Кетаман ўзимнинг дунёларимга…

Бир пайтлар “кетаман” руҳидаги шеъру қўшиқлар урфга кирган эди.
Инсон табиати ўзи шунақа: кўнгли хушламаган, руҳи суймаган жойда дарров “Кетаман”га тушиб қолади. Бу “кетиш” унча-мунчасини қизиқтирмаса ҳам, “Кетаман” дея куйиб-куйдиргиси келади.
Ўқувчилик йиллари ёзилган мана бу битикларда ҳам шу руҳ бор экан. Борича ҳавола этгим келди.

КЕТАМАН…

Энди чора йўқдир кетмоқдан ўзга,
Зулмат соя солди маъволаримга.
Суқилиб нетаман кўнгилчангизга,
Кетаман ўзимнинг дунёларимга.

Бир дунёки, ғариб кўнглим муҳтарам,
Шодликлар сарбаланд, ғамлар боши хам,
Хуш қолинг, юраги хунук маликам,
Кетаман ўзимнинг дунёларимга.

Яна йўқлаб келманг тушларим аро,
Ўзи қалбим яро, ҳисларим яро.
Йиғламанг, шундоқ ҳам кўзингиз қаро,
Кетаман ўзимнинг дунёларимга.

Кетсам, дилгинамда армонларим йўқ,
Қолгани кўнглим йўқ, имконларим йўқ,
Сизга эрмак бўлар осмонларим йўқ,
Кетаман ўзимнинг дунёларимга.

2000

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.