Муҳаммад Хайруллаев. Ҳатлаб ўтилган китоб

G'afur G'ulom farzandlari bilan. 1939

Ғафур Ғулом фарзандлари билан. 1939 йил

Фарғона шаҳрида “Коммуна” (ҳозирги “Фарғона ҳақиқати”) газетаси таҳририятда ишлаб юрган пайтларим эди. У вақтларда отахон шоиримиз Ғафур Ғуломнинг вақти-вақти билан Фарғонага келиб, беш-олти  кун  мобайнида вилоятни айланиб чиқадиган одати бор эди. Лекин шунчаки меҳмон бўлиб, кўнгил хушлагани эмас, пахтакорларнинг кундалик турмуши, дала ишлари билан танишиб, улар ҳақида, ўз гапи билан айтганда, “бир шоир сифатида баҳоли-қудрат икки оғиз ширин гап айтиш” ниятида қадам ранжида қилар эди. Одатда ўзининг хусусий “Победа” автомобилида келарди. Биз у кишини  катта шоиргина эмас, файласуф адиб сифатида ҳам ҳурмат қилардик. Ғафур Ғулом Фарғонага келар экан, ҳар гал китобхонлар билан суҳбатлашар, шеърхонлик кечалари ўтказар, шунингдек, газетамизда Фарғона вилоятининг шу куни тўғрисида шоирнинг таассуротлари баён этилган, илғор пахтакорлар улуғланган, бутун бир саҳифани эгаллайдиган катта мақоласи чоп этиларди.
Ғафур Ғуломнинг Ўрта Осиё ва Шарқ халқлари адабиётини яхши биладиган доно адиблиги ҳақида кўп эшитганман, шеърларини ёд олиб катта бўлганман. Шоирнинг ижоди ҳақида иншо ёзиб имтиҳон топширганман. Дарвоқе, қирқинчи-эллигинчи йилларда “Сен етим эмассан!” шеърини ёддан билмайдиган йигит-қиз кам топиларди. “Мен–яҳудийман!” шеъри-чи?!. Фарғонадаги суҳбатлар чоғида эса у кишининг чинакам файласуф адиб эканлигига такрор-такрор амин бўлдим.
1961 йил эди. Вилоят далаларида пахталар чаман, терим айни авжига чиққан бир палла эди. Биз ходимлар ўша вақтда таҳририят ҳовлисининг этагидан ўтадиган сой бўйида тушлик овқатдан сўнг чой ичиб, гурунглашиб ўтирардик. Бир маҳал дарвозадан кўкимтир “Победа” автомобили кириб келди-ю, муҳарриримиз Адҳам Ҳамдамов:
– И-я! Ғафур ака келдилар! – дея ўрнидан сапчиб туриб, машинага пешвоз юрди.
Ростдан ҳам ҳайдовчи ёнида Ғафур Ғулом ўтирарди. Шоир машинадан тушиб, Адҳам ака билан илиқ кўришди:
– Саломатлигинг яхшими?– дея ҳол сўради.
Меҳмоннинг Фарғонадек нуфузли вилоят газетаси муҳаррири, каттагина обрў-эътиборга эга бўлган Адҳам Ҳамдамовни сенсираши менга ғайритабиийдек туюлди. Лекин, кейинчалик билсам, Ғафур Ғуломнинг ўзига яқин кишилар, айниқса, ўзи хуш кўрадиган шоир ва ёзувчилар билан сенсираб гаплашадиган одати бор экан.
Ғафур ака барчамиз билан қўл бериб сўрашди, сўнг сўрининг тўрига, қари бақалоқ тол соя ташлаб турган жойга, ҳозиргина тўшалган кўрпачага  чиқиб, чордона қурди. Лекин кўп ўтмай:
– Йигитлар,кечирасизлар, – дея оёқларини кўрпача бўйлаб бир ён томонга узатиб, ёстиқни ёнбошига олди. – Машинада ўтираверсанг ҳам чарчаб қолар экансан, – деб қўйди, кейин муҳарриримизга ўгирилди: – Адҳамжон!
– Лаббай, Ғафур ака?
– Тоза кўк чойингдан борми?
– Бор. Ҳозир олиб келишади.
– Фарғонага келсам кўнглим кўк чой тусаб қолади. – Ғафур ака энди бизга қараб гапира бошлади. – Об-ҳавоси шуни талаб қилади шекилли.
Адҳам ака:
– Тўғри, – деб меҳмоннинг фикрини тасдиқлади.
Ғафур ака эса яна бизга қараб:
– Умуман, Тошкент вилоятининг чегарасидан бу томонида яшовчиларнинг бари кўк чой ичишади, – деди.
Ана шундай бошланган суҳбат қизиб кетди. Муҳарриримиз Ғафур акадан гап олиш ниятида у кишига саволлар берар, биз эса отахон шоирнинг жавобларини жон қулоғимиз билан тинглар эдик. Бир пайт гап айланиб китоб мавзусига кўчди.
– Китоб сотиб олаверинглар, – деди Ғафур ака биз, ёшларга қараб. – Авлоддан авлодга қоладиган чинакам бойлик бу – китоб. Ўзларингиз ўқимаган тақдирда ҳам болаларингиз бирон марта “ҳатлаб ўтса-да” фойдадан холи бўлмас.
Агар бир ҳодиса содир бўлмаганида образли қилиб ифода этилган бу фикр хотирамдан кўтарилиб кетармиди, билмадим. Ҳар қалай, доно адиб фикрининг нақадар тўғрилигини исботловчи бир воқеа ҳамон ёдимда.
…Кунлардан бирида зарурият билан Тошкентга келдим. У пайтлар, яъни Тошкент зилзиласидан олдин Карл Маркс ва Киров кўчалари кесишиб ўтадиган чорраҳанинг бурчагида машҳур “Гастроном” рўпарасида каттагина китоб дўкони бўларди. Яхши дўкон эди. Китоблар ҳозиргидек танқис эмасди. Яна муҳими, нархи ҳозиргига нисбатан кўп даража арзон эди. Ўша магазиндан саккиз яшар тўнғич қизимга “Қизчалар, бу китоб сизлар учун!” деган китоб ҳарид қилдим. Унда кичик ёшдаги қизчаларга тугмани қандай қадаш керак, дазмолдан қандай фойдаланиш зарур, бошидан офтоб ўтганда нима қилмоқ зарур, бирон ери лат еган ёки куйиб қолган кишига қандай ёрлам кўрсатиш мумкин, деган қатор маслаҳатлар баён этилган эди. Фарғонага қайтгач китобчани қизимга совға қилдим-у, кундалик ишлар билан банд бўлиб, уни ўқиган-ўқимаганлигини суриштирмадим.
Бир куни эр-хотин ишдан келсак қизимиздан бир ёш кичик ўғлимиз бир оёғи дока билан боғланган ҳолда каравотда ётар, қўлида китоб тутган Гулнора эса унинг ёнида ўтирар эди.
– Нима бўлди? – деб сўрадик.
Гулнора:
– Ошхонадан чойнакда чой олиб келаётган эдим, – деди лаблари титраб, – қаршимдан Одил чиқиб қолди… Оёғига озгина чой тўкилди.Muhammad Xayrullayev
Ойиси болалар врачи эмасми, Одилжоннинг куйган оёғини зудлик билан очиб кўриб, Гулнорага қаради:
– Боғлашдан олдин нима қилдинг?
Қизим қўлидаги китобни очиб:
– Мана бу ерда, – дея  кўрсатди, – нима дейилган бўлса, барини қилдим.
Бу мен совға қилган ўша китобча эди. Хурсанд бўлиб:
– Илгари ўқиганмидинг уни? – деб сўрадим.
– Йўқ. Шунчаки бир варақлаб кўрган эдим…Бирдан эсимга келиб қолди.Ўша жойини ўқиб чиқиб…
Ҳа, саккиз яшар қизим бу китобни ҳали ўқимаган, лекин ундан “ҳатлаб ўтган” экан.

Сайт муаллифидан:. Ёзувчи ва драматург Муҳаммад Хайруллаев Ойбек, Мақсуд Шайхзода, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Миртемир каби устоз адибларнинг ёш авлодга намуна бўларли инсоний хислатлари ва маънавий қиёфасини акс эттирувчи туркум мақола – хотира-лавҳалар ёзиб, нашрга тайёрлади. Сайтимизда шундай хотира мақолалардан яна бериб борилади.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

 

 

 

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 709

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *