкинлигини ақлига ҳам, тасаввурига ҳам сиғдира олмайди. Қолипларга, сунъийлаштирилган одат ва кўникмаларга сиғмайдиган тафаккур, ҳаёт тарзи эгаси бўлган Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг ҳарбий либосда тушган суратига қараб шуларни ўйладим. Muhammad Yusuf harbiyЭл суйган шоирнинг салобатли қиёфаси, ўткир нигоҳли ўйчан кўзлари хаёлимда муҳрланди. Ватанини жондан севган, уни жўшиб куйлаган шоир қандай ҳарбий хизматчи бўлган экан? Ҳарбий либосдаги маънавиятга, ҳарбий либосдан тарқалаётган кўзни қамаштирувчи зиёга нигоҳ ташлашга интилдик.
Доимгидек бир каллага ҳар хаёл келди. “Бу шоиринг мустақиллик даврида хизмат қилмаган-ку?!” чақиндек чақнади бир фикр. Гўё, режаларингни барбод қиламан, дегандек. “Истиқлол ёшларига таққослаш, хулоса чиқариш имконияти-ку бу!” – ҳайқирди бошқа бир овоз. Талотўп тингач, кўнгилга қулоқ тутдим.
Беихтиёр Назира ас-Саломни қидиришга тушдим. Шоирнинг ишларини давом эттириш ҳаракатида жон куйдираётган Назира опа Муҳаммад Юсуф фонди таъсисчилигида чоп этилаётган “Олтин қалам” газетасининг навбатдаги сонини нашрга тайёрлаш ишлари билан машғул экан. Учрашишимиз бир оз қийин кечди. У кишининг тавсияси билан бизни ушбу саҳифани тайёрлашга ундаган, Ватан ҳимоячилари куни арафасида ижтимоий тармоқдаги саҳифасига отасининг ҳарбий либосда тушган суратларини жойлаштирган Мадина Муҳаммад Юсуф қизи билан боғландик. Ундан сиз саҳифада кўраётган суратларни олдик.
– Дадам дунёда бўлаётган талотўп ва урушлардан таъсирланган маҳаллари ҳарбий хизматдаги хотираларини гапириб берардилар. Эсласам, уларнинг аксарияти машъум воқеа-ҳодисалар. Парашют билан сакрашни ўрганганларини, ўша пайтда юз берган вазиятлар кўз олдидан кино тасмасидек ўтишини айтарди. Яқин дўстларидан бири парашют билан сакраётганда очилмай қолган экан. “Магамеед” деб бақириб ерга тушганини, бориб қарашса, сочилиб кетганини кўзига ёш қалқиб эсларди.
Армияга уйдагиларига бир оғиз ҳам айтмасдан кетган экан. Етиб борганидан кейин хат ёзиб, кўз ёш тўкиб, ваҳима кўтарилишидан чўчиб, шундай қилганини билдирган.
Хизмат пайтида кўричаклари ёрилиб, пертонил бўлиб қолган. Оғриқнинг зўридан ҳушдан кетганини, қор устида анча вақт ҳушсиз ётганини эслаб, “менинг жоним қирқта” деб кулардилар, – дейди у. – Дадамнинг болалик чоғларидан умрининг сўнгги кунларигача бўлган суратларини йиғиб қўйганмиз. Уларни қайта-қайта кўрамиз, руҳан бирга яшаётганимизни ҳис қиламиз. Фақат шоир эмас, мард ўғлон – Ватан ҳимоячиси ҳам бўлганидан фахрланамиз. Ҳарбий хизматдаги даври ҳақида хизматдош дўсти шоир Баҳодир Исо жуда кўп таассуротларни гапириб берган. 60 йиллик юбилейларига бағишлаб “Булбул дили бор эди” хотира қатраларидан иборат тўплам ҳам яратган. Ҳикояларини тинглаб меҳрибон ота, шоир Муҳаммад Юсуфнинг бошқа бир қиёфасини кашф қиламан.
– Муҳаммад Юсуф билан бундан 35 йил аввал ҳарбий хизматда танишганмиз. Узоқ Шарқдаги Хабаровск ўлкасининг қорбўронлари ва аччиқ изғиринларида ўзбек офтоби тоблаган танамизнинг рус аёзига нечоғли бардоши борлигини синовдан ўтказишимизга тўғри келган. Бу ўлкада совуқ шу қадар қаттиқ бўлар эдики, аскар болаларнинг ўпкаларини, оёқ-қўлларининг бармоқ учларини, манглайлари, қулоқлари, ёноқлари ва иякларини совуқ олиши оддий бир ҳол  эканлиги ёдимга тушса, ҳали-ҳануз этим жунжикади. Бошқа ўзбек ва яна турли миллатларга мансуб хизматдошлар қатори Муҳаммаджон иккимиз ҳам бир-биримизнинг совуқдан қорайган юзимизга кўп бор қор ишқалашганмиз, бир-биримизнинг совуқдан уюшган қўлларимизни кафтларимиз орасига олиб “куҳ-куҳ”лашганмиз…
Ҳозир ўша дамларни эсласам, Худога шукронам ортади, Ўзи паноҳида асраганига такрор-такрор имон келтираман…
У пайтлар хизматдошлар даврасида шоир мен эдим. Андижонлик Муҳаммаджон Юсуповнинг шоир эканлигини ҳеч қайсимиз билмас эдик. Лекин унда ҳаммамиздан пинҳон нимадир борлигини менинг кўнглим сезар эди. Муҳаммад Юсуф камгаплиги, тортинчоқлиги, айни дамда, донишмандлиги билан бирга бир ишни қилишда иккиланиб ўтирмайдиган қатъиятли, юраги ботир йигит эканини ҳам хизмат пайтида кўп бор исботлаган, – деб эслайди хизматдош дўсти шоир Баҳодир Исо.
– 1998 йили Муҳаммад Юсуф билан бирга Тошкент Тиббиёт институти талабалари билан учрашувга боргандик, – деб эслайди таниқли журналист Аҳмаджон Мелибоев. – Талабалардан бири Муҳаммаджонга “Ватан сиз учун нима, Ватанни сиз қандай тушунасиз?” деб савол берди. “Сингилжон, – деди шоир. – мана сиз, ўқишни тугаллаб, врач бўласиз. Беморларни даволайсиз. Айтинг-чи, жонсиз, руҳсиз ўлик танани даволаш, ҳаётга қайтариш мумкинми? Йўқ. Ватан мен учун – жон. Жонсиз яшаб бўлмаганидек, Ватансиз ҳам яшаб бўлмайди. Жон ширин дейишади. Ватан жондан ҳам ширин. Ҳаётимни, олаётган ҳар нафасимни, босаётган ҳар қадамимни, айтаётган ҳар сўзимни шу ширин жонсиз, шу буюк бойликсиз тасаввур қила олмайман. Мен Ватанни шундоқ тушунаман, сиз ҳам шундоқ тушунинг, синглим, дугоналарингизга, домлаларингизга айтинг – улар ҳам шундоқ тушунишсин…”
Ҳа, шоирлик – бу қисмат. Қуёшдек нур сочиб, зарраларгача меҳрингни бериб, парчаланиб кетиш. Яна умумийликда яхлитликка эришишдир. Ҳеч бир чинакам шоир ўзи учун яшай олмайди, ўзи учун изтироб чекмайди, қайғурмайди. У миллат учун, керак бўлса башарият учун куюниб яшайди. Муҳаммад Юсуф ҳам ана шундай чин маънодаги Халқ шоирларидан бири эди.
Балки ушбу бетакрор сатрлари ҳам сарҳадларда сергак соқчидек юрган маҳаллари хаёлида айлангандир:
О, ота маконим,
Онажон ўлкам,
Ўзбекистон, жоним тўшай соянгга.
Сендек меҳрибон йўқ,
Сенингдек кўркам,
Римни алишмасман бедапоянгга…

Азиз НОРҚУЛОВ

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

 

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 88

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *