Матназар Абдулҳаким ёди

Шоир, олим, таржимон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Матназар Абдулҳаким (1948–2010) асосан ўз туғилиб ўсган макони Хоразмда яшаб ижод қилди. Кимлардир уни бугунги Хоразм адабий муҳитининг устунларидан санаб, ихлос билан устоз деб билса, яна кимлар вилоятда туриб сермаҳсул ва баракали ижод қилган нуктадон адиб, камтарин инсон сифатида эҳтиром билан тилга олади. Воҳалик ижодкорларнинг аксарияти-ку, “Матназар оға” дея устоз шоир номини тилдан қўймайди. Аммо, очиғини айтиш керак, яқин йилларда шундай ажойиб шоир, файласуф инсон яшаб ўтганини биров билди, биров билмади. Бу ўринда бугунги авлод, жумладан, ёш қаламкашлар Матназар Абдулҳаким ижодидан деярли бехабар эканини назарда тутамиз.
Матназар Абдулҳаким 1948 йил 20 февралда Хоразм вилояти Урганч туманида туғилган. Россиянинг Таганрог шаҳридаги Рус тили ва адабиёти иститутини тамомлаган. “Тиниқ тонглар” (1984), “Фасллар қўшиғи” (1986), “Қор қўшиғи” (1990), “Ёнимдаги дарёлар” (1993), “Қорачиқдаги дунё” (1994), “Бир қужоқ гул”, “Ойдинлик” (1997), “Сўнгги япроқ” (1999), “Жавзо ташрифи” (2008), “Кўприк” (2009) номли китоблари чоп этилган. Шунингдек, Бедил, Паҳлавон Маҳмуд, Нажмиддин Кубро, Шайх Мажидиддин Бағдодий, Хожа Абулвафо Хоразмий, Мунис, Огаҳий, Комил Хоразмий, Рожий, Аҳмад Табибий ижодий мероси таржималаридан иборат “Табаррук ташриф”, “Ким агар озоддур”, “Жамолинг менга бас”, “Такаллум”, “Кўнгил кўзлари”, “Ой кетди, офтоб келди”, “Ҳақ файзи”, “Мангулик жамоли”, “Азизлар анжумани”, “Ишқ ёғдуси”, “Ҳумо парвози” китоблари, “Иймон туҳфаси”, “Ялдони ёритган нур”, “Иккинчи муаллим сабоқлари” номли илмий-адабий асарлари нашр қилинган. Кўп йиллар Хорам Маъмун академиясида хизмат қилган. 2010 йилда вафот этган. Қуйида Матназар Абдулҳаким шеърлари ва хоразмлик ижодкор Маҳмуд Ражабнинг устоз ҳақидаги хотира мақоласи берилмоқда. Шоирнинг руҳи шод, охирати обод бўлсин.

Matnazar Abdulhakim (2)ИРОДА

Фасл танламаймиз. Ҳаммаси баҳор,
Қовжирайди фақат ёлғон-яшиқлар.
Биз абадий некбин. Мангу умидвор.
Биз кўнгли совишни билмас ошиқлар.

Қишлар ва баҳорлар, ёзлар ва кузлар
Биз учун баробар янгроқ торлардир.
Ерга ёға олмай ёнган юлдузлар
Бизлар қаловини топган қорлардир.

Тоғдек тоқатлардан мумиёдек сирқиб,
Дўстларга аталган дил розларимиз.
Қанотимиз пўлат. Ҳеч бўлмас қирқиб,
Жаранглаб туради парвозларимиз.

ХАБАРИНГ ЙЎҚ

Зоримни сезиб, титради дутор, хабаринг йўқ,
Ғафлатда сен-у, мен бунда бедор, хабаринг йўқ.

Оламни босар зулмат агар лаҳза юмилса
Ул кўзларинг, эй кўзлари хуммор, хабаринг йўқ.

Ишқ бўлмаса кошонаи бахт кунпаякундир,
Ишқ туйғусидир энг буюк меъмор, хабаринг йўқ.

Ҳам менинг, ҳам қолди куни ишққа заминнинг,
Иккимиз ҳам йўқса у бемор, хабаринг йўқ.

Қалбингдаги ишқ қатрасини офтоб олгач,
Атрофида ер айланади зор, хабаринг йўқ.

Бахтингни кутиб вақт ўтишин тезда тиларсан,
Умрингни ўғирлайди у айёр, хабаринг йўқ.

Дебсанки, хабарсиз бу йигит жабрима маҳкум,
Бундан хабарим аллақачон бор, хабаринг йўқ.

КАЙФИЯТ

Бугун келмай қолдинг илк дафъа,
Ҳайратдаман, бу қандайин ҳол.
Мана, отаётир тонг хафа.
Эсаётир йиғлоқи шамол.

Кезаётир аччиқ ун чекиб,
Нола қилиб. Дайдиб. Увиллаб.
Ҳозир қуёш чиқар жунжикиб,
Атроф бўм-бўш. Атроф ҳувиллар.

Каҳкашонлар гуллаган эрам –
Фалак сўлиб-сўлиб бормоқда.
Кўкни булут босмоқда. Ер ҳам
Жудоликка тўлиб бормоқда.

Айрилиқдан бўлибми зада,
Тинаётир бийрон туйғулар.
Баҳор келаётган бўлса-да,
Япроқ тўқиб дарахтлар йиғлар.

Сўнаётиб кулгунг ёдимда
Аранг-аранг жаранглар бу кез…
Бугун – куз фасли ҳаётимда,
Бугун – ҳаётимда хазонрез.

ИБОДАТ

Рад этмагил даҳрий деб мени,
Мустажоб эт эзгу дуоим.
Ўғил кўрсин ўғли йўқ одам,
Қизи йўққа қиз бер, Худойим.

Умид билан дунёга келган
Фарзандсизлик доғин туймасин
Ҳеч парранда, ҳеч дарранданинг,
Қўй, илойим, пушти куймасин.

Қулунлар бер, саодатманд эт
Ҳар бир тулпор, ҳар бир дулдулни.
Авлодидан мосуво қилма
Бирон тўти, бирон булбулни.

Қўраларга солади қирон,
Уяларда қилади бузғун.
Бола кўрсин, барибир, бўри,
Жўжа очсин, барибир қузғун.

Қорайса ҳам дастидан фалак
Жунжикса ҳам дастидан боғлар,
Зағчалар кўп сернасл бўлсин,
Ўзларидан кўпайсин зоғлар.

Узумлар кўп мева берсинлар,
Гужумлар кенг соя берсинлар.
Майли, печак, майли, алаф ҳам
Илдизини ёя берсинлар.

Менга шеър бермасанг бермагил,
Бошқаларни қилма нолонлар.
Майлига, бошқоронғи бўлсин
Менинг юрагимга илонлар.

Шудир сенга ўтинчим, нолам,
Илтижо ҳам фарёдим доим.
Бахтимизга Ўзинг ёлғизсан,
Шу бахт бизга басдир, Худойим.

ОСМОНГА ХАТ
Болалигимизда варрак ипларига қоғоз ҳалқачалар тизиб, шамолда уларнинг шиддат билан осмонга қараб сирғалишларини кузатар эдик. Бу – «осмонга хат» деб аталарди…

Мен осмонга мактублар ёздим,
Руҳи юксак, сўзлари олий.
Хаёлларим самовий эди,
Мактубларим эса – хаёлий.

Лекин хаёлдамас, асли ҳам
Сал самовий бўлгим келарди.
Ғужғон ўйнаб, чарақлаб турган,
Тиниқ, мовий бўлгим келарди.

Тингламади осмонни осмон
Ё меҳримдан ризо бўлмади.
Ўртамизда на бир иттифоқ
Ва ё на бир низо бўлмади.

Менга рад жавобин элтишга
Қай бир юлдузларки кўндилар,
Пушаймондан ярим йўлдаёқ
Ёниб, адо бўлиб сўндилар.

Тугамади менинг ёнганим,
Тугамади менинг куйганим.
Осмон мени севмаса ҳамки,
Яшайвердим унга суйканиб.

Яшайвердим муҳаббатимни
Англаса деб бир кун ниҳоят.
Насиб бўлса юксаклик зора
Ва тиниқлик юқса деб шояд.

Шаънимни ҳеч урмади ерга
Хокисор бир ошиқ эканим.
Осмонга бош эгмак – бу бошни
Доим баланд тутмоқ дегани.

Мафтун, мағрур қўшиқларимни
Қайта-қайта бошлайвердим мен.
Таг-туби йўқ, чексиз бағрига
Кўзларимни ташлайвердим мен.

Умид билан сочмокда ёғду
Нурли чопарларим – кўзларим.
Улар энди сўнмас… Элчига
Ўлим йўқ-ку, ахир, дўстларим!Matnazar Abdulhakim (1)

ЭРТАК

Бир уй бор.
Бу уйда,
қачон қараманг,
совуқ ҳашам ҳоким
ва қаттиқ тартиб.
Бу уй жуда тоза.
Кирадилар унга
фақат юракларга оёқни артиб…

ҲАЗИЛ ЭМАС

Ана, оқ тут қоқаётирлар,
Оппоқ тутга тўла ҳаммаёқ.
Одамлар тут емоқда тўйиб,
Дарахт тўйиб емоқда… таёқ.

СИР

Сени кўрганимдан ҳаёт билан тенг,
Ҳаётимни кўрдим сен билан баҳам.
Пешонам кенг менинг.
Бардошим ҳам кенг,
Лекин сиғмай қолдинг иккисига ҳам.

Соғиниш бу – асов дардлар уюри,
Борлиғимни тинмай юлқилар топтаб.
Чунки сен бир лаҳза ташриф буюриб,
Руҳимни қолдирдинг қутлуғ азобда.

Юрагимда йўқдир, ахир, пўлат зирҳ,
Бардош беролмадим бундай зарбларга.
Лекин мен қудуққа сўйламадим сир,
Сени айтдим фақат жимжит ҳарфларга.

Ҳаловатга келди шундан сўнг қаҳат,
Муқаддас телбалик бошланди сўнгра.
Яшадим, исмингни уриб қаҳ-қаҳа,
Яшадим, исмингни мен ҳўнграб-ҳўнграб.

Йўл кўрдимми, тамом, тикавердим кўз,
Муҳаббатдан бошқа эътиқодим йўқ…
Менга шафқат қилма, айтилган эй сўз,
Менга шафқат қилма, отилган эй ўқ.

Мен сени на дўст, на ғанимга айтдим,
Раво кўрганим йўқ ҳар ким-ҳар кимга.
Айтсам, сени мен ўз шаънимга айтдим,
Отсам, сени отдим ўз юрагимга!

ДАЪВАТ
Хуршид Давронга

Не керак заминни титратмас сурур,
Кўкни қалтиратмас оҳни нетамиз.
Кўп ҳам давроннишин бўлавермай, юр,
Ҳазрат Навоийга кетамиз.

Ўтмишни унутиб қўйсак, тушов шу
Келажакка елган хаёл – Ғиротга.
Ҳеч маҳобат қилмай, кўтармай шов-шув,
Бир бориб келамиз қадим Ҳиротга.

Теран бир андуҳга қиламиз сафар,
Жўнаймиз, дўстгинам, юксак бир бахтга.
“Ўн миллион, юз миллион ва миллиард нафар”
Ҳаммамиз сиғамиз шеърият – тахтга.

Ҳали жабру ситам кўҳнайгани йўқ.
Бир қиз бор, азоби ўлимдан ёмон.
Кетдик, “Чор девон”да ҳар бир киприк – ўқ,
Кетдик, “Чор девон”да ҳар бир қош – камон.

Аста қилич серпаб қиё қарашлар,
Юракка солади ҳеч битмас яро.
Лекин зид келса ҳам дунёқарашлар,
Бизни дорга тортмас Ҳусайн Бойқаро.

Ҳикматга йўғрилган унда ҳар бисот,
Қароққа жойлаймиз бари-барини.
Бир бориб келамиз. Тушимда ул зот
Қаттиқ соғинибди набираларини…

ОҒРИҚ

Дейлик,
Қўли кесиб ташланган одам
Йўқ қўл зирқирашин ҳис қилар эмиш.

Севгилим,
мен сени соғиндим қаттиқ.

Азоб чекмакдаман.
Оғрияпсанми?

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Кўринмасдим ҳар ким-ҳар кимга,
Мен – саҳарлар уфурган нафас.
Гардсизлигим, тозалигимга
Чексизликлар қиларди ҳавас.

Бир тонг ногоҳ бўлдим мен шабнам,
Сўнг булутга, ёмғирга дўндим.
Майсаларга айландим кам-кам,
Тупроқ бўлиш дардига кўндим.

Минг йилликлар туркум ва туркум
Қорилдилар зулмат, зиёга.
Саодатли қандайдир бир кун
Дарахт бўлиб келдим дунёга.

Ҳаёт бир йўл – сўнгсиз, бетимсол,
Минг тирилиб, минг ўлиб чопдим.
Насиб бўлди ноёб бир висол,
Жонзот бўлиб таваллуд топдим.

Қаноатлар, тоқат, сабрлар
Ғилдираги айланди гир-гир.
Кечди неча туман даврлар,
Инсон бўлиб туғилдим ахир.

Эндигина ором топиб жон,
Етди десам толега хуш гал,
Ҳар тўкисда – неча минг нуқсон,
Ҳар тўкисда – неча минг ишкал.

Зулмат тўйди, ютиб зиёни,
Зулматларга зиё ҳам тўйди.
Дийдорига тўйдим дунёнинг,
Дийдоримга дунё ҳам тўйди.

Қўйинг, сўйлаб бўлмай мен нолон,
Сиз ҳам тинглаб бўлмангиз ҳалак.
Шу ўзингиз билган тўполон,
Шу ўзингиз билган чархпалак.

Номард бўлай агар нолисам,
Бошқа тирилмайман, ўлмайман.
Бир қутулсам, бир кетиб олсам,
Дунёга мен бошқа келмайман.

ДАРСДАН СЎНГ

Кимнидир койиди чеккани учун.
Тортиб олиб қўйди гугуртини ҳам.
Машқ дафтарларини йиғди-да, сўнгра
Бир-бир санаб кўрди. Етти дафтар кам.
«Ҳар гал шундай аҳвол. Уялмайсизми?
Келасиз ўқишмас, қилиш учун сайр.
Бу сафар ҳам икки қўймай тураман,
Эртага қолганлар топширсинлар. Хайр».
Қиш куни – бир тутам. Қорайганди қош.
Иккиланди. Ўтмак керак, ахир, қирдан.
Эри ҳам келмади олиб кетишга
«Кўнгли совидими…» – ваҳм этди бирдан.
Ҳамкасб дугонаси қистовга тутиб,
«Тунаб кетинг, – деди . – Кеч бўлиб қолди»
Кўнмади. Қўлтиқлаб машқ дафтарларни
Уйга ёлғиз ўзи яёв йўл олди.
Овул тугаб, энди қирга чиққанда
Оқшом қуюқ эди, атроф сим-сиёҳ.
Йўлдан қайтмоқчи ҳам бўлди бир ўйи.
«Ўғлим хасталаниб қолдимикан ё…»
Юрагини баттар ваҳима босди,
Қамради тундан ҳам баттар бир қўрқув.
Ўнқирми, чўнқирми, ўрми, қир демай
Яна кетаверди, кетаверди у.
Мудҳиш бир шарпани илғади ногоҳ,
Разм солса қашқир. Қиларди таъқиб,
Эслади йиртқичнинг қўрқишин ўтдан,
Изига бир дафтар ташлади ёқиб.
Қашқир тўхтаб қолди. Сўнг – яна, яна,
Муаллима омон топган бу олов
Йиртқичга берарди иложсиз сабр.
Йўловчи – ёқарди, қашқир – тўхтарди,
Тин оларди икков ҳар дафтарда бир.
Йўл узоқ, тун қаро, қашқир эса оч,
Оч йиртқич биларми надир садоқат.
Уйга яқин қолган вақтда тугади
Муаллимда дафтар, қашқирда – тоқат.
Уввос фиғон тутди қишлоқни тонгда,
Замин аза очди, замон йиғлади.
Дафтар топширмаган етти ўқувчи
Ҳаммадан ҳам ёмон йиғлади.
Нўноқ назмим учун афв эт, халқим,
На олим, на фозил, на сўз пириман.
Ўз вақтида дафтар топшира олмай
Қолган болаларнинг бириман.
Мен яхши биламан, тумор қилмайди
Ёзган шеърларимни ошиқлар.
Мен яхши биламан, қўшиқларим жўн,
Биламан, булар бир оддий машқлар.
Лекин… кетмакдасан келажак сари
Тап тортмай қисматнинг дашт, қирларидан.
Ўзимча асрагим келади сени
Ёвузлик, хиёнат қашқирларидан.
Мен машқ бажараман, ёзаман ҳар кун
Дараклар, сўроқлар, хитобларимни.
… Сен йўл бўйи ёқиб ташлаб кетавер
Қашқирлар қўрққувчи китобларимни.

ҚАРЗ

Болакай, минг раҳмат одобинг учун,
Илтифотинг учун минг-минг ташаккур.
Азалдан абадга мерос бўлаётир,
Камёб бир холислик, тансиқ тиниқ нур.

Шунга муносибдир. Бу эзгу қарзни
Жон билан узаман бир кун, ҳойнаҳой.
Менга автобусда ўрнингни бердинг,
Сенга ер юзидан бўшатаман жой.

***
Боғларда ҳазонлар сипоҳи
Азалдан музаффар бир лашкар…
Бугун менга қарши андуҳлар
Бирлашган… бирлашган… бирлашган…

Бирон-бир меҳрибон кўринмас
Навоий куйлаган саф аро.
Япроқлар тўкилар тинимсиз –
Заъфарон… заъфарон… заъфарон…

Аста-секин қош ҳам қорайди,
Ҳамроҳдирман ёлғиз менга ман.
Бир куйни куйлайман тинимсиз –
Енгаман… енгаман… енгаман…

Сокинликда қаттиқ димиққан
Борлиғим шаҳд тилар, ғулу тилар.
Ёғиб ёғмас, тарқаб тарқамас
Булутлар… булутлар… булутлар…

Ҳали юлдузлардек чарақларим бор
Бордир булутлардек бўзларим.
Бўлгим келаётир осмоннинг
Кўзлари… кўзлари… кўзлари…

***
Тоҳир бўлдим, дарёлар келмай қўйди,
Мажнун бўлдим, саҳролар келмай қўйди,
Қараб қўйгинг қиёлар келмай қўйди,
Зулматларга зиёлар келмай қўйди.

Ишқда бўлдим гоҳ гадолар, гоҳ шоҳлар
Бир сўз айтинг, бўлдим минг дилсиёҳлар.
Кўзёшимдан унган меҳригиёҳлар
Яшнар десам, жавзолар келмай қўйди.

Борлиқ тўлди шамолгамас, оҳларга,
Ишқ дарди юк бир менмас кўп тоғларга.
Ташрифингдан маҳрум бўлган боғларга
Шўх булбулигўёлар келмай қўйди.

Юрагимда очди минг-минг яро кўз,
Кўзларингдек йўқдир кўзлар аро кўз,
Остонамдан оёқ уздинг, қарокўз,
Денгизларга дарёлар келмай қўйди.

Менмасмидим энг муҳтож, энг керагинг,
Кимга айтиб, кимдан сўрай дарагинг,
Келмай қўйди юрагимга юрагинг,
Дунёларга дунёлар келмай қўйди.

***
Табиат! Мен сени севаман,
Тилайман мангу бир омонлик.
Сенда яхшиликка яхшилик,
Сенда ёмонликка – ёмонлик.

Фақат эзгуликлар, фақат покликлар
Мангу бўстонингда ўса олади.
…Гулга ниш урмайди асалари ҳеч,
Асалари гулдан бўса олади.

ЭРТАК
Сарвиқоматимсиз яшайман,
Яшайман мен қаро кўзимсиз.
Гул юзимсиз яшайман энди,
Яшайман мен менинг ўзимсиз.

Ёниб келди. Ёқди. Сўнг кетди
Ташрифидан пушмон еганим.
Ёмон соғинтирди ўзини
Бир бор экан, бир йўқ эканим.

Энди мени мендан изламанг,
Ўз-ўзимга бўлмайман маскан.
Хаёлига кетдим бош олиб,
Кетдим енди борсакелмасга.

МЕВА

Қошлар – ажиб япроқ, кокиллар – сунбул,
Қорачиқлар чарос, яноқлар олма.
…Сендан нолимайман, менинг юрагим,
Менинг юрагим, сен мендан нолима.

Сенинг гуноҳингми, менингми айбим,
Бир-биридан ғамгин наво тузамиз.
Мева узар бўлди бу боғдан бошқа,
Биз энди… биз энди… умид узамиз.

БАҲОРНИНГ СЎНГГИ ҚЎШИҒИ

Ям-яшил ўйларга толиб кетаман,
Хазон бўлмай ҳар йил ғолиб кетаман.

Гарчи менга андуҳ буткул бегона,
Лоқайдлардан нолиб-нолиб кетаман.

Умидворман, бир кун мен уларни ҳам
Муҳаббат дардига чалиб кетаман.

Борлиқ бери турсин, ҳар бир юракка
Минг-минглаб мўъжиза солиб кетаман.

Мени бир ўйлаб кўр зерикканингда,
Олис-олисларга олиб кетаман.

Ўтиб кетади деб ким айтди мени,
Сенинг юрагингда қолиб кетаман.

ЎЗИГА СУЯНГАН ШОИР

Устоз Матназар Абдулҳакимнинг ҳаёт йўлини, феъл-атворидаги ўзига хосликларни, одамшавандалигини, энг муҳими, шоирлигини саҳифаларга сиғдириш осон эмас. Лекин бурч масаласи, миннатдорлик ҳисси икки оғиз сўз айтишга ундайди.
Матназар ака ҳақида гапириб беринг, дейишларидан қочаман. Сабаби, Матназар акадек самимий, кўнгли пок инсонни тасвирлашга баъзида гап тополмайман. Назаримда, устозни
бошқа биров ўзичалик таърифлай олмаса керак:

Ўзинг тоғ бўл,
суянгил ўз-ўзингга…

Матназар ака илмли, сўзни қадрлайдиган ижодкорларни бошқача ҳурматлар, ўз касбининг ҳақиқий мутахассисига айланмаган кишиларга ўринли танбеҳ берарди. Кунларнинг бирида телевизорда таниқли адабиётшунослардан бири Муҳаммадризо Огаҳийнинг номини бузиб айтди. Шунда устознинг юзлари тундлашиб, анчагача ўзларига келолмади. Огаҳийни шунчалик эъзозлаганидан шоир ҳақида маълум давралардагина гапирар, айрича эҳтиром билан тилга оларди. Ўтган асрнинг 80-йиллари эди. Устоз Огаҳий ҳазратларининг таваллуд санасини эслатиб, Қиётга боришни тайинлади. Орада қандайдир юмуш чиқиб, тадбирга улгурмадик. Бир неча кун ўтиб, учрашганимизда келмаганимиз сабабини билиб, «Ота-боболаримиз ҳар куни ибодатга, бир-бирини хотирлашга вақт топганида, биз бир йилда бир кунни сарфласак ҳақимиз тугамайди», деди. Шундан кейин ҳар йили 17 декабрда устозга қўшилиб шоир зиёратига бордик. Матназар ака ҳар йили шу куни барвақт туриб, пўрим либосларини кияр, дам-бадам қўлсоатига қараб тонг ёришишини кутар, анжуманга ҳаммадан аввал отланарди. Тадбир якунига етгач, Огаҳийнинг шеърлари, маънавий мероси, таржималари, инсонийлиги ҳақида соатлаб гапирар, шоирнинг асарларини теран таҳлил этарди. Matnazar Abdulhakim (3)
Устознинг уйи меҳмонлар, шогирдлар учун доим очиқ, меҳмоннавозликда ҳеч ким унга бас келолмасди. Шоирнинг турмуш ўртоғи Марямжон опанинг айтишича, Матназар ака меҳмон кутишда ўта сабрсиз эди. Дастурхонни безатиб, эшикка термулар, агар меҳмон кечикса, асабийлашар, «Вақтида келолмас экан, нега ваъда беради? Кечикишини бир оғиз айтса бўларди-ку!» деб йўқ меҳмонни койишдан тўхтамас экан. «Матназарнинг чиройи доим меҳмон билан очилар, бир неча кун уйимизга меҳмон келмаса, отасининг юзи булутлашарди», деб эслайди Марямжон опа. «Ишдан келишим билан уйдагилардан «ака»сининг кайфиятини имо-ишорада сўрардим. Кайфияти тунд бўлса, дўстларидан бирортасининг келишини кутиб, эшик пойлардик. Меҳмондан ҳеч нарсани аямасди. Баъзида уйга меҳмон чақирганини айтиб, овқат тайёрлашимни тайинлар, «Уйда меҳмонга арзигулик нарса йўқ-ку! Сиз буёғини ўйламай иш қилаверасиз. Мен меҳмонни кутишдан малолланмайман, лекин дастурхонимиз обрўйингизга мос бўлсин-да ахир, десам, «Меҳмон ризқи билан келади, сен борингни пиширавер, келадиганлар менинг ош-ноним учун эмас, сўзим учун келадиган одамлар. Биз суҳбат учун тўпланамиз», дерди. Матназар аканинг ўзи меҳмонга борса, ўтирадиган жойни зийраклик билан танлар, мезбонни хижолатга қўймасликка устомон эди.
Устоз фарзандларига доим ибрат намунаси эди. Интизом, ҳақиқатпарварлик, одамларни севиш, ўзаро ҳурмат, инсонийлик туйғуларини амалда кўрсатиб, уларга қатъий риоя этарди. Невараларига катталарга гапиргандек салмоқ билан, вазмин гапирар, тарбия масаласида ҳушёрликни қўлдан бермасди. Марямжон опанинг хотирлашича, Таганрогдан ё бошқа олис сафарлардан қайтганида ҳам фарзандларини бағрига босмай, пешонасидан силаб, «Жонлимисан» деб хонасига кириб кетавераркан. «Сиз болаларингизни яхши кўрмайсиз, улар билан қучоқлашиб кўришмадингиз», деб уришсам, «Ичдан яхши кўраман» дердилар. Шунда мен «Ичдан яхши кўришингизни улар билмайдилар», десам, «Улар ҳам ичида биладилар», деб мени тинчлантирардилар», – дейди опа суҳбатларнинг бирида.
Матназар ака ҳар кимнинг савиясига, дунёқарашига қараб гаплашар, ҳатто, зерикарли суҳбатдоши билан мазмунли мулоқотда бўларди. Ундан завқланган киши «Матназар ака менинг фалон гапимни тасдиқлади» дея, анчагача мақтанарди. Дард-ҳасратини бировга айтмас, аксинча, бошқаларнинг дарди, муаммолари учун унинг кўнгли доим очиқ эди. Бирор киши ҳақида гап очилса, унинг фақат ижобий томонларини айтишни хуш кўрар, ёмон тарафини кимдир сўзласа, норозиликдан пешонаси тиришарди. Унга озор берган кимсаларни умуман йўқламас, «Биров ҳақида гапираётганда, ўша одам ёнимизда ўтирибди, деб ўйла, айтаётганларингни шу ерда, ўша кишининг юзига айт, ҳаттоки, ўйлаб турган гапингни бошқалар эшитиб турибди, деб тасаввур қил», дерди. Сўзни моҳирона қўллар, у билан бировнинг кўнглини жароҳатлашдан қўрқар, кейин ўз кўнглини ҳам шундай авайларди. Матназар аканинг руҳсиз, сўлғин, мудраб ўтирганини, хўрсинганини кўрмаганман. Кайфиятсиз, асабий, ҳорғин ва ғамгин бўларди-ю, руҳсиз бўлмасди. Энг оғир аҳволда, гапиришга қийналиб ётганида ҳам, руҳи тетик эди. Ҳеч кимдан, ҳеч нарсадан, ҳаётдан ҳам, ўлимдан ҳам заррача нолимади. Алишер Навоий, Мирзо Бедил, Жалолиддин Румийнинг китобларини ўқишдан чарчамас, ўқиган сари кучга тўлиб борарди. Мутолаа завқи, ўрганиш, дунёни билиб кетиш иштиёқи устозни охирги пайтгача тарк этмади.
Ҳазил-мутойиба, ошна-оғайнилар даврасида латифанамо гаплар тез-тез бўлиб турар, Матназар ака ҳам бундан четда қолмасдилар. Шоир касалхонадан келган куни уйларига бордим. Иккимиз бирга чой ичиб ўтирардик. Ўнг қўли яхши ишламасди. Устоз туздонга қўл чўзмоқчи эди, қўллари ёзилмади. Мен дарҳол туздонни узатдим. Устоз хижолат тортмасин, деб ҳазилга бурдим:
– Қўлингиз қанчалар узун-а!
Устоз кулди ва:
– Тўғри, лекин, калта қўл ҳам баъзида керак бўлади, – деди.
Яна бир куни қизиқ воқеа вилоятдаги ёзувчилар уюшмасида бўлди. Матназар ака столга тирсакларини тираб китоб ўқир, суҳбатимиз бошланганда хонага Шуҳрат ака кириб келди. Ҳол-аҳволлашгач, устозга қараб: «Суюнчи беринг», – деди дабдурустдан. Устоз унга саволомуз қаради.
– Марямжон опам касалхонадан чиқибди, – деди Шуҳрат ака кулиб.
– Йўғ-ай, ҳазиллашма. Уйга бормагансан-ку?
– Машинадан тушиб уйингизга кириб кетганини узоқдан кўрдим.
– Бошқа бировни кўргансан, – деди устоз жиддий.
– Аниқ ўзи эди, – деди Шуҳрат ака кафтларини столга тираб.
– Агар гапинг рост бўлса, бир дона эллик сўмлик сеники.
Матназар ака телефонда рақам терди ва уйи билан гаплашгач, чўнтагига қўл солди. Иккита эллик сўмлик қўлига илиниб чиқди. «Ваъдами, ваъда» деб биттасини Шуҳрат акага узатди. Баҳс ғолиби ҳам бўш келмай:
– Ёлғизлатмай, жуфтини ҳам бераверинг, – деди устознинг қўлида қолган пулга ишора қилиб. Устоз тезда жавоб қайтарди:
– Ия, ёки ёнида яна биттаси бормиди?
– Инсульт қайталамасдан бир-икки кун олдин Матназар акангизнинг йиғлаган товуши эшитилди. Ҳеч қачон йиғламас эдилар, – деб эслайди шоирнинг турмуш ўртоғи. – Юрагим питирлаб, уйга югуриб кирдим. Нима гап, деб сўрасам, жавоб бермай йиғлайверди. У кишининг йиғлаганини биринчи марта кўришим эди. Сабабини билмай мен ҳам йиғладим. Етим ўтган болалиги, ёшликнинг қаттиқ нони, ҳаётда кўрган қийинчиликлари, саргардонликлари, хуллас, бошидан ўтказган барча мушкулотларини айтиб бир кеча-кундуз йиғлади. Шундан
кейин бошқа йиғламади. Матназар учун биздан кўра дўстлари азизроқ эди. Уни бу дунёда дўстларининг дийдори тутиб турарди.
…Урганч туман касалхонаси. Тўртинчи хона. Устознинг бу ердалигини маълум одамларгина билади. Сабаби, Матназар ака касалхонадалигини биров билишини хоҳламас, оиласидагиларга ҳам ҳеч кимга айтмасликни қаттиқ тайинларди. Унинг бу одатини яхши билганлар касалхонага «тасодифан» келар, «тасодифчи»лардан бирортаси узоқдаги дўстларининг саломини етказганида устоз унга жавобан: «Сиз ҳам уларга мендан сездирмасдан салом айтинг. Эшитсалар, овора бўлиб келишга уринадилар, келолмасалар, боролмадим, деб баттар қисинадилар», дерди. Дард кундан кун зўрайиб, нафас олиши қийинлашиб қолганида ҳам ҳузурига келган кишининг олдида ўзини тетик тутар, руҳини сира чўктирмасди. 2010 йил 15 сентябрь. Устознинг уйида бир кеча тунаб, эртасига хайрлашаётганимда, яна бир кечага қолишимини сўради. Кетар чоғим нигоҳини ерга қадаб «Мендан тез-тез хабар олиб туринглар», деди. Орага жимлик чўкди. Ҳар гал кетаётганимда устоз қуюқ хайрлашарди, бу сафар эса ортимдан жимгина термулиб қолди. Эртасига Хоразм телевидениеси ходимлари Гавҳар Ибодуллаева билан устоз ҳақида кўрсатув тайёрлагани келганларида, «Мени диванга ўтқизинглар, ўтириб гапираман», дебди. Устоз қўл-оёғини ҳаракатлантиришга қийналаётганига қарамай бир неча соат интервью берган. Бу шоирнинг тасвирларда сақланадиган энг сўнгги сўзлари экани ҳеч кимнинг хаёлига келмасди. Эртасига, жума куни устоз ҳақидаги кўрсатувнинг биринчи қисми кўрсатилди. Шанба куни эса кутилмаганда, ҳеч ким ўйламаганда устознинг вафоти ҳақидаги хабар вилоятга тарқалди.
Дафнга Матназар аканинг узоқ-яқинлари, пойтахтдаги қадрдонлари, даврадош дўстлари етиб келди. Эрталаб устознинг хонасини йиғиштираётганда бир парча қоғоз топдик. Қарасак, устознинг чап қўлда ёзган, ҳали сиёҳи қуримаган шеъри экан:

Бизлар ўлмагаймиз.
Сизларнинг ёдлов
Жон бахш этар ҳатто
марҳум жонларга.
Қайтгаймиз бизларни
йўқлаган заҳот,
Тирилиб муборак хонадонларга.

Инсон жисми билан эмас, руҳи билан тирикдир, деган эди қадимгилар. Бу ўзидан кейин авлодларга арзирли маъанавий бойлик қолдирган одамлар учун айтилгандек. Орадан беш йил ўтган эса-да, шоир Матназар Абдулҳакимнинг адабий мероси, шеърлари ҳақида кўп гапирилади. Давраларда шоирни яқиндан танимаганлар кўп савол беришади: Матназар Абдулҳаким ким эди, деб. Шоир, дейман жавобга чоғланиб, кейин тўғрилайман: Йўқ, аввал яхши, мард инсон, сўнг ҳақиқий шоир!

Маҳмуд РАЖАБ

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

 

 

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 1 755

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *