Сўз хизматида кечаётган умр (Маҳмуд Саъдий билан суҳбат)

– Инсоннинг шаклланишида, ҳатто, пайти келиб касб танлашида оиланинг, болаликнинг ўрни муҳим. Боланинг оила муҳити, унинг муаммолари – иссиқ-совуғини эрта англаши, ундаги қийинчиликларга аралашиб яшаши баъзан унинг келажагини ҳам белгилаб қўяди. Тенгдошлари кўча чангитиб юрганда, уйдаги муаммолар оғирчилигига шерик бўлган бола эрта улғаяди. Сизнинг бугунга келиб моҳир муҳаррир, адабиёт кишиси бўлиб етишишингизда оиланинг, сиз яшаган муҳитнинг таъсири, ўрни борми?

– Болалигим қарийб бўлмаган. Ота-онасиз қолганимда, жуда ёш эдим. Онам тўрт-беш ёшимда, отам биринчи синфда ўқиётганимда, баҳор пайтлари вафот этган… Лекин, барибир, оиламнинг таъсири бор. Эсимда, уйимизда муқовалари чиройли китоблар бўларди. Бир сандиқча эди. Улар орасида бир китоб бор эди, унинг қандай китоб эканлигини билмайман. “Бу китобни қўлингни ювиб, кейин олгин”, дердилар отам. Отам бизникига келган одамларга ўша китобларни ўқиб, таржима қилиб берарди. Ўйлашимча, бу китоблар араб, форс тилларида эди. Отам Бухорода мадрасани битирган. Ёзма сўзга, китобга қизиқишим ўша пайтдан бошланган бўлса керак…Mahmud Sa'diy
Кейин отамнинг амакиваччаси рўзғорида ўсдим. Мамарасул акам яхши саводи бўлмаса ҳам, жуда меҳнаткаш, ҳалол, масалага холис ёндашадиган, теран фикрли, ҳаётга очиқ кўз билан қарайдиган одам эди. Шундай бўлса-да, мени ҳамиша: нима қилишим керак, умр бўйи бировнинг уйида яшаб юрмайман-ку, деган ўй қийнарди. Мен китоб ўқишим керак, деган қарорга жуда эрта келганман. Китобни жуда яхши кўрардим. Қишлоқ советининг кутубхонаси, бешинчи-еттинчи синфлар ҳамда саккизинчи-ўнинчи синфлар ўқийдиган мактабларимиздаги кутубхоналарнинг ҳаммасидаги китобларни ёпишиб ўқирдим. Саккизинчи синфга ўтгач, қишлоғимизда почтачилик қила бошладим – хат, газета-журнал таширдим. Менга қишлоқ совети ҳақ тўламасди, газета ва журналлардан биттадан – ўзим хоҳлаганимни беришарди. Кейин китоб олиб келадиган бўлдим. Келтирган китобларимдан ҳам бир-иккитадан беришарди. Китобларимни шунақа қилиб йиға бошлаганман. Амакимга колхознинг жувозини ҳайдашда ҳам ёрдамлашардим. Меҳнатимиз учун берилган ёғни бозорга олиб бориб сотардик. Мен акам овқатланиш учун берган пулга китоб олардим. Ўнинчи синфда ўқиб юрганимда, мингтача китобим бор эди…
Учинчи синфда эканимда, Каттақўрғондаги техникумда ўқийдиган акам (амакимнинг ўғли) Миркарим Осимнинг “Ўтрор” деган китобини олиб келди. Чамаси йигирма беш саҳифали китобни эрталабгача ўқиб чиқдим. Илк бор тўла ўқиган китобим ўша… Тўртинчи синфда “Навоий” романини ўқидим.

– “Ўнинчи синфда ўқиб юрганимда, мингтача китобим бор эди”, дедингиз. Шу мингта китобнинг ҳаммасини ўқиб чиққанмисиз?

– Ҳа, ўқиганман, яна учта кутубхонадаги китобларни ўқиганман. Нима бўлса, ўқирдим. Қишлоқ кутубхонасида кўп китоб бўлмайди. Масалан, Пушкиннинг тўрт томлиги, Лермонтовнинг икки томлиги, Тарас Шевченконинг икки томлиги, Мухтор Авезовнинг “Абай” романи, Салтиков-Шчедрин асарлари, Мопассан ҳикоялари. “Уруш ва тинчлик”нинг икки томини ўнинчи синфда ўқиганман. Кўп китобларни илк бор ўша пайтлари ўқиган бўлсам керак.

– Шунча кўп китоб ўқиб, университетга келганингизда, бу ерда ўқиш жуда жўн туюлмаганми сизга? Кўпчилик мактаб дастурини ўзлаштириб, ўқишга кирган пайтлар эмасмиди ўша йиллар?

– Мен ўқишга катта мақсад билан келганман. Мактабда адабиёт, тарих ва географияни жуда яхши кўриб ўқирдим. Мактаб пайтларидаёқ ёзиб юрардим. Шеър ҳам ёзганман, лекин бугун ўз иборам билан айтсам, ёзганларим “жўқий” шеърлар эди. Университетда ўқигандаям шеър ёзганман. Курсимиздагилар билан йиғилишиб ҳафта охирида шеърларимизни муҳокама қилардик. Бир-икки муҳокамада шеърларимни ўқиганман. Кейин тингловчига айландим.
Ҳикоя ҳам ёздим. Ҳикоям ҳам “жўқий”.
Нима учун таҳрирга ўтиб кетганимнинг сабабини айтсам. Университетга кириш имтиҳонларига тайёрланаётганимда, тарих фанини ўзлаштираётиб, бир ҳақиқатни англадим. Ўқийман, Ўрта Осиё тарихи – 3-4 бет. Кавказ тарихи, Урартудек давлат қурилган жойлар тарихи ҳам уч-тўрт бет. Ҳаммаси – Россия тарихи. И-е, бу “СССР тарихи” эмас, “Россия тарихи”-ку, деган фикр келди миямга. Нега бизнинг халқимиз камситилиши керак? Ўша пайтда ўз йўлимни қарийб белгилаб олганман: мен ўз элимга хизмат қилишим керак. Шу жиҳатдан идеалистлигимча қолган бўлсам керак. Идеалист эдим. Масалан, ўйлардим: шамни ким кашф қилган? Буни ҳеч ким билмайди, лекин шам одамларга хизмат қилади. Ёки қора чироқ. Қора чироқ ҳам кашф қилинган. Ким ихтиро этган уни? Билмаймиз. Лекин Европада лампочкани ким ўйлаб топгани маълум. Мен мана шу номи йўқ бўлиб кетган, лекин иши қолган одамларнинг йўлидан бормоқчи бўлдим. Бу – яхши, лекин одамнинг ўзига фойдасиз.

– Сиз ўқиган китоблар университетдаги ўқишни анча осонлаштирган бўлса керак-а?

– Чиндан ҳам. Адабиётдан дарс ўтилаётганда, кўп китобларни тўла ўқиб чиқишим шарт бўлмади. Бир кўздан кечирдиму эсимга тушди. Назаримда, болаликда ўқилган китоблар жуда диққат қилиб ўқилади, шекилли, одамнинг хотирасида яхши қолади. Кейин қайта ўқиганимда, уларнинг мағзини чақишга ҳаракат қилдим, ўқимаганларимни ўқидим. Мира Марковна Саксонова деган ўқитувчимиз бўларди. XIX аср рус адабиётидан дарс берган. Бизни жуда яхши ўқитган. У ҳеч қачон умумий гап айтмасди, конкрет гапирарди. Айниқса, ҳар бир асарни таҳлил этганида. Масалан, Тургеневнинг “Дворянлар уяси” ҳам, Салтиков-Шчедриннинг “Жаноб Головлевлар” асари ҳам бир хил мавзуда. Аммо биринчи асарда маънавий таназзул ҳақида сўз борса, иккинчи асарда мана шу маънавий таназзулнинг жисмоний таназзулга олиб келиши кўрсатилганини асарлар моҳиятига кириб бора оладиган даражада, аниқ-тиниқ қилиб тушунтириб берарди. Мира Марковна Саксонова бизни моҳиятни тушуниб асар ўқишга ўргатган энг яхши устозларимиздан эди.
Яна бир жиҳат бор. Масалан, Саида опа Назруллаевани олайлик. Жуда меҳрибон, яхши инсон эди. Лекин дарс беришга келганда… Мен у кишидан бир нарса учун миннатдорман. Биринчи дарсида бир қулоч адабиётлар рўйхатини берарди. Менинг фойдаланганим – шу. Адабиётлар рўйхатини олдим. Дарслар тугаши билан Навоий кутубхонасига югуриб қолганман. Шундан бошлаб, Навоий кутубхонасида уч йил қимирламай ўтирганман. Соат 7дан 11гача. Ҳар куни тўрт соат. Иккинчи сменада ўқирдик. Якшанба куни тўлиқ ўша ерда бўлардим. Уч йил қимирлаган эмасман. Кўрсатилган адабиётларни кўриб чиқаман, ўқийман, конспект оламан. Мен манбанинг ўзини ўқишни яхши кўрардим. Манбанинг ўзини ўқиш жуда аҳамиятли.

– Яхши журналист бўлиш учун мутолаанинг аҳамияти борми? Бу масалада сиз бўлғуси журналистларга қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз?

– Китоб ўқиш усуллари, шартлари, шакллари жуда кўп. Бу ўринда шулардан икки жиҳати ҳақида гапиришни истардим. Биттаси, дейлик, журналистнинг билим бойлиги, унинг кенг мутахассис сифатида шаклланиши билан боғлиқ. Масалан, халқаро журналист япон тили йўналишидаги гуруҳда ўқиса, энг камида, япон адабиётини, япон тарихини, япон менталитетини – Японияга нимаики алоқадор бўлса, билиши керак. Инглиз тилини ўрганадими бутун инглиз адабиётини, Америка адабиётини, унинг тарихини билиши шарт.
Яна шуни билиш муҳимки, китоб одамни шахс сифатида шакллантиришда жуда катта восита, муҳим манба. Одам, ўзини ўзи тарбияламаса, уни ҳеч ким тарбиялай олмайди. Демакки, одам ўзини ўзи шакллантириши зарур.

– Мутолаа кучли бўлиши керак, демоқчисиз-да. Бироқ ҳамма жойда ҳам сизга ўхшаган фидойилар йўқ. Ёки бўлмаса, ҳаммаям журналистика факултети ёхуд филология факултетига кириб ўқимайди. Лекин биз жамиятга тафаккури теран, маънавияти бой одамлар кераклиги ҳақида кўп гапирамиз. Бундай одамларни тарбиялаш учун эса мутолаа керак. Мутолаага қандай ўргатиш мумкин?

– Устод Мақсуд Шайхзоданинг бир гапи ёдимга тушди. Бир куни уйида мақола устида ишлаб ўтирибмиз. Шайх ака эски бир қўлёзмага назар ташлади-да, шундан мисол олди. Кейин мен: шуни мана бу тўрт томлик “Хазойин ул-маоний”дан ёки ўн беш томлик “Асарлар”идан олсангиз бўлмайдими, деб сўрадим. У киши индамади-да, туриб, Ҳамид Сулаймон тайёрлаган “Хазойин ул-маоний”нинг битта томини олиб, очди. Қарадик. Бир байтда бир нечта хато. Мени Маҳмудали дердилар. “Маҳмудали, мана шундай хатолар бор. Шунинг учун аслини ўқиган яхши. Қўлёзмани кўрган яхшироқ. Умуман, тадқиқотчи қўлёзма билан ишлаши керак”, – деди. Кейин мен: “Домла бу ўн беш томликлар бекор экан-да”, – десам, “Йўқ, – деди, – мана шу ўн беш томлик чиққани жуда зўр иш бўлган. Навоий бобомиз шунча китоб ёзган экан, деб фахрланиб, қанча одам китобга интилади”. Демак, китобнинг уйда туриши ҳам болада китобга интилишни пайдо қилар экан. Менимча, китобга муҳаббат, эътибор оилада шаклланиши керак. Болаларга китоб ўқиб бериш керак, иложи бўлса ифодали қилиб. Билсангиз керак, жадидларда ҳам овоз чиқариб ифодали ўқиш методи бўлган. Бекорга шундай эмас. Қадимда Қуръони каримдан оятларнинг ёдлатилиши ҳам бежиз бўлмаган-да. Дастлаб унинг оҳанги таъсир қилади, сеҳри ва мўъжизаси билан ўзига тортади. Одам унинг маъносини кейинроқ тушуниб олади, онгга сингади-да. Болаларга шеър ёдлатиш керак. Ёдлагани сайин болада сўзга, китобга муҳаббат пайдо бўлади.

– Ёшлигингизда ўқиган кўп асарларни бугун ҳам қайта ўқишингизга тўғри келади. Баъзан керак бўлганидан, баъзида ўзингиз хоҳлаб. Шунда асарнинг таъсир кучи ўзгарганини сезасизми?

– Ўқиётганда мақсад билан ўқиш керак, деб ўйлайман. Мен мақсад билан ўқийман. Шундай асарлар борки, уларни, албатта, қайта-қайта ўқиш керак. Масалан, “Алпомиш”. “Алпомиш”ни ҳар сафар ўқиганда, нимадир топасиз, аввал англамаган жиҳатларни кашф этасиз. Кейин, Навоий ғазалларини. Улар кўпқатламли. Буюк асарлар, классик асарлар кўпқатламли бўлади. Уларни охиригача тушуниб етиш жуда мушкул. Балки, бир одамнинг умри етмас. Сирлари очилавериши мумкин. Ҳар сафар бошқа бир томонини кўрасиз. “Қаро кўзум” ҳақида шунча шарҳнинг битилиши бекорга эмас-да.
Қайта ўқишнинг бошқа йўллари ҳам бўлиши мумкин. Бир сафар Набоковнинг “Лолита” романини ўқидим. Биласиз, дунёдаги юзта зўр асардан биттаси ҳисобланади, Европада. Ўзига хос. Инсон ҳаётининг нақадар мураккаб, фожиали эканлиги, давр ҳаққоний ифодасини топган. Одамни ўйга толдирадиган, қийнайдиган, фожиали бир асар. ХХ асрда инсоннинг ёлғизланиб қолишидек улкан фожиани кўрсатиб беролган асар. …Китобни кечаси ўқиб тугатдим. Соат икки ярим-учлар эди. Кўнглим жуда қоронғи бўлди. Ётдим. Уйқу келмайди. Бошқа нарсага қўл уролмайман. Нима қилишни билмай, китоб жавони олдига бордим. Қўлимга жилди эскирган бир китоб тушди. Олтмишинчи йили чиққан “Ўзбек классик адабиёти” туркумидаги Алишер Навоийнинг “Танланган асарлар”и экан. Навоийдан бир-иккита ғазал ўқиганимдан сўнг руҳим енгил тортди. Покландим. Кўнглимдан ғуборлар кетди. Бошқача ҳаёт бор, бошқача дунё бор, бошқача олам бор, бошқача бир руҳ бор. Навоийнинг асарлари шифобахш қудратга эга. Одамни, унинг қалбини даволайди. Мана шунақа, китобни қайта ўқиш гарчи тасодифан бўлса ҳам, ўша тасодифда ҳам қонуният бор, деб ўйлайман.

– Ёш ўтгани сайин инсоннинг дунёни идрок этиши ўзгаради, ўсади. Шунга боғлиқ ҳолда диди, савияси ва, албатта, китобга муносабати ҳам ўзгариб боради. Бу китоб танлашда ҳам сезилади. Бугун қандай китоблар ўқияпсиз. Бу борада сизни ўйлантираётган муаммолар нималардан иборат?

– Тўғрисини айтганда, ҳозир системали равишда ўқий олаётганим йўқ. Китоб дўконига киришни жуда яхши кўраман. Албатта, дунёнинг тагига етиб бўлмайди, лекин дунёнинг сирларини билишга қизиқади инсон. Яқинда бир китоб ўқидим. “Тайная история мира” деб номланади. Жонатан Блэкнинг асари. Дунёни ким бошқаради? Кимлар бошқарган, қандай оқимлар, тариқатлар ўтган? Қанақа ташкилотлар, яширин ташкилотлар бўлган? Шулар ҳақида бу китоб. Албатта, унинг камчиликлари бор. Европаликнинг кўзи билан қаралган. Муаллиф айтаётган фикрларга тўлиқ қўшилиб бўлмайди. Лекин мулоҳаза юритиш учун кўп маълумот беради, фикр беради.
Ҳозир одамлар китоб ўқимай қўйди, деган гап менга ёқмайди. Ўқийман, деган одам ҳамма вақт ўқийди. Қимматми-арзонми, унинг аҳамияти йўқ. Ўқимайдиган эса, барибир, ўқимайди. Оммавий китобхонлик, деган гапга қўшилмайман. Юракнинг иши бу. Юраги билан ўқиши керак одам китобни. Ҳаммани китоб ўқишга мажбур қилиш шарт эмас.

– Сиз кўпчиликнинг адабиёт майдонига, журналистика соҳасига кириб келишига, тўғри йўл топиб кетишига кўмак бергансиз. Буни адабиёт оламида юрганларнинг кўпчилиги тан олади. Ўзингиз ортда туриб, бошқаларнинг ўсиб-унишига ёрдам берасиз. Фикрларингизни бировлар ўзлаштириб кетишидан қўрқмайсизми?

– Умуман, бировлар ўзлаштириб кетишидан қўрқмайман. Агар сиз ўз фикрингизни исботлаб гапирсангиз ва у оқизмай-томизмай ёзиб олса, албатта, катта зиён қиласиз. У гапни иккинчи ёза олмайсиз. Лекин ўзаро суҳбатда бирор масала чуқурлаштирилмай, унинг юза томони айтилса, фаросатли одам уни ривожлантириб, фойдаланиб кетар, агар иқтидори пастроқ одам бўлса, фикрни ололмайди, юзаки гапирадию исботлай олмайди. Айтмоқчиманки, сиз ўзингизнинг фикрларингизни, биров фойдаланиб кетиши мумкин бўлган фикрларни айтсангиз ҳам, ўзида бўлмаса, фойдалана олмайди. Лекин бир хил яхши гаплар бор. Ўзим ёзмайман. Биров мақола, курс иши, диплом иши ёзаётган бўлса, ўқиб кўргудек бўлсам, мана бу жойини ривожлантирсанг, қандай бўларкан, деб айтишим мумкин, у очилиб кетади. У фикрни куртак ҳолида топади, ривожлантиришни билмайди. Шундан кейин қандай талқин қилиш, тақдим этишни айтиш мумкин. Бу, энди, менинг доимий касбимга айланиб қолган. Адабиёт газетасида узоқ йиллар ишладим, ҳозир ҳам ишлайман, шу газетада муаллифларнинг мақолаларини ўқийман. Рационал мағзи бор, айтадиган гап бор, лекин у ривожланмай бир бурчакда қолиб кетган. Унинг қайси томонларини очиш мумкин, қандай қилиб тўлароқ ифодаласа бўлади, кўпинча, муаллифга шуларни айтаман, мақолани муаллифнинг ўзига ишлаттираман, мақсадимга шу йўл билан эришаман. Кўпинча, олиб келинган мақолада бир топилдиқ бўлади – факт бор, фикр бор, лекин мақола йўқ. Муаллифни уч-тўрт, баъзан эринмайман, беш-олти марта ишлатгандан кейин дуппа-дуруст мақола пайдо бўлади.

– Сизни кўпчилик қаттиққўл муҳаррир деб билади, ҳатто мақоласини олиб келишдан чўчийдиганлар ҳам учрайди, баъзилар эса мақоласини газетада сизни айланиб ўтиб чиқармоқчи ҳам бўлади. Таҳрирда сизнинг ўз принципларингиз борми?

– Албатта, принципларим бор. Матн танлаганда мақолами, тақризми, нима бўлишидан қатъи назар, аввало, ўзим ишлаётган нашрнинг йўналишидан келиб чиқаман. Бу – табиий. Лекин мақолада янгилик бўлиши шарт. Мавзу эски бўлиши мумкин. Муаллиф шу мавзунинг янги жиҳатини очган бўлиши зарур. Ёки янги бир муаммо қўйилган бўлиши керак. Ўқувчини қизиқтирадиган, ўқувчи учун кераги шу.

– Жуда кўп йиллардан буён матбуотда ишлаб келаяпсиз. Педантлик деймизми, бошқачароқ қилиб ҳарфхўрлик деймизми, тиниш белгилари билан курашиб ўтириш жонингизга тегмайдими? Чарчаб-зерикмайсизми? Ундан кўра, бемалол, каттароқ нарса яратишга имкониятингиз бор-ку! Ёки бу иш сиз учун катта ишлардан ҳам муҳимми?

– Чиндан бу қизиқ нарса. Масалан, шундай ишлар бор, аввал ҳам айтганман, шуни мен қилмасам, ҳеч ким қилмайди. Майдароқ ишлар бор. Биров уларни назарига илмайди. Ҳолбуки, ўша майда нарсадан катта нарса пайдо бўлиши мумкин. Айниқса, таҳрир ишига ўрганган одам учун бу иш ҳаётининг мазмунига айланиб қолади. Одам ҳаводан нафас олмаса туролмаганидек, сиз хатони кўрсангиз тузатгингиз келаверади. Кўзингиз шуни кўради-да. Олтмиш учинчи йиллар эди, шекилли, учинчи курсда ўқиб юрардим. Амалиётга борганимда Лазиз Қаюмов раҳматли мени газетага ишга олган. Беш-олти ой “Ўзбекистон маданияти” (ҳозирги “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”) газетасида мен ревизор-корректор бўлиб ишлаганман. Газета чиқишидан аввал уни ҳамма ўқийди. Корректор ва навбатчи муҳаррирдан кейин ревизор-корректор ўқиб, қўл қўймаса, газета чиқмайди. Мени Лазиз ака шу ишга қўйган. Қизиқ ҳодисаки, саҳифа қўйилганда, ҳайрон қолардим, нечта хато бўлса, бирдан кўрардим. Кўзим жуда ўткир эди. Қисқаси, бу касбни мен билибми, онглими-онгсизми, яхши кўриб ишлаганман, ишлаяпман. Менинг принципим – бир ишни қилсам ё зўр қилиб бажаришим керак, ё умуман қўл урмаслигим керак. Бу, эҳтимол, яхши эмасдир. Лекин чала-чулпа бажаргандан, яқинлашмаган маъқул, деб биламан. Шу маънода максималистман. Ё бир ишни яхшилаб амалга ошираман, ё умуман яқин йўламайман.

– Сизнингча, журналист, хусусан, публицист адабиётни қай даражада билиши керак?

– Бизнинг жуда бой халқ оғзаки ижодимиз бор. Қирқ томдан иборат халқ оғзаки ижоди асарлари чоп этилган. Ҳозирда, айниқса, журналистика касбини эгалламоқчи бўлганлар, хоҳлайдими-йўқми, ўзлари мустақил ўрганиб, қайтабошдан “Алпомиш”ни, “Кунтуғмиш”ни, “Гўрўғли” туркум достонларини ва бошқаларни ўқиши керак. Халқ латифалари, эртаклар, қўшиқ ва ривоятлар – ҳаммасини ўқиши керак. Ғозли сўз, деган гап бор. Яъни, салмоғи, вазни, қуввати бор. Ҳақиқий сўзни кафтингизга олиб ҳис қилишингиз мумкин. Шундай қудратга эга сўз деганлари. Гап ўзбек тили ҳақида кетаётган экан, Абдулла Қодирийни ўқиш керак. Адабий тилни яратишда – халқ сўзларини, халқ тилини адабий тилга омухта қилишда, синтез қилишда катта ҳисса қўшган. Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий драмаларининг тили ҳам жуда зўр. Чўлпон, Ғафур Ғулом асарларининг тилини ўрганиш керак. Масалан, Ғафур Ғулом ҳар бир сўзни чертиб, ҳис қилиб ишлатган. Унинг табиатида, вужудида сўзни ҳис қилиш бўлган, шу билан яшаган… Сўзни излаб, ўйлаб топиб, мана бу сўзни ишлатаман, деб бўлмайди, одамнинг ўзидан, қалбидан отилиб чиқади-да у. Мана шу нарса – сўзни ҳис қилиш, ҳозирги пайтда таҳрирда жуда-жуда керак. Бизда эса, асосан, хабаркашлик. Фалон жойда у бўлди, пистон жойда бу бўлди, ваҳоланки, бир хил воқеа ўн жойда бўлади, ўн жойдан ҳам хабар қиламиз. Фикр бўлсагина, мақола ёзилиши керак. Айтадиган гапи бўлиши керак журналист ёки мухбирнинг. Бу сўзни ҳис қилишга ҳам мажбур этади. Шунда, ошиқча гап айтгингиз келмайди, бор гапни айтасиз. Мен кўп гапириб юраман, бизнинг адабиётимиз, қадимги адабиёт тошларга битилган мангу тошбитиклар – Култегин, Билгахоқон битиклари ва бошқалар ҳақида. Агар эътибор берсангиз, тошга ошиқча гап ёзиб бўлмайди. Фақат энг керакли гаплар ёзилади. Демак, ана шу энг керакли гапларни қолдириш керак таҳрирда. Худди тошга ёзгандек ҳис қилиш керак сўзни. Тошга ошиқча ёзолмайсиз, вақтингиз ҳам бўлмайди, имкониятингиз ҳам йўқ. Қоғозга ҳам шундай ёзиш керак.

– Бу журналистика соҳасида. Умуман, бугунги кунда бизнинг ҳам турфа хил ижодкорларимиз бор. Улар орасида кимларни қадрлайсиз? Ёзувчиларимизнинг бугунга келиб, тирикчилик ташвишлари билан ўралашиб қолишлари ёки бошқа сабаблар боисми, чинакам асарларнинг дунёга келиши қийин кечаётгандекмасми?

– Худо берган, деган гап бору, ўша бекор айтилмаган. Агар одамга Худо берса, ҳар қандай шароитда ҳам, қийналса ҳам, йўқчиликдаям ёзаверади. Қийин бўлгани учун, шароит йўқлиги боис, ёзмайдиганларга унчалик ишонмайман. Мана, Бальзакни яхши биласиз, ўзи қарздор бўлган одамлардан қочиб юриб ёзган кўп нарсаларини, ертўлаларда яшириниб юриб ёзган. Буюк асарлар ёзган. Ўзимизнинг Ғафур Ғуломни эсланг. Қанча тазйиқ, қанча зуғумлар остида, мажбур бўлиб, ўзи хоҳламаган ишларни ҳам қилган. Лекин “Шум бола”га бир назар ташланг. Қандай гўзал санъат асари. Ёки бўлмаса, латифалари, “Афанди ўлмайдиган бўлди”, “Менинг ўғригина болам” ва яна бошқа асарлари. Айтмоқчиманки, зўр ёзувчилар ҳар қандай шароитда ҳам ёзган. Албатта, қийинчиликларнинг таъсири бўлган, улар бемалол, яйраб ижод қилолмаганлар. Ҳозир – мустақиллик даврида ижод эркинлиги, тўсқинлик йўқ, ёзиш мумкин. Фақат бу ерда суиистеъмол қилиш бор. Ҳозир шуҳратпарастликнинг бошқачароқ кўриниши шаклланди. Тарихдан биласиз, ном қолдириш учун, ўзи асар ёзолмаганлар бировга пул бериб, ҳомийлик қилиб асар ёздирган. Китоб чиқариш ҳозир жуда осон бўлиб қолди. “Кўп томлик”лар чиқаяпти…
Қувонарлиси, ҳозир яхши асарлар ёзишга қурби келадиган ижодкорлар анчагина. Аммо илгаригидек системали кузатиш йўқ бугун. Танқидчилар ўзи билан ўзи овора. Чунки танқиддан манфаат йўқ, тирикчилик ишлари, ташвишлари бор. Биласиз, яхши адабиёт назарияси, адабий танқиди бўлмаган, адабиётшунослиги бўлмаган адабиёт ночорроқ ҳолга келади. Ҳақиқий адабиёт назарияси ўзининг мезонларига эга бўлади.

– Бугунга келиб, хоҳлаймизми-йўқми, ижод билан тирикчилик бир-бирига аралашиб кетди.

– Ҳа. Лекин, тўғриси, ўзидан кечадиган одам… бошқачароқ бўлади. Ўзини битта нарсага тўла бағишлаш учун жуда катта юрак, журъат керак. Бу жуда мураккаб масала. Сиз билан биз ҳал қилишимиз қийин буни. Одам ўзини бағишлаб юбориши керак-да, бунинг учун. Сомерсет Моэмнинг “Ой ва чақа” деган романидаги Стрикленд сингари. У ҳамма нарсадан воз кечди. Хотинидан, уйидан, ҳатто шафқатсиз дейиш мумкин уни. Умуман, баъзи ўринларда уни одам деёлмайсиз. Лекин у буюк асар яратди. Даҳо бўлди. Одам чидаши керак-да. Ёки буюк асар яратилиши керак, ёки ўртамиёна бўлиб юравериш керак. Масалан, Алишер Навоий. Бутун умрини ижодга бағишлаган. У нималар қилмаслиги мумкин эди. Лекин шундай имконияти бўла туриб… Бу – жасорат. Фидойилик.

– Инсон бу дунёда орзу, ният билан яшайди, лекин уларни амалга оширишда аниқ мақсади, принциплари бўлмаса, кўп нарсага эришиши қийин. Сизнинг фаолиятингизга назар ташлаб, умрингиз сўзга хизмат қилиш билан ўтиб келаётганига амин бўламиз. Ниятларингиз рўёбга чиқишида амал қиладиган шиорларингиз борми?

– Бу кимгадир ғалатироқ эшитилару лекин шу ишни мен қилмасам, бошқа ҳеч ким қилмайди, эҳтимол, қилолмас ҳам, деган тушунчам бор. Шундай йўл тутганимда, ишим рўёбга чиққан. Нимага киришсам, қаттиқ жаҳд қилсам, шуни рўёбга чиқара оламан. Энди ижодий соҳада, мен ўзим ёзмасам ҳам, бошқаларни рўёбга чиқаришга ҳаракат қиламан. Мақсад ҳар хил бўлади-да. Биров ўзини кўтариш билан шуғулланади, биров бошқаларни… Бир адиб лутф қилиб, аллақандай кимсалардан даҳолар яратишга интилади, деб айтган эди. Бунда жон бор. Чунки умр бўйи тўгараклар очишимдан мақсад ҳам кимнидир рўёбга чиқариш. Худога шукр. Шу ишни қилиб келаяпман.

Суҳбатдош: Каромат МУЛЛАХЎЖАЕВА

“Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил 4-сон.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 386

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *