Кун шеъри: Чўлпон. Сомон парча

(“Кундалик дафтарим”дан)

“…Даҳр бир селобдир мулҳақ фано дарёсина,
Биз-да саргарониз ул селоба душмуш хору хас.
Чиркинур хору хас ул селоба ўлдикча равон,
Етмадан дарёя роҳат мумкин ўлмаз бир нафас…”
Фузулий

surat1Топширдим ўзимни муҳитнинг эркига…

Муҳит гирдобида бир сомон парча,
Бир похол чўпидек оқиб борамен.
Ҳар амал, ҳар ишни “ҳақ” деб борамен,
Вазминим қолмади бир узуқ қилча…

Муҳит кучлик экан, эгдим бўйнимни,
Чақмоқдек ялтираб учиш йўқ энди.
Ёлғон хаёлларга кўчиш йўқ энди,
Оқишнинг йўлига солдим кунимни.

На исён, на тўлқин, на тўфон, на ўт!
Кўзимда оғир бир таслим нури бор.
Ай ўтли кечмишим, юзингни беркит,
Сенда шайтонларнинг ҳақсиз зўри бор.

Мен энди худди бир сомон парчаси…
Локин зўр денгизнинг чексиз қўйнида
Жимгина борадир кирсиз қўйнимда
Эркин кўпикларнинг аллақанчаси!

Кирмаймен кўчанинг боши беркига,
Чунки таслим бўлдим муҳит эркига…

1923 йил, Андижон

Изоҳ ўрнида: Чўлпоннинг мазкур шеъри дастлаб “Фарғона” газетасининг 1923 йил 29 октябр сонида чоп этилган. Унда давр тўфонлари сабаб мураккаб руҳий ҳолатда бўлган шоирнинг қалб нидоси, оғриқли ўйлари акс этган. Шеър эълон қилингандан сўнг турли доиралар, жумладан, шоирнинг ҳамфикр дўстлари орасида Чўлпон ўз маслагидан қайтиб, муҳит иродасига бўйсунибди, қабилидаги гап-сўзлар кўпаяди. Ҳатто бу ҳолдан ҳайрон бўлган Абдулла Қодирий ушбу шеър муносабати билан “Муштум” журналида (1923 йил 15-сон) луқма эълон қилиб, шоир биродарига ҳазиломуз киноя қилади.
Жадид адиблари, хусусан, Чўлпон ижодининг синчков тадқиқотчиларидан бири Бойбўта Дўстқораев шундай ёзади: “Бундай изтиробли туйғулар, шубҳасиз, Чўлпонда дабдурустдан пайдо бўлган эмас. Бу жонсўз изтироблар шоир ўз ҳаётини бағишлаган Ватан озодлиги, эркинлигининг шўролар тобора куч ола борган сари саробдек узоқлашаётганидан юзага келган. Айниқса, 1918 йил февралида Туркистон мухториятининг болшевиклар томонидан маҳв этилиши, 1920 йилнинг сентябр ойида Бокуда ўтган Шарқ халқлари қурултойининг умид қилинган натижани бермагани, 1920 йили ташкил топган Бухоро Халқ Шўролар Жумҳуриятининг “мустақиллиги” қоғоздагина эканлиги, “босмачилик” деб аталган ҳаракатдан сўнгги илинж тарзида нималардир умид қилиниб юрган вақтда, уни тугатиш йўлида шўролар ташкил этган “Дархон” деган газетада Чўлпоннинг ўзи ҳам ишлашга мажбур бўлиши (“Бухоро ахбори” муҳаррирлигидан газетани миллатчилик йўлига солиб юборди, деган айб билан бўшатилгани учун дўстлари шўролар олдида ўзингни сал оқлаб ол, деган маслаҳат билан уни шу газетада ишлашга қисташган) шоир қалбида руҳий буҳронларни кучайтириб, унда бадбин (пессимистик) туйғуларни кучайтирган. Мана шундай руҳий ҳолат остида у ўзини муҳит селида оқиб бораётган сомон парчасига ўхшатган сатрларни битади. Бу ҳолдан таажжубга тушган Абдулла Қодирий ҳазиломуз киноя билан шундай ёзганди: “Машҳур шоирларимиздан ўртоқ Ч. Тошкентдан Фарғона боришда худонинг қудрати билан сомон парчаси бўлуб қолғон. Ул бу ишдан жуда кўб фойдалар кўрган: чунончи, Тошкент-Фарғона темир йўли учун тутилатурғон чиқим ҳам ёнға қолғон. У Тошкентдан чиқишдан-ўқ шамолға кўтарилғон. Шамол уни учурганча-учуруб тўғри Андижон шаҳрига элтган, ҳам бу киши шунда бир …нинг қошиға илиниб қолғон” (“Муштум” журнали, 1923 йил, 15-сон).
Албатта, ушбу сатрларда ўзига яқин олган кишисига, ҳаммаслак, ҳамфикр одамига айтиладиган оҳангда билдирилган ҳазиломуз пичинг бор. Абдулла Қодирийнинг мақсади ҳаммаслагига, ҳамфикр дўстига далда бериш, уни асл маслагига қайтариш бўлган”.
Ушбу шеър бугунги талотўплар қаршисидаги замондош ойдинлар ҳаёти, аҳволи руҳиясига ҳам ўзига хос чизгидир.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 445

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *