Китобнинг уволига қолмайлик!

Бугун китоб чиқарганнинг ошиғи олчи. Агар “китоб” дегани арзонгаров нашриётда сифатсиз қоғозга босилган, “майин” муқовасига панжара ортидан ё истиғно билан юзсизларча боқиб турган “қаҳрамон” сурати тамғаланган, деярли ҳар саҳифасидан фаҳш ҳиди келиб, сатрларидан қон томчилари томиб турган бозорбоп матоҳ бўлса. Нафси қутурган бундай “китобпараст”ларнинг нечтасини кўрдик, омма орасида енгил ҳаётни тарғиб қилишга жуда ўхшаб кетадиган бу ишини даромад манбаига айлантириб бўлган. Бири бор вақтини шу “касб”да камол топишга сарфлаган, яна бирови китоб дўконлари ва мижозларнинг узундан-узун рўйхатини ёдлаб олган. Уларнинг мухлислари, янаям аниқроғи, буюртмачилари кун сайин кўпайиб бораётгани ҳам рост. Бундай “китоб жиннилари”нинг қанчасини таниган бўлдик, “Янгиси қачон чиқади? Қолганини қачон ўқиймиз? Қайнонаси куёви билан учрашадиган жойи бор-ку, ўшанисини боплабсиз. Давомига жуда қизиқяпман”, – дея шундоқ ҳам босар-тусарини билмай қолган “ёзғувчи”ни баттар қутуртиради.
Учар муаллифларга бирон нарса деб кўринг-чи, нақ балога қоласиз. “Мени халқ ўқияпти. Қўлидан келса, ана, улар ҳам чиқарсин” дея ёқангиздан олгандек бўлади. Қайси халқни айтяпти ўзи! Бир ҳовуч оломон билан даҳо халқни ажрата олмай моддият илинжида адабиёт номидан қўрқмай фойдаланаётган бундай сурбет олғирларнинг танобини тортиб қўядиганлар борми?..
Бугун китоб чиқарганнинг аҳволига маймунлар йиғламоқдан бери бўлиб турибди. Агар муаллиф шакл ва мазмун жиҳатдан пишиқ, кўркам китоб қилишга уринган бўлса. Майли, бир амаллаб китоб чиқариб олинди. Энди ўлиб-тирилиб ёзилган китобни сотиш керак. Буёғи ўйланиш, яна ўйланиш: қиммат эмасми? Мухлисларга оғирлик қилмасмикан? Ўзини ҳурмат қилган ижодкор китобга товардан бошқа нарса деб қарамайдиган сотувчилар ҳузурига бориш тугул, улар билан гаплашишга ҳам ор қилади. “Туяга янтоқ керак бўлса, бўйнини чўзади” мақолини эсга олишдан наф йўқ. Китоб устига асл нархининг ярмидан зиёдроқ қўшган олғир сотувчи муаллифдан кўра кўпроқ фойда кўради. Оқибатда яна яхши китоб яратаман деган ижодкор бечоралар бечораси бўлиб турибди! Шу аҳволда адабий меҳнатнинг қадри ҳақида гапириб бўладими!
Агар Худо ёрлақаб бундай тўдани ёриб ўтадиган, ҳам санъат, ҳам саноатни бирдай олиб борадиганлар бўлса, уларга фақат ҳавас қилиш мумкин. Аммо қани ўша марди майдонлар?
Қисқаси, гап шу: хом-хатала ёзуқларига қўшимча виждонини ҳам пулга чақиб, бадиий дидни бузаётган “китобчи”лару жиғилдон йўлида ҳаётини ҳар қандай пуч асар, маърифатсизлигу ахлоқсизлик тарғиботига бағишлаганларни Китобнинг уволи тутсин! Асл адабиёт, маънавият билан кўча гапларини фарқлай олмай, савиясизликнинг қурбонига айланаёзганларга эса Ўзи тўғри йўл кўрсатсин.

#Йўл-йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Эслатма: Сайтдаги барча ижодий материалларнинг муаллифлик ҳуқуқи ҳимояланган. Кўчириб босиш муаллиф розилиги билан амалга оширилади.

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 706

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *