Ибратли ҳикоятлар

Ҳаёт ва қаҳва пиёласи

Бир гуруҳ собиқ талабалар устозларини йўқлаб келишди. Суҳбат асносида гап ишга кўчди ва улар қийинчиликлардан, турли муаммолардан шикоят қилишди.
Профессор меҳмонларга қаҳва таклиф қилди, розиликларини олгач, ошхонага йўналди ва бироздан сўнг патнис кўтариб чиқди. Унга турли хил – чинни, шиша, пластик ва биллур пиёлалар терилган эди. Айримлари оддий, айримлари қимматбаҳо эди.
Шогирдлари пиёлаларни олиб бўлгач, профессор уларга юзланиб деди:
– Эътибор беринглар, ҳаммаларинг қимматбаҳо пиёлаларни олдинглар. Оддий ва арзонлари патнисда қолди. Бу аслида сиз учун меъёрдаги ҳолат – энг яхшисини истайсиз. Бироқ шу билан бирга бу кайфият барча муаммоларингиз ва ташвишларингизнинг илдизи ҳамдир. Ёдингизда бўлсин, пиёла ҳеч қачон қаҳванинг таъмини ўзгартириб, яхшилаб қўймайди. Қимматбаҳо пиёлалар баъзида ичидаги қаҳванинг асл кўринишини яширади ҳам. Ҳаммангиз истаган нарса аслида қаҳва эди, пиёла эмас. Лекин сизлар онгли равишда чиройли идишларни танладингиз.
Тасаввур қилинг, ҳаёт бу – қаҳва; иш, пул, вазият, жамият кабилар эса – пиёладир. Улар тирикчиликни таъминлаш воситалари, холос. Қандай пиёлага эга бўлишимиз ҳаётимизнинг моҳияти ва асл сифатини ўзгартирмайди. Баъзида, фақат пиёлаларга эътибор бериб, қаҳванинг таъмидан лаззатланишни унутиб қўямиз.

Лабиринтдан чиқиш йўли

Ажойиб кунларнинг бирида устоз шогирдини тоғ этагига олиб борди. У ерда деворлари тик ва баланд лабиринт қурилганди. Томи бўлмаганидан йўлакларнинг ичига қуёш нури тушар, ёп-ёруғ эди.
Уста шогирдини лабиринтга киритиб, чиқиш йўлини топишни буюрди. Шогирд йўлаклар орасида бутун кун ва бутун тун бўйи адашиб юрди, борган сари боши берк йўлларга кирди. Ҳориб-чарчаб, мадори қолмай, йиқилди ва уйқуга кетди.
Кимдир елкасидан туртаётганини сезиб, кўзларини очди. Тепасида устози турарди:
– Ортимдан юр, – деб буюрди у.
Лабиринтдан чиқишгач, устоз тоғ томон йўл бошлади. Чўққига кўтарилгач, у деди:
– Пастга қара!
Улар турган жойдан лабиринт кафтдек намоён эди.
– Бу ердан туриб чиқиш йўлини топиш осон-а? – деди устоз.
– Ҳеч бир қийин жойи йўқ, – деди шогирд. – Диққат билан қаралса бўлгани.
– Қани,чиқиш йўлини  топ-да, эсингда сақлаб қол.
Бироз вақтдан сўнг тоғдан тушишди. Шогирд лабиринтга ишонч билан қадам қўйди ва қийналмай тезда чиқиш йўлини топди. Шундан сўнг устози унга шундай насиҳат қилди:
– Вазиятдан қанча узоқлашиб, унга қанча тепадан қарасанг, тўғри қарор қабул қилишинг шунчалик осон бўлади.

Нимани излашга боғлиқ

Устоз шогирдига шундай топшириқ берди:
– Турган хонамизга яхшилаб разм сол ва жигарранг нарсаларни яхшилаб эслаб қол.
Хонада бу рангдаги буюмлар кўп эди, шогирд вазифани бажаришга унча қийналмади. Лекин устоз унга бошқа бир ишни буюрди:
– Кўзларингни юм-да… хонадаги ҳаворанг рангли нарсаларни санаб бер!
Шогирд бундан ранжиди:
– Ахир сиз жигарранг нарсаларни эслаб қол, дегандингиз. Шунга амал қилиб, ҳаворанг нарсаларга эътибор бермадим.
Устози жавоб берди:
– Кўзларингни оч. Хонада ҳаворанг буюмлар жуда кўп.
Ҳақиқатан ҳам шундай эди. Устоз сўзида давом этди:
– Бу мисол билан сенга ҳаётий бир ҳақиқатни уқтирмоқчи эдим: агар сен хонадан фақат жигарранг буюмларни излаганинг каби ҳаётдан ҳам нуқул ёмон нарсаларни излайдиган бўлсанг, уларнигина топасан, уларнигина илғайсан. Улар фикру ёдингни эгаллаб, доимий ҳамроҳингга айланади.
Ёдингда бўлсин: агар сен нуқул ёмон нарсаларни изласанг, уларни албатта топасан ва ҳеч бир яхшиликни кўрмайсан. Кутганинг, руҳан тайёр бўлганингга албатта дуч келасан. Агар яхшиликдан умид қиладиган бўлсанг, энг камида ёмон нарсаларни ҳаётингга тортмайсан. Тўғри, баъзида ният қилганинг амалга ошмаслиги ҳам мумкин. Ҳаёт қоидаси шундай. Лекин руҳинг баланд бўлсин. Шунда ҳатто қайғули ва оғир вазиятларни ҳам бемалол енгиб ўтасан.

Қилган ишинг ўзингга қайтади

Қуйидаги ҳикояни кўпчилик афсона деб ҳисоблайди. Бу воқеа балки бўлгандир, балки тўқимадир. Лекин унда катта ибрат борлиги аниқ.
Йигирманчи аср бошлари. Шотландиялик бир деҳқон даладан қайтаётиб ботқоқлик ёнидан ўтади. Қулоғига кимнингдир ёрдам сўраб бақираётган товуши эшитилади. Деҳқон овоз келган томонга шошиб йўл олади ва чўкиб бораётган болани кўради. Бола қутулишга уриниб чиранар, лекин бу уринишлар уни янаям ичкари тортарди. Деҳқон катта бир дарахт шохини синдириб олади ва ботқоққа эҳтиёткорлик билан яқинлашиб, шохни болага узатади. У бир амаллаб хавфсиз жойга чиқади. Бечора гапира олмас, тишлари такиллар, ўзи дағ-дағ қалтирар эди. Лекин қўрқув ортда қолган, хавфдан озод бўлганди.
– Бизнинг уйга борамиз. Ўша ерда қуриниб, ўзингга келиб оласан, ўғлим, – дейди унга деҳқон.
– Йўқ, йўқ… – деб рад этади бола, – мени дадам кутяпти. Роса хавотир олаётган бўлса керак.
Сўнг деҳқонга кўзларида меҳр-миннатдорлик билан боқиб, югурганича йўлга тушади.
Эртасига эрталаб деҳқоннинг эшиги олдига отлари турли зеб-зийнатлар билан безатилган арава келиб тўхтайди. Ундан қимматбаҳо кийимлар кийган бир кибор киши тушиб келади.
– Кеча ўғлимни қутқарган киши сизми? – деб сўрайди у.
– Ҳа, мен, – деб жавоб беради деҳқон.
– Сизга қанча беришим керак?
– Мени хафа қиляпсиз, тақсир. Сиз мендан умуман қарздор эмассиз. Мен ўзини инсон деб ҳисоблайдиган киши қилиши керак бўлган ишни қилдим, холос.
– Йўқ, мен бу яхшиликни эътиборсиз қолдира олмайман. Ўғлим мен учун жуда қадрли. Истаган пулингизни айтинг.
– Бу мавзуда ортиқ гаплашишни истамайман. Саломат бўлинг.
Деҳқон ортига бурилади. Шу пайт остонада унинг ўғли пайдо бўлади.
– Бу сизнинг ўғлингизми? – деб сўрайди кибор меҳмон.
– Ҳа, – дейди деҳқон ғурурланиб,ўғлининг бошини силаркан.
– Келинг, бундоқ қиламиз. Мен ўғлингизни ўзим билан Лондонга олиб кетаман ва унинг ўқишига ҳақ тўлайман. Агар у отасига ўхшаган ҳалол одам бўлса, бу қарордан сиз ҳам, мен ҳам афсусланмаймиз.
Орадан бир неча йил ўтади. Деҳқоннинг ўғли олдин мактабни, сўнг тиббиёт универсистетини тугатади. Унинг номи пенициллин ихтирочиси сифатида тез орада бутун дунёга танилади. Бу машҳур олимнинг исми Александр Флемингдир.
Александр Флемингнинг олий таълим олишига сабабчи бўлган кишининг номи эса лорд Рандолф Черчиллдир. Унинг ўғли кейинчалик Англия бош вазири бўлади ва бутун дунёга Уинстон Черчилл номи билан танилади. Бу машҳур сиёсатчи нутқларидан бирида: “Қилган ишинг ўзингга қайтади”, деганди. Ҳақиқатан шундай. Бунга ҳаётдан жуда кўп мисол топиш мумкин.

Шахсий фикрлаш услуби

Кунларнинг бирида Британия Қироллик академияси президенти Эрнест Резерфордга касбдоши ёрдам сўраб мурожаат қилди. У талабаларидан бирига физика бўйича энг паст баллни қўйишни истар, талабаси эса энг баланд баллга лойиқ эканини таъкидларди. Икковлари охир-оқибат учинчи шахснинг – бетараф ҳакамнинг хулосасини қабул қилишга келишган, бу учун домла Резерфордни танлашганди.
Имтиҳондаги савол қуйидагича эди: “Бинонинг баландлигини барометр ёрдамида қандай қилиб ўлчаш мумкин?”. Талаба шундай жавоб берганди: “Бинонинг томига чиқиб, барометрни арқонга улаб пастга ташлаш керак, сўнг уни тортиб олиб, арқоннинг узунлигини ўлчаш зарур”.
Савол қанчалик қийин ва мураккаб бўлмасин, жавоб тушунарли ва аниқ эди. Бошқа томондан, имтиҳон физика фани бўйича бўлиб, жавобнинг бу фанга алоқадорлик жиҳати жуда кам эди.
Домла Резерфорд талабага яна бир бор уриниб кўриш имконини берди. Олти дақиқа вақти борлигини айтиб, жавоби физика қонунларига асосланиши шартлигини таъкидлади. Беш дақиқа ўтди ҳамки, талаба жавоблар варағига ҳеч нарса ёзмади. Резерфорд талабадан:
– Жавобинг йўқми, тан бердингми? – деб сўради.
Талаба жавоблари бир нечталигини, у энг яхшисини танлашга уринаётганини айтди.
Бу гап домланинг қизиқишини орттирди. У белгиланган вақт тугамай туриб жавоб беришини сўради талабадан. Янги жавоб қуйидагича эди: “Томга чиқасиз ва барометрни пастга ташлайсиз. Унинг тушиш вақтини ҳисоблаб турасиз. Сўнг формула ёрдамида бинонинг бўйини топиш мумкин”.
Резерфорд шеригидан бу жавобдан қониққан-қониқмаганини сўради. У ноилож маъқул ишорасини берди. Бироқ талаба яна бир қанча жавоблари борлиги ҳақида эслатди. Домлалар уларни ҳам айтишини сўрашди.
– Барометр ёрдамида бино баландлигини ўлчашнинг бир неча усуллари бор, – деб гап бошлади талаба. – Масалан, қуёшли кунда кўчага чиқиб, барометр ва унинг сояси узунлигини ўлчайсиз. Сўнг бино соясини ўлчайсиз. Бундан кейин оддийгина тенглама ёрдамида бино баландлигини топиш мумкин.
– Ёмонмас, бошқа жавобларинг ҳам борми? – деди Резерфорд домла.
– Бор, жуда оддий услуб ҳам бор. У сизга албатта ёқади. Барометрни қўлга олиб, нарвондан кўтариласиз. Шу жараёнда барометрни деворга ёпиштириб, белги қўйиб кетасиз. Сўнг белгиларни барометрнинг узунлигига кўпайтирсангиз, бинонинг баландлиги келиб чиқади. Агар сиз мураккаброқ йўлдан бормоқчи бўлсангиз, – деб гапини давом эттирди у, – барометрга боғич боғлайсиз ва уни капгир каби тебратиб, бинонинг пойдевори ва томида тортишув кучини ўлчайсиз. Ана шу икки ўлчов орасидаги фарқдан ҳам бинонинг бўйини топса бўлади. Тебрангичингизни томга олиб чиқиб, уни тебратиб, тебраниш вақтларига асосланиб ҳам бино баландлигини аниқлашингиз мумкин. Ва ниҳоят, ушбу масала ечимлари ичида энг зўр битта услуби бор: барометрни оласиз ва бино бошқарувчисини топиб: “Ака, ажойиб бир барометрим бор. Агар бинонинг баландлигини айтсангиз, сизга бераман”, дейсиз.
Шундан сўнг Резерфорд домла талабадан: “Наҳотки бу саволни ечишнинг умумқабул қилинган услубини билмасанг?!” деб сўради. Талаба ўша усулни билишини, бироқ ўқитувчилар ўз фикрлаш услубларини ўтказдирадиган, ностандарт ечимларни қабул қилмайдиган мактаб ва коллежлардан тўйганини айтди.
Бу талаба 1922 йили Нобел мукофоти совриндори бўлган даниялик физик Нилс Бор (1885–1962) эди.

Синов дарвозаси

Қадим замонда бир подшо вазирликка муносиб киши қидира бошлади. Энг яхши номзодни танлаш учун бир синов ўйлаб топди. Салтанатидаги энг катта дарвозани қалъага келтиришларини буюрди. Бу улкан темир эшикни кўрганлар ҳайратдан ёқа ушлади.
Сарой аъёнлари, турли амалдорлар, донишмандлар йиғилган мажлисда подшо шундай деди:
– Катта дарвозани кўрган бўлсаларинг керак. Уни бекорга олиб келмадим. Унинг эшигини оча билган кишини вазир лавозимига тайинлайман.
Аъёнлар дарвозага яқин ҳам бормади. Шунча одамнинг олдида шарманда бўлишни ўзларига эп кўрмай, буёғи нима бўлар экан деб кузата бошлашди. Донолиги билан ном қозонган баъзи бир кишилар дарвозани бир қур айланиб кўрдилар-у, аммо эшикни очишга ҳаракат қилмадилар. Кўпчиликнинг ҳафсаласи пир бўлди: донишмандлар воз кечган ишга уринишдан не наф!
Бироқ шу пайт бир ясовул подшодан изн сўради. Рухсат олгач, дадил бориб дастани тортди: эшик осонгина очилди. Дарвоза ҳатто қулфланмаган ҳам экан. Шунчаки ўз ҳолича ёпиб қўйилган экан.
Ясовул ўзига ишончи, дадиллиги туфайли юксак мартабага эришди.
Ҳаётда айнан шундай вазият учраши амри маҳол бўлса-да, шунга ўхшаш ҳолатларга тез-тез дуч келиб турамиз. Таваккалчилик, иккиланмай олға қадам ташлаш бизга муваффақият келтирса, журъатсизлигу қатъиятсизлик афсус ва аттангларга сабаб бўлади.

Тотли сув ва намакоб

Бир ҳинд уста шогирдининг тинимсиз нолишидан, шикоятларидан зерикканди. Бир куни уни туз олиб келишга жўнатди. Келгач, бир ҳовуч тузни бир пиёла сувга солиб ичишини буюрди. Шогирд устозининг айтганини қилди-ю, лекин сувни оғзига олар-олмас, туфлаб ташлади.
– Мазаси қандай экан? – деб сўради уста.
– Шўр экан, – деди шогирд ранжиган товушда.
Уста кулди-да, шогирдининг қўлидан тутиб, ташқарига йўналди. Ҳеч бир сўз айтмай яқиндаги бир кўл бўйига олиб борди. Шогирдига бир ҳовуч тузни кўлга ташлаб, сўнг сувидан ичишини айтди. Топшириқ бажарилгач:
– Мазаси қандай экан? – деб сўради уста.
– Ширин, – деб жавоб берди шогирд.
– Тузнинг таъми сезилдими? –яна сўради уста.
– Йўқ, – деди шогирд.
– Ҳаётимиздаги изтироблар тузга ўхшайди, кўп ҳам эмас, оз ҳам эмас. Изтиробнинг миқдори ҳамиша бир хил. Унинг аччиқлик, шўрлик даражаси ниманинг ичида эканига боғлиқ. Қайғуга ботсанг, энг биринчи ўринда шунга сабаб бўлган ҳисларни ёйиб-парчалаб ташла. Бундан буён пиёла бўлишни тўхтат, кўлга айлан.

Ориф Толиб тайёрлади.

“Маърифат” газетасидан.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

 

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 70

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *