Ижод ибоси

Ҳаё, ор-номус инсоният, жумладан, ижод аҳлининг зийнатидир. Таъбир жоиз бўлса, асар ҳусни унинг “ҳаё”сида ҳам намоён. Шу ўринда “ижод ибоси” иборасини қўлласак бўлар. Албатта, бунда ижодкор шахси, эътиқоди, ижодий концепцияси билан бирга асарнинг эстетик таъсири, ўқувчида уйғотган таассуротини ҳам назарда тутяпман. Қисқаси, бу чуқур, баҳсталаб мавзу. Ҳозир эса мана буларга эътиборингизни қаратмоқчи эдим.
“Ор-номус муҳаббатдан устун”, деб ёзибди ёш ижодкор қиз. Бу ҳақда шогирдининг фикри-дунёқарашидан қониқиш ҳосил қилган устози айтиб қолди: “Ор-номус бўлмаган жойда муҳаббатга ўрин йўқ. Номуссиз муҳаббат муҳаббат эмас. У шу аччиқ ҳақиқатни тушуниб бораётганинг ўзи қувонарли”.
Хаёллар мени бир томонларга етаклаб кетади. Серсевги, серюрак cўзбозлар, қизи тенги раққосанинг эшилишларига ҳамоҳанг қочирим қилаётган “ошиқ-артист”лар, тубан туйғулари, жирканч истакларини “инсон ҳуқуқи”, “муҳаббат” номи билан ниқоблаётган “демократ”лар… Тавба, дейсан.
Негадир ҳаё, ор-номусни аксарият ҳолда аёлларга нисбат берамиз. Эр кишига ҳаё керак эмасми?
Аслида, ижодкор номуссиз сўздан ҳазар қилиши, имкон қадар ундан узоқроқда юриши керак-ку, аксига олиб, бугун бизда шармандагарчиликнинг бозори чаққон. Яланғоч “шеър”у “қўшиқ”лар урчиб бораётгани ҳам шу талаб ва таклиф натижаси бўлса, эҳтимол.
Шундай пайтда Шавкат Раҳмоннинг мана бу сўзлари ёдга тушади: “Башар фожиасини, миллат фожиасини ўз фожиаси билиб ўртанган шоир ҳақиқий шеър бахтига муяссар бўлади. Шеър ёзиш эса ўлим билан юзма-юз туриб гаплашган билан баробардир. Турли-туман давраларда ёши бир жойга бориб қолган невара-чеварали кишиларнинг муҳаббат тўғрисидаги шеърларидан безганмиз. Тугмачадек оғизларини ўйнатиб, “севгилим, мен сени ташлаб кетаман” деб ҳайқирган безбетгина “луччак” ойимқизларнинг фироғидан куйганмиз. Ё тавба! Ҳазрат Навоий ҳам невараси тенг қизалоқларни бир жойга йиғиб, “Муҳаббат боғида судралиб юрдим” деб шеър ўқиганмикин?.. Бизларнинг шеър тўғрисидаги, шоир тўғрисидаги тасаввуримиз бузилмаганми, шеърий санъат йўқолмаганми, азалдан заҳар ва асал омухтаси бўлган тилимиз кўча тилига, бозор тилига айланиб қолмаганми?”
Шоир сўзларига қўшимча қилишга журъат этаман: ҳозир “нафсоний шеърият” авж нуқтасига чиқмадими? Ижодда “ўйин”лар ҳаддан ошиб кетмадими? Сўзимиз – ўзимиздан ҳаё кўтарилмадими?

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 361

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *