Махсус лойиҳа: Ижод сабоқлари. Эрнест Ҳемингуэй. Ёшлар билан суҳбат & Таржимонга мактубдан

Бугун “йўлсизлик” йўлида юрган ижодкор ёшлар кўп. Кимларни ўқишни, қандай мутолаа қилишни билмай қўлга тушганини ўқиб кетаверадиган, ҳатто ижоднинг бошланғич қоидаларини ўзлаштирмаган қаламкашлар оз эмас. Улар, албатта, яхши бир Устоз мададига муҳтож. Шундай қобилиятли ёшлар ҳам борки, уларга бир “туртки” бериб қўйиш кифоя – ўзлари йўл топиб олишади. Аммо бу “туртки” баъзан йиллаб чўзилади…
Ижоднинг моҳияти нимада? Қайси китобларни ўқиш зарур? Қандай ўқиш керак? Мутолаа маданияти қай тариқа шаклланади? Қандай қилиб услуб яратиш мумкин? Ижодкорнинг “олтин қоида”лари қандай? Устозлардан нимани ўрганиш, нималарни ўрганмаслик керак?..
Мазкур махсус лойиҳамизда улуғ адиблар, олиму санъаткорлар, жаҳон маданияти ва миллий адабиётимизнинг атоқли намояндалари ҳаёти ва ижоди мисолида ана шу саволларга кераклича жавоб топишга уринамиз. Устоз ижодкорларнинг ёшлар билан суҳбатлари, бадиий ижод моҳияти, ижод ва эътиқод борасидаги қарашлари акс этган асарлари, маъруза ва нутқларини мунтазам бериб борамиз. Бу лойиҳа сайт очилганидан бошлаб режалаштирилган эди. Аммо маълум тизимга тушиб олиши учун, албатта, вақт керак бўлади. Ўйлаймизки, бу борадаги фикр-мулоҳазаларингизни биз билан ўртоқлашасиз.

Ҳемингуэй асарларини ўқимаган киши жуда катта маънавий хазинадан бебаҳра қолади. Машҳур адиб, Нобел мукофоти совриндори Эрнест Ҳемингуэйнинг ижоди Ватанимиз китобхонларига яхши таниш. Ўзбек тилида унинг «Чол ва денгиз», «Алвидо, қурол!», «Фиеста» сингари китоблари нашр этилган.
Барча буюк сўз санъаткорлари каби Ҳемингуэй ҳам ёш ёзувчиларга сабоқ бўладиган бой «ижод академияси» яратган. Унинг турли мавзудаги суҳбатлари, бадиий ижод моҳияти ва табиати ҳақидаги қизиқарли мақолалари, мактублари ҳам катта маърифий-илмий аҳамиятга эгадир. Эътиборингизга ҳавола этилаётган, Хейли шаҳри ёшлари билан қилинган суҳбат, рус таржимони Иван Кашкинга мактуб ва Нобел мукофотининг топширилиш маросими учун тайёрланган нутқ (мана бу саҳифада) шу маънода диққатга сазовордир.

Эрнест Ҳемингуэй. Ёшлар билан суҳбат

Савол. Мистер Ҳемингуэй, Сиз китоб ёзишни қандай қилиб ўргангансиз?
Жавоб. Мен ёшлигимданоқ ёзувчи бўлишни орзу қилардим. Ҳамма иш ёшлар газетасига кичик-кичик хабарлар ёзишимдан бошлангани аниқ эсимда. Илк мустақил қадамим ҳам журналистика билан боғлиқ – ўрта мактабни тугатгандан сўнг Канзас-Ситига бориб, у ерда «Стар» газетасига хизматга кирдим. Редакцияда оддий шарҳловчи эдим: «Кимни ким отиб қўйди? Ким нимани ўмариб кетди ва айнан қаерда? Қачон? Қандай қилиб? Қаерда?» каби олди-қочдилар тўғрисида ёзардик. Ҳодисаларнинг асл сабаби («Нима учун?») ҳақида эса лом-мим демас эдик.Хемингуэй
Савол. «Қўнғироқ кимни чорлаяпти?» китобингизга тааллуқли бўлган бир нарсани сўрамоқчиман. Испаниядаги гражданлар уруши даврида у ерга борганингизни кўпчилик билади. Айтингчи, Сиз у ерда нима иш қилган эдингиз?
Жавоб. Мен Шимолий Америка Матбуот бирлашмасининг мухбири сифатида сафарга чиққан эдим. Биз ўзимиз билан бирга республикачилар Испанияси учун бир неча тиббий ёрдам машиналари ҳам олиб борган эдик.
Савол. Китоб ёзиш нияти одамда қаёқдан пайдо бўлади? Айтайлик, «Чол ва денгиз»ни ёзиш учун қачон иш столига ўтиргансиз?
Жавоб. Менга бир балиқчининг бошидан кечган ҳодиса ҳақида, қайиғу денгизда нималар бўлганидан тортиб унинг балиқ билан кескин олишганларигача оқизмай-томизмай ҳикоя қилиб беришган эди. Шундан кейин мен ўзим йилдан бери яхши биладиган балиқчи оғайнимни кўз олдимга келтирдим-да, ўзимни унинг ўрнида, худди ўшандай шароитда тасаввур қилиб кўрдим. Шу, холос.
Савол. Шахсий услубингизни қандай қилиб яратгансиз? Услуб яратишдан аввал, харидорлар талабини ёки жамоатчилик эҳтиёжини ҳисобга олганмисиз?
Жавоб. Мен ҳаёт ҳақиқатини баҳоли қудрат рўй-рост акс эттиришга ҳаракат қилсам-да, баъзан ўзим истагандек тўғри ёзишга кучим етмай қолар эди. Яъни, эгри-бугри ёзиб юборар эдим-да, қисқаси. Менинг ана ўша ғадир-будир ифода йўсинимга «шахсий услуб» ёрлиғини ёпиштиришди. Мен йўл қўйган хатою ғализликларни излаб олиш унчалик қийин эмас, лекин, буни қарангки, улар менинг «услубим» эмиш!
Савол. Бир китобни ёзиб тугатиш учун қанча вақт керак?
Жавоб. Бу, ёзилаётган китобгаю иш унумига боғлиқ. Яхши китоб тахминан бир-бир ярим йилда ёзилади.
Савол. Бир кунда неча соат ишлайсиз?
Жавоб. Мен эрталаб соат олтида ўрнимдан туриб, ўн иккигача ҳамма ишларимни саранжомлашга ҳаракат қиламан.
Савол. Кечаси ўн иккигачами?
Жавоб. Йўғ-э, тушги ўн иккигача.
Савол. Бошингизга ҳеч кулфат тушганми?
Жавоб. Мабодо иш юришмаса, ҳар куни кулфат. Фақат ёзишни энди бошлаган қаламкашгина ғурбатдан йироқ бўлади. Чунки у нимани ёзмасин, ҳаммаси кўзига бағоят ажойибдек кўринаверади-да! Бундай пайтда ўзингни арши аълода ҳис қиласан киши. Ёзивчилик ҳам осонгина ишдек туюлади, маза қилиб тўхтовсиз ёзаверасан. Лекин фақат ўзинг учун ёзасан, холос, асарингни ўқийдиган китобхон эса етти ухлаб тушингга ҳам кирмайди. Китобхонни назардан қочирмай ёзиш кераклигини тушунгандан сўнг ёзувчилик нақадар машаққатли ҳунар эканлигига ишонч ҳосил қиласан. Шу даражада қаттиқ ишонч ҳосил қиласанки, ҳатто қўлёзма устидаги иш ниҳоясига етгандан кейин ҳам туну кун чеккан азобларинг бир умр ёдингда қолади.
Савол. Ёзишни эндигина ўрганган пайтларингиз танқиддан қўрқармидингиз?
Жавоб. У пайтларда мен нимадан қўрқишни ҳам билмас эдим. Чунки машқларим деярли ҳеч қандай даромад келтирмасди. Шунчаки, қўлимдан келганча ёзардиму қўярдим, холос. Лекин тўғри ёзаётганимга ишончим комил эди. Мободо асарларим кимнингдир ғашига тегаётган бўлса, менда нима айб, бошимни деворга уриб ёришим керакми, деб ўйлардим. Умуман, китобларим қачондир ҳақиқий баҳосини олажагига ишонар эдим. Қолаверса, танқид билан деярли жиддий тўқнашмаганман, у бошқа ишларга кўмилиб ётарди. Одатда, адабиётдаги илк қадамларингни ҳеч ким пайқамай қолади. Бу ҳам ёш ёзувчининг бахти.
Савол. Бирор марта ишингиз бароридан келмаслигини олдиндан сезганмисиз?
Жавоб. Агар машъум ҳодиса рўй беришини кўнглинг сезса, албатта бошингга кулфат тушади. Бундай дамларда кўзанинг қачон синишини кутиб ўтирмай, дарҳол эҳтиёт чоралари излаш лозим. Ақли расо киши худди шундай қилади. Бироқ баланд дорга осилган одам оёқнинг ерга тегиш-тегмаслигини ўйлаб ўтирмайди.
Савол. Сиз китоб ёзишдан аввал қатъий иш плани тузиб оласизми ёки хомаки режа асосида ишлайверасизми?
Жавоб. Унисини ҳам, бунисини ҳам қилмайман. Бадиий асар – ёзувчидаги мавжуд билимлар заминида моддийлашадиган хаёлдир. Агар бафуржа ўйлаб ичингдан тўқиб чиқарсанг, хотирангдаги ўлик фактлардан ҳам ишонарлироқ, жонлироқ манзаралар яратиш мумкин. Фалакнинг гардиши чаппа айланиб, машҳур адиблар бадиий адабиёт билан шуғулланмаганларида борми, улар учига чиққан лофчи бўлиб етишардилар.
Савол. «Фалон» нарсани ёзганингиз ёки ёзмоқчи бўлганингиз учун Сизга дўқ-пўписа қилишмаганми?
Жавоб. Нега дўқ қилишмас экан, қилишган. Ҳатто, китобларим чоп этилгач, гумдон қилиб кетамиз, деб ҳам қўрқитишган эди.
Савол. Сиз нечта китоб ёзгансиз?
Жавоб. Унчалик кўп эмас, ўн учта, шекилли. Лекин мен қўлёзма устида жуда кўп тер тўкаман. Устига-устак, тез-тез ишни тўхтатиб, кўнгилхушликлар билан шуғулланиб тураман. Бундан ташқари, менинг ижодий режаларимни чиппакка чиқарган уришлар ҳаддан зиёд кўп бўлди.
Савол. «Алвидо, қурол!» китобингизни қанча вақт мобайнида ёзгансиз?
Жавоб. У китобни қишда, Парижда бошалаганман. Эрта баҳорда Куба ва Ки-Уэстда (Флорида штати), кейин хотинимнинг ота-онаси яшайдиган Пигот (Арканзас штати) шаҳарларида ишни давом эттирдим. Сўнгра биз Канзас-Ситига кўчиб ўтдик, у ерда бир ўғлим туғилди. Ниҳоят, сўнгги нуқтани кузда, Багхори (Вайоминг штати) шаҳрида қўйдим. Биринчи вариантини саккиз ойда ёзиб тугатган бўлсам-да, қайта ишлашга яна беш ой кетди, ҳаммаси бўлиб – ўн уч ой.
Савол. Айтинг-чи, бошлаган ишингиздан кўнглингиз совиб, китобни чала қолдирган пайтларингиз ҳам бўлганми?
Жавоб. Тўғри, баъзан ёзиш ҳам жонимга тегиб кетар эди. Лекин ҳеч қачон ишни чала-чулпа қолдирган эмасман. Ишга чап бериб юриш мумкин, бироқ ундан қочиб қутулиб бўлармиди!
Савол. Асарларингиз қаҳрамонларини тез-тез мушкул аҳволга дучор қилиб турасизми?
Жавоб. Унчалик эмас. Акс ҳолда, ўзимга ҳам қийин бўлиши мумкин.
Савол. Африка тўғрисида бир талай ҳикояларингиз бор. Айтинг-чи, бу қитъани нега бунчалик яхши кўрасиз?
Жавоб. Дунёда шунақанги ғаройиб ўлкалар борки, беихтиёр яхши кўриб қоласан киши. Баъзи жойларни эса кўргани кўзинг, отгани ўқинг бўлмайди. Нега шундай экан – ҳеч тушунмайман. Менга кўпроқ Африка ёқади, вассалом. Сизнинг Айдахо штатингизда ҳам Африка ёки Испанияни эслатадиган бир жой бор. Бу жойга кўплаб басклар (Испаниянинг шимоли-ғарби ва Франциянинг жануби-ғарбида истиқомат қиладиган халқ) кўчиб келганига сабаб ҳам шу бўлса керак.
Савол. Кўп китоб ўқийсизми?
Жавоб. Ҳа, кўп ўқийман. Ишдан чарчаган пайтларимда бирорта китоб ўқиб ҳордиқ чиқараман.
Савол. Бўлажак китобингизга персанаж сифатида асқотиб қолишини ўйлаб дуч келган одамни ўрганаверасизми?
Жавоб. Менинг прототип қидириб изғийдиган одатим йўқ. Ризқим қаёққа сочилган бўлса, ўша ерга беравераман. Дунёдаги баъзи ишларни ўз хоҳишинг билан бажарсанг, бошқаларини истасанг-истамасанг, бажаришга бурчлисан. Табиийки, ҳар икки ҳолатда ҳам бўлажак қаҳромонларинг билан учрашасан.
Савол. Китобларингиз асосида суратга олинган филмлар ўзингизга ёқадими?
Жавоб. Минг афсуски, улар бир пулга қиммат. Голливуд кинокампаниясининг маҳсулотлари ичида биттаси – «Қотиллар» менга сал-пал маъқул тушган, холос. Айтмоқчи, «Чол ва денгиз» ҳам. Чунки бу филъм бевосита назоратим остида суратга олинган эди. Қолганларининг биронтасини ҳам охиригача томоша қилишга тоқатим етмаган.
Савол. «Алвидо, қурол!»ни ёзишга Сизни нима мажбур қилган?
Жавоб. Мен ўсмирлик чоғимда Италияга адашиб бориб қолдим, у ердаги уруш эса кўзимни мошдек очиб қўйди.
Савол. Кинотеатрга тез-тез бориб турасизми?
Жавоб. Ҳа. Менимча, «Квай дарёсининг кўприги», «Дунё бўйлаб саксон кун» филмлари кейинги пайтда яратилган энг яхши картиналардир. «Дунё бўйлаб…» филми анча зерикарли бошланади-ю, кейин бирдан ўзининг сеҳрли комига тортиб кетганини сезмай ҳам қоласан киши. У гўё гўзал орзуга ўхшаб кетади. Фақат яхши филмгина инсон қалбида ана шундай беғубор туйғулар уйғотиши мумкин.
Савол. «Адвидо, қурол!» филмини кўрдингизми?
Жавоб. Кейингисиними?
Савол. Ҳа, кейингисини. Ҳалиги, Рок Хадсон суратга тушгани бор-ку…
Жавоб. Бахтимдан бўлиб, кўрганим йўқ. Бироқ, менга маълум бўлишича, лаънати киночилар романимни булғашибди.
Савол. Сиз уларга китобингизни экранлаштириш учун рухсат берганмисиз?
Жавоб. Қаёқда! Бирор кимса мендан лоақfл рухсат сўрагани йўқ-ку! Менга ҳатто бир чақа ҳам беришмади…
Савол. Қўлёзмани битирганингиздан кейин устидан яна бир бор ўқийсизми?
Жавоб. Албатта. Масалан, мен бугун қўлёзмани қайта ўқиб чиқсам, камида тўрт бобни бошқатдан ёзаман. Чунки биринчи вариантни худди баҳс пайтида қизишиб кетган одамдек пала-партиш ёзаверасан. Ҳовуринг босилгач, зарурий тузатишлар киритиш мумкин.
Савол. Сиз одатда кунига неча соат ишлайсиз?
Жавоб. Олти соатдан кўп эмас. Шундан ошиб кетса, толиқаман ва ёмон ёза бошлайман. Лекин мунтазам ишлайман. Фақат якшанба кунигина дам оламан, холос. Негадир дам олиш куни ишим унмайди. Бир неча марта якшанба куни ҳам ишлашга уриниб кўрдим-у, барибир, кўнгилдагидек ҳеч нарса ёза олмадим.

Эрнест Ҳемингуэй: “Бу жуда ҳам оғир ҳунар…”

…Уруш тўғрисидаги ҳикояларимда шошмасдан, турли хил нуқтаи назардан иложи борича батафсилроқ, ҳаққонийроқ манзара яратишга ҳаракат қиляпман. Шунинг учун битта ҳикояда менинг шахсий қарашларим тўла-тўкис акс этиши амримаҳол. Биламизки, уруш – ёвузлик. Тўғри, баъзан жанг қилишга мажбур бўламиз. Лекин, барибир, уруш – ёвузлик, фақат мунофиқ кишиларгина бу ҳақда бошқача фикрда бўлиши мумкин. Бироқ уруш ҳақида ҳаққоний ёзиш жуда қийин. Ўзимнинг шахсий тажрибам асосида шуни айтишим мумкинки, масалан, 1918 йили ҳали ўсмир чоғимдаёқ Италия кампаниясида иштирок этганимда нақ ўтакам ёрилиб кетаёзган эди. Испанияда эса бир неча ҳафтадан кейиноқ дийдам қотиб, ҳеч нарсадан ҳайиқмай қўйганман. Шунга қарамай, мен учун ва умуман ёзувчилар учун урушда ваҳимага тушаётган одамларни кўриб елка қисиш ёки умуман урушнинг даҳшатли нарса эканини рад этишдан бемаза иш йўқ дунёда. Мен буларнинг ҳаммасини жуда яхши биламан. Урушнинг олдини олиб бўлмадими, тамом, энди фақат битта имконият қолади, у ҳам бўлса – Ғалаба. Афсуски, Испанияда бизга ғалаба қилиш насиб этмади… Етар, жин урсин ўша урушларни. Мен ҳозир фақат ижод қилишни истайман.
Испанияда жонларини фидо қилиб, орамиздан кетганлар ҳақида – ўша сиз таржима қилган парчани ёзиш учун жуда қийналдим. Чунки, қандай бўлмасин, йўлини топиб, марҳумлар ҳақида бор ҳақиқатни ёзиш керак эди. Ўлган ўлди, дейиш билан кифояланмай, яна нимадир айтиш зарур эди. Бундан ташқари, қочоқлару қаҳрамонлар, қўрқоқлару жасурлар, сотқинлару сотқинликка қодир бўлмаган инсонлар ҳақида виждонан ёзишни истардим. Биз ўша одамлар ҳақида кўп нарса билар эдик…
Уруш бораётган пайтда ҳеч ишга қўл ургинг келмайди, доим сени ҳам ўлдиришлари мумкинлигини ўйлайсан киши. Бироқ, мана, мен омон қолдим, демак, ишлашим керак. Ўлиш осону, яшаш хийла қийин эканига, ёзиш эса ҳамиша машаққат эканига ўзингиз ҳам ишонч ҳосил қилгандирсиз-а? Мен жон деб текинга ёзардим-у, лекин ҳеч кимса бирор нарса бермагандан кейин очдан ўласан-да. Агар мен Голливуднинг ноғорасига ўйнаганимда ёки ҳар хил бўлмағур нарсаларни ёзаверганимда жуда катта маблағ жамғариб олишим мумкин эди. Аммо мен, токи танамда жоним бор экан, фақат яхши ёзишга, ҳаққоний ёзишга ҳаракат қиламан. Айни замонда, ҳеч қачон тинка-мадорим қуриб қолмаслигига ҳам ишонаман.
…биласизми, ёзувчиликнинг жуда ғалати томонлари бор. Биров сенга ёрдам беришни минг истаган тақдирда ҳам, сен мустақил бўлишинг шарт бўлган ва дунёдаги ҳеч бир зот сенга ёрдам беролмайдиган (фақат сенга халақит беришмаётганини ёрдам деб ўйламасак-да!) бирдан-бир ҳунар – бу ижоддир. Дўстгинам, бу жуда ҳам оғир ҳунар…
1939 йил 23 март
Ёзувчининг таржимон Иван Кашкинга мактубидан.
Набижон БОҚИЙ таржимаси.
Ушбу суҳбат ва мактуб «Ёшлик» журналининг 1985 йил 3-сонида чоп этилган.
Бизни ижтимоий тармоқларда қуйидаги манзилларда кузатиб боришингиз мумкин:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin
 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.