Махсус лойиҳа: Тил тақдири

Тилимиз мўъжизанинг ўзгинаси. Неча асрлардан буён шу мўъжиза туфайли миллатимиз маънавияти, маданияти нодир асарларда зуҳур топмоқда. Истиқлол йилларидан бошлаб тилимиз анча эркин нафас ола бошлади. Ҳатто кўпдан буён «кўринмай» қолган қадрдон сўзлар яна ўзгача жило сочаётир…
Аммо бажарилиши керак бўлган ишлар ҳали олдинда, камчилигу муаммолар ҳам етарли.
Миллатнинг асосий яшовчанлик белгиларидин бири бу, шубҳасиз, унинг тилидир. «Тил – миллатнинг руҳи», «Тил – миллий тафаккур тимсоли» дея бежиз айтмаймиз. Лекин ҳозир булар фақат баландпарвоз гапларга айланиб, кўпчилигимизни бездириб қўймадими? Чунки «миллатнинг руҳи», «миллий тафаккур»га беписандларча қаралаётган ҳолларни ҳам кўриб-кузатиб турибмиз.
«Тил жонли нарса, – деб ёзган эди атоқли адиб Асқад Мухтор. – Тил дарахтдай, гиёҳдай яшайди, яшнайди, гуллайди, синдирсанг синади, каллакласанг чўлтоқ бўлади, тилсанг шираси ерга оқади. У тирик, нафас олади. Матбуотимиз, китоб, газета, журнал, радио – унинг жонли нафаси, юрак уриши».
Бугун тилга муносабатимиз қай даражада? Давлат тилида иш юритишни биламизми? Тилимиз тараққиёти учун яна қандай ишларни амалга оширишимиз керак? Ёшлар, тил ва маънавият масалаларига қандай қарайсиз? Сайтимизнинг «Тил тақдири» деб номланган ушбу махсус лойиҳасида бу борадаги ютуқ ва камчиликларга оид мулоҳазалар, мақолалар, давра суҳбатлари бериб борилади. Аввалроқ маърифатпарвар адиб, тилимиз фидойиси Абдурауф Фитрат мақоласини сайтга қўйгандик. Ҳурматли ижодкорлар, соҳа мутахассислари, талаба ва ўқувчи-ёшлар – барча-барчани махсус лойиҳамизда фаол иштирок этишга чорлаймиз. Тилимиз тақдирига бефарқ бўлмайлик. Фақат, барибир, ҳеч нарса ўзгармайди, деб одамни ўсал қилманг. Ўзингиз яхши биласиз-ку, тил – маънавият, миллат тақдири демакдир!

Рухсатингиз билан бир пайтлар қайд этиб қўйилган мана бу битикларимни илова қиламан.

Тилимиз тақдири кимлар қўлида?

“Телевизорингиз мурувватини бошқа каналга созламанг” – бидирлайди бошловчи қиз.
“Ўқимишли китоб бўлибди” – ўзича лутф қилган бўлади адабиётшунос олим.
“Сиз истаган наво жаранг сочишни бошлади”, “Мана шундай жойлар ўтмишимизнинг узоқ тарихга эга эканидан далолат беради”, “Ихтиёт бўлинг”, “Ҳозир мен Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона қошисидаман”… Булар махсус кузатув натижалари эмас, шунчаки йўл-йўлакай қулоққа чалинган чалажон жумлалар. Ахир, телевизорда мурувват нима қилсин? Китоб одам эдимики, ўқимишли бўлса… Яна бири келин-куёвни “севишган жуфтлар” (?!) дейди. “Халқимиз ўта болажонли” деб ёзади бошқаси. “Иложиси бор”дан қутулишнинг ҳали-бери иложи топилмаса керак.
Буларни саводи мундайроқ кишилар эмас, экран орқали миллионлар қаршисига чиққан бошловчилар, журналистлар, олимлик номини кўтариб юрган филологлар айтяпти. Айтганда ҳам бураб-бураб, тилингни қичитар даражада эшилиб-эшилиб айтяпти. Газеталарнинг “нимғирма” тили, ғариб имломиз ҳақида-ку айтмаса ҳам биласиз. Нуфузли адабий нашрларда ҳам бундай қўпол хатолар бот-бот учраб турганига нима дейсиз! Ўзимизникилар шундай қилиб тургандан кейин…
“Нафис таомлар макони”, “Салқинли мулоқот истайсанми? Бахтингга эриш”. Бу нима дегани, ахир? Кўча-кўйдаги “антиқа” жой номларини ўқиб тепа сочи тикка бўлади одамнинг. Мана тилга муносабатнинг аҳволи!
Бу каби алмойи-алжойи гаплар интернетда ҳам тўлиб ётибди. Ҳурматли адибимиз айтмоқчи, бунақа “бузуқ тил ҳавоси”дан бўғилиб кетасан киши. Аммо барчамиз мана шу бадбўй диққинафас ҳаводан “баҳраманд” бўлиб юрибмиз. Ахир, нима қилиш керак? Бундай пайтда битта сўз ё тиниш белгиси устида, керак бўлса, соатлаб бош қотирадиган сафи сийрак синчи муҳаррирларнинг азбаройи тилимиз манфаати йўлида айтган заҳар-заҳар сўзлари новвотдай туюлади.
Кўплаб ёш ижодкорлар тўпламлари, арзонгаров нашриётлар томонидан чоп этилаётган “Сайланма”ю “Иқрорнома”ларни варақлаб кўринг. Хаёлига келганини ёзиб, оғзига келганини айтаётганлар-чи…
Бу тилга ҳурматсизликдан бошқа нарса эмас!
Аслида, буларнинг бари – ҳаммамизга таниш манзаралар, ўзимизнинг гаплар. Бироқ бот-бот бонг урилса да, нега муаммо бадтар урчиб кетяпти? Кўпчилигимиз шу дард билан оғрияпмиз-у, нима учун аҳвол борган сари ёмонлашмоқда? Шундоқ ҳам пасайиб кетаётган овозимиз, нари борса, бир суҳбат ё мақолага етади. Қисқаси, гап эгасини топмаяпти. Бу ёқда кўплаб ёш тилшунослар деярли аҳамиятсиз “илмий иш”лар билан андармон. Туриб-туриб алам қилади, наҳотки, Тил тақдири, Сўз қисмати ҳақида баҳс юритиш биз шўрлик “балалар”га қолган бўлса?! Миллат маънавиятига дахлдор шундай пайтда тилию қўли узун устоз ижодкорларнинг аксарияти нега жим? Саволлар, саволлар…
Келинг, муаммога биргаликда ечим излайлик.

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 522

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *