Ёшлар давраси: Ирода Умарова. Шеърлар & Иродали Ирода

CУҲБАТ

Эҳ!
Сизга ҳавасим келади жуда,
Табиат товушда рўйланганида.
Тинглайсиз, гоҳ сокин, гоҳ авж пардада
Ёмғир ҳаёт мадҳин куйлаганида.
Балки сел бўларсиз, қушлар чуғурлаб
Дарахт кафтларидан ўқишса оят.
Эшитиб қоларсиз, бебош шамолни
Барглар шитирлашиб қилганда ғийбат.
Чақмоқ қарсилласа тушарсиз чўчиб,
Қор ғарчин басталар қадамингизга.
Тўлқинлар кулгунгга қолибди кўчиб, -
Дейсизми суюкли одамингизга?
Сўзсиз қўшиқ айтиб ўтади кунлар,
Айтинг – қадрлими ёки барибир?!
Сиз учун доимий, ҳатто жўн унлар
Мен учун соғинчли хотиралардир!
Шундай…
Жонлантириб олис хулёни,
Унут оҳангларни такрорлаб қалбан –
Бутун одамзотни, бир кам дунёни
Тинглаб яшаяпман кўзларим билан…
Эҳ, бечора, деманг, шундай чорам бор –
Сизда бундай инъом йўқдир, ранжиманг.
Қулоқ пардаларга етмоғи душвор
Сасларни ҳисларда қилгум таржима…
Қаранг –
Сув тол торин чалиб ўтади,
Балиқлар гурунгин қамраб оғуши.
Бармоғимдан кўнглим қадар етади
Хонқизининг майин қадам товуши.
Қаноти ҳавони чертиб учмоқда,
Капалак – чамандан сачраган чўғдай.
Шўридан зорланиб ётган сўқмоқда
Чумоли ҳансираб судрайди буғдой.
Садоси нолага кетар бўялиб –
Пошналарни бир-бир санар бўсаға.
Дераза ойнаси йиғлар уялиб,
Шаддод қорпарчалар олган бўсага.
Қуёш чил-чил синар шабнамзор ичра,
Туман бу – заминнинг қуюқ оҳлари.
Таралаб ётади боғлар бағрига
Гуллар – ғунчаларнинг қаҳқаҳалари…
Эшитяпсизми?!

ТИКАНЛИ ГУЛ

Ачингандай қараманг менга
Ва меҳрингиз қилманг садақа.
Билмайсизки, кулгудан кўра
Кўзёш яқин қилади Ҳаққа.

Ўйлайсизки – яримта қалбим,
Кемтигига армон тахлайман.
Йўқ! Тикан-ла тугал гул каби
Шу дардларим билан бахтлиман!Iroda Umarova. Egasiz sog'inch

ЙЎЛБАРСМАН

Кўриб ёқангизни ушлайсиз балки,
Таниш қиёфамда нотаниш феълни?
Танимга бу ҳаёт – бешафқат табиб,
Кўчириб қўйгандай бошқа кўнгилни.

Ўзимни эслайман, ҳув ўтмишдаги,
Қандай оҳу эдим! Содда, беозор…
Афсус, яхшилигим ёмон экан, дўст,
Беозорлигимдан чекдим кўп озор.

Ҳасадгўй, дўстниқоб, шаънхўр шоқоллар
Кўзёшим ичгали тушдилар қасдга.
Бу ов жараёни эвирди мени
Ожиз ўлжагамас, озод йўлбарсга…

БУ СЕВГИ…

Бу севги – бахт эмас, дил чеки эмас,
Номини қўймишлар гуноҳ аташиб.
Агар висол бўлса, меники эмас,
Агар инъом бўлса, келган адашиб.

Бу севги – жаннатга етмаган соғинч,
Аросат даштида йўли тугаган.
Ёки бойчечакдай унган шошилинч,
Ёки шомчечакдай кечда гуллаган.

Бу севги – орзуйим эди тушимда,
Ўнгимда армонин кўрсатди ҳаёт.
Кўнглим вайрон қилиб, синчу ғиштидан,
Наҳотки умримни тузатди ҳаёт?

Бу севги – ҳаққини сўролмас қадр,
Келмасдан, кетишин кузатдим пурғам.
Бизни адаштирди ўзгада тақдир,
Энди топишмаймиз, азиз Қовурғам!

Бу севги – эҳтимол охиру азал
Гуноҳларим учун Ҳақ солган хирож?
Унутгим келяпти сени, лоақал
Борми ўтмиш дарддай эслашга илож?

Умидларим узиш билан қўллайсан –
Ёрингни шунчалар, шунчалар севки…
Энг маҳзун сирингман, ўзинг билмайсан,
Кечиккан севги бу,
Кечиккан севги…

КЎНГЛИНГИЗ…

Эшик йўқ, йўқ деразалари,
Лекин унда кириш-чиқиш бор.
Лекин мендан холи ул манзил,
Ташрифимга изн ҳам душвор.
Атрофида айланаман хун,
Девор йўғу, кўринмас ичи.
Нигоҳимга қадалиб қолган
Изтиробнинг ўтмас қиличи.
Тиламайман эҳсон, мурувват,
Алам қилар фақат гоҳида –
Ҳатто яшар ағёрларингиз
Ул қасрингиз нафратгоҳида…
Ҳолбуки, мен ёр бўлиб келдим,
Қандайки бахт кутардингиз сиз –
Барчасида бор бўлиб келдим,
Юрагимдан итардингиз сиз!
Кўзёшлардан тиклангандайман,
Қўйвормайман битта озорни –
Менинг ўрним эгаллади ким?
Менинг ўрним… аслида борми?!
Кетгим келар, кечгим келмайди,
Қандай тубсиз ишқ қаъридаман.
Ҳаётингиз ичидаман-у,
Кўнглингиздан ташқаридаман…

БАҲОР

Яна новдаларга тошди куртаклар,
Яна дарахтларда очилди қушлар.
Яна нурга коса тутди чечаклар,
Яна ёмғир бўлиб қайтди товушлар;

Яна кўкка дастхат чекди чақмоқлар,
Яна камалакда қовушди ранглар.
Яна думалади момақаймоқлар,
Яна ариқларда оқди оҳанглар;

Яна соч ўстирди девона толлар,
Яна майсаларга тушди қутқулар.
Яна майинлашди хушбўй шамоллар,
Яна атлас-ипак кийди туйғулар;

Яна қизғалдоққа бўялди қирлар,
Яна яшил шароб сипқорди борлиқ.
Яна тилимизга қайтди шукрлар,
Яна бир баҳорга етказди Холиқ!

***
Ёмғир ёғаётир, кўраяпсизми
Совқотган томчилар титроқларини?
Куз қўлига олиб бир ҳазин ҳисни,
Артмоқда юраклар япроқларини.
Менинг ҳам тўкилгим келяпти жуда,
Кўксимда андуҳлар чайқалар дардчил.
Лекин эримоқни қилолмас удда
Меҳрга исинмай қўйган бу кўнгил…
Ёмғир йиғлаяпти хўрсиниб-қақшаб,
Сиз нега бепарво, бетуйғу, беғам?
Шунча вақт кўзимга тикилиб яшаб,
Кўзимдаги ёшни кўрмаган одам?!

СОҒИНЧ ТЎПЛАМИ
1
Мен энди қишлоқнинг одами эмас,
Отиб юборилган тош-полахмони.
Болалигим юрган чанг кўчалардан
Энди ўтаяпман бўлиб меҳмони.
Қўмсайман сувларин ичиб, уялмай
Ташлаб кетганим у соғинч юртини.
Ва беғам, хотиржам кунларим қолган
Эсдалик дафтарим – боғлар ҳидини…
2
Жиззах томонларда, довон ортида
Бир гўша бор – бағри тўла боғ, булоқ.
У доим ёришиб турар ёдимда,
Муқаддима Ватан – Гарашақишлоқ.
Уфқ алвонини баралла ёйиб,
Четига тоғларни бостирган юртим.
Уйлари баҳордан то кузаккача
Дўпписига чечак қистирган юртим.
Само биллуридан тўкилган ранглар
Қирларга ёйилиб ханда отади.
Йилларга беписанд мағрур харсанглар
Сойларнинг кўксига ботиб ётади.
Иссиқ нон ва тупроқ, зирвак ислари
Қоришиб бораркан кечки ҳавода –
Эгаларин чорлаб Жондаҳор сари
Адирдан шовуллаб тушади пода.
Чўққилар азоннинг сеҳрига чўкиб,
Кифтидан оширар экан қуёшин –
Кимлардир лойдевор узра қўл чўзиб,
Қўшнига илинар таомнинг бошин.
Яна азон билан бошланади кун,
Яна қирликларга ўрлайди пода.
Меҳнат, тоат, аҳил-саховатлилик
Эл умри мазмунин этар ифода.
Ёз авжи уйғонган вазмин шамоллар
Ёмғир-у дўлларни келади ҳайдаб.
Сўнг бу қилиғига кутгандай узр,
Кўкка камалакни қўяди қадаб.
Кузда ҳам гул баргин кўрмоқлик мумкин
Қай бир дарахтнинг қай бир шохида.
Ҳафталаб кезади баҳорнинг иси
Кекса ва бадқаҳр қиш қучоғида.
Эҳе, сўйлайверсам соғинчим гуллаб,
Қаламим айланиб кетмасми торга?
Гараша, ҳисларим қоғозга элаб,
Ҳуснингни таржима қилдим ашъорга.
3
Менинг қишлоғимда кенглик бемалол,
Ҳаво ҳам, ранглар ҳам бариси асл.
Ташрифи туймагач тўсиқ ва малол,
Астойдил келади ҳар битта фасл.
Баҳорни оқизиб келади селлар,
Ноз қилиб ўтирмас ёмғирлар, дўллар.
Ҳатто тошларни ҳам безайверади
Илдизи жаннатдан бошланган гуллар.
Ёзнинг офтобини бошига ёпган
Боғлар қучоғида шаббода оқиб –
Бўйида булоқлар мўлтираб ётган
Кўчаларга мева ўтади қоқиб.
Кузнинг қировларин аритмоқ истаб,
Япроқ борки – ёнар, беолов, бедуд.
Заминнинг бағрида тўлиқар ҳосил,
Қушу жонворлар ҳам қишликлари бут.
Бу ерда қиш яйраб кияр виқорни,
Муз билан яшириб қўяр анҳорни.
Ҳайрат шаклин чизиб деразаларга,
Одам бўйи тиклар қордан деворни.
Бу шеърда лоф-мақтов йўқ, деб турибди
Кўзимда дурланиб турган ёшгача.
Аллоҳим заминга неки берибди,
Мен-чун Гарашада бари бошқача!
4
Аллоҳ қуриб қўйган чўнг қалъам,
Тоғ тўсган тўрт ёнларинг сенинг.
Этагингга сочади шабнам
Муздайгина тонгларинг сенинг.
Кўзга сиғмас адирларингдан
Аёзда ҳам кетмас кўк оҳор.
Заминости томирларингдан
Шифо бўлиб оқар Жондаҳор.
Шамс куйиб шиваган нурни
Шаббодалар қучади жўшиб.
Чорбоғларинг – капалакзорлар,
Мевалардан турар тўлишиб…
Ҳар келганда қиш улашиб тин,
Томга қадар қорга йўргаклар…
Кейин… яшил кўйлакчаларин
Ечиб, пушти кияр куртаклар…
Кейин… янги тушган келиндай
Қизаради олма-олчалар…
Кейин…бир кун кутилмаганда
Хазонлардан кўпчир кўчалар…
Тўрт фасли ҳам бирдай сулув юрт,
Табиату Ҳақ суйган гўшам.
Булоқларин кўзи сув-сув юрт,
Отам,
Онам,
жоним Гарашам!..
Сендан олган бойликларим мўл:
Кўнгил, илҳом, ғурур ва ҳайрат…
Эвазини қоплармикан шул –
Шоир қизинг берган муҳаббат?!
5
Гараша томонларда йўлим қолиб кетди менинг,
Йўл бўйида ёшлик деган гулим қолиб кетди менинг.
Ёнбошидан бир қайрағоч суябгина турган уйда
Отам бўлиб, онам бўлиб кўнглим қолиб кетди менинг.

Юрибди-я тўйиб-тўйиб Ватанининг жамолига,
Оҳ, ҳавасим келиб борар Гарашалик чумолига,
Юрак таслим бўлиб тугар соғинчларнинг қамалига,
Кўзёшларнинг оҳангида тилим қолиб кетди менинг.

Ойда-йилда бир бораман бир меҳмони азиз бўлиб,
У уйимга келар хешлар кўзидаги юлдуз бўлиб,
Опаларим тугунида ёнғоқ бўлиб, майиз бўлиб,
Тимсолида бир жонкуяр синглим қолиб кетди менинг.

Ҳеч бир туйғу эрка эмас унга боғлиқ хаёл каби,
Ким дўстимдир қирларидан ўтиб келган шамол каби?
Яримтаман осмонида юзин ювган ҳилол каби –
Гараша томонларда…
Гараша томонларда кўнглим қолиб кетди менинг…

ТАВБА

Кўнглимнинг тоатга ғарқ кўчасидан
Ким ўтди сўйланиб ишқ лаҳжасида?..
Тавба, мен кимнидир севаман чоғи,
Йўқса куярмидим чўғ-лахчасида.

Жойнамоз устида ишқдир мазҳабим,
Тилимдан оятмас, шеърлар тўкилса…
Балки кечиргайдир Раҳмоним, Раббим,
Ўзи мени шундай яратган бўлса…

Бунчалар яхшисан, Парвардигорим,
Шафқат боғларингда пишган меваман.
Тавба, қайси банданг кўтарса корим,
Сени ҳам унутиб, уни севаман…

Ҳозир бахт исидан мастдир димоғим,
Чиройлиман, қошу кўзи қораман.
Лекин… ёлғонларга қоқилган чоғим
Уялмай ўзингга йиғлаб бораман.

Кўзимга денгизлар кетади сиғиб,
Тақдирнинг зулмидан айтсам ҳикоят.
Бандангман, лек ўзим бир четга чиқиб,
Жамики бандангдан қилдим шикоят.

Қайдан ҳидоятга келар чорловинг,
Балки қалбимдадир қўналғанг сенинг?..
Муҳаббат бу – асли улкан синовинг,
Умр – чин дунёга йўлланманг сенинг.

Муҳаббат ва умр… бари бўлди кир,
Кечиргил жаннатдан умидворингни.
Чап елкам ўнгидан тортмасдан оғир,
Ўлдири-и-иб қўйсанг-чи гуноҳкорингни!..

ЯПРОҚЛАР

Гавжум йўл четидан боряпман ёлғиз,
Ўзимнинг дунёмга ўранган кўйи.
Шу гўзал лаҳзада олислардасиз,
Ёмғирлар торида соғинчнинг куйи.

Офтобни беркитиб, гаровга олиб,
Ҳатто туманлар ҳам сизни дараклар.
Бизни ҳам ҳолига қўймасми солиб
Япроқлар – ер тишлаб ётган юраклар?..

Соғиндим, соғиндим… соғиндим ёмон…
Кўнглимда синар ишқ ниҳолчалари.
Кўзимдаги дардни тўкаман қаён,
Япроқлар – ёмғирнинг рўмолчалари…

ОПАЖОН
Ҳалима.Худойбердиевага

Яшил бахмалларга ёнбошлаган тоғ…
Анвойи исларга шўнғиб кетган боғ…
Опажон, соғинмай яшарман қандоғ –
Жиззахнинг гулбадан далаларини…

Ялпизлар тошибди ариқ бўйига,
Қандай қилиб тушдим дарднинг кўйига?
Опажон, ярашмас, бахтнинг куйига
Басталасам кўнглим нолаларини…

Қўрқдим: энди мазах қилмасмиканлар,
Ҳатто шеър ўқишни билмасмиканлар?!
Опажон, одамлар кулмасмиканлар
Сўзга тизсам ёмғир доналарини…

Гулдай таним бир кун ерга айланар,
Руҳим қайдалиги сирга айланар,
Опажон, тўқисам шеърга айланар
Жонимдаги дарднинг толаларини…

Опа, назмингиздан меҳрим ўргилсин,
Опа, ўзингиздан меҳрим ўргилсин,
Қизғонмай берасиз неча йил терган
Илмингизнинг кафт-кафт шуълаларини…

Лекин… синглим деманг СЎЗ майдонида,
Рақибмиз, қонимиз йўлбарс қонидан,
Ёниб-сачраб ўтсак элнинг ёнидан –
Сиз каби сийласин, сиз каби суйсин
Мендай тентаккина болаларини…Iroda Umarova. Siz uchun

МЕН ҚИЗҒОНСАМ…

Меъёридан ўтсам тутинг маъзур, жоним,
Мен қизғонсам нодон бўлиб қизғонаман.
Гулдеккина кўнглингиздан узр, жоним,
Мен қизғонсам тикон бўлиб қизғонаман.

Ҳолим бордир сиз ўзгага бир боққулик,
Аразим-да дунёларга ўт ёққулик.
Аламларни тилга қамаб, лаб тишласам –
Тишларимнинг орасидан қон оққулик,
Мен қизғонсам ёмон бўлиб қизғонаман.

Ойдин тушга дўнганим бор уйқунгизда,
Бинафшалар терганим бор кулгунгизда.
Дил дарчасин сизга очиб қўйдим қандай,
Қандай пайдо бўлдим юрак мулкингизда?
Мен қизғонсам ҳайрон бўлиб қизғонаман.

Ҳижронлар-ей, жоним аро жон сақлайди,
Йўлимизни икки ёнга тароқлайди.
Сиз оғринманг, шу куйдирги рашкимни ҳам
Бир кун келиб соғинчингиз сўроқлайди…
Мен қизғонсам армон бўлиб қизғонаман.

Гулдеккина кўнглингиздан узр, жоним,
Мен қизғонсам тикон бўлиб қизғонаман…

ОТА УЙ

Мўъжаз ҳовли,
Каттагина боғ,
Дарвозаси ҳеч турмайди берк.
Бунда кезиб юрар бош-адоғ
Тоғ ҳавосин кийиб олган Эрк.
Бунда кесмас қуёш қўлини
Кўча бўйлаб чўзилган девор.
Бунда турмас юрак зўриқиб,
Овоз чиқар яйраб, жарангдор.
Тепсанг қўшнинг қилмас безовта,
Пешонаси тош остоналар.
Сомонсувоқ баданларига
Беҳи ҳидин сепган хоналар.
Учта сандиқ, бир эски танча –
Шудир холос бисот дегулик.
Дабдаба ва буюм ўрнига
Ўрнатилган меҳр, тотувлик.
Ота ҳовлим,
Томинг четида
Айронкади осилган бутоқ –
Қучоғингда тургани учун
Мендан кўра бахтли,
Бахтлироқ!..

ШОИРЛАР

Шоирлар — Аллоҳнинг котиби бўлиб,
Дунёга сарафроз келувчи зотлар.
Сўздан йиғиштириб, Сўзга тўкилиб,
Кўнгилни таржима қилувчи зотлар.

Ҳатто ранжитиб ҳам очган бўласиз
Қарғиш эмас, илҳом куртакларини.
Доимо ўзгага фидо кўрасиз
Фаришта силаган юракларини.

Улар – тўрт фаслнинг бирдек мезбони,
Туйғуларга тўла паймоналардир.
Бемори, масти бор, йўқдир ёмони,
Шоирлар – ақлли девоналардир.

ШОИРА ОПАМ…
Зебо Мирзога

Руҳим соясида кетдим йўқолиб,
Нурбадан шеърларга жонимни қордим.
Икки дунё аро тикка йўл солиб,
Учинчи дунёга – кўнгилга бордим.

Кипригимда ёшлар кетдилар гуллаб,
Дардимни совуққон тунларга ёрдим.
Бўлмади, бўлмади… муҳаббат тилаб,
Яхши кўрган Зебо опамга бордим.

Сўзни ушлаб кўрдим,
Кўнгилни ўпдим,
Бахтга суртиб ўтдим нигоҳларимни.
Армоннинг кимсасиз кўчаларига
Чангдай қоқиб кетдим гуноҳларимни.

Тердай чиқиб кетди бор изтиробим,
Бир ҳаловат қилдим, ҳаловат қилдим.
Ер жойнамоз бўлди, осмон меҳробим,
Севги сураларин тиловат килдим.

Эгилиб борадир гулларнинг қадди,
Ўз кўксига ўзи санчиб тиканин.
Опажоним менга аниқ ўргатди
Шеърият нақадар буюк эканин!

Сўзлари аччиқдан-аччиқ йиғлатди,
Кўпроқ сездим диллар куюк эканин.
Опажоним менга қаттиқ ўргатди
Муҳаббат нақадар буюк эканин!

Меҳрнинг бўйида ўсдим гуркираб,
Илдизимни фақат Сўзда суғордим.
Ишқнинг тилларидан битта шеър сўраб,
Шоиргинам Зебо Мирзога бордим…Iroda Umarova. Muhabbat diyori

ШОИР

Яшайман кимнингдир пойини ўпмай,
Манфаатга сотсанг – қадр бир танга.
Мен шоир бўлгани келганим йўқ-ай,
Шоир бўлиб келдим азим Тошканга.

Нимадан қўрқаман, дуолар қилиб
Кузатиб қолганда ялпиз, жайронлар.
Олис тоғларда ҳам КЎНГИЛ борлигин
Билдириб қўйишга келдим, ёронлар!

АЖАБ ДАРД

Кул бўлишни ўйламанг-е, дўст,
Етар шунча куйганларимиз.
Бу дардимиз жазо эмас, йўқ,
Худойимнинг суйганларимиз.

Суюкларга текинмиди бахт,
Уни излаб узоқ юргаймиз.
Худойимдан ёрдамга фақат
Сабр… сабр… сабр сўргаймиз.

Тан дардини, минг қуллуқ, олса,
Дил дардини кеткизмасин, дўст.
Айирмоққа илож йўқ бўлса,
Давосига еткизмасин, дўст!

Гарчи ушбу тилагим ғалат,
Шу дард билан борга ўхшаймиз.
Бахтсиз одам бўлсак майлига,
Бахтли шоир бўлиб яшаймиз!

МЕНИ СЕВ…

Мени сев… нур бўлиб оққил умримга,
Бахш этган ҳар лаҳзанг бахт деб атайман.
Севаман… меҳрингга тўлиғ кўнглимга
Мангу саодатни гулдай қадайман.

Жонимга сачраса бир қатра ғаминг,
Азоб уммонида чўмиламан жим.
Руҳимни эркалар бир хурсанд онинг,
Сени бахтли кўрмоқ ёлғиз ўтинчим!

Йиртиб киприк номли ҳижобларини,
Нетайки, кўзларим фақат васлинг дер.
Сенга бағишладим савобларимни,
Сен менга жамики гуноҳингни бер.

Гарчи гарданимда гуноҳлар катта,
Жисмимни дўзахда чўғга қоргайдир.
Юрагим, хаёлим, севгим жаннатга
Сенинг юрагингда кириб боргайдир…

 ТИЛАГИМ

Кўкнинг товонига санчилар чўққи,
Қаранг, ярасидан оқмоқда шафақ.
Бир кунлик умрининг раҳмати ҳаққи,
Капалак сўнгги бор кўтарар қадаҳ.

Кумушранг тераклар фавворасида
Оймомо нозланиб ювар экан жом –
Туйғулар чирпинар дил қафасида,
Бир гўзал, бир ширин туюлар оқшом.

Хайрли тун… ёнар юлдузлар тани,
Хайрли тун… титраб-титраб йиғлар шам.
Тилагим: ҳар саҳар бандаларини
ЯХШИ ОДАМ қилиб уйғотсин Эгам.

ДИЛ

Дил кўксимга кишанланган ҳур эдими,
Арзандамиз шу қоракўз шеър эдими?
Шеър ўпган-у бахт сиғмаган бирор шингил –
Пешонамиз ёруғмиди, шўр эдими?
Биз қанақа шоир бўлдик, бечора дил…

Туйғуларим осмонларга никоҳ бўлди,
Соғинганим севги тўла нигоҳ бўлди.
Бисотингда ўстирмасдан бир қизил гул,
Ишқ ҳақида шеърлар ёздим – гуноҳ бўлди.
Биз қанақа шоир бўлдик, бечора дил…

Пайқамасак хазон туйган бахтларгача,
Оймомонинг гардишида гардларгача.
Ҳариргина қанотини йиртганда ел –
Капалакнинг кўзидаги дардларгача.
Биз қанақа шоир бўлдик, бечора дил…

Эшитганни гул устида ухлатмаса,
Ўқиганнинг кўзларини чўғлатмаса.
Айтган сўзинг ҳар юракни қилиб бир хил,
Ҳайратларни кўзга босиб йиғлатмаса –
Биз қанақа шоир бўлдик, бечора дил…

Дарддан кетсак, унга бошқа арзимасак,
Кўнгилларга тик қарашга арзимасак.
Умримизнинг арқонидан энг сўнгги қил
Узилганда томчи ёшга арзимасак –
Биз қанақа шоир бўлдик, бечора дил…

БАҲОР БУ…

Баҳор бу – осилиб харсангтошларга,
Селларнинг зарбидан чайқалган қирғоқ…
Баҳор бу – томларнинг лабидан сачраб,
Боғларга туташган лолақизғалдоқ…

Баҳор бу – хонқизи тақиб баргига,
Қуёшга юзланиб жилмайган ниҳол…
Илдизини туртиб чиққан ялпизга
Термулиб ўтирган ёлғиз мажнунтол…

Баҳор бу – туғилган куни гулларнинг,
Ва эгнига бахмал тортган адирлар…
Мовий кўзи ёшли осмонни суйиб,
Қушлар шевасида айтилган шеърлар…

Баҳор бу – бир дона лола қасдида
Оқсоч чўққиларга интилган сўқмоқ…
Баҳор бу – томларнинг лабидан сачраб,
Қирларни ёндирган лолақизғалдоқ…

ИСТАК

Шундайин севсангиз…
Айтганингиз чоғ
Исмим куйдиролса лабларингизни…
Юлдузнинг тушига бахт кирган тунлар
Ой менга етказса гапларингизни…
Ёдим ёдингиздан ўтганда чатнаб,
Кўзингиздан сизиб кетса қайғунгиз…
Нигоҳимни эслаб, энтиксангиз жим,
Майсалар титроғин кийса руҳингиз…
Гулга ўхшатсангиз,
Кейин ўзингиз
Гулдан қизғонсангиз рафторларимни…
Дайди шамоллармас, сизнинг қўлингиз
Варақласа кўнгил дафтарларимни…
Гулнинг кўзёшлари – шабнам мисоли
Томсам субҳидамнинг ёноқларидан…
Сингдирсангиз мени, қуёшдай балқиб
Осмоннинг муаззам равоқларидан…
Агар келар бўлсам ҳузурингизга,
Шулъага бўялса каҳкашонингиз…
Агар кетар бўлсам…
Бундан аввалроқ
Жисмингизни ечиб кетса жонингиз…
Шундайин севсангиз…
Гўзал севсангиз…

ТУШ…

Ё Раббим, бу севги бунча баттарин,
Дарёни кафтида сунган соқийман.
Унинг хаёлимда ёзган хатларин
Кўзларимни юмиб, йиғлаб ўқийман…

Усиз кунларимни орқага отиб,
Сароб кунларимда яшарман бирга.
Нетайин, тақдирга шундай ишқ битиб,
Соҳибин битмаган бўлса тақдирга?

Кўнгилга севинчни татитмас гуноҳ,
Армоннинг важлари чилпарчин синди.
Тушларимга кириб келади-ю, оҳ,
Тушларимдан кириб келмайди энди…

Келса ҳам видога бўлар бу дийдор,
Агар нигоҳига юрагим сайддир -
Устида кунларим тикланган бўйдор,
Ўз қабрини кўриш учун келгайдир!

Ё Раббим, бу севги бунча беқарор,
Бир девона руҳга кўйлакдир таним.
Бахт бўлса — ёр эмас, дард бўлса — ағёр,
Ҳатто садоқатга ҳаққим йўқ маним.

О, Раббим беҳикмат қилмас ҳеч нени,
Майли, юрагимни узгил, сарғайтгил.
Балки жаннатларда чорлатар сени -
Нотаниш севгилим, исмингни айтгил…

МЕН

Эрка чаманларин қизғанди тақдир,
Тошлар орасидан туртиб чиқдим мен.
Кифтлари ботса ҳам залворли, чақир,
Ғовмас, суянчимдай тутиб, чиқдим мен.

Одамлар чечаклар саралай ўтди,
Гарчи Аллоҳимдан раво эдим мен -
Кўримсиз гул эдим, қарамай ўтди,
Балки хушбўй, балки даво эдим мен!

КЎНГИЛ

Сўнар яна бир-икки орзу,
Ўттизинчи йилим олдида.
Армонлардан ўсмай қолган бу
Кўнглим ёши ҳамон олтида.

Ўйнар даври тақдирга ўйин,
Ёшлик деса ёшлари мўртдир.
Гуллаган-у туймаган бўйин,
Кўнглим ёши ўн уч-ўн тўртдир.

Ҳеч тушмаган бахт очган фолга,
Ҳижрон билан эгизак, шаксиз.
Муҳаббати тушида қолган,
Кўнглим ёши ҳамон ўн саккиз.

Кузатяпман бу дунёни жим,
Нигоҳимга яролар тошди.
Гоҳ кулгу, кўп қайғудан ғижим
Кўнглим ёши етмишдан ошди.

Яшаяпман, гўё лаҳзада
Кезган каби нечов ўлкани.
Шукр, Тангрим, нима бўлса-да,
КЎНГЛИМ ТИРИК бўлса бўлгани.

Iroda UmarovaИрода УМАРОВА 1987 йилда Жиззах вилояти Фориш туманидаги Гараша қишлоғида таваллуд топган. Низомий номидаги ТДПУда таҳсил олган. “Зомин” республика ижодкорлари анъанавий танлов-семинарининг Олий ўрин соҳибаси (2007). “Баҳор висоли”, “Эгасиз соғинч”, “Учинчи дунё”, “Сиз учун”, “Муҳаббат диёри” каби шеърий ва насрий китоблари нашр этилган.

ИРОДАЛИ ИРОДА

Инсон ҳаракат қилсагина мақсадига етади. Гоҳида имконияти чекланган бўлишига қарамай муваффақият қозонаётган кишиларни кўриб, ҳайратга тушамиз. Ахир соғлом бўла туриб ўз касбини, ишини эплай олмаётган инсонлар қанча? Бирор ютуққа эришиш учун имконияти чекланган инсон икки баробар кўпроқ меҳнат қилишига тўғри келади. Эшитишида нуқсони бор журналист ҳақида эшитганмисиз? Ривожланган мамлакатларда бундай касб эгалари мавжуд, аммо ўзимизда-чи? Бизда ҳам шундай инсон бор, аммо камтарлиги туфайли уни ҳамма ҳам танимайди. «Бекажон» газетасининг мухбири Ирода Умарова мақола ва шеърлари билан ўқувчилар ҳурматини қозониб келмоқда. Ироданинг эшитишида нуқсони бўлишига қарамай, журналистикадек мураккаб соҳани уддалаб келаётгани, ҳамкасб ва муаллифлар билан самимий муносабатига қойил қолсак, арзийди. Ирода 1987 йилда Жиззах вилояти Фориш туманидаги Гараша қишлоғида, зиёли оилада таваллуд топган. Онаси Зулайҳо Фозилова уй бекаси, отаси Эргаш Умаров ўқитувчи, мактабда она тили ва адабиёт фанидан дарс берган. Айни дамда кексалик гаштини сурмоқда. Ирода оилада 9 нафар фарзанднинг кенжаси бўлиб, 1994 йилнинг баҳорида, яъни 7 ёшида тўсатдан касалликка чалинади. Бир ҳафталик кучли иситма туфайли оёқлари фалаж бўлиб ётади. Қишлоқ шароити, дастлаб уйда даволатишади. Кейинроқ туман шифохонасига олиб боришади. У ерда грипп ташхиси билан даволанади. Оёққа туради. Аммо эшитиш қобилияти сусайиб бораётганини сезиб қолишади. Муолажаларга қарамай бора-бора умуман эшитмай қолади. Ўша пайтда мутахассислар унга “кохлеар неврит” ташхисини қўйишади. Шунга қарамай қишлоғидаги 79-мактабда синфдошлари орасида эшитишида нуқсони бўлган ягона ўқувчи сифатида билим олади. Таълим даргоҳини битириб, 2006 йили Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси йўналишига ҳужжат топширади. Иродада тасвирий ва амалий санъатга қизиқиш юқорилиги сабаб шартнома асосида ўқишга киришга муваффақ бўлган. У ўша пайтдаёқ “Бекажон” газетаси қошидаги маҳорат мактаби ижодкорлари клубига аъзо эди. Клуб иштирокчилари ўртасида ўтказилган танловда ғолиб чиқиб, мукофот сифатида таҳририят ҳисобидан шартнома пулини тўлаш имкониятини қўлга киритади. Олий ўқув юртида унга соғлом тенгдошлари қатори таҳсил олиши учун барча шароит яратиб беришади. Курсдошлари қўллаб-қувватлаб туришар, устозлари кўнглига қарашарди. 11-12 ёшида иккилик ва тўртлик сатрлар тузиб, шеърлар ёзар, ўша пайт машқлари турли газета саҳифаларида чоп этиларди. 2009 йилдан бошлаб “Бекажон” газетаси таҳририятида расман фаолият юритади. Ироданинг “Баҳор висоли” (2006), “Эгасиз соғинч” (2008), “Учинчи дунё” (2008), “Сиз учун” (2009), “Муҳаббат диёри” (2013) номли назмий ва насрий китоблари нашр этилган. Озарбойжонда чоп этилган “Севги фасли” – туркий халқлар шоирларининг баёзи ва “Бута” алманахига шеърлари киритилган. Шунингдек, “Жиззах ифори”, “Маҳорат мактаби”, “Ёшлар китоби” баёзларидан ижод намуналари жой олган.
ХХI асрда ҳар бир соҳа шиддат билан ривожланаяпти. Шу жумладан, тиббиёт ҳам. Илгари эшитиш қобилиятини тиклашнинг иложи йўқ эди, айни дамда бу касалликни кохлеар имплантация орқали жарроҳлик йўли билан даволаш мумкин. Дарвоқе, Ирода кохлеар имплантация жарроҳлигидан ўтди. Ҳозирда эшитишни тиклаш жараёни кетяпти. У 23 йилдан буён эшитолмаган ота-онаси, яқинларини, яна турмуш ўртоғи Ихтиёр ва ўғли Ашрафхоннинг овозини сабрсизлик билан кутяпти. Биз Ироданинг ушбу синовларни юксак ирода билан енгиб ўтишига ишонамиз.

Маъмур Аҳлиддинов,
Тошкент шаҳридаги 102-сонли заиф эшитувчи болалар махсус мактаб-интернатининг собиқ ўқувчиси

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin 

 

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 111

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *