Жўра Фозил. Саҳродаги ёлғиз дарахт

Эссе

Онам, Ҳикматой Ражаббек қизи вафот этганларида мен 17, Яҳё акам 30 ёшда, отам Абдуваҳоб Фозил эшон ўғли боқий дунёга рихлат қилганларида акам 36, мен 23 ёшда эдим. Оиламиздаги 7 нафар ўғил-қиздан 5 таси уруш, очарчилик йилларида вафот этишган, фақат иккинчи фарзанд – акам ва энг кичик ўғил – мен омон қолгандик. Шу боисдан биз йўқлик саҳросидаги икки дарахт мисол бир-биримизга суянардик.
Кишилик жамияти, агар таъбир жоиз бўлса, сувсиз, қақроқ саҳрога ўхшайди. Бу жамиятнинг ички қонуниятлари жуда шафқатсиз. Шунча одам орасида ўзингни жуда ёлғиз, ғариб сезасан. Ўз тенгинг, ҳамфикр, маслакдошинг, юлдузи юлдузингга тўғри келадиган киши бўлмаса,  саҳродаги ёлғиз киши ҳолига тушасан. Инсон бир умр ўзини худди ўзидек ёки ота-онасидек тушунадиган киши излайди. Бу жуда мушкул иш.
Мен бир умр акамдан ўргандим, тақлид қилдим. Бутун умр у кишидай тартиб-интизомли, илмли бўлишга интилдим. Акам тавсия қилган китоблар, газета-журналларни ўқиб, касб эгалладим. Ҳар доим акам юрган йўлдан юрдим, у киши кийган кийимларни кийиб, оёққа турдим.
Албатта, менинг ўз тақдирим, мақсадим бор эди. Акамнинг сояси эдим, фақатгина у киши туфайли ёзувчи бўлиб етишдим, дея олмайман. Кейинчалик тушуниб етдимки, ёзувчи бўлиб етишиш – фақат ёзувчи бўлишга аҳд қилган одамнинггина иши экан.
Биз барча ака-укалардек, доим ҳам бир фикрда бўлавермасдик, баъзан қаттиқ баҳслашиб, аразлашиб қолардик. Айтмоқчиманки, қайсидир мақсадга етишга бел боғлаган киши ёнида яқин инсон бўлса, яхши экан. Акам китоблар дунёсига ошно этгач, ёзувчи бўлиш мен учун улуғ мақсадга айланди. 1-2 синфларда ўқиб юрган кезларимда, у нуқул “Сен ёзувчи бўласан!” дея такрорлашни хуш кўрарди.
Мен жуда ҳайрон бўлардим. Тўғри-да, ёзувчи қаерда-ю, энди зўрға саводи чиқаётган мишиқи бола қаерда? Боз устига, хийла шўх, эрка ва ўйинқароқлигим оқибатида 3-синфгача ёмон ўқигандим. 5 фарзандни тупроққа топшириб, бизга қараб қолган отам ва онам мени унчалик тергашмасди.
Ёзувчи бўлиш болаликдаги орзуйим эмасди. Ўшанда кўпчилик тенгқурларим сингари ҳарбий учувчи бўлиш ниятида эдим. Нима сабабдан бундай қарорга келганимни билмайман. Ҳар қалай, бу Шўро мафкураси таъсири бўлса керак. Урушдан кейинги йилларда ҳарбийлар, учувчилар, Шимолий қутб тадқиқотчилари ҳаётидан кўплаб кинофильмлар кўрсатилар, сон-саноқсиз бадиий адабиётлар чоп этиларди. Шуларнинг ҳосиласи ўлароқ, ўғил болаларнинг аксарияти учувчи бўлиш орзусида эди.
Аммо ўшанда учувчилик ҳам, ёзувчилик ҳам мендан етти тош йироқда, ўртоқларим билан кўча чангитиб, копток тепардим, сой, анҳор, ҳовузларда чўмилардим. Ўзимни кўп хавф-хатарга қўярдим.
Иссиқ ёз кунларининг бирида колхоз электростанцияси ёнидаги улкан ҳовузга чўмилгани бордик. Ўртоқларим бирин-кетин ҳовузга калла ташладилар. Менинг кўзим эса оёқ тагида ётган япалоқ темир қопқоқларга тушди. Ҳар бири камида икки кило келадиган бу қопқоқларни сим билан қўлимга боғладим. Болалик экан-да, қопқоқлар яхшироқ сузишимга ёрдам беради, деб ўйлабман.
Қаёқда дейсиз? Ҳовузга шўнғишимни биламан, лаънати қопқоқлар мени тўппа тўғри сув тубига туширди-қўйди.
Ҳарчанд уринмайин, қўлларимни халос этолмадим, ичим сувга тўла бошлади. Ўзимни йўқотар даражага етдим. Қаттиқ дод солмоқчи бўлдим. Лекин оғиз-бурним тўла сув, додлашнинг иложи йўқ эди. Ҳушимни йўқотаёзганимда, қандайдир чайир қўллар мени озод кўтариб олди. “Ана, энди тамом! “Сув одам” еб қўяди!” ўйладим даҳшатга тушиб. Сув остида яшайдиган одам ҳақида кўп эртаклар эшитгандим-да.
Шундан сўнг нима бўлганини билмайман. Кўзларимни очганимда, тепамда ўртоқларим туришар, акам эса лаънати қопқоқларни қўлларимдан ечиш билан банд эди. Ўшанда қаердандир пайдо бўлган акам чўкканимни кўриб турган ва ортимдан сувган сакраган экан.
* * *
1955 йилда Яҳё акам еттита кириш имтиҳонини ҳам “аъло” баҳога топшириб, Бухоро Давлат педагогика институтининг тарих-филология факультетига ўқишга кирди. Институт домлалари профсессор Мустақим Мирзаев (марҳум) бошчилигида уйимизга ташриф буюриб, ушбу воқеа муносабати билан ота-онамга миннатдорчилик билдиришди.
Акам институтнинг учинчи курсига ўтгач, менинг тарбиям билан жиддий шуғуллана бошлади.
Аввалига у менга ҳар хил жуда чиройли, суратли китоблар совға қила бошлади. Бу китобларни маза қилиб томоша қилардим-да, сўнгра бир чеккага йиғиштириб қўйиб, яна копток тепиш билан машғул бўлардим. Ҳар ҳафтада уйга қайтадиган акам мени ўша китоблар юзасидан эринмасдан имтиҳон этар, билимимдан қониқмай, жиғибийрон бўлар, баъзи-баъзида қулоғимни яхшилаб чўзиб қўярди.
Охир-оқибат акам бу кетишда мендан “ёзувчи” тугул, оддий китобхон ҳам чиқмаслигига кўзи етиб, услубини ўзгартирди. У ёшимга мос, турли воқеаларга бой эртак китоблар келтира бошлади. У энди китоблардаги воқеалардан оз-оз сўзлаб бериб, қизиқишимни оширарди. Ана шу усул мени  узил-кесил “таслим” қилди!
Дарвоқе, ўшанда қишлоғимизда электр йўқ, оқшомдан тонггача хира чироқ ёруғида тинимсиз китоб ўқирдим. Отам ва онам болафақир кўздан айрилиб қолмасин, дея ташвишга тушиб, акамга китоб олиб келишни тақиқлашибди. Мактаб кутубхона мудираси Исматова ҳам турли баҳоналар билан китоб бермай қўйди.
Бошимга қора кунлар тушди. Акамнинг “нозик педагогик услуб”лари ўз ишини қилиб улгурган,  энди  китобсиз тураолмасдим.
Кўп ўтмай “китобсиз” кунларим ота-онам кўрсатмалари билан содир бўлаётганини англаб етдим.  “Кенжа ўғил” ҳақ-ҳуқуқини ишга солиб, “агар  китоб бермас экансизлар, мактабга бормайман!” деб туриб олдим.
Бу яқинларим учун кучли зарба эди. Яна китоблар уммонига ғарқ бўлдим. Лекин бошқа “болаларча сўллик” касаллигини енгиб ўтишга тўғри келди. Дуч келган китобни ўқишим акамга ёқмади. У танлаб-танлаб китоб ўқишга ўргата бошлади.
“Робинзо Крузо”, “Геклберри Финнинг бошидан кечирганлари”, “Хазиналар ороли”, “Капитан Грант болалари”… Бу рўйхат жуда узундан-узоқ эди. Кўз ўнгимда, онг-шууримда шунчалар бой ва рангин дунё намоён бўлдики, тамомила “китоб жинниси”га айландим, бадиий адабиёт дунёсида яшай бошладим.
Бунинг ҳам айрим ёмон томонлари бор экан. Мен бадиий адабиётдан бошқасини тан олмай қўйгандим, дарслик китоблар бир чеккада мунғайиб ётишарди. Такроран тазйиқ чораларига дучор бўлдим, (ахир оилада иккита ўқитувчи бор эди-да) ва бошқа фанларни ҳам яхши ўзлаштира бошладим. Учинчи синфни битирганимда “аълочи”лар сафидан ўрин олиб улгургандим.
Бу орада китобхонлигимнинг бошқа бир муаммоси чиқиб қолди. Воқеалар ривожига қизиқиб, нима билан тугар экан деган ўй билан, машҳур китобларни жуда тез ўқиб, “қўлдан ўтказа бошладим”
Табиатан жуда синчков акам буни дарҳол сезиб қолди.
Кунларнинг бирида  акамга “Робинзон Крузо”ни ўқидим дея мақтандим.
– Китобни ким ёзган экан, – сўради у.
– Билмайман, – дедим мен.
– Бош қаҳрамони ким? – яна сўради акам.
Мен яна билмаслигимни айтдим.
– Ана холос, – деди акам, – ким ёзганини билмасанг, бош қаҳрамон ким эканини айтолмасанг, бу қанақа китоб ўқиш бўлди?
Шундан сўнг китобларни тез ўқимаслигим, уларни яхши ўзлаштириб, ёдда сақлашим учун акам мени тез-тез тергаб турди. Охир-оқибат, бу “касаллик”ни ҳам енгиб ўтдим.
Бу ўринда воқеалар ривожидан бироз ўзиб ҳикоя қилишга тўғри келади. Мен журналистика бўйича иккинчи олий маълумот олганимдан сўнг, Москвада чоп этиладиган “Журналист” журналида китобларни тез ўқиш, ўзлаштиришга бағишланган йирик мақола чоп этилди.
Бир гал учрашганимзда, акам сўраб қолди.
– Жўрабой, “Журналист”даги мақолани ўқидингми?
– Ҳа, – дедим мен акам буни нега сўраётганини фаҳмлагандек.
– Қойилман, – деди акам жилмайиб, – сен бу усулни йигирма беш йил аввал, болалигингдаёқ эгаллаган эдинг. Лекин барибир, бу усулнинг зарарли томонлари ҳам бор. Тез ўқиган китобингдан ҳузур, лаззат ололмайсан.
– Ака, – дедим, мен ҳамон ўз фикримдан қайтмай, ҳамма китобдан ҳам лаззат олиб бўлмайди. Тез ўқиш у ёқда турсин, варақлаб чиқиш кифоя қиладиган китоблар жуда кўп. Уларнинг ҳаммасига кўпроқ вақт ажратиш имкониятим йўқ-ку!
– Ким билади, – деди акам ўзининг азалий одатича мийиғида кулиб, – эҳтимол, сен ҳақдирсан. Лекин мен китобни  тез ўқиёлмайман-да…
Азалий баҳсимиз шу тариқа якун топган бўлса-да, акам ўз фикридан қайтмаган экан, етук ёшимда  яна бир карра “имтиҳон” этди. Мен бу имтиҳондан “муваффақиятли йиқилдим”.
– “Ўткан кунлар”даги Кумушбиби қайси қабристонга дафн этилган? – сўради у суҳбатларимизнинг бирида.
Мен хийла довдираб, хаёлга зўр бердим, қабристон номини эслашга ҳаракат қилдим. Ҳарчанд уринмайин, ёдимга келмасди.
– Ана, кўрдингми, – деди акам тантанавор оҳангда, – тез ўқишнинг оқибати бу! – Кумуш “Хўжа Маъоз” қабристонига дафн этилган!
– Ака, “Ўткан кунлар”ни синчиклаб ўқигандим, ҳамон қайта-қайта ўқийман-ку! – дедим мулзам бўлиб.
– Барибир, эслаб қола олмабсан-ку!
Китобни қайта варақлаб, акам ҳақ эканига ишонч ҳосил қилдим. Қабристон номи ҳамон ёдимда турибди.
* * *
Яна болаликка қайтиб, ҳикоя қиладиган бўлсам, ўша йилларда китоблар дунёсига тобора чуқурроқ кириб борардим. Фақат китоб ўқиш билан чегараланмай, ўқиганларимни битта қўймай, ўртоқларимга, синфдошларимга сўзлаб берардим.
Ҳикояларим хийла қизиқарли эди, шекилли, тенгқурларим жон қулоқлари билан тинглашар, турли саволларга кўмиб ташлашарди. Мен билганим, ақлим етганича жавоб берардим. Билмаганларимни эса бемалол тўқиб ташлардим. Шундай тўқирдимки, буни ҳеч ким сезмас, китобдаги воқеалар янада ривожланиб, мазмуни ҳам, назаримда, “кучайиб” қоларди.
Болаларнинг қизиқиб тинглашлари ғайратимни жуда ошириб юборар, китоб ўқиш – “китоб тўқиш”да давом этардим. Китоб тўқиш деганим, энди, жуда унчалик эмас-у, шундоқ, асар воқеаларини дўстларим ҳаётига мослашга интилардим. Фожиали китоблар охирини яхшироқ, нурлироқ тугаллашга ҳаракат қилардим, холос. Энди билсам, мени ларзага солган буюк китоблар, болалик ҳаётимга улуғ бир кўтаринкилик, нур олиб кирган, шу боисдан барча асарлар эзгулик ғалабаси билан якун топиши, қаҳрамонлар эса, албатта бахтли бўлишига интилган эканман.
Китоблар… Сон-саноқсиз, ранг-баранг китоблар… Қизиқарли ҳаёт…Энди мен фақат воқеалар ривожи билангина чегараланиб қолмай, Мўъжиза, Янгилик, Хушхабар, аниқроғи, Янги бир Ҳаётни излардим.
Бахтимга, отам жуда қизиқувчан, янгиликка ўч одам эдилар. Шунинг натижасида  қишлоқда биринчи бўлиб уйимизда радиоприёмник пайдо бўлди.
“Ватан-47” деб номланган бу сарғиш, чиройли қутини илк бор кўрганимдаги ҳайратимни сўз билан ифодалашим жуда қийин эди.
Бир неча катта-кичик батареядан қувват оладиган мўъжиза қучоққа зўрға сиғар, уни тинглаш учун уйимиздан ҳамқишлоқларимиз қадами сира узилмасди.
Мен ўзим кутган, интилган Янги Ҳаётни ана шу қути орқали топабошладим.
“Ватан-47” баралла гапириб, бизни Дунё янгиликларидан хабардор этар, куйлар, қўшиқ айтар ва баъзан эртага қор-ёмғир ёғишини айтар, баъзида эса, аччиқ-тизиқ гаплардан ҳам қайтмасди.
Мен жуда хурсанд эдим, радио ёнидан бир қадам нарига жилмасдим. Лекин кап-катта одамлар қандай қилиб, бу қутига сиққанига сира ақлим етмас, отамдан сўрасам, у киши ҳазилдан нарига ўтмасдилар.Мен -ку бола эдим, лекин катталар ҳам сирдан воқиф эмасдилар.
Бир куни Сирож бобо деган қўшнимиз, отамдан дабдурусдан сўраб қолди.
– Домулло, бу қутингизга кап-катта одамлар қандай сиғади-я? Сира ақлим бовар қилмайди!
Отам яна ҳазил қилдилар.
– Энди, Сирож бобо, бу одамлар шу қутига мослаштирилган-да.
Сирож бобо бошини сарак-сарак қилар, кўзлари ҳайратга тўла эди.
Радио бола шууримда тўнтариш ясади. Воқеа-ҳодисаларни ҳикоя қилар экан, тасаввуримда бутунлай янги, олам гавдаланарди. Табиатни бутунлай бошқача тасаввур эта бошладим. Бу китоблар уйғотган, дунёни рангин бўёқларда тасаввур этиш ҳиссини янада ривожлантирди, мустаҳкамлади. Олис денгизлар, тоғлар, шаҳар-қишлоқлар, коинот, галактика ҳақида эшитган радиоҳикоялар туфайли, Дунё ҳақида ўз фикрим, қарашларим пайдо бўлабошлади. Қолаверса, Буюк Олам ҳақидаги ана шу тасаввур орқали ўз дунёмни кашф этдим.
Улкан адиб К.Паустовский ёзувчи учун тасаввур қила олиш қобилияти ҳал қилувчи кучга эга эканини алоҳида таъкидлайди. Чунки инсон ниманидир тасаввур этар экан, уни юрагидан ўтказади. Юрагидан ўтказдими, демак, албатта бунга ҳис-туйғулар, интеллект аралашади. Тасаввур, ҳис-туйғуга йўғрилган интеллект эса, бадиий асар қон томиридир Эҳтимол, юраги десам, ҳам муболаға бўлмас.
Радио уйғотадиган тасаввур шуниси билан жуда нодирки, бу ҳатто ўша жисм, табиат манзараси, ҳодисаси ҳақида ҳаётдагидан ҳам кучлироқ бўлиши мумкин.
Масалан, радиони бир жойда, бир пайтда неча киши бирга тинглаётган бўлса, улар кўнгли, шуурида туғиладиган тасаввур ҳеч қачон бир хил бўлмайди. Сабаби, инсон онгидаги тасаввур унинг илми, дунёқараши, аҳволи-руҳияси, касби ва бошқа жуда кўп омиллар таъсирида юзага келади. Ҳатто энг яқин, қондош-жондош кишилар ҳам бир хил тасаввур қилаолмайдилар.
Шу тахлит, отам ва акамдан сўнг, радио энг яқин маслаҳатчим, маслакдошимга айланди. У яқинларимни мен беришим керак бўлган сон-саноқсиз саволлардан халос этди. Бахтим шунда эдики, тез орада радиодан бўлак яна бир маслаҳатчига эга бўлдим. Бу– юрагимда ҳайрат ҳисларининг янада алангаланишига сабаб бўлган Газета эди.
Акам институтни битириш арафасида Ғиждувон туманига ўқув амалиётини ўташга жўнади ва у ерда бир неча ой қолиб кетди.
У отамга тез-тез хат ёзар, мен ҳам бу мактубларни қизиқиб ўқирдим, бундан бениҳоя лаззат олардим. Чунки акам ўзининг Ғиждувондаги ҳаёти, педагоглик фаолияти ҳақида жуда қизиқарли ҳикоя қиларди. Мактубларни қайта-қайта ўқирдим, онамга ўқиб берардим. Акамни беҳад соғинган онам кўз ёш тўкардилар.
Ҳозир ўйлаб қарасам, акамнинг бу мактублари мен учун журналистика, қолаверса, ҳаёт мактабининг илк сабоқлари экан.
… Баҳор фасли, ҳовлимиздаги ўрик, гилослар қийғос гуллаган, ҳаво чечак ҳидига тўла эди. Отам мактабдан жуда хурсанд қайтдилар. Қўлларида икки букланган “Ўқитувчилар газетаси” (ҳозирги “Маърифат”) бор эди.
– Буни қара, онаси, Яҳёжоннинг мақоласи чоп этилибди!
Онам жуда севиниб газетани қўлларига олдилар. Икковлашиб ўқий бошладик. Иккинчи саҳифада “Розахон педагог бўлади” сарлавҳали мақола эълон этилган, остига Яҳё Ваҳобов, амалиётчи-талаба, сўзлари битилган эди. Акам ўз курсдоши ҳақида жуда самимий лавҳа ёзган экан. Уни онамга қироат билан ўқиб бердим.
Ушбу мақола мактабда, қишлоқда кўп шов-шувларга сабаб бўлди. Ҳамма отамни, онамни табриклади. Бу мақтовлардан мен ҳам қуруқ қолмадим. Энди “аъло”га ўқиётганим сабаб, ўқитувчиларим бу ҳам акасидан қолишмайдиган йигит бўлади”, деб қўйишарди.
Ана ўшанда мен газета нима эканини сал-пал англагандек бўлдим, чамаси.
Орадан бир неча ой ўтгач, отам яна уйга газета кўтариб келдилар. Яна уни учаламиз бирга ўқидик. Бу гал акам ёзган шеър ўша пайтнинг энг нуфузли газетаси ҳисобланмиш “Қизил Ўзбекистон, (ҳозирги “Ўзбекистон овози”)да чоп этилган экан.
Ўша йилларда Карим Мўминов ижросидаги “Гилос” қўшиғи жуда машҳур эди. Қўшиқдаги “Сени кўрдим гулзорда, Гилос пишганда боғда”, деган мисраларни кўпчилик хиргойи қилиб юрарди.
Акамнинг “Қизил Ўзбекистон”да эълон қилинган шеъри ана шу машҳур қўшиққа пародия бўлиб, ундаги мана бу мисралар ёдимда қолган:
Мен сени кўрдим қишлоқда, қўй қўзилаган чоқда,
“Яримта”дан бош оғриб, туролмайсан оёқда.
Сочсиз бош тосга ўхшар, бўғзинг харосга ўхшар,
Бир келганда уч қўйни ютганинг ростга ўхшар.
Раҳбарман деб керилма, тайёр ошга югурма,
Халқимга юк бўлгунча, ўлсанг-чи ичиб сурма!

Бу пародияни ўша пайтнинг машҳур карикатурачи рассоми Воробейчиков безаганини яхши эслайман. Раҳбарман деб керилган семиз, бақалоқ нусханинг ҳажвий сурати  роса боплаб чизилганди. Кайфи тароқ кимса улкан портфель устида ўтирибди. Тўртта ғилдиракли  бу портфелни қўй-қўзи-ю, қўчқорлар судраб кетишяпти.
Оиламиз аъзолари бу суратни томоша қилиб, шеърни қайта-қайта ўқиб, қотиб-қотиб кулардик.
– Оббо, Яҳёжон-ей, роса боплабди-ку, бу бюрократни! – дедилар отам.
Биз газетани бир неча кун қўлдан қўймадик. Отам хурсанд бўлиб, ўзларининг ёшлик йилларини эсладилар. Ўтган асрнинг 20-йилларида “Бухоро ахбори” газетасида “Тош” ва “Ниш” тахаллуслари билан фельетонлар чоп эттирганларини айтдилар.
Газетада эълон қилинган биргина ҳажвий шеър оиламизга байрам олиб келди. Туманда, вилоятда хийла шов-шув бўлди. Оддийгина талаба йигитга кўпчилик эътибор қила бошлади.
Шу воқеадан сўнг газета ва акамга бўлган ҳурматим янада ошди.
Бу орада акам институтни имтиёзли диплом билан битириб, мактабимизда она тили ва адабиёти ҳамда тарих-география фанидан дарс бера бошлади.
Ўқувчилар унинг жуда қаттиққўл ва талабчанлигини дарҳол ҳис этишди. У мен ўқийдиган 5-синфда она-тили ва адабиёт фанини ўқитарди. Очиғини айтадиган бўлсам, акамнинг талабчанлиги энг аввало мендан бошланарди. Бундай дейишимга сабаб, муаллимим барча фанлардан “5”га ўқиётган бўлсамда, менга она тили ва адабиётдан “5”дан кўра “4”ни кўпроқ қўярди. Аччиғим чиқиб, баъзан отамга шикоят қилганимда, акам “Ўғлингиз “5” олишига ҳали анча бор” дея терс жавоб берарди.
Ким билади, балки шу “4”лар туфайли адабиётга қизиқишим янада ортгандир? Мен “аъло” баҳо олиш учун жон-жаҳдим билан ҳаракат қилар эдим. Ана шунда акам баъзан “ҳиммат” қилиб  “5” қўярди.
1963 йилда уруш йилларида тўхтатиб қўйилган туман газеталари фаолияти қайта тикланди. Республика матбуотида лавҳа, очерк ва шеърлари мунтазам равишда эълон қилиниб турган акам газета масъул котиби этиб тайинланди.
Туман газетаси таҳририяти Ромитан тумани марказидаги пахта қабул қилиш масканидаги бир неча хонага жойлашганди. Хоналар шифти баланд, деразалари катталигидан жуда ёруғ, лекин қишда совуқ бўларди. Ўша пайтларни эсласам, ҳамон баданим жунжикиб кетгандай бўлади. Лекин кўнглимда ажиб бир илиқлик туяман. Сабаби, мен бутун умримни бахш этган газетачилик ишига илк бора шу хоналарда меҳрим тушди.
Акам газетада ишлай бошлаганида  7-синфда ўқирдим. Баъзи-баъзида велосипедда туман марказига борганимда, унинг ишини соатлаб кузатиб ўтирардим. Газета ишининг жуда қизиқарли, тезкор оқими мени бутунлай маҳлиё этабошлаганди.
Бирин-кетин газета саҳифалари туғилабошлар, сўнгра улар босмахонада чоп этилар, қарабсизки,  тирик тарихга айланарди.
Кўз ўнгимда содир бўлаётган мўъжизага мафтун бўлмасликнинг сира иложи йўқ эди. Чунки мен газетачиларни, уларнинг қаҳрамонларини, рўй бераётган айрим воқеа-ҳодисаларни ўз кўзим билан кўриб турардим. Кўп ўтмай улар кун, ҳафта, ой тарихига айланиб қоларди.
* * *
Таъбир жоиз бўлса, китобхонлик кемасини ғарқ этувчи қоялар кўп бўлар экан. Насрий асарларни ҳузур қилиб ўқиб юрган кезларимда шеърий китобларни деярли ўқимасдим. Тўғрироғи, шеърни негадир тан олгим келмасди. Акам яна ёрдамга келди.
– Бўлажак ёзувчи шеърни кўп ўқиши, яхши тушуниши керак. Сен эса олди-қочди воқеалар кетидан қуваяпсан. Ёзувчи бўлмоқчимисан, демак, шеър ўқишинг, ўқиганда ҳам уқиб ўқишинг керак. Чунки назм ва наср бир-бирини тўлдириб, бир-биридан куч олиб туради. Шеърни қанча кўп ўқисанг, кўнглинг шунчалар юксалади.
Фикримча, шеърият ва наср – мену сендек ака-укалардир. Янада аниқроқ айтадиган бўлсам, шеърият – ака, наср – ука, журналистика эса кичик ука. Шеърият ҳис-туйғу, ҳаяжон, рангин, чиройли, оҳангдор сўзларга таняса, наср–фикр, воқеа-ҳодиса, фалсафий хулосаларга асосланади. Журналистика далиллар, янгиликлар, юз берган долзарб воқеалар асосида кун, ой, йил, давр тарихини яратади. Нима, қачон, қаерда юз берди ва нега юз берди, саволларига жавоб топади. Албатта, улар бажарадиган айрим вазифалар бир-биридан фарқ қилади.
Лекин шундай пайтлар бўладики, ака-укалар ўрин алмашишади, бир-бирларидан ўзиб кетишади. Худди ука-акадан, шогирд устозидан ўзиб кетгани каби. Тарихда кичик ука деганим – журналистика назмдан ҳам, насрдан ҳам ўзиб кетиб, газетанинг биргина хабари дунёни остин-устун қилган пайтлар кўп бўлган.
Хиросима ва Нагасакида Америка томонидан атом бомбаларининг портлатилиши тўғрисида матбуот, радио-телевидение хабарлари катта шов-шувларга сабаб бўлганди. Чунки бу оммавий қирғин қуролининг инсонга, инсониятга қарши биринчи қўлланилиши эди. Ва бу ҳақда журналистика биринчи бўлиб ахборот берди.
Албатта, адабиёт– шеърият ва наср ҳам қараб тургани йўқ. Бу даҳшатли жиноят ҳақида кўплаб назмий-насрий асарлар яратилди.
Акам худди институт профессоридай маъруза ўқирди. Албатта, мен, ўша пайтда ўспирин, буларнинг ҳаммасини тушунардим, дея олмайман. Фақат, улар қон-қонимга, жон-жонимга акамнинг ўгитлари орқали сингиб кетгани аниқ.
Мен мактаб дарсликларидан Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Александр Пушкин, Михаил Лермонтов, Владимир Маяковский, Ҳамид Олимжон шеърларини ўқирдим, албатта.
Кейинчалик акам ўша пайтларда эндигина танила бошлаган Абдулла Ориповнинг “Митти юлдуз”, Эркин Воҳидовнинг “Ёшлик девони” шеърий китобларини келтириб бергач, шеъриятга қизиқа бошладим.
Ҳозир бунинг сабабларини таҳлил этиб, шундай хулосага келдимки, замондош шоир, ёзувчиларни тушуниш, ёзганларини кўнгилга яқинроқ олиш, нисбатан осонроқ экан.
Яна бир қизиқ томони, китобхон китобдан энг аввало ўзини, ўзи билган ҳаётни, одамларни, ўзлигини излар экан.
Ўнинчи синфни тугаллашим арафасида туман газетасида акамнинг бир шеъри босилиб чиқди. Бу ўшанда ҳаваскор шоир машқи бўлсада, бир умрга хотирамда муҳрланиб қолди, уни ҳамон ёддан айта оламан.
 Шафтолининг шохлари ларзон, кийик кўзлар боқар оралаб,
 Эҳтиётсиз кулманг, қизларжон, юрагимни пора-поралаб.
 Шафтолининг шохлари ларзон, ажаб хилват шафтолизор,
 Қилиб қўйди ишқида сарсон, энди бўлса, кўринмайди ёр…
Бор-йўғи бир бандгина шеър. У болаликдаги жуда содда ва бокира хотираларим билан боғлиқ. Ва мен ўша хилват шафтолизорниям, уни оралаб боққан кийик кўзли қизларниям билардим. Шу боис ушбу мисралар мен учун ғоят қадрли эди.
Ўнинчи синфни битириб, акам ўқиган институтга кириш учун ҳужжат топширдим. Имтиҳон-ларни яхши топширган бўлсам-да, талабалик насиб этмади. Ўшанда имтиҳон баҳоларидан бўлак яна айрим томонлар ҳисобга олинарди.
Акам мени туман босмахонасига ишга жойлаштириб қўйди. Қўлда газета матнини терадиган устага шогирд тушдим. Бу ишни хийла ўзлаштирганимдан сўнг, босма машинасида газетани чоп этишни ўргандим. Газетани тонггача чоп этардик. Тонгда янги кун билан бирга янги газета эндигина ўтган кунлар тарихи бўлиб дунёга келарди.
Газетанинг янги сонини биринчи бўлиб ўзим ўқирдим, бундан беҳад завқланардим, журналист бўлиш иштиёқи тағин ҳам кучайиб борарди.
1967 йил 21 январь кунида онам вафот этдилар. Ёмғир аралаш қор ёққан қишнинг бу куни тақдиримнинг энг қора санаси бўлиб хотирамда қолди.
Қабристонда шўртанг кўз ёшларимни ёмғир аралаш қорга қўшиб ютар эканман, ҳаётимда илк бора йўқотиш дарди нечоғлик оғир эканини юрак-юракдан ҳис этдим. Онамнинг қабрига акам билан ёнма-ён туриб тупроқ ташлаётиб, акамга янада кўпроқ суянишим кераклигини англай бошладим.
Тез орада акамнинг воситачилигида мени туман газетасига ишга таклиф этишди. Ромитан туман газетасининг ўша пайтдаги муҳаррири Сайли Ҳайитов (марҳум) ишга қабул қилиш ҳақидаги аризамни қаторасига 3 маротаба ўқигач, унга имзо қўйди. Муҳаррир хонасидан чиққанимиздан сўнг, бу ҳақда акамдан сўраган эдим, у кулиб юборди-ю, шундай деди:
– Сайли ака жуда пишиқ одам. Агар аризангдан имловий хато топа олганида сени ишга қабул қилмас эди. Тўғри-да, аризасидан хато чиққан мусаҳҳиҳ газетада хато ўтказиб юбормайди, деб ким кафолат бера олади?
Шундай қилиб, муҳаррирнинг ғаройиб “тест”идан ўтгач, газетада мусаҳҳиҳлик қила бошладим.
Бу хийла мураккаб иш экан. Ўшанда газетада чоп этилиши лозим бўлган мақолалар аввал гранкада ўқилиб, сўнгра саҳифада бошқатдан ўқиларди.
Кунларнинг бирида гранка ўқир эканман, бирдан сесканиб кетдим, кўз олдим қоронғулашгандек бўлди. Мен онам вафотларига атаб, акам ёзган шеърни ўқиётган эдим.
Туш кўрибман, тушимда бир вақт қабристонда юрган эмишман,
 Зулумотда қалтираб беҳол, баргдек титраб турган эмишман.
 Онажоним қабридан шу чоқ эшитилмиш мунгли бир садо,
 “Болажоним, совқотмадингми, нечун эгнинг юпун, бенаво?”
 Қаранг, тупроқ бўлгач ҳам яна, фарзандини ўйларкан она!..
Кўз ёшларим ўз-ўзидан қуйилиб келар, мен ҳамон ўша, қабристонда совуқ қор ва ёмғир аралаш ютганим – кўз ёшларимнинг шўртанг таъмини унутмагандим.
Айтмоқчи бўлганим, шеър юракдан чиқса, у ўқувчининг юрагига бориб етса, бу  шеъриятга ошно бўлишнинг энг мақбул, қулай ва яқин йўли экан. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, ҳаётдан олинган, мен кўрган, билган, юракдан ўтказган воқеаларга боғлиқ жуда содда, жўн шеърлар шеъриятга ошно қилди. Мен шоир бўлиб етишмадим, лекин бу насрий асарларимни ёзишга катта ёрдам берди.
Инсонлар ҳар бир бадиий асардан ўзларини, тақдирларини излайдилар. Топаолсалар беҳад бахтиёр бўлиб бу асарни қўлдан сира қўймайдилар.
Бу ўринда воқеалар ривожидан бироз ўзиб, ҳикоя қилишимга тўғри келади.
2001 йилнинг август ойи охирлари эди. Янги роман устида иш бошлагандим, қулоғим ҳеч нимани эшитмас, кўзим матндан бўлак нарсани кўрмасди. Бехосдан телефон жиринглади. Гўшакни кўтарганимда, акамнинг ҳорғин товушини эшитдим.
– Жўрабой, ҳозир жуда бандлигингни ҳам, бундай пайтда қулоғингга ҳеч бир гап кирмаслигини ҳам яхши биламан. Лекин сендан бир илтимос, айрим қоидаларингдан шу кун андак чекинсанг? Онамнинг қабрларини зиёрат қилайлик. Шу кеча тушимга кирибдилар… Мен бир соатларда етиб бораман…
Қишлоқ чеккасидаги қабристонда Қуръондан суралар тиловат қилиб, дуою, фотиҳа қилар эканмиз, ўша, акам ёзган шеърни айтиб бердим. У жуда таъсирланди.
– Қара-я, қирқ йилда ҳам бу шеърни унутмабсан-да! Оллоҳ сенга кучли хотира берганини болалигингдаёқ сезгандим, шу боис ёзувчи бўласан, деб такрорлашдан чарчамасдим.
– Онаси вафотига атаб ёзилган шеърни ҳеч ким ҳам ёддан чиқармаса керак?
– Фикрингга қўшилмайман. Мен бу шеърни ўзим ёзган бўлсамда, эслаёлмайман-ку!
– Ҳамма гап шунда-да. Ўзингиз ёзганингиз учун, унчалик таъсирланмагансиз, шу боис эсингизда қолмаган.
– Билмасам, – мийиғида кулди акам, – ўзи биз баҳслашмай тура олмаймиз. Ахир таъсирланмай шеър ёзиб бўладими?
Шу воқеадан сўнг орадан икки ойча вақт ўтгач, акам тўсатдан вафот этди.
* * *
Ўша олис 1967 йил январь ойида акамнинг туманимиз газетасида эълон қилинган  шеърини газетхонлар қўлма-қўл ўқидилар. Чамамда, улар бу шеърдаги она сиймосида ўзларининг волидаи муҳтарамаларини кўрган эдилар.
Мен газетада икки йил мусаҳҳиҳ, кейин радиоташкилотчи мухбир бўлиб ишлаганимдан сўнг 1968 йилда ТошДУ журналистика факультетига ўқишга кирдим.
Кузда армия сафига чақирилиб, аввал Қозоғистондаги Бойқўнғир космодромида, сўнгра Узоқ Шарқ Амур вилоятининг Совет-Хитой чегараси бўйлаб “Мустаҳкамланган район” (укрепрайон)да ҳарбий хизматни ўтадим.
Ўқишни битирганимдан сўнг, яна Ромитан туман газетасида ишлай бошладим. Газета иши мен учун ёзувчилик мактаби бўлди. Мен ҳамон бу мактабнинг ўқувчиси, акам эса ўқитувчиси эди. У  бошловчи журналист, ёзувчи сифатидаги изланишларимни синчковлик билан кузатиб борар, керак пайтда, керак маслаҳатни берар, хатоларимни эринмай тузатар, жуда ҳаддан ошириб юборган пайтларимда, жиддий танбеҳ ҳам эшитиб турардим. Бу пайтда акам “Бухоро ҳақиқати” газетасида ишлар, ўзининг лавҳа, очерк, шеърлари билан танилиб қолган эди.
Ромитан, Бухоро вилоятининг ҳудуд жиҳатдан жуда йирик тумани ҳисобланади. Бир томони Амударё соҳиллари, қўшни Хоразм вилояти, Туркманистон, яна бир томони чексиз Қизилқум чўллари… Ана шу туман газетаси мухбири сифатида кўп сафар қилардим, бу  жуда катта ҳаётий тажриба манбаи эди.
Газетада ўн йилча ишлаганимдан кейин, акам адабиёт ҳақидаги тонготар суҳбатларимизнинг бирида шундай деди:
– Биласанми, бир қарич пайтингдан кузатаман, сенда ёзувчи бўлиш учун ҳамма сифатлар бор. Лекин, ҳозиргидек ишлаб, яшайверсанг, жиддий ёзувчи дея эътироф этилишининг даргумон.
Мен гангиб қолдим. Чунки ҳар доим “Сен ёзувчи бўласан” дея кўнглимни кўтариб юрадиган акамдан бундай сўзларни  сира кутмагандим.
– Нега энди? – дедим зўрға овозим чиқиб.
– Шунинг учунки, – деди акам кўзимга тик боқиб, – газета иши, рўзғор ташвишларидан бери келмаяпсан, бадиий ижодга жуда кам вақт ажратаяпсан. Ҳақиқий ёзувчи бўлиб етишиш учун  ўзингни бутунлай бадиий ижодга бағишлашинг керак. Акс ҳолда, ёзганларингҳеч кимга керак бўлмайди! Мен сени аяшим мумкин. Лекин сен ўзингни сира аямаслигинг керак. Аядингми, тамом!
Бир нарсани тушунишингни истардим. Ўз ҳаётий тажрибамдан, хатоларимдан хулоса чиқариб гапиряпман. Мен, эҳтимол, катта шоир бўла олмасман. Лекин сен албатта ёзувчи, жиддий ёзувчи бўлиб етишишинг керак!
Ҳа, бу гал акам мени сира аямаётганди, сўзлари мўлжалга бехато урилган ўқдек эди.  Қайсарлигим тутиб кетиб, эътироз қилдим.
– Ахир, ўзингиз газета – ёзувчилик мактаби дея, таъкидлайсиз-ку!
– Ҳа, – деди акам сал шаштидан тушиб, жилмайганича, – Мактаб экани рост, бироқ бу мактаб ўқувчиси жуда иродали, тиришқоқ бўлиши керак. Сен ҳозир катта ҳаётий тажриба эгаси бўлаяпсан. Бу яхши, лекин шунинг ўзигина кифоя қилмайди-да. Биламан, жуда кўп ўқийсан. Энди ўқиганларингдан хулоса чиқариш, таҳлил этиш ва жуда кўп ёзиш, қўлингни ром этиш пайти келди. Ахир ёзувчи фақат ўқиш билан ёзувчи бўлиб қолмайди-ку! Ўзи ҳам қойиллатиб, кўп ва хўп ёзишни билиши керак.
Ўшанда биз эрта тонггача баҳслашдик.
Шундан сўнг ўзимнинг унда-бунда эълон қилинаётган хом-хатала ҳикояларимга танқидий баҳо бера бошладим ва анча вақтгача ёзмай ҳам қўйдим.
Узоқ вақт жаҳон насри дурдона асарларини мутолаа қилдим. Пушкин, Лермонтовнинг бетакрор қиссалари, Толстой, Драйзер, Достоевский, Тургенев романларини, Чехов, Горький, Бунин, Куприн, Лондон, Ҳемингуэй  ҳикояларини қайта-қайта ўқидим. Ҳали ҳеч нимани ўрганмаганимни юрак-юракдан ҳис этдим. Ўзим ёзган асарлардан бутунлай кўнглим қолди. Аросат саҳросида эдим гўё.
Ана шу ҳолатда, ҳали дунёқараши бутунлай шаклланиб улгурмаган инсон йўқлик уммонида ғарқ бўлиб кетиши ҳеч гап эмас. Акам зимдан кузатиб юрган экан, тушкунликка тушишга йўл қўймади.
Бу гал у ҳеч қандай дашном бермади-ю, лекин Толстойнинг бир фикрини айтди. “Агар ёзмай тура олсанг, ёзмаганинг маъқулроқ…”
Бу сўзлар мағзини чақиш учун жуда кўп ўйландим. Ёздим, йиртиб ташладим, яна ёздим яна йиртиб ташладим. Мен учун шанба, якшанба, байрам кунларининг асл мазмуни йўқолиб, бутунлай бошқа маъно касб этди. Энди бўш вақтларимнинг ҳаммаси бус-бутун ўқиш, ёзиш ва яна ёзишга бағишланадиган бўлди. 20 йилдан кўпроқ умрим шундай кечди. Ва ниҳоят, республика матбуоти, адабиёт нашрларида ҳикоя, қисса, романларим эълон қилина бошлади. Илк китобим нашр этилди. Тўғри, бу давр мобайнида  газетада ишлашни бас қилганим йўқ, туман, вилоят, республика газеталарида ишни давом эттирдим.
Бу қайдларим билан акамни камчиликлардан бутунлай холи инсон, жуда зўр ижодкор  дейиш ниятида эмасман. “Тун бирла тонг аросинда” шеърий тўплами “Бухоро” нашриётида чоп этилган акам назм майдонида бирор нимага эришдими, йўқми, бу ҳақда фикр айтиш адабиётшуносларга ҳавола.
Мен илгари сурган фикр шундан иборатки, акамдан олган Адабиёт дарслари бир умрга татиди. Ана шу сабоқ туфайли, қизиққон, қайсар,ҳиссиётга берилувчан бўлсам-да, кишилик жамияти  уммонида лоқайдлик, худбинлик, ҳасад, риё касридан чўкиб кетмадим.
Ижод аҳли кўнглида ўз-ўзини танқид қилиш ҳисси хийла кучли. Шундан келиб чиқиб, қайсарликни табиатимдаги энг катта қусур деб ҳисоблардим ва ҳозир ҳам шу фикрдаман.
Акам эса бу қусурни ёзувчи учун ижобий хислат дея ишонтиришга ҳаракат қиларди.
– Тўғри, – дерди у, – қайсарлик кимлар учундир жиддий қусур саналар, лекин сен ёзувчисан, ўз фикринг, дунёқарашингда собит бўлиш учун қайсарликка маҳкумсан. Бунинг устига, романдек йирик жанрда ижод қилишда сабр-бардошинг қайсарликка қоришиб кетганини, эҳтимол, ўзинг ҳам билмай қоларсан? Сен, бола, куляпсан, гапларимга ишонмаяпсан, чоғи? Ахир қачон уйингга келсам, иш столига мук тушган бўласан, бир кеча кундузда бу ишга 15-16 соат сарфлайсан.  Ҳамма байрамларда дам олиб, хурсандчилик қилса, сен қоғоз-қаламдан бўшамайсан. Сени мақтаётганим йўқ, балки, ижодкор қисмати шундай бўлиши кераклигига  ишонтирмоқчи бўляпман, холос. Мен ҳам шундай ишлаганимда, аллақачон катта шоир бўлиб кетардим. Такрор айтаман, ижодкорнинг ўз мақсадига етиш йўлидаги қайсарлиги, бу – иллат эмас, фазилатдир!
Оббо, акагинам-ей, у менинг ҳамма камчиликларимни яхши билгани ҳолда, аяб, шундай деяётган эди.
– Сен жуда катта ёзувчи бўлиб етишишинг, унвон, мансаб-мартаба эгаси бўлишинг керак, дея ўлиб-тирилаётгани йўқ. Оддийгина, хокисор ёзувчи бўлсанг, кифоя.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинганимда, у биринчи бўлиб табриклади ва шундай деди:
– Мана, шу ном сен учун улуғ мартабадир. Энди хотиржамман. Бу ёғини ўзинг биласан!
Бу ёғини ўзим билдим, билишга интилдим. Зеро, ёзувчилик, бадиий ижод, ёлғизлик, танҳоликдир. Ёзувчи ёлғиз бўлмас экан, ҳаётни, инсонни, энг аввало, ўз-ўзини тадқиқ эта олмайди. Ҳақиқий фикр, мушоҳада, руҳан, жисман танҳоликда туғилади. Ёлғизлик шундай бир юкки, ўктам мардлар учун яралган, деган эди бир шоир.
Ёлғизлик – бадиий ижоднинг таркибий қисмидир. Ижодкор бу ғала-ғовур ҳаётда, Дунёи дунда ўзини танҳо ҳис этмас экан, ишида самара, унум бўлмайди.
Ёзувчиликнинг оғир юкини кўтаришда ижодкорнинг шериги йўқ. Унинг кўмакчиси ёлғиз Оллоҳдир. Л.Толстой илҳом ҳақида гапирар экан, бекорга “Илҳом бу – Оллоҳнинг  яқинлашувидир. Яъни, “Вдохновение, это приближение Бога!” демаган.
Аммо ижодкор ёлғизлиги оддий эмас, балки, ёруғликка олиб келгувчи, охири бахайр танҳоликдир.
Чингиз Айтматов эътироф этганидек, адиб танҳоликда ижод этади. Бироқ бу ижоддан минглаб, миллионлаб кишилар баҳраманд бўлади. Боз устига, ҳассос носир айтганидек, ёзувчи борми-йўқми, китобхон албатта бор, албатта бўлади! Шу боисдан ижоддаги ёлғизлик, ҳаётбахш ёлғизликдир, демоқчиман.
Зеро, ёзувчи қалам ва қоғоз билан ёлғиз қолгандагина Оллоҳ ато этган илоҳий куч-қудратни сезади. Фақат танҳоликда ҳаётнинг ҳақиқий мазмунини кучлироқ идрок этади. Эзгулик, қабоҳат ва яна кўп нарсалар талқини қайта кашф этилади. Ана шу ҳолатдагина ҳақиқий ижод сурури, унинг асл моҳият, мазмуни, адабиёт аталмиш улкан сўз стихияси қонуниятлари очилади. Бу шундай ҳаётбахш, шунинг баробарида жуда оғир ёлғизликдирки, унинг ҳақиқий юки йиллар, юз йиллик ва минг йилликлар билан ўлчанади.
Ҳақ сўз учун ёлғизликка маҳкумлик – фожиа эмас, балки, бахтдир. Зеро, ҳақиқий адабиёт ўйин-кулги, яқинлар, дўстлар даврасида, мағрур, масрур пайтларда яратилмайди. Юқорида саналган ҳолатлар ёзувчи учун фақатгина ҳаётий материал, қолаверса, қандайдир тин олиш, таскиндир, холос.
Инсонни ларзага солувчи, юксакликка кўтарувчи, яшаш, яратишга чорловчи қудратли Сўз фақат танҳоликда, илоҳий сўз сеҳри, сири, залворли юки, ўша минг йиллик ёлғизлик юки остида яралади.
Бундай ҳолатда ижодкор жуда ночор, мискин, хокисор, қолаверса, аросатда бўлади. Зеро, у қалами остида чақнаётган, ёнаётган, куяётган ва ўз ижодкорини-да алангасида кул қилиши мумкин бўлган фош этувчи, яратувчи сўзни излайди. Ҳа, фақат излайди! Топадими, йўқми, бу ёлғиз Оллоҳ ва Вақт ҳукмида.
Ижодкор илоҳий сўз ҳажрида ёнар экан, у ёш боладек беозор, содда, қариядек донишманд ва инжиқ, ҳукмдордек қатъиятли, адолатли, кези келганда, шафқатсиз бўла олиши керак.  Сўз изловчи энг аввало ўзига, яратаётган сўзига нисбатан шафқатсиздир.
Ижодкор ёлғизлигининг кучи шундаки, бу танҳоликда сўз санъаткорининг ўз дунёси яралади ва бу дунё моддий дунёдан фарқли ўлароқ, абадиятга хизмат қилади. Бу дунёнинг қонуниятлари жуда шафқатсиз. Зеро, ҳақиқий бадиий ижод Ибодат, Истиғфор, ўзни унутиш, Ҳақ олдида рост сўзлаш, сохталик, хушомад, риё ва нопокликдан мутлақ узоқликдир. Ижод жараёни жазава, жунун, ўзни тўлиғича илоҳиёт ихтиёрига топширишдир.
Мухтасар айтганда, бу жараён оёқнинг ердан, қўлнинг осмондан узилиши – фақат ўз-ўзинг билан қолиш. Мен айнан ана шундай ҳолатдагина кўнгилдагидек ёза оламан. Бошқа пайтларда доим нимадир халал бериб туради.
Адиб танҳолиги – ўзига хос, омма, оломон орасидаги ёлғизлик, жуда оғир, мураккаб қисмат саналади. Оила, дўст-биродарлар, жамоа орасида ёлғиз бўлиш учун метиндек сабр-бардош, кучли ирода талаб қилинади. Бунинг номи ижодкор қисмати деб аталади. Омма орасида танҳо бўлиш учун ижодкор ҳаётда жуда кўп нарсадан, керак бўлса, ширин жонидан ҳам кечишига тўғри келади.
Бу эссени ёзгунга қадар кўп иккиландим. Қанча иккиланмайин, барибир ёзишга қарор қилдим. Ушбу хотираларнинг кимгадир фойдаси тегса, деган умид учқуни кўнглимни ёритиб турди. Чунки адабиёт институтлари, адабиёт олий курслари бўлса-да, фикримча, “ёзувчи”, “шоир” деган диплом берадиган бирор бир мактаб,ўқув юрти йўқ.
Ёзувчилик, шоирликнинг ҳақиқий мактаби, бу – ҳаётнинг ўзи, ҳаётий тажриба, тинимсиз мутолаа, лоқайдликдан жуда йироқ бўлган қалб, бировнинг дардига шерик бўла олиш қобилияти ва яна мен билган-билмаган нимарсалар. Лекин энг асосийси, бу аввал Оллоҳ ато этган иқтидор…
Қизиғи шундаки, ушбу дорилфунунни ҳар бир ижодкор ўзича қабул қилади, фақат ўзигагина хос бўлган услубда ўрганади, олдидаги вазифани адо этади. Бадиий ижод  идрок этилган  зарурат  амалга оширилиши лозим бўлган вазифадир.
Лекин, афсуски, ҳозир бу вазифани амалга оширишнинг жуда ғаройиб “усул” ва “услуб”лари пайдо бўлиб қолдики, шуларни айтмасам, сира кўнглим тўлмайди. Олдиндан айтиб қўяй, кимдир ёмон китоб ёзаяпти-ю, мен зўр ёзаяпман деган фикрдан мутлақо йироқман, кимларнидир қоралаш ниятим ҳам йўқ. Ушбу эсседан мен кўзлаган мақсад бутунлай бошқа. Фақат, айрим ёшларимиз ижод жуда жўн жараён экан деган фикрга бормасинлар демоқчиман, холос. Радиодан яқинда эшитганим бир суҳбат мени шунга ундади.
Ҳали она сути оғзидан кетмаган қизалоқ, 4- ёки 5-синф ўқувчиси, “яқинда иккинчи китобим чиқди” дея жарангдор товушда сўзларди. Бу албатта, отасининг ёинки аллақайси саховатпеша ҳомий маблағи эвазига чоп этилган китоблар. Тўғри, бундай ижод маҳсули орасида фавқулодда иқтидорли ёшлар, болалар ёзган китоблар борлигини ҳеч ким инкор этмайди, жумладан, мен ҳам. Фақат ўша кун икки китоб муаллифи бўлган қизалоқнинг шеърларини тинглагач, афсусландим. Шеърлар машҳур Жўқиникидан сира фарқ қилмас, жуда ночор эди. Бу хусусда нашриёт ходимлари, ҳомийлар, ота-оналар, адабиёт муаллимлари жиддий ўйлаб кўришлари керак. Чунки 10-12 ёшда иккита “китоб” чиқариб улгурган “шоир” ёки “шоира” кейинчалик ўз устида ишламай қўйиши ҳам мумкин-да. Боз устига, бадиий ижод нақадар катта масъулият, нақадар машаққатли, ҳатто баъзан инсон жисму жонини, умрини ёндирувчи меҳнат эканини юракдан ҳис этиши ҳам амри маҳол.
Бундан ташқари, пул эвазига қаланғи-қасанғи китобларнинг кетма-кет нашр этилиши, адабиётнинг, китобнинг, китобхонликнинг обрўсига жиддий путур етказади. Биз бўлсак “ҳеч ким китоб ўқимай қўйган” дея бонг уриб юрибмиз. Ахир паст савиядаги китоблар нашр этилса, танқидчи дўстларимиз муаллиф нуфузига қараб, уларни кўкка кўтариб мақташса, китобни ҳақиқатан ҳам яхши кўрадиган киши қаерга борсин, кимга арз қилсин?
Бундай китоблар ҳақида мисол келтириб ўтирмайман. Мисоллар  жуда кўп…
Пул эвазига дуч келган кишининг китобини чоп этавериш – масаланинг бир томони ва бу ношир, муҳаррир, ҳомийлар инсофи, виждонига ҳавола.
Мен йигирмага яқин китоби чоп этилган ижодкор сифатида яна бир масалага эътиборни қаратмоқчиман. Бу – ҳозир жуда илдиз отаётган иллат, яъни, ёзувчини ўз китобини чоп этиш учун 15-20 миллион сўм тўлашга ёки шунча миқдорда маблағ кўчирувчи ҳомий топишга мажбур этишдир. Ҳозир барча нашриётлар шу йўлга ўтиб олишган.
Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, ижодкор бунча пулни қаердан олади? Устига-устак кўз нури, соғлиги, бўш вақтини сарфлаб асар ёзадиган ёзувчини пул тўлашга мажбур этиш уни таҳқирлаш эмасми?
Наҳот буни нашриёт раҳбарлари тушунишмаса? Дард устига чипқон деганларидек, ижодкор учун катта далда, кўмак, қолаверса, яккаю-ягона даромад манбаи бўлган қалам ҳақи масаласи ҳам жуда ачинарли аҳволда. Кейинги 20 йилда мен нашр этилган бирор китобим учун бирор сўм пул олганим йўқ. Менга “ижодкор пул учун ёзмайди-ку!” дейишлари мумкин.    Бироқ ҳар қандай меҳнатнинг қадри, қолаверса, нархи, тўланадиган ҳақ бўлиши керак-ку! Тўғри, ҳозир бир-ярим газета, журналлар имкон қадар қалам ҳақи тўлашади. Бироқ аксарият нуфузли нашриётлар, айниқса, хусусийлари муаллифга сариқ чақа ҳам беришмайди. Нари борса айрим “инсофли” нашриётлар қалам ҳақи ўрнига ўз китобингиздан 40-50 тасини ўзингизга “тақдим” этишади. Бу, “қандингни ур, ўз пулингга!” дегани бўлса керак.
Узр, азиз ўқувчим, муаллиф эссе мавзуидан четга чиқди, дея ўйлаётгандирсиз? Асло бундай эмас. Мавзу ёзувчилик мактаби экан, китоб нашр этиш масаласини четлаб ўтиб бўлмайди. Чунки китоб чоп этиш ёзувчи учун ҳаёт-мамот масаласидир. Ахир ўзининг биргина китобини ҳам кўра олмай, ёруғ дунёни тарк этган ижодкорлар қанчадан-қанча?
Вилоятда яшаб туриб, китоб чиқариш учун кўп азият чекан бир ижодкор сифатида шуни яна бир карра таъкидлашни истардимки, ёзувчининг оғир меҳнати эвазига яратилган бадиий асарларни унинг ўз маблағи ҳисобидан чоп этишга мажбур этувчи ноширлар, нашриётлар, айрим корчалонлар гуноҳи азимга ботишяпти. Адабиёт ривожига тўсқинлик қилишяпти. Ахир, ўзингиз ўйлаб кўринг, мисол учун, боғбон сархил мева етиштирса-ю, кўтарасига сотиб олиши лозим бўлган корчалон унинг ўзини пул тўлашга мажбур этса, бунда бирор мантиқ борми? Бу ҳалол меҳнатни камситиш эмасми?
Демак, машҳурлар ҳам ўз ҳисобларидан китоб чиқаришаётган экан, биз ким бўлибмиз? “Туяни шамол учирса, эчкини осмонда кўр” дейишади-ку.
Ёзувчи ўз маблағи ҳисобига чиқарган китобини ўзи сотади. Уни шунга мажбур этишади. Бу энди ёзувчи устидан кулишдир. Баъзи нашриётлар эса, нуқул машҳурлар асарларини чоп этишади. Гарчи бу “машҳур”ларнинг айрим асарлари бир пулга қиммат бўлса-да, чеккадаги ижодкорга йўл берилмайди.
Мен бадиий ижод, ёзувчи оёққа туриб олгунга қадар нималарни бошидан кечиради, унинг руҳияти қандай бўлади, шуларни баҳоли қудрат тадқиқ этишга ҳаракат қилаётиб, бу жараённинг таркибий қисмларидан бири бўлмиш китоб чоп этиш муаммоларининг фақатгина айримларигагина эътиборни қаратдим, холос. Барча муаммоларни қаламга олсам, хомаю қоғоз ҳам, ўзим ҳам ёниб кетсам, ажабмас…
Ҳа, майли, бадиий ижодни қисмат деб билган инсон бу тўсиқларни ҳам енгиб ўтади. Мақсадига етиши учун енгиб ўтишга мажбур.
Ўз хаёлларим билан банд эканман, Янги йилнинг 2-куни ҳам ярмидан оғди. Секин радио қулоғини бурадим, ўтли ноладек бир қўшиқ янграй бошлади. Бир қўшиқки, ёндирувчи, ўйга толдирувчи қўшиқ. Ва айни дамда миямда тўхтовсиз чарх ураётган ўй хаёлларимга ҳамоҳанг.
Тоғлардаги қизғалдоқ энди менга дўст-ўртоқ,
Гулхан бўлиб ловуллар боғлардаги гул-япроқ.
Олмани отдим отганга, дийдаси тош қотганга,
Дунё бўлсин қоронғу ўз дўстини сотганга.
Ишонгандим ёримга, суюкли дилдоримга,
Ёрим мени алдади, қулоқ солмай зоримга.
Олмани отдим отганга, дийдаси тош қотганга,
Дунё бўлсин қоронғу ўз ёрини сотганга!
Қўшиқ баланд пардада янграйди, паришон хаёлларимга аланга оралагандек бўлади.
Ҳа, бу қўшиқ адабиёт маҳсули бўлмиш шеър ҳосиласи. Адабиёт сотмайдиган дўст, сотмайдиган ёрдир.
Акам сотмайдиган дўст эди, сотмайдиган дўст-ёрга – Адабиётга ошно қилди.
* * *
Мен кузда туғилганман, бу фаслнинг салқин саҳарлари, қуёшли кунларини беҳад яхши кўраман. Лекин, афсуски, акам вафоти ҳақидаги шум хабарни куз тонгларининг бирида эшитдим. Эшитдиму кўзим ёшга тўлиб, дийдаларим олдида саҳродаги икки дарахт намоён бўлди.
…Саҳродаги икки дарахт… Саҳродаги ёлғиз дарахт… Тилимга акам вафотидан хийла олдин битган “Куз” шеъри келяпти:
Кечки сокинликда куздан бир нидо,
“Қани, энди хуш қол, ўғлон!”-дегандай,
Сояга ўраниб кун бўлар адо:
Улгурмасанг- ғамгин, улгурсанг – шўх най…
Кунлар садо бўлиб қолар юракда,
Кейинроқ бир фурсат янграмоқ учун.
Доим қулоқ солмоқ керак юракка,
Умрингнинг мазмунин англамоқ учун!..
2013 йил 15 декабр – 2015 йил 2 январ.  Ромитан.
Жўра ФОЗИЛ Jo'ra Fozil1949 йил 5 октябрда Бухоро вилояти Ромитан туманида туғилган. ТошДУ журналистика факултетини тугаллаган. Ҳозир “Ромитаннома” газетаси бош муҳаррири вазифасида ишлайди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
“Муҳаббатнинг байрамлари”, “Барқут мавсум”, “Бухоро элчиси”, ”Бахт юлдузи”, “Менинг қизил гулим”, ”Болаликнинг ёлғиз ёдгори”, “Бухорийнинг қайтиб келиши”, ”Айрилиқ остонаси”, ”Тирамоҳ армонлари”, ”Ғозиён зиндони”, “Йўлбарсдаранинг сўнгги султони”, “Ошиқ Бухорий қиссалари” каби ҳикоя, қисса ва романлардан иборат китоблари нашр этилган. Рус адиблари Константин Паустовский ва Виктор Астафьевнинг қисса ва романларини таржима қилган.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *