Кета қол, даврага сиғмаган одам…

ҲУКМДАН СЎНГ

Нима бўлса бўлди – ўзимдан кўргум,
Кўнглимнинг этагин ушладим-кетдим.
Токайгача санғиб ортидан юргум –
Майда орзуларни ташладим-кетдим.

Ишонарли эртак айтмади тунлар,
Аждарларнинг куни битмаган бўлса,
Қайдан уйқу келсин, ҳамон ботирлар
Мурод-мақсадига етмаган бўлса?

Ичимга ёмғирлар ёққани-ёққан,
Ўйнамасман, Ёлғон ноғора чалса.
Кошки, мен чеккага чиққаним билан
Дунёнинг айвони кенгайиб қолса…

2008


Кета қол, даврага сиғмаган одам,
Борсанг-чи, парвозда давом этсанг-чи.
Ҳадемай барига тутилар мотам,
Лойқага қўшилмай ғолиб кетсанг-чи.

Бу ғурбатхонада баломи бордир?
Ҳар қавмнинг ўз шоҳи, ғуломи бордир.
Шусиз ҳам куйингни тинглайди очун,
Тоғларнинг беғараз саломи бордир.

Ҳавойи ўйларни ўйлаб-да юрма,
Кўкармас боғига бўйлаб-да юрма.
Очилиб борадур авж пардалари,
Навосиз наволар сайлаб-да юрма.

Денгизга дарёлар қуяр қудратни,
Тозариб оқурсан мисрама-мисра.
Кўксингдан беҳуда сочма зийнатни –
Қалбингни ардоқла, Дардингни асра.

2009

СЎНГСЎЗ

Қанот қилиб энг учқур сўзни,
Юлдузларни эттириб хиром,
Ҳаммасига чирт юмиб кўзни
Шартта учиш керак – вассалом!

2009

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.