Ҳазрат ҳақида хаёллар

Саноқдан адашиб кетади одам: назири йўқ мутафаккир – даҳо шоир, носир, ғазал мулкининг султони, хамсанавис, зуллисонайн ижодкор, соҳиби девон, новатор, мусаввир, муҳаррир, мутасаввиф…
Давлат ва жамоат арбоби – муҳрдор, вазир, ҳоким, мураббий, бинокор, бунёдкор, ҳомий, тадбиркор, миллат раҳнамоси…
Олим – адабиётшунос, мунаққид, тилшунос, луғатшунос, этнолог, муаррих, файласуф, руҳшунос, мусиқашунос…
Хоҳласангиз давом эттиринг. Бир сўз билан айтганда – Навоий!
Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, шундай Инсон қандай қилиб буюк бўлмасин!

***
Дин, тил, адабиёт, санъат, сиёсат, тарих, фалсафа, мантиқ, астрономия, ҳарб иши… – бирортаси Навоий назаридан четда қолмади, аксинча, ҳайратомуз тарзда бадиий умумлаштирилди. Шоиру олим, орифу обид, оқилу ноқис – кимлигидан қатъи назар – Навоий дунёсидан ўзига керагини топади; ҳар ким ҳоли ва даражасига яраша тенгсиз меросдан баҳрамандлик бахтини туяди.

***
Улуғ мутафаккир оламига бўйлашдан олдин маълум тайёргарлик зарурлигини биламиз. Бу фақат ўқиб-ўрганиш билан битадиган иш эмас, албатта. Муҳими – Навоий “сайёра”сига сафар учун қалбни ҳозирлаш, руҳий тайёргарлик. Бундан ташқари, ислом асослари, Қуръон ва ҳадис илмидан етарли даражада бохабар бўлиш керак. Ахир бутун ижодининг асосида ислом фалсафаси турган шоирни бусиз ўрганиш мумкинми!

***

Улуғлар ижоди ҳар кимга ҳам “сир” очавермаслигини биласиз. Бу учун улар ҳақида ҳеч ким билмаган “олтиндан қиммат” маълумотга эга бўлишнинг ўзи ҳам кифоя эмас. Шахсияти, эътиқоди ва яна ўзимиз ҳам билмаган “нимадир” сабаб бўлиб ижодкорни ўрганишга кучли ички эҳтиёж сезмас, муҳаббат туймас эканмиз, сўзларимиз “буюк Навоий”дан нарига ўтмайди. Навоий оламидан неча чақирим йироқ кўпчилик “навоийшунос”ларнинг жонсиз ҳайқириқлари ҳам ана шу сабабнинг аянчли оқибати бўлса, ажаб эмас. Буни тушунган тушунади. Англамаган, шоир ижодини тирикчилик манбаига айлантирмоқчи бўлаётган шўрпешона эса “Навоий ҳақида мақола бор эди, қанча гонорар беришаркан” деб тураверади…
Шундай экан, “Ёшлар Навоийни ўқимаяпти” деб ёзғиравериш унча ҳам тўғри эмасга ўхшайди. Албатта, ёш авлодни Навоийни ўқишга даъват этиш керак. Аммо ҳадеб “Навоий набиралари” деявериб бошқаларни бездирмаслик даркор. Назаримда, энг муҳими – ёшларнинг ўзларида Навоийни ўрганишга ички эҳтиёж бўлиши.
Шахсан мен шеърга, боринг, ана, адабиётга бўлган чексиз муҳаббатим туфайлигина эмас, беназир шахсияти, бутун эътиқоди, инсонпарвар ғоялари учун Алишер Навоийга ихлос қўйганман.
Қисқаси, ҳар кимнинг ўз Навоийи бўлсин.

***
Навоийни ўқиб-тушунишга уринаётган киши, энг камида, ҳаётга баландроқдан туриб қарашга, кўзимиз ўрганиб қолган дунёга бошқачароқ назар солишга ўрганади. Бора-бора инсон умри мағзи, шунчаки кўнгил ишидай туюлган ижоднинг асл моҳиятини англай бошлайди. Афсуски, аксариятимиз ҳали-ҳануз бу бахтдан бенасибмиз. Аммо ҳали ҳам кеч эмас..

P.S. Қайсидир йили буюк бобомиз таваллуд топган кун муносабати билан ўтказилган тадбирлар баҳона шундай фикрлар хаёлимдан ўтиб, қайд қилиб қўйгандим. Булар ҳали хулосага айланиб улгурмаган мулоҳазалар, эҳтимол, Сизда бошқачароқ фикр бордир…

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 658

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *