Комилжон Отаниёзов ёди: Комил Аваз. Тушида булбул кўрган

“Дийралишма” талқини

…Комилжон Отаниёзов билан бир маҳаллада ён қўшни, жон қўшни эдик. Дадам раҳматлик созга, адабиётга ихлосманд одам эдилар. Маҳалламизда катта шоирлар – Эгам Раҳим, Эркин Самандар, Огаҳий номидаги Хоразм вилоят мусиқали драма театрида хизмат қилган эл ардоғидаги санъаткорлар: Ўзбекистон халқ артистлари – Ҳожихон Болтаев, Комилжон Отаниёзов, Матёқуб Раҳимов, Каримжон Раҳимов, Мадраҳим Бобожонов, Дилором Сапаева (кейинчалик Муқимий номидаги Ўзбек Давлат мусиқали драма театрида ишлади), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар – Маҳмуджон Сапаев, Онабиби Очилова, Каримжон Исмоилов, Ражаббиби Бойжонова, Робия Отажонова, машҳур созанда ва актёрлар – Қаландар Бойжонов, Салима Ҳажиева, Жуманиёз Ҳайитбоев, Озод Иброҳимов, Биби Искандарова, шунингдек, бошқа атоқли маданият ва маърифат ходимлари, журналистлар истиқомат қиларди. Табаррук номлари зикр қилинган ардоқли инсонларнинг мамлакатимиз санъати, адабиёти, маданияти, маънавияти юксалишида хизматлари беқиёсдир.
Маҳалла-кўйчилик, Комилжон ака билан тўю маъракаларда учрашиб, бот-бот у кишининг суҳбатига муяссар бўлар эдик. Бир томони ҳаммаҳаллачилик, бир томони шеъру шуурга ихлосмандлигим туфайлимикан, устоз билан унча-мунча суҳбатлар қурганмиз. Комилжон ака суҳбатларининг таъми ўзгача эди.
1974 йил январ ойининг бошларида вилоят туманларининг ҳосил тўйлари ўтказилаётган кунлари Маркс Жуманиёзов ҳамда синфдош дўстим Шокир Матниёзов учовимиз Шовот туманида бўлдик. Тўйдан кейин бир пиёла чойга таклиф қилишди. Меҳмонхонага кирсак, даврада Комилжон ака Отаниёзов, у кишинингг шогирдлари Бобомурод Ҳамдамов, Отажон Худойшукуров ҳам бор экан. Салом-аликдан кейин Комилжон ака сўзлаётган гурунгларини давом қилдиравердилар.
– Тилимизда учта сўз бор, – дедилар бизга аста нигоҳ ташлаб, – “тўй”, “ер”, “соз”. Бу учта сўз бошқа тилга таржима қилинса, асл маъносини бермайди. “Тўй” – тўймоқ, создан, суҳбатдан, таомдан, дийдордан, кураш, қўчқорлар уриштириш томошаларидан тўймоқ. Бу оддийгина “свадба” эмас… “Ер” – е-ер, яъни, ейди, едиради. “Земля” сўзи “куша”т эмас, замин маъносини беради… “Соз” сўзининг маъноси жуда кенг, одамнинг оиласи тинч, рўзғори бут, ўттиз икки мучаси соғ бўлса, созланган дутордай қадди тик, кайфияти, иши, турмуши яхши, руҳияти баланд бўлади. Сознинг таржимасидаги “настройка” инсоннинг яшаш тарзини тўлиқ акс эттиролмайди…Komiljon Otaniyozov_
Устоз анча жим қолдилар. Ўртага тушган хушмавзун жимликни Маркс ака бузди.
– Комилжон ака, яхши ва топиб айтдингиз. Созандачиликда бир сўз бор – “дийралишма”. Унга нима дейсиз?
– Марксбой, дийралишмани одамлар тўғри тушунмайдилар. Бу сўз фақат созандаликда эмас, балки бошқа соҳаларда ҳам, инсонларнинг яшаш тарзларида ҳам кўп ва хўп ишлатилади. Масалан, икки одам жанжаллашаётганда бири-бирига мен сендан бақувватман демоқчидек: “Менинг билан дохиллашма, дийралишма, абжағингни чиқараман, мен сендан зўрман”, дейди. Худди шундай ҳазиллашиш чоғларидаям кимдир биров қуюшқондан чиққудай бўлса, енгилаётган одам, мен адаб сақлаб ўтирибман, обрўйингни қочиришим мумкин дегандак: “Менинг билан дохиллашма, дийралишма”, дейди. Созандаликка келсак, ҳар бир навозанданинг дўст-ёронлари, ўз мухлислари, шинавандалари бор. Ана шулар ўзларининг ўлтиришмаларида ҳар ким ўзи ёқтирган созандани кўкларга кўтариб мақтайди ва ўзига яраша баҳс-мунозара каттайиб, худди полвонлар майдонда кураш тушишганидек, қўшиқчиларни ҳам беллашишга ундайдилар. Қўшиқчилар бир томони мухлисларини ранжитмаслик учун беллашишга рози бўлсалар, иккинчи томондан ўзларининг қўшиқ соҳасида иқтидори, билими ва имкониятларини халқ олдида имтиҳондан ўтказишга интиладилар. Ана шунинг номи Дийралишмадир
– Яхши айтдингиз, – деди яна Маркс ака, – мана ҳозир ёнингизда элда оди чиққан,  юксак унвонлар соҳиблари Бобомурод билан Отажонбой ўтирибди. Биз ҳам уларнинг мухлисимиз. Икковини бир дийралиштарсангиз ничик бўлар экан?
– Майли, ихтиёрлари, – деди Комилжон ака ва нима дейсизлар дегандек, шогирдларига назар ташлади.
Бобомурод Ҳамдамов дарҳол узрини айтди.
– Уста, мен шошиб турган эдим. Чоржўйга тез етиб боришим керак.
Комилжон ака мийиғида кулимсираб:
– Ундай бўлса, майли, жавоб бермасак бўлмас. Лекин, бир жуфт қўшиқ айтиб кетсанг яхши бўларди, – дедилар.
Аслида, устозга Бобомурод Ҳамдамов билан Отажон Худойшукуровнинг дийралишмаганлари маъқул эди, чунки бу хонандаларнинг қўшиқ айтиш услублари айри-айри эди.

Бомбайдаги “Сегоҳ”…

Йиғинларда Комилжон ака ҳақида анчайин хосиятли гурунглар бўлар эди. Кўпгина давра суҳбатларимизда туман, вилоят, ҳатто республика катта-кичиклари ҳам қатнашганлар. Устознинг дўсти, Янгиариқ, Ҳонқа, Хива туманларига фидойилик ила раҳбарлик қилган Мадамин ака Маткаримов билан Комилжон ака хусусидаги суҳбатларимиз, мулоқотларимиз бошқа бир дунё эди. Мадамин ака юз-кўзларидан нур ёғилиб турадиган, хушсурат, бунинг устига, сўзга уста, меҳмондўст, созга, шеъриятга ихлоси баланд инсон эди. Ўғли Бектурдининг уйланиш тўйида Мадамин ака ўзига ярашган хушлутфлик оҳангида:
– Комилжон ака бугун “Лазги”га ўйнамасангиз бўлмайди, – деган.
Комилжон ака ҳам Мадамин аканинг “Лазги”га қадимий услубда рақс қила олишини бир-икки бора кўргани боис, шўхшанлик билан жавоб берган:
– Агар ўртоқ Маткаримов ўйнаса, ўйнаганим бўлсин!
Бу икки улуғ инсоннинг Хоразмнинг қадимий, маънавий мулки бўлган “Лазги”га рақс тушиши тўй қатнашчиларини ҳайратга солган. Атрофда “Қойил”, “Баракалла”, “Салламно” деган олқишлар янграган. “Лазги”нинг кўтаринки руҳиятиданми ёки халқнинг алқовидан ийиб кетганиданми, устоз санъаткор ўзи гувоҳ бўлган воқеани гапириб берган:
– Ҳиндистонга ижодий сафаримиз чоғида Бомбайда ҳам концерт бердик. Мен “Сегоҳ” қўшиғини ижро этдим. Бир пайт қарасам запдагилар менга қўшилиб “Сегоҳ”ни куйлашаяпти. Яна денг, яхши айтишяпти. Қўшиқ тамом бўлгач, ҳайратимни яширолмай бирпас жимгина залга қараб хайрон қолдим ва сўрадим: “Сизлар “Сегоҳ”ни қаердан биласизлар?” Улар бараварига қичқиришди: “Бизлар хоразмликлармиз!” Тавба, узоқ Ҳинд элига қадим бориб қолган хоразмликларнинг авлодлари бизларнинг мақомларни авлодан-авлодга ўтказиб келишаётган экан-да… Воажабо! Қандай яхши!

Комилжон Отаниёзовнинг “Лазги” рақси

Гоҳо ўйлаб қоламан, улуғ ҳофиз нафақат созу сўзни, балки эл-юрт рутбасида ҳамиша одамийлиги, ҳимматлилиги, оқибат ва меҳр туйғуларини юқори тутгани учун ҳам юртдошлари ёдига абадий дохил бўла олган. Медицина фанлари доктори, гапдош улфатимиз Саидакром Ҳасанов Комилжон ака билан боғлиқ шундай воқеани гапириб берди. Саидакром ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари бошларигача Ўзбекистон ички ишлар вазири бўлиб ишлаган милиция генерали Йўлдош ака Бобожоновнинг қизи Светланага уйланади ва тақдир тақозоси билан уларнинг уйида яшаб қолади.
– Мен умргузаронликнинг турфа рангларига гувоҳ бўлганман… Амал курсисидаги мартабали кишиларга, дўстингман, қариндошингман ва ёки бир умрлик қон-қариндош бўлиб қолайлик деб, ўша дўсти мансабидан узилганидан сўнг, манфаат кўра олмаслигини билиб, юзидан асл ниқобини оладиганлар ҳам сероб. Ва ёки тескариси… Аммо мен ўзим билган, кўрган, синашта бўлган ҳазрати инсон Комилжон ака самимий, оқибатли киши эдилар деб айта оламан. Қайнотам милиция ишидан нафақага чиққанларидан сўнг ҳам хоҳ тўю аза, қувончу-қайғули кунларда ҳам у киши бу хонадондан қадамларини узмадилар. Уларнинг қиёматлик дўстлигини гўзаллаштирадиган ва кўнгиллар бир-бирларидан сув ичишида сознинг хизмати беқиёс ўрин тутган эди. Комилжон ака хонадонимизга қачон ташриф буюрсалар, қайнотам дарҳол дуторларини олиб, ўриндиққа ўтирардилар-да, “Лазги”ни бошлардилар. Азиз меҳмонимиз остонада турган жойларида “Лазги”га бор маҳоратини жойлаб, рақс бошлардиларки, мен ҳозирга довур бундай маҳобатли, турфа ҳолатларни ажиб воқеликка менгзаб ўзида акс эттиргувчи муқомли рақс кўрган эмасман. “Лазги” тугагач, Комилжон ака ва қайнотам бир-бирларини бағирларига босиб, ҳол-аҳвол, фарзандлару саломатликдан сўз юрита бошлашган чоғ хонадонимизга бутун олам файзу фариштаси, баракоти иниб келгандек туюлиб кетарди менга…

Комилжон Отаниёзов тори

Комилжон Отаниёзов ҳаётидаги ўзи кўриб, гувоҳи бўлган ва қувониб айтиб берган ҳавасли гурунгларини ёдлаган, тарихга битилган оташнафас қўшиқларидан баҳраманд бўлган кишиларнинг ботиний қониқишларини шу бугун ҳам туйиш қийин эмас. Нега десангиз камина ҳам бу янглиғ бахтдан мосуво эмасман.
Хоразмда авваллари “Рубоб”, кейинларда “Тор” деб аталмиш мўъжаз мусиқа асбобининг довруғи Ўрта Осиёга ёйилишида Комилжон устознинг хизмати беқиёс…
Саҳнага чиқиб қўшиқ куйлаган булбуловоз ҳофиз ҳар бир қўшиққа торнинг илоҳий оҳангини моҳирлик билан уйғунлаштира олган. Ўтган асрнинг эллигинчи йиллари охиридамикан, Комилжон Отаниёзов ва бетакрор скрипкачи Олланазар ака Ҳасановларнинг тасмага муҳрланган “Сақили наво” – “Хончиқар” куйи ижросини тинглаб, худдики сеҳрли мўъжизага дуч келгандек сезганман ўзимни. Эшитувчига ижро қилинаётган куйда қатнашаётган 6-7 симлик оддийгина тор эмас, балки бир неча мусиқий чолғу асбоблари жўрлигидаги мусиқа ижро қилинаётгандек таассурот уйғотади. Ваҳоланки, куй бошидан то адоғигача фақатгина скрипка ва чилдирма иштирок этган.

Ҳадяга –  пальто!

Устознинг полвонларга меҳри ўзгача эди. Кўпгина давраларда бу ҳақда эшитганим бор, ёзувчи Байрам Ғойибов “Хоразм полвонлари” номли қизиқарли маълумотларга бой китоб нашр этди. Ўша рисоладан Комилжон ака билан боғлиқ лавҳаларни айнан келтиришга жазм этдим:
“…1964 йил. Комилжон Отаниёзов севимли шогирди Бекжон Отажоновнинг фарзанди Азимбойнинг хатна тўйига бошчилик қилмоқда. Тўйда устоз раҳбарлигида вилоятнинг барча кўзга кўринган санъаткорлари хизматга ҳозир туришибди. Навбат курашга етди. Даврага енг шимариб Норбой полвон чиқиб келди. Норбой полвон Сотим полвонга устозлик қилган, жуда кўп ёшларни кураш майдонига олиб чиққан сахий қалб соҳиби. У чўккалаб ўтирди-да, ёши улуғларнинг дуосини олди. Комилжон Отаниёзов уни ўзига яқин олар, ҳазиллашишни хуш кўрар эди. Кунларнинг бирида чой ичиб ўтирган устоз Норбой полвонга қараб кулиб юборди. Бундан ажабланган Норбой полвон устоздан кулишининг сабабини сўради.
– Йўқ, ўзим. Бир нарса ақлимга сиғмай, шунга кулгим келди, – сир бермагандай, унинг кўзига тик қаради устоз.
– Айтинг-да энди. Бир қизиқ нарса хотирангизга келди шекилли, бўлмаса кулмас эдингиз.
– Рости ҳам шу.
– Нега энди. Сизнинг топишмоқли гапларингизга баъзида тушунолмайман. Гап ўзимиздай содда, лўнда бўлса яхши. Тушунтириб айтинг, илтимос.
– Очиғи шуки, сени туққан аёлга ҳукумат ўнта “Қаҳрамон она” унвонини берса ҳам камлик қиларди. Ҳолбуки, бирни ҳам раво кўрмаган. – Устоз гапдан тўхтаб, тингловчиларнинг диққатини бир нуқтага жамлашга эътибор қилиб, чой ҳўплай бошлади.  – Биринчидан, сендай балои азимни соғ-саломат туққани учун. Иккинчидан, сенинг афти башарангдан қўрқмай эмизиб, оппоғим, болажоним деб тарбия қилиб ўстиргани учун. (Норбой полвоннинг юзига эринмай нақш қўйилган эди-да.) Даврада кучли қаҳқаҳа янгради”.
Иккинчи лавҳа ундан-да қизиқроқ: “Қармиш қишлоғида Отабой Панаевнинг уйланиш тўйи. Ҳамишаги одати бўйича хизматни қойил қилиб адо этган Комилжон Отаниёзов бошлиқ санъаткорлар гуруҳи тўйда ўзларига ажратилган вақт давомида аҳли жамоанинг кўнглини олиб, навбатни полвонларга бердилар.
Ана, осмоннинг устунидай бўлиб кураш майдонига Сотим полвон чиқиб келаётир. Сотим полвон Хоразмнинг пешқадам полвонлари сирасига киради. Унга Худои таоло аямай сумбат берган. У ўртада чакмонининг ёқасини очиб талабгоринг қани, деб турибди. Вилоят туманлари, қўшни Қорақалпоғистон ва Туркманистондан келган полвонлар бари ерга боқиб ўтиришарди. Сотим полвонга тараф топилмайди. Шу пайт Комилжон Отаниёзов полвонлардаги бу тушкун кайфиятни кўриб ўрнидан турди.
– Ҳа, полвонлар, барингни Сотимбой ўтакангизни ёриб қўйибди-ку. Нима, унга бу тўйда тараф топилмайдими? Ахир бу элда бизнинг “Номилжон Коми” деган полвонимиз бўлар эди. У ўрмондаги ваҳший арслонлару баҳайбат филдан ҳам тап тортмас эди. Нима бўлди ўзи? Ё тўйга келмадими?
Шу пайт тўйнинг кексалар қур тузиб ўтирган жойидан паст бўйли, сариқ мағиз, оппоқ соқоллари кўксини қоплаган киши ўрнидан туриб, Комилжон устоз томон одимлай бошлади. Икки дўст узоқдан қучоқларини очиб, бир-бирига талпиндилар. Соғинган юраклар жунбушга дош беролмай кўзларидан ёшлар оқди. Солай калта номи билан машҳур бўлган бу полвон бир сафар Комилжон акага “Комилжон деган номинг бор” дейиш ўрнига шошилиб қолганидан “Номилжон коминг бор”, деб юборганди-ю, ўшандан буён Комилжон ака уни ҳамиша ҳазиллашиб “Номилжон коминг” деб атар эди.
– Комилжон, курашдан қолганимга ўн йилдан ошиб кетди. Аммо сизнинг сўзингизни ерда қолдириб бўлмайди.
Солай полвон шу ердаги полвонлардан чакмон сўраб олиб, кексаларнинг дуосини олгач, Сотим полвоннинг қаршисига турди. Бу олишувни кўрмаган одам тасаввур қилолмайдиган ҳолат юз берди. Чунки фил билан чопқир от ёнма-ён тургандай, Солай полвоннинг бўйи Сотим полвоннинг кўксигача аранг етар эди. Яна уларнинг бири, бир юз олтмиш кило тош босгани ҳолда, иккинчиси аранг етмиш килога етар, бири ёш, навқирон бўлса, иккинчиси нуроний ёшга етган.
Сотим полвон Солай полвонни ушлаганича силтаб ота бошлади. У эса гўё буни  писанд қилмагандай ёқа олаверди. Кураш бошланганига бир соатдан ошиқ вақт кетди, аммо натижа кўринмас эди. Бир маҳал полвонлар олишаётган жойдан чанг кўтарилди. Нима бўлганини билгунча бўлмай, Сотим полвоннинг белидан олиб суриб кетган Солай полвон чангак солиб юборди. Гўё ер қимирлагандай бўлди. Бу ҳол бошланиши билан ўрнидан туриб кетган Комилжон ака йўл-йўлакай ечган палтосини дўстининг устига ёпди…”
Азбаройи суюниб кетган санъат, куй-қўшиқ полвони Комилжон устоз, кураги ерга тегмаган ёш, навқирон полвонни енгган, кекса полвонга айни қиш чилласида устидаги палтосини инъом қилиб юборади. Юқоридаги икки лавҳадан, эл севган ҳофиз Комилжон Отаниёзовнинг полвонлар ўртасида нечоғли ардоқли, эъзозли экани кўриниб турибди.

Мўъжиза яратган афсонавий ҳофиз

У кишининг рақс санъатига бўлган ихлоси, талабчанлиги тўғрисида ҳам эшитганларим бор…
Ўзбекистон халқ ҳофизи Қувондиқ Искандаровнинг шогирди, Бухоро мусиқали драма театри мусиқа раҳбари боғотлик созанда Қаландар Матёқубов бир ўлтиришмада шундай гурунг қилди.
“Комилжон устозни уйимга меҳмонга чақирмоқчи бўлдим. Ниятимни англаган ҳофиз, майли, Қаландар сеникига бормай, кимникига борамиз. Туз ҳурмати ҳар нарсадан устун. Лекин сенга бир кичкина шартим бор. Бизга дастурхон тузамоқчи бўлган уйингдаги айвон устунларига ўн иккита беданали тўрқовоқ иласан…
Зиёфат қизигандан қизир, ўтирганлар ҳофизнинг оташнафас қўшиқларидан сел бўлар даражага етган эдилар. Навбатдаги қўшиқнинг айни авжида кутилмаган ҳол юз берди – Сара куй ва ҳатто тоғу тошни ҳам эритиб, мум қилиб юборадиган тилсимий  овоздан тўлиқиб кетган, ўн иккита тўрқовоқдаги беданаларнинг жўровозликда янграган “ва-вақ, ва-вақ”и гўё оламни тутди”. Қаранг-а, ҳам чолғуда, ҳам қўшиқда, ҳам рақсда моҳирлиги баробарида, ғазаллар битиш, мухаммаслар боғлаш, бетакрор қўшиқчилик мактабини яратишдек буюк иқтидорнинг бир кишида мужассам бўлиши Оллоҳнинг устозга бермиш ноёб инояти бўлса не ажаб!
Устознинг санъаткорлигини ҳамма билади, аммо у кишининг ғазал, мухаммаслар битганинидан кўпчиликнинг хабари бўлмаса керак. Устознинг гўзал ғазаллари навозандалар томонидан баланд авжларда ҳамон куйланиб келмоқда. Комилжон аканинг ғазалиёти, Навоий, Машраб, Фузулий, Огаҳий, Отаниёз Охун Ниёзий ғазалларига боғлаган мухаммаслари тўғрисида адабиётшунослар тадқиқотлари мухлислар ва китобхонлар учун дуру жавҳар, лаъл қимматидан ҳам зиёда. Ҳофизнинг адабий мероси адабиётимиз хазинасига қўшилган бебаҳо маънавий мулкдир!

Ғайбий туш

Умр манзилларида бу фоний дунёни тарк этганларнинг руҳи, яқинларини, таниш-билишларини қай бир ҳодисотлардан ғойибона огоҳ этганларига кўп маротаба иймон келтирганман. Айниқса, ўзимда содир бўлган бир воқеа ҳали-ҳали эсимдан чиқмайди
Комилжон ака билан ўртамизда бундан эллик йиллар муқаддам, аниқроғи, 1964 йилнинг январ ойи ўрталарида бўлиб ўтган эди ўша воқеа, бироқ то ҳануз ёзишга журъат қилолмадим. Сабабики, ўша воқеани йигирма етти-йигирма саккиз йилдан кейин бир имиқ ўлтиришмада айтдим ва тез орада Комилжон ака тушимга кирдилар. Аммо кейинчалик бу воқеани қисман қай бир рисолаларимда рақам қилганман. Ҳозир ёзмоқчи бўлган ўша воқеани таърифлаб, кейин туш тафсилотини келтираман.
Душанба куни эрталаб, вилоят ёшлар ташкилотига, йиғилишга  шошиб бораётган эдим. Эски ёғ заводи биноси рўпарасидаги “ювилер” дўконидан Комилжон ака шогирдлари Бекжон Отажонов, Отаназар Абдалниёзовлар билан чиқиб қолдилар ва тасодифни қарангки, юзма-юз келиб қолдик. Демак, улар Огаҳий номли вилоят мусиқали драма театрининг эски биносидан чиқиб, йўл-йўлакай дўконга кирганлар.
Саломлашиб-сўрашгач, Бекжон ака устозга юзланиб, менинг номимни Комилжон деса, устози олдида ноқулай бўлади чоғи, ўзига ярашиқли кулимсираб, ҳамишаги одати бўйича:
– Мавлононинг вақти хуш, – деди.
Комилжон ака синчковлик билан менга қараганча, Бекжон аканинг гапига савол ташладилар:
– Ҳа на гап, омонликми?
– Омонлик, дўстимиз ўғил кўрганларига икки-уч кун бўлди. Шунга оёқи ера тегмай бораётир.
– Яхши, кўп яхши, кўзингиз ойдин! – дедилар Комилжон ака ва ҳавасмандлик ила, – Бугун театр ҳам отдих, кечда борақўяли, – деб шогирдларига қарадилар, кейин менга юзландилар.
– Яхши, майли, келақўйинглар, – деб кета бошладим.
Устоз анойи қараш билан дедилар:
– Тўхтанг, нера шошасиз?
– Тунигун вилоят ёшлар ташкилотига биринчи котиб этиб сайлашди, штатсиз.
Шогирдлар штат-птатга қулоқ қўймай, мени мақтай бошлашди.
– Ў, яхши, яхши, соатини келишиб олайлик, – дедилар устоз ва бирпас жим туриб – бугун кеч соат саккиз нол-нолда телевизорда чиқишимиз бор. Йигирма беш минут прямой эфирда қўшиқ айтаман, ахборотгача. Саккиз яримда бизни телевидение олдидан олиб кетасиз. Келишдикми?
Келишдик дегандек бош ирғадим аммо, ичимда  институтни энди битказиб, пахта тозалаш заводида смена чилангири бўлиб ишлаётган бўлсам, менда машина нима қилади демоқчиям бўлдим-у, мажлисга кеч қолаётганим учун шошиб қадам ташладим.
– Бизлар келгунча, Ғайбуни раиси Сотиб Қаландаров билан пахта завод директори қўшнингиз Хударган Саидовни олдириб қўйинг.
– Ман уларга қандай қилиб айтаман… – деяётган эдим, Комилжон ака сўзимни бўлдилар:
– Дадангизга айтинг. Самандар ака ўзи олдириб ўтиради. Мени айтди денг.
Розилигимни билдириб, шошилинч йўлимга равона бўлдим. Вилоят ёшлар ташкилоти, ҳозирги Урганч шаҳар ҳокимияти ўрнида эди. Мажлис тамом бўлгунча ичимни ит тирнади. Ҳали дадамга айтмадим. Бугун кечқурун вақтлари борми-йўқми? Кечда телестудия олдига қандай машина олиб бораман. Такси олиб борсам, уят. Вазифам каттами-кичикми, барибир, пахта заводида ишлайди деган номим бор.
Хуллас, кундузи соат ўн иккиларда Вилоят Ёшлар қўмитасидан чиқиб, уйга қайтдим. Маҳалламизга яқинлашган эдим, қарасам йўл ёқасидаги ҳовлида яшайдиган Ботир аканинг эшигида Обкомнинг қора рангли “24-Волга” русумли автомашинаси қантарилиб турибди. Ботир ака шу машинанинг ҳайдовчиси. Демак у тушликка келган. Бахт-таваккал, бисмиллоҳ деб эшикни очиб кирдим. Ботир ака долонда овқатланиб ўтирган экан, киравер дегандек имо қилди. У кишини тўй-маъракаларда кўп кузатганман, ниҳоятда камгап ва ҳамиша жиддий юради. Ҳозир ҳам мендан ҳа, нима гап, нимага келдинг демай, нонга қаранг дегандек ишора билан ичкаридан менга овқат сузиб чиқишларини кутяпти. Мен эса шошяпман. Одатимга кўра ҳамишагидан ҳам тез-тез гапирдим.
– Кечда Комилжон ака шогирдлари билан бизникига “кўзойдин”га киришмоқчилар. Шунга кеч соат саккиздан йигирма беш минут ўтганда телестудия олдига машинада боришим керак экан. Шунинг учун ёнингизга келдим. Вақтингиз борми, мен билан бора оласизми?
Ботир ака хўп дегандек бошини ирғади. Мен такрор тайинлаб сўрадим. У киши яна бир оғиз гапирмай, яхши демишини яна бош ирғаб тасдиқлади.
Таваккалчининг ишини Худо ўнгарибди деганлари шу-да, машина иши битди ҳисоб. Энди гап дадамда. Нима дерканлар. У ҳам силлиқ ҳал бўлди, фақат ойим:
– Бугунми? Ахир қиш куни бир тутам. Олдинроқ айтсанг бўлади-қу! Аканг (даданг демоқчилар) Ҳожихон акани (Ўзбекистон халқ артисти Ҳожихон Болтаев), сан Комилжонни уйга айтмай бошлаб келадиган бўлдингми?
– Чаман, – дедилар дадам, – қизиқ сўллийсин. Қўшни одам, бугун тўйи йўқдир, невара кўрганимизга “кўзойдин”га кирса нима бўлибди. Катта бошини кичик қилиб келаётганига хурсанд бўлмийсанми?
– Ҳовва кўзим учиб турвади. Ҳадамин кун ботади. Новви пиширамиз, дастурхона новви қўямиз?
– Қисинаварма, тўрт зоғора бир чойнак чой билан тўй совилади. Оқшомғина харажат қилдинг. Келим-кетимли уй. Бир иложи бўлар. Бағрингни кенг қил.
Ботир ака кеч соат саккизда эшигимиз олдига келди ва биз телестудияга қараб кетдик. Ўн беш-йигирма дақиқаларда етиб бордик ва кирган кенггина хонамизда қоровул ва бир-икки киши телевизорда Комилжон ака куйлаётган қўшиқларини эшитиб  ўтиришган экан. Биздан ҳеч ким нима қилиб юрибсизлар деб ҳам сўрамади. Устоз айтганларидек, Москванинг Марказий ахборот кўрсатувидан беш дақиқа аввал концерт тугади ва Комилжон ака томоқларини қалин шарф билан ўраб, эфир хонасидан чиқиб келдилар. Бир оғиз гап-сўзсиз, ташқарига йўналдилар. Орқаларидан шогирдлари асбобларини кўтариб чиқишди, биз ҳам эргашдик. Бекжон аканинг машинасига Қуромбой сурнайчи, Олланазар ака скрипкачи, хушовоз хонанда Матмурод ака ва Отаназар чилдирмачилар ўтиришди. Комилжон ака бизнинг машинамиз орқа ўриндиғига, машина хўжайини ўрнига, мен ёнларига ўтирдим.
Машинамиз қўзғалиб сал юрган эдик Комилжон ака “томдан тараша” қилиб, яна қаҳр билан:
– Обкомни каттасидан кичигигача…, – дея қаттиқ сўкиндилар.
Бу пайтда машина силикат заводи рўпарасига яқинлашган эди. Мен машинанинг мен томондаги ён эшик ойнасини ярмигача тушириб, четга тупурдим ва ойнани кўтариб бекитдим.
Комилжон ака баттар қаҳрланиб:
– Ёқмади гарак! – деб юзини нариги четга бурдилар.
Кўнглим малолланди, ахир машина Обкомники, шофер шу даргоҳда ишлайди, нега энди била туриб бу янглиғ қаҳрли ҳақорат бўлиши мумкин.
– Мени ким деб юрибсиз? – дедим овозимни кўтармай, кафтимни очиб кўрсатдим, – мана шу кафтга қўйиб, пуфланса мен учиб кетаман ҳисоб. Шундай баланд овозингиз бор, дардларингизни авж пардаларда катталар қулоғига бориб етадиган қилиб айтсангиз бўлмайдми?
Комилжон ака, шоферга қараб бақирди:
– Ҳей, шопир, мен буларникига бормайман, уйга ҳайда!
Бу пайтда машина Шовот ёпининг эски кўприги устида эди. Тўғрига, Комилжон аканинг уйи, чапга бурилса, бизнинг уй кўриниб турибди. Ботир ака бир оғиз гапирмай, рулни бизнинг уй томонга буриб, газни бераверди. Комилжон ака “На дадим санго, эй шопир” дегунларича, эшигимиз олдига бориб қолдик. Худди телефон қилиб огоҳлантирилганидек, уйимиз олдида дадам, Сотип ака, Хударган ака совуқда ер депсинишиб, кутишаётган эканлар. Комилжон ака машинадан тушибоқ, барилари билан қучоқлашиб кўриша кетдилар. Шогирдлар бизнинг машинадаги машмашадан бехабар шоду шодмонлик ила ўзларини ичкарига урдилар. Улар бариси меҳмонхонага, мен эса, ўз хонамга кириб, ишчи кийимларимни кийиб, навбатимдаги тунги сменага, ишга кетдим. Директоримиз шу ерда, бунинг устига қўшнимиз, рухсат сўраб, ишдан қолсам ҳам бўларди, лекин машина ичидаги ҳангомадан кейин қолгим келмади. Аёлим, Раънобибидан бошқа ҳеч кимга ҳеч нима демай заводга жўнадим. Совуқда пойи пиёда кетишимга кўзи қиймаган Раънобиби “қолсангиз бўларди” деди,. Унга тушунтириб ўтирмадим.
Юқорида айтганимдек, Комилжон устоз билан орамизда бўлиб ўтган кўнгилхиралик ҳақида гапирганимдан сўнг, бир ғайритабиий туш кўрдим:
… Уйимизга кираверишдаги болохонада, полдан то шифтгача  бўлган масофани эгаллаган бир сурат турган эмиш… Яқин бориб қарасам, раҳматлик булбулнафас ҳофиз Комилжон Отаниёзовнинг янгигина мойбўёқдан чиққан сувратлари. Эгнида оқ кител-шим, бошида дўппи. Ҳайратнинг зўридан “Ўҳ-ҳў!” деб юбордим. “Бу сувратни Комилжон акага  кўрсатишим керак, худди тирикдек-а!”
Шарт туриб, Комилжон ака қўйилган Урганч туманидаги Иморатбува қабристонига борибман. Қаердандир қабристон қоровулими, мулласими чиқиб келди.
– Сизга ким керак?
– Комилжон ака.
– Отаниёзовми?
– Ҳовва.
– Ҳа? Нишатасиз у кишини?
– Сувратини чизибдилар, худди тирикми дейсиз. Шуни кўрсатмоқчи эдим.
– Қайтариб олиб келасизми?
– Ҳовва.
Эгнида, бошдан-оёқ оппоқ либосга ўралган Комилжон акани бошлаб чиқди.
– Ҳа, нима гап? – сўради мендан Комилжон ака.
Тезгина тушунтирдим. Бирпасда уйимизга етиб келдик. Болохонага кўтарилиб, баланд бўйли сувратини кўргач, Комилжон ака ҳайратини яшира олмай:
– Ўҳ-ҳў, адаш, мени тирилтирибсизлар-ку-а?! – дедилар.
– Рассомларга раҳмат айтмоқ керак, – дея,  суҳбатни яна давом эттириш ниятида энди ўтиришга тараддудланганимни биламан, (сал аввалроқ вафот этган, лекин бошқа манзилга қўйилган марҳума) бир танишимиз келиб, Комилжон акага “Пастга тушинг” дея овоз берди.
– Адаш, энди кетмасам бўлмас, хабарчи келибди,– деди-ю, Комилжон ака шошилиб, зинапоядан пастга туша бошладилар.
Ташқарига чиқсак, эшигимиз олдида машина турибди. Икковлари машинага чиқиб, жўнаб кетишди. Машина ортидан қараб қоларканман оппоқ, худди булутлар каби парқу чанг кўз олдимни қоплаб олгандек бўлди…
Уйғондим. Нонушта қилганимдан сўнг, идорага келиб, (ўша пайтда Огаҳий номидаги вилоят мусиқали драма театрида директор бўлиб ишлардим) тушимни устознинг суюкли шогирди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Бекжон Отажоновга айтдим. Ва кейин жамоага сўзлаб бердим. Ўша куниёқ, театр ҳовлисида катта дошқозонларда ош дамлаб, Комилжон ака хотирасини ёдлашга келишдик. Ташкилий ишларни йўлга қўйиб, вилоятнинг ўша пайтдаги ҳокими Маркс Жуманиёзов қабулига бордим. Мен тушимни, бошлаган хайрли ишимизни гапираяпман-у, у киши стол устидаги тақвимни олдига тортиб, варақлай бошлади ва бир зум сукут сақлаб, дарҳол йил қайтарди:
– 1917 – 1992… 75 ёш! Э-э, Комилжон, – деди менга маъноли қараш қилиб, – Комилжон акам, юбилейларини ўзлари сизга аён қилибдилар-ку, а?
Икковимиз ҳам ҳайратга чўмдик!
Маркс ака, тегишли ташкилотларга топшириқлар берди ва Комилжон ака таваллудининг 75 йиллигига тайёргарлик бошланди. Устознинг сувратини Ўзбекистон санъат арбоби, моҳир рассом Отахон Оллаберганов худди тушимда кўргандек қилиб чизди. Халқ ардоқлаган санъаткорнинг юбилейи катта тўйга айланиб кетди. Маҳалламиз у кишининг номлари билан атала бошланди.
Ҳар сафар ана ўша ғайбий туш ишорасининг хайрли хотимасини ўйлаганимда, Огаҳий ҳазратлари таваллудининг 190 йиллиги олдидан, Хива туманининг Қиёт қишлоғидаги Шайх Мавлонбобо қабристонида бўлганимизда юз берган сирли воқеа хаёлимга келаверади…
Тасаввуф илмидан бохабар, икки-уч шеърият ихлосмандлари билан телевидение камераси олдида алломанинг ҳаёти, ижоди хусусида сўз юритиб, айрим ғазаллари, байтларини баҳоли қудрат таҳлил қилиб ўтирганимизда, қаердандир, кеч куз салқинга қарамай, чиройли бир оқ капалак келиб, менинг пешонамга, қош-кўзимга қўнаверди. Ота-боболаримиздан эшитиб, қулоққонди бўлганимиздан, (капалаклар ўтганлар руҳига менгзалмиши) буни яхшиликка йўйдик, шоир руҳининг шодмонлигидан дарак деб билдик.
Балки, ўшанда Комилжон акадан (машина ичидаги суҳбат сабаб) нотўғри хафа бўлгандирман. Балки, ёшлигим, улардан кўп ёш кичиклигим боис, нега ундай деяпсиз, сизни ким хафа қилди, деб сўрашга ботинмагандирман. Шу воқеадан сал вақт ўтмай, устоз билан иноқлашиб кетдик, зиёфатлашиб юрдик. Кейинларда эшитганман…
Айни ўша пайтларда Комилжон Отаниёзовнинг тор билан қўшиқ айтишини ва  пойтахт телевидениеларида эфирга чиқишларини чеклаб, монелик қилинаётган кунлар бўлган. Вилоят раҳбарларидан рўшнолик кутган бўлсалар, улар ҳам ҳофиз ижоди ва ҳаётига бефарқ қарадиларми, янаям Яратган билгувчи.

Сайилда Комилжон талқин айтармиш!

Бу хабар йўл олислиги, от ориқлиги, ҳавонинг қовоғи солиқлигини баҳона қилиб болишга ёнбошлаган мўйсафиду ҳассага таяниб қолган чолларгача, эмизикли чақолоғи билан остона хатлаб чиқишга журъат этолмаган келинчаклару қаттиққўл қайноналаргача, танбалу эпчил, вазмину қувноқ, хомушу хушчақчақ, ҳамма-ҳаммага сеҳрли таъсир этар, барча бирдай шоша-пиша йўлга отланишар эди.
Ичон қалъадан Дишон қалъанинг олис-олисларигача бемалол эшитиладиган ўктам овоз, ўша муборак кун то ярим тунгача машъала ёғдусида не-не қалбларни жунбушга келтирмайди, дейсиз.
– Фалон тўйга Комилжон келармиш!
Шу бир оғиз калом узоқ-яқиндагилар учун ўтинч тўла самимий битилган таклифномадан анча юқори турарди. Боз устига тўй эгасининг қўли юпқа, борди-келдиси камроқ бўлса: “Э, бизнинг тўйга ким ҳам келарди, ўтказиб қўйган нарсамиз бўлмаса”, дея минг андиша билан бошлаётган ғарибгина йиғини катта шодиёнага айланаётганини кўргандаги шодмонлигини тасаввур қилаверинг. Қолаверса, эл-элат катталари Комилжон Отаниёзов ташриф буюрган тўйга қуруқ қўл билан келишмайди.. Буям қарз-қавола қилиб тўй бошлаган муштипар хонадоннинг ризқ-насибаси!
Комилжон ака учун тўй соҳиби бой, камбағаллигининг аҳамияти бўлмаган.  Фарзанд кўрган, суннат ё никоҳ тўйига Комилжон акани олиб келаман дея орзулаган одам албатта ниятига етарди. Ҳофиз кириб борган хонадон зум ўтмай одамларга тўлиб кетарди. Халқ орасида бу саховатли инсон ҳақида: “Комилжон ҳофизга ҳазрати Хизр йўлиққан“, деган каломнинг ишончу ихлос билан тилдан тилга кўчиб юриши заминида ҳам юқоридаги воқеалар ўзаги бор.
Комилжон ака ҳар бир ҳовли, хонадоннинг қадами қутлуғ, эрка меҳмони бўла билганидек, ўзи кўнглию қўли бирдайин очиқ, сахий мезбон ҳам эдилар. Айниқса, Хоразм халфачилик санъати онахони Онабиби қорий номи билан машҳур Ожизанинг шогирдлари кўзлари нурсиз бўлса-да, қалблари басир, кўнгиллари равшан халфаларни жуда сийлар, ардоқлар, улар бошига бирор ташвиш тушса ё ҳофизни соғиниб, суҳбатини олиш учун келиб қолсалар, Комилжон ака умр йўлдоши Имсиной опага тайинлардилар:
– Булар, халфа бийилар, менинг устозларим, кўнгилларига тушган таомни пишириб, наки хизматлари бўлса бадастир қилинг. Мени сийласангиз, шуларнинг иззатини жойига қўйинг.
Бу аввало ҳофизнинг табиатан меҳмондўстлиги, кўнгли камисларни сийлаши бўлса, иккинчидан, ўз санъати зам-замасининг халқ ижодиёти сарчашмасидан баҳрамандлигини, катта санъаткор бўлиб етишгандаям унутмаганлигидан эди.
Ҳа, Комилжон Отаниёзов “ойнаи жаҳон”даги чиқишларию саҳнадаги ижролари ёки истиқболига эҳтиром ила очилган эшикларга беминнат кириб борганлигию унга интиқ қанчадан-қанча юраклардаги меҳр-ихлосни жавобсиз қолдирмагани, ўзлариям йўқлагувчиларни очиқ чеҳра билан кутиб ололгани учун ҳам элда эъзоз топдилар. Шу боис, қисқа аммо мазмунли умрининг азиз ёди, муборак шаънига айтилаётган илиқ истаклар қадр-қиммати йиллар ўтган сайин ҳам юксалиб, бейиклаб бораверади.

Тошларни ёриб ўсган гуллар

Эллик саккиз йил… Хўш, шу умрни ҳофиз қандай кечирди? Баъзи кишилар тасаввур қиладигандек, Комилжон ҳофиз қаерга борса ширин манзират, тўкин дастурхон, жарақ-жарақ пул, доим ҳамма хизматига бел боғлаб турган десангиз, адашасиз. Инсон умри ҳамиша ҳам текис ва равон йўллардан иборат бўлавермайди. Агар шундай бўлганида, умр аталмиш йиллар йўлкасининг одамзот учун зарра қиймати қолмаган бўлармиди…
Ўша давр мусиқа санъати аҳли бошига қуюндек ёпирилган қора булутлар таъсири беиз кетмади. Ҳожихон Болтаевдек ноёб истеъдодлар атиги қирқ сўм маош эвазига театр оркестрида оддий мусиқачи қилиб қўйилди. Санъаткорларнинг тор ва доира билан қўшиқ айтиши тақиқланди. Оркестр билан қўлини қовуштириб қўшиқ  куйламаган хонандалар тазйиқ остига олинди. Театрларда ҳам ариялар Оврўпа мусиқа асбоблари жўрлигида ижро этила бошлаганди. Миллий мусиқа санъатимиз инқирозга юз тутган, созандалар тўйларга борса, даста бошининг рухсати бўлса ҳам ёнидаги шерикларига даъво солиб, молия ташкилоти ходимлари томонидан созандаларга зуғум қилинадиган даврларда, устоз ўзи учун эмас, қадимий Хоразм санъатининг эртаси, шогирдларининг камоли учун, ҳақиқат учун одилона курашдилар. Ана шу тўсиқлар орасидан ёриб чиқиб, халққа хизмат қилдилар, ўзига хос қўшиқчилик мактабига асос солдилар.
Эсимдан чиқмас лаҳзалар… 1958 йили Тошкентдаги талабалик йилларим Комилжон Отаниёзов бошчилигида ташкил этилган “Лазги” ансамблининг концертидан сўнг, Колизей биносида зал тўла томошабинларнинг оёққа қалққанча, узоқ олқишлаганлари, гуллар ва мухлислар қуршовидаги санъаткорлар чеҳрасидаги фахру ифтихор туйғулари, устоз кўзларидаги келажакка аминлик – ишонч учқунларини кўриб, биз талабалар қувончини бир кўрсангиз эди.
Комилжон ака ҳар бир қўшиғини пухта ўзлаштирмагунларича, куйига сайқал бермагунларича халққа тақдим қилмас, ўз устида аямай ишлайдиган санъаткор эдилар. У кишининг ёш хонандаларга сабоқ бўларли яна бир хислати, концертнинг иккинчи бўлимида чиқишларига қарамай, биринчи бўлим давомида бўш хонага кириб, қўшиқларини такрорлар, овозини қиздирар, қочиримларини сайқаллаши баробарида, томошабин олдига чиқиш учун худди имтиҳон топширишга чиққан талаба мисол тайёргарлик кўрардилар. Шогирдларидан ҳам шуни талаб қилардилар. Бугунги кунда Комилжон Отаниёзовнинг шогирдлари элда эъзозли эканликларининг бош сабаби ҳам шу аслида.

Тушида булбул кўрган…

– Комилжон, тушинда булбул кўрган…
Ривоятнамо бу гап Комилжон ака қўшиқлари довруғи авж нуқтага чиққан йиллари қулоғимга чалинганди. Бир куни радиодан устознинг, лирик қаҳрамон эмас, гўё ўзлари бошидан кечиргандек нола чекишларига қулоқ қўйдик:

Тушимда бир булбул гўрдим,
Учиб галмиш гулзориннан.
Қайси боғнинг булбулидир,
Қайси боғчанинг нориннан.

Қўшиқни кўз юмиб, бош чайқаб, ҳузур билан тинглаётган кексалардан бири ўз-ўзига сўзлагандек, деди:
– Комилжоннинг ўзи кўрган экан шу булбулни…
Қўшиқ авжлай бошлади:

Гўрмишам саҳар чоғлари,
Сийнама солмиш доғлари.
Komiljon Otaniyozov
– Ана, – қарияга жон киради, – ўзиям айтаяпти, саҳарда кўрган булбулни. Тонг олди кўрилган туш ўнг келади. Комилжон бекорга булбулдай куйламайди.
Бу гап, чинакам мухлиси бўлмиш қариянинг Комилжон акага бўлган ихлос-эътиқоди инъикосидир. Қўшиқчилик санъатининг равнақи учун куйиб, ёниб ижод этган устознинг тушларига булбул кириши табиийдир, қолаверса, булбул тилини булбул тушунади. Янаям Оллоҳ билгучидир.
Ҳар ҳолда, доно халқ ҳар нарсадан огоҳ…

Файзли ҳовли

Урганчдан Шовот туманига иккита катта йўл олиб боради. Агар Шовот ёпи ёқалаб кетилса, Чоткўпир, Бўйрачи қишлоқлари орқали Шовот қалъасига кириб борилади. Бу йўлни кўна (кўҳна) Шовот йўли дейилади. Янги Шовот йўли, Қаровул, Оёқдўрмон, Бўйрачи қишлоқлари орқали ўтади.
Кўҳна Шовот йўли ҳақида батафсил тўхталишимизга сабаб, миллий санъатимиз равнақи йўлида фидойи хизматлари билан эл эътирофига сазовор бўлган ҳофиз Комилжон Отаниёзов яшаган ҳовли Бўйрачи қишлоғининг Қиёли ўрамида жойлашганидандир. Устознинг аҳли аждоди Чоткўпир қишлоғида, Иморатбува қабристонида абадий қўним топган. Юқорида тилга олганимиз, Бўйрачи қишлоғига янги йўл билан ҳам борилади, аммо Шовот ёпи қишлоқ ичидан ўтгани боис Қиёли ўрамига кўприк орқали айланиб ўтиш лозим.
Комилжон ака тўғрисида ушбу битикни қоралаётиб, кези келди чоғи, Отаниёз Хўжаниёз ўғли Ниёзийнинг ҳамда Комилжон Отаниёзовнинг ота макони борасидаги фикрларга бироз ойдинлик киритишни ният қилдик. Филология фанлари номзоди Дилшод Ғойибовнинг “Отаниёз Ниёзий” илмий ишида: ”…шоир туғилган жой Лаффасий тазкирасида “Шоҳиобод Қиёли қишлоғида” деб тилга олинса, Ходим тазкирасида Шовот туманининг Чоткўпир қишлоғида деб қайд этилади. Аниқлашимиз бўйича, Отаниёз Ниёзий Бўйрачи қишлоғи Қиёли маҳалласида туғилган”. (17-18 б.) Иқтидорли журналист, шоир Фозил Зоҳиднинг “Комилжон Отаниёзовни таниймизми…” рисоласида: “Бўйрачи қишлоғи Шовот туманига қарайди. Бўйрачида кичик овуллар кўп. Биз қояли деган овулга Комилжон туғилган маҳаллага бордик”, дейилади. (11 бет.)
Хўш, овулнинг номи Қиёлими, Қоялими? Устоз Комилжон Отаниёзовнинг қабрларини зиёрат қилган чоғимизда у яшаган ҳовлини ҳам зиёрат қилдик. Комилжон аканинг жияни Хамробек обод қилган, гужумлари маҳобатли, боғ саҳнида турфа мевали дарахтлар гуркираб, яшнаб ўсаётган, ҳовли файзи дилларга ўзгача хушнудлик индиради. Келинлар териб чиққан анжирни еб устознинг ўтган авлодлари руҳи покларига тиловат қилдик. Эндигина уйқудан уйғониб, ҳовлида чопқиллаб, ўйнаётган болакайларга қараб, хаёлимда Комилжон аканинг болалиги ҳақида эшитганларим жонланди…
Комилжон ака Отаниёз охуннинг 73 ёшида дунёга келган фарзанди. Лекин негадир кўпгина китоб ва мақолаларда Комилжон ака отаси 75 ёшга чиққан чоғида  дунёга келган, деб ёзишади. Ўқувчига тарихий манбалардан хабар беришга чоғланган ёзувчи ёки қаламкаш изланиб, мушоҳада қилиб ёки оддий арифметикага асосланиб, фикр қилса, ўйлаймизки, келажакдаги турфа чалғитишларнинг олди олинган бўлади. Барчамизга маълумки, тарих чалкашликларни ва беҳуда иқтибосларни қоралайди. Отаниёз охун 1844 йили таваллуд топган, Комилжон Отаниёзов эса 1917 йилда туғилган. Демак, 1917 йили Отаниёз Охун 73 ёшида бўлган. Комилжон ака Фозил Зоҳиднинг: “Отангизнинг қиёфасини эслай оласизми?” деган саволига; “Нега эслай олмас эканман. Отам вафот этганида ўн икки ёшимда эдим. Раҳматли буғдоймағиз, новча, серсоқол, истараси иссиқ чол эдилар, юзидан нур томиб турарди” деб, жавоб берган. (Фозил Зоҳид, “Комилжон Отаниёзовни таниймизми…” 11-бет). Демак, бизнинг фикримизча овул номи “Қояли” деб юритилиши эҳтимолдан узоқроқ. Чунки бу тахлит атамалар собиқ иттифоқ замонининг туманлаштириш даврларидан кейин айтила бошланган. Айниқса, ўша даврларда раҳбарлар келишувига мувофиқ бу овулларнинг вақтинча ё Урганч тумани ва ёки Шовот тумани ҳудудларига киритилиши ҳам кўпгина аввалдан мавжуд атамаларнинг лаҳжавий талафуздаги ўзгаришларига ҳам сабаб бўлган. Устоз Комилжон Отаниёзовнинг ота-боболари яшаган макон – “Қиёли” номи билан аталиши ва топономик манбалар ила солиштирилганда, жой номининг асл ўзаги яъни маъноси ҳудуднинг бир томони баланд (тик), бир томони паст эканлигидан дарак беради.

Илм саодати

Беш йиллар олдин саҳар чоғи дўстлар билан улуғ ҳофиз қабрини зиёрат қилиш учун бордик. Қабристон ва устоз ётган манзилнинг ободлиги, озодалиги кўнгилларга самимий фараҳбахшлик бахш этса, у киши ҳақидаги хотиралар ва ёинки устозни қўмсаш дилга маҳзунлик элтади. Гўйиё узоқ-узоқлардан худди ҳофиз тирик пайтларидагидек соҳири саҳар нола қанотланди: “Оталиқни қўйин боқдим саҳарда”…
Қавмгоҳ оралаб қабрларга бир-бир разм солдик – Отаниёз охун, Анбар она… Бирдан хаёлимда юз йил атрофидаги воқеалар тикланди. Отаниёз охун олис Бўйрачи қишлоғида яшайди, Анбар она эса, Хива қалъасида камол топган гўзал қиз. Уларнинг турмуш қуришлари ҳам илоҳий бир тақдирмикан?..
Дейдиларки, хон саройида қай бир диний масала борасида баҳс кетганида, хивалик уламою фозиллар баҳсни ечишга ожизлик қилган эмишлар. Шунда хон Ферузнинг масалани ким еча олади деган саволига, “Отаниёз охун”, дея жавоб беришибди. “Қаерда у киши?” деб сўраганларида, “Шовот қалъа яқинидаги Бўйрачи қишлоғида”, дейишади. Ферузнинг зудлик билан олиб келинг демиш ҳукми ила чопарлар от елдириб келишса, Отаниёз охун қишлоқда уй қурилишида усталик қилаётган экан. Хоннинг амри вожиб, охунни кийинишига ҳам изн бермай, ишкорлик кийимида саройга олиб келишади.
Феруз салом-аликдан сўнг, охуннинг лой сачраган уст-бошига бир зум ҳайрат билан қараб:
– Салла қани? – деб сўрайди.
– Хон ҳазратлари, сизга салла керакми, калла керакми?
Охуннинг ҳазил-мутойибага йўғрилган, қадр-қимматига ишорали саволий жавобидан завқланган хон:
– Ҳозир текшириб кўрамиз, – дебди.
Аслида Охуннинг хон Ферузга бу янглиғ муомаласида, араб, форс тилларини, диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаган, риёзиёт, нужум, санъатдан бохабар эканлиги ва бу фонийи давронда ҳар бир одам вақтинча меҳмон эканлигига ишора қилган эди. У Хоразм олти ярим мақомини тўлиқ билганлигидан Комил Хоразмий бошчилигида рақам қилинган “Хоразм танбур чизиғи”ни нотага олишда иштирок этган етук созанда, хуснихат хаттот, моҳир таржимон, забардаст шоирдир.
Ечилиши даргумон бўлган масалани аниқ ва тез ечганидан хон Феруз Отаниёз охунни девонга биринчи котиб, ҳамда Абдуллахон мадрасасига мударрис этиб тайинлайди. Охуннинг аёли вафот этганлигини эшитган хон уни Бўйрачига бориб-келиб юрмасин дея, Хивада яшашга шароит яратиб беради. Уни Хиванинг маърифатли оила қизи, шоир Камтариннинг синглиси, гўзал ғазаллар ихлосманди Анбаржон исмли қизга уйлантиришади. Уларнинг никоҳидан икки ўғил туғилиб, уларга Фозил ва Комил деб исм қўйишади. Бу борада филология фанлари доктори Шариф Юсупов Фозил Зоҳиднинг “Комилжон Отаниёзовни таниймизми…” рисоласига сўзбошисида, Ҳиндистонда бобурийлар салтанати даврида фаолият кўрсатган Ислом диний академиясида ўқитиш услуби ҳақида; етти йиллик, тўққиз йиллик ва ўн бир йиллик босқичларни ўз ичига олганини ёзади. Муваффақиятли битирувчиларга дастлабки етти йиллик учун “”олим”, тўққиз йиллик учун “фозил”, ниҳоят, ўн бир йиллик босқичда “комил” унвони берилган. “Комил” унвонининг имтиҳони анчайин мураккаб саналиб, очиқ майдонда, йиғилганлар орасидан хоҳлаган кишининг, хоҳлаган саволига мукаммал жавоб берса “комил” унвонига мушарраф бўлган. Ҳиндистондаги Ислом диний академияси фаолиятидан хабардор бўлган Отаниёз охун ўғилларига Фозил ва Комил исмларини берган ва уларни ҳам илму адабда олиму фозил инсонлар бўлиб етишишларини орзулаган.
Отаниёз Охун орзулаганидек, нафақат Фозил, Комиллар, балки раҳматли аёли Онажон аядан туғилган Раҳматулло, Рўзимбой, Мадримбойлар ҳам эл эъзозидаги инсонлар бўлиб етишишди. Мадримбойнинг ўғли Маткарим элда шоирлиги билан танилган.
Фозилжон ака умрининг охиригача ўқитувчилик касбини улуғлаб ўтди. Унинг бевақт ўлими оиласидагиларнинг бағрини пора қилди. Аммо ўзининг оқиллиги, бағрикенглиги билан элдошларининг қалбидан муносиб ўрин ола билган Комилжон устоз акасининг қаровсиз қолган фарзандларини ташлаб қўймади, уларнинг тарбияси ва илм олишларида ўзини масъул санади. Ўқитди, тарбия қилди.

Етуклик

Комилжон ака мактабни тугаллаб, дўстлари Матрасул Худойберганов, Маматсафо Ёқубовлар билан Хивада очилган уч ойлик ўқитувчилар курсини битириб, ишни ўқитувчиликдан бошлаган.
1940 йили Мадраҳим ака Шерозий Шовот туманига ижодий сафари чоғи, ёш ўспирин Комилжон Отаниёзов билан суҳбатлашиб қолади. Суҳбат тафсилотини Мадраҳим ака гапириб берган эдилар. “Концертларимиз давом этаёган кунлари туман маданият ходимлари “Яхшигина қўшиқ айтиб юрган бир йигитимиз бор, эшитиб кўрсангиз яхши бўлар эди”, дедилар. Мен рози бўлдим. Хонамизга барваста бир йигит кириб келди ва салом бериб:
– Усто, сизни кўришни кўпдан орзу қилардим, – деди.
– Отангиз ким бўладилар, балки мен танирман, – дедим.
– Отам Отаниёз охун.
– Эҳе, Ниёзий ҳазратларими? Мен у киши билан жуда кўп ҳамсуҳбат бўлганман. Ниёзий ёзган ғазалларни жуда қадрлайман. “Файз келмас баз маро бодаи ваҳдат бўлмаса” мисраси билан бошланган ғазалини “Якпарда сувора”нинг “Савти” услубида  айтиб, ўзларининг эътиборларига ҳавола қилдим. У киши жуда хурсанд бўлиб: “Баракалло, ғазал ўша куй учун яратилгандай бўлибди” деганлари ҳамон эсимда дедим мамнунлигимни билдириб.
Ўшанда Комилжон баланд ва ширали овоз билан достон йўлларидан ва ўзи яратган янги ашулалардан ижро этди. Унинг ўзини тутиши, санъатга бўлган зўр иштиёқи, шиддату жўшқинлиги келгуси порлоқ истиқболидан дарак бериб турарди. Комилжонни театр жамоасига қабул этиб, Шовотдан Хивага олиб кетдик”.
Шерозий ота билан учрашгунича Комилжон акага қўшиқчиликдан, чолғувчиликдан бохабар инсонлар устозлик қилгани табиий, лекин ёш созанданинг илоҳийдан берилмиш иқтидорини ўз вақтида илғаган ва катта санъат йўлига бошлаган эл ардоғидаги бетакрор санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Мадраҳим Шерозийнинг талабчанлик руҳига йўғрилган сабоқлари, устозлиги, оқ фотиҳаси (дуоси) ҳофиз ижоди ва ҳаётининг гуллаб яшнашида муҳим ўрин тутган. Ушбу воқеадан бор-йўғи тўққиз йил ўтиб, Комилжон Отаниёзов (1949) Ўзбекистон халқ артисти деган юксак унвонга мушарраф бўлди.
Булбулнафас ҳофизнинг эллик ёш таваллуд тўйи Урганчдаги Худойберган Девонов номидаги кинотеатр биносида ниҳоятда кўтаринки руҳда ўтди. Устоз-шогирд мақомидаги икки буюк санъаткор – Мадраҳим Шерозий ва Комилжон Отаниёзов дуэтини эшитиб, залдаги томошабинлар оёққа қалқди.
Камина ҳам Мадраҳим Шерозий билан ҳамсуҳбат бўлганимдан, ўғиллари, филология фанлари доктори, профессор Отаназар ака, Сайидназар ака, Ҳурмат Мадраҳимовлар отаси-бобоси изидан бориб, жамиятда кўзга кўринган илм фидойилари бўлиб етишди. Набираи аржуманди мусиқашунос Зокиржон Мадраҳимов адабий изланишлари самараси ўлароқ “Мозийга бир назар” рисоласини чоп қилдиргани, маданият ва маърифат уммонига яна бир салмоқли хазина улуши ҳадя этганидан мусиқа ва санъат ихлосманди сифатида фахрим чексиз.

Соҳир соз

Ҳар йили 22 июл куни ўзининг қўшиқчилик мактабини яратиб кетган машҳур ҳофиз Комилжон ака Отаниёзов таваллуди куни устознинг Тошкентдаги Арпапоя кўчасида жойлашган ҳовлисига узоқ йиллар ёнма-ён бирга ишлашган шогирдлари, қариндош-туққанлари, таниш-билишлари, таниқли шоирлар, қўшиқ ихлосмандлари, аҳли маҳалла эрта тонгдан бирин-кетин кириб кела бошлашади.
Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Каримбой Раҳмонов ташаббуси билан ёйилган кенг, бадастир дастурхон атрофида устознинг бугунги кундаги машҳур шогирдлари: Ўзбекистон халқ артистлари Бобомурод Ҳамдамов, Ортиқ Отажонов, Гулсара Ёқубова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган атист Раҳматжон Қурбонов ва бошқа таниқли артистлар Комилжон ака билан бўлган қизиқарли воқеалар, ибратли ҳикоятлар ҳақида гурунг қиладилар. Дастурхонга ошдан аввал қай бир шогирдлар тайёрлаб келган сомса, гўммалар тортилади. Қуръон тиловат қилингач, ўртани бошқарувчи Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Отамурод Бекжонов салобат билан дил каломини айтувчиларга сўз, қўшиқ ижро қилувчиларга хониш навбатини бериб боради.
Давра қизигандан қизийди. Устоз ижро этган қўшиқлар машҳур шогирдлар томонидан катта меҳр билан куйланади, таниқли шоирлар Эркин Самандар, Омон Матжон дил сўзларини айтиб, устозга бағишланган янги шеърларини ўқийдилар. Яна баланд авжда донгдор санъаткорлар ижросида қўшиқлар, яллалар, рақслар ижро этилади…

Жузъий қисқартишлар билан берилди.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin

Телеграмдаги каналимиз: @/Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 422

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *