Ҳусан Карвонли. Китоб ўқишни биласизми? & Икки йўл синтези & Адабиётми, литература?

КИТОБ ЎҚИШНИ БИЛАСИЗМИ?

Биринчи ўқиган китобимни яхши эслайман. 2-синфда  ўқирдим. Уйимиз токчасидан топиб олган эдим уни. «Қичан» деган қисса, бир қирғиз ёзувчисининг асари. Кейин «Қирқ беш кун», «Олтин водийдан шабадалар», «Қиз узатиб борганда…», «Машъал»… хуллас, ҳозир уларнинг номлари, қаҳрамонлари, ҳатто баъзиларининг муаллифларини ҳам эслолмаяпман. Лекин, шуни биламанки, 9-синфгача ХХ аср ўзбек адабиётининг шу вақтга қадар чоп қилинган деярли барча қисса ва романларини ўқиб чиққан эдим.
«Ўткан  кунлар», «Сароб», «Лолазор», «От кишнаган оқшом» – мен ўқиган китоблар ичида энг эсда қолганлари эди.
Кейин, 1989 йили «Ленин учқуни» (ҳозирги «Тонг юлдузи») газетаси ҳаваскор ижодкор ўқувчиларнинг вилоятлар бўйича кўрик-танловини ўтказди. Биринчиси Самарқанд вилояти мактаб ўқувчилари ўртасида бўлиб ўтди. Иштирок этдим ва бир ойлардан сўнг газетада ўн нафар ўқувчининг машқлари эълон қилинди. Улар ичида менинг кичкина ҳикоячам ҳам бор эди.
Танлов барча вилоятларда бўлиб ўтгач, кейинги йил яна Самарқанд вилояти бўйича ўтказилди. Каттақўрғонда бўлди. Бордим. Ўтган йили машқлари эълон қилинган ўқувчилар танлов ғолиблари экан. Совғалар беришди. Менга фахрий ёрлиқ ва бир китоб тегди: Чабуа Амирэжиби, «Дата Туташхиа», роман. Ўқиб чиқдим ва… шундан кейин ўзим учун  янги бир олам кашф этдим…
Мени ҳайрон қолдиргани – «Дата Туташхиа»да бир воқеа икки-уч персонаж томонидан ҳикоя қилинади. Демак, бир воқеа ёки ҳолатга икки-уч хил ёндашув, икки-уч хил муносабат. Ўқиган китобларим ичида ҳали бунақасини кўрмаган эдим…
Шундан сўнг «Қизил ва қора», «Мартин Иден», «Парма ибодатхонаси», «Граф Монте Кристо», кейин Достоевский, Толстой, Маркес, Камю, Фолкнер, Жойс… Хуллас, Ғарб адабиётига «шўнғиб» кетдим. kitob
Сўнгги пайтлари эса «Лисон ут-тайр», «Бобурнома», «Танбеҳ  ул-ғофилийн», «Ичиндаги ичиндадир» каби китобларни қайта-қайта ўқияпман.
Устоз Маҳмуд Саъдий айтиб қолди: «Бир куни Набоковнинг «Лолита»сини ўқидим. Ярим кечаси тугатдим. Ҳаммаёқ қоп-қоронғи. Зимистон елкамдан босиб тушди… Шунда китобларим орасига қўл солдим. Навоий бобомизнинг 60-йиллари чоп этилган бир ғазаллар тўплами чиқди. Дуч келган жойини очдиму ўқидим. Бир неча сониялар ичида елкамдаги юк, кўзим олдидаги туман йўқолиб, руҳан енгиллашдим…».
Хулоса  қилиб айтганда, мен китоб ўқишни жуда кеч ўрганганимдан афсусдаман. Сиз-чи, азиз муштарий, китоб ўқишни биласизми?

«Маърифат» газетаси, 2004 йил 9 июн

ИККИ ЙЎЛ СИНТЕЗИ

Агар адабиётнинг мангуликка дахлдорлиги нуқтаи назаридан қарасак, бугунги жараённинг табиий эканлигини англаймиз. Миллий насримизда турфа йўналишлар ҳаракатланаётгани, адабиётимиз жаҳон адабиёти билан бўйлашишга интилаётгани ҳамда бугунги баҳс (2000 йили “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасидаги ёшлар насри борасидаги баҳс назарда тутилмоқда – Сайт муаллифи) кўнглимиздаги умидларни чўғлантиради.
Баҳсни бошлаб берган катта ёзувчимиз Шукур Холмирзаев («Кечирасиз, жаноб Карпентер, вақтим зиқроқ». «ЎзАС», 31-сон) насрдаги анъанавий йўл – реализм билан
янги йўл – модерн ёзувчиларимиз ижодини қиёслар экан, ўз йўлига содиқлиги важидан реализмга мойиллигини яширмайди. Бунга табиий ҳол сифатида қараш лозим.
Шундай эса-да, адиб янги йўналишда деб ҳисоблаганлардан Шодиқул Ҳамро ижодига яхши баҳо беради: «Шодиқул Ҳамронинг асарларини ҳаммаям силлиққина қабул қила
олмайди. Бироқ ундаги воқеаларга ишонади, даҳшатга тушади: ундаги руҳий товланишлар оғушида тентирайди ҳам… ва инсон ҳақида ниманидир кашф этади».
Худди шундай: «инсон ҳақида ниманидир кашф этиш»ни устоз адибимизнинг ўзининг  ижодига нисбатан ҳам ишлатамиз. Қайсидир бир йили, у пайтда талаба эдим, бир домламиз куйинганнамо «Шукур Холмирзаев  ўзини  ёзиб
қўяди», деди. «Тўғри-да, – дедим, – ўзини ёзмай, кимни ёзсин? Шунинг учун ҳам унинг асарлари ўқишли, рост ва ўзбекона. Ҳозиргиларнинг кўпчилиги ўзини ёзишни эпламасдан  туриб, бошқаларни ёзиб ётибди. Баъзи қаҳрамонларига дўппи ва чопон кийдирсангиз-да, ўзбекча ўйламайди, ўзбекча гапирмайди, миллати нотайин, хаёлий».
Модернист шоир Баҳром Рўзимуҳаммад ҳам баҳсга қўшилар экан («Ҳаёт тажрибалари ва хаёл чиғириғи». «ЎзАС», 33-сон), янги йўналишга муҳаббатини ошкор этади ва куюниб савол қўяди: «Ўйлаб қоласан: реализм андозасида модернизмга баҳо бериш мумкинмикан ўзи?».
Б.Рўзимуҳаммад саволларига жавоб савол: реализмга модернизм андозасида баҳо бериш мумкинми?
Менингча, Ш.Холмирзаев модернизмга реализм андозасида эмас, нафис адабиёт, умуман, сўз санъати нуқтаи назаридан муносабат билдиради. Буни адибнинг ТИЛ ҳақидаги  мулоҳазалари ҳам тасдиқлайди. Фақат Ш.Холмирзаевгагина эмас, балки барчамизга хоҳ реализм, хоҳ модернизм ё бошқа йўлда бўлсин, завқ берувчи, қувват берувчи ГЎЗАЛ АДАБИЁТ керак!
Модернистлардан Саломат Вафо қамровни янада кенгроқ олиб, дейди: «Бугунги жаҳон адабиёти биз ишонган, ўрганган эстетик қарашларга асосланмайди, у тақдир ва қисмат  курашларидан безган, миллийлик чегараларидан чиқиб кетганига кўп бўлган» («Ёшлар насри ўз йўлидан боради…». «ЎзАС», 32-сон).
Аввало, миллийлик ҳақида. Тақдир ва қисмат курашларидан безиб, олайлик, ўзи билан курашиш умуминсониятга хосу, миллийликка хос эмасми? Назар Эшонқул айтадики: «Миллийлик бу она тили жозибаси, миллий тафаккур қуввати билан дунёда мен ҳам мавжудман, менинг ортимда ҳам  шундай халқ бор, шундай тарих бор, мен ҳам сизлар каби қудратлиман деб айта олиш ва шу қудратни кўрсата олиш ҳамдир» («Ёшлар  насри  ўз йўлидан боради…»). Жуда тўғри. Ўзбек адиблари ўзбек миллати тарихи, бугуни, миллий тафаккури қудратини ўша жаҳондагиларга кўрсатиб берибгина умумжаҳон маданияти, адабиётида ўз ўрнини эгаллашлари мумкин. С.Вафо айтганидек, бугунги жаҳон адабиёти (ҳаммаси эмасдир! – Ҳ.К.) миллийлик чегараларидан чиқиб кетган экан,
фикримча, бунга ижобий ҳол сифатида қараш, уларга ҳавас қилиш ноўрин. Балки уларда бутун-бутун миллатлар аралаш-қуралаш бўлиб, ўзлигини бой бериб, йўқолиб кетаётгандир? Адабий жараённи ижодкор таржимаи ҳоли, ижтимоий муҳит билан боғлиқликда тадқиқ этишга бизда ҳамон қўл урилмагандек, назаримда.
Сўзининг охирида С.Вафо «Ғарбнинг саргардонлиги» ҳақида гапирар экан, улар ўзлигига  қайтаётганини, бир вақтлар Шарқдан таъсирланишганини эслаб, энди «биз ўзимизга қайтамиз… эркин руҳий олам, озод тафаккур билан ўзимизни яна бир бора кашф этамиз…», дейди. Буниси яхши.
Энди, яна савол туғилади: ўзининг таъбирича, «хаёллар маҳсулини ёзаётган» О.Мухтор, Н.Эшонқул, С.Вафо асарларига ёқинқирамай қараган Ш.Холмирзаевга нега улар сафидан  деб ҳисобланаётган Ш.Ҳамро ижоди ёқиб қолди экан?
Жавобни устознинг ўз сўзларидан излаймиз: «… миллий насримиз юқорида зикр қилинган икки йўлнинг табиий омухталигида ривожланади». Ш.Бўтаев бу фикрни тўлдиради: «Мукаммал асар ичида бу йўналишларнинг барчаси эркин ҳаракат қила олади. Бир-бирига халал бермай, бир-бирига чатишиб ҳам кетади, – айтайлик, фантастик жараёнларда  реализм намоён бўлади. Реализмнинг мистик ҳодиса эканлиги бўй кўрсатади. Наср йўналишини индивидуал  ижодкорнинг хаёлоти, изланишлари белгилайди».
Ш.Холмирзаевга Ш.Ҳамро ижодидаги худди шу нарса: тилга олинган икки йўлнинг синтезлашуви, бошқа қурдошларидан фарқли ўлароқ, бўртиброқ турган миллийлик, ўзбек миллий тафаккурининг янгича йўналишдаги ифодаси, ўзбек характерини очиб бериши
ёқмадимикан?
Н.Эшонқулнинг «Шамолни тутиб бўлмайди», С.Вафонинг «Сукунат туни» ҳикоялари ҳам худди шундай изланишлар маҳсули сифатида эътиборга лойиқ.
«Сукунат туни» ҳикоясининг («Ёш куч», 2000 йил, 6-сон) бош қаҳрамони – энди  ўттиздан ошганда дардга чалиниб, оёқ-қўли  ишламай қолган, қандай гуноҳлар қилиб Яратганнинг йўлидан четлашган, айро тушганини сезмай, қандай «тавба» этишни билмайдиган одам. У қари ота-онасига юк бўлиб қолганидан изтироб чекиб, улар ва аммаси
ҳамроҳлигида мозорга – улуғ боболари ётган жойга, сукунат диёрига келади. Уни тавба қилишга ундайдилар. У эса, тавба қилмайди, қилолмайди, сукунат. «Сукунатда ҳамма нарса бор эди».
Кечқурун қабристон қоровули, зиёратчи хотин, ота-она, амма – ҳаммаси тинч уйқуга кетади, «бутун олам ухларди».
У эса, қўрқади, ухлаёлмайди, йиғлайди, саволлар гирдобида қолади, даҳшатга тушади, «мен – тупроқман», деган иштибоҳни, мингинчи мартадир, хаёлидан ўтказгач, хотиржам уйқуга кетади. Эрталаб тургач, «умрида биринчи бор ўзига яқинроқ келгани»дан розилик туяди.
«Сукунат туни»даги  воқеа Лотин Америкаси, Африка ё Оврупода эмас, Ўзбекистонда рўй  беради.  Ўзбекларгина (бошқа Шарқ халқларида ҳам бордир балки – Ҳ.К.) дардга чалинса, аввало, Оллоҳдан деб, азиз-авлиёлар мозори, муқаддас қадамжоларга паноҳ тилаб, тавба қилиб, бош эгиб боради. Гап  бунда эмас асли. Гап қаҳрамон кечираётган руҳий изтироб, ўзликни излаш, яшашдан маъно қидиришда.
Бу – барча халқлар адабиётига хос. Миллийлик ўша миллатга мансуб ҳаёт тарзига асосланган тафаккур, миллий қадриятлар замиридаги қарашлар воситасида ўзини излаётган Инсонни тасвирлаш. С.Вафо ўзбек ҳам америкалик ёки овруполик каби ўзини англашга интилаётган Инсон эканлигини кўрсатиб беради.
Назаримда, ўзбек насри, Ш.Холмирзаев айтганидек, анаънавий ва модерн йўл синтезлашуви, миллийликка таянган ҳолда ривожланади. Унда инсонни турли руҳий ҳолатларда турфа усуллар, шакллар воситасида тафтиш қилиш, тасвирлаш кучаяди. Ҳар икки йўл, бошқа йўлларни ҳам ўқиб-ўрганган, керакли жиҳатларини ўзлаштирган ва, албатта, айтадиган ўз Сўзи бор ёзувчилар ХХI аср ўзбек насрининг яратувчилари бўладилар, адабиётимиз ривожига ҳисса қўша оладилар.
Модомики, барчамиз ўзбек адабиётининг буюк адабиёт бўлишини хоҳлар эканмиз, карпентерларни, «ўзбек карпентерлари»ни, анъанавий йўналишдаги адабиётимиз –
Ш.Холмирзаев, М.М.Дўст, Э.Аъзам, Т.Мурод асарларини ўқишдан, адабий чангалзорлару гўзал боғларимизга сайр этишдан эринмайлик.
Яна бир гап.
Устоз Шукур Холмирзаевнинг 20-25, борингки, 30 ёшли ижодкорлар ҳақидаги гапи шу ёшдаги адабиёт ихлосманди, ўзини  ижодкорликка талабгор, деб билган бир ҳаваскор сифатида мени оғир ўйга толдирди…
Сал илгарироқ бир тенгдошим: «Тенгқурлар ўзаро баҳс уюштирайлик, «Мен нега шеър ёзаман?» деган мавзуда бир нарса ёзиб беринг», деб қолди. Унга: «Мен нега шеър ёзмаяпман?», деганга ўхшаш нарса қоралаб бераман, деб жавоб бердим. Ҳафсаласизлик қилиб, ёзмадим. Бошқа тенгдошларим ҳам, бири журналда ишлайди, бири газетада ишлайди, ҳам талаба, бири радиода, бирови фақат модернистларни ўқийди, бошқаси реалистларни, яна бирови ўқимай ҳам қўйган, ёзишмади шекилли, баҳсимиз бўлмади.
Мана энди, мавриди келди.
Ростдан А.Қодирий, А.Қаҳҳорлар 30га  етмай туриб илк романларини эълон қилган ва бу асарлари улар ижодининг чўққиси сифатида қаралади. Шоирларни-ку, айтмай қўяқолай.  Бугун 25 ёки 30га кирган, шаклланиб қолган ёзувчини кўрсата оламизми? Йўқ. Нега? Наср йўли шунчалик қийинми? Ёки ҳафсаласизлик, чидамсизликми бизнинг авлодимизни «ушлаб  турган» нарса? Мутолаа камлиги, бошқа ижтимоий, иқтисодий сабаблар туфайлими жимлигимиз? Саволлар  кўп. Жавобни эса, билмадим. Вақт – ҳакам. Бир суҳбатда таниқли мунаққид Иброҳим Ҳаққул «ботинда ёзилаётган асарлар» ҳақида сўзлаган эди. Ҳар ҳолда, тенгдошларим ичида «ботинида ёзаётганлар» борлигидан умидворман…

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2000 йил 18 август

АДАБИЁТМИ, ЛИТЕРАТУРА?
 
Лев Толстой «Иқрорнома» асарида «ҳаёт саволи»га жавоб излар экан, ўзига ва ХIХ аср ўрис адабиёти намояндалари фаолиятига бир қур назар солиш орқали адабиёт иши ҳақида мулоҳаза юритади ва ёзувчиларни «ўзи нимани ўргатаётганини билмаган ҳолда асар ёзиб
бошқаларга ўргатаётган жиннилар», деб атайди. Уларни «виждонсиз, икки пулга қиммат каслар» деб, ўзининг ҳам шулар қаторида эканлигини, ёзувчилик пул топиш, шуҳратпарастлик туйғусини қондирувчи восита эканлигини айтади.
Камю эса адабиёт, умуман, санъатни инсон учун Яратганни инкор қилиш, исён моҳиятини очиб бериш воситаси, деб ҳисоблайди.
Ҳар икки ижодкор ҳам адабиёт – фойдасиз бир нарса, эрмакка ўхшаш машғулот ёки яшаш учун курашнинг бир воситаси, инсондаги шон-шуҳрат, амалга интилиш, бошқалардан устун бўлишни исташ туйғуларини қондириш воситаси, дея ҳисоблайди. Чуқурроқ назар солинса, адабиёт – инсон ақлининг фаолияти кўзгуси.
Булар овруполик тафаккур соҳибларининг деганлари. Шарқда эса, адабиёт «адаб» сўзидан олинганлигига кўра, адабга чорловчи, эзгуликка хизмат қилувчи восита бўлиб келган.
Адабиёт – ҳаёт кўзгуси, деган таъриф ҳам анча оммалашган. Бу тушунча бизга яқин даврда кириб келган бўлиши керак. Оврупода ишлатиладиган, биздаги «адабиёт»га муқобил «литература» истилоҳи маъносини текшириб кўрсак, бунга амин бўламиз.
Литература – лотинча «литера» – «ҳарф» сўзидан келиб чиққан бўлиб, ҳаётни ҳарфлар, кенгроқ маънода, сўзлар ёрдамида ифодалаш деганидир.
Адабиёт ҳам сўз санъати бўлгани ҳолда, муайян чекланиш, нормаларга эга. Яъни ахлоқ, одоб, андиша чегарасидан чиқилмайди.
«Литература»да бундай чекланиш йўқ. Литература – кўзгу. Унда ҳамма нарсани тасвирлаш мумкин. Жойс ижодида инсон онгида кечаётган жараёнларни икир-чикиригача тасвирлаш ёки шунга уриниш бор. Онгда нималар оқиб ўтмайди дейсиз! Ўзбекда кўриб-кўрмасликка, билиб-билмасликка олиш, андиша, ёмонини яшириб, яхшисини ошириш, деган гаплар бор…
Ёки Шарқда ислом таълимоти бўйича ароқнинг ҳаромлиги, ичиб кайф қилган одам Яратганни ёддан чиқариб, имондан чиқиши  муқаддас китобларда нақл қилинган бўлиб, одамлар ҳам буни қабул қилган. Бундай заминда яратилган адабиёт ҳам ҳеч қачон ароқ ичишни тарғиб қилмаган.
Ғарбда эса, литература эркинлиги боис, ароқнинг қандай ичилиши, қандай кайф бериши ва бунинг оқибати ҳақида ҳатто бадиий жиҳатдан юксак савияда, бемалол, батафсил ёзиш мумкин. Тўғри, улар ҳам ароқни тарғиб этишни мақсад қилмаган бўлишлари мумкин, бироқ шу ҳаракатнинг ўзи муайян маънода тарғиб – рекламадир.
Мисол учун, Оврупода, умуман, Ғарбда машҳур садизм, мазохизм ва бошқа «изм» – руҳий айнишлар бизда ҳам муайян даражада мавжуддир. Аммо улар ҳақида ошкора гапириш урф бўлмаган, андиша қилишган. Бугун эса, улар ҳақида бемалол ёзаётирмиз. Олайлик, онанизм ҳақида ўқиган ўсмир уни ўзида синаб кўришга уринмайди, деб ким кафолат бера олади?..
Демак, «адабиёт» ва «литература»ни бир маънода ишлатсак-да, улар ўртасида сезиларли фарқ борлигини илғаш  мумкин. Бу фарқ Шарқ ва Ғарб адабиёти солиштирилганда янада аниқ сезилади. Масалан, «Ўткан кунлар» ва «Мартин Иден». Отабек ва Мартин Иден –
иккаласи ҳам тақдир зарбаларидан чарчаган, ҳаётдан безиб, ўлим истайди. Отабек бу мақсадда урушга жўнайди ва ўша ерда ҳалок бўлади. Мартин Иден эса, ўзини-ўзи ўлдиради.
Исломий Шарқда ўзини ўлдириш мумкин эмаслиги, бу Оллоҳнинг қаҳрини келтириши, шу сабабли бундай йўл тутганларга жаноза ўқилмаслиги маълум…
Адабиёт – Шарқнинг ўзига хослигидан, литература эса Ғарб тафаккури, қарашларидан сув ичади. Шарқда инсон ҳаётга нега келганини, қандай яшаш кераклигини, оқибатда уни нима кутаётганини билади. Ғарб кишиси эса ҳаётдан маъно тополмайди ва оқибатда бири адабиётни (балки, литературани) кераксиз бир машғулот деса, яна бири, даҳрий бўлганлиги боис, адабиёту санъатни даҳрийликка хизмат қилдирмоқчи бўлади. Улар илҳомнинг раҳмоний ва шайтоний бўлишини билишмайди, шекилли…
ХХ асрга келиб, шарқона анъаналарга содиқ адабиётимиз бирмунча «овруполашди» (литературалашди). Буни бизга кириб келган турли адабий оқимлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Ғарбда дунёга келган адабий оқимлар бизда ҳам қизиқиш билан ўрганила ва ўзлаштирила бошлади. Савол туғилади – ўша оқимлар бизда нега йўқ эди?
Ўзбек ҳам, олайлик, америкалик ҳам, аслида бир умуминсоний хислат-хусусиятлар соҳиби бўлгани каби – «адабиёт» ҳам, «литература» ҳам асл мақсади бир бўлгани ҳолда, уларнинг тасвирлаш йўли турлича эди. Шарқона адабиёт Оллоҳга етишиш, комил инсонни тарбиялаш йўлида оғишмай ҳаракатланган бўлса, литература ҳам қисман шуни истаган ҳолда, ақлга зўр бериб, асосий йўлдан чалғиб кетади. Бу чалғиш оқибатида турли йўлчалар – оқимлар пайдо бўлади. Бошқача айтганда, биз моҳиятдамиз, улар эса шаклда, моҳият йўлида шакл излаб юришибди.
Ўзбек адабиётининг Ғарб адабиёти (литератураси) билан боғланишига келсак, улардан шакл ўрганишимиз мумкин. Бироқ ҳар қандай шаклда бўлса-да, моҳият бир бўлиб қолиши лозим.
Сўзим аввалида Толстойнинг адабиёт ҳақидаги фикрини келтирган эдим. Улуғ ўрис ёзувчиси яшашдан мақсад не эканлигини англай олмаган пайтида шундай хулосага келган. Кўпни билган эмас, керагини билган доно, деган экан  бир  донишманд. Ҳаётнинг маъносини англаганлар адабиёт нима, деган саволга энг тўғри жавобни топгусидирлар!

«Ҳуррият» газетаси, 1999 йил 7–13 июл

Husan KarvonliҲусан Карвонли (Нишонов) 1974 йил 1 февралда Самарқанд вилояти Нуробод туманида туғилган. Низомий номидаги педагогика институти(ҳозирги Тошкент давлат педагогика университети)ни тамомлаган. “Ёруғ хаёл” (Ҳасан Карвонли билан биргаликда) номли шеърий, “Илғаб бораётир мени фасллар” номли бадиий-публицистик тўпламлари чоп этилган. “Маърифат” газетасида ишлайди.

 

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

 

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 641

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *