“Мен одам эдим-ку, инсон фарзанди…”

Мактабда, кейин дорилфунунда ўқиб юрган вақтларимиз баъзан исботи билан, баъзида шунчаки, йўл-йўлакай, бир тўп ижтимоий қонун-қоидаларни ёдлатишган. Зиёли одам шуларни албатта билиши лозим, деган ақида билан биз ҳам уларни кўр-кўрона миямизга сингдириб олаверганмиз. Бу қонун-қоидалар кейин ҳаётимизда керак бўладими, йўқми, буни ўйлаб кўрмаганмиз. Улар онгимизга ўрнашиб олиб, кейин бизни бошқаришини билмаганмиз. Ва, умуман, ўша олис шўро замонларида одамлардан кўпроқ, жиддийроқ ўйлаш талаб этилмасди ҳам. Юқоридагилар ҳамма нарсани ўйлаб, барча муаммони ҳал этиб қўйишган, биз каби абгор (афкор эмас – М.Н.) оммага эса ишониш ва шуларнинг тўғри эканига умид қилишдан бошқа касб қолмаган эди.
Ёши олтмишлардан ўтиб, нафақага чиқса ҳам ҳамон талабаларнинг миясини заҳарлашда давом этиб юрган фалсафа домламиз бошини эгиб, кўзойнаги устидан бизга қаради:
– Чириб бораётган Ғарб дунёсининг идеалист файласуфлари онг бирламчи, борлиқ иккиламчи дейди. Биз материалистлар эса уларга қарши дунёнинг энг илғор фалсафий тафаккури етишган ҳақиқатни қўямиз – борлиқ бирламчи, онг иккиламчи! – Домламиз айтаётган гаплари биз каби думбул талабаларга қанчалик етиб бораётганини тушуниб олиш учунмикин, бир зум сукут сақлади. Кейин гапига урғу бериш учун кўтарган кўрсаткич бармоғини аста тушириб, лабига босиб ҳўллади, конспектининг кейинги варағини очди. Ҳеч балони тушунмасак ҳам, тушунгандай бўлиб ўтирганимизни билиб, ҳафсаласи пир бўлди, шекилли, сал зарда билан гапида давом этди. – Ёзиб қўйинглар буни. Ҳали имтиҳонда ҳаммангдан шуни битта-битта сўрайман: инсоннинг моддий ҳаёти унинг ижтимоий табиатини белгилайди, ҳаёт, яъни борлиқ ўзгариб боргани сари ижтимоий онг ҳам ўзгаради.
Ҳамма қитирлатиб ёзишга тушди. Фақат, энг орқа партадаги мен каби бир-икки гап уқмас, ўзимизни ёзаётган кўрсатиб, фақат бизгагина қизиқ адоқсиз мавзуларда пичирлаб гурунгни давом эттирдик. Бу қилиғимизни домла ҳам кўриб турарди. Биз эса ўзимизни гўё у буни кўрмаётгандек тутганимиз унинг ғашини келтирди. Бироқ кўп йиллик тажрибаси давомида биз каби “қоқвош”ларни кўравериб, дийдаси қотиб кетган домла маънодор гап қилиш билан чекланди:
– Баъзиларни эса ўзгараётган борлиқ ҳам ўзгартиролмайди. Ҳаётга қаққайиб келиб, серрайиб кетади. Шундай пайтда фалсафа ҳам хато қилар экан-да, деб ўйлаб қоласан киши.
Ҳеч ким бу кесатишни ўзига олмади. Биз домланинг кесатиғини ички ғурур билан инкор қилдик.
Кечқурун ётоқхонада камбағалгина халфана ош устида шу домламизни бироз ғийбат қилдик. Дарси жуда зерикарли дедик. Ёшларга жой бўшатиб берса бўлмасмикин, минг йил олдинги гапларни айтиб, миямизни ғовлатади дедик. Ёшроқ домла дарс берса эди, балки фалсафа қонунларини бугунги кунга татбиқан тушунтириб, фойда ҳам етказиши мумкинлиги ҳақида гурунглашдик.
– Менингча, онг бирламчи, борлиқ иккиламчи, – деди бухоролик ҳамсабағимиз шартта ғийбатни тўхтатиб. – Биз онгли ҳаётимиз билан атрофни, яъни борлиқни ўзгартирамиз, демак, борлиқ иккиламчи. У бизнинг онгли ҳаётимизнинг маҳсули! Биз қандай ўйласак, шундай яшаймиз, аксинча эмас. Қандай яшасак, шундай ўйлаганимизда эди, одамзот ҳали ҳам ғордан чиқолмаган бўларди.
– Сен Лениндан ақллироқ эмассан, – деди унинг оғзига ургандай қилиб Мирзачўлдан келган сабоқдошимиз. – Сен қишлоғингдан шу ерга келиб буларни биляпсан, демак, сени, сенинг онгингни борлиқ ўзгартирди. Демак, борлиқ бирламчи, онг иккиламчи.
Баҳсларнинг илмийлашиб кетишидан чўчиброқ турадиган самарқандлик гирдиғум курсдош қулочини кенг ёзиб, кичикроқ товоқдай кафтларини икки ҳамсабақнинг кўкрагига қўйди ва деди:
– Ҳали ҳеч ким товуқ олдин пайдо бўлганми, тухумми, деган саволга жавоб топган эмас. Сенлар ҳам бас қилинглар. Домла айтдими, демак, онг иккиламчи.
– Сен кўпам хапа бўма, – дея гапга андижонлик дўстимиз қўшилди. У онг бирламчи дея “чириб бораётган Ғарб фалсафаси”га мойиллигини сездириб қўйган курсдошнинг елкасига қоқди. – Имтиҳонга кирганда “Домла, тимсоҳ ҳам учади, фақат, сал пастроқ учади”, дейсан, олам гулистон.
Ҳаммамиз гурр этиб кулишдик. Шу билан баҳс ҳам адоғига етгандай бўлди. Бироздан сўнг тарқалишдик.
Ярим тунда негадир уйқум қочди. Хонамизнинг балкони бўлмагани учун коридорга чиқдим. Бир чеким тамаки хуморимни босади, кўнглимни тинчлантириб, алғов-далғов хаёлларимни жамлайди деб ўйладим. Уйқуси қочган ёлғиз мен эмас экан. Узун коридор сўнгида дераза рахига суяниб турган бухоролик ҳамсабоқни кўриб, ёнига бордим.
– Биласанми, – деди у. – Биз атрофимиздаги оламни кўриб хулоса чиқарамиз, демак, борлиқ бирламчи, онг иккиламчи… деганларнинг гапи ростга ўхшайди. Аммо-лекин, – у кўнглидаги мантиқсизликдан мантиқ топмоқчи бўлгандай бир зум жим қолди. Деразадан Тошкентнинг хира осмонидаги сўник юлдузларга қаради. Кейин ўжарлик билан гапида давом этди. – Бироқ хулосани биз чиқарамиз, ахир! Демак, бизнинг онгимиз борлиққа нисбатан бирламчи! Борлиқ онг учун ўрганиш объекти, холос. Борлиқни фақат одам зоти ўзгартира олади, бинобарин, одамнинг онги борлиққа нисбатан бирламчи!
Менинг шу тобда фалсафий мунозараларга тоқатим йўқроқ эди. Муаммоларим ўзимга етарли бўлиб турган эди.
– Назаримда, фалсафа кераксиз фан, – дедим бошланиши мумкин бўлган баҳсга аввалбошдан нуқта қўйиш учун. – Қайси бирининг бирламчи эканидан қатъи назар, олам ва одам мавжуд. Улар бир-бировига таъсир кўрсатиб туради. Борлиқ онгга, онг борлиққа… – Мен қўлимни маятник мисоли уёқдан буёққа тебратдим. – Шундай навбат алмашаверади. Фалсафа эса шуни ўрганаман, ўргатаман деб бизнинг бошимизни қотиради, холос. Яхшилаб ўйлаб кўрсанг, шуларсиз ҳам яшаш мумкин.
– Калта ўйлаяпсан, – деб бошини сараклади у. – Борлиқ бирламчи деб қабул қилган одам борлиқнинг ҳамма ифлослиги, разолати, жаҳолатига ҳам рози бўлади. Уларга қарши курашмайди. Аксинча, шуларнинг тўғрилигига исбот топишга интилади. Охир-оқибат ўзи ҳам тобора ифлосланиб боради ва разолат қурбонига айланади…
Ўртоғим орқага бурилиб, яна деразадан осмонга қаради. Ойнани тиқирлатиб, бироз хаёлга ботди. Кейин деди:
– Балки унинг ўзи жаллодга айланар…
***
Мен бу суҳбатни унутиб юборганман, деб ўйлар эканман. Ҳолбуки, мана, орадан ўттиз-қирқ йил ўтиб хотирам юзасига аста қалқиб чиқяпти. Бугун, ўтган аждодларимизнинг ёзма бисотини қайта титкилар эканман, уларнинг орасида замонанинг қурбонига ва қўли қон жаллодларига айланганлари жуда кўп эканига амин бўлмоқдаман. Аввал жаллод бўлиб, кейин шу замонанинг қурбонига айланганларнинг саноғига етолмаяпман. Дор тагига бориб қайтганларнинг кейин севинч билан жаллодлик ҳунарини зиммасига олганини тушуниб етолмаяпман…
Ўзимга савол бераман, наҳотки онг бирламчими ё борлиқ бирламчими, деган саволнинг жавоби сўрагувчининг ўз нуқтаи назарига боғлиқ бўлса? Наҳотки, борлиқни бирламчи, деб тушунган ва шу қоидани қабул қилган одам замонанинг хизматкорига айланиб, уни ўзгартирмоқчи бўлган одамларга душманликни ҳунар қилса? Онг бирламчи, деб замонани ўзгартирмоқчи бўлган одамларнинг чекига фақат хорлик, зорлик ёзилганми?.. Тақдирнинг адолати қаерда?
Энг ёмони, бир вақтнинг ўзида ҳам қурбон, ҳам жаллод бўлганларнинг тақдири борасида нима дейиш мумкинлигини билмай иккиланмоқдаман.
Ўтган улуғларимиз ҳақида гап очилса, уларнинг хато-камчиликларидан кўз юмиш ё айбини ёпиш учун “Ҳа, энди, нимаям дердик, ўз даврининг фарзанди бўлган-да”, деб қўямиз. Бироқ қилмиши учун ҳар бир одамнинг ўзи, фақат ўзи жавобгар эканини ўша дамда “унутамиз”. Шу ишимиз тўғримикин?
Дейлик, саволни бошқачароқ қўйсак ҳам бўлар.
Бизнинг онгимиз, бинобарин, онгли хатти-ҳаракатларимиз ҳам, даврнинг маҳсули бўлар экан, бизнинг ўз иродамиз йўқми? Ирода эркинлиги деган тушунча қаёқда қолди?
Наҳотки, материалистик фалсафа таъкидлагани каби, инсон онги бор-йўғи борлиқнинг инъикоси бўлса?
Наҳотки ёвузлар замонида ҳамма ёвуз бўлишга мажбур бўлса?
Унда замоннинг ўзгаришини қандай куч бошқараётир?
***
Модомики, гапни олис замонлардан, шахсий хотираларимдан бошлаган эканман, яна шу йўсинда бироз давом эттирсам.
Дунёнинг маркази мен ўзим, мен борлигим учун дунё яралган, мен бўлмасам эди, дунёнинг бор-йўқлигининг аҳамияти бўлмасди, деб ўйлаб юрган ёшлик замонларимда недир бир шахсий муаммо туфайли тушкунлик домига тушдим. Дунё жуда рангсиз, совуқ ва ёқимсиз, яшашдан ҳеч бир маъно қолмагандай сезардим ўзимни. Тошкандай шаҳри азимда бемақсад тентираб, Чорсудаги улкан китоб дўконига кириб қолибман. Аксариятини аллақачон ўқиб чиққан китоблар оламида ҳорғин кезиниб, шеърият бўлимида тўхтадим. Катта-кичик, семиз-озғин тўпламларни беҳафсала варақладим. Ғафур Ғуломнинг “Виқор” деб номланган кичиккина бир сайланмаси диққатимни тортди. Янги чоп этилган экан. Варақлаб чиқдим. Беш-олти жойидан чўқилаб ўқидим.
Рости, мен бу шоирни ҳурмат қилмас эдим. Унинг нуқул ижтимоий мавзудаги, фақат партия ва Ленинни алқаган шеърларини ўқиш мен учун жуда азоб эди. Ва умуман, бу фақат менинггина қарашим эмас эди. Ўша замон зиёли қатлами вакиллари уни “қизил шоир” деб билар, замоннинг маддоҳи атар эди. Юқорида ёзиб ўтган мавзумга боғлаб айтадиган бўлсам, уни замоннинг, ҳукмрон мафкуранинг инъикоси деб тушунар эдик.images (49)
Биз – ўша замон ёшларининг кўпчилиги эса ҳукмрон мафкурадан рози эмас эдик. Чунки бугунинг ҳам, эрта ва индининг ҳам олдиндан қатъий белгилаб қўйилган замонда яшаш эркин руҳ одамлари учун ҳар доим қийин. Ирода эркинлиги, ихтиёр эркинлиги, сўз эркинлиги инсоннинг энг асосий инсоний ҳақларидандир. Шўро давлати эса буларнинг ҳаммасини чеклаб қўйган эди. “Олға, фақат, менинг ортимдан!” деган шиор амалда эди.
Бир умр бировнинг орзусига қул бўлиб яшаш қийинлигини такрорлаш шарт эмасдир.
Алқисса, мен шу тўпламни сотиб олдим.
Айтиб ўтганимдек, тушкунлик гирдобида эдим. Ҳолимни ўзим тушунмай турган пайт эди. Бундай лаҳзаларда киши ўзига четдан қарагани тузук. Менда ҳам ўзимни, ҳолатимни шарҳлашга эҳтиёж бор эди. Дард кўз ёши билан фориғ бўлади, деганларидек, дардни англамоқ уни ўзингдан бегона қилмоқнинг биринчи шарти эканини савқитабиий англардим.
Катта кўча бўйида машиналар оқими сусайишини пойлаб турар эканман, хаёл олиб қочди. (Асли, ҳозиргача бироз хаёлпарастлигим бор.) Тошкандай шаҳри азимда мени тушунгувчи бир кимса йўқ, деган фикр ўтди хаёлимдан. Шаҳарда милён-милён одам яшайди, лекин улар менга бефарқ, демак, уларни йўқ деб ҳисобласам ҳам бўлади. Демак, мен ёлғизман ва бир дўсти меҳрибонга муҳтожман, дея хаёл сурдим. Мен ёлғиз бўлсам, демак, Тошкент ҳам бийдай саҳро, дедим ўзимга. Ўхшатишим ўзимга ёқди. Илжайдим. Шу фикрларни ёзиб қўйишим даркор дедим пичирлаб. Кейин ҳолатимга бир тимсол ахтармоққа бошладим. Автолар пойгасини кузатиб туриб, қадим замонларда оҳиста виқор билан қум саҳроларини кечиб бораётган карвонни тасаввур қилдим. Ва шунда тилимга икки сатр шеър келди:
Зўр карвон йўлида етим бўтадек,
Интизор кўзларда ҳалқа-ҳалқа ёш.
Бу менинг ҳолатим, дедим ўзимга ўзим. Мен ҳам замон карвонидан четда қолиб кетганим учун ниманидир интизор кутмоқдаман. Ўзим жавоб тополмаётган саволларга ойдинлик киритадиган бир марди худони излаяпман, деб ўйладим. Шу ўй баробарида шеърнинг кейинги сатрлари ёдимга тушди:
Энг кичик заррадан Юпитергача
Ўзинг мураббийсан, хабар бер қуёш.
Уфққа қонталаш ботаётган қуёшга қарадим-у, у, барибир, менинг саволларимга жавоб беролмайди, деб ўйладим. Кейин хаёлим шеърга чалғиди. Ғафур Ғулом ғирромлик қилаяпти, қуёшнинг ҳеч бир саволга жавоб бермаслигини у яхши билади, лекин юрагидаги дарди беқиёс даражада улкан, шу боис унга малҳам излаганда, ёдига беихтиёр қуёш келмоқда, чунки ҳар иккиси жуда улкан, деб ўз фикримни хулосаладим. Кўнглимда шоир Ғафур Ғуломга нисбатан бир илиқлик уйғонганини ҳам сездим.
Одамнинг чиқити бўлмайди, деган ҳақиқат ёдимга келди. Аллақайси китобда инглизларнинг машҳур ёзувчиси Редярд Киплинг ирқчи бўлган, деган гапни ўқиган эдим. Лекин бу унга “Маугли” сингари ўлмас асар ёзишга халал бермаган. Ёзувчи ёки шоир ўзига мажбуран сингдирилган турли “изм”лардан халос бўлишга куч топа олса, у иқтидори имкон берадиган даражада гўзал асар ёзиши мумкин. Мана, Ғафур Ғулом ҳам партия ва Ленин-Сталинни мадҳ этишдан бўшаган пайти шунақа инсоний асарлар ёза олибди…
Ўз-ўзимга жилмайиб қўйдим. Чунки бировни ёмонлагандан, ёмон томонини кўргандан кўра, унинг яхши томонини топиш ёқимлироқ ҳар доим.
Шу оқшом “Виқор”ни қўлдан қўймай ўқидим.
Аввал шоирнинг “Кузатиш, “Соғиниш”, “Боғ”, “Вақт”, “Куз келди”, “Аввал ўқи”, “Ассалом”, “Сиёҳдон”, “Алишер” сингари инжа туйғуларга чўмилиб оппоқ, пок-покиза бўлган шеърларини ўқидим. “Бир карра синалур толе жаҳонда, умр тасбеҳ эмас, ўгрилса такрор” деган жумлалардан донишманд ҳаётнинг маъносин ўқидим. Алишер Навоий бобомизга муносиб ташбеҳ – “Дурахшон юлдузлар сари ўкирган, бўйнида занжиру, қалби озод шер”, деган мисралар мени озод сўзнинг қудрати олдида таслим қилди. “Қўшнидан келарса жаранглаган сас, ҳушингни элитар ишқнинг ғаммози. Тентагим, бу қизнинг кулгуси эмас, жонон пиёланинг янгроқ овози”, каби шоҳбайтларда тирикликнинг ўлмас кучини ҳис қилдим.
Ўта инсоний туйғуларга лиммо-лим тўлган кўнгилнинг ҳар қалқинишидан менинг ҳам кўнглим қалқиб турди. Дунёни қамраб ололган улкан ақл чироғи шуъласидан ёришган оламда ўзимнинг кечаги ва бугунги кунимни кўргандай бўлдим. Мен учун адоқсиз туюлаётган, жуда қийинчилик билан ўтаётган вақт аслида нур каби югуриклигини ўйладим, вақтнинг қадрига етолмаётганимни, умримни беҳуда ўтказаётганимни ўйладим. Бобо-момоларимиз худо суйган бандасига дард беради, деб бекорга айтишмаган. Инсоний дард инсонлигингни англаш учун берилади, уни енгиш баробарида ўзлигингдаги қусурлардан халос бўласан, деб ўйладим. Ва яна кўп ҳоказоларни ўйладим. Ўйлаганим сари кўнглим ёришиб бораётганини тушундим. Қалбдаги қоронғилик чекина бошлаганини сездим.
Ғунча очилгунча ўтган фурсатни
Капалак умрига қиёс этгулик,
Баъзида бир нафас олғулик муддат
Минг юлдуз сўниши учун етгулик.
Коинотни чексиз деймиз. Негадир бу қосир ақлимиз билан коинотнинг кенгайишини ўзимиздан ташқарига қараб ҳисоблаймиз. Кетаверсанг, кетаверсанг, чексиз вақт давомида йўл боссанг, коинотнинг четига етиб боролмайсан, чунки коинот чексиз, деймиз. Юриш не, ракеталарда учсанг, минг, милён, милярд йил, чексиз йиллар давомида учсанг, коинотнинг сарҳадларига барибир етолмайсан! Жисминг нурга айланса ва нур тезлигида доимо уфққа қараб учсанг-да, доимо уфқ на қўл, на хаёл етоладиган олисларда қолаверади…
Ҳолбуки, биз маконда эмас, замонда ҳам хаёлан учишимиз мумкин…
Яъники, бизга етмиш-саксон йиллик умр кам кўринади. Ҳолбуки, бир кунда туғилиб, яшаб, насл қолдириб, сўнг ўлиб кетадиган капалаклар бор. Ҳолбуки, ушбулар учун бир кун бир умр эканини тасаввуримизга сиғдира олмаймиз. Бир кун не – ҳаётда бир неча соат, дақиқа, сония яшаб ўтадиган тирик организмлар бор эканлигини илм-фан яқинда англаб етди. Улар учун ҳам шу соат, дақиқа, сония бир умр эканини тасаввур қиляпсизми?
Биз учун бир кун, бир йил, бир аср бўлган вақт коинот учун сония қадарли аҳамиятсиз эканини тасаввуримизга сиғдира оламизми?
Шоир шуни тасаввур қила олган экан! “Баъзида бир нафас олғулик муддат минг юлдуз сўниши учун етгулик” эканини кўнгил кўзи билан кўриб, ўзининг шу қадар улканлигини юрак-юракдан туйиб, инсон умри боқий эканини баралла айта олган ва бизни ҳам шунга ишонтира олган экан:
Ҳаёт шаробидан бир қултум ютай,
Дамлар ғаниматдир, умрзоқ соқий.
Қуёш-ку фалакда кезиб юрибди,
Умримиз боқийдир, умримиз боқий.
Умрнинг боқийлиги кўнгилга тасалли беради. Ахир, қилган гуноҳларингни ювишга, хатоларингни тўғрилашга, эзгу ишлар қилишга олдинда абадият қадар, мангулик қадар фурсат бўлади. Умрни боқий деб тушунган одамгина бу разолат ва жаҳолат тўла дунёдан охир-оқибатда ҳалол ва пок чиқиб кетиши мумкин…
Фикрларимга недир бир мантиқсизлик оралаганини сезиб, йўқ, дедим ўзимга, залолатдан қутулмай ўлиб кетаётганлар қанча?! Кейин фикрларимга кичик хулоса ясадим: худойим жасадни ўлувчи қилиб яратган бўлса ҳам, руҳимизга абадий умр берган, руҳ хаёл воситасида ўтмишга ҳам, келажакка ҳам сайр қилади ва ҳатто мана шу фоний дунёда ҳам абадият лаззатини ҳис қилишга қодир. Жаҳолатдан, разолатдан қутулолмай, эзгулик йўлига қайтолмай ўлиб кетганлар худойимнинг ғазабига учраганлардир. Аллоҳим, бундай тақдирдан ўзинг асрагин!
Шу кеча мижжа қоқмай шеър ўқидим. Хонадошларимни уйғотиб юбормайин дея ичимда ҳайқириб ўқидим. Зардобга тўлиб кетган кўнглимни бўшатдим.
Етимлик нимадир –
Бизлардан сўра,
Ўнинчи йилларнинг
Саргардонлиги
Иситма аралаш
Қўрқинч туш каби
Хаёл кўзгусидан
Ўчмайди сира.
Мен етим ўтганман,
Оҳ, у етимлик…
Вой, бечора жоним
Десам арзийди.
Бошимни силашга
Бир меҳрибон қўл,
Бир оғиз ширин сўз
Нондек арзанда.
Мен одам эдим-ку,
Инсон фарзанди…
Сен етим эмассан
Тинчлан жигарим.
Етимлик азобини ўзим бошдан ўтказмаганман. Бироқ юқоридаги сатрларни ҳайқириб ўқир эканман, инсоннинг кўнгли шунчалик юксакликка кўтарилиши мумкинми, деб ҳайратда эдим. Ўз боласи қолиб, бегоналарнинг боласига бунчалик ғамхўрлик қилиш учун инсоннинг юраги нечоғлик улкан бўлиши даркор?! Одам қачонки ўзининг майда ва тор манфаатларидан кечиб, инсонийлик рутбасида барқарор қола билсагина шундай сўзлар, туйғулар юракдан сизиб чиқиши мумкин! Ноинсоний муҳитдан қутилиб чиқишга ўзида куч тополган одамгина улкандир ва фақат шундай одамгина ўзгаларни ортидан эргаштиришга қодир, деб ўйладим. Ўйларим баробарида тобора кўнглим ёришганини ҳис қилдим. Юрагимдан ўзимнинг майда дард-ҳасратларим чекиниб, соф инсоний туйғуларга ошно бўла олганим учун шоирдан миннатдор бўлдим.
Кўнглимда жавобсиз саволлар тиқилиб кетгани учун у торайиб қолган, деб ўйлардим ўша пайтлар. Бу саволларга жавоб топмасдан бурун олдинга қадам қўйиш, олға босиш мумкин эмас, деб ўзимга таъкид этардим. Бироқ “Виқор”ни ўқир эканман, кўз олдимдаги ҳаёт соддароқ ва тушунарлироқ бўлиб бораётганини ҳам пайқар эдим.
Йигит термилади қизнинг кўзига,
Киприк сузилиши, майин табассум…
Қўша қаримоққа муҳр бўлади
Ҳаётда икки лаб қовушган бир зум.
Юқоридаги сатрларнинг жуда содда фалсафа эканини тушунишга уқувим етарди. Айни чоғда у соддалиги учун ҳам тўғри ва уни мураккаблаштиришнинг сира жоиз эмаслигини англадим. Биз ўзимиз ҳаётни мураккаблаштирамиз, аслида, у жуда оддий ва тушунарли. Ақл ўйлаб топадиган шубҳаларга берилмасдан, ҳаётни борича қабул қилишга ўрганиш лозим. Ўшандагина биз инсоний фитратимизга мос ва муносиб яшаймиз.
Тушкун одам ким? Майда ва ожиз одам! У ҳаётнинг катта муаммоларига жавоб тополмагани учун ҳам тобора майдалашиб бораверади. Кўнгли тораяди, хаёллари саёзлашади, осмони пасайиб, тоғлари кичраяди, орзулари бадбинлашиб, ўзидан-да, ўзгалардан-да чўчимоққа бошлайди. Ожизлиги қошида ожиз қолганда каттароқ одам бўлишни орзу қилади. Каттароқ одамлардан улгу олишни истайди. Асли, ёндафтаримизга турли ақлли гапларни йиғиб юришимиз шундан…
Мени, айниқса, Ғафур Ғуломнинг “Бизнинг уйга қўниб ўтинг, дўстларим” шеъри буткул маҳв этди. Бутун дунёни ўзига дўст билган, одам айирмаган, ҳаммага бағрини очиб, уйига меҳмонга таклиф қилган шоир юрагининг улканлиги олдида лол қолдим. Ўзимдан, ҳолатимдан ғазабим келди, десам ёлғон айтган бўламан, чунки мен бу шеърни ўқий бошлаган дамларимдаёқ кўнглимдаги тушкунлик бутунлай ортга чекинган, шоирнинг тошқин туйғулари дарёсида менинг кўнглим ҳам ювилиб, топ-тоза бўлган эди. Яъники, шоир ёзганидай:
Тонг отар чоғида жуда берилиб
Бедил ўқир эдим, чиқди офтоб.
Лойқа хаёлотлар чашмадай тинди,
Пок-покиза юрак – бир қатра симоб.
***
Орадан ўн йилми, шунга ёвуқми, давр ўтди.
Вақт ўтди демайман, бу – давр эди!
Юртда ошкоралик бошланиб, жамият ва давлат тарихидаги илгари яширилган кўп ҳолатлар очиқланди. Яшашдан кўра ўқиш қизиқроқ замонлар бошланди. Миямизга сингдирилган ҳақиқатларнинг аксарияти ЁЛҒОН эканини англадик. Дунёқарашимиз пойдеворига ўрнатилган мафкура тошларининг кўпини жойидан қўзғатиб, тафаккур дунёмизни қайтатдан бунёд этишни бошладик. Камина ҳам ушбу жараёндан четда қолмай, деб икки-учта мақола битдим. Чоп эттирдим.
Бироқ тафаккурни янгилаш учун, онг борлиқни ўзгартиришга қодир куч эканини исботлаш учун дунё ва жамият ҳақида фақат ҳақиқат бўлган тарихни ўқишга эҳтиёж туғилди. Воқеликни бутунича, ҳеч қаерини яширмай, тўлиқ ўрганмасдан туриб, нафақат дунё тўғрисида, ҳатто, адабиёт борасида ҳам арзирли бир фикр айтиб бўлмайди, деган содда ҳақиқатга етишдим.
Жумладан, Ғафур Ғулом ҳақидаги қарашларим “Виқор” тўплами баҳонасида шакллангани, ушбу тўпламдаги шеърлар таъсиридан ҳалигача қутулолмаганим учун шоирнинг ижодини бутун ўрганишга аҳд қилдим. Академия кутубхонасининг ўқув залида бир неча кун қадалиб ўтирдим…
Ва бу ишимдан кўп афсус едим. Шоирнинг бошқа асарларини ўқимаслигим керак эди, кўнглимдаги шундай ёруғ таассуротдан мосуво бўлдим, мана, деб ўзимга неча бор танбеҳ бердим. Чунки…
Чунки Ғафур Ғулом “партиянинг солдати” бўлган шоир экан.
Кўп ёзишга, ҳамма билган гапларни такрорлаб ўтиришга эҳтиёж йўқ, деб ўйлаганим учун иккитагина фактни эслайлик. Ўтган асрнинг ўттизинчи йиллари шўролар давлатида қаттиқ очарчилик бўлиб, Украина ва Қозоғистонда, Россиянинг ноқоратупроқ ўлкаларида, Сибирда, Волга бўйларида миллион-миллион халқ қирилиб кетгани бугунги ўқувчиларга яхши маълум. Иқлими ғаллачилик учун энг қулай бўлган Украинада ўшанда совет ҳукумати бор ғаллани деҳқонлардан тортиб олгани учун одамлар аввал ит ва мушукларни, сичқон ва каламушларни, кейин эса… алҳазар, гўрдан кавлаб олиб ўликларни егани архивларда ёзиб қолдирилган. Манбаларда биргина 1932 йили Украинада 2,2 миллион одам қирилиб кетгани ёзилади, жами талафот 5 миллиондан 7 миллионгача деб кўрсатилган. Ахир, урушда ҳам бунча одам ўлмайди!
Мен ўқувчи, талаба бўлган пайтларим бу ҳақида айтилмас, ёзилмас, гапирилмас эди. Менинг ва тенгдошларимнинг онгини борлиқ ҳақиқатидан мосуво қилган эдилар. Яширилган архив маълумотлари ошкор бўлганда эса кўпчиликнинг бошига гурзи урилгандай бўлди. Одамлар очликдан қирилаётган бир дамда Украина портларидан хорижга ғалла экспорт қилинганини ўқиб, даҳшатга тушган эдим.
Худди ўша 1930 йили Ғафур Ғулом “Нон” деган шеър ёзади. Ундаги мана бу мисралар шоирнинг объектив ҳақиқатни кўрмаслиги, кўришни истамаслиги, шундай бўлаётганига ич-ичдан, чин дилдан рози экани билан мени талмовсиратиб қўйган:
Кунлар қизин бўйнидаги
Маржони каби
Қозоқ оғам етаклаган
Туя карвони,
Пахта элин мўлжал олиб
Йўналмоқдадир.
Ҳолбуки, Қозоғистондан Ўзбекистонга ғалла келтирилаётгани тасвирланган айни шу йиллари қозоқ халқи очликдан қирила бошлаган эди. Тарихнинг гувоҳлик беришича, 1925-27 йиллари Қозоғистонда аҳоли қўлида бўлган қирқ миллион бош чорва коллективлаштириш баҳонаси билан йиғиб олинади. Чорвасиз қолган қозоқлар қирила бошлайди. Бир жойга тўпланган бунча чорвани боқиш амалда мумкин бўлмагани туфайли тўхтовсиз сўйилади. Бинобарин, уч-тўрт йилдан кейин қозоқ халқи орасида ёппасига очарчилик бошланади. Тиланчиликни билмаган, бундан ор қилган қозоқ биродарларимиз аввал якка-якка, кейин овул-овул бўлиб қирилади. Ўликларни кўмадиган одам топилмай қолади. Поёнсиз қозоқ даштларида қарға-қузғунларга базм бошланади. Расмий манбаларда ўша йиллари икки миллионгача одам очликдан ўлгани, бир миллиондан зиёдроғи кўчиб кетгани қайд этилган. Кўчганларнинг ҳаммаси ҳам тирик қолган эмас, албатта.
Ўша замонлардан буён қозоқ халқи ҳалигача ўз нуфусини тиклаб ололмайди. Қозоқлар учун миллий фожиа бўлган эди бу сиёсат. Минглаб, ўн, юз минглаб қозоқ оилалари очлик балосидан қутилиш учун Қизилқум саҳроси оша Ўзбекистонга йўл олган пайтларда фақат виждонсиз, имонсиз кишигина шундай шеър ёзиши мумкин эди.
Шоир ўз халқини қирғин этишни бошлаган партия томонида туриб, оғзини тўлдириб қичқиради:
Билингизким, сиз суянган
У чирик девор –
Муштумзўрлик омборига
Ғалла берилмас…
Бир умр даштда чорва ортидан юриб, бировга юкини ортмаган қозоқ халқи қачондан бери муштумзўр бўлиб қолди?! Шўро ҳукумати ўзининг чорваси, ғалласи, меҳнатига ишонган эрксевар қозоқларнинг барини муштумзўр санаб, уларга ғалла беришни тўхтатиши инсоний ақлга, виждонга тўғри келадими? Ҳолбуки, ҳатто, Гитлер ҳам босиб олинган ўлкаларда халқнинг очликдан қирилиб кетмаслиги учун кифоя қиладиган даражада озиқ-овқат қолдириб, бошқасини тортиб олишга фармон берган экан.
Шўролар ҳукуматининг юзсизлиги шунчалик бўлганки, улар фақат ким уларнинг сиёсатига қуллуқ қилса, ўшаларга “паёк” қилиб озгина ош-нон берган. “Паёги” йўқлар эса очликдан қирилишга маҳкум бўлган. Шўролар оч оломон “паёк”ли ҳудудларга бостириб кирмасин, қозоқ даштларидан қочиб кетмасин учун чегараларга аскар қўйган эди. Алҳазар…
Узоғ йили баҳор пайти Навоий вилоятининг Қизилқум саҳроси бағридаги қозоқ чўпонлар овулида қўноқ бўлдим. Эт еб, қимиз-қимрон ичдик. Кенг даштда эрмакка от чоптирдик. Кейин соя-салқин бир жой топиб гурунг қилдик. “Қозоғистон ҳозир четдаги қозоқларни юртига қайтаряпти, – деб гап бошладим, – уларни ўролман, яъни қайтувчи дейишади, ҳар бирига келган заҳоти қўлига кўп пул бериб, ер-сув, уй-жой билан таъминлаяпти экан, сизлар ҳам қайтишни хоҳламадингизми”, деб сўрадим. Ёши етмишларга борган қозоқ мезбон бошини чайқади, пиёлага аччиқ сувдан тўлдириб қуйиб, бир кўтаришда бўшатди ва дедики, “Боболаримиз ўттизинчи йили очарчиликдан қочиб, аскарларнинг қўлига тушмайлик дея қум оша шу ерларга келиб қолган. Бир овулдан саксон ўтов пиёда кўчган экан. Чунки мол-ҳолни, от ва туяларни ҳукумат тортиб олган. Шу ергача олти уй етиб келган. Қолганларнинг ўлиги саҳро қумларида ғажирларга ем бўлиб қолиб кетган. Отам менга киндик қонинг томган тупроқ эмас, ўлигинг кўмилган тупроқ юртдир, деб ўргатар эди. Энди бу ерлардан кетолмаймиз, отамнинг, онамнинг, боламнинг хоки бор бу ерларда”, деди.
Ғафур Ғуломнинг шу воқеаларни кўрмаган, билмаган эканига ишонмайман, ишонолмайман. Кўрган, билган ва шундай бўлишини талаб этиб ёзганига қуйидаги мисралар гувоҳ:
Кўк бағрига калла урган
Гигант элеватор,
Миллиард тонна арпа, буғдой
Чоч бўлиб ётар.
Ҳей, биз “очлик” сўзин кўмдик
Луғат гўрига,
Пролетар баковули
Хирмон тўрига.
Ўнгга, “сўл”га,
Муштумзўрга,
Домла-имомга
Уч бармоқдан баҳамжиҳат
“Ҳаққулло”, капсан.
Яъни, ўзимизникилардан ўзгаларга берма, демоқда шоир. Ўзининг қули бўлган пролетар ва колхозчидан бўлакка зорманда кўрсатган ва очликдан қирилиб кетишига йўл қўйиб берган давлатни фақат жиноятчи дейиш мумкин. Шу давлатнинг шу сиёсатини оқлаган, ёқлаган шоирни ким десак бўлади? Шоир ва умуман ҳар қандай ижод кишиси ҳар доим инсонпарварлик нуқтаи назарида собит туриши лозим эмасми?! Тўғри, ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида ҳали шўролар давлатининг келажагига таҳдид бор эди. Одамлар бир-бирига қарама-қарши бўлган фикрдаги икки лагерга ажралиб кетган ва Ғафур Ғулом ҳам томонлардан бирини танлаган эди. Шоирни танлови боис бугун, орадан 80-90 йил ўтиб бизнинг қоралашимиз тўғри бўлармикин?!. Афсуски, бу саволга мен жавоб беролмайман. Унга ҳар кимнинг ўзи жавоб топиши даркор. Ҳар ким ўз позициясини ўзи белгилаши лозим.
Сўз атомдан кучли қурол. Элни яхшиликка, эзгуликка етаклаши лозим бўлган аҳли ижод шу қуролни зулмнинг тегирмонини юритиш учун ишлатиши ҳеч қачон яхшиликка олиб келмайди.
Тушунуман, одам – ожиз мавжудот. Бошини силаганнинг бир умр хизматини қилишга тайёр бўлганлар сони жуда кўп. Жумладан, Ғафур Ғулом ҳам етимликда ўсиб, кўп қийинчилик ва машаққатни бошидан ўтказгач, бизга хизмат қилар деган умидда шўро ҳукумати унинг бошини силаган эди. Ўз сафларига қўшиб олган эди. Комсомол бўлиб, “Тангрининг қуйруғига челак боғлаб” юрганини ифтихор билан эсалаши ҳам шоирнинг шу инсоний ожизлигидан нишона. Ўзини доимо шу мафкуранинг хизматчиси, деб бир умр шўро ҳукуматини куйлаб ўтишга ўзида мажбурият сезгани ҳам аниқ. Уруш йилларида боласини урушга кузатиб, оддий инсоний дард билан оғриган дамларида, урушдан кейинги нисбий тинчлик замонларида ўлмас асарлар яратгани эса унинг буюк ижодий қудратидан белги. Афсуски, бу қудрат халққа эмас, ҳукуматга кўпроқ хизмат қилди.
Адабиёт нуқтаи назаридан қараганда, унинг ноинсоний мафкурадан холи шеърларини ажратиб олиб, халқимизнинг бадиий ғазнасига жойлаб қўйсак, тўғри иш қилган бўламиз, деб ўйлайман. Илло, буғдой етилиб, хирмон кўтарилгач, деҳқон иш битди, деб ўйламайди. Ғаллани шамолда совуриб, кейин ғалвирдан ўтказади. Бўлиқ донларни қопга жойлаб, хирмон тагини қурт-қумурсқанинг ҳаққи дея қолдириб кетади. Шу ташбеҳни давом эттирсак, Ғафур Ғулом ижоди бегона ўт босган далада кўкарган экан, бинобарин, хирмон тагида қоладигани ҳам кўп бўлади, дея содда хулоса чиқаришга мажбурмиз.
Яна ўйлайманки, олам – борлиқнинг онгда инъикос этиши ҳукмрон мафкурага қуллик тарзида акс этмаслиги лозим. Айниқса, ижод аҳлига тааллуқли бу. Оламни кўнглимиздан ўтказиб олмасак, яхшисини ёмонидан фарқламасак, тафаккур тарозиси шайинига юк қилиб имон ва виждонни қўймасак, ёзганимиз, ўқиганимиз, курашларимизнинг бари бир пул.

Мусулмон НАМОЗ

«Маънавий ҳаёт» журналидан.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграм: @Behzod_Fazliddin
YouTube: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 285

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *