«Сусамбил» рукнидан: Лирик қўшиқларда рамз

Иккинчи мақола

Халқ қўшиқларининг турлари кўп. Фольклоршунослик умумлаштириб халқ лирикаси деб атайди ва маросим ҳамда номаросим қўшиқларга ажратади. Номаросим қўшиқларининг салмоқли қисмини лирик қўшиқлар ташкил этади. Бу ўринда “лирика” атамаси тор маънода ишқ-муҳаббат, маиший мавзу куйланган қўшиқларга нисбатан қўлланган.
Ўзбек халқ лирик қўшиқлари асосан тўртлик шаклида ривожланган. Тўртликлар маълум оҳанг йўлларига солиб куйланади. Тадқиқотчилар тўртликларнинг ҳар бирини мустақил асар сифатида баҳолашади. Чунки уларда маълум бир тугал воқелик ифодаланган. Лирик қўшиқ ҳажмининг кичиклиги матндаги ҳар бир сўз зиммасига бошқа жанрларга нисбатан ортиқроқ бадиий “юк” беради. Поэтик санъатлар орасида рамз биргина сўз орқали кенг мазмун ифодалаш имкониятига эга. Бу эса айнан қўшиқ жанрининг талабларига мос келади. Лирик қўшиқларда рамзнинг бошқа поэтик санъатларга нисбатан кенг қўлланилишини шу сабаб билан ҳам изоҳлаш мумкин.
Поэтик рамз қўшиқлардаги мавҳум тушунчаларни, англатиш қийин бўлган нозик туйғуларни, турли руҳий ҳолатларни бир ёки бир неча сўз орқали ифодалаш имкониятини беради. Қўшиқнинг оҳангдорлигини таъминлайди, бадиий қимматини оширади.
Лирик қўшиқларда қўлланилувчи рамзларнинг асосий турларини кўрсатмай, уларнинг етакчи хоссалари ҳақида бирор-бир фикр айтиш қийин. Чунки адабиёт каби фольклор ҳам сўз санъати сифатида шундай бир жонли жараёнки, уни қотиб қолган, ўзгармас ҳодиса деб қарамаслик керак. Қўшиқ инсон қалбининг бадиий инъикоси сифатида вужудга келар экан, куйловчи ўз туйғулари, кечинмалари, орзу-истакларини ифодалашида асрий анъаналар ўзанидан бориб, сўзнинг бадиий имкониятини онг остидаги “улкан билим” қуввати, талант ва иқтидори билан оча олади. Бу ҳол халқ поэзиясининг сўнмас қудрати – поэтик сўзнинг чексиз имкониятининг фаоллашуви орқали воқе бўлади. Ушбу мураккаб ижодий жараёнда лирик қўшиқларда қўлланилувчи поэтик рамзнинг икки муҳим типини ажратиб кўрсатиш мумкин:

1. Ўзак рамзлар.
2. Вазият рамзлар.

Ўзак рамзлар. Рамзий образларнинг бу икки типини қарама-қарши қутблар сифатида қарамаслик лозим. Улар қўшиқнинг жонли ижро жараёни давомида бир-бирини тўлдиради, бири иккинчиси билан чамбарчас боғлиқ юради.
Биз рамзий образнинг барча қўшиқлар учун умумий бўлган анъанавий туб поэтик маъноли шаклини ўзак рамз деб атадик. “Ўзак” атамаси тилшуносликдан олинди. Маълумки, аглютинатив тиллар (жумладан, ўзбек тили)да сўз асосини ўзак ташкил этади. Ўзакка турли сўз ясовчи қўшимчалар бирикиб янги маъноли сўзлар ҳосил бўлади. Синтактик муносабатни билдирувчи қўшимчалар эса сўзларни бир-бирига боғловчи восита вазифасини бажаради. Тилдаги ўзак сўз каби ўзак рамз ҳам муайян матнда турли сифат, белгилар билан келиб ўз поэтик маъносини у ёки бу бу тарзда кенгайтиради, ойдинлаштиради. Масалан: рўмол образининг барча қўшиқлар учун туб рамзий маъноси “оила”. Аммо рўмол у ёки бу қўшиқ таркибида турли сифат, ҳолатларда тасвирланади. Мисол учун ушбу тўртликни олиб кўрайлик:

Рўмолини ювдирдим, омон ёр,
Қора толга илдирдим, омон ёр.
Қора толи қурисин, омон ёр,
Қароқчига олдирдим, омон ёр.

Қўшиқ таркибида ўзак рамзлар: “рўмол” – оила, “тол” – ошиқ йигит туб рамзий маънога эга. “Рўмолимни ювдирдим” мисрасида “ювдирдим”, “қора толга илдирдим” мисрасидаги “илдирдим” ўзак рамз “қўшимча”лари ҳисобланиб, бу сўзлар рамзий образнинг ушбу қўшиқдаги бадиий мазмуни янада аниқлашувига ёрдам бермоқда. Матнда “қўшимча”лар ўзак рамз маъноси билан боғлиқ рамзий мазмун олмоқда. Яъни: “ювилган рўмол толга илинди”, лирик қаҳрамон – маъшуқа “ошиқ йигитга ишониб, унга ўз қалбини бағишлади. Ширин оила, бахтли турмуш қурамиз, деб ўйлади. Лекин маъшуқ бевафолик қилди. Маъшуқа: “Қора толи қурисин, қароқчига олдирдим” деб “рўмолидан” – “оила ҳақидаги ширин орзу-истакларидан айрилгани”ни куйламоқда. Қўшиқда “рўмол” туб ўзак маъносини “қўшимча”лар ёрдамида кенгайтириб, “оила ҳақидаги ўй, севги” поэтик маънога эга бўлмоқда. “Тол” анъанавий “ошиқ” маъносида келмоқда.
Ўзак рамз лирик қўшиқларда қўлланилувчи асосий рамз бўлиб, унинг етакчи хоссалари сифатида қуйидагиларни санаш мумкин:

1.Ўзак рамз асрлар давомида шаклланиб, тарихан халқнинг қадимий миф, турли эътиқодий дунёқарашларига бориб боғланади. Чунки “Ҳар қандай миф рамз, лекин ҳамма рамзлар миф эмас”( А.Ф.Лосев)
2. Ўзак рамз барқарор шакл ва мазмунга эга.
3. Ўзак рамз поэтик маъноси образ ичида яширин келади. Муайян матнда бу яширин поэтик маъно халқнинг ушбу образ ҳақидаги тасаввур, тушунчалари асосида англашилади.
4. Рамз образнинг поэтик ва луғавий маъноси ўртасида билвосита боғланиш мавжуд. Образ билан боғлиқ тасаввурлар унутилса рамзий маъно англанмай қолади.
5. Ўзак рамзнинг туб маъноси муайян матнда рамзий “қўшимча”лар воситасида ўз маъно кўламини у ёки бу даражада кенгайтиради. Баъзи ҳолатларда ўзак маънога бевосита боғлиқ янги поэтик маъно ҳосил бўлиши мумкин.

Ўзбек халқ лирик қўшиқларида айни хусусиятларга эга ўзак рамзлар асосан уч хил шаклда учрайди:

1.Соф лексик бирлик шаклидаги ўзак рамзлар.
2.Бирикма кўринишиидаги ўзак рамзлар.
3.Гап тузилишидаги ўзак рамзлар.

Соф лексик бирлик шаклидаги ўзак рамзлар биргина сўздан иборат бўлиб, бошқа тур рамзларга нисбатан кенг қўлланилади. Бу тур ўзак рамзларга рўмол, тоғ, тол, том, сув, дарё, ғоз, ўрдак, қарға, турна, олма, бозор, хол, тамаки, илон, соч, оқ, қизил, қора, сариқ ва бошқа образлар киради.
Бирикма кўринишидаги ўзак рамзлар асосан икки сўздан ташкил топган бўлиб, кўпчилик ҳолатларда соф лексик бирлик сифатида келувчи икки мустақил рамз бирикиб яхлит ўзак рамз шаклида келади; қизил гул, қизил олма, оқ олма, оқ илон, қора тол, қора соч кабилар. Бу хил кўринишдаги рамзларда поэтик маъно ҳар иккала рамз маъноларининг йиғиндисидан иборат бўлади. Масалан:

Оқ олма, қизил олма пишмас экан,
Икки яхши бир ерга тушмас экан.
Икки яхши бир ерга тушганида,
Умрининг ўтганини билмас экан.

Бу тўртликда келаётган “оқ олма”, “қизил олма” рамзий бирикмаларни ташкил этувчи оқ, қизил, олма образларининг ҳар бири мустақил ўзак рамз. Оқнинг бирламчи ўзак маъноси эр киши, йигит. Қизил “аёл, қиз” рамзий маънога эга. “Олма” рамзи бу ўринда “севги, муҳаббат” маъносида келган. Биз ана шу асосда Оқ олмани йигит, қизил олмани қиз севгиси маънода келаётганлиги англаймиз. Қўшиқда бир-бирига муносиб, йигит ва қиз севгиси, ҳамма вақт ҳам муродига ета олмас экан. Агар улар қовушса, армонлари қолмай, бахтли яшашар эди, деб куйланмоқда.
Ўзак рамзнинг гап тузилишидаги кўриниши икки ёки ундан ортиқ сўзлардан ташкил топиб, асосан қўшиқларнинг дастлабки мисраларида намоён бўлади. Бу кўринишдаги рамзларга “чопонимнинг енги тор”, “беқасам тўн қилдим, бир енгини тор қилдим”, “ҳовуз бўйини ўйдим”, “Ариқ бўйини ўйдим”, “музни тешдим, сувни ичдим, лой эконин билмадим”, “Ариқ бўйи лой экан”, “сув бўйида ўтириб сувни лойлатманг, тўрам” каби мисралардаги “тор енг”, “ҳовуз ёки ариқ бўйининг ўйилиши”, “сувнинг лойқаланиши” каби бирикмаларни келтириш мумкин. Масалан, “сувнинг лойқаланиши” билан боғлиқ тўртликни кўриб чиқайлик:

Музни тешдим, сувни ичдим, лой эканин билмадим,
Кўпни кўрдим, бирни севдим, ёри борин билмадим.
Кўпни кўрган бирни севган кимни олдинг ёнингга,
Биз тағин бир ёр кутиб, ўтлар ёқайлик жонингга

мисраларида айтилганидек, “музни тешдим – кўпни кўрдим, сувни ичдим – бирни севдим, лой эканин билмадим – ёри борин билмадим” поэтик маъносига уйғун келади. Демак, сувнинг лойқаланиши – муҳаббатнинг поймол бўлиши хиёнат экан.
Ўзак рамзнинг гап тузилишидаги кўриниши соф лексик бирлик ва бирикма кўринишидаги рамзларга нисбатан ихчам, барқарор шаклга эга эмас. Уларда сўзнинг поэтик ва луғавий маъноси ўртасидаги боғлиқлик рамзий мазмунни англашда восита бўлади. Шу жиҳати билан гап тузилишидаги ўзак рамзлар вазият рамзларга яқин туради. Ҳар бир гап тузилишидаги ўзак рамз тарихига қаралса, уларнинг вазият рамзлар асосида ўсиб чиққанлигини кўришимиз мумкин. Уларни ўзак рамз ва вазият рамзларнинг оралиғидаги ўзига хос босқич эканлигини кузатиш мумкин. Даврлар ўтиши давомида улар соф лексик бирлик ва бирикма кўринишидаги рамзий образларга айланиши мумкин. Соф лексик бирлик ва бирикма шаклидаги ўзак рамзлар таркибида бевосита табиий қиёс асосида пайдо бўлган рамзлар ана шу тараққиёт йўлини босиб ўтишган.
Вазият рамзлар. Лирик қўшиқларда инсон табиатнинг турфа иқлимлари, унинг турли туйғу, орзу-интилишлари қисқа ва содда шаклда ифодаланади. Бу ифода аксарият ҳолатларда табиат лавҳалари билан инсон ҳаётига боғлиқ мотивларнинг параллел берилиши орқали реаллашади. Чунки “… инсон руҳи сурх новдаларнинг сўлишини, денгиз махлуқларининг сув остида вазмин сузишини, саратонда айни туш пайтида эсган шабодада япроқларнинг шитирлашини сўнгсиз бир шавқ билан тинглайди. Уларга бутун вужуди билан яқинлигини англайди. Уларнинг тимсолида ўзини кўради” (Белинский В.Г. Танланган асарлар. – Т.: 1955. – Б. 137.). Лекин бу яқинлик шунчаки тасодиф натижаси эмас. Инсон табиатдан ўз руҳиятининг ифодасини авлоддан-авлодга ўтиб келаётган турли тасаввур-тушунчалар, кундалик кузатишлар, тажриба ва билимлар орқали ажратиб олади. Ушбу жараён инсоннинг онг ости замиридаги “улкан билим” билан бевосита боғлиқ кечади. Айни жараёнда инсоннинг тасаввури, кузатиши, билимларининг ҳосиласи турли нарса ва предметларни кўнглининг қиёсий ифодачисига айлантиради. Натижада табиат ва қалб ҳодисалар ўртасидаги ички уйғунлик асосида янги рамзлар, образлар туғилади. Вазият рамзлар айнан ушбу уйғунликнинг маҳсулидир. Масалан:

Ўчоқ бошида қумғон,
Атрофи баланд қўрғон.}А
Ёргинамга етолмай,
Юрак бағрим бўлди қон} Б
Қадамизда гуллар очилсин.

Келтирилган тўртликда табиий тасвир ўз ҳолича вазият рамзни юзага келтираётгани йўқ: бу тасвир (А) лирик қаҳрамон ҳаётига тегишли мотив (Б) билан қиёс қилинмоқда. Натижада табиат тасвири рамзийлик касб этмоқда. Қўшиқдаги “қумғон” ва “қўрғон” образларини вазият рамзга айлантирмоқда. Қумғоннинг қоралиги, оловда куяётгани, қўрғоннинг баланд ва чиқиб бўлмаслиги замирида лирик қаҳрамоннинг ҳаёти, дарди, орзу-армонлари умумлашмоқда. Қумғон унинг юраги – барбод бўлган севгиси, амалга ошмай қолган умидлари. Қўрғон уни шу ҳолга солган, орзу-умидларига зид бўлган кучларнинг рамзий ифодачисига айланмоқда. Бу ўринда лирик қаҳрамон ҳеч қандай қўрғон ичида, ўчоқ бошида ўтиргани йўқ. У ёт кучлар тазйиқида севган кишисидан айрилгани, севганига етишолмаслигини, соғинчини куйлаяпти, холос.
Қўшиқ – инсон руҳиятининг оинаси. Оина сирлари рамзий образлар замирида яширин келади. Рамзий образ имуқуқи илғансагина қўшиқда ифодаланган мазмун англанади. Биз навбатдаги мақолаларда қўшиқларда кенг қўлланилувчи рамзий образларга алоҳида-алоҳида тўхталамиз.

Шомирза ТУРДИМОВ

Мақола «Маърифат» газетасида чоп этилган.

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 572

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *