Виктор Алимасов. Лермонтов ҳақида мақола

“Ким дунёни мендек эрта англади?!”

Ривоят қилишларича, Одам Ато билан Момо Ҳавво беҳиштдан қувилганидан буён инсон ҳудосифат бўлиш ва оламни ўзига бўйсундириш истаги билан яшайди.
Бу истакни ижодкорлар, айниқса, инсон эҳтиросларини илоҳий сифат, оламни эса ҳузурбахш макон деб билган шоирлар тўлиқроқ ифода этади. Шу боис инсонни англамоқчи бўлганимизда кўпроқ шоирларга мурожаат этамиз, уларнинг кўп-да қолипга тушавермайдиган нотинч ҳаётидан ибрат, жўшқин ёҳуд изтиробли кечинмалари маҳсули бўлмиш шеърларидан ҳикмат қидирамиз. Тўғри, ҳеч бир шоир, ҳатто Саъдий ёки Навоий, Данте ёки Шекспир ҳам оламни тугал англадим, деган эмас. Уларнинг барчаси Михаил Лермонтовдек “Камолотга етиш мен учун маҳол, / Ердаги нарсалар эмас баркамол”; “Ер нимани берган бўлса менинг қўлимга, / Мен уларнинг барчасини бердим ўлимга”, дея инсон қуввати ва ақлу идрокининг чекланганини эътироф этган. Начора, чекланган куч-қуввати ва ақл-идроки билан мўъжизавий беҳиштни излаш, бепоён оламни ўзига бўйсундиришдек саркаш истаги-ла яшаш, шу хоҳиш измида ижод қилиш, яратиш аслида инсонга берилган ягона имкондир.
Ижод, яратиш эса гоҳо аламли, ҳатто энг гўзал ва олийжаноб туйғуларни ҳам серқайғу, изтиробли қилади. Шоир хаёлга қарата бундай ёзади:
Мен яшаш истайман! Истайман ғамни,
Муҳаббат ва бахтга аччиқма-аччиқ.
Улар тантиқ қилди менинг ақлимни,
Манглайимни силаб юборди ортиқ.
Инсонни, унинг сералам, сертуйғу кечинмаларини улуғ рус шоири Лермонтовдек тасвирлаган ижодкор камдан-кам топилади. Инсон қалби ва руҳини нафис тасвирлашда унинг олдига тушадигани йўқ ҳисоби, бу борада у ҳатто “Пушкиндан ҳам ўзиб кетиши мумкин эди” (Виссарион Белинский).М. Лермонтов
Шамчироқ ёнади…Титроқ қўл билан
Ёзиб тугатардим сўнгги жумлани,
Кулфатлар ва дардлар ҳолим қилиб танг,
Кўксимни қоплади ташвиш тумани.
Бу шеър битилганида Лермонтов ҳали сабий бўлганини айтсам ишонасизми? Ажабо, 14 яшар ўспирин қалбида шунча дард, алам қайдан пайдо бўлди экан?
Умрбод алвидо! – Аммо жонгинам,
Келгин бир ёнимга, келгин сўнгги бор,
Жон чиқар нафасда бироз бўл малҳам,
Кўзларимнинг ўти сўнсин беозор.
Совуқ қўлларимни келиб тут бир зум…
Нетайки йироқсан, етмас овозим!
Азоблар ютарман сенинг йўғингда!
Дунёдан ўтарман сенинг йўғингда!
Балки сен, у ғамгин кўзларинг тўниб,
Очиб мактубимни ўқиган чоқда
Тобутим устида қўшиқ куйланиб,
Топарман маконим мангу тупроқда!..
Саволимизга жавоб топилгандек – маҳбубани изтироб-ла соғиниш! Аммо бу соғинч ўлим ҳақидаги ўй-хаёллар билан чулғангани, уйғунлашгани боис видолашувни қайғули, муҳаббатни сералам қилади. Ҳали яшаш завқини тотмаган, севиш лаззатини туймаган ўспирин, гўдак ўз тобути устида қўшиқ куйланиши, совуқ ва зах лаҳадда мангу қолишини қаердан англади экан? Ўлим тўғрисида ўйлашга ҳали эрта эмасми? Шоир маҳбубасига бундай деб ўтинади: “Лекин сен йиғлама, биргамиз мангу. / руҳим учиб борар қўмсаб сен томон…/ Шунда бил: бу – менман, чиқиб тобутдан / Аламли висолга келибман бирпас”. Бу висол ғамгин дилни шод этмайди. Шоир тахайюлга берилади: “телба – девона руҳ” маҳбубани “хомуш ҳамда мот” алфозда кузатади. Висолдан шод-хуррам ҳолда борлиқни, бегона нигоҳ ва таъқибларни унутиб, туҳфа этилган ондан, имкондан фойдаланиб, бир-бирини қучиб, бир-бирига қовушиб, Яратганга шукрона айтиш ўрнига шоир янги-янги изтиробли ўйларга чўмади:
Алвидо! Шуҳрат деб беҳуда чопдим.
Оташин севдим-у, аммо баҳрасиз,
Ҳарёқда хиёнат ва заҳар топдим,
Вафони тополдим созимдан ёлғиз.
14 ёшда-я?! Бу ёшда шуҳрат нелигини билиб бўладими? Оташин севгини-чи? Тўғри, ҳарёқда хиёнат борлигини кўриш, сезиш мумкиндир, лекин фақат создан, ижоддан вафо топишни-чи?! Гап шундаки, бу туйғулар, кечинмалар оний эмас, улар Лермонтовни бир онга ҳам тарк этмаган, худди “унутилмас бир соя”дек мудом кетидан эргашган, кейинчалик эса асарлари мағзига айланган, ҳатто қисматини белгилаб берган.
Лермонтов зиддиятли туйғулар, кечинмаларга банди шоирдир. Унинг қалби бир томондан, ёниб, куйиб севишга ташна, иккинчи томондан, бу кечинмалардан вафо топмай, уларни унутгиси келади; бир томондан руҳи бўрон истайди, демон даъватларига эргашади, иккинчи томондан, ором, ёлғизлик тилайди; бир томондан, унинг ўйи, фикри Ватанини “ажиб муҳаббат” билан севиш, иккинчи томондан, “пойтахтнинг алдамчи шашти” ва “бўғиқ базмлар гашти”ни рад этиш билан банд. Ушбу зиддиятли туйғу-кечинмалар боис шоир қаҳрамонлари ҳам ихтилофларга тўла муҳитга дуч келади, гоҳо қалбида, руҳида кечаётган ҳисларни англамай, таҳлил қилмай, ўзини фожиалар гирдобига отади. Зиддиятли туйғулар бир-бирига зид муҳаббат ва ўлимдан шаклланган. Лермонтов барча асарларида эҳтиросли муҳаббат ва аламли ўлим мавзусида гап очади, муҳаббатни ўлим билан якунлаб, асарини дардчил, маҳзун, ҳатто сентиментал қилади, ўқувчида ҳамдардлик уйғотади.
Шоир илк бор 10 ёшида…муҳаббат туйғусини англаган. Замондошларининг хотирлашича, Лермонтов аслида кўримсизроқ бўлган, унинг кичик жуссаси, ҳуснбузар тошган юзи, ҳасратли нигоҳи аёлларни кўп ҳам ром этмаган. Шоир ташқи қиёфа билан ички олам бир-бирига зид келганидан ўксинган. Рад этилган илк муҳаббат шоир қалбини ларзага солган, ғамга ботирган, хатто кейинги ишқий саргузаштларида ҳам илк муҳаббат қолдирган доғ, яра панд бераверган:
Алданган эдимми сенга, билмайман,
Ё мени масхара қилгансан чоғи,
Аммо онт ичаман: ўзим севганман,
Қолди менда ўша муҳаббат доғи.
Шоир кечинмаларини нафис бир тарзда “совуқ олам”га боғлайди, натижада узлуксиз ўйлар ижтимоий солмоқдор мавзуларга айланади:
Кўрмайди мутлақо бу совуқ олам
Ёш ва эркин қалбинг умидларини,
Истакларини ҳам, ғамларини ҳам
Кўрмаганинг каби сен ҳам буларни.
“Замонамиз қаҳрамони” романидаги Печориннинг қуйидаги иқрорини бевосита Лермонтовга таалуқли дейиш мумкин: “Тентакманми, ё ёвузманми, билмайман; аммо шунисини биламанки, мен ҳам унинг (бош қаҳрамон маҳбубаси Бэллани назарда тутаётир – В.А.) сингари ачинишга зорман, балки ундан ҳам кўпроқ зордирман; менинг руҳимни киборлар муҳити бузган, фикр-хаёлим ҳамиша нотинч, қалбим сира тўймайди; менга доим нимадир етишмайди; лаззатга, мазага қанча тез ўргансам, ғам-ҳасратга ҳам шунча тез кўникиб кетавераман”. Нотинч қалбни ҳеч нима шод қилолмайди, у барча орзуларига эришганида ҳам бундан қониқмайди, ҳаётдан қусур қидираверади. Бундай қалб азоб-уқубат ва руҳий изтироблардан юпанч, овунч топади, лекин тезда улардан ҳам безади, натижада у фожиа излаб, фожиа топиб яшашга одатланади. Бундай қалб учун жон – фожиада.
Шоир маккорлик, бевафолик, разиллик бўлмаган муҳитда туғилишни орзу қилади. Унинг қалби Одам Ато ва Момо Ҳавво бадарға этилган беҳиштга талпинади. Бу хомхаёлдир, чунки бу ҳаётда поклик, меҳр-муҳаббат, эзгулик каби фазилатлар билан ёнма-ён маккорлик, бевафолик, разиллик каби қусурлар ҳам бирга яшайди. Инсон мазкур ўзаро аксилтабиатли воқеликлар ичра яшаб, уларни ақлу идроки ва ҳаётий мақсади синтезидан ўтказиб, онгли мавжудот эканини исботлайди. Лермонтов буни эрта англаган: “Ким азобга мендек дуч қилди танин, / Ким дунёни мендек эрта англади?!/” Ҳаётдаги қусур, иллатларни барвақт англаш, шубҳасиз, руҳан ёлғизликка талпинишига олиб келади, чунки Лермонтов яшаган ижодий муҳитда ўзликни, эркни сақлаб қолиш амримаҳол эди. “Шоирнинг ўлими” шеъри ана шу ижтимоий муҳитни бешафқат фош қилади. Мазкур шеърни титроқсиз ўқиб бўлмайди:
Сиз, пасткашлик билан шуҳрат тўплаган
Оталарнинг кибор, шум авлодлари,
Сиз, бахт ўйинида ҳақир ва нолон
Насллар хокини кулдай топтаган,
Тахт ёнида турган очкўз оломон!
Озодлик, Гений ва Шон жаллодлари!
Шундай муҳитда шоир қалби ёлғизликни қўмсаши табиий. “Тураман қояда – денгиз бўйида, / Сиримни ҳеч кимга ишонмай бутун, / Тарк этиб дунёни ва кишиларни, / Ёп-ёлғиз, хаёлга бўлиб мен мафтун”. Айни фикр бошқа бир шеърда ҳам такрорланади:
Нетай, ёлғизликни одат қилганман,
Биров билан асло татимас суҳбат.
Унинг билан ўтган ҳар қанча фурсат,
Афсус, афсус, бекор ўтди-да, дейман.
Шеър янада ҳазин мисралар билан якунланади:
Эҳтимол, кимнидир соғиниб ва жим
Куярман, соғиниш қалбимни ўртар.
Тақдир, узоқ чеккан азобим учун
Тинч кунлар бағишлаб мени юпатар.
Ўлим мавзусини Лермонтовдек бот-бот ёдга оладиган ижодкор кам. У бутун борлиғи билан ўлимни англашга, ундан сир, ҳикмат, хатто нажот излашга интилган. Илк шеърларидаёқ муҳаббат ва ўлим мавзусини кўтарган. 15 ёшида ёзган “Наполеон” шеъри “зах ва саёз ўра – гўр”ни эслаш билан бошланади ва “Зимистон кечага чулғанган қабр, / У ерда на иззат, на қисмат, на бахт” деган мисралар билан якунланади. “Ўлим” деб номланган шеърида эса шоир гўё ўз қисматини башорат қилади:
Уфқ ёнар ловуллаб мисоли алвон,
Дераза ёнида жим қарайман унга.
Балки, эртами-индин совуқ ва беқон
Мурдам узра товланар ўша аланга.
Лермонтов “бегона юртлар”да, ўзи меҳр билан жўшиб куйлаган маъшуқлик чоғи дуэлда ўлдирилган. Дуэль боиси турлича талқин қилинади. Масалан, шоир ҳаёти ва ижодининг билимдони И.Андроников, “Дуэль сиёсий қотиллик эди”, деб ёзади. Лекин журналист М.Мурзина (“АиФ” газетасининг 2011 йил 31-сонидаги мақоласида) дуэлда шоирнинг ўзини айбдор деб билади. Ҳақиқат қайси томонда эканини билиш қийин, ҳар икки талқинда ҳам давр мафкураси таъсири сезилади.
Лермонтов зиддиятли туйғу ва кечинмаларга банди кўнглини одатий ҳаёт, босиқ муносабатлар ҳамда садоқатли ишқ талабларига бўйсундира олмаган. Қалбидаги бу пўртана уни мудом ён-атрофга, киборлар оламига қарши чиқмоққа ундаган. Шоир қалбига сирли, манфур куч – демон ҳукмрон эди, айнан иблис туйғу ва кечинмаларни кескинлаштирган. У “Мактуб” деб аталган илк шеъридаёқ қалби “телба – девона руҳ” амрида эканини айтади, ушбу фикрини кейинроқ битган “Менинг демоним” шеъри ва сўнги асари “Демон” поэмасида ривожлантиради:
Ёвузликлар – унинг стихияси;
Қора булутларни ёриб учади,
Даҳшатли булутлар, дубзорлар сасин,
Дарё кўпикларин севиб қучади;
Қора туманларни ва нурсиз ойни,
Юлдузсиз тунларни яхши кўради,
Аччиқ кулгуларга тўла чиройни,
Ёшсиз, уйғоқ кўзни севиб юради.
Борлиғи – ёвузлик, хатти-ҳаракатлари – ваҳшат олқиши – зулумот, тилаги ёмонлик бўлган манфур кучнинг қалбига ҳукмрон эканини тан олиши одамларда шоирга нсбатан ноодатий муносабатлар ўрнатган. Наҳотки, шундай даҳо шоир қалбига манфур куч ҳукмрон бўлса? “Мағрур демон, ҳали тирик эканман / Соядек эргашиб юрар орқамдан / Мўъжизакор ўтнинг ёлқини билан, / Ақлимни ёритиб турар ҳар дамда”. Ишониш қийин – сертуйғу қалб демон истакларига мувофиқ ўртанади, севади. Шоир демон толе бағишламаслигини тан олади, бироқ ундан воз ҳам кечолмайди. Лермонтов поэзиясидаги жозиба, куч ва бетакрорлик балки ўша демон туфайлидир? Балки шунинг учун ҳам шеърини “Менинг демоним” деб атагандир?
“Демон” поэмасини руҳий ва рефлексив изланишларнинг бетакрор маҳсули дейиш мумкин. Унда демон ҳар қандай “ишончни қилувчи барбод”, “эрлик бандага азоб ва кулфат”, “фалак ёви, табиий офат”, Тангри яратган ҳар қандай нарсага нафрат билан қаровчи куч сифатида гавдаланади. У гўзал Тамаранинг бахтига чанг солади, қаллиғини ўлдиртириб, уни ўзига имтисол этишни мўлжаллайди. Мана, унинг Тамарага илтижо-изҳори:
Тиз чўкиб турибман оёғинга боқ!
Мен сенга келтирдим қайнашларимни.
Севгидаги сокин ибодат – зорим,
Ерда биринчи бор чеккан азобим
Ва илк бор тўкилган кўзёшларимни.
У қизга эзгуликка қайтажаги, инсонлар ғам-ташвиши билан яшаяжаги, дунёга, Тангри яратган нарсаларга нафрат билан қарашдан безгани, энди илоҳий руҳ каби севиб-севилиб, яратиб шодланиб, ишончу ибодат билан ҳаёт кечиришини айтади. Демон инсонга, ундаги меҳр-муҳаббат, эзгуликка ҳавас қилади, ишончу ибодат-ла яшашидан ҳикмат топади. Унинг ёлворишларида чексиз изтироб, азобларга мубтало этилган дардчил дилнинг нидолари мужассам. Гўёки ўз ихтиёри билан эмас, балки ижтимоий муҳит ёки Тангри ҳукми билан ёвузлик, табоҳлик тимсолига айлантирилган. “Алам қилди, – дейди у Тамарага, – сендай яшаёлмаслик, / Яна ҳам даҳшатли – сенсиз яшамоқ…/ Сенсиз нима қилай абадиятни? / Чексиз, чегарасиз ҳокимиятни? / Нетай, бари сенсиз менга ҳаромдир, / Худди илоҳасиз кенг бир эҳромдир”. Қизнинг жавоби эса аниқ: “…қўй мени, эй риёкор руҳ, / Бас қил, ишонмайман душманга – сенга…” Рад этилган демон барибир ёвузлигини қилади, қаттол лабини қизнинг беғубор, жонли дудоғига босади. Демон Тамаранинг пок руҳини ўғирламоқчи бўлганида осмон элчиси – эзгулик фариштаси келиб, қиз руҳини арши аълога олиб кетади.
Поэмада Байронга ҳам, Гётега ҳам ўхшашликлар топиш мумкин. Лермонтов француз, инглиз ва немис тилларини билган, ушбу тилларда ижод қилган шоирлар бисотидан ҳам хабардор бўлган. Европадаги эрксеварлик ғоялари унга илҳом бахш этган, аммо у қалбан ва руҳан рус шоири эди. Шунинг учун ҳам: “Йўқ, Байрон эмасман, мен бошқа одам, / Оламга аёнмас ҳали кимлигим. / Дунёда у каби қувғин бўлсам ҳам / Ва лекин рус қалби менинг юрагим”, дейди. Рус халқининг “мағрур мардона қўзғолишлари”ни, бепоён чўл ва далалар узра “тинмай кезиб юрган куз қуёшини”, “қишлоқ йўлларида кезиш”ни, “пичан босилган кулбалар”ни куйлайди. Шоирнинг эрксевар Кавказ ҳақидаги шеърлари, беназир ташбиҳ ва тасвирлари юксак бадиий дид ва маҳорат намунасидир. “Менинг Ватанга ишқим – ажиб муҳаббат”, дейди у фахр ва ғурур билан.
Ўзбек шоирлари, таржимонлари Лермонтов асарларини меҳр ва маҳорат билан ўзбек тилига ўгирган. Ғафур Ғулом, Ойбек, Мақсуд Шайхзода, Асқад Мухтор, Машраб Бобоев, Илёс Муслим, Шунқор, Эргаш каби ижодкорлар таржимада рус тилидаги нафислик, жўшқинлик ва ҳазинликни бера олган.
Бераҳм қотил отган ўқ Лермонтовни ҳалок этмаганида, у, шубҳасиз, янада гўзал ва доҳиёна асарлар битарди. Шоир атиги йигирма етти йил умр кўрди, лекин қолдирган асарлари унинг исмини абадиятга муҳрлади. Буни ҳам ўзи башорат қилган: “Мен ўларман, бироқ ўлмай қолажак отим!”

“Тафаккур” журнали, 2014 йил 4-cон.
Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *