“Инсон қидиряпман!”

ЯШАШ УЧУН КУРАШ

Кўпчилик назаридаги “яшаш учун кураш”да ҳаддан ортиқ зўриқиш, ўзингни ва бошқаларни қийнаш, зулм, тажовузкорлик, ёлғон, ҳалол ва ҳаромни фарқламаслик, ўзгалар ҳақига хиёнат… бордек. Бунақа “яшаш” одамни ҳаётдан ҳам бадтар шафқатсиз қилиб қўяди, боз устига, жуда тез ҳолдан тойдиради. Шунданми, имкон қадар “яшаш учун курашмай” яшаяпман…

“ИНСОН ҚИДИРЯПМАН!”

Шундай дея куппа-кундузи фонус кўтариб юрган Диоген изтироблари минг йиллар оша жондан жонга кўчиб, Одамга зор яна неча одамларни файласуфга айлантирди. Аммо дунё ҳали-ҳануз Одамга муҳтож. (Бу ўринда Одам ва Инсон сўзлари фарқланмаяпти.)
Одамизод яралибдики, Одам қидиради. Умримизнинг асосий қисми Инсон излаш билан ўтадигандек. Тақдиримиз шу, шекилли.
Аммо ҳуда-беҳуда ёзғиравермасдан қидирганимиз ўша Одамга айланишимиз керак экан. Жайдари тилда айтганда, ўзимизни ўзимиз одам қилсак…

ТИРНОҚЛИ САВОЛЛАР

– Ёшлигим сиздамиди?
– Йўқ, Тафаккурингиз менда?
– Маърифатингизни бериб туринг.
– Ҳидоят олиб келдингизми?
– Илтимос, Ҳурриятингизни ташлаб кетинг.
(Ўзаро суҳбатимиздан.)

Афсус, сўзлашувда қўштирноқ йўқ-да. Бўлмаса, гап газета-журналлар ҳақида кетаётганини тушунтириб ўтиришга ҳожат қолармиди. Бу-ку бир ҳазилнамо ҳол. Лекин кун келиб мана бу қўштирноқсиз тирноқли саволларга жавоб беришга тўғри келади:
Ёшлик қани?
Қани Тафаккур?
Маърифат қаерда?
Ҳидоят-чи?
Ҳурриятни нима қилдингиз?..

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.