Ҳегел. Санъатнинг мақсади

hegel-249x300Биз инсон бу мазмунни бадиий асар шаклида яратар экан, кандай манфаатларга асосланиб иш кўради, ўз олдига қандай мақсадлар қўяди, деган савол қўямиз. Бу, аслида, бадиий асарга ёндашишнинг учинчи жиҳати бўлиб, уни ҳар томонлама ва чуқур ўрганиш санъатни тўғри тушунишга олиб келади.
Бу ҳақдаги нисбий тасаввурларга мурожаат этар эканмиз, дарҳол санъатнинг табиатга тақлидчилик принципларига тўқнаш келамиз.
А) Табиатга тақлидчилик принципи. Бу қарашга кўра, санъатнинг бош мақсади ҳисобланган тақлидчилик табиат кўринишлари аслан қандай бўлса, шундай нусха кўчириш лаёқатини англатади. Бу вазифани табиатга мувофиқ тасвирлаш инсонга тўлақонли мамнунлик бериши керак, деб ҳисоблайдилар.
а. Бу таърифга кўра, инсон ташқи олам нарса-ҳодисаларини қандай шакл, кўринишда бўлса, ўз имкониятларидан келиб чиқиб, иккинчи марта ўшандай қайта яратишни расман мақсад қилиб олади. Лекин биз бундай такрорни дарҳол ортиқча иш деб ҳисоблашимиз лозим.
аа. Нега деганда, суратлар, театр тамошалари ва бошқалар ўзига андоза оладиган нарсалар – ҳайвонлар, табиат кўринишлари, инсон ҳаётига оид воқеаларни боғ-роғлар ёки уйимизда, қариндош-уруғлар ёки узоқ танишларимиз даврасида аллақачон кўриб улгурганмиз ва бундай тақлидчиликнинг барчасига табиатдан ажралиб қолган ортиқча ўйин деб, жилваланиш деб, қараш лозим. Санъат ҳақиқатан ҳам тақлидчиликнинг фақат расмий мақсадлари билан чекланиб қолса, ҳаққоний ҳаётни тасвирлаш ўрнига унинг сиртқи кўринишларини яратиши мумкин. Масалан, мусулмон туркларда фаолиятнинг тасвирий санъат, портрет чизиш билан боғлиқ ҳар қандай тури қатъий тақиқланади; Жеймс Брюс (1730-1794. Инглиз саёҳатчиси) Абиссинияга бораётиб, бир туркка балиқ сурати туширилган асарни кўрсатганда, унинг дафъатан ҳайратга тушгани, кутилмаганда: «Бу балиқ сенга қиёмат куни қарши чиқиб, менга тана бердинг, бироқ тирик жон ато этмадинг, деса, ўзингни оқлаш учун қандай жавоб қайтарасан?» деганини эслайди. Суннада айтилишича, пайғамбарнинг хотинлари – Умма Ҳабиба билан Умма Салъама Эфиопия черковларида кўрган нарсалари ҳақида ҳикоя килиб берганида, у: «Бу образлар қиёмат куни уларни тасвирлаганларга қарши айбловчиларга айланади», деб катъий жавоб берган.
Тўғри, ҳақиқатан ҳам мутлақ уйдирмадан иборат тасвирлар кўпдир. Зевксис (Эрамиздан олдинги V аср охири – IV аср бошида яшаган қадимги юнон рассоми)нинг ток новдаларини чўқиётган жонли каптарларни тасвирлаган суратлари аллақачон санъат ва табиатга тақлиднинг юксак намунасига айланиб кетганлиги маълум. Бундай кўҳна мисолларга Резел (1705-1759. Немис зоологи)нинг «Ҳашоратларнинг эрмаклари”да майқўнғизни ғажиётган маймун тасвирини ҳам киритса бўлади. Гарчи бу тасвир қимматбаҳо китобнинг гўзал нусхасига путур етказган эса-да, лекин унинг муаллифи яхлит манзарани ўта яққол тасвирлагани учун бунга эътироз билдирмаган. Аммо-лекин бу мисолларга кўз ташлаганда, бизнинг миямизда каптару маймунларни лақиллатган бундай асарларни мақташ ўрнига, аксинча, уларнинг обрўсини кўтаришда ночор воқеликни олий ва пировард мақсад қилиб олганларга нисбатан кескин эътироз туғилиши керак, деган фикр ҳосил бўлиши лозим. Умуман олганда, санъат биргина тақлид қилиш орқали табиат билан ким ўзарлик қила олмайди, акс ҳолда, фил ортидан судралиб бораётган кумурсқани эслатади.
Табиий аслият билан унинг нусхаси ўртасидаги бундай омадсизлик қиёс қилинса, санъатнинг табиатникига ўхшаш нарсаларни яратишда ўз қобилиятидан қониқиши унинг ягона мақсади эканлиги ойдинлашади. Инсон ўз фаолияти ва табиий нарсаларни қайта яратиш лаёқатидан мамнун бўлиши мумкин. Бироқ, нусха табиий аслиятга қанчалик кўп ўхшаса, бу хурсандчилик, бу ҳайратланиш шунча тез дахмаза ва кўнгилсизлик туғдиради. Зукколик билан айтилганидек, «шундай қиёфалар борки, ўта ёқимсизлиги билан, айнан, бир-бирига қуйиб қўйгандек ўхшайди». Кант тақлидчилик бахш этувчи мамнунлик ҳақида тўхталар экан, инсон булбулдай хониш қилса ҳам, бу овоз қуш эмас, балки одамники эканлиги билиниб қолса, тезда меъдага тегишини таъкидлаган. Биз бу ерда на табиатнинг, на бадиий асарнинг ижодий эркинлигини, балки кўзбойлоқчиликни кўрамиз. Ҳолбуки, биз инсон сийнасидан булбул хониши янглиғ ғайритабиий тарқалаётган мусиқани эмас, балки эркин қобилиятнинг ижодийлиги ва самарадорлигини кутамиз, бундай ўзига хос ҳаётийлик инсон туйғуларини ифода этувчи оҳангларга ўхшаб кетади.
Умуман, тақлидчилик учун уддабуронлик келтирувчи бу шодмонлик ўта аҳамиятсиз бўлиши ва инсон эса ўз-ўзини яратишдан кўпроқ шодланмоғи мумкин. Шу маънода, ҳар қандай техникавий ихтирочиликка мослашув ҳам муҳимдир ва инсон кўзбоғлаш, яхши тақлидга қараганда болға, мих ва шу кабиларни яратишдан кўпроқ фахрланиши лозим. Бинобарин, тақлидчиликдаги бу абстракт ҳолатни дуккакли ясмиқ донини тор тешикка бехато туширган инсон маҳоратига қиёсласа бўлади. У Искандар Зулқарнайнга бу соҳада ўз эпчиллигини намойиш қилган, Искандар эса бу бефойда ва бемаъни маҳоратни бир аравага қўшилган тўрт от билан сийлаган.
б. Тақлидчилик принципи расмий характерга эга бўлиб, фақат мақсаддан иборат бўлса, унда бутунлай объектив гўзаллик барҳам топади. Бинобарин, бунда биз фақат тўлақонли тақлид ҳақида ғамхўрлик қиламиз-у, лекин унинг табиати ҳақида бош қотирмаймиз, гўзалликнинг предмети ва мазмунига эса қандайдир эътиборсиз қараймиз. Бундан ташқари, агар гўзал ва хунук ҳайвонлар, одамлар, жойлар, хатти-ҳаракат ва характерлар ҳақида яна сўз борса, агар абстракт тақлид, барибир, санъат принципи қилиб олинса, санъат учун гўзаллик билан хунуклик ўртасидаги тафовут жиддийлигини йўқотади. Бироқ тасвир предметларини танлашда гўзаллик билан хунукликни табиатнинг ранг-баранг кўринишларига татбиқ этиш мезонлари бўлмаса, у ҳолда тартиб-қоида тайинлаш ва баҳс юритиш мумкин змаслиги ҳақидаги субъектив дидга асосланишга тўғри келади.
Аслини олганда, тасвир предметларини белгилашда кишиларнинг дидлари, уларнинг гўзал ва хунук деб ҳисобловчи нарсалари ва шунга мувофиқ санъат тақлид қилишга лойиқ нарсаларга асослансак, у ҳолда биз табиатнинг ҳар қандай нарсасини танлаб олишимиз мумкин, зеро, уларнинг ҳар бири ўз мухлисларига эга. Бинобарин, кишиларнинг индивидуал дидлари хусусида сўз борганда, масалан, ҳар бир йигит ўз севгилиси тимсолида гўзал жононни тасаввур этмаган тақдирда ҳам, лоақал уни фавқулодда, шундай гўзал деб ҳисоблаши, бинобарин, гўзалликни баҳолашда субъектив дид талабларидан бир оз чекиниш куёв-келин учун бахтли ҳодисага айланиши мумкин.
Алоҳида кишиларнинг индивидуал дидини ҳисобга олмаган ҳолда, бутун-бутун халқларнинг диди тўғрисида фикр юритганда, уларнинг ўта ранг-баранг ва зиддиятли эканлигига ишонч ҳосил қиламиз. Кўпинча европалик гўзал хоним хитойлик, айниқса, готтентот (Африканинг жануби-ғарбида яшовчи халқ)га ёқмайди, чунки гўзаллик тўғрисида хитойларда негрларга қараганда бутунлай бошқа, шунингдек, негрларда ҳам европаликлардан айрича қарашлар мавжуд, деган фикрларни эшитишга тўғри келади. Агар биз европалик бўлмаган бу халқларнинг бадиий асарлари, хусусан, уларнинг фантазияси томонидан яратилган улуғ ва топинишга сазовор худолар образи билан танишсак, бизга улар ёқимсиз санамлар бўлиб кўриниши, музикалари қулоқларимиз остида ғализ эшитилиши мумкин. Ўз навбатида, улар ҳам бизнинг ҳайкаллар, суратлар, мусиқавий асарларимизни тушунмаслиги ёки қандайдир ёқимсиз асарлар, деб баҳолаши, табиий.
в. Борди-ю, биз ҳатто санъатдаги объектив принципларни излаб топишдан воз кечган тақдирда ҳам, алоҳида кишиларнинг субъектив ва шахсий дидлари гўзаллик асоси бўлиб хизмат килишини эътироф этишимиз лозим. Бироқ санъат мисолида шунга тез ишонч ҳосил қилса бўладики, буюк даҳолар асослаб берган табиатга тақлидчилик моҳиятан умумий принцип ҳисобланса-да, уни бундай умумийлик орқали мутлақ абстракт тушунмаслик лозим. Санъатнинг алоҳида, хусусан, агар рассомлик ва ҳайкалтарошлик каби турларига мурожаат қилиб, улар предметларни табиат ёки ўз йўналиши бўйича олинган нарсаларга, айнан, ўхшаш ёки яққол қилиб тасвирлашини қайд этмай иложимиз йўқ, шундай экан, бадиий ижод ҳисобланган меъморчилик асарлари ҳам, шунингдек, поэтик асарлар ҳам шунчаки тафсилотлар билан чекланиб қолмайди, шу боис, уларни табиатга тақлид деб бўлмайди. Мабодоки, биз уларни шундай ҳисоблаган тақдирда ҳам қўшимча изоҳ ва чеклашларга ва, бундан ташқари, тақлидчилик принципини ҳақиқат эмас, балки шунчаки эҳтимоллик деб эътироф этишга зарурият туғилади. Лекин бу ерда нима эҳтимолу нима эҳтимол эмас, деган масалада қийинчилик туғилади, бинобарин, бундан ташқари, ғайриихтиёрий, мутлақ фантастик уйдирмаларни поэзия соҳасидан чиқариб ташлаш ҳеч кимнинг хаёлига келмайди.
Шунинг учун санъатнинг мақсади мавжуд нарсаларга фақат сунъий, расмий тақлиддан иборат бўлиб қолмайди, негаки, бу нарса бадиий асарни эмас, балки маҳорат билан ясалган нарсаларни вужудга келтиради. Тўғри, санъат учун унинг асосида ётувчи ташқи ва, шу билан бирга, табиий ҳодисалар шаклида ижод қилиш муҳимдир. Масалан, тасвирий санъат учун ранглар уйғунлигини ёруғлик таъсири, инъикос ва шу кабиларнинг ўзаро муносабати, аниқроғи, предметларнинг кичик зарра ва образлари шакллари қадар ўрганиш, шунингдек, улардан нусха олиш муҳимдир. Шу жиҳатдан энг янги замонда табиат ва табиийликка тақлид принциплари яна қайта жонланди. Бу принцип сунъийлик ва ноэркинлик таъсирида йўлдан озган, заифлашган ва хиралашган, бадиий ижоддан ҳам, табиатдан ҳам йироқлашган санъатга энди табиатнинг таъсири ва қатъияти, қонуний, самимий ва барқарор изчиллигини қайтариши керак. Бунда қандайдир қатъият мавжуд бўлса-да, бироқ табиийлик санъат асосида ётган жиддий ва асосий нарса эмасдир. Гарчанд санъатнинг энг муҳим хусусиятларидан бирини ташқи тасвирдаги табиийлик ташкил этса-да, табиатдаги табиийлик унинг мезони эмас, ташқи ҳодисаларга бундай тақлидчилик эса санъатнинг асл мақсади бўла олмайди.
Б) Руҳнинг ҳаяжонланиши. Шу боис, энди, биз санъатнинг ҳақиқий мазмуни нима? Нима сабабдан санъат уни гавдалантириши керак? деган саволлар қўйишимиз лозим. Бу ҳақда ўйлашимиз биланоқ, санъат инсон руҳиятида кечувчи барча нарсаларни бизнинг ташқи ва ички туйғу, кечинмаларимизга қандайдир тарзда етказиши керак, деган оддий фикрга келамиз. Санъат «инсонийликка хос барча нарсалар менга ҳам ёт эмас», деган машҳур ҳикматни амалга ошириши лозим. Унинг мақсадини бизда мудраб ётган ранг-баранг туйғу, майл ва эҳтиросларга туртки бериш, қалбни чулғаш, инсон руҳиятининг энг нозик ва сирли нуқталарида нарсаларнинг комил ёки нокомил инсон томонидан ҳис этиш, қалбни жунбишга келтирувчи барча нарсаларнинг имконият ва хусусиятларини аниқлашга даъват қилишда кўрадилар. Санъат инсонни руҳнинг ўз тафаккури ва ғоясига хос олижаноблиги, абадийлиги ва ҳақиқатнинг улуғворлиги, барча муҳим ва кўтаринки ҳодисаларни ҳис этиш ва мушоҳада қилишдан завқлантирмоғи керак.
Худди шунга ўхшаб санъат шунчаки бахтсизлик ва мусибат, ёвузлик ва жиноятни кўрсатмаслиги, балки бизни ҳар қандай роҳат-фароғат, ҳузур-ҳаловат билан рўй берганидек, руҳан улар билан боғлаши, ниҳоят, образ ва сезгиларнинг ҳиссий мафтункорлигига халал бермаган ҳолда фантазия ва тасаввурнинг ғайриихтиёрий фаоллигига кенг йўл очиши зарур. Санъат шу билан ташқи борлиғимизнинг табиий тажрибасини бойитиши, эҳтирослар туғдириши, шунингдек, бу руҳий кечинмалардан айри бўлмаслик, уларга фаол муносабат билдириб, воқеалар ранг-баранглиги ва мазмундорлигини ифодалаши ҳам лозим.
Бироқ бундай ҳиссиёт бу ерда ҳақиқий тажрибадан эмас, балки унинг ташқи кўриниши, яъни, санъатнинг воқелик ўрнини босувчи намуналарини яратиши таъсирида туғилади. Санъат бизни бундай кўриниш билан ўзига жалб этиш учун ҳар қандай воқелик инсон мушоҳадаси ва иродасига сингиб, сўнгра, унинг кузатиш ва тасаввурларидан ўтиш имкониятини юзага келтиради. Бунда ташқи воқелик бошқача йўл билан бевосита ёки бавосита, ўзида воқелик мазмунини ифодаловчи ва гавдалантирувчи образлар, белгилар ва тасаввурлар шаклида юз берадими-йўқми, бундан қатъи назар, аҳамиятсиздир. Инсон воқеликда йўқ нарсаларни худди мавжуддек тасаввур эта олиши мумкин. Шунинг учун ташқи воқеликнинг бирор-бир жиҳати ва ҳаётий мазмуни ёхуд унинг кўринишлари бизнинг онгимизга таъсир қилиб, руҳиятимизда бир хилда таассурот уйғотиши, ҳар икки ҳолатда ҳам мазмунан азоблаши ёки шодлантириши, ҳаяжонлантириши ёки изтиробга солиши, шу билан бирга, ҳаяжон ва нафрат, ғазаб, ғам-ташвиш, бесаранжомлик, қўрқинч, муҳаббат, ҳурмат, ҳайратланиш, шаън ва номус каби туйғуларни ҳосил қилиши мумкин.
Шундай қилиб, санъатнинг ўзига хос таъсирчанлик кучи руҳиятимизни сохта монандлик ва воқелик таъсирида ранг-баранг ҳаётий мазмун билан бойитишда, туйғуларимизни жонлантиришда, кечинмаларимизни шакллантиришда намоён бўлади.
Бироқ санъат руҳиятимизда эзгу ҳамда нохуш туйғулар қўзғаганидек, олижаноб ниятларимизни барқарорлаштирганидек, ҳиссий ва худбин хоҳиш-истаклар уйғотиш орқали ҳам таъсир қиладики, бу ундан мутлақ расмий вазифаларни адо этишни талаб қилади, бордию унда бундан бошқача, жиддийроқ мақсад бўлмаса, ҳар қандай мазмун ва материални фақат юзаки кўриниш орқали бериш билан чегараланиб қолади.
В) Олий субстанциал мақсад. Санъатда расмий жиҳатлар ҳам йўқ эмас, ишончли даъваткор фикр сингари санъат мушоҳада ва ҳиссиёт даражасига кўтарилиши ва ўта ранг-баранг материал ва хатти-ҳаракат усуллари билан шуғулланишга асос ва исбот топиши мумкин. Бунда, авваламбор, мазмуннинг ранг-баранглиги ва санъатни юзага келтирувчи ёки барқарорлаштирувчи тасаввур ва ҳиссиётлар ўзаро зиддиятга киради ва бир-бирини йўқотади, деган фикр-мулоҳаза пайдо бўлади. Айтиш мумкинки, санъат туйғуларимизга туртки беради, эҳтиросларимизни жиддийлаштиради, софистика ва скептицизмга даъват қилувчи ақл сингари бизни тартибсиз сархушлик томон парвона бўлиш ёки улар билан ўралашиб қолишга олиб келади.
Материалнинг турли-туманлиги бизда бундай расмий таърифдан қониқмаслик ҳиссини уйғотади, бинобарин, бу ҳашамдор ранг-барангликни ҳис этувчи ақл ботинан олий, умумий мақсаднинг бу ўта зиддиятли элементлар орқали қандай амал қилишини қараб чиқиш ва тушунишни талаб қилади. Масалан, бутун инсоний қобилиятлар ва индивидуал кучларнинг жамики йўналиш ва томонлар бўйича ривожланиши ҳамда гавдаланишини эътироф этиш инсоният турмуши ва давлатнинг пировард мақсадидир. Бироқ бундай расмий қарашга нисбатан дарҳол, хўш, бу ўта ранг-баранглик қандай яхлитликдан иборату уларнинг асосий тушунча ва, пировард, интилишини қайси ягона мақсад гавдалантиради, деган савол пайдо бўлади. Мақсад соҳасида давлатга нисбатан бўлганидек, санъат тушунчасига нисбатан ҳам – қисман, умуман, барча хусусий томонларга, қисман эса олий субстанционал мақсадга нисбатан эҳтиёж туғилади.
Рефлексия бизга далолат берадики, санъатнинг субстанционал максади унинг хоҳиш-истакларга мойиллигида ва уни юмшатиш қобилиятида намоён бўлади.
а. Бу биринчи қараш ҳақида шуни айтиш мумкинки, санъатнинг хоҳиш-истаклар қолоқлигига барҳам бериш имконияти унинг қайси жиҳатларида ифодаланишини белгилаш, тийиш ҳамда муддао, иштиёқ, эҳтиросларга маданий тус беришини аниқлаб олиш зарур.
Қолоқлик замирида фақат ўз хоҳиш-истакларини табиий қондиришга ўч майлларнинг ошкора худбинлиги ётади. Бироқ хоҳиш-истак ўзига инсонни чекланган маҳдудлиги билан ром этса, шунча дағаллашади ва зулмкор бўлади, шу сабабли, бундай муайянликдан умумийлик сифатида айри бўлол-майди ва умумийликни эркинлаштира олмайди. Агар бундай ҳолатларда инсон эҳтирос мендан кучли, дея эътироф этса, у ҳолда мавҳум онгда «мен» шахсий жўшқинликдан расман ажралади, негаки, бундай ажралиш туфайли, «мен»нинг умумий ибтидо сифатидаги эҳтирослари куч-қудрат билан қиёс қилинганда мутлақ эътибордан четда қолишини қайд этадилар. Бинобарин, бунда мазмунан чекли умумибтидоий асос – «мен»нинг хоҳиш-истаги билан бирга эҳтироснинг тўпорилиги ҳам ўрин олади, шундай экан, инсон бу эҳтирослардан ташқарида ҳеч қандай эркинликка эриша олмайди.
Санъат эҳтироснинг бу бемаъни ва тийиқсиз таъсирини инсон ҳис қилувчи ва гавдалантирувчи жами ҳолатларни унинг онгига етказиш йўли билан камайтиради. Ва, ҳаттоки, санъат томонидан мушоҳадага мўлжалланиб тасвирланган эҳтирослар чегараланганда ҳам, ҳаттоки, тилёғламачиликка йўл қўйилганда ҳам улар мулойим куч бўлиб гавдаланади; бу билан табиий туюлган нарсалар инсон онггига сингдирилади. Энди, инсон, айни пайтда, аввалда устида мулоҳаза юритиб кўрмаган майл ва интилишларини мушоҳада қилади, уларни қарама-қарши турувчи қандайдир объективлик тарзида ўзидан узоқлаштиради ва улардан холис бўла боради.
Шунинг учун кўпинча санъаткор уларни тасвирлар экан, ғам-ғуссага дош бериб, ўз туйғулари шиддатини пасайтиради ва мулойимлаштиради, ҳаттоки, кўз ёшлардан таскин топади; мутлақ ғам-ғуссага берилганда ҳам кечинмаларини ифодалашга интилади. Сўз, образ, оҳанг ва қиёфаларда акс этган фикр-мулоҳазалар ҳам унинг ўзини яна кўпроқ енгил ҳис этишига таъсир қилади. Илгари замонларда яхши бир одат бўлган, унга кўра, бошга тушган мусибатни таъзия пайтида четдан кузатиш мақсадида махсус кишилар йиғичи қилиб тайинланарди. Табиийки, ҳамдардлик ҳам инсоннинг ўз бахтсизлигини тушунишига таъсир кўрсатади; мусибатларни қайта-қайта эслаш чуқур ўйларга толдиради ва таскин беради. Шунинг учун бундай йиғи-сиғи, гап-сўзлар инсоннинг маънан енгил тортишида, ҳеч бўлмаса, қалбини қийноқлардан фориғ этишда муҳим восита саналади.
Эҳтирослар таъсирини пасайтирувчи шундай умум сабаблар мавжудки, улар инсоннинг бевосита туйғуларга тобеликдан холи қилади, уларга қандайдир ташқи нарса сифатида ёндашиш, фикран, идеал муносабатда бўлишини таъминлайди. Санъат ҳиссий соҳада туйғуларни ҳирс ҳукмронлигидан ўз тасвирлари билан меъёрида халос этади. Баъзида инсон бевосита табиат билан бирга бўлиб қолиши керак, деган гапларни эшитишга тўғри келади; бироқ ўз абстраклиги жиҳатидан бундай алоқадорлик дағаллик ва маданиятсизликни англатиши мумкин, ҳолбуки, санъат бу бирликни ўз сеҳру назокати билан бузиб, инсонни табиий тобеликдан халос қилади ва обрўсини кўтаради. Санъат предметларини ўрганиш назарий хусусиятга эга бўлиб, эътиборимизни, даставвал фақат берилган тасвирлар, сўнгра, уларнинг маъноси, бир мазмуннинг бошқаси билан қиёслашга йўналтиради ва мушоҳада ҳамда унинг нуқтаи назарларига умумий характер берадиган муҳитни юзага келтиради.
б. Бу хусусият билан санъатнинг эҳтиросларни поклаш, панд-насиҳат ва ахлоқий камолотни тарбиялаш билан боғлиқ иккинчи муҳим фазилати изчил қўшилиб кетади. Бинобарин, санъат бутунлай дағалликни жиловлаши, эҳтиросларни маданийлаштириши керак, деган таъриф мутлақ расмий ва умумийдир, шундай экан, бу тарбиянинг муайян тури ва унинг асосий мақсади нимадан иборатлиги ҳақидаги масала қайта қўйилиши лозим.
а. Санъатнинг хоҳиш-истакларни мулойимлаштириш хусусияти ҳақидаги олдинги тасаввурлар билан уни эҳтиросларни поклаш воситаси сифатида эътироф этиш ўзаро боғланган бўлиб, айни камчиликлардан ҳам холи эмас. Бироқ бу фикр санъат тасвирлаган воқеа-ҳодисаларнинг аҳамияти бор-йўқлигига қараб, уларни баҳолаш миқёсини назарда тутади. Уларнинг эҳтирос¬ларни носоғлом ҳолатлардан поклантиришдаги фаоллиги ана шундай миқёс билан белгиланади. Шунинг учун бундай таъсир мазмунини ифодалашдан санъат ҳамиша манфаат кўради, модомики, бу таъсир санъатнинг субстанционал мақсадини ташкил этар экан, биз бундай поклантирувчи мазмунни унинг умумийлиги ва жиддийлиги асосида англаб олмоғимиз лозим.
бб. Шу муносабат билан санъатнинг мақсади насиҳатгўйликдан иборат бўлиши керак, деган фикр илгари сурилади. Шундай қилиб, санъатнинг ўзига хос хусусиятларини, бир томондан, ҳиссиётларни мавжлантириш ва улардан туғилувчи мамнунликда қўрқинч, раҳм-шафқат, ҳаяжон ва изтироб ҳисларини уйғотишда, яъни, ҳиссий ва эҳтиросий эҳтиёжларни қондириш вазифасида кўрадилар, демак, бу хусусиятлар санъат предметлари, уларнинг тасвири ва таъсирларидан баҳра олиш ва завқланишда намоён бўлади. Бироқ санъатнинг олий мақсадини белгиловчи мезон бу – фақат панд-насиҳат, fаbulа doсеt деб, хуллас, бадиий асарнинг идрок субъектига етказувчи фойдаси, деб ҳисоблайдилар. Шу маънода, кейинги замонларда санъат ҳақидаги турли-туман, ўта мижғов ва чекланган фикрлар Горацийнинг ҳикматларида фавқулодда лўнда берилганини эслаш кифоя.
Биз бадиий асарда бундай насиҳатгўйлик очиқ-ойдин ёки яширин акс этадими? деган савол қўйишимиз керак.
Мабодо, санъатнинг тасодифий эмас, балки умумий мақсади ҳақида фикр юритилса, унинг маънавий моҳиятига таянувчи бу пировард мақсад табиатан характерга хослигига эътибор қаратиш лозим. Насиҳатгўйликка нисбатан бундай мақсад муҳим маънавий мазмунни бевосита бадиий асар орқали онгга сингдиришда кўзга ташланади. Шу маънода, санъат ўзини қанча юқори тутса, мазмунан шу даражада теранлашади ва бадиий асарда ифодаланган ижобий ёки салбий баҳо бу мазмунда ўз меърига эришади. Санъат ҳақиқатан ҳам халқларнинг чинакам биринчи устози бўлиб қолади.
Агар насиҳатгўйлик implicteда акс этган конкрет бадиий образ шаклида эмас, балки асарда тасвирланган мазмуннинг бевосита абстракт ҳукм, оддий мулоҳаза, умумий таълимотда акс этган умумий характери маъносида қараб чиқилса, санъат ҳодисасини бадиий асарга айлантирувчи ҳиссий образли шакл ажралиб қолади, ортиқча ниқоб ва арзимас зоҳирий кўринишга ай-ланади.
Бу нарса, табиийки, бадиий асарнинг табиатини сохталаштиради. Ҳолбуки, бадиий асар мазмунни умумийлик эмас, балки, ҳиссий алоҳидалик шаклида индивидуаллаштирмоғи, унга алоҳида ҳиссий характер бағишламоғи лозим-ку. Агар бадиий асар бу тамойиллар асосида эмас, аксинча, уму-мийликни мавҳум насиҳатга айлантириш мақсадида яратилса, ундаги образли ва ҳиссий элементлар ортиқча безакдан, асар шакл билан мазмун яхлитлиги эмас, балки оддий майда-чуйда бўлакчалар йиғилмасидан иборат бўлади, бу ерда ҳиссий алоҳидалик билан маънавий яхлитлик бир-бирига нисбатан фақат юзаки, ташқи аҳамият касб этади, холос.
Яна давом этадиган бўлсак, санъат фақат насиҳатгўйлик келтурувчи фойдани фақат мақсадига айлантирса, санъатнинг завқ-шавқ, мароқ, роҳат-фароғат бағишловчи бошқа хусусиятларини ҳам номуҳим, фақат панд-насиҳатга илова, фойда кўриш деб баҳолашга тўғри келади. Бироқ шуни ҳам эътироф қиладиларки, санъат ўз вазифа ва пировард мақсадларини ўз-ўзига сингдириб қолмайди, балки унинг мазмуни қандайдир бошқа нарсалар, ўзи хизмат қилувчи воситалардан ўрин олади. Санъат бундай ҳолатда фақат бу мақсадларга эришишнинг энг мақбул ва амалий воситасига айланади. Бу ерда энди биз санъатнинг ўз-ўзича биргина оддий мақсад, мароқли ўйин ёки насиҳатгўйликнинг оддий воситасига айланмаган муҳим нуқтасига етиб келдик.
ббб. Санъатнинг олий мақсади эҳтиросларни поклантириш ва кишиларга панд-насиҳат бериш эканлигига яна бир бор эътибор қаратсак, бу чегара чизиғи ўта жиддий эканлигига ишонч ҳосил қиламиз. Энг янги даврда бу ният кўпинча ахлоқий ўзгартиришларни тартибга солишга йўйилди ва санъатнинг вазифаси эҳтирос ва майлларни ахлоқан камол топтириш ва шу пировард мақсадларни амалга оширишдан иборат, деб ҳисобладилар. Бу тасаввурда насиҳатгўйлик билан покланиш бирлаштирилди, негаки, санъат эҳтирос¬ларни ахлоқий эзгуликни тушуниш билан, панд-насиҳат орқали поклантира-ди, кишиларга тўғри йўл кўрсатади, зеро, унинг нафи ва олий манфаати ҳам айни шундан иборат.
Санъатнинг насиҳатгўйликнинг мақсадига бўлганидек, ахлоқий тузатишларга муносабати ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Аслида, санъат ахлоқсизлик ёйилишига таъсир ўтказмаслиги лозим. Бироқ ахлоқсизликни бадиий тасвир мақсадига айлантириш билан ахлоқийликни шундай тарғиб қилиш бутунлай бошқа-бошқа нарсалардир.
Ҳар қандай бадиий асардан ахлоқий хулоса чиқариш мумкин, лекин энг асосий нарса – тасвирланган ахлоқий қадриятлардан айни кимларнинг ўгит олишидадир. Масалан, ҳар бир одам ахлоқий хатти-ҳаракат кўрсатиши учун ёвузлик, айб-гуноҳ кабиларнинг моҳиятини билиб олиши зарур, деган фикр-дан келиб чиқиб, санъатда ахлоқсизликни тасвирлашни оқлаш мумкин. Тийиқсизлиги туфайли охир-оқибатида тавба-тазарру қилган ёқимтой Мария Магдалинанинг образи кўпларни гуноҳ қилишга ундагани тўғрисида ўта зид¬диятли фикрлар кенг тарқалган, шунинг учун санъат асарлари тавба-тазарруни бизда ҳавас уйғотадиган даражада гўзал қилиб тасвирлайди, бунинг учун эса, авваламбор, гуноҳ юз бериши лозим.
Бироқ кишиларни ахлоқий ўзгартириш билан ҳаётни бошқариш тўғрисидаги таълимотни изчил амалга ошириш ўзини шу маънода оқламайдики, бунда бадиий асарнинг талқини ундан фақат шундай ибрат олишни тарғиб қилади, ахлоқий панд-насиҳат эса унинг субстанционал, муҳим мақсадига айланади, шундай қилиб унда фақат ахлоқий предметлар, ахлоқий характер-лар, хатти-ҳаракатлар ва ҳодисалар тасвирланиши шарт қилиб қўйилади. Ахир, санъат тадқиқот соҳаси олдиндан аниқ бўлган тарих ёки фанга қарама-қарши ўлароқ, аввало, ўз тасвир предметини ўзи белгилаб олиши керакмасми?
Санъатнинг пировард мақсади кишиларни ахлоқан ўзгартиришдан ибо-рат бўлиши керак, деган эътирофга баҳо беришдан олдин биз бу ёндашув тарафдорларининг ахлоқ ҳақидаги қарашларини кўриб чиқишимиз керак.
Сўзнинг асл маъносида ахлоқнинг теран нуқтаи назарига эътибор қара-тиб, бугун ахлоқни қандай тушунишимизга асосланиб, шуни тезда эътироф қилса бўладики, саховат, ахлокийлик, яхшилик каби бир турфа фазилатлар унинг тушунчасига мос келмаслиги ҳам мумкин. Ахлоқан олижаноб инсон одобли бўлиши шарт дегани эмас; бинобарин, ахлоқ бурч, хатти-ҳаракатларни улуғловчи ва бундан келиб чиқувчи тушунчадан туғилган мулоҳазани, муайян онгни тақозо қилади. Аслида, бурчнинг ўзи ирода қонуни бў-либ, уни инсон ўз-ўзига ишониб юзага келтиради, сўнгра, эзгуликнинг ҳақиқийлигига ишонган ҳолда бурч ва ижро юзасидан амалга оширади.
Масъулият, эркин эътиқод ва ботиний эҳтиёж йўлида ижро қилинувчи бу қонун, бу бурч ироданинг бевосита табиат, ҳиссий майл, худбин манфаат, интилиш, умуман жон ва қалб, деб аталувчи нарсаларга зид турувчи абстракт умумий ибтидосини англатади. Бу зиддиятли икки жиҳатга асосланган субъект улардан бирини мустақил танлаб олиб, бошқаларига барҳам беради.
Бироқ бу ахлоқий қарор ва унга мос хатти-ҳаракатлар фақат бурч майли нималигига тўла ишонч ҳосил қилиш йўли билан ва, нафақат, алоҳида эркинлик, табиий истак, ҳавас ва бошқаларни, шу билан бирга, олижаноб туйғу ва кўтаринки майлларни бартараф этиш туфайли ҳам амал қилади. Бинобарин, ахлоқнинг ҳозирги замон таълимоти эркинликнинг умуммаънавий жиҳати билан унинг ҳиссий, табиий хусусиятлари ўртасидаги кес-кин муросасиз зиддиятлардан келиб чиқади. Мазкур таълимот бу зиддиятли томонларни бавосита ифодалашга эмас, балки ўзаро баҳсга киритиб, ўртада юз берувчи тўхтовсиз курашни эътироф этувчи ва бурчнинг майллар устидан ғалабасини таъминловчи талабларга асосланади.
Бундай қарама-қаршилик онгда, нафақат, тор ахлоқий таъсир орқали юзага келади, шу билан бирга, ташқи реаллик билан ташқи борлиқнинг ўзида ва ўзи учун борлиқдаги барча нарсаларнинг умумий бўлиниши ва қарама-қаршилиги тарзида ҳам намоён бўлади. Абстракт шаклда бу – бир-бирига терс турувчи кучларни ўзида қайд этувчи умумийлик билан хусусийлик ўртасидаги қарама-қаршиликдир. Янада конкрет ҳолда бу – табиатда абстракт қонун билан ҳодисаларнинг ўзи учун алоҳидалиги, ўзига хос тўлақонлилиги ўртасидаги қарама-қаршиликдир. У руҳ соҳасида инсондаги маънавийлик билан ҳиссийлик ўртасидаги қарама-қаршилик, бурч ниқобидаги қандайдир эътиборсиз ақида билан айрим манфаат, жўшқин туйғу, ҳиссий интилиш билан ниятлар, яъни, умуман, бутун индивидуаллик ўртаси¬даги ўзаро кураш; руҳий эркинлик билан ташқи табиий заруриятнинг шафқатсиз антогонизми, яна давом этсак, ўлик, ботинан арзимас тушунча билан конкрет ҳаётнинг тўлақонлилиги, назария, субъектив фикр билан объектив борлиқ, объектив синов ўртасидаги зиддиятлар орқали юз беради.
Бу зиддиятлар нозик рефлекция ёки мактаб фалсафаси томонидан кашф этилган эмас, албатта. Ҳолбуки, энг замонавий маданият бу ҳақда кенг фикр юритиб, уларнинг ўта зиддиятли эканлигини энди чуқур тасаввур этаётган бўлса-да, лекин бу масала инсоният онггини узоқ замонлардан бери безовта қилиб келаётганлиги маълум. Маънавий маданият билан замонавий ақл-идрок инсонда бу зиддиятни амфибия қиёфасида юзага чиқаради, шундай экан, инсоннинг бу зиддиятли икки оламда яшашдан бошқа иложи йўқ. Онг ҳам шу қарама-қаршиликлар теграсида у ёқдан бу ёққа ташланиб ялтоқ-ланишга, тусланишга мажбур, лекин уларнинг бирортасидан қаноат ҳосил қилмайди. Бир томондан, инсон табиий майл ва эҳтирослар, кундалик тур-муш ва дунёвий ташвиш, одатий эҳтиёж ва талаблар, табиатнинг қаҳри, мод-дий юмуш, тирикчилик талаблари ва уларни қондиришнинг мураккаб жара-ёнлари исканжасида озор чекиб яшайди. Бошқа томондан, у абадий ғоя, тафаккур ва эркинликнинг юксакликларига кўтарилади, ўзини умумий қонунлар ифодачиси ва мақсади сифатида англайди, атроф воқеликдан жонли, ривожланувчан пардани сидириб ташлайди ва уни мавҳумлик таркибига кириб йўлдан оздиради. Бошидан мусибат ва азобларни кечирган руҳ сингари у ҳам табиатнинг ҳақсизлиги ва дилгирлигидан ўз ҳақиқатини излаб топади.
Ҳаёт билан онг ўртасидаги бу нифоқлик ҳозирги замон маданияти ва унинг ақл-тафаккури олдига зиддиятларни биргаликда бартараф этишни зарурият қилиб қўяди. Бироқ ақл-идрок бу қарама-қаршиликларнинг ўзгармаслигидан ҳам воз кеча олмайди. Онгда зиддиятлар ечимини топиш оддий нарсага айланади, мавжуд воқелик эса муроса излаб безовталанади. Бу ерда оддий муқаррарлик билан талаб чегарасидаги зиддият – айнан шу кенг қамровли зиддият ўзида ва ўзи учун ва умуман, олий пировард мақсадлар учун ҳақиқат бўла оладими? деган савол туғилади.
Бордию умумий маданият бундай зиддиятлар исканжасига тушиб қолса, фалсафанинг вазифаси уларни бартараф этиш, яъни қарама-қаршиликларнинг ҳар иккисига хос ҳақиқатнинг чекланган мавҳум тафсилотини эмас, балки уларнинг шу тарзда ўз-ўзини бузишини ҳам кўрсатиб беришдан иборат бўлади. Ҳақиқат – қарама-қаршиликларни муросага келтириш ва уларни бевосита ифодалаш, бу бевоситаликни қатъий эҳтиёж эмас, балки ўзида ва ўзи учун мавжудлик ва мунтазамлик тарзида мукаммаллаштириш демакдир. Ечилажак зиддиятларни назарда тутувчи, ҳал этувчи ва уни амалга оширишни мақсад қилиб олувчи бу қараш доимо сохта эътиқод ва истакларга мос келади. Фалсафа бизга фикран бундай қарама-қаршиликлар моҳиятига нигоҳ ташласа, шу боис, ҳақиқат қарама-қаршиликларнинг ечимига айланишига, боз устига, бундай ечим зиддият, зиддиятли томонлар йўқлиги эмас, балки уларнинг муросасоз эканлигини асослаб беришга имкон беради.
Шундай қилиб, ахлоқий ўзгартириш санъатнинг пировард мақсади сифатида бир қадар олий нуқтаи назар саналади, шундай экан, биз ҳам уни санъатда қўллашни талаб қиламиз. Бунинг оқибатида санъатнинг юқорида биз тилга олган ахлоқий манфаатларга хизмат қилиши, насиҳатгўйлиги ва кишиларни тарбиялаб, уларни оламнинг пировард ахлоқий мақсадларига етаклаши ҳақидаги сохта позиция барҳам топади, боз устига, бу қараш санъатдаги субстанциал мақсад ўз-ўзидан эмас, балки бошқалар томонидан тайин этилишини ҳам кўзда тутади. Агар биз санъатнинг пировард мақсадлари ҳақидаги фикрларни яна давом эттирадиган бўлсак, авваламбор, санъатнинг мақсади фақат фойда келтиришдан иборат, деган нотўғри тасаввурга барҳам беришимиз лозим. Бадиий асарнинг қандайдир бошқа муҳим ва зарур нарсалар билан мувофиқ келиши ва санъатдан ташқаридаги онг соҳасида алоҳида мақсадларни амалга оширишда ҳам фойдали восита эканлигини қараб чиқишда бу қарашнинг сохталиги маълум бўлади. Бунга қарама-қарши ўлароқ таъкидлаймизки, санъат юқорида кўрсатилганидек, ҳақиқатни фақат ҳиссий шаклда ёритади, муроса топган зиддиятларни тасвирлайди, зеро, унинг пировард мақсади воқеликни айни шундай тасвирлаш ва ёритишдан иборат, демак, бу мақсад ёлғиз унинг ўзида мавжуддир. Бинобарин, бадиий асарнинг бошқа мақсадлар, чунончи, насиҳатгўйлик, поклантириш, тартибга солиш, пул топиш, шуҳрат ва иззат-икромга ружу қўйиш каби талаблар билан ҳеч қандай алоқаси йўқ ва булар санъатнинг моҳиятини белгиламайди.

Русчадан Маҳмуд АБДУЛЛАЕВ таржимаси.
“Шарқ юлдузи” журнали, 2011 йил, 2-сон.

Изоҳ: Буюк немис файласуфи номи аслиятда бундай: Georg Wilhelm Friedrich Hegel. Гегель – руслашган варианти. Маълумингизким, рус алфавитида “ҳ” ҳарфи йўқ ва ўз-ўзидан Ҳегел Гегелга, Ҳерман Ҳессе Герман Гессе… га айланган. Назаримизда, биз тарихий шахслар, машҳур кишилар, жой номларини русча қолиплар билан эмас, аслиятга кўра ёзишимиз керак. Аммо бунда ҳам меъёрни унутмаслик лозим. Кейинги пайтда баъзи ҳурматли олимларимиз ҳам Гётени Ҳёте деб ёзишаётгани ғалати. Чунки Гёте аслиятда ҳам Гёте. Шуни инобатга олган ҳолда, Ҳегел деб беришни маъқул топдик. Нима бўлганда ҳам, Ҳегел асари ўзбек тилига таржима қилинганининг ўзи катта гап. Бунинг учун таржимондан миннатдор бўлишимиз керак. Имкон қадар аслият ва русча таржима билан солиштириб ўқиш тавсия этилади.

Сайт муаллифи.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin

Телеграмдаги каналимиз: @/Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

 

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 550

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *