Ҳайитбой Абдусодиқ. Шеърлар

ЁШЛИККА

Сен шу ерда кутиб тур,
Мен, ҳу, сариқ чўллардан,
Яланг оёқ чопиб келаман.

Сен шу ерда кутиб тур,
Мен югирик сойлардан,
Зилол бўлиб оқиб келаман.

Сен шу ерда кутиб тур,
Мен яланғоч толларга,
Довул бўлиб урай гувиллаб,

Сен шу ерда кутиб тур,
Мен ям-яшил майсани
Сабо бўлиб ўтайин силаб.

Сен шу ерда кутиб тур,
Мен узунсоч гўзалга
Айтиб қолай сирли гапларим

Сен шу ерда кутиб тур,
Чўғлар сўнсин кўзимда,
Кейин, майли, ўтгин, ёшлигим.

ЕРДА ЯШАШ УЧУН КЎНГИЛНИ ТЎҚЛАБ…

Ҳали кўп жойларда уйқулар ҳаром,
Гўдак йиғисимас, ўқлар сасидан,
Ҳали кўп қалблар бор – тунлар беором,
Қаттиққўл нозирлар силсиласидан.

Ялтироқ шишага алданиб қолиб,
Номуси булғанган халқлар кўп ҳали.
Ўз ўрнин тополмай толедан нолиб,
Адаш бўлиб юрган ҳақлар кўп ҳали.

Ҳали кезиб юрар милтиғин ўқлаб,
Бировни қул қилмоқ этганлар хаёл.
Ҳали тинчимади жигарин йўқлаб,
Тунлари хотирдан сас берган аёл.

Ҳали кўп ерларда қотиллик каби,
Жиноят саналар қаттиқ йўталмоқ.
Ҳали минг-минг очнинг нондир матлаби,
Йўқ! Тўла бахт эмас инсон аталмоқ.

Ҳали яшнамади рўй-рост бу олам,
Ҳали йўл топмади нурга парвона,
Ерда яшаш учун ҳалиям беғам,
Гунг бўлмоқ зарурдир ёки девона.

КЕНГЛИКЛАРДАН …

Мунаққид не айтса, уққанин айтсин,
Боғланиш тополмасин сатрларимдан,
Ва унда учрасин на қофия, на вазн,
Мен кенгликлар ҳақида ёзаман.
Уларни кенгликларда ўқийман.

Шаҳарда тор бўлиб қолган, ҳой, дўстим,
Бир ҳаво зарби-ла хитоб қил, чақир,
Ва мен афсонавий Ғирот мисоли,
Кенгликлардан елиб келаман,
Сени кенгликларга элтаман.

Мол ишлаб чиқарар саноат ҳар кун,
Шаҳарни ҳар куни қоплайди тутун,
Ва хира кўрсатар суратни, шеьрни,
Мен кенгликларга чекинаман,
Мен кенгликларга сиғинаман.

Мунаққид не айтса, уққанин айтсин,
Елимчак гулларни ҳидламайман мен,
Ҳолбуки, бу олам ниҳоятда кенг,
Мен кенгликларга суянаман,
Мен кенгликларда суюнаман.

ОҚ ЛИБОС

Кийган оқ кийиминг
Қилган қора ишларингни
Янада бўрттириброқ
кўрсатиб турибди.

КУЧ

Қуёш нури сувда
синади.
Менинг нурим
Кўзларингда.

ЯНА БИР ҲАҚИҚАТ     

Дарахт илдизидан қурийди,
Балиқ бошидан сасийди,
Қоқ кўксидан айнийди инсон.

САБР КОСАСИНИ ТЎЛДИРИШ

Тош ташлайман дарёга,
Дарё суви
бир оз тошгандай туюлади.
Яна бир тош ташлайман дарёга…

ОТА-ЮРТ

Кўзларимни юмсам
кўз олдимда пайдо бўласан,
Кўзларимни юммасам ҳам
кўз олдимда тураверасан

БЕРДАҚНИНГ ЎЗ ХАЛҚИГА ВАСИЯТИ

Дунёнинг ярмини оралаб келдинг,
Шу тупроқ, шу элни қоралаб келдинг,
“Ниҳоят, бир қўним бор-а”лаб келдинг,
Қорақалпоқ, энди кўчма бу юртдан.

Бу чексиз заминда кенглик топмадинг,
Гоҳ ёқалик, гоҳи енглик топмадинг,
Ерга тенг саналдинг, тенглик топмадинг,
Қорақалпоқ, энди кўчма бу юртдан.

Орқангдан оқарган Асқартоғ қолди,
Идиль, Ёйиқ қолди, дашт-Қипчоқ қолди,
Ота юрт Туркистон – у йироқ қолди,
Қорақалпоқ, энди кўчма бу юртдан

От бошини буриб Оролга чиқдинг,
Жайхунни ёқалаб, зилолга чиқдинг,
Қора тунда тўлин ойга йўлиқдинг,
Қорақалпоқ, энди кўчма бу юртдан.

Сариқ қумга тикдинг қора уйларинг,
Осмонни бўзлатди нола-куйларинг,
Охир макон эттинг, Аму бўйларин,
Қорақалпоқ, энди кўчма бу юртдан.

Шу маконни асра боринг сотсанг ҳам,
Бахмал эмас, бўз ёпиниб ётсанг ҳам,
Тоғлардаги харсанг тошдек қотсанг ҳам,
Қорақалпоқ, энди кўчма бу юртдан.

БАДИИЙЛИККА ИНТИЛИШ

“Чеҳра” ва “башара” сўзларидан
“чеҳра”ни танлаб оламан.
Хафа бўлма, дейман “башара”га
сен ўткирроқ бўлсанг-да,
бадиийлик етишмас сенда.

ҚОЙИЛ!

Таажубли бир ишдир:
Тутқун қилинган маймун,
Ўрганибди даставвал
қарсиллатиб,
Чапак чалишни.

ДЎППИГА МАДҲИЯ

Омон бўлса, дўппи, бас,
Бошни бало ҳам урмас.

ЖАРЧИ

Қулоқни ёрса ҳам овозинг гарчи,
Бировнинг измини айтурсан, жарчи.

ИЖАРА ХОНАДАГИ ТАЛАБА

Бир қарасам,
қалашиб кетган
туюлади,
Хонамдаги ҳамма нарсалар.
Ёстиқ пойгакда бўлади,
Тўрга чиқиб олар     шиппаклар.
Тарихни сиёсий иқтисоднинг
ичида кўраман.
Чет тилларининг орасидан топаман
ўзбек тилини.
Ва шу кичкина
хонамдаги нарсаларни,
Ўз ўрнига қўя олмаётганимдан,
Аччиғим чиқади гоҳ,
гоҳ кулгим қистайди.
Ва синай бошлайман
ўзимда яна
Бир атомли
спиртнинг хоссаларини.
Бир қарасам…
Хонамдаги
ҳамма нарсалар
жой-жойида кўринади.
Ҳаммаси тўғридир.
нақадар мосдир бу суврат,
ижара олинган хонага.
Нақадар одилдир бу кўриниш,
оёғи осмондан келган одам-чун.

ИСТАНБУЛ СОҒИНЧИ

Ҳе-е-ей, баҳодир турклар,
ёвқур туркманлар.
Ҳо-о-ой, қайтмас курдлар,
абжир, арманлар.
Исҳоқнинг қора кийимли кокилдор ўғлонлари, ҳой,
Эллада фарзандлари-эпчил юнонлари-ей,
Истанбулда яшаяпсизларми?!
Истанбулни соғинганман.
Бир ўзбек сиғадими ораларингга?
Хўжа-элидан.
Туркия Хўжа-элиси эмас,
Ўзбекистон Хўжа-элисидан,
бир ўзбек сиғадими ораларингга.
Нега “турк” деганларида нуқул
қизил фасли Истанбул келади ёдга,
финжон қаҳвали,
Баайни, “ўзбек” деганларида
дўппили, хушбўй кўк чойли Андижон
намоён бўлгани каби.
Соғиндим-ай Истанбулни,
Қандай ўзи Истанбул?
Босфор кенгми Чалабийнинг кўксидан?
Пири Раис шууридан баландроқми Аё София гумбази?
Кўнёлик Румий ҳафизасидан
теранроқми Мармара?
Қитъалар аро кўприк узунроқми,
“О-Т-А-Ю-Р-Т” деган сўздаги
ҳарфларнинг йўсинидан?
Ва, ниҳоят, Истанбул олмалари
қурчми, хушбуйроқми
турк хушрўйи яноқларидан?
Истанбулни соғиндим.
Шахсан танимаган одамини
cоғинмоғи мумкинми одамнинг?
Ўзи кўрмаган шаҳарни
cоғинмоғи мумкинми?
Кўп борганман Истанбулга,
Али Қушчи ила, Фитрат ила
борганман.
Ўрхон билан,
Явдат билан,
Ўктой билан кезганман.
Сув бўйи чиқдик,
“Гедик пошшо”га тушдик.
Ёмғирларга қолганмиз тунлар,
Трамвайлар кутганмиз наҳор.
Ораладик Дўлма боғчани,
Тўпқопида юрдик,
Кўзимиз қамашди Галатасаройда,
“Олтин шох”ни кўрдик,
минораларини санадик Аҳмадиянинг.
Юз бора кечганмиз Онатўлидан,
Рум эли қадар,
юз бора қайтганмиз.
Яна қайтгим келар Истанбулга.,
Истанбулни соғиндим жуда.

БАҲОР КЕЛДИ

Гулдирмомо гулдираб,
Кўк айғири кишнади –
баҳор келди.
Қозон туби чирт чатнаб,
Ял-ял чақмоқлар чақар –
баҳор келди.
Булутлардан сизилиб,
Томчилар илиқ ёмғир –
баҳор келди.
Тангри Кўкка етти тур,
Товланган қилич тақар –
баҳор келди.
“Қамиш тошув” авжида,
Кўл балиғи ўрлайди –
баҳор келди.
Қирда совлиқ сур юнгли
Қўзига суқли боқар –
баҳор келди.
Қизғалдоқлар чайқалиб,
Қоплайди кенг адирни –
баҳор келди.
Сепнинг кўрки чимилдиқ,
Тайёр бўлди тонг саҳар –
Ҳе-ей, баҳор келди

***
Интиққан суйиклим, ўксима,
Сен сари еллардек елдим-ку,
Тумандай ўткинчи ғам нима?!
Собитинг– мана мен, келдим-ку.

Бугундан сен энди ёлғизмас,
Ёнингда собилган менинг бор.
Кўзингдан мўлдир ёш оқизмас,
Одошинг, яриминг – тенгинг бор.

Энди биз юксакмиз тоғ каби,
Учамиз – баргоҳга қайтамиз,
Биз Худо сийлаган қўш ҳабиб,
Ўртада ори сўз айтамиз.

Симобдек потирлар қузғунлар,
Тик қотиб шумшайар тасқара.
Аданда қолажак бузғунлар,
Тубанлар тубанлар – масхара.

Биз бирдек ҳумоюн бу дамлар,
Зарбофли, кимхобли – юпунмиз.
Орамиз бўлолмас одамлар,
Ишқ қўнган юракдай бутунмиз.Hayitboy Abdusodiq 1Ҳайитбой Абдусодиқ 1957 йили Хўжайли шаҳрида туғилган. “Мени кашф этинг”, “Ёруғлик истаги”, “Аслим, асилим Хўжа-эли”, “Тик туғилган ой” каби шеърий тўпламлари чоп этилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin

Телеграмдаги каналимиз: @/Behzod_Fazliddin
YouTubeда: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 335

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *