Шамоллар абадий, ёмғирлар мангу…

1 (1)Кузда кўз очганман – таваллудим сентябрнинг айни пишиқчилик палласи. Аммо хазон фаслига дил боғлаганим сабаби бу эмас. Сўздан афзал сукути, сокинлик бағридаги салобати, маъюс-маъюс хаёллари хуш ёқади кузакнинг. Яна, ёмғир наволари, шоиршамол шўхликлари!.. Бандидан чирт-чирт узилаётган япроқлар қўшиғи қанчалар ҳазин бўлмасин, руҳингга ажиб ҳузур бахш этади хазонрез. Теранроқ назар ташлаган кўнгил хазонлар бағрида ҳам Ҳаёт учқунлари яшнаб турганини ҳис қилади. Ахир, тўкилаётган барглар бизга видо айтаётгани йўқ, янги умрини яшаш учун замин қучоғига сингиб кетаётир. Асосийси, Кузда сарҳисоб бор, Мезоннинг ўз мезони мавжуд…
Кузда туғилган мана бу битикларда табиат билан тиллашишга, борлиқни тинглашга урингандим…

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

***

Шамоллар абадий, ёмғирлар мангу,
Биздан сўнг ҳам оппоқ қорлар қолади.
Шаксиз, яшайверар қувончу қайғу,
Изҳорлар, иқрорлар, зорлар қолади.

Минг йилларки, аслин ўзгартмас тоғлар,
Салобати ўша, виқори ўша.
Таровати сўнмас диловар боғлар –
Ҳануз тошқин ҳислар талпинган гўша.

Бехос такрор-такрор чорладим, чоғи,
Япроқлар тизилиб келди сўзимга.
Қобирғаси синган хазонлар оҳи
Оҳангдор ҳасратдек туюлмас кимга?

Шунчаки тақлидга ўхшарми бу ҳол –
Демангиз, бу фақат илҳом онлари.
Руҳимда яшади шундай безавол
Ҳаёт деган шеърнинг қаҳрамонлари.

Шамоллар. Ёмғирлар. Дарёлар. Тоғлар…
Азал нафасини келтиргай абад.
Япроқлари оят ўқиган боғлар…
Табиат тилида илоҳий суҳбат.

2011 йил 22 ноябр

***

Бир муддатга китобингни ёп,
Мавҳумотдан нигоҳингни уз.
Табиатнинг ўзи зўр китоб,
Бугун унинг қаҳрамони – Куз.

Қара, асар топилмас бундай,
Тебранади боғлар – руҳафзо.
Неларнидир эсга олгандай,
Энтикади заъфарон дунё.

Тура турсин эски кўзойнак,
Боққин очиқ кўз билан бундоқ.
Деразангга барг отган кузак
Мунча маъюс, мунчалар қувноқ.

Ўйлатмасин ортиқ тартиби,
Шундоғича олам мукаммал.
Қўя тургин ҳаво таркибин,
Тўйиб-тўйиб нафас ол аввал.

Қушлар келиб, қушлар қайтмоқда,
Билганича чалиб сурнайлар.
Кимлар учун видо айтмоқда
Тирикликка ташна тўрғайлар.

Ҳаёт шудир – қанча тежамай,
Вақти-бевақт тўкилган хазон.
Бор бўйича, бўяб-бежамай,
Тасвирлайди мусаввир Мезон…

2010 йил 31 октябр

МОҲИЯТ

Баҳор, баҳор, дейсиз, кўклам ҳам ўтар
Ҳар он ваъда қилиб Бахт висолини.
Куни кеча эди дилбар, муаттар,
Турланган гулларнинг кўринг ҳолини.

Ана, олтин кўзёш тўкар дарахтлар,
Зарҳал йўлакларда хаёл фаромуш.
Ортда қолиб кетди паймону аҳдлар,
Афсус чеккан каби бекатлар хомуш.

Неларни англатар ёмғир шитири?
Беқарор томчидай титрайди жонлар.
Сўнгги лаҳзаларин яшаётир-у,
Абадий сабоққа дўнар хазонлар

Бу ҳолни бошидан ўтказган билар,
Тушунгай ўзи-ла келган юзма-юз.
Ёмғиру шамоли, гоҳ қори билан
Ҳаёт эртагига мазмун берар Куз.

2011 йил 21 ноябр

***

Уч кундан бери ёмғир –
Гоҳ майин, гоҳи шаррос.
Осмоннинг дарди оғир,
Энтикар Замин – ҳассос.

Кўринмай қолди офтоб,
(Майли, бир мизғиб олсин!)
Юзин яширган моҳтоб,
У ҳам тин олақолсин.

Хуш ёқар намчил ҳаво,
Кўлобланган томчилар.
Энг шаффоф сўзлар гўё
Бошинг узра сочилар.

Турфаланиб мароми,
Ёғаверди кундуз, кеч.
Жўш ургандек илҳоми,
Тингиси келмади ҳеч…

Ёмғир – қувонч, оҳимми?
Ором берар, ўйлатар;
Бир аллалар руҳимни,
Бир қонимни қайнатар…

2011 йил 24 ноябр

ШАМОЛ

Яна найранг бошлади, чоғи,
Гулбаргларни силаб, сийпалаб.
Қўлларида темир тароғи –
Эрмакталаб, овунчоқталаб.

Кўнглинг олиб кетмасин, Ғунчам,
Унга имкон яратиб қўйма.
Ўз бўйингга сархуш этса ҳам,
Сочларингни таратиб қўйма.

2010 йил 15 сентябр

***

Олтин армонларда оқиб борар куз…
Меваларим айни етилган, пишган.
Жон Қушчам, сен мендан хаёлингни уз,
Ахир, илдизимга қанча қурт тушган!

Кумуш кечалари ёнимдан жилмай,
Шаънимга юлдузлар айтар эди шеър.
Қанча таъзим қилмай, қанча эгилмай,
Мендан узоқлашиб бораверди Ер…

Яланғоч қолсам ҳам, патларинг билан
Йиллар ярасига сурасан малҳам.
Ҳали маъюс боғлар қолади биздан,
Мен дарахт бўлсам ҳам учаман, Қушчам!

2007

***

Ёмғир қуя бошлади бирдан,
Савалайди биллур қамчилар.
Панароққа қочгани билан
Топиб олар йўлни томчилар.

Парво қилмас симёғоч хумпар,
Бошдан-оёқ ҳўл бўлган жиққа.
Рақсга тушар олтин япроқлар
Шитир-шитир – ёмғирқўшиққа.

Мўлтирайди бекатлар юпун,
Маъюс тортар ёлғиз хиёбон.
Ниманидир эслатиш учун
Гумбурлайди қоп-қора осмон.

Ғилдираклар шошар қирғоққа,
Дарё бўлиб оқмоқда йўллар.
Бу сафар ҳам қизил чироққа
Тоқат қилмас автомобиллар…

Шу баҳона ютмади заҳар —
Ёмғир ювиб кетди барини.
Ғуборлардан зериккан шаҳар
Чайиб олди кўйлакларини.

2008 йил 6 – 9 ноябр

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 1 116

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *