Вафо Файзуллоҳ. “Тонг ёқаси”да ёхуд мангу ёш шоир ривояти

Эссе
(Йигирма ёш шоир китобига йигирма йилдан кейин нимадир демоқ)

Эмишки, Тангри таоло Одамнинг мусибат ёмғиру қорларидан эзилаверганини кўриб,унингзуваласида Ўзи қўшиб яратган ужмоҳдаги жунунваш ёруғлик – ажабтовур феълни дардига даво мақомида Ерга индирди. Балки, ердан чиқарди, бу ёғи энди бизга қоронғу. Ишқилиб, ўша феъл устувор бандаси бешикдалигидаёқ гўзал чеҳрани кўрса ғилмонмонанд ҳислари жўшиб, севги изҳор қилар, онасига қўлини узатиб боғни, далани кўрсатар, гулга узоқ термулиб қолар, шодланиб нималардир деб юборар, қалби туғёнга тўлиб денгиз каби мавжланаверарди. Унинг буаломати кун сайин авжланиб маъсум ҳаракатлар, шунақа бир мунаввар ўлан деса дегулик айтимлар тилидан учадиган бўлдики, дарди ширинлигидан қавми маст бўлар, рости аччиқлигидан мардумнинг басират кўзи очилиб кетар эди. Хуллас, унга берилган бу иқтидор онлари – илҳоми ғалаён қилганида, у чунон қувватсарф қилганига қарамай, вақт тўхтаб қолар, қаримас эди. Ажабтовури – у айтимини бошлаши билан каромат ҳол юз берар: ҳайвонот ва ноботот олами эзгу хилқатга,қадрдон одамлар ҳуру ғулмонга эврилар, нигоҳларда олам гўзал бир равзанинг бўлагидек, дардлар олисларга чекинар, алвон-алвон рангда ёғдулар булутлардан сутоққандай ойдин тун, юлдузлар шуъласи ернинг кўнглини ёритиб, энг оғир дардга,аянчли ғамларга гирифтор бўлиб юрганлар ҳам масрур бир кайфиятда ғамини унутар ё энг омадлиман деб юрган кимса-да асл ҳақиқатдан хабар топиб, улуғ бир ғамга ботар эди.
Халойиқ унга шоир деган рутба-ном берди. У бир умрқалбан, руҳан ўн беш, ўн олти ёшида қолди. Дунёдан кетарида ҳам шундай ҳур, шундай бокира, ҳисларига доғ тушмаган, туйғуларига гард юқмаган эди. Дунёни пок, одамни маъсум, меҳрни мушфиқ она, севгини илоҳнинг нури, севгилини қалбнинг шафоатгуйи каби биларди. Куйлаб-бўзлаб, бу дунёдан унисига ўтди. Ўша ёш шоир кўнглини қиёматгача бизнинг дунёмизга мерос, айтимчиларга васият, зийнат ва таскин қилиб қолдириб кетди…
Достончи бобом  “Мангу ёш шоир” ривоятини гоҳ-гоҳида “шундай-шундай…” дея бошлаб қоларди… Эмишки…

Машраб ва Рембо
Хотирамда анчадан буён фаранг шоири Артюр Рембонинг шов-шувли маъсум ва бадбин ҳаёти яшайди. Очиғи, унинг жисмоний ҳаёти лаънатлашдан ҳам тубанроқ миш-мишларга тўла. Лекин инсонни ҳеч вақт инсон қоралашга, айблашга, гуноҳкор санашга ҳаққи йўқ! У ўзиники билмайди, бошқани қаёқдан билсин; ўзиники гуноҳдан тия олмас экан, қандай қилиб бошқани гуноҳкор, бузғунчи, бадкор-бадбин дея олади?
Артюрнинг дунёни ҳайратга солиб, ҳаётни ёниқ ва гўзал қилиб кўрсатган каромати ШЕЪРИЯТИдир. Унинг 16 – 19 ёш орасида жўш уриб, қалбидан тўкилган ғаройиб, кўлвор шеърлари бетимсол бир етуклик касб этиб, ўз идроки ила дунёнинг қайтадан кашфи бўлди. Рембонинг фитратидан таралган мастона мусаффолик кўнгилни жаннат сари бошлаб, назаркардалик билан, ўқувчини беҳад софлайди. Жумладан, унинг “Сархуш кема”сига тушган, поклик ва тиниқликнинг теран уммонида моддият ҳеч қачон дахл қилмас маънавий инжулар топади. Гўзаллик олами саёҳатида тасаввурлари ҳудудини кенгайтиради ва кўркамлаштиради. Ана шу туйғулар манзараси, ҳислар ҳаёти, фикрларнинг фавқулодда тириклиги ҳамон тахайюл оламидан муждалар бериб, орзиқтиради. Инсоннинг ақл бовар қилмас тоза ва мусаффо ҳисларини уйғонтириб, одамзотнинг некбин ва ҳурсифатлигига ишончни мустаҳкамлайди. Исёнкорлиги ва дадиллиги билан чиркинликларга бош эгмасдан руҳиятларга қувват беради. Ана шу оний ҳур хаёллари боис уни Ғарбнинг Машраби деб билдим. Ҳолбуки, бутун ҳаёти исботи ила Машраб осмон бўлса, у Ерча тубанликда, Ер қадар Машрабдан олисликда…
Рембонинг бахти – гўзал хаёлларни севарлар оламида ҳарқалай яшагани, гарддак жаннат исини туйганида эди. Авом кўнгиллар учун эса бу олам хомхаёл ва кераксиз; фуқароларни девоналар деб ҳисоблаб, яқинига йўлашни-да истамаслар. Шунинг учун ҳам кўнглига ошуфталарни хаёлпарастлар қавми дея шоирлар устидан кулиб, гадойлар каби сўз аҳлидан, ишқ қавмидан ҳазар қилишади… Шеър ёзишни уч йил ўтмай туриб Рембонинг ўзи ҳам ташлаган, ундан тобора узоққа – жаҳаннамга чопган, яна шунча йил яшаб, қайта қўлига қалам олмаган эди. Лекин алал-оқибат 37 ёшида бедаво хасталикка йўлиқиб, ўлими олдидан яна шеъриятни қаттиқ соғинганини ҳис қилади…
***
Жавонимда, қай бир фикрга далил керак бўлибми, “П” ҳарфи қаторида турган китобларни ўнгдан чапга ўтказар эканман, бир китобчага кўзим тушиб, мақсадим эсимдан чиқиб кетди. Бектемир Пирнафасов. Тонг ёқаси. Шеърлар. “Ёзувчи” нашриёти, 1996 йил.
“Ёш шоир” сифати кўпинча ижодкорнинг адабиётдаги “ёш”ига қараб қўлланади. Лекин Бектемир ҳақиқатан ҳам ёш, у илк китоби “Тонг ёқаси”ни йигирма бир ёшда эълон қилдирди. Йигирма яшар йигитнинг залворли сўзларини ўқиймиз, бу сўзлар тажрибасиз бир ижодкорникидан тафовут қилади. Демак, шоир назмдаги ўз сўқмоғини аллақачон топган”.
(Баҳром Рўзимуҳаммад. “Дахлсизлик ҳуқуқи” мақоласидан, 1997 йил.)
Демак, Бектемир ҳам нақ Артюрдай суяги қотиб улгурмаган ўспирин ҳолида ўзидан бир мучал ёши улли шоир томонидан эътироф билан қарши олинган. Ва Баҳром Рўзимуҳаммадга шу ҳажми митти китобча туртки бериб, янгиланаётган дунё шеъриятига назар солади.
“Тонг ёқаси” боис адабий муҳитда танилган ёш шоир Бектемир Пирнафас ўшандан кейин вақтли нашрларда, баёзларда янги шеърлари билан жуда сийрак кўринди. Кейинги йигирма йил орасида бошқа алоҳида китоби ёруғлик юзини кўрмади. Биз бу билан унинг истеъдоди сўнди ё авжи пасайди демоқчи эмасмиз. Лекин маънавий ҳаётда унинг овози янгроқ эшитилмади… Албатта, бадииятга рағбат сусайган, маънавий очлик кучайган очунда шоирнинг ботини нафснинг босқинидан қандай ҳолдалигидан кўпинча омма бехабар қолади… Шоир ҳам одам, унга ҳам моддиян иккита умр берилмаган…
Менга “Тонг ёқаси” муаллифининг ўшандаги у-бу зоҳирий-ботиний ҳолати бир қадар маълум… Бир адабиётчи домламиз ёзади: “Одатда Усмон Носир тўғрисида сўз борганда, туғма талант, деган ифода тез-тез тилга олинади. Лекин Усмоннинг Қўқондалик йилларида ёзган шеърларида ҳам, Самарқанд юлдузлари остида туғилган аксар шеърларида ҳам туғма талантнинг нишоналари кўринмайди” (Н.Каримов. “Усмон Носир” рисоласи (қўлёзма, 91-б.). Менимча, бошиданоқ истеъдодда туғма иқтидор нишоналари бўлади, кейин у шароит, муҳит, илм, тажриба, маҳорат, меҳнат ва фидоийлик билан ярқ этиб юзага чиқади ёки аксинча. Худо юқтирган истеъдод бўла туриб, ёзишга улгуриш ва улгурмаслик, давр босими ва нафсини енгиш ё енголмаслиги эса, бу – бошқа масала…

Воқеалар ривожи
Биринчи воқеа (Шоира ва адиба Салима Умарова ҳикояси).
“Кармана тумани газетасида ишлайман. Жалойир қишлоғидан бир хат келди. Катак дафтарда қисқа-қисқа, лекин теран ифодаланган фикрлар йўлланган эди. Улар одатий хабарлардан фарқ қилар, табиатни кузатиш ва солиштиришдан туғилган чиройли ва оҳорли сочмалар; ҳаётийлигидан ташқари яна сеҳрловчан лирик нимасидир бор эди… Мен бу сочмаларни эллик ёшдан ошган, тажрибаси етарли, қишлоқда истиқомат қиладиган деҳқон-муаллим ёзган бўлса керак, деб ўйладим ва газетага бериб юбордим. Кунлардан бир куни таҳририятга тортиниб бир ўспирин кириб келди.
– Ҳа, болам? – 15 ёшлардаги йигитчага қарадим.
– Мен Бектемир Пирнафасов эдим.
Энди мен бироз шошиб қолдим…”
Истеъдод тез таъсирланадиган, ўзлаштиришга ҳам бошқалардан кўра қобил ва шижоатли, ўзида ҳам бошқаларда кўринмаган аломат ва ўзгача ҳоллар бор бир зувала. Биринчи навбатда унга ҳаётнинг ўзи озиқ ва ашё беради, улғайтиради. Аммо хайрихоҳ устозсиз унинг ҳоли жуда мураккаб кечади. Ҳар ким тўғри йўлни кўрсатувчи устозга ва ҳимояга, айниқса, умрининг тонготарида муҳтож бўлади. Тўғри йўлни кўрсата туриб, кўнглини кўтарган ва ҳимоясига олган устознинг учраши ҳам истеъдодга Яратганнинг марҳамати, уни чинакамига қўллаганидир.

Иккинчи воқеа. Устозларидан бири айтган чиқар, қишлоққа келганимдан хабар топибди – унгача мен ҳам Бектемир ҳақида эшитган эдим – 1991 йил қишининг ҳавоси очиқ бир кунида велосипед миниб болалигим кечган ҳовлимизга кириб келгани ҳамон ёдимда. Ҳовлимиз қишлоқнинг кунчиқар томони энг чеккасида жойлашган эди. Биз уйга кирганимизча ҳам шудгорланган дала оша, қори кетмаган оқиштоб Нурота тоғлари томонга яқин қиш офтобига гоҳ кўз ташлаб, бадани кўк толлар остида, қизғиш ва гўзал кунчиқар шафағи ҳам назаримиздан қочмай анчагина гурунглашдик. Менга ўшанда унинг биринчи фазилати дадил ва журъатлилиги бўлиб кўринган. Ўн етти ёшли йигитчанинг сўзлари хотиржам ва жўяли, жўнликдан холи, тенгдошлариникидан фарқли ўлароқ қайтариқ сўровлар эмасди.
Олдимда ақли ва шуурини ишга солиб, ҳамма нарсада янгилик кўрадиган бир ўспирин турарди. Бизни адабиёт ва ҳақиқатга ташналик маърифати биродарлаштирди. Кейин у “Тонг ёқаси”нинг нашр этилишигача бор-йўғи беш йилни жуда шиддат билан яшади. Мен биридан хабардор бўлсам, ўнидан ғофилман…

Учинчи воқеа. Мактабни битирибоқ, университетга кирди. Тошкент адабий муҳитининг навқирон маркази эса ТошДУнинг журналистика, филология факультетларидир. Янги шеърият, баҳслар, мунозаралар, ҳеч кимни тан олмай, ҳеч кимга қўл бермай, дунё адабиётини ўрганиш ва тарғиб қилишнинг уч бурчаги бўлган бу қутлуғ даргоҳ. Адабий “изм”лар ва урфлар ҳам шу ерда биринчи бўлиб байроғини кўтаради.

Тўртинчи воқеа. “Ёшлик” журналида ишлардим. Бир куни ёш шоир курсдоши шоира қиз билан таҳририятга кириб келди. Менга улар жаннатдан чиқиб келаётгандай эди. Ёшлик – шижоат ва поклик. Бу фаслда одам мангу яшайдигандек жуда беғубор, бетактор туйғулар билан нафас олади. Ожизликни заррача ҳам тан олмайди. Кўп ўтмай унинг “Нигоҳингни чайиб ол, курсдош қиз” сатри ёниб турган шеъри кўз очди.

Бешинчи воқеа. Шоир гўзал ҳақиқатпарастдир. Унинг ҳақиқатгўйлиги – ёруғлик. Жим туриши эса ўзлигига хиёнат ва жуда хунук. Ҳақиқатчи эса ҳақиқатининг салмоғича ҳаққини олади…Ёшликнинг асов ва пўртанали фикрларининг ҳаммасига ҳам қўшилиш қийин. Ҳали ғўрлик ҳам бўлади-да. Аммо ёниқ ва беғуборлигига ҳавасингиз келмаслиги мумкин эмас. Шундай нафис мажлисларнинг бирида машҳур шоирага ҳақиқат юзасидан икки-уч берилган саволлар ҳаддан ортиқ шаккок туюлиб, қаҳрамон-маддоҳани шошириб қўяди. Эртаси куни бу “шаккок”лар талабалик рўйхатидан ўчирилади. Улар орасида Бектемир ҳам бор эди.
Албатта, улар ноҳақ айбланган, аммо ҳақиқат қарор топиб, ўқишлари тиклангунича орадан икки йил ўтади.

Олтинчи воқеа. Бектемир Иброҳим Ғафуровдек адиб ва буюк таржимон асос солган “Миллий тикланиш” газетига ишга жойлашди.

Еттинчи воқеа.  Шу орада ёзганларидан бир туркумини тепасига икки оғиз сўз  ёзиб, “Шарқ юлдузи” журналига тақдим этдим. “Ҳали бўш жой кўп сукунатда” номида шеърлар тез ёруғлик юзини кўрди, фақат менинг икки оғиз сўзимсиз…

***
“Тонг ёқаси” тўпламини Бектемирнинг ўзи дастхат билан менга тутқазаркан, ёзғиргандай: “Нашриётдагилар Ватан ҳақида бирон нима бўлиши керак”, деб қўйишмагач, мана бу иккисини қоралаб элтсам, китобнинг бошига қўйишибди…” деди. Шунда мени сохта мезон ўйлантирди, ҳозир ҳам ташвишлантиради: теварагимиздаги ҳар бир қадрдон таъсирлантирган нарса ҳақидаги битик ВАТАН ҲАҚИДА эмасми, жаноб муҳаррирлар?! Инсон ҳисларини буниси ижтимоий,буниси шахсий деб орасига тўсиқ қўйиш ҳам тўғримикан? Ахир ҳар қандай ижтимоий ғоя, ният, фалсафа, ҳикмат шахсий ҳаётда асл ё ноасллигини аниқлаб олади; қолаверса, шахсий дарди бўлмаган ижтимоийлик ёхуд шахсий, интим туйғуда омма ўзини кўрмаса, у ўйин, оҳанжама, олифта ва сохталиги билан маъносиз ва кераксиз ҳолида, йўқлик қаърига равона бўлади.
Истеъдоднинг биринчи белгиси, менимча,ҳаммага таниш мавзу, ҳамма гувоҳ, билган воқеани илк бор қаламга олингандай оҳорлантириб юбориш. Китобдаги биринчи шеър шундай бошланади:

Қўшиқ кириб чиқди тушимга,
Киприкларим титиб уйғондим.
Тонг келтирди мени ҳушимга.

Еллар топиб келтирган бахтдай,
Уфққа чорлаб умидларимни
Чопди сочларини силкиб дарахтлар.

Сўз ва Ватан ҳақида уларнинг номини тилга олмасдан ҳам муҳаббатини изҳор қилмоқ мумкин экан. Қолаверса, биринчи мисра жуда ҳам табиий ҳолда шеърхонга адабиёт, маънавият, санъат одамининг ботиний оламидан муждалар бериб, салом янглиғ янграйди. Ошиқ кўнгилнинг тушига биринчи бўлиб ташриф буюрадиган борлиқ қўшиқ бўлиши унинг кўнгли ниҳоятда гўзаллигидан дарак. “Қўшиқ” бутун бир олам маъносини бериши жиҳатидан сўнгсиз ҳаёт ҳақида билдирги ҳам. Бу мисрада ёш шоирда салафларига хос, лекин ўзгача киноя, реал эмас, идеал борлиқ балқийди, яъни ҳушда,моддиятда кўринмайдиган олам тушда жонланади. Ҳаётда хаёл қўшиқ туш оламида қаҳрамонни сел қилади.
Истеъдод ижтимоий буюртмага шахсий ҳаёти тарихидан мисоллар топа олса, у бошқаларнинг ҳаётини-да тирилтиради, ўзи ҳам бошқаларнинг дарди билан нафас олади. Бектемирнинг гапи таъсиридами, “Ватан ҳақида шеър”ини сидирғасига ўқиб кетган эканман… Аммо бир тарих ўқитувчиси билан гурунгимизда мактаб ўқувчиларига мозийнинг маънавий ҳақиқатларини етказишда бу шеър фикрларига туртки бериб, билимига исботдай ёрдамга келганини эътироф этаркан, мана бу мисралар инсониятнинг маънавий тарихидан ривоятгўй экани менга-да аён бўлди.
“Мен ватанман ўзимга ўзим,
Бу юртдда мен ҳам шоҳ, ҳам вазир.
Менда яшар онгим ва кўзим,
Кўнглим ўзга юртда мусофир”.

Бектемир қуруқ ер, моддий ҳудуднигина Ватан деб билмайди. Балки маънавий илдизи инсон ботинида яшаб, унинг учун ҳаёт-мамот масаласидай табаррук ва муқаддас тушунчалар ҳақиқий ватан эканлигини идрок этади. “Кўнглим ўзга юртда мусофир”. Ҳақиқатан ҳам, у жаннатдан тушган, яна жаннатга интилади… Яна бу шоир битикларига ишорадай туюлади… Қолаверса, муҳаббат қисмати борасида ҳам хаёллар қўзғайди…
Менда яшар ўз ватанидан
Қувғин бўлган бир неча юрак.
Уларга ҳам кўнглим каби-да,
Меҳр керак, муҳаббат керак.

Шоирнинг тоза ҳислари, ёруғ тасаввурларига бу моддий оламда жой йўқ, ҳеч ҳам жой йўқ… Зеро, шоир бу моддий дунёнинг фуқороси эмас, унинг рўйхатида шоир йўқ…
***
Янги туғилган шоирнинг олами янги бўлади. Бу борлиққа шу пайтгача бировнинг кўзи тушмаган бўлади:
“Нилуфар ҳидлаган балиқлар…”
дея бошланар шеърнинг фавқулоддалиги ғаройиб оламга бошлаши. Бу олам қуруқликда эмас, дарёнинг тубида. Унда эса балиқлар нилуфарни “емайди”, балки ҳидлайди. Шу билан Бектемир бошқа ўйларимизга туртки беради. Унинг бир нишони юзлаб нишонларни тиклайди. Гул ҳидлаш ҳам маънавий эҳтиёж. Бу маънавий эҳтиёжнинг руҳоний тури шеъриятнинг ҳам рамзи. Шеърнинг манзили дарёнинг тубида. Шунинг учун шоир “ақлдан озгандай муаллақ” тўлқинларнинг оралиғидан овозини излайди илҳақ…
Ақлдан озгандай муаллақ ҳолат ҳам балиқларга, ҳам шоирга  тегишли. Бундан балиқлар маст, инсон эса ўзининг қавми одамлар орасидан эмас, тўлқинларнинг оралиғидан овозини излашга маҳкумлиги боис балиқлар тўнтарилиб ётгандай фавқулодда аҳволда эканлигини маълум қилади.Зеро, шеъриятнинг ҳайрати ва жозибаси ақл бирдан тушуниб, қабул қилиши қийин, мураккаб жараён. Шунинг учун моддий дунёда ақлдан озишдай тасаввур уйғотади.
Шеърият  ёруғлик маёғи.
Бектемирнинг лирик қаҳрамони борган сари бу оламларнинг меҳварига – одамзот ҳайдалган ва қайтиб бориши муқаддас орзу – иллиюн (жаннатнинг энг тўри, Қуръони каримда тасвири бор)га интилади. Шунинг учун унинг “усти(м)дан кулади парилар”. Фақат “парилар” – полифоник образ.
Бектемирнинг сўзлари – тимсол, рамз, ишора. Улардан тикланган мисраларни англаб, тушуниб борганингиз сари ниятидан, қисматидан воқиф бўлиб борасиз. Ифоданинг бетакрорлиги эса шеърхонни қувонтиради.
“Баҳорим келганда менинг ҳам,
Турналар чоғланса парвозга.
Бир қўшиқ айтишни истайман,
Адирлар соғинган овозда…”

Бектемир-Пирнафас

Бектемир Пирнафас

Адирлар соғинган овозда…
Адирлар – бу юрт одамлари. Қанча овозларимиз гум бўлиб кетди,ўзимизга-да эшитилиб-эшитилмай: йўлда қолди, чўлда сўнди, бошқа кўчаларга бурилиб кетди…:
Лекин икки дарё оралиғида
Қолиб кетди менинг ўша овозим”
(А.Орипов).
Тўлқинларнинг орасидан овозини излаб, бизни ғаройиб оламга бошлаган Бектемирники-чи???
***
Шеърият хайрли ниятни, шундан ҳам ортиқ фидоийлик, ошиқликни ёқтиради, қадрлайди.
Ўн тўққиз баҳорни қаршилаган шоир хомхаёлларни хаёлига келтирмай, инсоннинг ботиний ҳаёти фожиаларини кечади, комедияларида чирпирак бўлади! Дафъатан ўз юрак сирлари ҳам очилиб кетади. Кўнгли титраб тураркан, рамзий калит,ҳақиқатга табиатдан пардали сўз, рамзий калит топиб, изҳори дил қилади. Бу тавба ҳам:
“Кетяпман хиёбон бўйлаб,
Қучоғимда паришон еллар”.

“Қучоғимда паришон еллар”нинг руҳида сир. Шоирлик маҳорати – эҳтиёж санъати бир нарса билан бошқа хилқатга эътиборни қаратиш шу сатрда мужассам.
“Тонгга қадар висолни ўйлаб
Атрофимда қизарган гуллар”.
Қизарган гуллар – инсоннинг инсонга ва Аллоҳга муҳаббатининг улғайиши ва юксалиши. Яна ҳаё доираси ичида. Гулларнинг қизариши бир йўла ҳам эстетика, ҳам этикадан сабоқ беради.
“Менким, фотиҳ Темур” асарида ёзилишича, Амир Темур ҳазратлари биринчи марта муҳаббат дардига мубтало бўлганларида ўзларини поралаб ташлашни истаган эканлар. Улуғ шоиримиз Рауф Парфи: “Мен оила қурдим – енгилдим”, дейди армон билан. Бу абадий жараёнга қаршилик эмас, балки моддият оламида нафс тарозисининг босиб кетишидан изтироб. Бектемирнинг шеъри ҳам ҳар бир кўнгилли бошига тушадиган шу қисматдан баҳс қилади:
“Нафасимдан титраган майса
Чеҳрасида тобланар гулоб,
Шивирлари тўкилар ғамгин;
Соғинчлар – мен кўниккан азоб…”
Ишқ ҳам, шеърият ҳам жудоликда комилликка етади. Моддий ва маънавий оламлар қарама-қаршилигини ҳис қилиб, кўнгил томонида собит қолиш ошиқ ва шоирнинг қисмати. У норозилигини билдира туриб, маслагини маълум қилади ва инсон назарини ўша чўққига қаратади:
“Олисларга чирмашар нигоҳ,
Хаёлимда дунёдан гина –
Бу дунёдан майсалар каби
Ўтиб кетсам индамайгина…”
Бунақа жасорат кимнинг ҳам қўлидан келарди, кимнинг? Мажнуннинг, Фарҳоднинг, Отабекнинг, Ғарибнинг қўлидан келмади… Расвои жаҳон бўлди буюк қалблар, куйиги жон бўлишди ишқ аҳли… Лекин ўшалар ёшида қўлига қалам олган кўнгил (дарвоқе, юқорида саналган зотлар ҳам шоир бўлишган) шу мардликка, кўнгил комиллигига ўзини, ўқувчини  чоғлайди…
Бектемир муҳаббат куйчиси. Ошиқнинг қисмати эса бошқаларникига ўхшамайди:
“…Барибир
Бир куни
Кўзларинг чақириб олади мени

Парилар сочингни ўрар майдалаб,
Ҳумо хаёл сурар тилагимизда.
Кўксимиз тоғ бўлиб ўсар қайтадан,
Оҳулар югурар юрагимизда”.
Бу сархуш ҳолатнинг баъзи устунлари халқона ташбеҳ билан тикланган. Зеро, Бектемир анъанавийликни рад қилмайди, халқоналикни жўн деб керилмайди, балки шу тизимда янги ва оҳорли ҳис ва фикрларини ифодалайди. Халқона руҳдан руҳиятини кучлантиради. Ўз топилдиғи билан эса азалий онларини рангинлантириб юборади:
“Оҳулар югурар юрагимизда”

Бектемирнинг туйғулар тадрижи ҳамиша ҳам анъанавий шеър йўлига сиғавермайди. Масалан, “Мансур азоб”. Шеъриятимиз изланишларидан хабарсиз ўқувчи бу сарлавҳага тушунишга қийналади. Шеъриятимизда ўтган аср бошидан кузатилиб, 70 – 80-йиллардагина бориб номи топилган шеърлар бор. Мансур шеърлар, насрдаги назм ва ҳоказо. Ушбу сарлавҳа ҳам ана шу услуб-ифода орқали ҳислар ҳаётини, кечинмани кўрсатишдан туғилган. Демакки, номнинг биринчи сўзи шеърнинг шаклига, иккинчиси воқеасига тегишли. Шеърни ҳикоя сифатида хотирга толиб ўқиркансиз, севгисини йўқотган ошиқнинг хотирадаги олишуви завқ ва армонга ботиради. Бу сурат билан сийратнинг суҳбати. Висол билан фироқнинг гурунги. “Эски дафтаримни варақлаганда чиқиб қолар йиртиқ суратинг. Фақат кўзлар қолган, кўзларинг ҳалиям ўзининг ихтиёрида”.
Бир воқеадан иккинчисига  ҳаракат билан ўтилади:
“Ҳозир қарагандек бўлади менга,
Базўр жилмайгандек кўрсатиб ўзин
Олиб қочадигандек бўлаверади…
Кейин йиғлайди…”
Учинчи воқеада хотирадаги маъшуқанинг руҳий ҳолати, ошиқнинг ҳам бор тақдирини айтмасдан айтиб беради. Ўқувчини кўпроқ айтилмаган, бўлиб ўтган ва ўтажак савдоларни ўзича тасаввур қилиш мароқлантиради.
“Ҳар гал… қўрқаман термулишдан
Ҳар гал ўтинаман,
Нигоҳингни уз мендан, Сурат,
Ёпиб қўяй эски дафтарни!”

(“Ишонмайман муҳаббатдан сўнг
Бегоналик бошланса наҳот”. Абдулла Орипов).
Занжирдай боғланган ҳар бир воқеадаги ўзини фош этишда, кўнгил истагини ҳеч қачон бир мезон билан ўлчаб бўлмаслигини англатиб, ўқувчини-да ўз ишқ тарихига қаратади:
“Мен сенга ачиниб кетаман
Мен дафтарни ёпганимдан сўнг…
Кимга қараб қолар суратинг”

(“Кўргали ҳуснунгни зору мубтало бўлдим санго,
Не балолиғ кун эдиким, ошно бўлдим санго,

Ҳар неча дедимки, кун-кундин узай сендин кўнгул,
Ваҳки, кун-кундин батаррак мубтало бўлдим санго”. Алишер Навоий)

“…Билсайдинг нақадар оғирлигини
Сенинг суратингга боқмай қўйишим.
Нақадар оғирлигини билсайдинг
Сенинг суратингга қарашимни ҳам!..
Ана шу шафқатсиз қаршилантириш, фалсафий ва бир умр яшовчан хулосалар қўзғар шеърларни у йигирма ёшгача  ёзган. Албатта, улар насиҳат эмас, лекин кескирлиги билан ёшидан қатъи назар ўқувчини ҳақ фикри билан ўйга толдиради. Дунё ва инсон муносабатларининг чигал ва улуғлигидан ҳикматлар кўзини очиб, илҳом онларида шоир Худонинг марҳамати ила неча бир умрларни яшаши, инсон ҳақида чуқур билимни қайдан олгани ҳайратлантиради. Бу илм, санъат унга қони орқали оқиб ўтгандай…
Унинг “Видо” деган шеъри бор. Ҳақиқий шоирларнинг “видо”лари бир-биридан таъсирчан. Бедилникими, Есенин ё Ориповники бўлсин, кишининг жону жаҳонини ўртайди. Рауф Парфиники бутун ижодида сочилиб ётибди. Ҳаёт давом этар экан, ҳар бир фурсат, сўнгги лаҳза бўлиш эҳтимоли ҳам қилич яланғочлаб тураверади. Видолашиш – қисмат. Лекин кимлар бутун умр унга тайёрланиб, шунга яраша юк босар, энг муҳим сўзларини айтадилар, амаллар қиладилар. Кимлардир видолашишга улгурмай ҳам ўтиб кетаверадилар. Видолашишнинг энг оғири севган одами, йўқотган яхшиси билан видолашишдир.
Бу шеър унчалик  янгроқ ҳам эмас. Нақорати ҳам эриш туюлади кишига… Лекин кишининг руҳияти очилиш пайтидаги дийдорлашишга даъвати жуда таъсирчан. Ҳеч бир ижодкорникига ўхшамас видосида ишқ, ошиқ, маъшуқ дунёлари ҳақидаги аччиқ тўхтамлари мардона. Шунинг учун ҳам тушкунлик чоҳига улоқтирмайди, балки кўнглингизни шифолайди ва янги ҳаёт сари йўллайди!
Ҳаёт учрашув ва айрилиқдан иборат. Висол ва ҳижрон оралиғи – ҳаёт, жудолик ва етишиш оралиғи – ўлим. Ва айни ҳолда акси ҳам. Биз васлда эдик. Бу дунёга ҳайдалдик, синовли айрилиқда умид-илинж яшайди, жабри-жафоларга чирпирак бўлиб, хавф ва ражони юракка босганча, васл сари талпинаверамиз. Банда буни ҳаёт дея, қисмат манглайига ёзган битикничала-ярим ўқишга тутинади. Васлда ҳеч қачон васл хаёлга келмайди…, аммо мусибатда, айрилиқда, у ҳар лаҳза хотирада қалқиб туради. Аслида биз ўйлаган видонингу томони васлга йўл, абадий йўл ва балки ҳеч оғишмай бориладиган йўл…
Ожиз тасаввуримизча, қаердан ҳам ўспириннинг видоси  бўлсин? Лекин етук идрок жуда тез англайдики, ҳар лаҳза видодан иборат..: “Боғлаб қўйгани йўқ болаларни ҳам” (А.Орипов).
“Юрагим кенгроқ пайти келгин, севгилим,
Кимлардир бахт ваъда этса ҳам пинҳон.
Хиёнат қилсанг-да тиламам ўлим,
Мен сенинг йўлингни тўсмайман, ишон”
Юракнинг кенг бўладиган пайти… Маънавий борлиқда  фаришталар оламига етилган фурсатдир, балки. Ўшанда оддий одамнинг ожизлиги тушунилади, кечирилади. Ҳолбуки, ҳайвоний ҳаёт ҳазар қилиш қадар даҳшатли…
Кишининг фаришталар оламида истиқомати – Бектемирнинг ифодасича «юраги кенг»лик фурсати қанча? Уни Яратган билади, белгилайди ва севган бандасига инъом этади. Бектемир иккита ҳолатини чизги қилади:
1. “Мен тонгда шеърлар ёзиб бўлганимдан сўнг…” Демак, шеър ёзиш ҳам покланиш, тавба қилиш соати.
2. “Ва ё йўл олганда издиҳом сари”. Одамлар олдига чиққанда кишида асл ҳақиқатларни айтиш, англатиш, ўшанга бошлаш, ўша учун яшаш, ўша учун курашиш истаги бўлиши керак. Бўлмаса, издиҳомга талпинмаслик, оммадан  қочмоқ, оммадан жуда ҳам нари юрмоқ керак. Бектемирда ҳам ана шу маънавий оламга арзигулик ниманидир билдириб қўйиш эҳтиёжи борки, ўшандан кейин севгилиси билан хайрлашмоқчи, севгиси билан эмас…  Аслида улар бошқа-бошқа оламларнинг одамлари бўлган. Фақат зоҳиран нималаридир ўхшаш, лойлари пиширилганда нималаридир бир-бирига интилувчан, талпинувчан эканки, ҳамроз қилди, севдирди. Моддий оламда кўнгил учун истиқоматга макон йўқ. Бироқ одам ҳам илоҳий, ҳам махлуқий зот. Шу иккиликдан ташкил топган. Шунинг учун унга севиш бахти, унинг замини – кўнгил берилган. Илоҳий ишқ соясида, исидан маст, армонини тўйиб басират кўзи тилга киради:
“Ўшанда ўйлайман охирги ўйим:
Сендан ҳам тамаъсиз парвоналар бор,
Сендан ҳам  гўзалроқ оламлар мавжуд,
Сендан ҳам кечмоқлик мумкин бахтиёр”.
Шеърдаги туйғу тирикчилик оламининг муносабатларидан куйинаётгани йўқ. Табиий зурриёт қолдириш истагидан ҳам эмас. Балки, мумтоз шеъриятимизда хўб ўйланган, ишланган комилликка узанган туйғудир. Ўспирин кўнгилнинг мезони баланд: “Сендан ҳам тамаъсиз парвоналар бор…
Сендан ҳам кечмоқлик мумкин бахтиёр…
Асл ишқдан дарак топган, тамаъли, ҳисоб-китобли, сохта меҳрибонликдан кечиш бахтини билади, аммо “бахтиёр кечиш”да алам ҳам, сабоқ ҳам кинояваш келади…
Кечолмаслик – қуллик, кечиш эса ҳурлик беҳожат оламга юз буришнинг ибтидоси…
Юрагим кенгроқ пайти келгин, севгилим,
Токи шундан кейин ҳеч нарса ёзмай,
Токи ҳамма айбим оқласин ўлим,
Токи ўлим топай ақлдан озмай”.
Ана шу охирги банд чиндан ҳам видо. Шоирликнинг ҳам тугаши: “токи шундан кейин ҳеч нарса ёзмай”, қаламкашлигини даъвога тиқиштиришдай туюлади биринчи ўқишда. Лекин Бектемирнинг шеърлари сермаъно, серқатлам.
Одамнинг тилини чиқарадиган куч – севги. Ҳақиқий шоир машҳур бўлиш, кимнидир қойил қолдириш учун эмас, балки айтмаса ўладиган дарди борлигидан ёниб-куйиб, йиғлаб, изҳори дил қилади. Демакки севгисиз, севгилисидан айрилган одам, ҳамма нарсани бой берган одам “ҳеч нима ёзмай”, демоғи табиий равишда бу дунёдан кетишки – токи ҳамма айбим оқласин ўлим – аслида тавба, ўзликка қайтиш, гуноҳларга тўлов, истиғфор.
Бектемир шеърларининг иккинчи қаноти ёрқин ва ақлдан топган фикр. Шунинг учун ҳам шоирона қисмати одатий ва янги.“Токи ўлим топай ақлдан озмай!” Зеро, қазои қадарни тўла англаб, инсонни шунга муносиб этганидан рози,ўлим бир оламдан икинчисига кўприк эканига фаросатнинг етиши кўнгилнинг ақлга, ақлнинг кўнгилга қиёматли дўст экани ва биргаликда юксалишидир.
***
Бектемир бу дунё ботиний кайфиятини кутилмаган вазиятда кўра олгани учун шеърлари бошқаларникига ўхшамайди. Унинг оламида табиат ҳодисаси жамият эврилишларини бемалол тасаввур қилишга ёрдам беради.
Унинг “Ёмғирда” шеъри – метонимия. Аслида бу ҳодисани ҳамма ҳам пайқайвермагани дунёга тафаккур назари билан боқмаганидан, боқолмаганидан. Шоирнинг ўткир нигоҳидан кейин ёмғир пайтида бутун борлиқ сув остида қолиш маълумоти, илми бизга етади. Шоир кашшоф  экан…
Ёмғирда
Дарахтлар – нилуфар,
Тўлғонади сув остида.
Уйлар – харсанг
Уйлар – тешик ғор.
Балиқлар ухлаган ғорларда,
Тўлқин – эпкин – насим
Толим, толим, толимсув –
Бўйига, энига шабода
Мен бедор балиқман бу тунда –
Тонг олдидан
Сув юзига чиқишни
Истаган балиқ…
Бор-йўғи, унда ҳам синдирилган ҳолда кўпайиб, ўн икки қатор чиққан шеърда қарийб шунга яқин миқдорда ташбеҳ, бир нарса бошқасига солиштириб,  ҳолатлар, яна у жуда ҳам нозик ҳаракатда бериладики, ер усти сув ости дунёси  ҳаёти билан тикланади.
Умуман, нилуфар, балиқ, сукут, сукунат образлари Бектемирда бир жойдагина келмайди. Фақат реал, рамзий, кўп маъноли; ҳар сафар бошқа маънони ташийди, бошқа юки бор, бошқанинг қиёфасини, бошқаларнинг ниқобларини сидириш учун ёлланади…
***
Очиғи, унинг ҳар бир янгилиги илдизи барибир шаклланган бирикмалар билан мухолифликда мангу ва миллий саволларга жавобдай келади.
– Сиз ўшами? (“Ўткан кунлар”романининг фавқулодда саволи). Миллатнинг ҳар бир аъзоси шу саволни бериш даражасида ҳисларини оёққа турғазади. Ошиқларни, маъшуқаларни саралайди. Асл ва сохтани аниқлашга ундайди.  Бектемир, ўйлашимча, жавобда бутунлай бошқа маънавий орзиқишларни айтиш учун бу миллий тимсолга гўё юз йиллар ўтиб Отабек номидан жавоб қайтаради…:
“– Мен ўша – кўзлардан ҳайдалган итман,
Ишқнинг тарихига эмас бегона.
Шафақ қирғоғида оҳулар кутган,
Саҳролар соғиниб қолган девона”.
Дарвоқе, ижодкор миллатнинг маънавий тарихини яхши билиб, ҳар қачон хотирасида нақшлаб, лекин бошқа бир даврда яшаётгани учун унга  бўйлашишга урина туриб, ифодани янгилашни, ўз менидан нимадир қўшиш хаёлида қалам йўнади… Шунинг учун  ҳам бу тўрт сатрда Отабекнинг қисматини ҳам тасаввур қиламиз қандайдир даражада… Аммо шуларнинг ўзи эмас… Миллатнинг руҳоний тарихини кўрамиз. Яна ҳам чуқурлашсак, шахснинг қуллик давридан қутулиб-қутулмай, ўзини намоён қилишга қийналган замондошимиз қиёфаси, ижодкор сиймосини ҳам бемалоол тасаввур қиламиз. Истеъдод жиҳатидан Қодирийдай адиб, инсон сифатида Отабекдай ўзини кўрсатган сиймо нега 70 – 80-йилда етишмади?
***
Ўтган йиллар давомида менда ҳар бир миллат адибининг сўз қўллашда ўзига хослиги аниқ-тиниқ билинди. Масалан, рус билан арабники, таржимада ҳам шунга яқин оҳанг, услуб топиш, бунга ўрганмаганингиз учун бироз эриш ҳам туюлади. Бу ҳодиса тилнинг охирги ижодкорлари шоирларнинг сўз қўллашида, айниқса, бўртиб кўзга ташланади.
Янги шоир қотган қарашлар, шаклланган фикрларни синдиради, дунёнинг бошқа қоидасини ўз ичига, ўзига хизмат қилдириб ихтиро этади. Бунинг мутлақ тўғри бўлиши шарт эмас. Янгилиги ва ўзгачалиги – эътиборли биринчи белгиси. Балки, шунинг учун ҳам жуда кўп новатор шоирларни халқ қабул қилишида жуда катта қаршиликларга учрар, кўпи рад этилиб, унутилади. Баъзан омадлари кулиб, фавқулодда қарашларни ўзгартириб юборадилар. Анъанавийлар эса тез оммалашади, лекин камдан-ками фавқулодда феномен даражасига чиқади, ҳақиқий янгилардан фаросатли мухлислар олдида мартабалари ҳамиша паст бўлади. Фақат теран фикр, ҳикмат билан тўйинсаларгина асл шоирлар бўлиб етишадилар, бўлмаса, косибчи бўлиб, давру даврон сурадилар, холос…
Бектемир кўпинча анъанавий бармоқ вазнида  ёзади. Бироқ халқона оҳанглари фақат ўзининг реалияси, ботинини тадқиқ этади. У зиддиятда ёлғон севинчдан қочиб, мунгнинг суратларини турфа хил солади, ғадур-будур, кўпинча насрга яқин эса-да, янги фикр топсагина ифодалашга чоғланади. Тўғри, у ўзбек шеъриятининг 60 – 80-йилларидаги ютуқларидан ўрганган, таъсирланган. Аввало, Рауф Парфи ижоди таъсири ёрқин кўзга ташланади, сўнг Абдували Қутбиддин, Шавкат Раҳмон ва бошқаларнинг рамзлари, оҳанглари ҳам элас-элас билинади. Ва ХХ асрнинг энг яхши анъаналари шеърларида ижобий таъсири япон ҳоккулари, Европа сонетчилиги, хусусан, Гарсиа Лорка халқона ўйноқилиги “Тонг ёқаси”ни қувватлаб турганини айтиш мумкин. Барибир, янгилик излашдаги ўз ўрганишлари ва топилмалари шеърлари асосини белгилайди. У иқтидорнинг кашшофлигига қаттиқ ишонади ва ўрни келган жойларда кўра олиш лаёқати билан бунга ишоралар ҳам қила олган: (“Ҳали очиқ жой кўп сукутда”). Бу ваъда ва ишонч имкониятлари ҳам.
Шеърнинг асосий матни манзарасидан кўра, худди иккинчи даражали, эътибор бериш шарт эмасдек қавс ичида берилган топилмаси янгилиги ва кашф қилишга даъваткорлиги билан ҳаяжонлантиради:
“(Атроф эса ҳали жуда кенг,
Ҳали очиқ жой кўп сукутда
Олис овозларни ютинар
Ёлғизликдан ортиб қолган жой)”
Олти қаторли мўъжаз шеърда эса “илмий қарашлар”ни расмана синдириш, жуда нозик ҳиссий тушунчаларни янгича тиклаш, ишоравий маънода кучайтириб шарҳлаш бор.
Ялдо кечаси – энг узун тун. У табиий қонуниятга асосланади. Бектемир эса маъно оламида буни тан олмайди, рад этади, устидан қизил чизиқ тортади:
“Тун ҳеч қандай узун эмас,
Тун фақат кенг, кундуздан ҳам кенг”
Қуръони каримда “ечиб олинади” деган ибора келади, худди оламнинг икки либоси бор: тун ва кун… Қолаверса бу янги тушунчани реал табиий жараён сифатида шоирга ишониб, қабул қилишимиз билан бирга “тун фақат кенглиги (ҳамма жойни эгаллагани-да) кундуздан ҳам кенглиги – нурдан кўра зулматнинг урчиб кетганлиги – ёвузликнинг бежо хатти-ҳаракатига ишора бўлиб, огоҳликка чорлашдай ҳам янграйди: “Тун фақат кенг, кундуздан ҳам кенг”…
Шеърдаги иккинчи кашфиёт: “Сукунат эса узун”.
Сукунат эса узун
Шу қадар чўзилган, шу қадар ингичка
Ҳар қандай товуш
Чиқиб юролмайди унинг устидан…
Бу ифодада на бир ўйноқи оҳанг, на вазнга тушадиган бармоқча услубни кузатамиз, аммо бир шитоб билан тарона кескин-кескин бурилиб, шакли ила турна қанот қоқаётгандай бўлиб, сукунатнинг рамзий суратларини тиклаб беради. Қанча ҳақиқатлар кўксида ётибди, кескир қиличнинг қалтис бирдамида садо устига чиқиши билан кесади… Шу боис ҳам шоирнинг ичкин топган катта маъносига чиндан ишонамиз, сукутга ботамиз, сукунатга бўйсунамиз.
Зеро, “Ҳар қандай товуш
Чиқиб юролмайди унинг устидан”
***
Шоирона, бетакрор, ёрқин образлар яратиш Худо юқтирган бир саодатки, ҳамма шоир ҳам у чўққига чиқа олмайди. Агар топилма ташбеҳ фавқулодда янги образ даражасига етмаса, янги бўлишидан қатъи назар, қуруқ ташбеҳбозлик ҳам зериктиради, эскиради, унутилади, ўзида катта маъно ва тасвирни сиғдиролмайди. Қапаланг –  йўлсиз дарахтзорда, қадрдон киминидир излаб тополмаган йўловчи бу ўрмонни ташлаб чиқади. Маъносиз безак беҳуда  сўзамолликдай.
Ўтган асрнинг 70 – 80 – 90-йилларида ташбеҳчиликка усталикларидан керилиб юрган қанчалар унутилди. Ташбеҳ – шоирнинг қимматли сармояси. Аммо у образ – қиёфа даражасига кўтарилсагина тасвирга жон киради, бекаму кўст кўринади, ўқувчи ҳам уни дарров таниб олади ва қадрдонлашади. Шу мўъжаз китобчада ҳам эсда қолар қиёфа – образлар бор. Бундан шеърхон тўлқинланади. Келинг, Бектемирнинг бир шеърида бир-бирига жон қадар яқин ва боғлиқ ана шундай образлар истиқоматини кузатамиз.
“Нигоҳимда эзилган сўқмоқ,
Олисларга туташиб кетган”
Бу – қишлоқнинг муштипар сиймоси. Фикран эса она тимсоли.
“Хотира
Кимсасизлик ҳоким хиёбон
Барча товушларни унутган…”
Бу энди шаҳарда қишлоқ боласи адашиб келиб-қолгандай ҳолат.Бир умр кўнгилнинг кўниколмаган руҳий кечинмалари. Гуё ҳаёти алғов-далғов одам. Издан чиқиб кетган поезд.
Шаҳар бир бошқа, куз ҳам бир кимсадек жонланади. Ана шу тасвирларда  қишлоғини соғинган, қишлоқча қадриятларни унутган йигитнинг қисмати ҳам рамзий, ҳам аллегорик тарзда ҳис қилдирилади ..:
“Қўзғалади қадамдан чўчиб,
Атрофимда заъфарон шарпа.
Бесаришта кезинар кўнгил
Гўё энди охирги марта”.
Манзаралар – қиёфалар. Ҳаёт – шаҳар. Хаёл – қишлоқ. Образларни эса хотира тиклайди. Лип-лип этиб макон биридан иккинчисига кўчиб туради.
Мана шаҳар: “Арғувонлар чақирар шамол”.
Қишлоқнинг мунис ва улуғ сиймоси залвори барибир босиб кетаверади: “Тераклар йўл кўрсатар ойга…”
Негадир хаёлимдан рус шоири Тютчев ўтди, гўё фақат у шундай ёзиши мумкиндай… Кейин Рауф Парфининг тирик манзаралари:
Овозини яшириб жимлик,
Юзларини ювади сойда…
Бектемирдаги яхлитликда персонажлар ғуж.
“Мағрур хазонларни телба ел
Сувга чўккан тунга ботирар”.
Бу манзараларни Левитандандай моҳир рассом, унда ҳам хаёлини ишга солиб, тасаввури билан яратар балки.
1. Мағрур хазонлар. 2. Телба ел – тирик табиат жараёнлари: “Сувга чўккан тунга ботирар”. Ўзини эмас тунга; сувга эмас тунга, хазон сувга чўкмаяпти, тунга ботяпти… Мағрур хазонни телба ел қандай қисматга гирифтор қиляпти… Мураккаб ва таъсирли. Шунда инсон қисмати ҳақида ўйлайсиз. Ўзингизни гоҳ мағрур хазон, гоҳ телба ел, гоҳ сувга чўккан тун ва сувга ботиб бораётган хазон ҳолида кўравериб, юрагингиз эзилиб кетади. Бошидаёқ мақсад онани хотирлаш, унинг меҳрига исинганликни эслаш эди, аммо ҳеч бир жойда “она” сўзи тилга олинмасдан англатилади, зеро, буюк бир севгини, меҳрни тавсифлаб бўладими? Эҳтимол, рамзий тасвир билан бошқаларни лоқайдликдан, ўз худпарастлигидан тортиб олмоқлик мумкиндир, холос. Бектемирнинг ушбу образи ўз ижодидагина эмас, ХХ аср 90-йиллари ўзбек шеъриятидаги энг ғамгин ва ёрқин, фавқулодда ва рост чизгилардан дегим келади:
Деразадан кузатар мени
Сочлари оқарган хотира…
“Тонг ёқаси”да адабий портретлар кўп эмас… Лекин одатий, бағишлов, мақтов ва таърифлардан холи бўлиб, ишора билан инсонийликни ҳис қилдиради, кўнгилни жунбишга келтиради, қадрдонлар сафига қўшдиради. “Эгачи” шеъри шуларнинг энг эсда қоладигани. Ўзбек кишиси опа-сингиллари тақдири палаҳмон тоши,бошқа бир мамлакатда қисматга асирдай эканлигидан, уларни соғиниб, олдиларидаги қарздорлигини ҳис қилиб яшайди. Ўзининг  худбинлигини улар тақдирини ўйлаб англайди.
“Эгачи” ана шу ҳасратнинг ташбеҳ ва истиоралар билан авжланган ғамгин қўшиғи, мунгли ҳикояси…:
“Эгачи, осмонми чеҳрангиз,
Турфа дам тўкилар турфа ранг.
Кўзимга хазондай иҳрайсиз,
Шамолдай изғийман мен – гаранг”.
Бутунлай бўлак мавжудотларнинг табиати ва хатти-ҳаракати опа-уканинг қисматини очади. Лаҳзада эврилувчан тасвирлар аёлнинг фазилат ва ҳолатларига исм, маъно бўлади. “Осмонми чеҳрангиз”, “турфа дам тўкилар турфа ранг…” Шу бир деталь билан минг хил ҳаракат, эврилиш, одамнинг бутун ҳаёти унинг чеҳраси ўзгаришида акс этади. Қаршилантиришларни қаранг: “Кўзимга хазондай иҳрайсиз, Шамолдай изғийман мен – гаранг”…
Аёл, опа – қуруқшаган (кузги) хазон. Шамолдай изғийман – ука … Бу икки – бири учувчи эрксиз, бирини учирувчи ҳаёт персонажлари ўз ҳолича иккита қисмат достони. Шу билан бирга уканинг хатти-ҳаракати ўз жинсдошлари феъл-атворини-да шафқатсизларча фош қилиб, уканинг опа олдидаги бурчини эслатиб, умуман эркакнинг аёлга муносабати адолатли бўлишини ҳам эсга солаётгандай. Ахир ҳар биримизнинг аёлимиз ҳам кимнингдир жондай опа ё синглиси!
Ота-онадан кейин ака-ука, опа-сингилларнинг бахтидан чинакамига севиниб, уларни йўқотганда эса астойдил куйиниш ҳисси бошқа ҳеч бир яқин кишингизга нисбатан бўлмайди. Бўлса ҳам бири иккинчисининг ўрнини боса олмайди.
“Фалак – бахтимизни атайлаб,
Чегалаб туширган чегачи”.

Маъсум болаликда бир уйда, бир кўрпага сиққанлар улғайгач, аёвсиз қисмат боис ҳамма ўз бахти, толеъ томон шошади. Ўз фожиа ва зафарлари ортидан юриб, ўтган бедоғ дамларидан узоқлашиб бораверади. Соғинчнинг исёни шундан. Бектемирнинг ростгўйлиги, ўзини фош қилиши бу сатрларнинг таъсирини янаям оширади!
“Сизни бекор кутаман ойлаб,
Сиз ҳам мени кутманг, эгачи”.
Бектемирнинг шеърини тушуниб ўқилса, икки бегона қирра бир-бирига урилиб, олов, учқун чиқишини кузатиб бораверасиз. Моддий ҳаёт ва маънавий олам.
“Эгачи, дилингиз саҳроми,
Бунчалар чуқур йўл, адашасиз.
Айрилиқ – ҳасадгўй маҳрамим,
Қай имкон бор менда чидашсиз .”
“Дилингиз саҳроми?”да камида иккита маъно, рамз мавжуд. Кенглик ва шипшийдамлик. Бири тириклик белгиси, бошқаси (ўт-ўланнинг йўқлиги)эса қалбан адо бўлганлик. Дилнинг кимсасиз, кишининг ёлғиз қолиши эса одам фожиасини катталаштириб англатади.
“Бунчалар чуқур йўл”, инсон ҳаётининг чигал ва оғирлиги, “адашасиз” энди мавҳум ҳаёт, куйиниш. Охирги мисрада “Қай имкон бор менда чидашсиз”. Имкон – чидаш. Минг бор ақл шу иқрорга келаверади:
– Қай имкон бор менда чидашсиз .
– Айрилиқ – ҳасадгўй маҳрамим.
Турфа одамларнинг сувратлари булар. Теварагигингизда улар оз эмас, балки жуда яқинингиздир… Лекин бегона, рафиғу рақиб, сизни асло тушунмайди, устингиздан кулади, сиздан нафратланади, дунёни қизғанади… Шундан роҳат, ором олади… бу маҳрамлар…
Нима бўлганда ҳам барибир қадрдон одамнинг, бетамаъ меҳрибоннинг, Сен учун олисдан бўлса ҳам куйинадиган жигарнинг борлигига не етсин! Фожиалар оралаймиз: қурбон қиламиз, қурбон бўламиз, бу нафс ботқоғида, худпарастлик уммонида кимларга дуч келмаймиз…
“Адашган йўловчи бўлдим мен,
Дарахтларнинг тагидан ўтдим.
Телбадай тиржайиб хазонга,
Яна ёлғиз сизни дил кутди…
Эгачи- и…”
Дилида меҳри адоқсиз бир одам кетиб боряпти. Кўрасиз. У тоғлар ортида, дарёлар нарисида. Ўрмонлар тепасида туриб у ҳам сизни кўради. Лекин келолмайди, ҳеч келолмайди. Сиз ҳам боролмайсиз, фақат йиғлаб чақирасиз, тинимсиз дил онадай меҳрибон бир инсонни чақиради: Эгачи-и-и…

Воқеалар давоми ва…

Саккизинчи воқеа. “Тонг ёқаси” ёруғлик кўрганидан етти йил ўтиб, 2003 йили “Ўзбек модерн шеърияти” номида бир баёз тайёрланиб нашр этилди. Янги шеърият вакиллари дея топилганлар сафида Бектемир Пирнафас шеърларига ҳам ўрин берилди.

Тўққизинчи воқеа. Яна орадан беш йил ўтиб, “ХХ аср ўзбек шеърияти антологияси” нашр қилинди. Унда ўзбек ва қарақалпоқ шеъриятининг ўтган асрдаги намояндаларидан 103 нафари танлаб киритилган, мажмуа ўзбек шеъриятининг мумтоз вакили Абдулҳамид Чўлпон билан очилиб, Бектемир Пирнафасов билан ёпилган.

***
Йигирма йил олдин… “Тонг ёқаси” нашр этилганда бир устози аввал кулиб, ёқаларини кўтариб-кўтариб кўрсатиб тиржайиб, ғалатиликни инкор қилиб, тушунмаганини, тушунишни истамаганини писанда қилгани кечагидек хотирамда… Зеро, янгилик – воқеа. Уни кўриш, тушуниш, қабул қилиш ҳам мардона воқеа…
Тонг ёқаси –  фақат кўнгил кўрар ва фақат кўнгил одамлари етар манзилдир. Кимдир пешинда, кимдир асрда, кимдир шоми қорайиб хуфтонга етиб келганда ҳам Шоирнинг кейинги манзиллари қаерда кўринар деб кутган. Қани у, қани шоир? Ё бу руҳоний ҳаётда унга муносиб миссия қолмаганми?
Бектемир талаба эди унда. Универсететни битириб, газетларда ишлади, ойнаижаҳонда жаҳонгашталик қилиб неча йиллар беқўним қўним топди, жамиятни қуриш академияларида таълим олди, шеъриятда нафас олиш илинжидан чеккалаб. “Жаҳон”га чиқди, ҳазрати Бобур салтанат тузган юртларгача етди, лекин бунинг шеърий дараги-чи? Соғиниблар яна “Тонг ёқаси” оламига қайтдик. У мўъжаз ва улкан, чин, маъсум олам эканки, санъати, ҳақиқати, қисмати кўнглимизни тўлдирди. Сўзнинг сони эмас, чини; фикрнинг чалкаши эмас, терани; тасвирнинг эзилгани эмас, самимийси ва тасаввурнинг дилбари лаҳзамизни шодон этди. Худо юқтирган 16 – 21 ёшли Бектемир Пирнафасни қирқ биринчи баҳорида йўловчи шамол каби йўқладик, холос. Чунки асл шеъриятга дўст излаган кўнгил ҳамиша биродарга муҳтож бўлади! Муҳтож бўлдик… Қани Бектемир каби мангу ёш шоирлар: Хайрулло, Фарҳод Арзиев, Абдувоҳид Ҳайит, Паҳлавон Содиқ, Сурайё Зоҳир, Баҳодир Жўра…лар? Қани???
Ҳей, қайдасиз, мангу ёш шоирлар?Vafo Fayzulloh

Вафо Файзуллоҳ 1963 йил 27 июлда Навоий вилояти Кармана туманидаги Тоғгузар қишлоғида туғилган. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факултети ва Москва шаҳридаги А.М.Горький номидаги Адабиёт институти Олий адабиёт курсида таҳсил олган. “Ҳут” (1993), “Хабарсиз севинч” (1997), “Мангу лаҳза” (2000), “Жон йўли” (2008) каби шеърий тўпламлари, “Чақмоқ ёруғи” (2012) номли адабий ўйлар китоби чоп этилган. Ф. Кафканинг “Жараён” романи ва “Отамга хат” эссесини, М.Метерлинкнинг “Сўқирлар” драмасини, Х.Борхес, К.Ҳамсун ҳикояларини, Ш.Бодлер, П.Верлен, А.Рембо, И.Бродский шеърларини ўзбек тилига таржима қилган.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграм: @Behzod_Fazliddin
YouTube: Behzod Fazliddin

 

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 1 001

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *